Менинг исмим – Фарангисхон. Сизга бўлиб ўтган бир воқеани айтиб бермоқчиман.
Ўша йили еттинчи синфда ўқирдим.
Бир куни кечқурун, дадамлар ойимларга эрта тонгдан машиналарида Жиззах шаҳрига йўл олмоқчи эканликларини айтдилар. Уларнинг бизнес ишларининг бир қисми шу вилоят марказидаги қурилиш гипси ишлаб чиқарувчи корхона билан боғлиқ эди. Дарҳол эргашдим.
– Мени ҳам ола кетинг, дада! Жиззахда хеч қачон бўлмаганман. Тошкентдан ташқарига чиқмаганман. Бир бошқа шаҳарни ҳам кўрай!
– Чорвоққа чиққансан! Ғазалкентни кўргансан.
– Жиззахни ҳам кўргим келаяпти!
– У шаҳар кичкина ва оддий. Кўрмасанг ҳам бўлади.
– Бир янги синфдошим бор, уларнинг оиласи яқинда Тошкентга кўчиб келган. У қиз – ўша ерлик. У, доим Жиззахдан гўзалроқ юрт бу дунёда йўқ, деб айтади. Мен шундай ажойиб жойни кўришим керак.
– Ўқишдан қоласан-ку!
– Жавоб сўрайман, ўтилган мавзуларни китоблардан ўқиб оламан!
Дадам ниҳоят кўндилар.
– Майли, Фарангисхон! – дедилар, – Фақат эрталаб вақтли туриб кетамиз. Бўптими?
– Майли! – қувондим мен. – Фотоаппаратимни оволаман. Ҳамма жойни расмга тушираман.
Эрталаб соат еттида уйдан чиқиб кетдик. Февраль ойи бўлгани учун, кун хали ёришмаган, ғира-шира пайт эди. Ҳаво булут бўлса-да, ёғингарчилик йўқ, йўллар қуруқ эди. Шунинг учун, биз шаҳарни тарк этиб, текис тўғри йўлга тушганимиздан сўнг, дадамлар “Жигули”нинг тезлигини оширдилар. Биз манзил сари ғизиллаб елиб кетдик. Мен орқа томондаги ўриндиқда жойлашиб олганимча, деразадан атрофдаги далаларни томоша қилиб борардим.
Кун борган сари ёришиб борар, манзаралар ҳам ёрқинлашарди. Ярим соатлар ўтгач, машинамиз секинлашди ва биз бир милиция постидан ўтдик.
– Бу қайси шаҳарники?
– Янгийўлники, – хабар бердилар дадам ва бермоқчи бўлган саволимни ҳис қилдиларми, қўшиб қўйдилар. – Лекин, бу шаҳар трассадан четроқда. Биз у ерга кирмаймиз.
Машинамиз яна илдамлашди. Ўн дақиқалар юрганимиздан сўнг, олдинда, йўл четида бир одамнинг қораси кўринди. У машинамизни тўхтатиш учун бир қўлини кўтарди. Дадам индамай ўтиб кетмоқчи эдилар-у, яқин қолганда у кишининг қария эканлигини пайқаб, тормозни босдилар. Сал ўтиб кетганлари учун, автомобилни орқага юргизиб, ўша одамнинг рўпарасига тўхтатдилар. Ёнларидаги эшикни очиб, сўз қотдилар.
– Ассалом алайкум, амаки! Келинг, ўтиринг, обориб қўяман.
– Ваалайкум ассалом, болам! Мени сал нарироққа ташлаб қўясанми?
– Бемалол, ўтираберинг!
– Катта йўлдан ўнг томонга қайриламизда, бир-икки чақирим юрамиз, майлими?
– Майли, амаки.
Қария дадамнинг ёнларига ўрнашди. Мен дарҳол салом бердим.
– Ассалом алайкум!
– Ваалайкум ассалом, қизим! Яхши юрибсанми?
– Яхши, раҳмат! – жавоб бердим мен.
Бу одамнинг эгнида йўл-йўл чопон, оёқларига этик кийган эди. Пойафзалининг четлари бирозгина лойлигини ҳам пайқадим. Унинг бошида уринқираган қулоқчин телпак бор эди.
Отахон бошқа бир сўз демади, индамай кетаберди. Камгап одам бўлса керак, ўйладим мен. Бир қанча юрганимиздан сўнг, ўнг томонда, йўл четида янги, замонавий услубда қурилган чойхона кўринди.
– Болам, мен шу ерда қоламан, – деди отахон. – Мана бу жойда ишим бор. Ёдимдан кўтарилибди. Шу ерга келганимда эсимга тушди. Темир аравангни тўхтатақол.
Дадам чойхонанинг олдида “Жигули”нинг тормозини босдилар.
Отахон чўнтагини кавлаб қанчадир пул чиқарди ва уни дадамларга узатди.
– Етадими, болам?
Дадам бош чайқадилар.
– Керак эмас, отахон! Шундоқ ўзимнинг йўлим эди.
– Олақол, тағин мендан норози бўлиб юрма!
– Йўқ, асло. Сиз рози бўлсангиз, бўлди.
– Гап розиликда бўлса, шунча йўл юриб, манзилимга олиб келиб қўйдинг, сенга раҳмат дейман ва дуо қиламан, майлими?
– Майли, отахон.
– Қани, кафтингни оч!.. Ё, Оллоҳ! Шу йигитнинг темир аравасини омадли ва барокатли қилгин! Бу темир арава унинг эгасига улуғ ризқ-насиба олиб келсин! Омин!
– Раҳмат, отахон! – жилмайдилар дадам.
Қария машинани тарк этгач, биз яна йўлимизга равона бўлдик. Шунда мен бир нарсага афсус қилдим. Чунки, фотоаппаратим билан шу отахонни расмга олмабман. Жуда зўр бўларди-да. Кейин ўртоқларимга кўрсатардим. Тошкентда бундай кийинган одамлар йўқ…
Биз йўл юриб, йўл юрсак-да, мўл юриб, ниҳоят соат тўққиздан ошганда Жиззах шаҳрига етиб келдик.
Буни қаранг-ки, биз борадиган ташкилот Тошкент кўчасида жойлашган экан. Дадам машиналари билан унинг ичига кирдилар. Бизни, ушбу саҳни каттагина корхонанинг раҳбарлари кутиб олишди.
Дадам мени уларга танитдилар:
– Бу қиз – Фарангисхон! Менинг кичик фарзандим. Жиззах шаҳрини кўраман деб тўполон қилди. Шунинг учун бирга олиб келдим!
Абдуҳабиб ака ва у кишининг ўринбосари Комил акалар, дадам менга уларнинг номларини айтдилар, жилмайиб, менинг хоҳишимни қувватлашди. Шундан сўнг, улар мени ташкилот ҳовлисида қолдириб, идорага шартнома тузиш учун кириб кетишди. Менга, истасам атрофни томоша қилиш, хоҳласам машинада ўтириб мусиқа эшитиш вазифаси топширилди.
Ярим соатлар ўтгач, дадам хурсанд холда идора биносидан чиқиб келдилар. Уларни ташкилот раҳбарлари кузатиб чиқишди.
– Озод ака! Энди фақат сизга умид қиламиз. Тошкент шаҳрида бизнинг гипсимизни тарқатиш сизга юклатилди. Ишонамизки, маҳсулотимизнинг сотилиши ҳажми анча ошади!
– Албатта, Абдуҳабиб ака! Мен ишончингизни оқлаш учун бор имкониятларимни ишлатаман!
– Озод ака! Сиз бизни чарчатиб қўясиз деган умиддаман! – сўз қўшди Комил ака.
Бу, оқ-сариқдан келган киши, Абдуҳабиб аканинг қўлида ўқиган экан, иқтидорли бўлгани учун, устоз ўз шогирдини янги корхона очганда ёнига чақирибди. Асли самарқандлик бўлган Абдуҳабиб ака эса, авваллари институтда дарс бергани учун, “домла” деб ном чиқарган экан. Бу гапларни менга дадамлар кейинроқ, йўлда айтдилар.
Ташкилотдан чиқиб, биз Жиззах шаҳрини айландик. Марказни томоша қилдик. Бозорга кирдик – Тошкент бозорларига жуда ўхшаш, фақат нархлар сал арзонроқ. Анча жойларни расмга олдим. Туш вақти яқинлашганда овқатхонага кириб сомса буюрдик. Бу ернинг сомсаси жуда катта бўлар экан. Ва уни қиздирилган пахта ёғига булғаб-булғаб танаввул қилишар экан. Бунга жуда ҳайрон бўлдим.
Мен битта сомсани зўрға едим. Иккинчиси қорнимга сиғмади.
Кейин, ортга қайтдик. Жуда хурсанд эдим. Дадам машиналарини ҳайдардилар, мен эса мусиқа эшитганча Мирзачўл далаларини томоша қилиб кетаберардим. Бир соатдан кўпроқ юрганимиздан сўнг, дадамлар сўрадилар.
– Хали, эрталаб Жиззахга кетаётганимизда бир отахонни йўлдан олиб, кейин қандайдир чойхона ёнида қолдириб кетгандик. Эсингдами?
– Ҳа, дада, эсимда!
– Ўша ерда тўхтайлик. Қараб кет. Узоқдан кўришинг билан айт. Биттадан чой ичиб оламиз. Йўл барибир чарчатади.
– Хўп, дада! – дедим мен ва йўл четини диққат билан кузатиб кета бошладим.
Биз анча юрдик. Лекин, у чойхона кўринай демасди. Ҳамма ёқ дала ва одамларнинг уйлари.
– Нега эрталабки чойхона кўринмаяпти? – сўрадилар дадам.
Мен елкамни қисдим.
– Ҳайронман!
Биз Янгийўл шаҳри постига келдик ҳамки, барибир у чойхона қорасини кўрсатмади.
– Қизиқ! Бу не сир-синоат экан?
– Билмадим, дада, – дедим мен. – Балки, пайқамай ўтиб кетгандирмиз?
– Бўлиши мумкин эмас! Унинг қаердалиги тахминан ёдимда. Унинг ўрни бийдай дала бўлиб қолибди. Ярим кунда шундай катта бинони тўсатдан бузиб, ўрнини текислаб, шудгорлаб қўйиш мумкинлиги ақлга сиғмайди.
Индамадим. Нима ҳам дердим. Дадам билмасалар, мен билармидим?!
Шу сирли чойхонани ўйлаб, уйимизга етиб келдик.
Орадан ярим йил ўтди. Бу орада дадамлар Жиззахда ишлаб чиқарилувчи юқори сифатли гипсни Тошкентда яхши сотилишини йўлга қўйдилар. Унинг харидорлари кўпайди.
Тошкентда қурилиш молларини сотадиган бир машҳур одам бор экан. Исми – Икром ота экан. Орқаваротдан у кишини Икром Ўрис деб аташаркан. Бундай аталишига сабаб, у ёшлик чоғида, юртимизни ўз ичига олган СССР деган мамлакат Германия билан уруш қилганда, у ота-онасиз қолиб, кўп болалар қатори Ўзбекистонга олиб келинган экан. Шунда, бир Жамол ака исмли ўзбек киши уни бағрига олиб, Ислом деб ном бериб, катта қилган экан. Боланинг келиб чиқиш миллати бошқа бўлгани учун, барча уни Ислом Ўрис деб чақиришга одатланган экан.
Дадам уни Тошкентда билмайдиган киши йўқ, у жуда ҳурматга сазовор инсон дедилар. Бир неча марта, машиналари бузилиб қолиб, яёв юрганларида, кўчада такси тўхтатиб, Икром Ўрисникига олиб бориб қўйинг, десалар – индамай обориб қўйишган ҳам экан.
Ана шу Икром отанинг Мурод исмли ўғли, ўз отасининг изидан бориб қурилиш маҳсулотлари сотадиган жой ташкил қилибди. Халқимиз: “Отанг қилган ишни қилсанг, ишинг юришади”, дейди. Шунинг учунми, Муроднинг ҳам омади чопиб, мижозлари кўпайибди ва у дадамларга таклиф қилибди:”Озод ака! Шу гипсни фақат ўзимга олиб келиб беринг! Қанча десангиз, бетўхтов олабераман. Бошқаларга берманг. Бирга ишлайлик!” Дадам бу таклифга рози бўлибдилар. Чунки, ўнта-ўн бешта жойга маҳсулот тарқатгандан кўра, бир ишончли киши билан ҳамкорлик қилиш қулай-да!
Дадам бундан ташқари қурилиш моллари бозоридан ҳам жой олиб, у ерга сотувчи қўйдилар. Кейин, бирон бир маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхона очсаммикан, деб ҳам мўлжаллай бошладилар.
Орадан бир йил ўтгач, бу ниятлари ҳам амалга ошди.
Кейин икки йил ўтди. Дадамларнинг барча ишлари яхши борарди.
Уч йилдан сўнг, дадам бошқа машина олиш тараддудига тушдилар. Уларнинг пуллари кўпайганди. Энди, “Жигули” эмас, чет эл машинасини ҳайдашни истаб қолдилар.
Натижада, эски машиналарини сотдилар ва Японияда ишлаб чиқарилган “Мазда” автомобилини харид қилдилар. Бундан биз ҳаммамиз – ойим, опам ва мен жуда суюндик. Аммо, барвақт хурсанд бўлган эканмиз.
Шу вақтдан бошлаб, дадамларда турли муаммолар пайдо бўла бошлади.
Қурилиш моллари бозоридаги сотувчи тушум пулларини бермайдиган, унга бунга ишлатиб қўйдим, кейин топганимда бераман, дейдиган одат чиқарди. У ойлаб, қарзларини узмайдиган бўлиб қолди. Дадам уни ҳайдаб юбордилар. Бошқа тузук одам тополмай, вақтинча у ердаги ишни тўхтатдилар.
Ишлаб чиқараётган маҳсулотларининг тарқалиши ҳам кескин тушиб кетди. Дадам бунинг сабабини билолмай гаранг бўлардилар. Ҳамма ишни тўғри қилаяпман-ку, нега бунақа бўлаяпти, дердилар.
Устига устак, Икром отанинг ўғли бўлмиш Мурод ўз лабзини унутибди. У дадамларнинг ўрнига, ўзининг бир жиззахлик қариндошини қўйишни ўйлаб қолибди. Уни Абдуҳабиб аканинг олдига жўнатибди. Яхши ҳамки, “домла” унга рад жавобини берибди. Дадам бундан хурсанд бўлдилар. Лекин, бу қониқиш ҳисси узоққа чўзилмади. Ўша қариндош жуда ҳаракатчан экан, юқори идораларда ишловчи турли кишиларга қўнғироқ қилдириб, Абдуҳабиб акани дадамлар билан бошқа шартнома тузмасликка мажбур қилибди.
Дадамлар, асли олим ва файласуф бўлганлари учун, руҳларини чўктирмадилар. Шароитни таҳлил қилардилар, ечим қидирардилар. Бир куни мен билан гаплашдилар. Мен бу пайтда коллежда ўқиётгандим.
– Фарангисхон! – дедилар улар. – Эсингдами, биз бирга Жиззахга боргандик!
– Ҳа, дада. Эсимда! – жавоб бердим мен.
– Йўлда учраган отахон-чи, ёдингдами?
– Ҳа, ёдимда. Ўшанда у кишини расмга олмаганимга афсуслангандим.
– Чойхона-чи?
– Сирли чойхона ҳам эсимда, дада! У кейин тополмаган-дик. Қаёққадир ғойиб бўлиб қолганди.
– Мен бир нарсани тушундим. Ўша сирли чойхона олдида, отахон бизни дуо қилгандилар. Ҳамма гап ўша дуода! Ҳозир бизда у дуонинг кучи йўқ. Билдингми?
Мен дарҳол сўз қотдим.
– Отахон ёдимда. У бизни эмас, машинангизни дуо қилганди. Ўшанда бундай деганди: “Ё, Оллоҳ! Шу йигитнинг темир аравасини омадли ва барокатли қилгин! Бу темир арава унинг эгасига улуғ ризқ-насиба олиб келсин! Омин!”
– Ростдан шундай деганмиди?
– Ҳа, дада. Худди кечагидек ёдимда! Биласиз-ку, эсда сақлаш қобилиятим яхши.
Дадам ўйланиб қолдилар. Кейин хулоса чиқардилар.
– Мен эртагаёқ “Жигули”имни қайта сотиб оламан!
Эртаси куни кечқурун дадамлар уйга хорғин қайтдилар. Ойим сўрадилар.
– Ҳа, дадаси, чарчадингизми?
– Шунақа бўлса керак… – жавоб қилдилар улар.
Кийимларини алмаштириб, ўтириб овқатландилар. Кейин мен сўрадим.
– Дада, “Жигули”ни қайта сотиб ололмадингизми?
– Ҳа, қизим. Унинг янги эгаси сотмайман, деди. Уни ҳозир минмаётган экан. Ҳовлисининг тўрига қўйиб қўйибди. Экспонат қилиб. Ўзи бошқа янги машина ҳайдаб юрибди. “Сизнинг “Жигули”ингиз жуда омад олиб келувчи экан. Бир йилда ишларим жуда зўр бўлиб кетди. Бундай автомобилни сотиб бўлмайди!”, деди.
Мен дадамга ҳам, ўзимга ҳам ачиндим. Ахир, коллежни битиргач, чет элга ўқишга бормоқчи эдим. Шунинг учун, зўр бериб инглиз тилини ўрганаётгандим. Пул бўлмаса, яхши ўқиш қаёқда?! Энди, орзу-умидларим нима бўлади?
Ҳомуш бўлиб турдим-да, бирдан онгимда бир ёрқин фикр чарақлади! Уни дарҳол дадамга билдирдим.
– Дада! Эртага Жиззахга бориб келайлик!
– Нега, қизим?
– Пахта ёғига булғаб сомса егим келаяпти. Мазаси оғзимда қолган.
– Ўқишинг нима бўлади?
– Мавзуларни аниқлаб, китоблардан ўрганиб оламан!
– Майли, қизим. Барибир, менинг ҳеч бир ишим йўқ, эртага. Обориб келаман.
Тонгда йўлга тушдик. Бу гал менинг атрофдаги манзараларга бепарво эдим. Шаҳардан чиққач, ярим соатлар ўтгач, биз милиция постидан ўтдик.
– Бу қайси шаҳарники? – сўрадим мен, билсам ҳам.
– Янгийўлники, – хабар бердилар дадам.
Постдан ўтгач, “Мазда”мизнинг тезлиги ошди. Ўн дақиқалар юрганимиздан сўнг, олдинда, йўл четида бир одамнинг қораси кўринди. Мен худди шу дақиқани кутаётгандим. У машинамизни тўхтатиш учун бир қўлини кўтарди. Дадам индамай ўтиб кетмоқчи эдилар-у, яқин қолганда у кишининг қария эканлигини пайқаб, тормозни босдилар. Сал ўтиб кетганлари учун, автомобилни орқага юргизиб, ўша одамнинг рўпарасига тўхтатдилар. Ёнларидаги эшикни очиб, сўз қотдилар.
– Ассалом алайкум, амаки! Келинг, ўтиринг, обориб қўяман.
– Ваалайкум ассалом, болам! Мени сал нарироққа ташлаб қўясанми?
– Бемалол, ўтираберинг!
– Катта йўлдан ўнг томонга қайриламиз-да, бир-икки чақирим юрамиз, майлими?
– Майли, амаки.
Қария дадамнинг ёнларига ўрнашди. Мен дарҳол салом бердим.
– Ассалом алайкум!
– Ваалайкум ассалом, қизим! Яхши юрибсанми? Анча катта бўлиб қолибсан-ку!
– Ҳа, отахон! – жавоб бердим мен. – Сиз эса ўзгармабсиз! Кийимингиз ҳам ўша-ўша!
– Ўтган гал, сен расмга олсанг-да, барибир чиқмасди!
Бу вақтда дадам машинани юргизгандилар. Қўллари рулда, қулоқлари бизнинг суҳбатда эди. Нега мени бу отахон билан эски танишлардек гаплашаётганимни хали англаб етмагандилар.
Қария бошқа бир сўз демади, индамай кетаберди. Мен ҳам мувозанатни бузиб қўймаслик учун сукут сақлаб кетдим. Бир қанча юрганимиздан сўнг, ўнг томонда, йўл четида янги, замонавий услубда қурилган чойхона кўринди. Бу, худди ўша, ўтган сафардаги сирли чойхона эди!
– Болам, мен шу ерда қоламан, – деди отахон. – Мана бу жойда ишим бор. Ёдимдан кўтарилибди. Шу ерга келганимда эсимга тушди. Темир аравангни тўхтатақол.
Дадам чойхонанинг олдида “Мазда”нинг тормозини босдилар.
Отахон чўнтагини кавлаб қанчадир пул чиқарди ва уни дадамларга узатди.
– Етадими, болам?
Дадам бош чайқадилар.
– Керак эмас, отахон! Шундоқ ўзимнинг йўлим эди.
– Олақол, тағин мендан норози бўлиб юрма!
– Йўқ, асло. Сиз рози бўлсангиз, бўлди.
– Гап розиликда бўлса, шунча йўл юриб, манзилимга олиб келиб қўйдинг, сенга раҳмат дейман ва дуо қиламан, майлими?
– Майли, отахон.
– Қани, кафтингни оч!.. Ё, Оллоҳ! Шу йигитнинг темир аравасини омадли ва барокатли қилгин! Бу темир арава унинг эгасига улуғ ризқ-насиба олиб келсин! Омин!
– Раҳмат, отахон! – жилмайдилар дадам.
Қария менга ўгирилди.
– Қизим, худо хоҳласа, албатта чет элга ўқишга борасан. Бахтли бўлсан! Ҳамма яхши ниятларингга етасан!
Шу гапларни айтиб, отахон машинани тарк этди. Дадам эса бу пайтда тахтадек қотиб, ўтган сафардаги воқеа қайтарилганига ҳанг-манг бўлиб қолгандилар.
Мен уларга сўз қотдим.
– Дада, мана бу сирли чойхонага кириб, биттадан чой ичмаймизми?
Улар атрофга алангладилар ва сўрадилар:
– Қани чойхона?
Ҳақиқатдан ҳозиргина ёнимизда турган бино кўздан йўқолганди. Машинамиздан тушган отахон ҳам ғойиб бўлганди.
– Дада, унда уйга кетдик! – дедим мен.
– Вой, жиззах сомса емаймизми?! – сўрадилар.
– Йўқ, менга тошкентча сомсага писта ёғини қиздириб берсангиз, ўшанга булғаб ҳам ея бераман!
Шу воқеадан бир ой ўтар-ўтмас, қурилиш моллари бозори бошқарувчиси дадамларни чақирди. “Озод ака! – дебди у. – Менинг бир жуда ҳалол жияним бор. Жойингизга маҳсулот тушириб беринг, савдо қилсин. Унинг нотўғри ишига мен жавоб бераман!”
Икки ойдан сўнг, ишлаб чиқараётган маҳсулотларига иккита “Қурилиш моллари савдо уйи” харидор бўлиб, катта миқдорга шартнома туздилар.
Уч ойдан сўнг эса, Абдуҳабиб ака тўсатдан қўнғироқ қилиб қолди.
– Озод ака! – деди у. – Ўрнимга Комилни бош раҳбар қилиб тайинладим. Ўзим эса фирмани ташкил этувчи мақомида қоламан. Муроднинг қариндоши билан ишни тўхтатаяпман. У бизнинг ишончимизни оқламаяпти. Шунинг учун, келаётган хафта ичида Жиззахга келсангиз, янги шартнома тузар эдик!
Кейин, Комил аканинг ўзи алоқага чиқди.
– Мен ҳозир бош раҳбарликка ўтдим. Энди фақат сиз билан ишлаймиз!
– Муроднинг қариндоши-чи?! Унинг юқори жойларда окахонлари бор. Босимга чидай оласизми? – сўрадилар дадам.
– Улар қўнғироқ қилишса, бир машина мол бераман, яна қўнғироқ бўлса, яна бир машина бераман. Учинчисида жонларига тегади, – деди у.
– Мурод-чи?! У ҳам ўз қариндошига ён босар?
– Унга ўзим тушунтираман. Агар у гипсимизни олмаса, бошқалар тайёр турибди. Бундай мустаҳкам гипс – Ўзбекистонда битта!
Шундай қилиб, дадамнинг ишлари яна аввалги изга тушиб кетди. Бу йил янги “Ласетти” машинаси сотиб олдилар. “Мазда” эса экспонат бўлиб ҳовлида турибди.
Мен эса ушбу бўлган воқеани Американинг Миссури штати университети кутубхонасида ўтириб ёздим. Доимо яхшилик қилинг – дуо оласиз. Дуо эса – олтиндир…