Исфан ишбилармоннинг уддабуронлиги ҳақида шаҳарда турфа тус тешик қулоқ гаплар юради:
— Исфан билан мактабда бир партада ўтириб бўй тортганлигимдан фахрланаман! Бўладиган бола бошидан деганларидек, синфдошимиз «Алифбе»дан анқовроқ бўлсаям, аммо «арифметика»нинг авра-астарини ағдариб ташларди. Ишқилиб, икки карра иккидан беш чиқаришни қойиллатарди-да…
— Исфан каминага ҳам армиядош жўра бўлади. Жуда пухта эди, қурғур! Қичиган жойини ҳам роҳат топмаса бежизга қашламасди. Ҳарбий хизматни «курорт»дай ўтказган. Ҳа, энди ошхонада бош ошпаз бўлгандан кейин…
— Исфан биз билан олийгоҳда ўқиган. Домлаларнинг машинасини артиб-партиб бўлса ҳам ишини битириб юрарди, сурати «Ҳурмат тахтаси»дан тушмасди…
Ана ўша Исфан ишбилармон яқинда уддабуронлигини яна бир бор далиллаш учун ҳамшаҳарларига ҳашаматли савдо кошонасини ҳадя этди.
О-о-о! Бу дўкон пештахталарида «йўқ» деган нарсанинг ўзи йўқ!
Айтайлик, бирон-бир харидор уни синамоқчи бўлиб, «Менга анқонинг уруғи» керак бўлиб қолди”, деса ҳам Исфан ишбилармон ўзини йўқотмайди. Йўлингизга пешвоз чиқиб, қўли кўксида, тавозе билан кутиб олади:
— «Анқонинг уруғи»ми?! Бир оғиз суханингиз, ака! Қанақасидан бўлсин? Қуритилганими? Янчилганими? Эндигина ниш уриб чиқаётганими? Балки, талқони керакдир? Маслаҳатим, мезон шамоли еганидан харид қилинг… Рози бўлсангиз, озгина сабр қилиб турасиз. Мезон шабадаси эсди дегунча ўзим ўраб-чирмаб уйингизга етказиб бераман.
Мижозлардан биттаси атайлаб қитмирлик қилиб, булбулнинг сутини сўраб қолса ҳам, Исфанбойнинг жавоби тайёр:
— Булбулнинг сути дейсизми? Тортинмасдан бизни безовта қилаверинг. Фақат, ростини айтинг, қанақаси сизга маъқул? Оғизни куйдирадиганими? Бети қаймоқ боғлаганими? Кўпиги кўпириб турганими? Менинг маслаҳатим — музқаймоқ ҳолига келтирилгани… Қалай, маъқулми? Унда «парранда гриппи» хавфи йўқолди дегунча, дарҳол дўконимизга қараб чопаверинг…
Эҳтимол, бирор-бир чўнтаги кўтарадиган кишига «Замбаракнинг ўқи»га зарурият топилиб дегандай…
Исфан ишбилармоннинг битта дўсти уни лақиллатмоқчи бўлиб дебди:
— Оғайни, замбаракнинг ўқи керак бўлиб қолди. Исфанбой бунга ҳам хўп дебди:
— Қанақасини кўнглингиз хоҳлайди? Бухоро амириникими? Қўқон хони Худоёрхонникими? Тортинмасдан айтаверинг…
Наполеон Бонапортникини тавсия қилардиму, аммо, сертификатининг мазаси йўқ-да!
Ана ўша «ҳожатбарор» Исфан ишбилармон ҳашаматли дўконини очгач иш услубига бироз ўзгартириш киритди. Илгари «остона ҳатлаш»дан олдин ён-теграсига исириқ тутаттирарди. Энди эса дўкон эшигининг нақ тепасига тулки терисини илдириб қўйди. Ҳар гал ичкарига киришдан аввал терига қараб бир нималар деб пичирлайди.
Отасининг бу хатти-ҳаракати эриш туюлдими, бир куни ўғли ботинқирамай сўраб қолди:
— Ота тулкининг терисига салом беряпсизми?
Исфан ишбилармон бир нафас тик қотди, узоқ хаёлга толди. Ниҳоят, илжайган кўйи ўғлининг бошини силаб деди:
— Тулки эмас, устоз бу, ҳа ўқимаган…