Арви Карлович Сийг (эст. Arvi Siig; 8 ноябрь 1938, Таллин – 23 ноябрь 1999, Таллин) — эстон шоири, таржимон, муҳаррир, публицист. Эстонияда хизмат кўрсатган ёзувчи (1986).
ТУНДАГИ ЧИРОҚЛАР
Ажиб туйғуларга чулғаниб теран,
Тунлар талпинаман уларга бесас.
Қалбим ялангоёқ ўтар қирлардан,
Тошлоқлар устидан ва оғриқ туймас.
Тундаги чироқлар — у олис инсон,
Тундаги чироқлар — сен суйган сиймо.
Улар мисли аёл нигоҳи гирён,
Етолмассан маъсум сирига асло.
Мақсадсиз, омадсиз юрган чоғларим
Қутқарган шуълангиз мени неча бор.
Шунда англаганман — умр гавҳари,
Энг эзгу умидлар сизда, бетакрор.
Чорламасайдингиз сиз агар тунлар,
Ёнмаган бўларди дилда шан хаёл.
Таратмасайдингиз милт-милт учқунлар,
Қисматлар туймасди — нимадир иқбол.
Лозим эрса агар беадад бардош,
Мен сабр қилгайман ундан ортиқроқ.
Сиз борсиз — зулматда тўкмасман кўз ёш,
Сиз борсиз — писандмас менга ғам-фироқ.
ОҚШОМ ҚЎШИҒИ
Офтобнинг селидан қамашади кўз!
Хуш, салкин гўшалар гўё зим-ғойиб.
Фақат кечга бориб лабингдан шу сўз
Учади: кун ўтди бирам ажойиб!
Булут босиб келар, етилган пичан,
Ўрмаса вақтида деҳқон ер дакки.
Пичан ҳам ўрилар. Шунда дер деҳқон:
«Бу йил ёз ҳар ҳолда бўлмади чакки!»
Боғбон боғ қўйнида куйманар яккаш,
Ортиб ташвишлари, заҳмати чандон.
Дер у, сўнгги мева териб олингач,
Бу йил ҳосил чўғи бўлмади ёмон!
Келажак кўз тикар бизга гоҳ пайтда,
Нима деса дейди — унинг ўз таъби.
Кошки у биз ҳақда шу сўзни айтса:
«Ҳар ҳолда бу аср ёмон ўтмади!»
КУНДАЛИКДАН САҲИФА
Чанг-тўзон. Сайёҳлар тўдаси. Тонгдан
Қиздирар борлиқни офтоб тобида.
Қизимни ўзим-ла олволдим мудом
Унинг учун байрам — балиқ овига.
Асфалт арзандаси, менинг кўз нурим
Ўтлокларни кўриб яйради алҳол.
Бир муддат у карахт довдираб турди,
Сўнгра оқ қайинни қучди унсиз, лол.
У қалбин илк бора англади балки,
Кафти-ла силади қайин пўстлоғин.
Бир пайт кипригига ёш чиқди қалқиб,
Кармоқдаги балиқ йиғлатди чоғи.
Қизим ўлтираркан хаёллар ичра
Бехос юрагимни тилди бир ҳузун.
Гулхандаги таом қайнагунича
Пайқадим мен унинг улғайган юзин.
Шаффоф қалб нечунки илғай олмасин
Турфа замонларни титратган руҳни —
Қонда гупурувчи аждодлар сасин,
Шу мовий сувларни, зангор шукуҳни.
Мен ҳам ўсгандекман… Лекин терс томон,
Қизим боласига айландим гўё, —
«Совқотмадингизми?» деб сўрагани он,
Бирдан меҳри ийиб кетиб шу асно.
Нечук совқотайин — юрагимда ғам,
Дунё сирин ўйлаб дилимда хунлар.
Ойдин кенгликларга лов-лов гулхандан
Ҳуркак тулкилардек сачрар учқунлар.
Мирпўлат Мирзо таржималари