Мурза Ғапаров. Мурғобликлар (қисса)

Кечқурун яна ётоқхонага қайтиб келдим. Бир ойдан буён таъмирланаётган уч қаватли ётоқхонанинг бирорта ҳам деразасидан йилт этган шуъла кўринмайди. Лекин даҳлиз ёруғ эди. У ерда дам олишга кетган эшик оғасининг диванида коментдант ётибди. Кўзида кўзойнак, оғзида папирос, қўлида газета. Бу киши хотини ва бўйига етиб қолган қизи билан бинонинг бир кунжида истиқомат қилишади. Ҳозир хотини ухлаб ётган бўлса керак, қизи эса сўзсиз шаҳарга чиқиб кетган чоғи, йўқса комендант тун ярмигача бу ерда ётмас эди. У қизини кутиб ётибди. Қизи эса шунақа — ҳамиша кеч келади. Шаддодроқ, арзанда қиз.
Мен эшикнинг ойнагини чертдим. Комендант қайрилиб қарамаса ҳам, мен эканлигимни билиши шубҳасиз, чунки, қизи келса менга ўхшаб ойнакни черткилаб ўтирмай, эшикни тепкилай бошлайди.
Комендант оҳиста қаршимга келиб:
— Йўқ, — деди бошини чайқаб, — очмайман.
— Яна бир кунгагина, — дедим мен, шаҳодат бармоғимни кўрсатиб.
— Сенинг «бир кунингга» бир ой бўлиб қолди.
— Мен бугун жой топиб келдим, эртага кўчиб кетаман.
— Топганинг рост бўлса, бугуноқ кўчиб кет. Ўша жомадон деган матоҳингни ҳозир келтириб бераман.
— Бугун кеч бўлиб қолди. Топган ҳужрам узоқда, Бишкекда эди-да.
— Етар, оғайни, иззатинг битди, — деб комендант юз ўгириб кетди.
— Амаки… – дедим, илтижо билан, лекин, комендант қиё боқмай диванга бориб ўтириб, ўчиб қолган папиросини ўрнига янгисини ўт олдириб чека бошлади.
Энсам қотиб, ноилож, эски, синашта усулни қўллашга тўғри келди — деразадан бақамти қўйилган темир шоти орқали хонамга кириб олдим. Менинг бу «ҳийлам» комендантга ҳам кўпдан маълум эди. Тўртта каравот, тўртта жавончадан иборат бу бўлмада ҳозир фақат бир ўзимман. Каравотларнинг учтаси яйдоқ, тўртинчисида фақат биттагина тўшак бор. Яйдоқ каравотларнинг эгалари бир ой аввал чўнтакларига дипломларини солишиб, кўкракларига биттадан белгиларини тақишиб, бу каравотлар билан биратўла хайрлашиб кетишган. Анаву каравотда ўн кун аввал тўшакдан ташқари кўрпа, оппоқ чойшабу пар болишлар ҳам бор эди. Ўн кун илгари ҳозиргидек кечаси келсам, биргина тўшак қолибди. Шунисига ҳам Худога шукур дедим.
Мен чироқ ёндирмадим, шундоғам жойимни топаман, ечинсам бас. Аслида ҳам бу ерга фақат тунаш учунгина келардим. Эндигина бўйинбоғимни ечганимда йўлакдан оёқ шарпаси эшитилиб қолди.
Эшикдан мўраласам, қоронғи йўлак бўйлаб папироснинг чўғи ҳайинчалакдек учиб келарди. Дарҳол йўлакдан ўтиб, учинчи қават зинапоясига бекиндим. Комендант барибир шарпамни сезиб қолибди.
— Қочма, Охун, — деди у. — Барибир бугун сени бу ерга қўймайман.
Мен нес бўлиб, ўрнимда туриб қолдим. Комендант менинг хонамга кириб, матрасни ҳам йиғиштириб олди-да, йўлга тушди. Қуруқ каравотда ётишнинг ўзи бўлмайди. Ноилож ортидан эргашдим.
— Амаки, бугунча йўқ деманг.
Комендант гўё эшитмагандек, биринчи қаватга тушиб, худди мен олиб қочиб кетадигандай тўшакни диванга тўшаб, устига ётиб олди.
Атайин мени «унутди-қўйди». Мен шалоғи чиққан креслога бориб, бошимни хам қилганимча ўтириб қолдим.
— Мен иш топдим, — дедим ниҳоят зора дийдасини юмшатсам деган илинжда. Бу синашта усул бир неча марта кор келган эди. — Радиога муҳаррирликка таклиф этишди.
— Ия, газета билан хайр-маъзур қилдингми? — деди комендант истеҳзо билан. — Эсиз, мухбирлигингга икки кунгина бўлувди-я!
Жин урсин «мухбир бўлганимни» унутиб қўйибман-да.
— Унисиям тўғри эди, — дедим. — Лекин радиога борсам, бизга айнан талантли ёшлар керак, бизга келавер, дейишганидан, уларга ваъда бериб қўйдим.
— Сайра-я, сайра, — деди комендант. — Рўпарангда нима десанг лаққа тушаверадиган овсар турибди-да.
Мен мулзам бўлиб, индамай қолдим. Айни шу дамда эшик таққиллай бошлади. Эшикнинг ойнагидан қарасам, комендантнинг қизи — Ойша. Менга кўзи тушган қиз (рамзий) ўпич ҳадя қилди. Мен унга пешвоз чиқмоқчи бўлганимда, отаси ғимирлаб қолди. Комендант — олтмишни қоралаб қолган, бурама мўйлов, бўтқа бет, семиз кимса, шоҳ ташлаб бориб эшикни очди.
— Қизим, бемаҳалда юрма, деб неча марта айтганман сенга, – дея одатдаги дийдиёсини такрорлади. — Ҳозир безорилар кўп, бирортасининг чангалига тушиб қолсанг, нима бўлади?
— Мендан хавотирланманг, ота, мени олиб келиб қўйишади, — деди қиз, ичкари кираётиб.
Менга кўзи тушгач: — Яхшимисан, Охун, ишларинг қандай? — деб сўради.
Мен кўриб турибсан-ку, дегандай елкамни қисиб қўйдим.
— У бугун газетадан бўшаб, радиога ишга кириб келибди, — деди комендант. — Одамлар иш тополмай юрса, бунга кунора янгиси.
Эски даҳмазамизни тушунган қиз, ҳазин жилмайиб қўйди. Чолнинг қизи менга ёқарди. Сулув, ақл-ҳушдан ҳам худо берган. Дивандаги тўшакни унга ишора қилиб қўйдим.
— Ораларингиздан яна қора мушук ўтдими? — деб сўради қиз отасидан.
— Кетсин! — деди отаси. — Менга бўлмаса ҳам, беш йил шу ётоқхонадан текин жой бериб, ўқитган ҳукуматга раҳмат десин-да, кетаверсин. Иззати битди.
— Сиздан нима кетяпти, ота? Шу увада тўшакнинг нимасини қизғанасиз? Имкони бўлганда кетади-да. Ойша тўшакни юмалоқлаб, келиб менга қучоқлатиб қўйди.
Кўзининг оқу қораси бўлган қизини комендант жонидан ҳам яхши кўрарди.
— Майли, яна бир кечага, — деди менга айнан «кечага» сўзини такрорлаб. — Аммо, айтиб қўяйин, бола, эртага яна келадиган бўлсанг, Ойшангга ҳам ишонма, шундоқ елкангдан ушлайман — ўзингни ҳовлида кўрасан. Юр!
У қизини олдига солиб, ўзларининг ётоғи томон кетди. Йўл-йўлакай Ойша менга дўстона кўз қисиб қўйди.
Мен тўшагимни каравотимга тўшаб, уйқуга ётдим. Кун бўйи кўп юрганимдан, тезда уйқуга кетибман. Бир маҳал юзимга бировнинг муздек лаблари текканини сездим. Бу, шубҳасиз, Ойша эди. Мен кўзимни очмасдан, уни қучоқлаб, маҳкам бағримга босдим. Эгнига халат кийиб олибди. Биз бир лаҳза ялаб-юлқашиб олдик. Қиздан ўта хушбўй атир ва шампан виносининг ҳиди бурқирарди.
— Хўш, маликам, айтинг-чи, бугун қаерларда, кимлар билан бўлиб, нима ишлар қилиб келдингиз? — деб сўрадим ундан.
Ойша мендан ҳеч нарсани яширмасди.
— Тушгача кир ювдим, тушдан кейин кинога бордим, — деди у.
— Ким билан бординг?
— Кандидант билан.
— Кейин-чи?
— Кейин ресторанга, ресторандан сўнг унинг уйига бордик.
— Ох-хо-о! Илгари ҳам борганмидинг уйига?
— Йўқ, борсам айтмасмидим. Ҳозир ҳам бормас эдим, танишганимизга бир ой бўлса ҳам сен менинг уйимни кўрганинг йўқ деб, елимдек ёпишиб олди. Уйида эса кўришга арзигулик нарсаси ҳам йўқ экан. Қўйди-чиқдидан теккани: бир жавон, бир стол, телевизор, икки кишилик эски каравот, холос.
— Кейин-чи? Кейин нима деди?
— Нима дейишини уйига бормай туриб ҳам билар эдим. Нима дер эди, каравотга юр дейди-да. Э, ҳозир эркак зоти билан самимий, инсоний иззат-ҳурмат билан дўстлаша олмайсан. Биринчи куни — «сиз», «биз». Иккинчи куни ўпишса, учинчи куни каравотга ётишингни талаб қилишади. Ҳаммаси бузилган! Ҳаммаси! Фақат сен бузилганингча йўқ. Сенинг ор-номусинг бор. Мен сенга ишонаман. Мен сени беш йилдан бери биламан, сен бирор марта қуюшқондан чиқиб, қўлингни белимдан пастга туширганинг йўқ…
… Ҳа, буниси ҳақ гап эди. Ойша, деярли менинг кўз ўнгимда вояга етди. Бундан беш йил муқаддам мен ўзим, ўн саккиздаги бўз бола эдим, комендант айтган ўша ёмон жомадонимни кўтариб шу даргоҳнинг остонасига келганимда, Ойша ўн учдаги ёшгина қиз эди. Айвон саҳнида абитуриент қизлар билан тўп ўйнаётган шу қизчадан биринчи ётоқхонани сўраганимда, кўрсатиб берибгина қолмай, комендантнинг қаерда туришигача айтиб берган. Кейин бу қиз коментдантнинг қизи ва менинг қўшниларимдан бири эканлигини билдим.
Биз худди ака-сингиллардек апоқ-чапоқ бўлиб кетдик. Ўтган йилгача менинг наздимда у ҳамон мишиқи қизчайди. Ўтган йили илк бор, тўсатдан уни гўзал, кетворган бўлиб етилиб қолганини пайқадим. Ўша куни бизнинг филфакнинг янги йил кечаси бўлганди. Ойша кундузи менинг олдимга келиб: «Охун, кечаларингизга битта таклифнома топиб бер» — деб қолди. «Э, ҳа-а, йигит топиб олибсиз-да-а, ойимча», — деб ҳазиллашдим мен. «Э-э, жинни, менинг ўзимга» — деди Ойша. «Сен чиптасиз ҳам кираверасан. Сени бутун университет билади», дедим. «Бунинг тўғрику-я, лекин, мен бировга ёлвориб эмас, махсус таклифнома билан киришни хоҳлайман», деди жаҳли чиққан Ойша. «Топиб, бермасанг қўй, ўзим топиб оламан», — деб бурилиб кетаётганда шоша-пиша ўзимнинг чиптамни қўлига тутқаздим. У «Раҳмат» деб, мамнун жилмайиб, югуриб кетди. Ойша то шу кунгача бизнинг ҳар қандай маросимларимизга ҳеч такаллуфсиз аралашиб юрарди. Бугун эса… Унинг бугунги «димоғ-фироғи» менга жумбоқ, мўъжизадек туюлди. Ҳақиқатан ҳам «мўъжиза» тунда юз берди: бал роса авжига чиққан пайти. Мен ҳам курсдош қиз билан рақс тушардим. Тўсатдан маликамга кўзим тушиб қолди. Бир четда, танҳо ўзи. Э, воҳ, ўшанда бир кўрсангиз эди уни! Сочини катталардек қиёмига келтирибди. Бари нақ тўпиғини ўпиб, навниҳол, нозик қоматини кўз-кўз қилган бежирим кўйлак эгнида. Оёғида чиройли туфли. Хушбичим қулоқларида нозик исирға, оппоқ, бўйнида маржон, бармоқларида қимматбаҳо узуклар ялт-юлти… Авваллари бунақанги кечаларга келса, кўпкаридаги чавондоздек галага уриб кетаверадиган шаддод қизча, бугун гўё, ўз ҳусну-малоҳатидан ўзи гуноҳкордек, ийманиб қовушмай турибди. Аммо, айни дамда, худди ўзининг биринчи балига келган Наташа Ростовага ўхшаб, кўзлари порлаб, ҳаяжон билан рақсга талпиниб тургандай… Мен шу кунгача уни бундай қиёфада кўрмаган эдим. Ҳозир қаршимда бирданига бўйига етиб қолган илоҳий соҳибжамол турарди. Ушбу лаҳзаларда қалбимнинг қаеридадир нозик бир ришта «чирт» этиб узилгандай бўлди…
Биз рақсга тушаётган куй тезроқ тугаса экан деб жоним ҳалак. Рақсимиз тугагунча унинг нигоҳини бир марта тўқнаштириб, кўзимни қисиб қўйдим. Қизнинг чеҳрасида севинч аломати кўриниб, ибо билан жилмайиб, бошини сарак-сарак қилиб қўйди. Куй тугаши билан мен қизнинг олдига бориб, уни янги бошланган рақсга етакладим. Бу менинг Ойша билан биринчи рақсим эди.
Рақс тугагач, гўё биров мендан тортиб олиб қўядигандек, уни юқори қаватга етаклаб чиқиб кетдим. Шу ерда, қоронғи йўлакда, сиртда ёғаётган қорнинг эпкини келиб турган очиқ дераза олдида биринчи бор уни ўпдим…
— Ох, қандай маза? — деди қиз.
— Нима маза? — деб сўрадим, меровланиб.
— Сенинг бўсанг, — деди, қизи тушмагур.
Кейинроқ билсам, бу париваш ўн тўрт ёшдан бери тенгқур йигитчалар билан «лаб уриштириб» келар экан… Ўн саккизга ҳатлаб, ўнинчи синфни битириб, университетга ўтмай қолди. Мана шунақа бизнинг бу Сулув…
— Сен нима дединг, кандидатнинг бу таклифига? — деб сўрадим мен.
— Рад этдим, албатта. Мен курсида ўтириб ҳам дам олавераман, каравотга ЗАГСдан кейин бориб ётаман, дедим.
— У-чи?
— Қўлимга паспортини бериб, ишонмасанг, мана, эртагаёқ бориб, рўйхатдан ўтиб келамиз. Каравотга эса бугун ётаверайлик, деди. Йўқ, каравот — ЗАГСдан сўнг… Аввал ЗАГС, кейин — каравот… Ҳафсаласи пир бўлгач, такси чақириб, жўнатиб юборди.
— Баракалла, ҳамиша шундай бўлгин, — дедим мен.
— Бўлмасам-чи, унга алданадиган аҳмоқ борми?!
— Яна таклиф қилса бораверасанми?
— Қайдам… Унинг ваъдаларига ҳеч ишонгим келмайди. Билсанг, Охун, шунчалар бахтсизманки…
— Овсар, — дедим мен, унинг манглайидан ўпиб. — Бахт нималигини қаёқданам билардинг ҳозир.
— Охун, менга уйлан-чи. Мен сенга бинойидек хотин бўламан.
— Йўқ. Айтгандим-ку, қирқ ёшимда уйланаман деб.
Ёшлик экан-да, ҳақиқатан ҳам шунақа эътиқодим бор эди.
— Унда мен сени қирққа чиққунингча кутаман, майлими?
Мен қаҳ-қаҳ отиб юборишдан ўзимни тийиб қололмадим:
— Кута олмайсан, — дедим.
— Йўқса, мен унгача бир эрга тегиб чиқсам, нима дейсан?
— Бунисиям муаммо. Мен қирққа чиққунча, сен беш боланинг онаси бўлиб қоласан. Беш боладан воз кечиш мумкин эмас.
— Ҳа, майли мени олмасанг, олма. Барибир сени севаман. Мана кўрасан, кимга тегмайин, сени ўйнаш қилиб оламан.
— Тентак.
— Ҳозироқ ўйнаш қилиб олар эдим-у, лекин, биринчи эрга бокиралигинг билан боришинг керак-да.
— Тўғри. Биринчи эрга иффатинг билан боришинг керак.
Ойша мени ўпиб қўйди.
— Менинг оқилим, — деди у. — Менинг насиҳатгўйим. Билсанг, сени отам билан онам ҳам яхши кўришади.
— Бе-е, қўйсанг-чи…
— Ёлғон айтсам тил тортмай ўлай. Тунов куни дастурхон устида сенинг «ҳасратингни» қилишди.
— Унда нега отангнинг мени кўргани кўзи йўқ.
— Отам иккаламиздан шубҳа қилиб қолибди. Рост-да, кунора ҳожат баҳона гумдон бўлиб кетсам… Фалокат юз бермаса деб қўрқади. Қуруқ каравотни «қизғангани» шундан.
Шу чоқ йўлакнинг бош томонидан отасининг таҳдидли овози келиб қолди:
— Ойша! Ҳой, Ойша! Ҳў-ў ер ютгур…
Иккаламиз ҳам қўрқиб кетдик. Ойша мени «чўлп-чўлп» ўпиб олди-да, хонадан «учиб» чиқиб кетди. Ҳойнаҳой менинг бўлмамнинг рўпарасидаги ҳожатхонага кирса керак. Мен ёлғондакам уйқуга кетдим. Комендант хонага кириб лампочкани ёндирди.
— Ҳа-я, ухлаяпсанми? — деди кесатиб. — Ойша қани?
Мен кўзимни очмадим. Айни дамда ҳожатхона томондан сувнинг қаттиқ шариллагани эшитилди. Комендант чироқни ўчирмасдан чиқиб кетди.
Йўлакдан унинг: — Шу ерда эканлигингни билардим! — деган саси эшитилди. — Нега аёлларники қолиб эркакларнинг ҳожатхонасига кирдинг?
— Аёлларнинг ҳожатхонасига сув келмай қолибди, — деди Ойша.
— Қасам ичма! Мен ҳозир ўша ердан келдим.
— Демак, кейин ишлаб қолган-да.
— Ҳе-е, яшшамагур сени…
— Вой-вой-вой, — деган Ойшанинг чинқириғи эшитилди. Чамаси, отаси унинг қулоғидан чўзди.
Ота-боланинг қадам товушлари эшитилмай қолгач, кўнглим жойига тушиб, ухлашга ҳаракат қилдим. Лекин кўп ўтмай комендант яна хонамга кириб келди. Чироқ ҳамон ёниб турарди. Мен кўзимни юмиб, ҳуррак торта бошладим.
— Яна ҳуррак отганига ўлайми, буни! — деди комендант. — Ҳой бола, ўрнингдан тургин-у, кўзимдан даф бўл! Йўқса, ҳозир сени…
Мен кўзимни очиб, ҳайрон бўлгандек тикилдим унга:
— Э-э, сизми бу… Тинчликми?
— Ҳо-о, шунақами, — деди дарғазаб комендант. — Ҳе, отангни арвоҳига сени… — У уриниб-суриниб, каравот тагидан менинг жомадонимни тортиб олди-да, очиқ турган деразадан ташқарига улоқтирди. — Энди тушундингми нима бўлганини? Қани, жўна?
Комендант менинг тагимдаги тўшакни суғуриб олиб, хонадан чиқиб кетди. Мен ич кийимда муздек каравот устида қолавердим. Бироқ, сим каравот устида кўп ўтириш мумкин эмасди. Ўрнимдан туриб, кийина бошладим. Бу ердан кетмасам бўлмай қолди.
Лекин, қаёққа?! Беш йилнинг бадалида бу шаҳарда бирорта хонадондан таниш-билиш орттирган эмасдим. Барибир кетиш керак деган қарорга келдим.
Чироқни ўчириб, узун йўлакка чиқдим. Қутурган комендантнинг турқини кўргим келмай, бояги шоти билан жомадоним олдига тушиб бордим.
Бечора жомадоним. Аза тутсанг арзийдиган аҳволга келиб қолибди. Беш йиллик содиқ ҳамроҳим. Беш йилнинг ичида беш марта олис Новқатдаги ўрик ва шафтолиларга бурканган шинам қишлоққа бориб келган. Қишлоқ хўжалик юмушларига борганимда, бошимга болиш бўлган. Ёзсанг бир ҳикояга «масаллиқ» бўлгудай таржимаи ҳоли бор.
Мен жомадонимни олиб, уйқудаги шаҳарнинг кимсасиз кўчаси бўйлаб юриб кетдим. Биз жомадоним иккимиз университетни шундай тамомлаб, шу тарзда хайрлашдик. Бизни беш йил текин ўқитиб, беш йил бепул ётоқхона билан таъминлаган ҳукуматга раҳмат. Комендантга ҳам…

* * *

Мен шу кетганча тўғри шаҳарнинг олиймақом меҳмонхонасига кириб бордим. Меҳмонхонанинг йўлагида «Чўпонларнинг слёти иштирокчиларига алангали салом!» деган лавҳа осиб қўйилибди. Одатда, бунақа пайтларда бўш жой топилиши мушкулроқ бўлгувчи эди. Ноумид шайтон, зора, омад кулиб боқса.
Кўзойнак таққан, истараси иссиқ маъмур қирғиз аёл билан салом-алик қилгач, жой борми, деб сўрадим. Аёл боши билан тасдиқ ишорасини қилди. Мен шоша-пиша паспортимни узатгач, шахсий «ишкалимни» баён қилишга киришдим: (Паспортимда ҳамон шаҳар фуқароси мақомига эга эдим. Шаҳарда яшовчиларга эса, меҳмонхоналардан жой берилмасди.)
— Опажон, мен ўзим шаҳарда яшайман, — деб бошладим, гуноҳкорона оҳангда. — Уй-жойим бор. Лекин, кутилмаганда қишлоқдан ота-онамлар келишиб қолди. Сиғишмасдан, ноилож бу ерга келдим. Бир кечага йўқ демайсиз.
— Иккитагина одам келиб, уйингга сиғмай қолдингми? — деди аёл паспортимни варақларкан.
— Билсангиз, уйим бир хонадан иборат. Ўзимиз эса тўрт жонмиз. Хотиним, иккита болам бор.
— Паспортингда бола-чақанг ёзилмабди-ку.
Одатда, паспортнинг тегишли жойида оила аъзоларингизни умумий рўйхати қайд этилган бўлади. Бу ёғига мен «қовун туширган» эдим.
— Биз ҳали оилавий рўйхатдан ўтганимизча йўқ эдик, — дедим.
— Икки болали бўлгунча-я? Унда болаларинг кимнинг номида?
— Хотинимнинг номида.
Аёл ишонқирамай бир қараб олиб:
— Майли, фақат бир кечага рухсат, — деди.
Елкамдан тоғ қулагандай бўлди. Қўлимга рухсат қоғозини бергунча аёлни раҳмату ташаккурга белаб ташладим.
Хона икки кишилик экан. Каравотларнинг бирида эгнида кийими билан бир қишлоқи йигит ётибди. Ёши ўттизлар чамасида, ўрта бўйли, тарам-тарам бети товоқдай. Қўлида «Чалқан» журнали. Кулгунинг зўридан бу дунёни унутган эди. Салом берсам ҳам сезмади. Мен бўш каравотга бориб ечина бошладим. Бирпасдан сўнг йигит журнални тушириб юбордими ё ўзи ерга ташладими, кулганича ўрнидан турди.
— Ўта қизиқ эканми, — деб сўрадим.
— Асти сўрама, — деди йигит. — Тавба, ичакларим узилиб кетди. Ваҳа-ҳа-ҳа… Бир одам хотинимни ўғирлаб кетишди, топишга ёрдам беринглар, деб ёзибди. Жинни бўлмаса, битта хотинни эплай олмай, ўғирлатиб юборадими? Менинг бобомнинг учта чиройли хотини бўлган, учаласига ҳам гард қўндирмаган, азамат. Бу-чи, ҳе-е, ландовур…
— Иссиқ сув борми? — деб сўрадим йигитдан.
— Нима? Ҳа-а, сувми… Билмадим, мен совуқ сувга ўрганганман.
Мен ночор жилмайиб қўйдим.
— Қаердан келаяпсан? — деб сўради у.
— Москвадан, — деб қўйдим.
— Москвадан? Ия, ўша ёқда яшайсанми?
— Ҳовва.
— Унда нега мен сени у ёқларда кўрмадим? Мен бу йил Москвада бўлдим.
Мен сочиқни олиб душга жўнавордим. Бир лаҳза лол бўлиб тургач, кулиб юбордим.
— Москвага нима юмуш билан борган эдинг? — сўрадим ундан.
— Йиғилишга, — Йигит курсидаги пиджагини олиб, унга қадалган медални кўрсатди. — Ўзаро тажриба алмашдик.
— Ўх-хў, дўстим, сен ҳазилакам одам эмас экансан-ку, — дедим унга тан бериб.
— Мен ҳақимда газеталарда ёзишган. Ўқигандирсан: исмим Маман, фамилиям Сулаймонов.
— Ўқимабман. Лекин, сенга қойилман, Маман.
— Мен билан ҳамма ерда ҳисоблашишади.
— Ҳисоблашмай кўришсин-чи, ҳокимиятнинг вакили бўлсанг…
Душнинг бўсағасига етганимда, хаёлимдан бир нарса «ялт» этиб ўтди:
— Э-э, ўлма, Маман, балки менга сенинг ёрдаминг тегиб қолар…
— Қандай, айт-чи, қандай ёрдам керак сенга?
— Москвада яшайман, деб, сенга ёлғон гапирдим.
— Ўзимам шундоқ деб ўйловдим. Рост бўлганида сени у ёқларда кўрардим-да.
— Худди шундай. Мен университетни битирдим. Помирда Мурғоб деган бир қирғиз тумани бор экан, ўша ёққа ўқитувчи бўлиб борасан дейишувди, кўнмадим. Бу ерда эса ишнинг иложи бўлмаяпти. Сен мен учун бир ҳаракат қилиб кўрмайсанми?
— Йўқ. Менинг қўлим бу ерларга етмайди. Мен — Тожикистоннинг фуқаросиман. Бу ерга йиғилишга вакил бўлиб келганман.
— Шундай дегин.
Мен яна душга юзланганимда:
— Ҳой, тўхта-чи, нега Помирга бормадинг, — деб сўраб қолди Маман.
— Қўятур-чи, бунинг тарихи узун, — дедим. Рост-да, дабдурустдан оби-дийда қилиш ҳам яхши эмас.
— Бекор қилибсан, — деди у.
— Нега? — дедим мен ҳайрон бўлиб.
— Бизнинг ерларимиз ажойиб, сенга сўзсиз ёқарди.
— Қизиқ, сен ўзинг Помирликмисан?
— Ҳа-да, сен айтган ўша қирғиз райониданман. Хўп десанг, сени бирга олиб кетай.
Мен жилмайиб:
— Кўрамиз. Аввал душга тушиб олайин-чи, сизларда душ ҳам бўлмаса керак, тўғрими? — дедим.
Мен душга кириб, ечиниб улгурмасимдан, Маман остонага келиб туриб олди. Унинг олдида ечинишга уялдим.
— Бача, сен бекор қипсан, — деди Маман. «Бача» деган сўзнинг маъносини кейинроқ билсам, помирлик қирғизларнинг шевасида «дўст», «оғайни» дегани экан. Бизнинг туман мактабларида ўқитувчилар етишмайди. Шунинг учун ҳам шаҳар бедарвоза — подачиси ҳам муаллимликка даъво қилаверишади. Сенга ўхшаган олий маълумотлилар эса, боришмайди. Боришса ҳам, бир йилгина ишлаб, хайр-маъзурни насия қилишади. Еримиз бинойидек, элимиз яхши. Биргина қусуримиз — шаҳардан йироқмиз. Ўзинг айт-чи, ўқитувчи бўлдим деганларнинг бари шаҳарда қолаверса, қишлоқдаги болаларни ким ўқитади? — Маман мендан жавоб кутгандай жимиб қолди. Мен индамадим. — Мен-ку, қўйимни боқиб юравераман, болаларга увол бўлди. Болалар қолоқ…
Маман сўзлашдан тўхтади. Мен ҳам нимадир дейишим керак эди.
Мен беихтиёр: — Помирда одамлар тутакдан* ўлиб туради, дейишади, шу ростми? Ҳавоси сийрак-да, – деб юборибман.
— О-о-ла, роса лақма экансан-ку, — деди Маман. — Тутакдан одам ўлаверса, Помир аллақачон ҳувиллаб қолмасмиди? Олди-қочдиларга ишонаверма. Ундан кўра, ўзинг бориб, яшаб кўр. Агар тутак ёқангдан оладиган бўлса, менга айт, ҳокимнинг қора «Волга»сида Қирғизистонингга кузатиб қўяман.
Мен жилмайиб қўйдим. Буни кўриб Маман янада жонланди.
— Ростдан ҳам, бача, бир бориб кўрмайсанми? — деди у. — Ёқса ишлаб қоласан, ёқмаса, зоримиз бор, зўримиз йўқ. У ерда ҳам ҳокимият бор, бир йил ишлагач, кетаверасан. Қалай, маъқулми?
— Ўйланиб кўрайин, — дедим мен. Ростдан ҳам ўйлаб кўрадиган таклиф эди.
— Майли, — деди Маман. — Мен сени зўрламайман. Эртага кетаман. Манзилимни қолдираман. Агар, боргинг келса, шу ерга тўғри бораверасан. Мен у ердагиларнинг ҳаммасига тайинлаб қўяман.
— Жуда яхши, мен ювиниб чиққунимча манзилни ёзиб тур.
Маман эшикни ёпиб, жойига кетди…
Яхши бўлган экан. Шаҳарда яна бир ҳафтача туриб, Помирга равона бўлдим.

* * *

Мен қишлоққа қандай кириб келганимизни билмай қолдим. Йўлда ухлаб қолибман. Ҳайдовчи уйғотди. Ўн саккиз ёшлардаги бола. Унинг билан туман маркази — Мурғобдаёқ танишиб олдим. Исми Шарип экан.
Мен кабинадан чиқиб, қишлоқни кўздан кечирдим. Бу қишлоқни тасаввур қилишингиз учун, тўрт фасл чўққисидан қор аримайдиган, елкалари яйдоқ, хўмрайган, айқаш-уйқаш тоғларни кўз олдингизга келтиришингиз керак. Тоғларнинг орасида сон-саноқсиз даралар, жилғалар мавжуд. Илгари бир Олайлик оқин помирлик қирғизларнинг турмуш манзарасини: «Ҳар жилғада уйи бор, ҳар бир уйда бийи бор», деб шеърга солган экан. Ўша оқин айтгандай, бу қишлоқларнинг барчаси йил ўн икки ой мазкур даралар ва жилғаларда умргузаронлик қилишар экан. Мен келган қишлоқ ҳам бир неча жилғаларнинг киндиги — торгина дарада эди. Дарада ҳатто биттагина тўрғай қўнадиган бирорта ниҳол йўқ. Дарани иккига бўлиб ўтадиган катта дарёнинг суви сутдек оппоқ Соҳилнинг бир томони чоққина ям-яшил оролдан иборат. Оролда сўппайган биттагина уй. Қишлоқдагилар ҳазиллашиб «Тайван» деб аташадиган ушбу оролдаги ёлғиз уйда ўн тўққиз яшар қизи билан Тўлибой деган мерган яшар экан. Соҳилнинг иккинчи юзи баланд, тупроғи билқиллаган бўз даладан иборат. Қишлоқ мана шу ерга жойлашган бўлиб, ўттиз чоғли хонадонга эга. Уйларнинг йигирма бештачаси яккаш бўз рангда, қолган беш-олтитаси катта-катта, оқланган иморатлар. Оқланганлари — колхознинг идораси, клуби, мактаби, магазини, меҳмонхонаси, биттаси эса қишлоқ раисининг уйи. Уйлар бари гавжум, лекин тартибсиз жойлашган. Энг чеккадаги уйдан беш юз одимча нарида кўримсизгина қабристон. У ердаги қабрларнинг сони, қишлоқдаги уйларникидан уч-тўрт ҳисса кўпроқ эди. Қабристонда пишиқ ғиштдан урилган, тепасига қўтоснинг думидан туғ қадалган биттагина сағана бор. Қўтоснинг думи тинимсиз эсадиган шамолда ҳилпираб туради. Бу сағанани қишлоқ раиси мен келмасимдан икки йил бурун отасининг қабри устига кўтартирган экан.
— Помир деганлари шу экан-да, — дедим мен қишлоқни томоша қила туриб. Ичимда бу ерга келганимга афсусландим.
— Сиз бошқача тасаввурда эдингизми? — деб сўради Шарип, жомадонимни менинг ёнимга қўяр экан. Паст оҳангдаги кесатиқ эмас, шунчаки қизиқиш бор эди.
— Мактабларинг қайси? — деб сўрадим унинг саволига атайлаб.
— Ҳў, анависи, — деди Шарип, оқланган уйларнинг бирини кўрсатиб. Кейин мен бир қарорга келмасимдан, машинасига ўтириб, чанг тўзғитганича, жўнаб кетди.
Қаёққа боришимни билмай, анчагача туриб қолдим. Атрофда бирор кимсанинг қораси кўринмайди. Оқланган уйлар ўртасидаги ялангликда эгар-жабдуқли ёлғиз қўтос мудрамоқда. Ҳар қайси уйнинг деворига навбат билан чоптириб, қора Бўйноқ диконглаб юрибди. Қишлоқ сукунат оғушида. Бир маҳал мактаб биносининг ичидан болғанинг «тўқ-тўқ» деган овози эшитилиб қолди. Мен жомадонимни жойида қолдириб, ўша томонга юрдим. Мактаб таъмири ҳали тугалланмаган экан. Қоронғи йўлакда парталар, синф доскалари, машҳур кишиларнинг портретлари сочилиб ётибди. Эшиги очиқ хоналардан оҳак билан бўёқ ҳиди анқийди. Лекин, бирор кимса кўринмайди. Хайрият, бояги «»тўқ-тўқ» яна эшитилиб қолиб, мушкулимни осон қилди.
Хоналарнинг бирида бир киши парта тузатиш билан овора экан. Ёши қирқларда новча, эгнида қора чийбаҳмалдан жомакор, оёғида қайиш этик, бошида тумоқ.
— Ассалому алайкум, — деб, ўзимнинг келганимдан дарак бердим.
У киши мени кўриб, болғасини ташлаб:
— Ваалайкум ассалом, — деди, самимият билан қўл узатиб. — Хуш келибсиз!
— Хушвақт бўлинг. Мен Бишкекдан келдим, ўқитувчиман, — дедим. — Менга мактабнинг директори ёки илмий мудири керак.
— Э-ҳа-а, Маман айтган йигит сиз экансиз-да, — деди у қувонч билан.
— Топдингиз, — дедим мен. — Маманнинг ўзи қаёқда бўлди экан?
— Маманми? Кеча вилоятга мажлисга кетганди. Индинларга келиб қолади. Зап келибсиз-да. Қани, бир танишиб олайлик-чи. Менинг исмим Мамит. Шу мактабнинг илмий мудириман.
Мен хижолат тортиб:
— Узур, мен сизни уста экан деб ўйлабман.
— Ҳечқиси йўқ, — деди у. — Устачилик ҳам қилаверамиз. Биз мактабимизни ҳар йили ўз кучимиз билан таъмирдан чиқарамиз. Кўч-кўронингиз қаёқда?
— Ташқарида.
— Унда, юринг, мен сизни, сизга аталган уйга элтиб қўяй.
Биз мактабдан чиқиб, жомадоним сари борар эканмиз:
— Бу дейман, нега қишлоғингизда сув қуйгандек жимжитлик? Ҳамқишлоқларингиз қаёқда? — деб сўрадим ундан аввалги жимжитликни кўриб.
Илмий мудир кулиб:
— Бизнинг турмушимиз шунақа, эрта баҳордан, то кеч кузгача манави уйларда ҳеч ким яшамайди. Ҳаммаси яйловда бўлишади.
— Демак, бу ерда йил давомида уч-тўрт ойгина яшашар экан-да?
— Ҳа. Шундаям барча тўкис кўчиб келмайди, кўпчилиги йил бўйи яйлов билан қишловларда қолиб кетишади.
— Нега энди?
— Мол боқишади.
— Ўқитувчилар, ўқувчилар-чи, улар қаёқда?
— Ўқувчилар таътилни ота-оналари билан ўтказишади. Ўқитувчиларимиз ўқув бошланадиган кунга ўқувчиларни йиғиб келгани кетишган.
Шу маҳал бизга яқин ердаги уйдан боланинг йиғиси эшитилиб, унга бошқалари ҳам жўр бўла бошлади.
— Бу қанақа «хор» бўлди? — сўрадим мен, ҳайрат билан.
— Биринчи синфнинг ўқувчилари, — деди илмий мудир. — Бугун яйловдан келишган. Танишасизми?
Биз ўша ёққа бурилдик. Бир неча эшикли узун уй. Очиқ турган эшик томон юрдик.
— Бизнинг хўжалигимиз шу уйда, — деди илмий мудир одатдагидек жилмайиб. — Ётоқхонамиз ҳам, омборимиз ҳам, ошхонамиз ҳам шу.
Очиқ турган эшик — бир даҳлиз, бир катта бўлмадан иборат ошхона экан. Даҳлизда бир аёл куймаланиб юрибди. Катта бўлмада устига елим мато ёпилган узун стол. Унинг икки тарафига биттадан узун ўриндиқ қўйилган. Ўриндиқларда симдаги қалдирғочлардек тизилишиб, етти-саккиз ёшлардаги ўғил-қизлар ўтиришибди. Болалар олдиларидаги бўтқага қарамай, йиғига зўр беришарди. Столнинг бир бошида чорпаҳилдан келган, кирза этик, тумоқ, фуфайка кийган бир эркак, иккинчи бошида йигирма, йигирма беш ёшлардаги, новча, чиройли келин турарди. Иккаласи ҳам болаларни овутиб, овқат едира олмай ҳалак.
Бизни биринчи бўлиб келин кутиб олди. У ҳайрон бўлиб, менга қаради.
— Яхшимисизлар, — дедим мен келинга.
— Шукур, келинг, келинг, — деди у, сипогина.
Эркак оҳиста истиқболимизга юрди. У ёши ўттизларда, заҳил юзли, кўзлари қийиқ, совуқ нигоҳли кимса эди.
— Маман айтган муаллим шу йигит экан, — деб таништирди мени.
— Сақтан, — деди эркак менга қўл бериб. — Сақтан Қачибеков. Математика муаллимиман. Мен сиз билан элатдошман.
Мен ҳам ўзимни таништириб ўтдим.
— Бу келиннинг исми Роқия, — шу болаларнинг муаллимаси, — деди Мамит.
— Менинг хотиним, – деб изоҳлади Сақтан.
Унинг ҳуснбузардай бу қистирмаси: «Эсингдан чиқармай, қадамингни билиб бос», дегандай менга эриш туюлди.
Мен келинга таъзим қилиб қўйдим. Келин аввалгидек сипогина жилмайиб, бошини бироз эгиб қўйди.
— Нега йиғлаяпсизлар? — деди Мамит болаларга юзланиб.
Унинг бу гапидан сўнг, биз кирганда алаҳсиб, жимиб қолган болаларнинг чеҳрасида ётсираш ва қўрқув пайдо бўлди. Кутилмаганда бир бола «авж пардадан олворди-ю» қолганлари ҳам ёппасига унга жўр бўла бошлашди.
— Бўлди! Бас қилинглар! — деди Роқия пўписа аралаш.
— Тоғнинг болалари шунақа ёввойи бўлади, — деди Сақтан, гўё сайёҳларга шарҳловчилик қилаётган йўриқчилардек.
Мамит эшикка чиқиб кетди. Эру хотин билан хайрлашиб, мен ҳам унга эргашдим. Жомадонимни олиб, яна бир узун уйга келдик.
Бу уй аввалгидан ҳам анча узун эди. Яхшилаб разм солсам, битта деганим етти хонали уй бўлиб чиқди. Худди нимадандир қўрққандай, бир-бирининг «пинжига кирган» бу уйларнинг сонини, уларнинг томидан билдим — бириники паст, бириники баланд. Мамит биринчи уйга келиб, эшикка боғланган симни ечди. Биз даҳлизга кирдик. Даҳлизда кўмир қолдиғи, аёлларнинг бир жуфт пайпоғи, ёзув битилган дафтарлар бор экан.
Ичкариги хона катта ва ёруғ эди. Хонага ёруғлик эса шифтга қурилган новсимон деразадан тушиб турарди. Унда печка, стол, темир каравот.
— Ўтган йили бу уйда Душанбедан келган ўрис муаллима яшаб кетган, — деди Мамит. — Уч-тўрт йилдан бери рус тилидан мутахассисимиз йўқ эди, у келганида бошимиз кўкка етганди. Лекин, икки ойдан кейин бечора безиб, дарсларни директорга ташлаб, кетиб қолди. Ўшандан бери бу уйда ҳеч ким яшамайди.
— Ўзларингиз-чи, ўзларингиз безмайсизларми? — Албатта, саволим ўринсиз эди. Ўз саволимдан ўзим уялиб кетдим.
— Безсак, бу ерларда яшамас эдик. Хўп, мен бориб сизга, кўрпа-тўшак юборайин. Бирор соатдан кейин келаман, бизникига бориб, тамадди қиламиз.
— Раҳмат, — дедим миннатдорчилик билдириб.
Мамит чиқиб кетгандан сўнг, ўзимни каравотга ташлаб, хаёлга чўмдим…

* * *

Бир оздан сўнг, тиш чўтка харид қилгани қишлоқ магазинига бордим. магазинда уч киши бор экан. Қирқ, қирқлардан ошган, сариққа мойил узун мўйловли, кўзлари қийиғи пештахта ортида нимадир ёзиш билан машғул. Иккитаси унли қопларнинг устида ўтиришибди. Бири олтмишларда, сариқ юзли, кўса эди. Иккинчиси ундан кексароқ, бақалоқ киши. Бу икки улфатнинг бақалоғи мени кўриб, ароғини яширди.
Учаласининг ҳам нигоҳида «бу ким бўлди?» деган ажабсиниш зоҳир эди.
— Ассалому алайкум, — ёппасига салом бердим мен.
Улар хушламайгина алик олишди.
— Менга битта тиш чўтка берсангиз, — илтимос қилдим, хат ёзиб ўтирганидан.
У индамай пулимни олди-да, битта тиш чўткани пештахта устига қўйди. Мен харидимни олиб, эшикка йўналдим.
— Иним, бу, сизни танимадик-ку? — деб қолди, кўса юзлиси ортимдан.
— Мен сизларнинг мактабингизга муаллим бўлиб келдим. Исмим Охун.
Учаласида ҳам ўзгариш юз берди.
— Э, ҳа-а! — деди кўса юзлиси. – Маман айтган муаллим сиз экансиз-да? Бизда беш муаллимнинг ўрни бўш. Қани, танишиб олайлик. Менинг исмим Тошмат, мактаб директориман. Манови юмалоқ эса менинг дўстим. Исми Тўлубой, ўзи мерган. Анови, Маймунни эса Турат деб қўямиз, у ҳам менинг дўстим. Ароқ ичмайди. Аммо, берсангиз қўлингизни қайтармайди: қадаҳни олиб, пештахтасининг тагига яшириб кетганингиздан кейин бошқаларга пуллайди.
— Ҳой-ҳой, Тошмат ака, меҳмоннинг олдида одамни қораламанг-да, — деди магазинчи, мириқиб кулиб.
— Қани, меҳмон, энди биз билан ўтиринг, қиттак-қиттак олайлик, — деб директор, кейин шеригига буюрди: — Ароқни ол бу ёққа.
Мерган шишани чиқариб:
— Оғай**, узр, биз сизни тумандан келган катталардан экан деб, қўрқиб кетдик, — деди.
— Йўғе-е, мен катталарга ўхшайманми? — дедим мен.
— Ҳозир казо-казолар ёшлардан чиқяпди-да, — деди директор дўстининг гапини маъқуллаб. — Қани, ўтир, ука.
— Раҳмат, — дедим мен. — Ҳозирча узр, узоқ йўл юриб, чарчаб келдим. Бошқа сафар ичармиз.
Директор билан мерган бир-бирига қараб қўйишди.
— Ҳа, майли, — деди директор. — Аммо, кейингисида йўқ демайсан…

* * *

Ўша куни оқшомда, Мамитнинг уйидан келаётиб, мерганга дуч келиб қолдим. Магазиннинг олдидан ўтиб кетаётсам, қоронғида кимдир:
— Оғай, бу ёққа кел! — деди.
Қарасам, магазиннинг остонасида мерган ўтирибди. Магазин ёпиқ. Олдига борсам:
— Бача, мен маст бўлиб қолдим, уйимга элтиб қўй, — деб қолди.
Рад этишга уялиб, рози бўлдим. Боз устига мерганнинг оролда яшашини ҳали билмас эдим. Қишлоқдан чиқиб қабристон томонга бурилганимизда ҳавотирланиб:
— Уйингиз қаерда? — деб сўрадим.
— Нариги бетда, бача, — деди мерган. — Оролда.
Мен рози бўлганимга ўкиндим, лекин энди бўлар иш бўлганди.
Гўристонга етганимизда, тоғ ортидан баркашдай бўлиб ой мўралади. Унинг нури тоғлар, чўққиларни ёритгани билан, воҳаю даралар ҳамон қоронғулик оғушида.
Биз гўристонни кесиб ўтган сўқмоққа бурилдик.
Қўлтиқлашиб олганимиз учун, сўқмоқ торлик қилиб, қабрларни ҳам тепалаб кетиб борардик. Мерган одатланиб қолган бўлса керак, бепарво. Мени эса, худди мурдаларни босиб бораётгандек ҳиссиёт қийнаб, баданим жимирлайди.
— Бу гўристон, — деди мерган, гўё мен буни пайқамагандек. Ё, ўзи учун айтдими, қайдам. — Ҳаёт сўқмоғи шу ерга келганда тугайди… Қайғу, аламинг ҳам, шоду хуррамлигинг ҳам.
Тўсатдан, олдимиздан бир нарса чопиб ўтди. Мен қўрқувдан сесканиб кетдим. Буни сезган мерган:
— Қуён, — деди ҳиқичоқ аралаш. — Гўристонда ёлғиз шу қуён бор. Мен баъзан унга: «Ҳой узун қулоқ, мендан узоқроқ юрсанг-чи, бир куни шўрингга шўрва тўкилиб қолмасин», деб ҳазиллашиб қўяман. Яшайверсин, бечора. Балки мен ҳам бу ерга келиб ётганимда устимда рақс тушиб юрар, — деди.
Гўристон тугаб, сўқмоқ тик қирғоқдан қиялаб, дарёга олиб туша бошлади. Пастга тушиш иккаламизга ҳам машаққатли эди. Аммо, бу мерганнинг тўпиғига ҳам келмай, ўз уруғига мансуб қирғизларнинг оҳангида хониш бошлади:

— Э-э-эй, қатор-қатор нор ҳайдаб,
Қиёларда юрмадим.
Қиёматлик жуфт бўлиб,
Сиз-ман ўйнаб, кулмадим…
— Оғай, қўллаб турсанг?

Мен ҳайрон бўлиб:
— Қанақасига? — деб сўрадим.
— Қанақасига дейди-я! Биров хиргойи қилганда, тинғир-пинғир деб, жўровоз бўлиб турилади-да.
Ҳа, гап бу ёқда экан-да.
— Менинг «тинғир-пинғирга» рағбатим йўқ, оқсоқол, — дедим, ижирғаниб.
Тавба-а, ортмоқлаб бораётганим камлик қилгандай, ашуласини ҳам айтишим керак экан-да!
Мерган хиргойисини бас қилди. Биз қирғоққа тушдик. Бунгача ой ҳаволаниб, чор тараф хийла ёришиб қолганди.
— Шу атрофда осма кўприк бор, излаб кўр-чи, оғай, — деди мерган.
Ўнгу сўлимга разм солсам, дарёнинг устига тортилган иккита йўғон сим арқон кўринди. Сим арқонларнинг биз томондаги учида сандиқсимон бир нарса осилиб турарди. Осма кўприги шу бўлса керак деб, мерганни ўша сандиққа олиб бордим. Аслида, бу кўприк дегани сувўлчагич қурилма экан.
— Бу нарса билан қандай қилиб у ёққа ўтамиз? — деб сўрадим мергандан.
— Манави кажавага аввал мени тушир, кейин ўзинг туш, — деди мерган.
Мен унинг айтганидек қилдим. Кажава дегани қирғоқдаги темир устунчаларга бойланган эди. Мерган ипларни ечган эди, кажава хийла ергача ўзи силжиб бориб, кейин тўхтаб қолди.
— Энди, бача, сим арқоннинг бирини ушлаб, ўзингга қараб тортавер, — деди мерган. — Мана менга ўхшаб.
Иккаламиз сим арқонни бирдан ушлаб олиб, ўзимизга тортиб, олдинга жила бошладик. Бу қийин иш экан. Бир зумда қўлларим ачишиб, чарчаб қолдим. Помирнинг сийрак ҳавоси кўникмаган одамни тез чарчатиб, дамини қайтариб, ҳатто, ҳушдан кеткизиб қўйиши ҳали менга маълум эмасди. Мерган эса, парвойи фалак, яна ашуласини бошлади:

Қатор, қатор нор ҳайдаб,
Қиёларда юрмадим.
Қиёматлик жуфт бўлиб,
Сиз-ман ўйнаб, кулмадим.

— Сен ҳам қўшилсанг, бача.
— Э-э, қўйсанг-чи, оқсоқол! — дедим, бу сафар баттар жаҳлим чиқиб.
— Ана, менинг қизим ҳам кутиб турибди, — деди мерган, менинг сўзимга эътибор бермай.
Ҳақиқатан ҳам қирғоқда бир қиз турарди. Қизнинг нариёғида тўртта ит ва бир эшак ҳам бор эди. Биз минг машаққат билан қирғоққа етганимизда, қиз сим арқонлар боғланган темир устунчалар ёнига келиб, кажавани тутиб, устунчаларга боғлашга киришди.
— Қорасоч, мана бу оғайинг билан танишиб ол, бугун Бишкекдан келди, — деди мерган.
Қиз: — Хуш келибсиз, — деди-да, кейин жимгина отасини тушира бошлади.
Мени қизнинг саломига алик олгани ҳам мажолим келмай, бош ирғаб қўйдим. Қиз буни пайқамади ҳам. Мерган ерга тушгандан сўнг, мен кажавани еча бошладим. Буни кўрган қиз, негадир, отасига савол назари билан қаради.
— Эй, бача, нима қилаяпсан? — деди мерган, таажжуб билан.
— Энди мен қайтиб кетайин, — дедим.
— Э, оғай, қўй. Баҳонада бир келиб қолдинг, меҳмон бўлиб кетасан. Туш кажавадан.
— Раҳмат! — дедим.
— Йўқ, бача, қолмасанг бўлмайди, — деди мерган, энди қатъийроқ оҳангда. — Кетсанг, биринчидан, қизим иккаламиз хафа бўламиз, иккинчидан, кажавамизни нариги қирғоққа боғлаб кетсанг, бизни шу ягона кўпригимиздан маҳрум қиласан.
— Об-бо, бу ёғини худо урган экан-ку, дедим ичимда. Қайси гўрдан бу наҳсга дуч келдим, – деб ранжидим. Аммо, шунчалик ҳориб-чарчаганимдан, турган жойимдаёқ узала тушгим келиб турарди. Боз устига, бу кеча қаерда тунаганимнинг фарқи йўқ-ку, деган хаёлда, тақдирга тан бердим.
Қиз отасини эшакка мингазди. Эшак йўрғасига солиб, манзилига жўнади. Ортимдан тўрт този ва қиз иккимиз эргашдик. Кўп ўтмай мерган яна хиргойисини бошлади:
— Э-э-эй, қатор-қатор нор ҳайдаб…
Уйга етгунимизча қиз иккимиздан ҳам садо чиқмади. Уйга етгач, қиз отасини эшакдан тушириб, учовлон уйга кирдик.
Мерганнинг уйи ҳам, бояги менинг уйимдек бир даҳлиз, бир катта хонадан иборат эди. Хоналарни чироқлар ва деразадан тушган ой нури ёритиб турарди. Даҳлизда идиш-оёқ, сандиқ, қоп, милтиқ, қопқон каби қақир-қуқурлар. Ичкари хонада кўрпа-тўшакдан бошқа ҳеч вақо йўқ.
Қорасоч чаққонлик билан тўрдаги тўшаклар устига тўшак янгилади.
— Қани, оғай, тўрга ўтинг, — деди мезбон. — Қизим, овқатинг пишган бўлса, олиб кел. Бўзангдан борми?
— Бўза бугун ичилгани йўқ, — деб, қиз даҳлизга чиқиб кетди.
— Ичилмаган бўлса, жуда соз, мана энди ичамиз-да, — деди мерган.
Ҳаялламай дастурхон ёзилиб, икки ёғоч косада шўрва, катта мис тоғорода гўшт, яна бир катта ёғоч тоғорада бўза келди. Уйнинг ичини шўрва, гўшт ва бўзанинг ёқимли ҳиди тутиб, шифтдаги новсимон дераза ойналари иссиқ таомлардан чиққан буғдан терлади.
Мерган бир зумда гўштни тақсимлаб юборди.
— Қани, меҳмон, гўштга қара. Кийикнинг гўшти. Қизим, бўзадан қуй.
Қорним тўқ бўлса ҳам кийикнинг гўшти деганидан, ҳазилакам тановул қилмадим. Гўшт жонивор жуда ҳам лаззатли экан. Бўзани ҳам икковлон роса олдик. Хуллас, бинойидек маст бўлиб қолдим. Энди Помир кўзимга ўзгача қиёфада кўриниб, овлоқдаги хилват уйда, мерган ва унинг қизи билан ҳамхона бўлиб, тансиқ гўштга тўйиб, бўза кайфини суриб ўтирганимдан, ўзимни арши аълода ҳис қила бошладим. Мерганнинг ўзи ҳам, унинг лўппи юзли, ювош, мўмин қизи ҳам ёқиб қолди.
— Айтмоқчи, ўзинг асли қаердансан? – деб, сўраб қолди мезбон.
— Новқатданман.
— Вох-хо! — деб хитоб қилди мерган. — Сен менга тоға бўлар экансан-ку! Раҳматли онам новқатлик бўламан дерди. Қарасанг, томиримиз бир экан-да. Қани, бача, гўштдан олавер. Қизим, тоғангга бўзадан қуй. Новқатда ҳам бўза солишадими, тоға?
— Солишади.
— Овчилик ҳам қилиб туришадими?
— Ҳа.
— Ўзинг ҳеч овчилик қилганмисан?
Болалигимда тенгқурларим билан ит эргаштириб, таёқ билан анча-мунча каклик, чил, қуён овлаган пайтларимиз бўлган. Бироқ, ҳозир бундай катта овчининг олдида унақанги бачки нарсаларни айтгани уялиб:
— Йўқ, — деб қўя қолдим. — Лекин, овчиликка иштиёқим зўр.
— Унда мен сени овчи қиламан, — деди мерган. — Мана кўрасан. Кийик, айиқ, ҳатто, йўлбарс оттираман. Беш кунлик умрда тоға-жиян бир мириқайлик…
Мен жилмайиб қўйдим. Мерганнинг ваъдалари мени ҳам жунбушга келтира бошлади.
— Унда қачон чиқамиз, овга? — деб юбордим.
— Хоҳласанг, эртагаёқ, — деди мерган. — Эрта тонгда, кийиклар ўтлагани тушганда, таппа босамиз. Қизим, биз илк саҳар, юлдузлар ботмасидан овга жўнаймиз. Керакли нарсаларнинг барини тахт қилиб қўйгин. Эшакка емдан кўпроқ бер. Итларга овқат берма — қантариш керак. Тўқ бўлса, эртага овга ярамайди. Сенга бир ажойиб томоша кўрсатайин, тоға! Бўзадан қуй, қизим.
— Энди сиз қуйиб туринг, ота, мен қозон-товоғимни ювиб олай, — деб қизи бўзали тоғорани отасига жилдирди.
— Майли, қизим, майли, бориб ишингни қилавер, — деди мерган. Қорасоч бўшаган идишларни олиб, даҳлизга чиқиб кетди.
— Қизим, эсли бўлди, — деди мерган. — раҳматли онасига тортган. Худо хоҳласа, бирорта амалдорга узатсам деган орзуйим бор. Чўпон-чўлиққа тегса, хор бўлади, ёлғизим… Сен уйланганмисан?
Мен бош чайқаб, йўқ ишорасини қилдим.
Мерган яна қадрдон хиргойисини эслаб қолди:

— Э-э-эй, қатор-қатор нор ҳайдаб,
Қиёларда юрмадим…
— Э-э-эй! —

бу гал мен ҳам унга жўр бўлдим…
Қачон ётганимизни билмайман. Эртасига кўзимни очсам, шифтдаги деразадан тушиб турган қуёш нуридан хона ичи чароғон эди. Ёнимда баралла ҳуррак отиб мерган ётибди. Унинг бош ёғида, деворда милтиқ, ўқдон, дурбин осиғлиқ турарди. Мерганнинг тунги ваъдасини эслаб, ов барбод бўлганини тушундим.
Ов масаласи кейин ҳам кўп марта такрорланди. Мерган мени тез-тез уйига таклиф қилиб: «Тоға, кечқурун бизникига келиб ётасан, эртага азонлаб овга жўнаймиз. Айтмоқчи, ҳалигидан бирорта ола келгин, бўзага қўшиб, эрмак қилиб ўтирамиз», дейди. Мен «ҳалигисидан» биттани олиб уйига бораман. Кейин алламаҳалгача шакаргуфторлик қилиб ўтирамиз. Бечора Қорасоч ҳар гал ов анжомларимизни тахт қилиб, эшакни емлаб, итларни қантариб, тайёрлаб қўяди. Лекин, эртаси уйғонсак, яна чошгоҳ бўлиб қолган бўлади…
Ҳайтовур, бир гал овга бориш насиб этди. Ўша куни ҳаво айниб, қор шунчаки элаб турарди. Биз эндигина тонг ёришаётганда ўрнимиздан туриб, апил-тапил бир косадан бўзани симириб, йўлга отландик. Мерган менинг бир қўлимга ҳалачўп бериб, бир қўлимга бешта итнинг етовини тутқизиб, ўзи ялпайиб эшагига миниб олди. Агар, овга бўлган иштиёқ шунчалик жигаримдан урмаганида, бу хўрликка чидамаган бўлардим.
Помирда кийик овлаш учун узоққа бориб ўтирмайсиз. Икки бурилишдан ўтиб, бир кенг жилғага етганимизда, мерган эшагини тўхтатиб, дурбинни ишга солди. Буни кўриб, етовимдаги итлар ҳам безовталаниб, қулоқларини диккайтириб, эгасининг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузата бошлашди. Қари, бўз эшак эса ўз ҳолича, мудраганнамо катта шувоқнинг тагини ҳўллай бошлади.
— Ўн чоғли така юрибди, — деди мерган кутилмаганда.
— Қани? — деб мерганнинг қўлидан дурбинни юлиб олдим.
Қарасам, ростдан ҳам, новвосдай-новвосдай келадиган ўнта така бамайлихотир ўтлаб юрибди. Мени ҳаяжон босди.
— Энди нима қилишимиз керак? — дедим, кўзимни дурбиндан олмай.
Мерган менинг саволимга жавоб бермасдан, эшагидан тушиб, итларини еча бошлади. Итлар ҳали такаларни кўрмаган бўлса-да, бўлажак овнинг завқини туюшиб, бири олиб-бири қўйиб ғинғишлашиб, кўзлари олма-кесак териб, чор тарафга аланглашарди. Мерган ҳаммасини ечиб бўлиб, керакли томонни қўли билан кўрсатиб қўйди. Итлар елиб кетишди. Аммо, узоққа бормай, кескин бурилишиб, такалар қолиб, тамоман тескари томонга чопиб кетишди.
— Итларингиз жинни бўлганми? — дедим мен, ҳафсалам пир бўлиб.
— Улар такаларни кўришди, — деди мерган. — Айланиб бориб, орқасидан чиқишади.
— Унда биз нима қилиб турибмиз, бу ерда? Биз ҳам ортидан бормаймизми?
— Бизнинг у ёқда керагимиз йўқ. Итлар ўзлари ҳайдаб келишиб, ҳув анаву қояга қамаб беришади. Ундан кўра устингдаги тўнингни ечиб, енгилланиб тур.
Мен мерганнинг айтганини қилдим. Бу орада итлар овози эшитилиб қолди. Қарасам, тўрт ит бир таканинг ортидан қувлаб, бояги мерган кўрсатган қояга чиқиб боришарди. Така итлардан юз метрча олдинда, бечоранинг жони кўзига кўриниб, бор куч-қувватини, чопқирлигини ишга солганди. У итларга нисбатан анча чопқир, боз устига, қояга етганда унинг устунлиги янада орта бошлади. Шу зайилда қочаверса, қутулиб кетарди. Лекин, така бу имкониятдан фойдаланиш ўрнига, таъқибчиларнинг ваҳимали вовиллашидан қўрқиб, кескин бурилиб, девордек силлиқ юза бўйлаб, қоянинг ўртасигача қиялаб чопиб борди-да, кафтдеккина ерда ҳансираб туриб қолди. Шубҳасиз, у тин олган ерга ит зоти чиқа олмасди. Мерганнинг итлари ҳам, у ерга интилиш ўрнига, қояни қуршаб олди. Уларга шугина керак эди. Бечора така энди қутулдим, деб ўйлагандир, балки. Итларнинг ортидан милтиқли одам келишини у қаёқдан билсин.
— Мана, энди жўна, — деди мерган. — Нақ бошига отгин!
Мен қояни кўзлаб югурдим. Бироқ Помирда узоққа югура олмаймиз. Тутак дегани бор, оёғингизга кишан уради-қўяди. Бу ерда ўру қирга оҳиста юриб, бурнингиз қонамай чиқиб борсангиз, ўпка, юрагим соғлом экан деб, фахрлансангиз арзийди.
Мен қояга элтувчи қирнинг қулайроқ, такага кўринмайдиган томони билан юриб, ярим соат деганда, қоянинг бир томонини тўсиб турган итнинг ёнига етдим. Ит билан кийикнинг оралиғи эллик метрча келарди. Шу ердан туриб отишга қарор қилдим. Катта тошнинг биқинини паналаб, милтиқни ўқладим. Милтиқ помирликлар тили билан айтганда — «пирсилдоқ» деган туридан эди. Тўлубой мерганнинг айтишича, бунинг ўқи кийикка текканда «тўп» деган, тегмаганда «чақ» деган товуш чиқар эмиш. Отиб кўрайлик-чи…
Милтиқнинг масофа ўлчагичини етмиш беш метрга қўйиб, мўлжалга ола бошладим. Лекин, ҳаллослаб келганимдан, ўпкамни боса олмай, қўлларим қалтираб, милтиқнинг мўлжалчўпи бир жойда турмасди. Бошимни кўтариб, бир-икки дақиқа кийикни томоша қилиб туриб қолдим. Кийик ниҳоятда катта, чиройли эди. Уюридан ажралган бечора, бетиним ҳуриб турган итларнинг қуршовида қўрқиб, қалтираб, ўта аянчли аҳволдайди.
Мен тепкини босиб юбордим. «Тўп» деган акс-садо эшитилди, тегди чамаси. Лекин, така қочиш тугул, ўрнидан ҳам жилмади. Фақат, улкан гавдаси бир силкиниб, оҳиста бурилиб, менга орқасини ўгириб олди. Мен шоша-пиша иккинчи ўқни уздим. Яна бояги «тўп» деган товуш эшитилди. Така яна қочиш ўрнига, бир айланиб, мен томонга қараб олди. Яна отдим. Бу гал ёввойи така аввалгидек бурилмасдан, оғир гавдаси билан қулочдек келадиган шохларини қояга тираб туриб қолди. Шунда мен унинг бу фожиали аҳволини кўриб, ич-ичимдан зил кетдим. Ишонсангиз, кийикдан уялдим. Қочиб бораётганда отиб олсам ҳам, бир нави эди. Аксинча, ўзимдан эллик одим нарига михлаб қўйиб, гўё жонсиз нишонга отгандек ўқ ёғдиришим инсофдан эмасди. Мен такани, чорасиз таслим бўлган паҳлавонга, ўзимни эса, уни ҳаётдан маҳрум этган бағри тош, қўрқоқ қотилга ўхшатдим. Ўзимни бундай нохуш ҳиссиётлардан, кийикни эса, оғир азоб-уқубатдан халос этиш учун апил-тапил яна ўқ уздим. Таканинг гавдаси чийралиб, яна айланмоқчи бўлди-ю, лекин, айлана олмасдан, баланд зовдан пастга қараб учиб кетди. Кийик хийла ергача ҳаволаниб бориб, қоянинг этагидаги оппоқ, майда ялангликка тушди. Майда тошлардан кўчки ҳосил бўлиб, кийикнинг сулайган жонсиз (эҳтимол, ҳали жони бордир?) танасини тўппа-тўғри Тўлибой мерган томонга суриб кетди.
Мен шошмай тепадан тушиб келгунимча, мерган кийикни бўғизлаб, ичак-чавоғини итларига хомталаш қилиб берганди.
— Келишган такани отибсан, бача, — терисини Мамитга берамиз, музейга тулум қилиб олсин.
— У қанақа музей?
— Сен ҳали унинг музейини кўрганинг йўқми? Ўқувчиларига қойилмақом музей ясаб берган. Мен унга кўмаклашиб тураман. Музейдаги тулум қилинган жониворларнинг барини мен отиб берганман.
— Шундай денг…
Биз кийикни эшакка ёппа ташлаб, йўлга равона бўлдик. Ушбу ов менинг руҳиятимни қарама-қарши ҳислар гирдобига ғарқ қилганди…

* * *

Эртаси куни мактабда биринчи қўнғироқ чалинди. Мен бир журнални қўлтиғимга қисиб, ўқитувчилар билан хонадан чиқиб, йўлакнинг охиридаги «VIII-синф» деган ёзуви бор эшик томон юрдим. Бу менинг синфим эди. Ўқувчиларим билан танишадиган кун — биринчи дарсимга энг яхши костюмимни кийиб, энг яхши бўйинбоғимни тақиб, кўкрагимга университетнинг кўкрак нишонини қадаб келгандим. Шунинг учун одатдаги уст-бошлари билан келган маҳаллий ўқитувчиларнинг олдида, мен худди, эстрада саҳнасидаги олифта хонанданинг ўзи бўлиб қолгандим. Бу қусурим учун анча вақтга қадар уялиб юрдим. Йўлакнинг охиригача Роқия билан бирга бордим. Унинг синфи меники билан ёнма-ён эди.
— Биринчи дарсингизга омад, — деди у жилмайиб, ўз синфига кираётиб.
Унинг бу самимияти бироз эриш туюлса-да:
— Раҳмат! — деб, бўйинбоғимни тўғрилаб эшикни очдим.
Синф хонаси каттагина эди. Бироқ, хонада саккизта парта бўлиб, ҳар бир партада биттадан ўқувчи ўтирарди. Ўқувчилар ўзаро қизғин суҳбатга берилишиб, кулиб-яйраб ўтиришган паллада мени кўришиб, ҳаммаси ўринларидан туришди.
— Салом, болалар! — дедим, мен уларга.
— Салом, оғай! — дейишди улар бир овоздан.
Шу аснода охирги партадаги ўқувчи рухсатсиз жойига ўтириб олган экан, менинг нигоҳимни кўриб, дарров ўрнидан тура қолди. Бу ўқувчининг ёши синфдагилардан каттароқ бўлиб, ўн саккизлар чамасида, савлати меникидан кам эмас. Унинг бу синфда ўтириши менга ғалати туюлди.
— Ўтиринглар, болалар! — деб, ўзим ҳам ўтирдим. — Бугунги дарсимиз танишув дарси бўла қолсин. Менинг исмим — Охун, фамилиям — Матқолиқов. Мен сизларнинг синф раҳбарингиз, шунингдек, қирғиз тили ва адабиётидан муаллимингиз бўламан. Энди, мен ҳам сизларнинг исм-фамилияларингизни билиб олсам. — Мен журнални очиб, рўйхатни батартиб ўқий бошладим:
— Туротов Тошбой ким?
— Мен, оғай, — деб товоқбет, олакўз бола ўрнидан турди.
— Ўтир. Тўқтўбоев Содиқ?
— Мен! — қичқирди биринчи партада ўтирган тўрғайдеккина болакай.
— Ботирова Сора?
Синфдаги уч қиздан бири жимгина ўрнидан турди.
— Дўўлўтова Унсун?
Иккинчи қиз ҳам индамай ўрнидан турди.
— Тўйчиев Пайиз?
Охирги партадаги катта бола ўрнидан туриб: — Мен, — деди бесўнақай овозда.
— Ёшинг қанчада? — деб сўрадим ундан.
— Ўн саккизда, — деди бола хижолат бўлиб.
— Нега шу ёшингда саккизинчи синфда ўтирибсан?
Пайиз индамади.
— Оғай, бу бола ҳар бир синфда икки йил ўқишни яхши кўради, — деди унинг ўрнига Содиқ.
Ўқувчилар кулиб юборишди. Пайиз Содиққа бир ёвқараш қилиб қўйди.
— Ўтир, — дедим мен уни хижолатдан чиқариб. — Мамитова Адолат?
Синфдаги учинчи қиз ўрнидан турди…
— Эсенов Эрмек?
Бу уккикўз, бурни ўроқдай болани, кейин билсам, онаси бадахшонлик тожиклардан экан.
Мен журнални ёпдим.
— Мана, биз танишиб ҳам олдик, — дедим, ўрнимдан туриб.
— Энди сизлар таътилни қандай ўтказганингизни билмоқчиман.
— Таътилимиз яхши ўтди, оғай, — деди бир неча бола бараварига.
— Ҳеч қандай яхши-пахши ўтгани йўқ! — деб, Содиқ уларникини рад этди. — Оғай, биз таътил қандай ўтганини сезмай ҳам қолдик. Ҳаммамиз хўжаликда ишладик. Қизлар қўтос соғишди, болалар пичан ўришди, жун қирқишди. Бунинг нимаси таътил?
— Ҳой, ношукур, — деди Адолат. — Сенингча, таътилда биз нима қилишимиз керак?
— Дам олиб, ўйнаб-кулишимиз керак, — деди Содиқ, сўзини маъқуллаб. — Мисол учун шаҳарлик ўқувчиларни олиб кўрайлик, таътилни қандай ўтказишаркин? Уларга ҳамма нарса муҳайё — махсус лагерлар ташкил этилган. Тўғрими, оғай?
Мен боланинг саволига жавоб бермасдан, дераза ёнига бордим. У ердан идора, мактаб, магазин, клуб — бу иморатларнинг қуршовидаги катта майдон кафтдагидек кўриниб турарди. Майдоннинг ўртасида тупроққа беланиб, офтобқоқи бўлиб, тўқими билан ҳўв ўша қўтос ётибди. Шу пайт, кутилмаганда, магазиннинг ёнидан бир янги қора «Волга» елиб чиқди-да, негадир, майдонда бир доира ясаб, қўтоснинг олдига бориб тўхтади. Машинадан эса, менинг депутатим тушиб, қўтоснинг манглайини силаб-сийпаб қўйиб, шахдам юриб магазинга кириб кетди. Лекин магазинда узоқ турмай қайтиб чиқиб, мактаб томон кела бошлади.
— Ҳой, қаранглар, Маман аканинг «Волга»си келибди! — деб қичқирди бир бола.
Шу заҳотиёқ ёппасига деразага келиб «Волга»ни томоша қилиб қолишди.
— Қани, жой-жойларингга ўтиринглар! — дедим мен. — «Волга» кўрмаганмисизлар?!
Болалар негадир, менинг сўзларимга ҳайрон бўлишгандай, бир-бирига қарашди. Шу пайт, кутилмаганда қўнғироқ чалиниб қолди. Мен ҳайрон бўлиб, соатимга қарасам, дарс тугашига ҳали йигирма минут бор экан. Болалар бирданига, менинг рухсатимни ҳам кутишмай, эшикка ёпирилишди.
— Қаёққа! Қаёққа?! Жойларингга ўтиринглар! — деб қичқирдим жаҳлим чиқиб.
Аммо, ўқувчиларнинг бирортаси ҳам қулоқ солишмади. Синфда ёлғиз ўзим қолдим. Ўқувчиларимнинг ўзбошимчалигидан, бемаврид қўнғироқ чалган кимсадан дарғазаб бўлиб, ўқитувчилар хонасига жўнадим. Йўлакка чиқсам, мактабдаги жамики ўқувчилар тўс-тўполон билан ташқарига чиқиб кетишаётган экан. Хонага етмасимдан, бир тўда ўқитувчилар қуршовида келаётган депутат мени кўриб:
— Охун! — деб, қувончли хитоб билан келиб, мени бағрига босди. — Раҳмат! Келганинг яхши бўпти. Қалай, қишлоғимиз ёқдими?
— Шошмай тур, пича вақт ўтсин, кейин айтарман, — дедим. Сўнгра мудирга мурожаат қилдим. — Қўнғироқ нега бунча эрта чалинди?
У ўз навбатида истиҳола билан депутатга қаради.
— Қўнғироқни мен чалдирдим, — деди депутат.
— Сен? Нима учун?
— Болалар «Волга»ни бир томоша қилиб олишсин. Ҳозир уни туманга қайтариб юбораман.
Мен ҳеч нарсага тушунмадим.
— Бу нимаси? Болалар ҳеч «Волга» кўришмаганми?
— Кўришган. Икки мартагина. Иккаласида ҳам мен ўзим ҳайдаб келганман. — Депутат мени қўлтиқлаб, майдонга олиб чиқди. Болалар қуршовида «Волга» кўринмас эди. — Бизнинг туманда бача, шу биргина «Волга» бор. Бу асли ҳокимга тегишли бўлиб, у вилоят марказига — Хорогга боргандагина минади. Хўжаликларнинг йўллари ёмон, ички эҳтиёжларига эски «Виллис»ини ишлатади.
— Нега, энди сенга машинасини бериб қўйди?
— Менгами? Ахир мен депутатман-ку…
Ҳамқишлоқ муаллимларга юзланиб: — Менга бермай кўрсин-чи? — деди.
Мен кулиб юбордим. Ҳаммамиз машина ёнига бордик.
— Қани, томоша тугадими? — деб сўради депутат болалардан.
— Яна озгина қўятуринг, Маман ака, — дейишди болалар.
— Туман марказига юз километр масофа, шофёр ҳам эртароқ етиб олсин. Қани, йўл беринглар.
Маман машинадан жомадонини олиб, Пайизга узатиб: — Қўтоснинг қанжиғасига боғла, — деди. Сўнгра мўйловли шофёрга, Энди сен кетавер, Усенбой, деб буюрди.
Усенбой машинага ўтириб, чанг тўзғитганча елиб кетди.
— Яна бир оз қўятурганингизда, — деди Содиқ ўкинч билан.
— Хафа бўлма, бача, — деди депутат унга. — Маман аканг омон бўлса, бу машинани кўп марта кўрасан. Энди қоронғуга қолмай, мен ҳам йўлга тушай, бундан нариёғига ҳам бир кунлик йўл.
— Ундай бўлса, бояги «Волга» билан етиб олсанг бўлмасмиди? — сўрадим мен.
— Э-э, бача, мен борадиган ерга «Волга» эмас, танкинг ҳам бора олмайди, — деди Маман. — Пайиз, менинг қўтосимни келтир. Пайиз бир ёнбошига жомадон боғланган қўтосни келтирди. Маман қўтосга миниб:
— Яхши қолинглар, — деди.
— Яхши боринг! — дейишди болалар.
— Уйингга омон-эсон етиб ол! — оқ йўл тилашди катталар.
— Хайр энди, Охун, — деди Маман.
— Хайр, — дедим мен ҳам бош ирғаб.
— Тошмат ака! Мамит ака! — хитоб қилди депутат, директор билан мудирга қараб. — Охунни хафа қила кўрманглар!
— Ўлибмизми, хафа қилиб! — деди директор. — Нима деса, биз тайёр. Жамики қирғиз тили ва адабиёти дарсини бердик. Оз деса, яна берамиз. Бизда чет тили муаллими йўқ, ашула дарси ҳам эгасиз ётибди. Хоҳласа, уларниям олсин.
— Уларниям беринглар, — деди Маман.
Мен кулиб юбордим.
— Раҳмат, шундоғам керагидан ортиқча, – дедим.
— Ўзинг биласан, — деди депутат. — Иш қилиб, биздан хафа бўлмасанг бўлди. Хўп, энди мен борай. Қани, Пайиз, тизгинни бер. Айтмоқчи, Охун, Пайиз менинг жияним бўлади. Яхшилаб ўқитавер. Эплаб, бу йил саккизни битириб олса, Душанбега олиб бориб мол дўхтирлиги ўқишига киргизиб қўяман. Ўқиб, одам бўлсин. Чу, жонивор…
Маман қўтоснинг биқинига ниқтаб, лўкиллатганича йўлга равона бўлди. Шу заҳоти, қўнғироқ чалиниб, ўқитувчилару ўқувчилар мактабга ошиқди.
Шу аснода: — Э-э-эй, тоға! — деган овоз қулоғимга чалинди.
Қарасам, Тўлубой мерган. Қизи иккаласи магазиндан чиқиб келишаётган экан. Мерган сарҳушроқ, қизи етаклаб олибди. Қизнинг қўлтиғида бўғчаси ҳам бор.
— Ассалому алайкум, — мерганга салом бердим. — Ҳорма, Қорасоч.
— Бор бўлинг.
— Тоға, сен бугун кечқурун бизникига бориб ёт, — деди мерган. — Эртага овга борамиз.
— Раҳмат, эртага дарсларим бор, бора олмайман.
— Унда дарсинг йўқ куни бор. Майлими?
— Майли.
— Мана кўрасан, мен сени мерган қиламан. Кийик отасан, айиқ отасан, йўлбарс отасан…
Қорасоч менга қараб жилмайиб қўйди.
Унинг нега жилмайганини англаб етмасам ҳам, мен ҳам жилмайиб қўйдим. Лекин, қизнинг нигоҳи бошқа томонда эканлигини кўриб, ортимга қарасам, ўқувчилардан ортда қолган Пайизни кўрдим. У қизга қўллари билан дудуқларча нималарнидир ишора қиларди. Қорасочнинг кимга жилмайганини энди тушундим. Бу ўсалликнинг аламини Пайиздан олдим:
— Сен нима қилиб турибсан, бу ерда?! — деб жеркидим уни. — Ё қўнғироқни уққанинг йўқми?
Пайиз шошиб жўнаб қолди. Мерган эски ашуласини хиргойи қилиб йўлга тушди:
— Э-э-эй, қатор-қатор нор ҳайдаб…

* * *

Дам олиш куни бекор ўтирмайин деб, уйимни оқлай бошладим. Уйим қишлоқдаги аксарият уйлар сингари, бирор марта ҳам оҳак кўрмаган. Шунинг учун, оҳак дурустроқ ёпишмасди. Шундай бўлса ҳам, бир нави деб, оҳаклай бердим.
Бир маҳал уйга ёши элликлардан ошган, ўрта бўйли, тўладан келган, оғир карвон бир киши кириб келди.
— Ассалому алайкум, оғай, — деди у, қўл узатиб. — Келганингизни эшитганимга анча бўлса-да, бир келиб танишиб кетишга имкон топмадим. Мен шу хўжаликнинг раисиман. Исмим Жақип.
— Яхши, раҳмат, — дедим мен. — Менинг исмим Охун.
— Савоб иш қилибсиз. Шунча узоқ жойдан келиб, болаларимизни ўқитаётганингиз учун раҳмат. Биз томонларга сиздақанги ўқимишли ёшлар кам келишади, ўзимизда эса кадрлар етишмайди. Келганингиз учун миннатдормиз.
Бу мақтовларга лойиқ бирор сўз дейишга тилим айланмади.
— Уй оқлаяпсиз экан-да. Бунингиз ҳам биз учун янгилик. Майли, сиз оқлай беринг-чи, агар, яхши чиқса, бизга ҳам ўрнак бўлса ажаб эмас, — деди раис кулиб. Унга қўшилиб мен ҳам кулдим. — Ўрда*** отиб ўрганганмисиз, оғай? — деб сўраб қолди раис, қўлидаги ошиқни кафтида айлантириб.
— Йўқ, ўрганмаганман, — дедим, ажабланиб.
— Ўрганмаган бўлсангиз, ўргатамиз. Юринг, бирпас эрмак қиламиз.
— Раҳмат, бошқа куни ўйнармиз. Бугун уйимни оқлаб олай.
— Ҳа, майли. Унда ўзимиз ўйнаймиз.
Раис чиқиб кетди. Мен ортидан кулиб қолавердим.
Кейин билсам, ўрда — бу қишлоқнинг ягона эрмаги экан. Турли маросим ва байрамларда соврин тикилиб, кўпкари уюштиришар эканлар. Лекин, бундай имконият ҳамиша ҳам бўлавермайди. Бироқ, асосан помирлик қирғизларнинг жонига оро бўладиган биргина нарса шу ўрда отиш ўйини экан. Қишлоқ аҳлининг қўли меҳнатдан озгина бўшади дегунча, эркаклар иккига бўлиниб, ўрдани бошлашади. Аксарият деҳқон билан ўқитувчилар бир-бирига рақиб бўладилар. Одатда, довга бир қўй тикилади. Ўйин бошидаёқ, қўй бечоранинг боши олиниб, гўшти бир хонадоннинг қозонида қайнай бошлайди. Яна аллақанча шиша ичимлигиям бўлади. Ўйин тугагандан сўнг, ўрда отувчиларнинг бари ўша уйга боришиб, мириқиб кайфи-сафо қилишади-да, чиқимнинг ҳаражати ўйинни бой берган томоннинг гарданига тушади.
Раис Жақип ўрданинг мутаассиб ишқибози экан. У, хўжаликнинг ташвишлари билан бўлиб, кунлар, ҳафталар давомида қишлоқда бўлмайди-да, келиши билан дарҳол ўрданинг пайига тушади. Остона ҳатлар-ҳатламас, биринчи синфда ўқийдиган ўғлига: «Абдусамад, бор, оғайларингга айт, ўрда отамиз», — дейди.
Хиёл ўтмай, магазин қаршисидаги майдонга ўқитувчилар бирин-сирин кела бошлашади. Уларни кўриб, идорадан қишлоқ фаоллари чиқишади. Магазинчи Турат вазифасини менинг синфимда ўқийдиган ўғли Тошбойга юклайди. Кимдир, биров, дўнгликка чиқиб, ҳовлисида ғимирлаб юрган Тўлубой мерганга имо-ишора қилади… Зарурият билан узоқ-яқиндан келган чўпон-чўлиқлар бўлса, улар ҳам шу ерда ҳозир. Томошабинларни қўяверасиз. Кўп ўтмай бир халта ошиғини кўтариб раис келадию, ўйин бошланиб кетади.
Баъзан тап босди учун раисга бирорта ҳам хариф топилмай қолади. Муаллимларнинг дарси бор, қишлоқ фаолларининг ҳам вақти зиқ, магазинчи Турат савдонинг сустлигидан шикоят қилади; мерган тоққа чиқиб кетган бўлади. Қисқаси, раиснинг бозори касод. Бунақанги пайтларда, раис халтасини қўлтиқлаб идора, магазин ва мактаб ўртасида танда қўя-қўя, тақдирга тан бериб, уйига равона бўлади.
Бир гал шунақанги вазиятда ўқувчим Пайизни чақириб олиб, кечгача у билан ўрда отишган. Лекин, Пайиз ўрда отолмасди. Раис уни юта-юта, ҳафсаласи пир бўлиб, болани сўкиб-сўкиб, ҳайдаб юборган. Яна бир куни ҳатто Пайизни ҳам топа олмай, атрофни туман босиб, қор элаб турса ҳам, қош қорайиб, ошиқлар кўринмай қолгунча, ўзи билан ўзи ўйнаб, ниҳоят, майдонни тарк этган. Мана шундай фидойи ишқибоз бу раиси тушмагур.
Мен хоналарнинг ичини оқлаб бўлиб, сиртга чиқдим. Офтобли кун эди. Мактаб биносининг орқа томонидаги ялангликда болалар тўп ўйнашмоқда. Одатдаги майдонда эса, ўрдачиларнинг шовқин-сурони авжида. Деворга суяниб ўлтириб, уларни пича томоша қилдим-да, ишимни давом эттирдим. Даставвал, тиккасига чизиқ тортиб, узун девордан ўз уйимнинг чегарасини белгилаб олдим. Кейин челакни курси устига қўйиб олиб, бафуржа оҳаклай бошладим. Лекин, кўп ўтмай, суви қочиб, оҳагим деворга юқмай қолди. Битта бўш челак топиб, сувга жўнадим.
Дарёга тик қирғоқдаги қиялама, сўқмоқ орқали тушилади. Арава йўли ҳам бор, лекин, униси айланиш — узоқлик қилади. Сувни обкаш, от-улов билан, ҳаммомга ўт ёқилган кунлари арава билан ташилади.
Қияликка етганимда, обкашда сув кўтариб келаётган Роқияга дуч келдим.
— Яхшимисиз, Роқия? — деб, унга йўл бўшатдим.
Роқия алик олгач:
— Бу дейман Охун, биратўла помирлик бўлиш ниятингиз бор чамаси? — деди.
— Анави «оғилхонангизни» оқлаётганингизга айтаман-да.
— Энди… Беш кун бўлса ҳам, «оғилхонадан» фарқланиб турсин-да.
Роқия кулимсираб, боши билан «маъқул!» ишорасини қилиб ўтиб кетди.
Соҳилга, тушганимда бир гала ёввойи ўрдак мендан ҳуркиб, ҳавога кўтарилди. Буларни кўриб, дарёнинг ўртасидаги оролчадан, икки соҳилдаги баланд жарларнинг тубидан, нарироқдаги манзил ортидан, ўнлаб, юзлаб ғоз ва ўрдаклар кўкка ўрлади. Осмонни тутган «ғат-ғут»лардан дарёнинг шовқини ҳам эшитилмай қолди. Мен уларнинг шовқин-суронию парвозига маҳлиё бўлиб, кўпга қадар туриб қолдим. Тўлубой мерганнинг айтишича, булар меҳмон қушлар бўлиб, иссиқ ўлкаларга кетиш мавсуми бошланиб қолганди. Уларнинг ўтиш даври яна бирор ой давом этиб, кейин, келгуси йилнинг илк баҳорида қайтиб келишаркан. «Шу қушларнинг ичида битта оқ ғоз бор, ўша ғоз биринчи бўлиб қайтиб келиши билан, Помир заминида баҳор бошланади», деган эди Тўлубой. Мерган шундай дегандан буён, мен бу илвосинлар галасидан ўша оқ ғозни кўп изладим…
Ниҳоят, қушлар олислаб кетишди. Мен дарё лабига келдим. Дарвоқе, бу дарёнинг номи ҳам, туманнинг номидек Мурғоб деб аталади. Аниқроғи — туманнинг номи дарёдан олинган. «Мурғоб» тожикчасига «мурғ — ўрдак», «об-сув» яъни — ўрдаклисой дегани экан.
Челагимни эндигина сувга ботирганимда, фақат шунақанги покиза сувлардагина яшайдиган, мудраб ётган бир гала гулмоҳи балиғи тирақайлаб қочишди. Бу ерларнинг балиғи жуда ювош табиатли. Ёш болалар тўғнағичдан қўлбола қармоқ ясаб, ноннинг куйигини ҳўрак қилиб овлашар экан. Агар, Тўлубой мерганнинг гаплари рост бўлса, сувга келган қиз-жувонлар ҳам балиқларни чўмич билан қирғоққа ирғитиб олар эмиш. Бунинг сабаби — балиқларнинг камдан-кам безовта қилинишидадир. Помирлик қирғизлар балиқ гўштини гўшт ўрнида кўришмайди. Мени балиқ овига кетаётганимни кўришганда, ажабланиб қараб қолишарди. Бирортасига ўлжамдан кўз ҳақи берсам, «қўй-чи, бача, бунингни ким тозалайди?» деб, олишмайди. Албатта, бундай ернинг балиғи баёв бўлади-да!
Сувни олиб, ўрнимдан турганимда, нариги қирғоқда кетаётган қиз билан йигитга кўзим тушиб қолди. Қўлтиқларида бир тутамдангина қуврайи бор. Иккови бир-бирига, эркаланишиб, бот-бот ўпишиб кетишмоқда. Синчиклаб қарасам, қиз мерганнинг қизи, йигит эса, менинг Пайизим экан…
Ҳайрат билан: — Қойил-э-э, — дедим-у, мабода, мени кўриб қолишса, ҳижолат бўлишмасин деб, бурилиб кетдим.
Пешингача ишимни битириб, куннинг қолган қисмини ўз ўқувчиларим билан ўтказдим. Ўқитувчилар галма-гал интернатда навбатчи бўлиб туришади. Яъни — интернат болаларининг овқати, ўзлаштиришию ётиб туришигача мутасаддилик қилишади. Бугун менинг навбатим эди. Уйимни оқлаб, ошхонага келсам, ошпаз аёл кечки овқат пиширишга ўтин йўқ деб қолди. Мен дарҳол болаларга бирдан қоп олдириб, қишлоқнинг у ёқ-бу ёғидан тезак тердира бошладим. Тезак териш асносида, тўсатдан Унсин:
— Қаранглар! Охун оғайнинг уйи оқ паравозга ўхшаб қолибди! — деб қийқирди, болаларча қувноқлик билан.
Биз дўнгликда бўлганимиз учун қишлоқнинг уйлари пастликда ястаниб ётарди. Қарасам, менинг оқланган уйим, дарҳақиқат ўзининг ранги билан ёндош уйлардан фарқли ўлароқ, бир неча кўрксиз, ғарибона вагонларни шатакка олган паравозга ўхшаб қолибди.
— Ҳа-ҳа! Худди ўзи! — деб чувиллашди болалар.
Фақат Содиққина афтини буриштириб, Унсинга:
— Ҳой, довдир, паровоз ҳам оқ бўлар эканми? — деди.
— Ўзинг довдирсан, мен мисол учун айтаябман! — деди Унсин жаҳли чиқиб.
— Ростдан ҳам қандай чиройли паравоз, — деди Сора, уларнинг баҳсига эътибор бермай.
Сорани бошқалар ҳам қувватлашди.
— Қизиқ, қаёққа кетяпти, бу паравоз?
— Ҳеч қаёққа кетаётгани йўқ, вокзалда турибди.
— Йўқ, қаёққадир кетаяпти.
— Ҳамманг жиннисан! — деди Содиқ норози оҳангда.
Болалар ўз хаёлий тасаввурлари завқига ботиб, мириқиб кулишарди.
— Тўхтанглар! — деди Адолат, — ростдан ҳам Охун оғайнинг уйи паравозга айланиб бериги уйлар тиркалган вагонлар бўлиб қолса, биз нима қилар эдик?
Энди Содиқ ҳам қўшилди уларга:
— Унда мен унга тушиб олиб, кетиб қолардим.
— Қаёққа? — деб сўрашди болалар.
— Қаёққалигининг фарқи йўқ. Мактаби йўқ ер бўлса, бўлгани…
— Жиннисан, — деди Сора унга.
— Мен, — деб қолди Эрмек. — Африкага борардим.
— Охо-хо-о! — дейишди болалар баравар.
Биттаси ҳуштак ҳам чалиб юборди.
— Африкада асло қиш бўлмайди, — деб давом этди Эрмек, уларнинг масхаралашига парво қилмай. — Одамлар дойим яланғоч юришади.
Болалар яна кулишди.
— Қасамхўр! — деди Унсин. — Йўқ, деганда турси кийиб юришади десанг!
— Қандай фарқи бор? — деди Эрмек.
— Мен эса мева-чевалари кўп томонларга кетардим, — деди Тошбой.
— Мечкай! — деди ҳамма бир овоздан.
— Сен-чи, сен қаёққа борар эдинг? — деб сўради Адолат, дугонаси Унсиндан.
— Менми? Мен… Мен… Э, барибир ойим мени ҳеч қаёққа юбормайди, — деди Унсин.
Бунга ҳам кулишдик.
— Сен ўзинг-чи? — деб сўради Унсин.
— Биласизларми, мен қаёққа борардим? — деб Адолат хиёл ўйланиб тургач. — Бишкекка борардим. Бориб ўзимга шаҳарлик қизлар киядиган либослардан кўплаб сотиб олиб, кун сайин кинога, театрга борардим.
— Ох-ох! — деди Унсин ҳавас билан.
— Сен-чи, Пайиз? — деб сўраб қолишди тўсатдан, одамови Пайиздан.
Пайиз нима деб жавоб беришини билмай, тиржайиб, қизариб-бўзариб туриб қолди.
— Пайиз ҳеч ёққа кетолмайди, — деб унинг ўрнига Содиқ жавоб берди. — Агар у кетиб қолса, Тулубой мерганнинг қизи бир умрга эрсиз қолмайдими?
Яна болаларнинг умумий кулгуси янгради. Пайиз дарғазаб бўлиб, Содиққа қўл кўтарган эди. Содиқ вақтида чап бериб қолди.
— Оғай, сиз нима қилар эдингиз? — деб, сўраб қолди Адолат кутилмаганда.
Менинг ҳам нимадир дейишимга тўғри келиб қолди.
— Менми? Мен… Мен бир кичкинагина ёғоч уйчада ўтириб олиб, сизларга билет улашиб турардим. Чунки, билетсиз ҳеч кимни поездга қўйишмайди-да.
Менинг жавобимни ҳам болалар қувноқ кулги билан маъқуллашди. Шунчаки ҳазил билан бошланган баҳс кўнглимизни кўтариб, руҳиятимизга ажиб бир мусаффолик бахш этди. Чунки, арзимасдек бўлиб туюлган, мазкур баҳслар замирида улкан ҳаётий мантиқ мужассам бўлади.
* * *

Бугун ҳавонинг авзойи бузуқ. Кучли шамол эсиб, ўрда ўйналадиган майдонда қуюнлар рақси ҳукмрон.
Мен бешинчи синфда, директорнинг дарсида ўтирибман. Эрталабдан бери география ва тарих фанларидан ўтган икки дарсида иштирок этдим. Энди, учинчиси — рус тилидамиз. Ўқитувчиларнинг бундай иш услубини «тажриба алмашиш» деб қўямиз. Аммо, ростини айтсам, директор иккимизнинг «алмашадиган» ҳеч вақойимиз йўқ экан. Менга унинг иккала дарси ҳам ёқмади. География дарсида у бутун синфдан: «Шоли нима дегани?» деб сўраб чиқди. (Шоли — ўтмишдаги жазо усулларидан бири бўлиб, туянинг хом терисидан тайёрланган «каллапўш» гуноҳкорнинг бошига кийгизиб қўйилган. Тери қуриб, қотган сари, маҳкумни мудҳиш азобга грифтор қилган. 1965 йилги «Қирғизча-русча луғат»нинг 404-бетдаги «коок», 899-бетдаги «шоли»га қараб, изоҳга ҳукм чиқариш сизга ҳавола, тақсир. Директорнинг ушбу саволи оддийгина «шоли» яъни оқланмаган гурунч бўлиши мумкинлигини ҳеч мантиққа «сиғдиролмадим»…) Синф бўйича биттагина боладан ташқари, «шоли» нималигини билмаганлар «икки баҳога сазовор» бўлишди. Билган бола эса, шу «бешинчида» иккинчи йил ўқиётган бола бўлиб, ўтган йили айнан шу саволга жавоб беролмай, имтиҳондан йиқилган экан. (Кейинчалик, буни менга ўша боланинг ўзи айтиб берди). У дарс охиригача мен айтаман деб, қўл кўтариб турди. Ёнидаги болаларнинг (Бизга ҳам айтиб қўйсанг?) деган ёлворишларига парво қилмади. Ниҳоят, директор ундан сўрагач, бола тўғри жавоб берди. Аммо, директор «билганингни бошқаларга айтмаганинг учун» деб, унга ҳам «икки» қўйди. Буни кўрган, «аламзада» болаларнинг боши кўкка етгандек бўлди. Бундай услубнинг моҳиятига мен асло тушунмадим.
Тарих дарси ҳаммасидан ғаройиб бўлди. Директорнинг «гулдургуп ўйини» деган услуби бор экан. Бу услуб таълимнинг йўриғига биноан, у тахтани тўлдириб саволларни ёзиб, сўнгра синфни рўйхат бўйича чақира бошлади. Ўқувчилар доскага чиқиб, саволлар қаршисига билган жавобларини жимгина ёзишиб, қайтиб жойига ўтиришарди. Ҳар гал чиққан ўқувчи, ўзидан олдинга чиққан ўқувчининг хатосини тузатарди. Ниҳоят, «гулдургуп»дан зериккан болалар «енг ичида» картани бошлаб юборишди. Ўйинга берилиб кетган биттаси, кутилмаганда: «Дама!» деб қичқириб юборди. Бу қичқириқ «гулдургуп ўйини»нинг қоидасини бузди. Директор доскага Пайизни чиқариб, унга жавобни ёзмасдан, оғзаки айта қолишини сўради. (Чамаси, ўзи ҳам «гулдургуп»дан безганди). Пайиз ёлчитиб жавоб беролмагач, директор доскага Содиқни чақирди. Содиқ чиқиб, яхши жавоб бергач, директор унга баҳо қўйиб бўлиб, «Қани, энди, Содиқ мана бунинг юзига тарсаки тушир» деб, Пайизга ишора қилди. Буйруқ синфга ҳам ёқа тушди — ўқувчилар баралла кулишиб, буйруқнинг ижросини кута бошлашди. Бироқ, Содиқ, «оғай» деб иккиланиб, юраги дов бермасди. «Ур! Ур!» деб қийқирди директор. Болалар ҳам унинг буйруғини такрорлашарди. Бечора Пайиз, бу унинг ҳамишалик қисмати бўлса керак, тақдирга тан бериб, икки кўзини лўқ қилиб тура берди. Фақат, бир мартагина илтижо билан менга қараб олди. Мен ожизона бошимни қуйи солдим. Бу орада «тарс!» этган овоз эшитилиб, гурра кулги кўтарилди. Қарасам, Пайиз чап юзини сийпалаганича, аламли нигоҳини дераза томонга ўгирди. Деразанинг нариёғида эса, шамол увиллаб, ўрда ўйналадиган майдонда ҳамон қуюннинг рақси давом этарди…
— Абдусаматов! — деб қичқирди директор.
— Қайси биримиз, оғай? — деб сўради бир ўқувчи.
— Сен эмас, Қўйчумон, чиқ!
Доскага чорпаҳл, сап-сариқ бола чиқди.
— Где ты стоишь?! — деб ўдағайлади директор унга.
Қўйчумон русча саволга тушунмай, ўртоқларига мўлтиллади.
— Доскага яқинроқ, тур деяпти, — деб таржима қилиб берди бир бола.
Қўйчумон доска томонга бир қадам жилди-да, бурнини шилқил-латиб тортиб олгач, саволни ҳам кутмасдан бошлаб юборди:

— Белеет парус одинокий
В тумане моря голубом.
Что ищет… Что ищет…

деб бориб, дудуқланиб туриб қолди. Директор унга ғазабнок тикилиб, менга ҳам бир ёнаки қараш қилиб қўйди…
Аввалги икки дарсини пича муҳокама қилганимизда, мен салбий баҳо берган эдим. Ўзи: «Холис гапиравер, ҳамиша дангалчи бўлишимиз керак», деди. Эҳтимол, мендан мақтов кутгандир? Унинг дарсларини ҳамиша мақташаркан. Райондаги йиғинларда ҳам уни намуна қилиб кўрсатишармиш. Мураббийлик қилган йиллари чиндан ҳам ибратга арзийди. Йигирма тўрт йиллик умри мактабда ўтган. Шунданми, менинг терс баҳойим оғир ботиб, ҳазилакам «ирғишламади». Бизнинг мунозарамизни эшитиб турган бошқа муаллимлар ҳам ўзларича ўнғайсизланиб мўътабар кимсанинг олдида мен учун ҳижолат чекишаётгандек эдилар…
— Думай, думай, — деди директор Қўйчумонга. Дарси русча-қирғизча аралаш олақуроқ эди. Бегона кимса бўлмаса, дарсни қирғиз тилидаёқ «қойилмақом» қилиб қўядиган сиёҳи бор. Қўйчумон излаганини топмай, мадад кутиб, синфга жовдирарди. Ўртоқларидан бири унга шифтни имо қилиб қўйди. У дарров шифтга қаради. Шифтнинг вассажуфтлари энли-энли тахталардан иборат эди. Қарасам, ҳар бир тахтанинг юзаси қалам, сиёҳ ва бўр билан турли фанларга тааллуқли тайёр «шпаргалька»нинг ўзгинаси битилган экан.
Қўйчумон «шпаргалька»ни хийлагача ҳижжалаб, ўқиб туриб, ниҳоят:
— В глу-иби-ну си-бир-ских руд****… деб энтикиб, қироатини келтириб ўқиб берди.
— Нима деб алжираяпсан?! — деб қичқирди директор фиғони фалакка чиқиб.
Мен бостириб келаётган даҳшатли кулгудан қўрқиб, дераза томонга бурилиб, шайтонга ҳай бердим. Тангрим қўллаб, бу фожеий вазиятга қўнғироқ овози нуқта қўйди. Мен дарров эшикка шошилдим.
Йўлакка чиқсам, Пайиз Содиқнинг икки қулоғидан маҳкам ушлаб, бечорани девор суздиртиб, бояги тарсакининг ҳисоб-китобини қилаётган экан.
Мен пўписа оҳангида — «Ҳой бола!!» деб қасоскорни шаштидан туширдим. Пайиз Содиқни қўйиб юбориб нари кетди. Мен ўқитувчилар хонасига кирдим. У ерда ўтиришган ҳамкасбларимнинг суҳбати чортанг, кулги авжидайди. Киришим билан, суҳбатга «дарз кетди». Каминага қадалган нигоҳларида илгариги самимият ўрнига, сирли бир ифода зуҳур этарди. Бу мен учун жумбоқ эди.
— Ишқилиб, тинчликми? — дедим уларга.
— Ҳа, шунчаки, ўтган бир ҳангома туфайли кулишиб ўтирибмиз, – деб қўйди илмий мудир.
Шу аснода директор кириб келди.
— Хў-ў-ўш ,Охун, — деди у, сохта самимият билан. — Энди бу дарсимга нима дейсан?
Менинг нимагадир ғайирлигим келди. Нималигини ўзим ҳам билмайман.
— Бу сафар ҳам бояги-бояги, Тошмат ака, дедим. — Ўқувчилар дарсингизни билишмайди.
Директор жонли ҳайкалга айланди гўё, бир қизариб-бир бўзариб барчани нигоҳи билан кузатиб чиқди. Ҳеч кимнинг тили калимага келмасди. Хайрият мудир:
— Дарс бошланди, ўртоқлар, ҳамма дарсга, — деб, жонимизга оро кирди.
Ўқитувчилар журналларини олиб хонани тарк этишди. Директор иккимиз ёлғиз қолдик. Ўртага ноқулай жимлик чўкди.
Ниҳоят, жимликни директор бузди:
— Унда, нима қил дейсан менга?
— Билмадим. Мен ўқувчиларга ачинаман. Уларга увол…
— Увол бўлса, мен ўқитувчиликка нуқта қўяйми?!
— Бу сизнинг ишингиз.
— Ҳой, бола! Биласанми, мен қанча йилдан бери шу касбда ишлаб келаяпман?! Йигирма тўрт йилдан бери!
Директорнинг кўзлари чаноғидан чиқиб, ғазабдан тили калимага келмасди. Менинг аҳволим ҳам уникидан кам эмасди. Бу туришимизнинг охири хосиятсиз эди. Мен дарсни баҳона қилиб, ташқарига йўналдим.
Йўлакда Роқияга дуч келдим.
— Охун, — деди у, менинг руҳиятимга эътибор бермай. — Янгиликни эшитдингизми?
— Қандай янгилик?
— Тўлубой мерганнинг қизи ҳомиладор бўлиб қолибди.
У менга синовчан тикилиб турарди.
— Қизиқ янгилик экан, — дедим мен, бепарво жилмайиб. — Боланинг отаси ким экан?
— Отаси саваласа ҳам, қизи айтмаётган эмиш.
— Ёшлик-да, — дедим мен, ҳазил аралаш.
— Лекин, ўқитувчиларнинг кўпчилиги сиздан шубҳа қилишяпти, — деди у… Кўзлари эса, ҳамон синовчан тикилиб турарди.
Менга ҳамма нарса энди равшан бўлганди. Ҳалиги, хонадаги кулгиларнинг илдизи ҳам шу ёқда экан-да…
— Шунақами? Бу туҳмат! — дедим. Аламли ғазабдан томоғим бўғилиб, бошқа сўзга келолмай, жадал юриб кетдим.

* * *

Шу кетганча уйимга бориб, таппа ташлаб, кун ботарда ташқарига чиқдим. Ташқарида туман тушиб, хафласизлик билан қор эламоқда. Унда-бунда битта-яримта кимсанинг арвоҳдек шарпаси элас-элас кўриниб қолади. Қишлоққа вазмин сукунат чўкканди.
Мен чой, қанд учун магазинга бордим. Магазинда Содиқ, директор ва мерган бор экан. Магазинчи пештахта ортида, бир қўлини иягига тираб бир қўлида тишни ковларди. Мерган билан директор бочкалар устига жойлашиб, ўртага бир шиша ароқни қўйиб олишганди. Мерган маст, шекилли, худди ёш боладек минғирлаб йиғларди. Директор афтидан маст эмас, мерганни койиб, нималарнидир қулоғига қуярди. Бу манзара мени ҳушёр торттирди.
Барибир салом бериш лозим: — Ассалому алайкум, — дедим, омонатгина.
Ҳеч кимдан садо чиқмади. Мерган бошини кўтариб:
— Ҳаромининг боласи, — деди, лаблари титраб. — Сени туппа-тузук одам экан деб, кун ора, ҳафта сайин уйимга чорлаб, топганимни олдингга қўйиб, сийлаб юрсам, оқибатинг шуми, қариганимда элга шарманда қилдинг. Ув-ув-ув… — Мерганнинг йиғиси аввалгидан баттар авжига чиқди.
Ҳамма нарса олдиндан маълум бўлгани учун, «мушук-сичқон» ўйнашнинг ҳожати йўқ эди.
— Тўлубой ака, бу ишга менинг ҳеч қандай алоқам йўқ, — дедим жаҳлимни ютиб.
— Алоқанг бор! — деб қичқирди мерган. — Сендан бошқа ҳеч ким менинг уйимга борган эмас!
Бу сўзига мен жавоб қайтармадим.
— Охун, — деб орага суқилди директор, — Сен билимли муаллимсан, мен эса билимсизман. Сен болаларга кўпроқ билим берасан, мен эса озроқ. Бироқ иккиламиз ҳам педагог деган номга эгамиз. Шундайми? Шундай? Энди ўзинг айт-чи, сен қилган иш тақдирлашга муносибми?
«Жоҳил» деб қўйдим ичимда.
— Буни мен қилганим йўқ.
— Сени жазолашимиз керак.
— Ким?
— Директор, ўзингга маълум — мен директорман. Мен сени жазолайман. Жазонг шу — бу кеча Помирда тунайсан. Эртага э-эрта туриб, жомадонингни кўтариб, қорангни ўчирасан.
Буниси суягимдан ўтиб кетди.
— Майли! — дедим, алам билан, қатъий. — Мен кетаман! Аммо…
— Йўқ! — деб қичқирди мерган, менинг сўзимни бўлиб, — Бу жазо камлик қилади, Тошмат. Шуям жазоми?! Менинг қизимни ҳомиладор қилиб қўйиб, мени бутун Помирга шарманда қилиб, силлиққина кета берадими? Буниси кетмайди, садағанг кетайлар. Бу бола… уйланиши керак менинг қизимга!
— Мана бу — айни ҳақиқат! — деди, ҳанузгача тишини ковлаб, мум тишлаб ўтирган магазинчи. — Ўшанда сих ҳам куймайди, кабоб ҳам.
— Тўлубой, хотиринг жам бўлсин, сенинг қизингга куёв топилади, — деди директор. — Помирлик йигитларнинг бу келгиндидан ўлса, ўлиги ортиқ. Бу кетаверсин.
Ҳа, хом сут эмган банда-я! .. Айни дамда, менга энг аламли жойи — бу жоҳил, чаласавод «мураббийнинг» нега бунчалар жон куйдириб, Помирнинг иззат-нафсини, ғурурини ҳимоя қилаётгани, аламзада ота билан, гумроҳ магазинчининг етти ухласа ҳам тушига кирмасди. Директор учун, ўша қизнинг ор-номуси эмас, фурсат-ғаниматда мендан ўч олиш, «шаккок», «ғайрипомир» бир келгиндининг думини тугиш эди.
— Йўқ, Тошмат, бу уйланади менинг қизимга, — деди мерган. У ўрнидан туриб, мен томон юрди. — Ҳой, бола, сен уйланасан менинг қизимга. Йўқса… — мерган грибонимдан олиб, силкита бошлади, — сени ўзим жазолайман. Мен сени худди Помирнинг чиябўрисини отгандай, отиб ташлайман!
— Ох-хо! — деди шу дамда, сиртдан кириб келган биров. Магазиннинг ичи қоронғилашиб қолганидан, келган кимсани дарров таний олмадим. Унинг устида оғир пўстин, тумоғини бостириб кийиб олганди. Ўзи қорбобога ўхшаб қолибди. Мен тугул, беригилар ҳам таний олишмади.
— Чироғингни ёқ-чи, Турат ака! — деди, сабрсизлик билан.
— Ия, Маманмисан? — деди магазинчи уни таниб. — Ҳозир, ҳозир… ука…
Маманнинг кутилмаган ташрифи ҳаммамиз учун Оллоҳнинг иноятидай бир гап эди. Менинг кўзимга эса, худди Исо Масиҳдек бўлиб кўринди. Депутат энгил-бошидаги қорларни қоқди. Чироқ ёниб, кўз-кўзга тушгач:
— Қани, бу ерда ким кимни отмоқчи? — деди, ҳазил аралаш. Сўнг, ҳаммамиз билан жимгина қўл олишиб чиқди.
— Э-э, ука, бизда фалокат юз берди, — деб директор отини қамчилаб қолди. — Охун манаву шўрпешонанинг қизини бўғоз қилиб қўйибди.
Депутат кескин бурилиб, менга ҳайрат билан тикилиб қолди. Мен биринчи бўлиб унинг гапиришини кутдим.
Директорнинг сўзига лаққа тушган депутат: — Биз сендан буни кутмагандик-ку, Охун? — деди, бармоғи билан кўкрагимга ниқтаб.
— Ёлғон айтсам, йигит ўлайин, — дедим мен, ишонарли чиқсин учун, вазмин оҳангда, — боланинг отаси мен эмасман.
Ўзимни оқлаш учун, қасам ичиб, буларнинг олдида тубан кетиб ўтирганимдан, ўзимдан ўзим нафратландим. Лекин, бусиз иложи ҳам йўқ эди. Чунки, иш чаппасига айланиб бораётганди.
Депутат менга узоқ синовчан тикилиб туриб, кейин улар томонга бурилди.
— Сен тониб кетаман деб ўйлама, Охун, — деб, яна бошлади директор. — Ундан кўра, «Оғайнилар, ёшлик қилдим, шайтон йўлдан уриб, қизнинг бошини айлантирибман», десанг мана, Маман ҳам келиб қолди, кўплашиб бир чорасини топамиз. Энг осони унга уйланиб, ҳаммани, жумладан, ўзингни ҳам иснод ботқоғидан асраб қол. Тўғрими, Маман?
Директор сўзини тугатгунча депутатнинг кўзидан кўзини узмади.
— Шошманглар-чи, — деди депутат. — Менимча, Сизлар уни шунчаки гумон қилаётганга ўхшайсизлар. Қиз ўзи нима дейди?
— Жувонмарг, менга ҳеч нарсани айтмаяпти, — деди мерган, боягидан хийла шаштидан тушиб. — Урдим, сўкдим, қўрқитдим, натижа чиқмади.
— Ундай бўлса, бу можарони ўртоқлик судида қилни қирқ ёриб, батафсил текшириб, кейин ҳукм чиқарамиз. Охун, сен қўрқма, суднинг раиси ўзимман. Оқ бўлсанг — оқ, қора бўлсанг — қора, адолатли тарзда ҳал қиламан. Агар, бола бошқадан бўлса, даъвогарларингнинг соқолига ўт қўяман. Агар, аксинча бўлса, бача, мендан ўпкалама! Ҳа, шундай.
— Нима дейсан?..
— Мен ҳозир туман марказига шошиб турибман. Эртага мажлис бўларкан. Худо хоҳласа, индинга, ўн иккиларга келиб қоламан. Ўшангача қишлоқдагиларни ўртоқлик судига тахт қилиб қўйинглар. Уқдингизми?
— Уқдик.
— Тўлубой ака, сиз қизингизни олиб келасиз, мен ўзим сўроқ қиламан. — Мерган бош силкиб, розилик билдирди. — Шундай бўлсин. Турот ака, раисни кўрмадингизми?
— Ҳайронман. Боя Мурғобга бораман, деб юрувди.
— Мурғобга иккаламиз бормоқчимиз. Менинг келишимга машина тайёрлаб қўймоқчийди. Яхшиси унинг уйига бориб кўрай-чи…
Депутат чиқиб кетди. Магазинда яна тўртовлон қолиб, орага ноқулай жимлик чўкди. Ниҳоят, мен ҳам эшикка юзландим. Эшикка чиққач, чой ва қанд учун келганлигимни эсладим. Бироқ қайтиб кирмадим.
Ташқарида ҳамон қор ёғмоқда. Ҳеч кимса кўринмайди. Мутлақ жимжитлик. Фақат ўрда отиладиган майдонда Маманнинг қўтоси турарди.
Мактабнинг олдидан ўтиб кетаётсам, мактаб музейининг чироғи ёниб турибди. Ҳўв, мерган мақтаган музей-да. Тан бериш керак — мақтовга лойиқ музей. Ҳар қандай вилоятлардаги музейлардан қолишмайди. Деразасидан қарасам, оқ халатда, бир кийикнинг тулумига хас-ҳашак тиқаётган мудир кўринди. Хиёл ўйланиб туриб, унинг олдига кириб бордим.
Бу музейда Помир ҳайвонот дунёсининг жамики намуналари, тошу тупроғи, ўсимликларнинг алвон нусхалари мавжуд. Қисқаси, бу миттигина Помир чинакам музей. Музейни музей қилганлар эса, дарҳақиқат, Тўлубой мерган билан Мамит ака. Бири тоғу тошдан отиб, термалаб, қазиб олиб келса, иккинчиси қойилмақом қилиб, экспонат ясайди. Иккаласининг меҳнати ҳам беминнат, ихтиёрий. Албатта, музей Мамит акага — айни муддао: у зоология, ботаникадан дарс беради, Тўлубой мерганникини эса ҳақиқий фидойилик дейиш мумкин. Кошки эди, меҳнатига мактаб сариқ чақа тўлаб қўйса?! Рости гап дўпписи тор келиб қолган пайтларда, Мамит ака, ўз ҳисобидан беш-ўн сўм пул, баъзан ароқ қуйиб беради, холос. Бўлгани шу — вассалом. Иккисини мақтаб, раҳмат деган бирор кимса йўқ. Булар ҳам бировдан таъма қилмайди. мен музейга кириб, зич қўйилган экспонатлар оралаб ўтиб, Мамит аканинг ёнига бордим.
— Ассалому алайкум, Мамит ака.
— Э-э, сенмисан, Охун, — деди Мамит ака жилмайиб, — кел, ўтир.
Мен Мамит ака кўрсатган эски яшик устига ўтирдим.
— Сен отган кийик, — деди Мамит ака, ясаётган тулумини кўрсатиб. — Чиройли така отибсан.
Қарасам, ростдан ҳам ўша така экан.
— Мамит ака, Тўлубой мерганнинг қизи ҳақидаги миш-мишларни эшитдингизми? — деб сўрадим ундан.
— Эшитдим, — деди у.
Яна бирор нарса дермикин десам, индамади.
— Бу ишга менинг заррача алоқам йўқ, — дедим, — унинг дилига қўл солиб кўриш учун.
— Алоқанг йўқ бўлса, йўқ-да, — деди у.
— Сен сабр қилиб тур. Эртами-кечми, ҳақиқат юзага чиқади. Менинг биттасидан шубҳам бор.
— Кимдан?
Мамит ака қийналиб, анчадан кейин айтди.
— Пайиздан.
— Менинг ҳам! — дедим деярли қичқириб. — Ўша боланинг оёқ олишидан гумоним бор эди-ю, лекин, ўз ўқувчим ҳақида ёмон ўйга боришга истиҳола қилдим.
— Қорасоч билан Пайизнинг муносабатларини кўпдан биламан. Иккаласи мактабга бирга киришиб, олтинчи синфгача бир партада ўтиришди. Олтинчи синфдан Пайиз айниди, ночор ўқиб, синфдан-синфга кўчмайдиган бўлиб, ўтган йилдан умуман, ўқимай қўйди. Қорасоч эса ўнинчини битириб кетди. Аммо, улар ҳали ҳам бир-бирини яхши кўришади. Пайизнинг ўзига қолса, бугуноқ мактабни ташлаб, Қорасочга уйланиб оларди. Менимчаям, шуниси тузук эди. Кўриб турибсан, у қаригунча ўқиса ҳам, ҳеч нарса чиқмайди. Ундан кўра, оила қуриб, хўжаликнинг бир корига ярагани яхши.
— Шундоқ экан, уни мактабдан чиқариб юборсак бўлмайдими?
— Бу Маманнинг истаги. Эплаб, саккизни тугатиб берсангизлар, техникумга киргизиб қўяман, дейди. Унинг юзидан ўта олмай, судраб юрибмиз.
Иккаламиз ҳам хийла жим қолдик.
— Шундай… — деди мудир, — Менинг шубҳам шу боладан.
Мен кетишга чоғланиб:
— Хўп, хайр, — деб эшик томон юрдим.
— Хотиржам бўлавер, ука, бунинг тагига етмай қўймаймиз.
Мен уйимга келиб, чироқни ёқдим. Печканинг ўти ўчиб, уй ичи муздеккина бўлиб қолган экан, ўт ёқдим. Ҳадемай, совуқдан ҳувиллаган кулбамга файз кириб, баданимга ҳузурбахш илиқлик югурди. Депутат билан мудирнинг одамшавандалиги, безовта руҳимга илиқлик олиб кирганди. Бироқ, шундай бўлса ҳам, кўнглимдаги ғубор тўлиқ аримай, ёлғизлик ҳисси қийнаб, дилимни мавҳум бир соғинч эзиб, хаёлим паришон эди. Занг босган эски каравотимни ғижирлатиб, лопиллаб ёғаётган лайлак қорга деразам оша тикилиб, узоқ ётдим. Ахири, ётишдан безиб, печканинг олдига келиб, мунғайиб ўтирсам, ногаҳон, кўзим бурчакдаги бир шиша ароққа тушиб қолди. Бу Мерганнинг дастурхонига атаб олинган матоҳ эди. Сизга илгари ҳам айтган бўлсам керак, мерганнинг уйига ҳеч қуруқ қўл билан бормасдим. Сабаби, мерган мени овга таклиф қилганда, ҳамиша бир шиша шу «зормандага» шаъма қилиб турарди.
Мен ароқни кўриб, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг севиниб кетдим. Ҳаргиз ёлғиз ичмаган жоним, шаҳд билан бориб, бир чоғроқ пиёлага тўлдириб қуйдим-да, бир кўтаришда сипқордим. Гўё, ичим ёнди-ю, оғзимдан тутуни чиқди! Оч қоринга дарров олди. Бир зумда бинойидек маст бўлиб қолдим. Бироқ, юрагимдаги асорат ҳамон турарди. Тўсатдан бир яхши улфат билан ёки бир дилбар аёл зоти бўлса, ўша билан ҳисларимга эрк беришни қўмсаб қолдим. Мўъжиза — кутилмаганда, комендантнинг қизи ёдимга тушди! Дарҳол унга мактуб ёза бошладим. Хатим тахминан қуйидагича бошланган эди. «Ойдиним, мен сени беҳад соғиндим. Ушбу хат қўлингга тегар заҳоти, йўлга отлан. Ёстиғимиз битта бўлади», деган мазмундайди.
Хатни конвертга солиб, манзилини ёзиб ўтирсам, Пайиз кириб келди. Менинг бор вужудим хатда бўлиб, Пайиз билан мерганнинг қизи хусусида бир оғиз сўз ҳам демабман. Аксинча, салом-аликни ҳам унутиб, унинг қўлига конвертни тутқазиб: — Ма! Почтачига бориб айт, хатни бугун кечасиёқ жўнатсин!
— Оғай, менинг сизда икки оғиз гапим бор эди, — деди Пайиз.
— Кейин! Кейин гаплашамиз! Ҳозир чоп! — деб қичқирдим мен.
— Почтачи бугун кечаси, жўната олмайди, — деди Пайиз. — Ундан кўра, ҳозир Маман тоғам районга жўнаяпти, ўшандан бериб юборайми?
— Бериб юбор! — дедим.
Пайиз чопиб, чиқиб кетди.

* * *

Икки кундан кейин, дам олиш куни ўқувчиларнинг дафтарини текшириб ўтирсам, бешинчида ўқийдиган Қўйчумон деган бола халлослаб, кириб келиб:
— Оғай, Маман ака келди, сизни келсин, ўртоқлик судини бошлаймиз деяпти, — деди.
Қишлоқ аҳли эрталабдан бери менинг устимдан бўладиган ушбу судни сабрсизлик билан кутишарди. Мен, суднинг хотимасидан қўрқмасдим, албатта. Лекин «ўртоқлик суди» деган ушбу томошадаги «бош қаҳрамоннинг роли» бошимни қотирарди… Начора, кийиниб олиб, йўлга тушдим.
Ўрда отиладиган майдонда, таниш қора «Волга» турибди. Уни ўқувчилар-у, ҳангоматалаблар ўраб олибди. Депутатнинг ёнида турган директор, мени кўриб:
— Қани, ҳамма клубга! — деб хитоб қилди.
Тўпланганлар ёппасига клубга томон оқди. Воқеадан бехабар кимса, буларнинг чеҳрасидаги шодлик ва қувонч аломатларини кўриб, клубда ўртоқлик суди эмас, ноёб томоша бор экан деб ўйлаши шубҳасиз эди. Буларга ҳам қийин — бир қолипдаги, зерикарли ҳаётнинг психологияси эди бу!
— Ёш болаларга нима бор бу ерда?! — дедим, жаҳлим чиқиб, клубга биринчи бўлиб кириб кетаётган ўқувчиларни кўриб.
— Бизнинг ўртоқлик судимизга, ҳамма бирдек иштирок этади, — деди директор.
— Қўрқма, — деди депутат кулиб, елкамга қоқиб. — Оқ бўлсанг — оққа, қора бўлсанг — қорага ҳукм чиқараман. Депутатимнинг ушбу сўзлари бу гал менга ёқмади, аксинча, жиғимга тегди. Томошага режиссёрлик мавқеи шу инсоннинг қўлида эди.
— Усенбой! — деб қичқирди Маман қора «Волга»нинг ҳайдовчисига. — Энди, сен кетавер.
— Қўя тур, бача, — деди Эсонбой, «Волга»сининг эшигини ёпиб. — Сизларнинг томошангизни кўриб кетайин. Бунақаси бизда ҳам кам бўлади.
— Ҳа, майли, кўра қол, — деди Маман. — Боргач, бошқаларга ҳикоя қилиб берарсан.
Мен клубга охирги бўлиб кирдим. Клубнинг ичида игна ташласанг, ерга тушмайди. Келганимдан бери бу клубда беш-олти марта кино кўрсатилди, бир марта хўжалик мажлиси бўлди, лекин унда бунчалик эл тўпланмаганди. Киришим билан, ҳамма, гўё мени биринчи марта кўраётгандек, қараб қолишди. Мен жимгина бориб, олдинги қатордаги ўриндиқдан бир ўқувчини турғизиб, ўрнига ўтирдим.
— Охун, сенинг жойинг бу ёқда, — деб қолди Маман.
Президиумда ундан бошқа яна икки киши директор билан мудир бор эди. Директор менга олд томондаги, ўзининг рўпарасига қўйилган ёлғиз курсини кўрсатди. Мен ғижиниб, бориб ўша курсига ўтирдим. Энди орқа томонимдан бутун зал, рўпарамда ҳайъат аъзолари. Депутат ўрнидан туриб, столдаги қўнғироқни олиб, зални тартибга чақирди. Ғала-ғовур босилгач, қўнғироқни қўйиб, графиндан стаканга сув қуйиб, бир ҳўплам ичди-да:
— Ўртоқлар! — деб залга мурожаат қилди. — Ўзингизга маълум, ўтган йилдан бери бизда ўртоқлик суди бўлгани йўқ. Бироқ, бунга мен айбдор эмасман. Суд бўлиши учун унга далил керак, бизга эса, шу кунгача даъво тушгани йўқ. Маман сўздан тўхтаб, яна графинга қўл чўзди. Мен деразага қарадим. Деразадан ўрда майдони кўринди. Майдонда тўқим урилган Маманнинг қўтоси билан қора «Волга»дан бошқа ҳеч нарса кўринмайди. Қўтос «мудраб ётган» қора «Волга»нинг «кўзойнаги»ни бетиним яларди. — Мана, ўртоқлар, энди бизга ариза тушди, — деди ўртоқлик судининг раиси. — Бугун биз ўқитувчи Матҳолиқов Охуннинг ишини кўрамиз. — Депутат, мен томонга бир қараб олди. Залдагилар ҳам менга қараб, шивир-шивир бошланди. — Ўртоқлар, жим! — Депутат қўнғироқни яна жиринглатиб қўйди. — Энди, ўртоқлар, судимизнинг навбатдаги мажлисини очиқ деб эълон қиламан! — Маман бош бўлиб, залдагилар бир сидра қарсак чалиб қўйишди. Суд раиси жойига ўтириб, яна сувдан бир ҳўплаб, икки ёнидаги маслаҳатчилари билан шивирлашиб олди. — Қани, ўртоқ Матҳолиқов, ўрнингиздан туринг-чи, — деб менга «сиз» дея мурожаат қилди.
— Ғўддайиб туришим шартми?! — дедим мен.
— Ҳа, — деди раис. — Қоидаси шунақа. — Мен ўрнимдан турдим. — Ўртоқ, котиб айбномани ўқиб, эшиттиринг.
Котиб мактаб директори эди. У ўрнидан туриб, томоқ қириб, қоғозни қўлига олди. Айни шу паллада, залдан:
— Тўхтанг! — деган хитоб эшитилиб, котибга халал берди.
Бу Тўлубой мерганнинг қизи эди. Кўп йиғлаганидан бўлса керак, қовоқлари шишиб кетибди. Қиз ўрнидан туриб, залдан кимнидир ахтара бошлади.
— Пайиз! — деб қичқирди у. — Айт энди! Турмайсанми, Пайиз?!
Ҳамманинг ҳайратли нигоҳи қизда, ўзаро шивир-шивир бошланди.
— Ана, айтганим тўғри келдими?! — деди Содиқ атрофидаги синфдошларига.
— Э-э, тинчланинглар! — деб қичқирди директор. — Тўлубойнинг қизи, сен тартибни бузмай, жойингга ўтир! Бу ерга биз сенга қайишиб келиб ўтирибмиз.
— Тошмат ака, қўя туринг-чи, — деди Маман, бир нарсани сезгандай. — Қорасоч, Пайизга нега унақа деяпсан? Пайиз нимани айтиши керак?
— Маман ака… — деди қиз, йиғламсираб, – Охун оғайда ҳеч қандай айб йўқ…
Худога шукур, дедим ичимда. Залда ғала-ғовур бошланиб, бари менга қараб қолишди. Аслида, шундай бўлишини кўнглим сезиб турарди. Маман менга қараб олиб, яна Қорасочга юзланди:
— Унда, ким айбдор?! — деб сўради.
Қиз унга жавоб бермасдан, яна залга қараб:
— Пайиз! Сен ўзим айтаман деган эдинг-ку?! — деб қичқирди.
Шу маҳал залнинг охиридаги бурчакдан, Пайиз отилиб чиқиб, ўзини эшикка урди. Ҳамма унинг ортидан қараб қолаверди.
— Шумиди?! — деб қичқирди мерган, қизининг ёнига югуриб келиб. Қиз жавоб бериш ўрнига, йиғлаб юборди-да, аста жойига чўкди. — Айт, яш-ш-шамагур! — Мерган қизининг сочидан бураб, тортди. Қорасоч бошини сарак-сарак қилиб тасдиқ ишорасини қилди. Мерган нес бўлиб туриб қолди. Халойиқ эса, бири олиб-бири қўйиб, клубни бошига кўтаришарди. Пайизнинг шаънига, кулгу аралаш, латифа, кесатиқ «болалай» бошлади. «Томоша»да менинг «ролим» тугаган эди! Кўзларим Маманнинг аянчли нигоҳи билан тўқнашди. У, кўзини олиб қочиб, ўрнидан турди-да, қўнғироғини ишга солди. Шовқин-суроннинг дами кесилди.
— Ўртоқлар, ўртоқлик судининг навбатдаги мажлисини ёпиқ деб эълон қиламан. Ўқитувчилардан бошқа ҳаммага рухсат, Тўлубой ака, сиз қизингиз билан қолинг.
Ҳангоматалаблар ғала-ғовур, тапир-тупур қилишиб, тўда-тўда бўлиб, чиқиб кетишди. Сўнгги сўз Маманда қолганди! У, узоқ сукутдан сўнг, ниҳоят тилга кирди:
— Мен Пайизни ёлғиз опамнинг боласи деб, ўқитиб, одам қилайин деган ниятда эдим, — деди у. — Бўлмади. У, ўқиб бўлди. Энди уни менга беринг, оғайлар. Энди уни ўзим ўқитаман. Тўлубой ака! Сиз кўп койиманг. Бўлар иш бўлди. Начора, иккови ҳам аҳмоқлик қилишибди. Энди уларнинг бошини қовуштириб қўяйлик. Йўқ, демасангиз, мен буларни, ўзим билан олиб кетаман. Нима дейсиз?
— Тўй-пўйсиз, қуруққинами? — деди мерган. У, орият учун шундай дегани билан ишнинг бу тарзда силлиқ кўчганидан, ичида қувончда эканлиги сезилиб турарди.
— Тўйни, худо хоҳласа, баҳорда қиламиз, — деди Маман. — Ҳозир қиш, иш қизғин. Тўй қилишга менинг ҳам имкониятим йўқ, тўй-тўйлашга элнинг ҳам фурсати йўқ. Яхши бўлди, бир қўра қўйга чўпон етишмаёвтувди. Қорасоч! Бор синглим, Пайизни топиб, олиб кел. Қўрқмай келаверсин, урмайман.
Қорасоч отасига бир қараб олиб, шахдам юриб, ташқарига чиқиб кетди.
— Охун, — деди депутат, — бача, кечир бизни, сени беҳуда гуноҳкор қилибмиз. Тошмат ака, соқолингизни битталаб юлса бўларди-ю, ёшингизни ҳурмат қиламан-да.
— Э-э, манави-да, — деб айбни мерганга ағдарди директор.
— Имонингни ютма! — деди мерган. — Мен бошдаёқ Охундан заррача шубҳа қилган эмасман. Бўлгани, сенга дардимни ёргандим, холос. Сен дарров: «Бу, Охуннинг иши! Ўшани маҳкам ушла!» дединг.
— Ўтган ишга саловат, — деди Маман, ўрнидан туриб. — Энди, оғайнилар, кетайлик. Мен ҳам уйимга барвақт етиб олай…
Ҳаммамиз ташқарига чиқдик. Одамлар ҳали кетишмаган экан. Тўда-тўда бўлиб олишиб, бугунги бош мавзуни муҳокама қилишарди. Қора «Волга» кетиб, қўтос бир ўзи қолибди. Маман қўтоснинг тўқим-терлигини ўнглаб, айилини тортиб, шай қилиб қўйди. Бу орада Пайиз билан Қорасоч келиб, бир четда шумшайиб туриб қолдилар. Уларни кўрган эл яна «ғимирлаб» қолишди.
— Бало экансан, Пайиз! — деди бир йигит.
— Сен, бача, суюнавер энди. Биздан калтак ейишдан қутулдинг, — деди синфдоши Содиқ. — Эҳ, сенинг ўрнингда мен бўлиб қолсам-чи!
— Эш-шак! — деди Маман Пайизга, ғижиниб. — Ўқиб одам бўлар деса, бунинг ҳунарини кўр… Мана, ушла буни! — Маман унга қўтоснинг жиловини узатди. Пайиз кутилмаган муштдан хавфсираб, жиловга қўлини чўзди.
— Кел, мин, — деб Маман Қорасочни қўлтиқдан олиб, қўтосга мингиза бошлади.
— Кийим-кечагимни олсам бўларди… — деб иккиланди қиз.
– Кийим-кечагингни ортингдан бериб юборишади, — деди Маман. — Ҳой, Тўлубой ака, қизингизни қақир-қуқурларини танишлар орқали бериб юборинг.
— Бериб юбораман, бериб юбораман, — деди мерган. — Боравер, қизим.
— Жўна! — деди Маман Пайизга.
Пайиз қўтосни етаклаб, йўлга тушди.
— Қани, шу икки ёшга фотиҳа бериб қўяйлик, — деди мерган қўлини дуога кўтариб. — Илоҳо, қўша қаринглар, этагингиз болага, оғилингиз молга тўлсин. Оллоҳу акбар.
— Оллоҳу акбар! — деди ҳамма, кимдир юракдан чиқариб, кимдир тил учида.
— Лалайган шўрпешона, — деди Маман мерганга қараб, — шу битта қизини ҳам эплай олмади.
— Унақа дема, Маман! — деди Мерган. — Сал ўйлаб гапир. Гуноҳ, фақат менинг қизимдами?
— Ғунажин кўзини сузмаса, буқача ипини узмайди.
Ҳамма кулиб юборди. Айниқса, болаларга худо берди.
— Болалар эшитдингларми? — деб қичқирди Содиқ. — Ғунажин кўзини сузмаса, буқача ипини узмас экан. Хоҳ-хоҳоҳо-о! Ғунажин кўзини сузмаса…
Маман менга қўлини узатди:
— Хайр, Охун!
— Хайр! — дедим мен.
Маман нарироқ бориб, ортига қайрилди.
— Айтгандай, сенинг хатингни ўз қўлим билан почтага ташладим.
— Қанақа хат? — дедим ҳайрон бўлиб.
— Пайиздан бериб юборган хатингни-да…
— Ҳа, энди эсимга тушди…
Маман «машҳур» келин-куёвлар ортидан йўлга тушди. Хат… Нималар деб ёздим экан? Жин урсин!

* * *

Тор ва узун дарё ёқалаб кетган иланг-биланг йўл. Йўлнинг икки томонида тоғлар ортимиздан эргашиб келмоқда. Чор тараф покиза, оппоқ қорга бурканган. Қор саҳнида беғубор январ қуёшининг нурлари жилваланади.
Қалин қорда машинамиз аранг ўрмалайди. Борлиқдаги улуғвор оқликка боқиб, хаёл дарёсига чўмгандим. Шофёр Шарипнинг икки кўзи йўлда. Эсингиздами, мени биринчи марта овулга олиб келган бола.
Бир маҳал, кузовдаги болаларнинг қий-чуви эшитилиб қолди.
— Ана, архарлар! — деди Шарип.
Эллик чоғли архар қаршимиздан чопиб ўтди.
— Архарлар… — дедим мен ҳам, уларнинг ортидан завқ билан.
— Эҳ, ҳозир милтиқ бўлгандами! — деди Шарип.
Қорнинг қалинлигидан, архарлар қийналиб чопишарди. Кўп ўтмай, улар қирга ўрлашди.
Архарлардан кейин, кўпга қадар гап-сўзга келмадик. Бир маҳал Шарип:
— Оғай, сиздан бир нарса сўрасам бўладими? — деб қолди.
— Нега бўлмасин?
— Шаҳарда, Бишкекда сизнинг севган қизингиз борми?
Мен жилмайиб, иккиланиб туриб:
— Бор, — дедим.
— Чиройлими?
— Чиройли.
— Ўта чиройлими?
— Ўта чиройли.
— Манави қизчалик борми? — деб, Шарип ойнага ёпиштирилган чиройли қизнинг фотопортретини кўрсатди.
Эътибор бермаган эканман, кабинанинг ичи шунақанги суратлар билан тўла экан. Суратлар ҳар хил журналлардан қирқиб олинган бўлиб, қизлар турли миллатдан, бари ёш ва гўзал эди.
Мен кулиб:
— Йўқ, менинг қизим бундан чиройли, умуман, бу қизларингни баридан сулув, — дедим.
— Эҳ! — деди Шарип ушкуриб. — Сиз қандай бахтиёрсиз!
Хиёл ўтгач, у яна:
— Айтмоқчи, сиз манови қизни танийсизми? — деб, бояги суратни кўрсатди. — У Бишкекда яшайди.
— Бу қизними? — деб, гўё, эсламоқчи бўлдим. — Кўзимга иссиқ кўринади… Шошма-чи… Йўқ, танимас эканман.
— Мединститутда ўқийди. Аълочи. Фақат «бешга» ўқийди. Фаоллардан, ҳар хил тўгаракларга қатнашади. Бекорга журналга суратини босишмайди-да.
— Сен буни қаёқдан биласан? Журналдан ўқидингми?
— Йўқ. Журналда суратгина берилган. Қолганларини ўзи ёзиб туради.
— У қиз билан хат олишиб турасанми?
— Ҳа. У жуда яхши қиз.
— Қолганлари-чи? Улар билан ҳам хат ёзишиб турасанми?
— Ёзгандим. Аммо, улар жавоб қайтаришмади.
— Исми нима?
— Ойгул. Яхши исм-а? Институтни тугатгач, сизларнинг Помирингизга дўхтир бўлиб бораман, дейди. Мен эса, биз томонларни ҳавас қила кўрма, дейман.
— Нега?
— Бу ерга келиб нима қилади? Бу ернинг нимаси яхши? Шу тоғларми? Бишкекдек катта шаҳарда яшаса. Эҳ, яхшида сизларнинг шаҳарларингизда, оғай…
— Нимаси яхши?
— Бари нарса яхши. Масалан, у ерда ҳар куни кинога, театрга, танцага борасан. Яхши кийинасан, каравотда ухлайсан. Ҳа, у ёқда ҳаёт умуман бўлакча.
— Ўзинг, Бишкекда бўлганмисан?
— Йўқ.
— Нега бормайсан?
— Бораман. Биратўла кетаман. Ойгул ҳам кел деяпти. Фақат, опам кўнмай турибди. Тепадан кабинани тақирлатиб қолишди. Шарип машинани тўхтатиб, бошини чиқариб:
— Нима бўлди? — деб сўради.
Унгача рўпарамга олтинчи синфнинг бир ўқувчиси келиб:
— Оғай, мен шу ерда қоламан, — деди.
— Етиб келдингми?
Бола боши билан «ҳа» ишорасини қилди. Атрофга қарасам, бирорта уй кўринмайди.
— Уйинг қаерда? Бу ерда ҳеч нарса йўқ-ку?
— Буларники нариги жилғада, — деди Шарип. — Ҳув, анов икки қўтос ўтлаб юрган ерда. Кўрдингизми?
— Яхши қол, — дедим болага. — Эсингда бўлсин, ўн иккинчи январга — менинг келишимга тайёр бўлиб тургин.
— Ўн иккинчи куни шу ерга келиб, машинани кутиб тургин, тушундингми? — деди Шарип ҳам.
Бола маъқул ишорасини қилиб, қўтослар ўтлаб юрган томонга кетди. Мен унинг елкасидаги бўр билан ёзилган «жинни» деган ёзувни ўқиб, кулиб қўйдим.
Машина ўрнидан қўзғалди.
Илгарилаганимиз сари, қор қалинлай берди. Бир қияликка келиб, машинамиз умуман юрмай қолди. Ҳаммамиз ерга тушиб, қум, тош қўлга нима илинса, шуни ғилдираклар тагига ташлаб ўтириб, аранг дўнгликка чиқиб олдик-да, яна машинага ўтирдик. Ерда фақат Содиқ қолибди.
— Сен нега чиқмадинг? — сўрадим ундан.
— Мен уйимга келиб қолдим, оғай, — деди Содиқ боши билан ишора қилиб. Мен Содиқ ишора қилган томонга қараб, олисда, жилғанинг қуймасидаги уч ўтовни кўрдим. Ўтовнинг олдида, бойловдаги от ва бир неча қўй кўринди.
— Яхши, боравер, — дедим.
Кейин этигимнинг қорини қоқиб, кабинага кирдим.
— Оғай, бизникига бориб, чой ичиб кетинг, — деди Содиқ.
— Раҳмат. Бошқа сафар.
Биз жўнаб, Содиқ жойида қолди. Кузовдаги ўртоқлари билан қўл силкиб, хайрлашди-да, ўтовлар томон кетди. Кабина ойнасидан унинг қалин қорда машаққат билан кетишини кузатиб борардим. Кутилмаганда, ўтовларнинг биридан аёл киши чиқиб, болага қараб юрди. Аёл қорнинг қалинлигига қарамасдан, деярли, югуриб келарди.
— Содиқнинг онаси, — деди Шарип.
Мен ҳам шундай фикрда эдим. Биз йироқлашган сари, она-бола бир-бирига яқинлашарди. Бора-бора, уларнинг қораси кичрайиб, оппоқ, бийдай далада, иккита тўп бир-бирига қараб юмалаб келаётганга ўхшарди. Кўп ўтмай, даланинг ўртасида икки тўп бирлашиб, ягона тўпга айланди. Айни дамда, машина кескин бурилиб, ягона тўп ҳам кўздан ғойиб бўлди…
Қош қорайганда бир дўнгликка чиқдик. Пойимизда кенг водий ястаниб ётарди. Водийдаги дўнгликлар ва водийни ўраб турган тоғларнинг чўққиларигина кўзга кўринади. Осмонда унда-бунда юлдузлар милтиллаб, тоғ ортидан ойнинг шуъласи мўралай бошлади.
Йўл бутунлай қорга сингиб, машина аранг жила бошлади.
— Бу қарғиш теккан водийга қор ҳамиша қалин тушади, — деди Шарип.
Ниҳоят, машинамиз қорга бутунлай тиқилиб қолди. Шарип қайта-қайта газ бериб, ҳеч нарса қила олмай, сўкинарди.
У кабинадан тушиб, машинани бир айланиб чиқиб:
— Оғай, машина бундан нари бора олмайди, — деди.
— Энди нима қиламиз?
— Яёв кетамиз. Чўпоннинг ўтовигача уч-тўрт километрча қолди.
Мен кабинадан тушиб, кузовнинг ортига ўтдим. Кузовда биргина Қўйчумон қолганди.
— Қўйчумон! Абдусаматов!
Қўйчумондан жавоб бўлмади.
Шарип моторни ўчириб, кузовга чиқди.
— Ҳой бола, тирикмисан?
— А-а, ҳа, — деган Қўйчумоннинг овози келди.
— Туш ерга, бу ёғига пиёда кетамиз.
Қўйчумон ерга тушди, Шарип кузовдан эски тўшак олиб, моторни ўраб-чирмади.
— Қандай, совқотмадингми? — сўрадим Қўйчумондан.
— Йўқ, оғай пичанга кўмилиб олдим.
Ой тоғдан кўтарилиб, унинг совуқ нурлари ўру-қирга бирдек тўшалганди. Шарип олдинда, йўлга тушдик.
Жимгина кетиб борардик, тўсатдан Қўйчумон:
— Қаранглар, бўри! — деб қолди.
Қарасак, нарироқда бир нарса кетаётибди.
— Бу бўри эмас, болакай, тулки, — деди Шарип.
Кейин тулкига қараб қичқириб, ҳуштак чалди. Тулки хийла ергача бепарво йўртиб боргач, тўхтаб, бизга қараб туриб қолди.

* * *

Биз етиб келган манзил катта дўнгликнинг тагида экан. Ой нурида тўдалашган қўй ва қўтослар ҳамда тўрт-беш ўтовнинг қораси кўринди. Мезбонлар ҳали ётишмаган экан, ўтовларнинг тундугидан***** учқун сачраб, тутуни кўкка ўрлайди. Бизни вовуллашиб итлар қарши олди.
— Сизларники қайси? — деб сўрадим Қўйчумондан.
— Мана, бу четдагиси, — деб боладан бурун жавоб берди Шарип.
— Йўқ, — деди Қўйчумон. — Уйимиз манови ердайди. Энди йўқ-ку, — деб, доирасимон ўтов ўрнини кўрсатди.
Шу пайт четки ўтовдан паст бўйли киши чиқиб:
— Кимсизлар? — деди.
— Бизмиз, почча, — деди Шарип. Кейин менга тушунтира кетди. — Бу ферма мудири туғишган опамнинг куёви.
— Э-э, бу Охун оғай-ку? — деди ферма мудири овозимдан таниб. — Қандай шамол учурди?
— Таътилга чиқдик, — дедим, унинг иссиқ қўлини олиб. — Ўқувчиларни ота-оналарига топшириб юрибмиз.
— Шундай совуқда сизга нима? — деди у. — Болалар ўзлари ҳам эплашарди. Ия, бу сенми, Қўйчумон? Кеча сеникиларни Белга кўчириб келдим. Қўзилатиш бошланиб, одам етишмай қолди. Энди сен у ерга ета олмайсан, машина боролмайди, от-улов йўқ. Ҳечқиси йўқ, сен таътилни бизникида ўтказиб, қайтиб кетаверасан. Қани, уйга киринглар.
Мен этигимнинг қорини тозалаб, хиёл энгашиб ичкарига кирдим.
Уйда ўттиз ёшлардаги истараси иссиқ, мўмингина аёл тўшак солиш билан овора.
— Ҳорманг, — дедим, енгил таъзим билан.
— Бор бўлинг, — деди аёл, билакузуклар тўла икки қўлини кўксига қўйиб, табассум билан. — Келинг. Тўрга ўтинг.
Мен оёғимга қарадим.
— Ҳечқиси йўқ, ўтаверинг, — деди у.
Мен тўрга ўтиб ўтирдим. Ёнимдан Шарип жой олди. У оёқларини узатиб, тахмонга йўланди. Кейин Қўйчумон кирди.
— Ҳорманг, — деди у, катталардек.
— Бор бўл, айланай, — деди аёл, унинг пешонасидан ўпиб. — Юқорига ўт.
— Қани, Омин! — деди мезбон қўлини очиб.
Ҳаммамиз фотиҳа қилдик.
— Хуш келибсизлар, — деди уй бекаси.
— Хушвақт бўлинг, — дедим мен.
Кейин аёл эшикка чиқиб кетди.
Мен уй ичига кўз югуртдим. Ўтовнинг ичиПомирдаги ҳамма ўтовлардагидек бир хил. Тўрда тахмон, қибла томонда усти каштали сочиқ билан ёпилган сандиқ, сандиқнинг устида коса, пиёлалар, транзистор, соат ва чироқ жойлашган. Эшикдан кираверишдаги кичкина тўсма ичида ўн чоғли қўзи, қўзиларнинг олдида бир тутам хашак.
— Хўш, мен айтган нарса нима бўлди? — деб сўради мезбон Шарипдан.
— Мен туман матбуот жамиятига бордим, ҳозирча биттасиям сотилмабди.
— Оғзингга шакар!
— Аммо, талабгор кўп экан, Қоракўлнинг раиси, Рангкўлдаги магазин мудири, Мурғобдаги чойхоначи… Бироқ, мутасаддилар, аввало, илғор чўпонларга, қаҳрамон оналарга, депутатларга сотамиз, ўшалардан ортсагина, бошқаларга сотилади, деяётган эмиш.
— Э, Худо, — деди ферма мудири кафтларини бир-бирига ишқаб. — Менга ҳам раҳмингиз келиб: Мени ҳам бир қўллаб юборсангиз… Оғай, сиз гап нимадалигини сездингизми?
— Қайдам…
— Иш бундай, — деди Берди. — Туманимизга бешта «Урал» мотоцикли келган. Шуларнинг биттасини сотиб олмоқчиман. Лекин, ҳозир эшитганингиздек, бизга ўхшаганларга сотишмаяпти. Шунинг учун, мен бир ҳийла ўйлаб қўйдим.
Хўжалигимизда Ўсмон деган чўпон бор. Унинг хотини шу ойда ўнинчи боласига кўзи ёрийди, яъни қаҳрамон она бўлади. Мен шу хотиннинг номига олмоқчиман. Тушундингизми?
— Тушунарли…
Эшикдан тезак кўтариб кирган хотини:
— Сизни Қолиқ бува чақиряпти, — деди эрига.
— Бойвучча, Ўсмоннинг болаларига чой, қанд дегандай, у-бу нарсалар тайёрлаб қўй-чи, эртага бир хабар олиб келай, — деди Берди, хотинининг сўзларига эътибор бермай.
— Вой, ўлай, кечагина бориб келган эдингиз-ку, — деди хотини норози оҳангда.
— Борсам нима қилибди? — деди эри, қўполроқ қилиб. — Буям кўзоғриқдай нарса, хоҳлаган пайтда туғиб қўйиши мумкин. Тўғрими, оғай?
Мен индамадим.
Ферма мудири ўрнидан туриб, эшикка йўналди.

* * *

Мен ташқарига чиққанимда, Қуёшнинг заррин нурлари оппоқ қорда ғужғон ўйнарди. Қўй-қўзилар маъраб, хотин-халаж бақириб-чақирган палла.
Уйнинг ёнида отни эгарлаётган Берди, йўл томонга қараб:
— Ҳо-ой, Қўйчумон! Қайт, орқангга! — деб қичқирди. — Қаранг, оғай, анови бола уйига жўнаворди.
Қўйчумон қалин қордаги ёлғизоёқ йўлда оҳиста кетиб борарди.
— Буни қайсарлигини кўринглар! — деди қўйлар орасида қўзи эмизиб юрган бир аёл.
— Отасига тортган-да, — деди иккинчиси.
— Ҳо-о-ой, бола! — деб яна қичқирди Берди. — У Белга бугун ета олмайсан!
Бола қайтмади. Менинг эса бунга кўнглим чидамасди.
— Отингизни бериб турмайсизми, шу болани ота-онасига топшириб келайин, — дедим Бердига.
Ферма мудири менга ҳайрон қолиб тикилди.
— Жоним билан берар эдим-у, — деди у, ҳижолат аралаш. — Лекин, ҳалиги кўп болали аёлга боришим керак. Бошқа ишлар ҳам керагидан ортиқча, ўзингиз биласиз, ҳозир қўзилатиш мавсуми… Уловсиз эса, уйдан эшикка чиқиш ҳам қийин.
Мен бошқа ҳеч нарса демай, Қўйчумоннинг ортидан жўнадим.
Ҳамма ортимдан ҳайрат билан қараб қолди.
Ўша куни ўқувчим иккимиз кечгача йўл юрдик. Тушгача ҳаво очиқ бўлиб, йўл азоби унча сезилмаганди. Туш оғиб, ҳориб-чарчаган пайтимизда, осмонни булут қоплаб, совуқ шамол эсиб, она сутимиз оғзимизга келди. Кечга яқин ўта қалин туман тушиб, йўлдан адашиб қолдик. Мени ваҳима боса бошлади. Лекин, буни ёш болага сездирмаслигим керак. Барака топгур Қўйчумон, ҳақиқий Помирнинг боласи экан. Қорни оч бўлса ҳам, сир бой бермайди. Мени босган ваҳима — қаҳратон қиш тунида, кимсасиз далада адашиб қолиб кетиш қўрқинчи унинг чеҳрасидан билинмасди. Аксинча, боланинг бу фазилати менга куч-қувват бахш этарди.
Гоҳ тепага чиқиб, гоҳ пастга тушиб, илгариламоқдамиз. Йўл бошловчи — Қўйчумон.
— Ҳой, бола, қаёққа кетаётганимизни биласанми, ўзи? — сўрадим, жаҳлим чиқиб.
— Менимча, тўғри кетаяпмиз, оғай, — деди Қўйчумон. Буни мени овутиш учун айтдими, ё, ўзини оқлаш учунми, билолмадим.
— Тўғри кетаётганимизни сен қаёқдан биласан, тўрт одим наридаги туя кўринмаса?
— Оғай, уй! — деб қичқирди Қўйчумон, менга жавоб бериш ўрнига.
Қарасам, ростдан ҳам, шундоқ, қаршимизда ўтов турибди. Суюнганимдан нафасим бўғзимга тиқилди. Дарров уйнинг эшигини топиб, ичкарига мўраладим. Кўзимга йигирма чоғли қўзи ва усти ёпиқ икки бешик кўринди. Ҳеч кимса йўқ. Мен Қўйчумонга савол назари билан қарадим.
— Яна бошқа уй бўлиши керак, — деди Қўйчумон.
Икки ёғимизга аланглаб, нари юрдик.
— Ҳеч ким йўқ, — дедим мен.
Шу пайт туман ичидан:
— Кимсизлар? — деган аёл кишининг овози келди.
Қарасам, ён томонимизда олтмишларга бориб қолган, новча, ориқ аёл турибди. Аёл ғамгин кўринарди. У, негадир, чилвир судраб олган бўлиб, чилвирнинг иккинчи учи кўринмас эди.
— Мен ўқитувчиман, — дедим. — Бу бола менинг ўқувчим. Биз Белга кетаяпмиз.
— Белга бугун ета олмайсизлар, — деди аёл. — Юринглар.
Биз унга эргашдик.
— Бу ерда шу биттагина уй борми? — сўрадим аёлдан.
— Нега битта бўлар экан? Ўнта, — деди у. Аёл ҳамон чилвирни судраб борарди.
Кўп ўтмай, иккинчи уйга дуч келдик. Аёл ўтовнинг эшигини кўтариб, ичкарига мўралади. Мен ҳам унинг елкаси оша ичкарига қараб, тўрда ўтиришган уч-тўрт ёшлардаги икки қизчани кўрдим. Қизлар кўкракларигача тўшакка ўралиб олишган эди.
— Патма опа, опам қачон келади? — деб сўради биттаси, йиғламсираган овозда.
— Ҳозир келади, — деди-да, аёл эшикни ёпиб қўйди.
Яна нари юрдик. Галдаги уйда етти ёшлардаги қизча бешик тебратиб ўтирибди.
— Ухлагани йўқми? — деб сўради ундан ҳалиги аёл.
Қизча бошини чайқади. Патма опа эшикни ёпди.
— Бу қизларнинг ота-оналари қаерда?
— Қўй излаб юришибди. Бугун тунда қўйларимиз қўрадан чиқиб кетибди.
Навбатдаги ўтовни Патма опа тезда топа олмади. Нари борди, бери келди. Тўхтаб, уёқ-бу ёққа қулоқ солиб кўрди. Бўлмагач, овоз берди:
— Берди! Ҳо, Берди!
Туман ичидан ёш боланинг:
— Ҳа-а! — деган уни эшитилди.
— Ўтиравер. Уйдан чиқмагин!
— Патма опа, печкага ўт ёқиб олайми? — деб сўради бола.
— Жўн ўтиргин! Ўтин йўқ, — деди опа.
Бола яна нимадир дегандай бўлди, лекин, аёл унга қулоқ солмади. Энди аёл қўлидаги арқонни турмаклаб, қисқарган сари, арқонга эргашиб кета бошлади. Гап нимада эканлигига фаҳми етган Қўйчумон, аёлнинг олдига тушиб, ипни «қувлаб», туманга сингиб кетди.
Арқон обдон узун бўлиб, охирига етгунимизча, икки юз метрдай йўл босдик. Иккинчи учи бир ўтовнинг эшигига боғлаб қўйилган экан. Аёл ўтовнинг эшигини кўтариб:
— Қани, кир! — деди менга.
Мен ичкари кирдим. Қўйчумон аллақачон печканинг олдидан жой олганди. Ўтов ичида уч бешик, бир нечта қўзилар ҳам бор экан.
— Тўрга ўт, — деди аёл менга. Кейин печкага қапишиб ўтирган Қўйчумонга: — Сен ҳам юқорига ўт. Э-э, ўт йўқ, печкага ёпишганинг билан! Кечадан бери ўт ёқилмаган. Ўтин тугаб қолди.
Аёл арқонни ерга ташлаб, печканинг эшигини очди. Печка ичида, бўлгани, бир тутам қуврай, қуврайнинг тагида газета парчаси бор экан. Аёл бизга бир қур қараб қўйди. Совуқдан юзларимиз кўкариб, лабларимиз гезариб кетганди.
Аёл бир ушкуриб, чўнтагидан гугурт олиб, печкадаги газетага ўт қўйди…

* * *

Мен итнинг вовиллашидан уйғониб кетдим. Ўтов ичи хийла илиб қолибди. Чироқ ёниб турибди. Қўйчумон ухлаб ётибди. Бешикдаги буваклар ҳам уйқуда. Тундаги аёл эса кўринмайди. Тўсатдан пойгоҳда уюлиб ётган таниш арқон илондек эшилиб ташқарига «ўрмалай» бошлади.
Ўрнимдан туриб, ташқарига чиқдим. Қоронғи тушиб қолибди. (Демак, биз, деярли, бир сутка ухлабмиз.) Ҳамон қуюқ туман. Қор севалаб турибди.
Остонада бирпас тургач, ерда биланглаб бораётган арқонни қўлимга олиб унга эргашдим. Кўп ўтмай, арқон мени тундаги аёлни олдига олиб келди. Арқоннинг адоғи унинг белида экан. Аёлнинг қўлида узун машъала. Дўнгда туриб олиб, олисда кимгадир, машъала билан, ниманидир ишора қиларди…
Мана, одатда сурувнинг раҳнамоси — серканинг бўйнида бўладиган қўнғироқнинг нозик «жиринг-жиринги», қўйларнинг маъраганию одамларнинг гангир-гунгир сўзлари, қулоққа чалиниб машъалалар оқими биз томон кела бошлади. Кўп ўтмай, аёл иккимиз қўйларнинг ўртасида қолдик. Машъалалар ёғдусида, кишиларнинг қораси кўриниб, гап-сўзлари ойдинлаша бошлади.
— Бизникига кириб, исиниб олинглар! — деди аёл уларга.
Ўзи уларнинг олдига тушиб, уйига қараб юрди. Унинг ортидан машъалалар эргашди. Ўтовга етишгач, ҳамма машъалаларини ерга ташлаб, ўзлари ичкарига ошиқди. Фақат икки-учта машъала қўйларнинг устида нари-бери бориб келарди.
Мен анчагача қор устида уйилиб ётган машъалаларга қараб туриб, совуқ егач, ичкарига кирдим.
Ўтовнинг ичи тирбанд. Ўтиргани жой йўқ, бўсағада туриб қолдим. Мени ҳеч ким сезмади ҳам. Ҳамма сукутда, бошлари хам. Кўринишлари аянчли, ҳориб-чарчаб силласи қуриган, совуқда қотишган. Олақуроқ жафокашлар: Қариси бор, ёши бор, эркаги бор, аёли бор… Кутилмаганда, уларнинг орасида эски танишларим — Пайиз, Қорасоч ва Маманни кўриб суюниб кетдим. Барчаси афтодаҳол. Жафокашларим…
— Вой, ўлмасам, меҳмон бўсағада туриб қолибди! — деди, печкадаги ўт билан овора бўлган Патма опа, мени пайқаб қолиб. — Қани, меҳмонга жой беринглар!
Ҳаммаси энди эътибор беришди.
— Охун! — деб хитоб қилди, менинг депутатим.
— Оғай, тўрга ўтинг, — дейишди Пайиз билан Қорасоч. Ўтирганлар йўл беришди. Мен депутатнинг ёнига бориб ўтирдим.
— Йўл бўлсин?! — деди Маман. — Нима қилиб юрибсан, бу ёқларда.
— Таътил бошланди, ўқувчиларни уйларига топшириб юрибман, — дедим, дунёдан бехабар ухлаб ётган Қўйчумонни кўрсатиб.
— Ҳа-а, Абдусамат чолнинг ўғли бу, — деди депутат болани таниб.
— Мунинг ота-онаси ҳозир Белда, — деди Пайиз. — Бу аҳволда Белга етиб бора олмайсизлар, оғай.
— Нега?
— Белгача бир довон бор. Ҳозир довондан ошмоқнинг иложи йўқ.
— Ҳечқиси йўқ, — деди Маман. — Таътилни бизникида ўтказиб, кейин кетаверасизлар. Келганинг улуғ иш бўлибди, Ойи! — Депутат Патма опага мурожаат қилди. — Қозонингни осиб юбор-чи?! — Отаси соқол-мўйлови оппоқ, дароз чол бўлиб, тасбеҳ ўгириб ўтирарди. – Бу йигит Бишкекдан келган ўқитувчи. Мен олиб келганман.
Отаси менга қараб, бошини аранг қимирлатиб қўйди.
Депутат белидаги катта пичоғини олиб, этигининг қўнжисидан қайроқ чиқариб, пичоқни қайрай бошлади. Ҳозиргина шалпайиб ўтирган Мамандан асар ҳам қолмаган эди.
— Хў-ўш, турмуш-тирикчилигинг қандай?! — сўради Маман.
— Раҳмат, ёмон эмас, — дедим, шунча одам туриб, фақат мен суҳбат мавзуи бўлаётганимдан андак ҳижолатда.
— Ҳеч ким хафа қилаётгани йўқми? Унақаси бўлса менга айтиб қўй, ўзим гаплашиб қўяман. Помирда мен билан ҳаммаси ҳисоблашади…
Шу чоғ меҳмонлар чиқиб кета бошлашди.
— Ҳай, ҳай! Бу нимаси?! Мен қўй сўйгани турибман, оғиз тегиб кетинглар.
— Раҳмат, Маман, уйларимизга борайлик-чи, — деди биттаси. — Бола-чақалар қай аҳволда…
— Майли, лекин, гўшт пишганда чақиртираман, келинглар.
— Хўп, оғай, яхши туш кўриб ётинг. Эрталаб бизникидан ҳам чой ичиб кетинг, — деди Пайиз.
— Яна, шундай кетаверманг, — куёвини қувватлади Қорасоч.
— Сизлар қаёққа? — деди Маман уларга. — Ё, сизларнинг ҳам йиғлайдиган болаларингиз борми? Қолиб, дастёрлик қилиб туринглар. Қорасоч, сен янгангга қарашиб юбор. Ҳой, тур энди, бешигингни ўмровлаб ўтира бермай! — деди у, боласини эмизаётган хотинига. — Пайиз, мен билан юр.
Икковлон чиқиб кетишди. Патма опа печкага қозон осиб, оловни кўтарди. Маманнинг хотини хамирга уннай бошлади. Қорасоч икки пақирни олиб ташқарига жўнади. Хонада, сўппайиб, мудраб ўтирган чолу мен қолдик.
Бир оздан сўнг, Қорасоч икки пақир қор олиб кириб, қозонни қорга тўлдирди.

* * *

Тун ярмида мени кимдир турткилаб, уйғота бошлади:
— Ҳой, тур, тур…
Кўзимни очсам, қаршимда Маман турибди.
— Ҳа, нима бўлди?
— Тис-ис-с! — деди у, бармоғини лабига босиб. — Секинроқ гапир, чол уйғониб кетмасин. Тур…
Мен ўрнимдан турдим. Уйдагиларнинг кўпчилиги уйқуда экан. Ўнг томонимда чол билан кампир. Чап томонимда — Қўйчумон. Унинг нариёғида Маманнинг хотини бешигини қучоқлаганича мудрарди.
— Нега уйғотдинг? — оҳиста сўрадим, ҳеч нарсага тушунмай.
— Ароқ ичамиз, — деди Маман.
— Топган вақтини қара-ю… — дедим-да, қайта ётмоқчи бўлсам, Маман кифтимдан ушлаб қолди.
— Қўй, ётма. Мен сени бир меҳмон қилайин деб турсам…
— Эртага ичармиз…
— Эртага бобой ичирмайди.
Ноилож, эгнимга чопонимни елвагай ташлаб, кўрпанинг устига ўтирдим.
— Қани, ҳалиги ароқни бер-чи, — деди хотинига.
Хотини турмоқчи бўлувди, боласи йиғлаб қолди.
— Ўзингиз ола қолинг, — деди эрига.
— Қаерга яширгансан?
— Жуннинг ичида.
Маман аста отаси билан онасининг устидан ҳатлаб ўтиб, қопдаги жуннинг ичидан бир шиша ароқ олиб келди.
— Кўпдан бери асраб юргандим, сенга насиб қилган экан, — деди жилмайиб.
У печканинг олдига дастурхон ёзиб, гўшт тўғради. Кейин иккита пиёлага лиммо-лим ароқ қуйди-да, биттасини менга узатди.
— Қани, омончилик учун!
— Бунча кўп қуймасанг?
— Қўявер. Қани олдик!
Иккаламиз бараварига кўтардик. Менинг нафасим қайтди. Маманни жин ҳам урмади.
— Иситмаси тушгани йўқми? — деб сўради хотинидан, гўштдан газак қилар экан.
— Тушмаяпти, — деди хотини.
— Иссиқроқ ўра, эрталабгача пасайиб қолар… Энди, сен ўтира тур, бача, мен бир қўйларимни кўздан кечириб келай.
У пойгоҳ томонда илиниб турган фонусни олиб, чиқиб кетди.
Оҳиста бешик тебратиб, нимуйқуда ўтирган аёлнинг олдида ёлғиз қолдим.
Бир пиёла ароқ мени тез сархуш қилиб қўйди. Кўнглим суҳбатдош қўмсаб қолди. Мамандан эса дарак йўқ. Кута-кута, кира бермагач, чала-чулпа кийиниб, ташқарига чиқдим. Чиқдим-у, санжоб бўлиб турган қўйларга мункиб кетдим. Қўйларнинг устида у ён-бу ёнга чайқалиб юрган фонус кўринди.
Мен қўйларни ёриб, уруниб-суруниб, Маманнинг ёнига бордим. Шу пайт Маман, ҳозиргина туғилган қўзичоқни топиб олиб, уни шилта-шалаббосидан тозалай бошлади. Мен унинг ёнида хийлагача инмадай турдим. Кейин:
— Ҳой, Маман, нега, шу қарғиш теккан Помирни ташлаб, бошқа ёққа кўчиб кетмайсизлар? — дедим.
Депутат ишдан тўхтаб, менга анграйиб қараб қолди.
— Помирни ташлаб? Нега энди, Помирни ташлаб?…
— Б-б… Бир яхшироқ, муқим яшайдиган уй-жой қуриб, экин-тикин экиб, боғ-роғ қиладиган ерга бориб ўтроқламайсизларми?
Депутат илгари бунақа гапни сира эшитмаган бўлса керак, ҳамон менга анграйиб қараб турарди. Ниҳоят:
— Қизиқ гап бўлди-ю, нима, сенинг-ча, бизнинг турмушимиз ёмон эканми?
— Бунақа яшашнинг нимаси яхши? Йил ўн икки ой ўтовда…
— Нима, сенга ўтовдагиси ёқмайдими? Тавба-а… — Депутат қўзини эмиза бошлади. — Ўтовдан ҳазар қилган қирғизни биринчи марта кўришим?
— Мен ҳам… — дедим. Гўё, гапимни биров бўлиб қўядигандек, шошиб сўзлаганимдан, нафасим етмай қоларди. — Мен ҳам ўтовини мақтамаган бирорта қирғизни кўрганимча йўқ. Қирғиз ҳамиша ўтовини мақтайди, ўтови билан фахрланади. Ҳамиша. Асрлар давомида шундай. Бошқа халқлар уйларини ёғочдан, тошдан, мармардан қуришади. Қирғизлар эса, алимсоқда ўтов деганни кашф этишган экан, шундан буён унга меҳр қўйиб, медасига тегмабди…
Маман: — Овсар, — деди, ҳазин жилмайиб.
— Айт-чи, — деб, давом этдим, — Сизларни бу ерларнинг нимаси ушлаб турибди?!
Маман кифтини учириб қўйди.
— Билмадим… Лекин, нега бу ерларни ташлаб кетишимиз керак эканлигини ўзим ҳам билмайман…
Бирпасдан кейин Маман қўзичоқни қўлтиқлаб ўрнидан турди. — Юр, энди уйга кирайлик.
Мен тарвузим қўлтиғимдан тушиб, унга эргашдим…

* * *

Биз, Қўйчумон иккаламиз, олдиндан башорат қилинганидек, Белга ета олмадик. Кейинги куни эрталаб, Маман бизни бир туяга мингаштириб, ортимизга қараб ҳайдади. Бироқ, туянинг кафолати Бердининг ўтовида тугар эди. Маманнинг кўрсатмасига биноан, ферма мудири бизга бошқа улов топиб бериб, туяни ортига қайтариши керак. Чунки, туя — Маманнинг овулидаги рўзғорининг ягона дастёри эди. Аксига олиб, ферма мудири уйида йўқ экан, у — бугун ҳам, ҳўв ўша, кўп болали аёлнинг кўз ёришини пойлаб кетган экан.
Шундай қилиб, туяни Бердининг қўрасига ташлаб, нари ёғига яёв кетдик.
…Қишлоққа кун ботганда кириб келдик. Кўча-кўйда бирорта зоғ кўринмайди. Қўйчумонни ётоғига ташлаб, уйимга қараб кетдим.
Уйимда мени ажойиб бир янгилик кутиб турган экан: уйнинг эшиги очиқ, токчадаги чироқ ёниб турибди. Печкада олов гуриллаб, устида чой қайнамоқда. Уй ичи ёғ тушса ялагудек. Ашқол-дашқолларим батартиб — жой-жойида. Энг қизиғи — менинг ғариб жомадоним ёнида охори тўкилмаган яна битта жомадон пайдо бўлиб қолибди. Ҳайратдан лол бўлиб қолгандим. Бир зумда минг бир кўчага кириб чиқдим, барибир, янги жомадоннинг таъбирини топмадим. Кутилмаганда илмий мудирнинг кириб келиши, мени боши берк кўчадан олиб чиқди:
— Ҳайрон бўлиб турибсизми? — деди Мамит ака, кулимсираб.
— Нимасини айтасиз…
— Сизни йўқлаб Бишкекдан бир қиз келди.
— Ойша! — деб қичқириб юбордим. — Қаёққа кетди ўзи?
— Ҳозиргина магазин томонга кетаётувди.
Мен бошқа сўзга келмай, уйдан учиб чиқиб, магазинга қараб чопдим. Ўрда ўйналадиган майдонга етганимда, бировнинг қораси кўринди. Қарасам, Ойша экан. Қучоғи тўла қоғозга ўралган у-бу нарсалар. Ҳе йўқ-бе йўқ, белидан олиб кўтардим-да, чирпирак қилиб айлантира бошладим.
— Охун! — деб қичқирди Ойша, қувонч билан. — Тўхтаб тур, жинни, ҳаммасини сочиб юбординг!
Ростдан ҳам, қучоғидаги нарсалар ерда сочилиб ётарди.
— Ойдиним, — дедим, уни ерга қўйиб, манглайидан ўпиб, — Ойдиним!
Ойша ҳам мени бир ўпиб олди-да, ерда сочилиб ётган чой, қанд, печенье ва консерваларни тера кетди. Мен ҳам унга ёрдамлаша бошладим. Айни дамда мени фақат севинч ҳисси қамраб олган эди. Ойша бу ерга нега келди, энди бу ёғига иккаламиз нима қиламиз, бу ҳақда ўйлаш хаёлимга ҳам келмасди. Қалбимда фақат севинч ҳоким. Помирга келганимдан бери ёлғизлик, қалбимга яқин кимсага бўлган интизорлик мени эзиб келаётганини энди аниқ ҳис этдим.
— Уят иш бўлди-да, анов кишилар қараб туришибди, — деди Ойша.
Қарасам, магазиннинг ёруғ айвонида директор, магазинчи ва мерган учаласи бизни жимгина томоша қилиб туришарди.
Мен атай, уларга басма-басига Ойшани яна бир бор ўпиб қўйдим.
ОЙДИНИМ!..

Қирғиз тилидан Қурбон Саттор ва Турсунбой Адашбоев таржимаси
_____________
* Т у т а к – баланд жойларда ҳаво етишмаслиги касали.
** О ғ а й – муаллим, ўқитувчи дегани.
*** Ў р д а – ошиқ отиб ўйналадиган миллий ўйин.
**** И з о ҳ – муаллиф юқорида қолоқ ўқувчи воситасида, Лермонтовнинг «Елкан» шеърининг сатрларига Пушкиннинг «Сибир конларининг тагида» сатрини тиркаб, қойилмақом юмор яратган эди. (Тарж.)
***** Т у н д у к – ўтов шифтидаги доирасимон туйнук.