Бир омадсизлик келса устма-уст келавераркан. Ўша кун Камоллар бизникига меҳмонга келишганида уйда бирорта егулик қолмаганди.
Аёлим нима қилишни билмай:
— Югур, баққолдан консерва олиб кел, — деди ўғлимизга.
Болакай кетишга тараддудланаркан:
— Нима консерва олиб келай ойижон? — дея сўради.
— Нима топсанг олиб келавер, дўлмами, ловиями, фарқи йўқ…
Ўғлим югуриб кетди. Биз бир тўп меҳмонлар билан катта меҳмонхонада ўтирардик. Камол соатига қаради, егулик кеч қолаётганидан сиқилаётганини юз-кўзидаги ифодадан билиб олиш қийин эмасди. Бу қанақа хонадон бўлди-а? Уйда учта аёл бору битта дастурхон тўшай олишмади. Соат тўққизга яқинлаяпти. Меҳмонларни бироз алдаб турмоқ учун шеъриятдан гап очдим. Тўғрида, бошқа нима ҳақида гапирардим, ҳар ҳолда шеър ҳақида сўз очилса суҳбат узунроқ бўлади.
Бир маҳал ташқаридан ғала-ғовур, камига тарақлаган овоз эшитилди.
Камол кулимсираб:
— Қўшниларингиз уйида устахона очди шекилли-а, — деди.
Ошхонадан ҳам кимларнингдир узун-юлуқ суҳбати эшитилди:
— Аҳмоқ, ундай очилмайди ахир… Очқич қаерда, бор, топ.
— Менга беринг, ўзим биламан қандай очишни.
— Йўқ, пичоқ олиб кел, ўзим очиб бераман сенга…
Тинчликмикан, нималар бўляпти ўзи, дея ошхонага кирдим. Кирибоқ турган жойимда қотиб қолдим, қарасам, аёлимнинг қўлидан қон оқиб ётибди, ерда эса бир консерва, ёнида теша, пичоқ, болға, очқич ётибди…
— Бу қандай шармандалик, — дея бақирдим, — меҳмонларнинг овқат кутавериб тоқати тоқ бўлди, сиз бу ёқда битта консервани очолмай тортишиб ётибсизлар, устига-устак ҳамма ер қон. Нима деган гап бу?!
Онам барибир қайнона эмасми, ўз анъанасига содиқ қолиб:
— Мен айтдим, — деди, — консерва бундай очилмайди ахир.
Қизим онасининг қонаётган қўлини боғлай бошлади, онам эса очқични олиб, бир тарафдан консервани очишга, бир тарафдан ғўлдирашга тушди:
— Ҳар бир ишнинг ўй йўли бор. Ҳеч замонда болға билан очилганми консерва?
Кўп гапириб ўтирмай ўзи ишни қотирмоқчи бўлди, бироқ минг уринса ҳам очолмади, бармоғини ҳам кесиб олди, э қуриб бит, дея консервани бир тарафга, очқични бир тарафга отиб юборди.
Бироз туриб яна тилга кирди:
— Ҳозирги консерваларни қандай ясашяпти ўзи-а? Эски консерваларни қўлингга олиб, “бисмиллоҳ” деб очқич билан бир бурасанг бўлди эди, тамом, қоғоз каби йиртилиб кетаверарди.
Қизим бу сафар онасини ёлғиз қолдириб, бувисига ёрдамга шошилди.
Энди сўз навбати менга келганди. Консервани келтирган ўғлимни қош чимириб, ғазабланиб тергай бошладим:
— Ақл-пақл деган нарса борми ўзи сенда? Одам консерва олганида баққолга очтирмайдими ахир? Мия йўқ сенда, мия… Ол буни, югур, кетиб қолмасидан олдин баққолга очтириб кел.
— Ота, ахир менам айтдим очиб беринг деб, кўнмади баққол.
— Нега очмас эмиш, нега кўнмади?
— Очмас экан… Чунки, ўтган куни шогирди битта консервани очаман деб томирини кесиб олибди, тез ёрдамда зўрға касалхонага етказиб боришибди. Мен жонимни кўчадан топиб олганим йўқ, деди баққол.
— Бор дедимми, бор. Мендан салом айт, тезроқ очиб бемасангиз бўлмас экан, уйда меҳмонлар бор дегин.
Ўғлимни жўнатиб, меҳмонлар ёнига қайтиб кирдим. Камол шовқинимизни эшитган шекилли:
— Тинчликми ишқилиб? — деди, — дастурхон учун ҳижолат бўлманг, вақт алламаҳал бўлиб қолди, бизам уйга қайтайлик энди.
— Ҳечамда, қўйиб юбориб бўбман. Қаерга борасиз? Бизнинг ўғил бироз ақлсизда, консерва келтирган экан баққолдан очтирмай, аёлим очаман деб қўлини кесиб олди, онам ҳам ишга қўшилди, эплолмади, у ҳам яраланиб энди четда жим ўтирибди. Ҳозир бошқатдан жўнатдим баққолга, дарров очтириб келади худо хоҳласа. Ақлсиз бошнинг жазосини оёқ тортадида.
Камолнинг хотини ўнғайсизланиб:
— Бекор жўнатибсиз болани, — деди, — баққоллар ҳозир консерваларни очмай қўйишган. Тунов кун қўшниларимиз бир қути сардина олишган экан, бутун маҳалла бир бўлибам очолмадик.
Камол чўнтагидан занжирга боғланган бир катта чаққи чиқарди. Чаққининг тўрт-бешта учи, бир нечта бўлаги бор эди.
Аёлига кўрсатиб:
— Буни кўряпсанми? — деди, — бу билан нафақат консервалар, ҳаттоки сейфни ҳам очса бўлади…
Камолнинг ёнида ўтирган укаси ҳам чўнтагидан ўша чаққининг кичикроғини чиқариб:
— Ака, сизники ҳеч гапмас, — деди, — уни кўтариб юришни ўзи бир иш. Қаранг, бу кичкинагина, бироқ каромати кўп. Бу тили билан банкаларни очсангиз бўлади, буниси билан ҳар қандай қутини, буниси эса ҳатто эшикларни ҳам очади. Масалан, уйда бир кун шкафнинг калити йўқолиб қолди денг, мана шу тилини тиққандим, очилди-қўйди. Бунинг нақ 14 хил каромати бор. Америкадан уйга қайтишда олгандим. Менимча, ҳар бир одамнинг ёнида шундай қуроли бўлгани маъқул.
Камол:
— Менга отамдан қолгани ҳам бўлаверади, — деди, — отамдан ёдгорлик бу. Нафақат консерваларни, керак бўлса петрол бакларини ҳам очади. Нима шубҳанг борми?
Суҳбатнинг шу жойида ҳаллослаб ўғлим кириб келди.
— Нима бўлди, очтирдингми? — дея сўрадим тутоқиб.
Ўғлимнинг қўлидаги консерва яхшилаб муштланган, шекилли, қийшайиб, икки томони ўртага келиб қолганди.
— Қирраси қўлини кесиб юборди ота баққолнинг, кейин бу консервани ҳам, ишлаб чиқарганни ҳам, олганни ҳам… дея сўкиб, қарғаб консервани отиб юборди.
Камол кулгудан ўзини тутолмай,
— Қани, менга узатчи, — дея отасидан қолган қуролини чўнтагидан чиқарди. Тиззасини қутига тиради ва қадимий чаққисининг учини устига тўғрилади.
Бир тарафдан очишга уринса, бир тарафдан ярамас баққолни қарғай бошлади:
— Эшакмия, яна баққолмиш булар… Ҳайф сендай баққолга, ҳайф… Оҳ, тиззам, оҳҳ-ҳ тиззам…
Баракатли уйда албатта дори-пори бўлиши керак, тиззаси кесилган Камолга ёрдам бериш учун нариги хонадаги дори қутидан йод келтирдик ва кесилган жойга қўйдик. Шими қандай йиртилганини бир кўрсангиз эди…
Камолнинг тоқати тоқ бўлди, яна ғўлдирашга тушди:
— Консерва қутиси эмас, пўлат сейф бу, пўлат сейф, ярамас. Нари борса уч ё тўртта дўлма бор ичида, бунчалик қаттиқ ёпишга бало борми?
Камолнинг укаси:
— Мана шунда бир кўрайчи, Америкадан келтирганмана, ғаройиб чаққи бу, — дея ишни қўлига олди.
Америка чаққиси ҳам ишга ярамади, у ёғидан тиқди, кирмади, бу ёғидан очмоқчийди, уям бўлмади.
— Вой онасини… — дея сўкинган бўлди Камолнинг укаси, — теша борми уйда, теша? Абжағини чиқараман буни ҳозир…
— Дўлмалар эзилади, эзилса очгандан нима фойда? — дедим юз-кўзимни буриштириб.
Камолнинг хотини:
— Яхшиси мих керак, қаттароқ мих…
Ҳамма ўзини уни очишда синаб кўрар, ким теша билан урар, кимдир мих билан тешмоқчи бўлди.
Қўлларидан консервани юлқиб олдиму тўғри ошхонага кирдим. Суяк майдалашда ишлатадиган чопқим бор эди, синалмаган битта ўша қолганди уйда, қўлимга олдим. Қаршимдаги консерва эмас гўёки бир душман эди. Энди уни очишни эмас, эзғилаб ташлашни хоҳлардим. Чопқи билан ура бошладим, бир урдим, икки урдим, учинчи урганимни биламан консерва учиб кетди. Аввал шифтга қараб учди, кейин деворга, шундаям тўхтагани йўқ, билярд шари мисол чирпираб бошимга келиб урилди, сўнг ерга тушди. Бошимни чанггаллаб ўтириб қолдим:
— Тфу, ярамас, қуриб кет.
Меҳмонхонага қайтганимда пешонамда ёнғоқ катталигида шиш пайдо бўлганди.
Камол:
— Буни чилангардан бошқа бироқ очолмайдиёв, — деди.
Аёлим ҳам сўз жуфтлади:
— Айтганча, чилангир деганингизга эсимга тушиб кетди, пастки қаватда яшайдиган қўшнимизнинг эри темирчи, олиб борайми, балки оча олар.
Ҳар тарафидан зарба еявериб қийшайиб, букчайиб кетган қути гўёки портлаши кутилаётган қўлбола бомба каби ерда ётар, уйдаги тўққиз киши атрофига тўпланиб, қўрқув ва ҳавотир ичида унга боқардик.
Аёлим уни темирчи қўшнимизникига чиқаришга ҳозирланаётганида эшиқ қўнғироғи чалинди.
— Юқорида ҳар хил шовқинни эшитдик, тинчликми ишқилиб, деб чиқиб келавердик…
Бу ўша темирчининг аёли эди. Очиғини айтсам, мен консерванинг очилишидан умид узган, бироқ унинг ичидаги дўлмаларнинг ҳоли нима кечдийкан деб қизиқардим. 5-6 дўлма учун шунчалик уриниш, шунчалик жароҳатлар, арзирмикан…
Аёлим темирчининг аёлига барини бир бошдан тушунтира бошлади:
— Оҳ, сўраманг қўшнижон, — деди хотиним сўзини якунларкан, — барчамиз қон ичида қолдик, кимнингдир қўли кесилди, кимнингдир боши ёрилди.
Аёл:
— Воҳ, бечорагиналара… — деди ачиниб.
— Сизнинг хўжайин оча олармикан-а?
Камол ўртага қўшилиб,
— Агар темир бурғуси бўлса, балки оча олар, — деди.
Укаси ҳам гапга қўшилди:
— Буни бурғу билан очиб бўлмайдиёв, — деди, — бунга темир қалам керак менимча, устига қўйиб, орқасидан болға билан урилса очилади албатта.
Аёл:
— Афсус, хўжайиним уйда эмасда, уйда бўлса албатта очиб берарди, — деди, — бироқ уйда шогирди бор. Мен ҳозир тушиб, уни чиқариб юбораман, балки оча олар.
— Йўқ-йўқ, хонимафанди, ахир бу шогирд қила оладиган иш эмас.
— Жуда меҳнатсевар бола, ўзи ўн икки ёшда, аммо қўлидан ҳар нарса келади. Яқиндагина қишлоқдан келди. Бечора ўқишни эплолмабди, шунга касб ўрганаман деб келибди…
Аёл гапини тугатар-тугатмай уйдан чиқиб кетди. Беш дақиқадан кейин қоқсуяк, қоравой бир болани бошлаб келди. Болага мийиғида кулиб:
— Юсуф, шу қутини очиб бер ўғлим, — деди.
Биз барчамиз ерда қийшайиб ётган консервага жон олувчи бир машина каби улкан қўрқув ичида бокардик. Болакай бизнинг афтода ҳолимизга қора кўзларини катта очиб, ҳайрон-ҳайрон тикилди. Сўнгра ердан қутини олиб, ҳар тарафига айлантириб, кўрикдан ўтказа бошлади.
Ҳаммамиз бир фикрни қўллаб-қувватлаб, ўртага ташлардик: “Бирор бир асбобсиз очилмайди ўғлим…”, “Тавба, кап-катта инсонлар очолмадик, бу бармоқдай келадиган бола қандай очсин?”, “Болажоним, қўйсангчи шуни, бирор ерингни кесиб олма тағин…”
Болакай қийшайверганидан ранги ўчиб кетган консервани чап қўлига олди, ўнг қўли билан худди қоғоз йиртган каби қутини очди ва бизга узатди:
— Марҳамат!
Ҳайратдан кўзларимиз косасидан чиқиб кетай дея сўрадик:
— Ё тавба, болам, қанақасига, қандай очдинг?
Болакай:
— Нима бало ўқишни, ёзишни билмайсизларми? — деди, — манаку, ёзиб қўйибди устига қандай очилишини.
Ҳақиқатда консерванинг устида қуйидагича ёзув бор эди: “Консервани очиш учун тутқичидан тутиб қарама-қарши тарафига секингина тортинг”.
Шу пайтгача қилган аҳмоқона уринишларимизни ўйлаб хаёлга толганимиздан темирчининг шогирди уйдан қандай қилиб чиқиб кетганини ҳам сезмай қолибмиз. Унга миннатдорлик билдиришга ҳам улгурмабмиз…
Турк тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси

