Ёстиғинг тагида нима бор?

КИТОБЛАР ҲАҚИДА

“Меҳробдан чаён”ни Луи Арагон иборасига ўхшатиб, “Энг гўзал шарқона севги романи”, деб баҳоласа бўлади. Чунки Анвар ва Раъно ўртасидаги севги ибо аталмиш шарқона пойдевор устига қурилган.
Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар”и деҳқончилик тизимидаги коммунистик режимни маънавий жиҳатдан ағдариб ташлаган.
Бундай китобларни қандай қилиб ўқимаслик мумкин.

* * *

Китоб ёки журнални Интернет саҳифаларидан ҳам ўқиса бўлади. Аммо Интернетда китобга хос ҳид йўқ, саҳифаларни варақлашдек ҳузур йўқ. Энг асосийси, уни ёстиғинг тагига қўйиб бўлмайди.

* * *

Илмий адабиётнинг аҳамияти бадиий адабиётникидан кам эмас. Масалан, академик Муҳаммаджон Ўрозбоевнинг “Назарий механика асослари” ва “Материаллар қаршилиги” китобларини қанчадан-қанча Отабек ва Анварлар мутолаа қилишган ва малакали муҳандис бўлиб етишишган. Илмий адабиётга хос эҳтиёж баланд, лекин эътибор паст.

* * *

Нашавандлик ёмон. Китобга “нашавандлик” яхши. Қани энди, бир-икки кун китоб ўқимаган одам, ўзини қўярга жой топа олмай қолса.

* * *

Талабалардан “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларидан билганларича гапириб беришларини сўрадим. Гапириб беришди. Китобларнинг чамадаги қалинлиги ва муқоваларининг рангини сўрадим. Билишмади. Кинода кўрганларини гапириб беришган экан.

* * *

Бир танишим мени янги томи ва ертўласини қўшиб ҳисоблаганда тўрт қаватли уйи билан таништирди. Ҳовлида 3 та машина, хоналарда 6 та телевизорга кўзим тушди. Ҳаммаси хорижники. Лекин битта ҳам китоб кўрмадим.

* * *

Реклама — савдо двигатели, дейишади. Савдога нафақат сақич, пиво ёки “Ринза” дориси, балки китоб ҳам чиқарилади. Китоб ҳам товар сифатида рекламага муҳтож.

* * *

Бадиий адабиётда ўта примитивлик меъёр ёки стандарт сифатида қабул қилинмаслиги лозим.
“Китоб яхши сотилиши учун, унинг соддароқ бўлгани яхши”. Бу ҳам примитив бозор тушунчаси. У қоидага айланиб кетса ёмон бўлади.

* * *

“Бозор адабиёти”нинг муаллифлари ва ноширлари эркин фаолият олиб бормоқда: нимани хоҳлашса ёзишяпти, нимани хоҳлашса нашр этишяпти. Адабий тил ва адабий меъёрлар худди йўқдек.

* * *

“Бозор адабиёти”, “Сариқ матбуот” ўқувчи дилини вайрон қилади, жамиятни тўғри йўлдан чалғитади, инсонга маънавий озуқа бермайди, бирон-бир фойдали нарсага ўргатмайди.
Ҳақиқий адабиёт ўқувчини жонлантиради, қалбини поклайди, дилини тоблайди, характерини мустаҳкамлайди.

БАЪЗИ ЭСЛАТМАЛАР

Яхши китоб муаллифнинг одамзот учун аталган тортиғидир.
Аддисон, инглиз ёзувчиси

* * *

Ҳар бир киши асосан қўлидан келадиган ва ўзига ярашадиган ишга уриниши лозим.
Арасту, қадимги юнон файласуфи

* * *

Иқтидоринг етмаган ишни қилма, сабабсиз ўзингни донишманд билма.
Носир Хисрав

* * *

Асоссиз иш, нимага қаратилганидан қатъи назар, доимо инқироз билан тугайди.
Гёте

* * *

Барча чоралар билан инсониятни бўлмағур, кераксиз китобларни ўқишдан қутқармоқ керак.
Сергей Вавилов, физик олим

* * *

Китобларнинг сони эмас, унинг яхшиси фойда келтиради.
Сенека, Рим ёзувчиси

* * *

Бир вақтлар китобларнинг тақчиллиги илмнинг ўсишига зиён етказар экан. Ҳозир эса унинг кўплиги одамни гаранг қилиб, шахсий мулоҳаза юритишингга халал беради.

* * *

Бир мартадан кейин ўқишга арзимайдиган нарса мутлақо ўқишга арзимайди.
Вебер, немис ёзувчиси

* * *

Худди ярамас ошналар сингари бўлмағур китоблар ҳам бизни йўлдан уриши мумкин.
Филдинг, инглиз ёзувчиси

* * *

Ўқинг ва ўрганинг. Жиддий китобларни ўқинг. Қолганини ҳаётнинг ўзи тушунтириб беради.
Достоевский

* * *

Ҳеч қачон маънисиз китобларни ўқиманг.
Эмерсон, америкалик файласуф ва шоир

* * *

Модомики, ҳаёт жуда қисқа, бўш вақт эса жуда оз экан, биз уни саёз китобларни ўқишга исроф этмаслигимиз керак.
Рескин, инглиз публицисти

* * *

Вақт борида шоҳ асарларни ўқиб қолинг, акс ҳолда, бунга улгурмайсиз!
Торо, америка ёзувчиси

* * *

Ҳамма нарсани ўқийвериш ярамайди, дилда туғилган саволларга жавоб бера оладиган китобларнигина ўқиш керак.
Лев Толстой

* * *

Ҳақиқий билим орттирмоқ учун одам яхши китобларни, яъни яхши, ақлли кишилар ва чинакам донишмандлар ёзган китобларни танламоғи лозим.
Чэннинг, Америка моралист ёзувчиси

* * *

Сизни ўйлашга мажбур этадиган китобларгина энг нафли китоблардир.
Паркер, америкалик сиёсий арбоб

* * *

Бобокалонларимиз китоб топишга қийналар эдилар: ҳозир эса биз китоб танлашга қийналамиз. Мутолаа учун жуда зийрак бўлмоқ керак.
Леббок, инглиз табиатшуноси ва моралисти

* * *

Қўлга тушганини эмас, обдон танлаб — саралаб ўқинг. Дид ва тафаккурингизни тарбияланг.
Тургенев

* * *

Очганингда ҳузурланиб, ёпганингда руҳан бойлигингни ҳис этган китобгина яхши китобдир.
Олкотт, америкалик ёзувчи, педагог

* * *

Китоб энг олис ва зимистон умр йўлларида инсонга нур бағишлаб турувчи сеҳрли чироқдир.
Упит, латиш ёзувчиси

* * *

Саводли ҳар бир киши китоб ёрдамида ақл-заковат кошонасига кириш ҳуқуқи ва имкониятига эга бўлади.
Смайлс, инглиз ёзувчиси

* * *

Китоб ўқишдан кўра арзон кўнгилхушлик ва айни пайтда, узоқ давом этувчи ором бўлмаса керак.
Монтегю, инглиз адибаси

* * *

Китоблар бизнинг энг сўнгги дўстларимиздир, улар бизни алдамайди, ҳамиша ёнимизда туради ва кексайганимизда ҳам маломат қилмайди.
Фагэ, француз ёзувчиси

* * *

Китоблар жонсиз, аммо содиқ дўстлардир.
Гюго

Муҳаммад ТОШБОЛТАЕВ
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 3-сонидан олинди.