Абдулҳақ (1971)

Абдулҳақ 1971 йил 14 январда Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилояти Бозорқўрғон туманида туғилган.
1978 йили Андижон Давлат университети филология факултети ўзбек тили бўлимига ўқишга кириб, 1995 йили мазкур университетни тамомлаган.
1995-1999 йиллари Бозорқўрғон туманидаги З.М. Бобур номли мактабда ўзбек тили ва адабиётидан дарс берган. 1999-2004 йиллари Жалолобод давлат университетининг ўзбек тили ва адабиёти кафедрасида ўқитувчилик қилган. 2004 йилдан шу кунгача Олим Ботиров номли Халқлар Дўстлиги Университетида катта ўқитувчи бўлиб ишлаб келмоқда.
У 2000 йилда бўлиб ўтган “Қирғизистон Республикаси ёш ёзувчилар фестивали” лауреати, 2006 йилда Қирғизистон ўзбек миллий-маданий маркази ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ўткизилган Шавкат Раҳмон хотирасига бағишланган анжуманда “Шавкат Раҳмон” мукофоти совриндори бўлган.
У “Яшил армон”, “Чайқалиб оқмоқда дунё” китоблари муаллифи.
Оилали, 3 нафар фарзанди бор.

* * *

“ЧАЙҚАЛИБ ОҚМОҚДА ДУНЁ”

Абдулҳақ – кўнгил шоири, армон ва ҳайратларнинг нозиктаъб назмий мусаввири. Ҳар бир сўз, ҳар бир ифода руҳият чақмоқларидай гулдирайди, сўнг ҳазинг ёмғирга айланади.
Аслида юрак ва вужуд муносабатлари шундай: гоҳ портлайди, гоҳ мунграйди.
Ушбу тўпламга кирган шеърлар тушунган ўқувчисини ўзи билан этаклаб олиб кетади, ўзгага шукуҳ бахш этади.

* * *

Эркам, бир кун маъюс кўнглим шодлармисиз?
Хаёлингиз хаёлимга отлармисиз?
Билмам, ўксиб эслармисиз, ёдлармисиз
Мажнунингиз йиқилса, ишқ чўлларида?

Лабимизга келинг лабни гулоб айлаб,
Исмимизга юрагингиз аъроф айлаб.
Дилкушоим, дийдамизни хуноб айлаб,
Кулга чўкдик айрилиқнинг йўлларида.

Ҳаётимдир лойқаланган сувга менгзаш,
Афғонли, ҳам нолали бир куйга менгзаш,
Йиғлармисиз, куярмисиз Сиз ҳун талаш –
Жон берсаг-эй Сиздек жонон қўлларида?

Кенг дунёнинг давронига сиғмадим мен,
Шундан қалбим тирнадим мен, тиғладим мен,
Келармисиз, келмасмисиз, билмадим мен,
Абдулҳақнинг қирқларида, йилларида?

* * *

Гулим, букун узилди арқон,
Тегди ўткир тиғ ришталарга.
Севгимиз ҳам букун бегумон
Айланди пок фаришталарга.

Соғинч гўдак болалар каби
Бетин инграр дилларимизда.
Алвон-алвон лолалар каби
Армон ўсар йўлларимизда.

* * *

Тиконлар бир куни сиз гул бўлармисиз?
Муҳаббатга эгилган қул бўлармисиз?

* * *

КИПРИК ҲАҚИДА ДОСТОН

Кўзимга санчилган ҳар киприк –
Васлинг-чун қурилган бир кўприк.

* * *

Кўзим – анҳор, дийданг чўмилган.

* * *

Қалбим – қабр, васлинг кўмилган.

* * *

Туманлар тизилар, тунлар тизилар,
Яшашдан асраган малакдай гўё.
Қўрқувдан чопаман, тушим эзилар,
Ўнгингда юракни эзгандай рўё.

* * *

Ичимга ютганча бор соғинчимни,
Ётибман шифтларга отиб тинчимни.
Сен томон жўнатиб қўйиб ногоҳон
Хокисор хаёлим – совчим, элчимни.

* * *

…Фақат сен меники эмассан, жоним.
М. Кенжабек

Қуюнларда қолган қалб меникидир,
Қалбларга чўғ солган қалб меникидир,
Бор дилларни олган қалб меникидир,
Фақат сен меники эмассан, жоним.

Ишқни кўкка элтиб, туғлаган юрак,
Туғларга бош қўйиб, йиғлаган юрак.
Йиғлаб бори корин тиғлаган юрак,
Фақат сен меники эмассан, жоним.

Дилларда гуллаган, сўлмаган чечак,
Хаёлларга ҳоким – чирмашган печак,
Эртаклар меники, меники – чўпчак,
Фақат сен меники эмассан, жоним.

Ширин сўзга ўчим, нозик ниначим,
Қомати хуш бичим, салга гиначим,
Бағримда “оҳ” чим-чим, гўзал “таъна”чим,
Фақат сен меники эмассан, жоним.


НEКИ БЎЛСА…

Тебраниб йиғладим, йиғладим тўйиб,
Хўрсиниб йиғладим, бардошим – зада.
Сиз ҳам бағрингиздан юбормай қўйиб,
Йиғладингиз менга қўшилиб, дада!

Бизни кўриб сабру соғинч йиғлади,
Кўникишлар ҳамда овунч йиғлади.
Сукунат йиғлади, йиғлади жимлик,
Неки бўлса бари нотинч йиғлади.

Қийнадими қалбим қийноқлари ё?
Эзилган юрагим ўйноқлари ё?
Тирнадими билмам кўксингиз бу кеч,
Мангу айрилиқнинг тирноқлари ё?

Соғиниб чопдими руҳунгиз, билмам,
Ё озор топдими руҳунгиз, билмам,
Бу дунёга сиғмай қийналганларим
Сезиб-илғабдими руҳингиз, билмам…

Оқди юзимизга соғинч томчилаб,
Ниҳоят тонг отди, тунни қамчилаб.
Дод солиб уйғондим, додлаб уйғондим,
Дилимни ташлади ўксиш қайчилаб.

Айрилиқ кўксига бошимни қўйиб,
Тебраниб йиғладим, йиғладим тўйиб.

* * *

Тун бўйи кездим дил тўла ғам,
Ҳар куним шундайин ўтади.
Аҳволим кўргач, оҳ, туннинг ҳам
Ранглари оқариб кетади.

* * *

Юрак чирс-чирс ёнар андуҳ ўчоғида,
Дил тилинар фоний дунё пичоғида.
Ҳам кўксида ухлар бу кун хаста руҳим
Ва тунар ғам хаста руҳим қучоғида.

* * *

Ўтди ёшлик, қолдим ғам – тоғ устида,
Сени ўйлаб дилим доғ-доғ устида.
Васлинг умидида ўтарман бедор,
Тунлари танларим тирноқ учида.

* * *

Тун.
Ухлайди барча-барча жим,
Шод-хуррамлик тун ичра ғижим.
Фақатгина мен уйғоқдирман
Ва уйғоқ хун – қасоскор иним.

* * *

Жимлик риштаси-ла боғлаб тилимни,
Ўтказдим умримни, ёшлик йилимни.
Тасбеҳ янглиғ ўтди кунларим тоши,
Беркилган кўчанинг очолмай бошин…

Қийнар портламаган исёнлар бари,
Кўзин ёролмаган куртак сингари.
Юрак қулоғига ғамлар най чалар,
Беҳудага кетган дамлар най чалар.

Тасбеҳ янглиғ ўтди кунларим тоши,
Беркилган кўчанинг очолмай бошин…

* * *

Қийнамоқда телбалик ёмон,
Тутмоқдадир илҳом жомини…
Оҳ, бир зўр шеър туғилса шу он,
Яшил умид қўяй номини.

Мана, золим илҳомим ёмон,
Қалбга отди тўлғоқ домини…
Туғилмаса гар зўр шеър шу он,
Яшил армон қўяй номини.

* * *

Ҳаётнинг ҳар аччиқ кунига кўниб,
Яшадим мен ўксиб, яна ўксиниб…
Кўзларим ўнгида бормоқда аста
Бу рангли дунёнинг ранглари сўниб.

Йигирма беш йил ухладим,
Туш кўрдим мен шунча йил, оҳ!
Уйғонишга кўпдир ҳали,
Туғилишга анча узоқ.

* * *

Ўртамизда туманли ғамлар,
Кўролмаймиз бир-биримизни.
Гулим, мана, ўтмоқда дамлар,
Ҳар кун қарғаб тақдиримизни.

Тегирмоннинг сангидек эзар
Ҳаётнинг кўп чиғириқлари.
Вужудимиз тинчини бузар
Юракнинг ҳар бир оғриқлари…

Орзуимиз рўёби қани?
Фақатгина қолди хаёлот.
Ўртамизда қайғу тумани
Тарқалмади бир умр, ҳайҳот!

* * *

Чечагим, чеҳрангиз ҳамон ўшадир,
Чеҳрангиз чаманга чирой қўшадир,
Интилиб, сарғариб, ғариб бўлдик биз,
Суйган кўнглимиз-чи, синган шишадир.

Олиб кетар Сизга хаёл – оқизоқ,
Бироқ бул йўлларда армондир тузоқ.
Билсангиз, бинафшам, мушкул чидамоқ.
Ўксишлар дилимда ипин эшадир.

Қаноти қайрилган қушмикан севги,
Билмам этиб бўлмас тушмакин севги,
Нишонга яралган тўшмикан севги,
Бир-бир отилган ўқ тўшим тешадир.

Оҳ, нигоҳингизда қотил ўқ яшар,
Шунданми, кўнглингиз доим тўқ яшар,
Бизнинг юракда-чи, ўчмас чўғ яшар,
Бул чўғлардан вужуд ёниб пишадир.

* * *

Юзларимда қолган оёқ изи бор,
Мажруҳ юрагимда тирноқ изи бор.
Бул бармоқларимни ёндиргувчи, оҳ,
Эҳ, бармоқларимда бармоқ изи бор.

Йиллар олиб кетди ҳушларимни-эй,
Ардоқлаган нозик қушларимни-эй.
Тилкалаб, поралаб руҳларимни-эй,
Кўксимда абадий пичоқ изи бор.

Суҳбатингни тинглаб қонмадим ўзим.
Талпиндим, топмадим, тонмадим ўзим…
Кўкка этди, сенга этмади бўзим,
Кўзларимда тийрон қароқ изи бор.

Тўкилар руҳим ҳар сайраган найдан,
Ишқни қайта-қайта қайраган найдан,
Хаёлимни бетин ҳайдаган найдан,
Найларам, абадий чақмоқ изи бор.

Йўлларингни пойлаб, карахт бўлдим мен,
Сувларингга ташна дарахт бўлдим мен,
Сўқмоқларда қолган бебахт бўлдим мен,
Қалбимда топталган байроқ изи бор.

Юзларимда қолган ойпқ изи бор,
Мажруҳ юрагимда тирноқ изи бор.
Бул бармоқларимни ёндиргувчи, оҳ,
Эҳ, бармоқларимда бармоқ изи бор.

* * *

Кўзларинг домига илиндим, Зебо,
Оҳ, нақадар теран, нақадар чуқур.
Бундан қутулмоқлик мушкулдир, аммо
Қутулмоқ истамас хаёлим учқур.

Бундан тортиб олма сочларинг билан,
Ютиб юборса ҳам майлига кўзинг.
Майлига, розиман бир умрга ман
Кўзларингда қолсам, бўлиб маҳбусинг.

* * *

Қоқар қайғу қошимда қанот,
Гуноҳкорман, гуноҳкор ўзим.
Бир умрга тиғ бўлса, наҳот,
Айтолмаган биргина сўзим.

Хотирамга тошларни отдим,
Ғам уясин тўзғитиб ногоҳ.
Хаёлимга миндирдим отлар,
Хаёлингга бўлсин деб ҳамроҳ.

Армонларим қаърига шўнғиб,
Яраладим минг бора дилим.
Юрак битди дардларга тўлиб,
Кечир, гулим, кечиргил, гулим.

Англадим мен барин кечикиб,
Чидай олмам энди ғашликка.
Соғинар дил зор-зор ичикиб,
Надоматлар бўлсин ёшликка!

ЖИДДИЙ ҲАЗИЛ

Вужудимда ғам-ғашлик
Қўйди бу кун болалаб.
Тунлар энди ухламай,
Чиқар дилни тимдалаб.

Қаранг, дўстлар, ғамларга
Танбур бўлди юрагим,
Бешик бўлди юрагим,
Томирларим беланчак.

Бири келиб ўт қўяр,
Бири эса ўчирар.
Шундай қилиб вужудим
Не кунларни кечирар.

Бирин-кетин улғаяр,
Ёш этгани ўларлар.
Ўликларин шунда ҳам
Жигаримга кўмарлар.

Ўлат келгур ғамларга,
Ё раб, бир кун ютулгум…
Кириб охир қабрга,
Сўнг улардан қутулгум.

* * *

Қўнғир оқли қўнғироқли бир от келди,
Отни миниб ғам аталмиш ёв-ёт келди,
Тиқилганча бўғзимга-эй фарёд келди,
Қамалларда қолди қалбим, қолди қалбим.

Вужудимни тилкаламай пичоқ тиғи,
Юрагимга тиқилмайин унинг туғи,
Қутқар мени, Она буғи, Она буғи,
Қийноқларда қолди қалбим, қолди қалбим.

Нега бунча ёвларим-эй ёвуқ бўлди?
Кўрган куним бунчалар ҳам совуқ бўлди?
Қувонч қочди, йироқ бўлди, оҳ, йўқ бўлди,
Қабрларда қолди қалбим, қолди қалбим…

* * *

Юзларимга босилгандир соғинч лаби,
Бу лаблардан юрагимнинг тирриқ таъби,
Хазонрезда бурглар хазон бўлган каби
Соғинчлардан киприкларим тўкилади.

Йллар юзинг хаёлимга йўлладилар,
Икки кўзим кўзларингга чўлладилар.
Охир, мана, юзларимни хўлладилар,
Соғинчлардан киприкларим тўкилади.

Яшил умид яшиндек, оҳ, хазон бўлди,
Киприкларим ёшларимда маржон бўлди,
Томчи соғинч томиб-томиб уммон бўлди,
Соғинчлардан киприкларим тўкилади.

* * *

Муҳаммад Юсуф хотирасига

Ўтиб бораётир бу умр – карвон,
Айлаб дил аталмиш кулбамни вайрон,
Муҳаммадсиз қолдик, Муҳаммадсиз-эй,
Нега йиғламайсиз, аҳли Андижон.

Бағрингда бўй этган бўз боланг кетди,
Бургутинг ҳам лочин кўз боланг кетди,
Ўзгамас, ўзбегинг, ўз боланг кетди,
Нега йиғламайсан, аҳли Андижон.

Юлдузни йиғлатган ашъори қолди,
Бағри қон қизғалдоқ – алёри қолди,
Бойчечагу жайрон, гул – ёри қолди,
Нега йиғламайсан, аҳли Андижон.

Йиғлаб қолди бир қиз булоқ бошида,
Армон – ўкинчлари кўзин ёшида,
Ўкиниб-ўкиниб қабри қошида
Нега йиғламайсан, аҳли Андижон.

Учмоққа ўч эди учмоққа учди,
Улуғ Улуғбегин улуғин қучди…
Осмонингдан ёрқин юлдузинг учди
Нега йиғламайсан, аҳли Андижон.

Бу кун йўлбарсларга эдиргум дилим,
Юрагим эдиргум, эдиргум тилим.
Кўкламойнинг кўкин сўраб бир чимдим,
Нега йиғламайсан, аҳли Андижон.

* * *

Жабрлар жонимга балолиқ бўлди,
Сўзлаган сўзларим бежолиқ бўлди,
“Тўғри сўзни” оғзи қийшиқ гапирди,
Ҳар ишники қилдим хатолиқ бўлди.

Ҳақ дея сўз урдим, сўзим йиғлади,
Кудуратдан кўкраб кўзим йиғлади,
Танамдан тоқатим, тўзим йиғлади,
Ҳар ишники қилдим хатолиқ бўлди.

Топиб, топинганим – сўзга юкиндим,
Қароқчи, ҳам қотил кўзга юкиндим,
Бўғзимни ёндирган бўзга юкиндим,
Ҳар ишники қилдим хатолиқ бўлди.

Оҳ, мағлуб бир байроқ бўлди бул таним,
Топталди, хок-тупроқ бўлди бул таним,
Таним кўксингда доғ бўлди, Ватаним,
Ҳар ишники қилдим хатолиқ бўлди.

Армон лашкарлари – ғолиб муғомбир,
Завқланиб дилимда чалдилар танбур,
Ўкиниб қабридан тик турди Бобур:
“Ҳар ишники айладик хатолиқ бўлди”.

* * *

Шавкат Раҳмонга

Ғалаёнга тўла вужуддан
Охир дунё бўлдими халос?
Эр остида ётибсиз, мана
Барча мўмин бандаларга хос.

Ўйчан кўзлар ўяди ўйим,
Лек бу кўзлар мангу яшайди.
Сизни ёдга олган чоғларим
Менинг дилгир дилим қақшайди.

Худо берган эзгу сўзингиз
Жон аталган жойга қадалган.
Қисқа, қора, қизиқ қисмат-эй
Наҳот Сизга, Сизга аталган.

Бўғзим бўғар бўғиқ бўзларим,
Икки дунё теварагида.
Сиз-чи мунгга тўлиб ётибсиз
Қулоқ солиб эрнинг тагида.

* * *

Гулим, гул юзингиз тўла изтироб,
Оҳ, кўзларингизга соғинч илашкан.
Кечалари гоҳи мунг, гоҳида хоб
Киприкларингизда ўрин талашган.

Тинмайин тўрини тунлар ташлайди,
Бир нуқтага нигоҳ михлаб қоласиз.
Ўксишлар қалбингиз қамрай бошлайди,
Сўнг соғинчни қучиб ухлаб қоласиз.

Соғинч дилингизда гулдай очилар,
Димоғингизда бир ифор туясиз.
Ифор этти иқлим узра сочилар,
Сиз ифор кўксига жим бош қўясиз.

Бўғзингизда эса аламли унлар,
Армон осмонида хаёл – муаллақ…
Армонларга қалам ботириб тунлар
Сатрлар битади Сизга Абдулҳақ.