Габриэль Гарсиа Маркес. Уйқудаги гўзал (ҳикоя)

У жуда чиройли, чиккабел, навниҳол эди. Буғдойранг чеҳраси мулойим, кўзлари шишадай тиниқ, нозик елкаларини бегона нигоҳлардан яширгувчи қоп-қора, майин сочлари, ҳусни малоҳатида инсониятнинг уйғониш даврига хос недир бор эдики, бу синоатга индонезиялик ёҳуд испантилли бирор миллатнинг қони аралашгани сабабдир. Дид билан кийинган: силовсин мўйнасидан нимча, асл жужунчадан кумушранг кофта, жайдари матодан шим ва ўкчаси пастроқ қирмизи туфли. Парижнинг Шарл де Голл аэропортида Нью-Йоркка учадиган тайёрага чиқиш учун навбатда турганимда, сулувнинг сиртлондек оҳиста одим отиб кетаётганига кўзим тушиб: «Бунчалар чиройли бўлмаса!», деган фикр хаёлимдан ярқ этиб ўтди. Лаҳзадан сўнг ғаройиб фаришта издиҳомга сингиб кетди.

Эрталаб соат тўққиз. Оқшомдан бери ёғаётган қор кўчалардаги тирбандликни ошириб, буғ кўтарилаётган енгил автоларни эмаклатиб ташлаган, йўл ёқасида серрайиб қолган юк машиналарининг устига қалин кумуш кўрпа ёпган. Аэропорт биносига дахл қилишга гўё бўронвар фаслнинг ҳадди сиғмагандай, ичкарида фусункор баҳор ҳукмрон.

Навбатим қарийб бир соатдан бери ўн битта чемоданининг   вазнини белгиланган меъёрлардан енгил деб тортишаётган  голландиялик кампирдан кейин эди. Зерикиблар кетдим. Бир пайт денг, қароғимда шундай манзара намоён бўлдики, юрагим ҳаприқиб, хаёлим қочганидан кампиршонинг машмашаси қандай тугаганини сезмай қолибман. Хизматчи хоним ҳардамхаёллигим учун таъналар ёғдириб, мени еттинчи осмондан ерга тушириб қўйди. Узр айтиш ўрнига, ундан: “Бир кўришдаёқ севиб қолиш мумкинми?”, деб сўрабман. «Албатта, – деб жавоб қилди хоним. – Бошқача бўлишига ишонмайман». Компьютерининг мовий чеҳрасидан кўзини узмай, қаердан – чекадиганларми ёки чекмайдиганлар орасидан жой беришини сўради.

– Фарқи йўқ, – деб очиғини айтдим. – Фақат ўн битта чемоданга дуч келмасам бўлгани.

У менга ёруғ экрандан нигоҳини узмай, хизматчиларга хос ўта расмий табассум ҳадя этган бўлди.

– Жойни танланг, – деди. – Уч, тўрт, етти.

– Тўрт.

Унинг табассуми энди анча жозибали тус олди:

– Ўн беш йилдан бери ишлайман. Етти рақамини танламаган йўловчини биринчи кўришим.

У талонга жой рақамини белгилаб, бошқа қоғозлар билан бирга узатар экан, менга андак термулиб қолди. Хаёлимни ўғрилаган ҳурилиқо ғойиб бўлганидан надомат чекиб турган жойимда ходиманинг нигоҳи кўнглимга таскин бергандай туюлди. Ходима аэропорт ёпилгани ва барча рейслар кечиктирилишини айтди.

– Қачон учарканмиз?

– Насиб этган пайтда, – деди у жилмайиб. – Эрталаб радиодан жорий йилнинг энг қалин қори ёғишидан хабар беришган эди.

Хабаркашлар адашган экан: бундай мўл қор юз йилда бир марта ёғса бордир. Шундай бўлса-да, биринчи тоифали чипта насиб этган йўловчиларнинг кутиш толорида кўклам ўз сепини беармон ёйган, гулдонларда чечаклар барқ урган, карнайлардан таралаётган мусиқа ҳам яратмишлари орзу қилгани каби кўтаринки ва оромбахш оҳангларга сероб. Фаришталар фароғатига мос жой-ку, деган хаёл кўнглимдан ўтди-ю, дадиллигимга ўзим тан бериб, маликаи гулрухсоримни толорма-толор излашга тушдим. Бироқ кутаётганларнинг аксарияти одми ҳаётга мансуб жўнгина эркаклар бўлиб чиқди. Улар инглиз тилидаги газеталарга нигоҳларини тиккан бўлсалар, аёллари кенг-мўл деразалардан қалин қор тагида қолган тайёралар ва музлаб ётган фабрикаларни томоша қилароқ бошқа эркаклар ҳақида хаёл сураётганга ўхшарди. Пешиндан кейин кутиш залида бирорта бўш жой қолмай, одам дегани тиқилиб кетди. Кўклам жазирама саратонга дўниб, диққинафаслик азобга айланди ва мен ўпкамга  ҳурлик истаб, эшикка қараб юрдим.

Надоматларки, қаршимда намоён бўлган манзаранинг олдида  ичкаридагиси ҳолва экан. Толор деганнинг ҳаммаси турли ирқ ва динларга мансуб турфа хил одамларга лиқ тўлган. Бечоралар дим йўлакларда, зиналарда болалари, жониворлари ва лаш-лушлари билан юмалаб-қоришиб ётарди. Шаҳар билан алоқа узилиб, шаффоф ойналару пластикдан бунёд этилган саройимизнинг бўронда қолган баҳайбат фазо кемасидан фарқи кам. Интизор излаётганим – сулувларнинг сулуви қаердадир шу атрофда, хаёлга толган кутарманлар орасида бўлса керак, деган умид қутқуси менга ҳафсалаю ғайрат бағишларди.

Тушлик маҳали биз ҳалокатга учраганларнинг аҳвол-руҳиятини тақир англадик. Етти ресторан, қаҳвахона ва майхонанинг остонасида узундан-узоқ навбатлар пайдо бўлди, уч соат ўтар-ўтмас ҳаммаси тақа-тақ ёпилди: на овқат ва на ичимлик қолди. Гўё курраи заминдаги жамики гўдак зоти шу ерга йиғилгандай тирмизакларнинг ҳаммаси бирдан биғиллаб йиғлашга тушди.  Халойиқдан кўтарилаётган уфунат қоромол подасини эсга соларди. Савқи табиийга эрк беришдан ўзга чора қолмади.  Одамлар дувуридан топган бирдан-бир егулигим болалар растасидаги охирги икки стакан музқаймоқ бўлди. Хизматчилар курсиларни йиғиштириб, оёғини осмондан қилиб столлар устига тахлаётганида пештахта олдида музқаймоқни паққос туширар эканман, қаҳвахонанинг тўридаги кўзгуда ўзимни томоша қилардим: қўлимда охирги картон қошиқча билан охирги картон стаканча, хаёлимда эса гўзал фариштам.

Нью-Йоркка эрталаб соат ўн бирда парвоз қилиши шарт бўлган тайёрамиз оқшом соат саккизда учди. Ниҳоят, ичкарига оёқ босганимда биринчи тоифали чипта эгалари аллақачон ўз жойларини эгаллаган экан. Парвозбекаси мени жойимгача кузатиб қўйди. Юрагим ёрилиб кетишига сал қолди: ёнимдаги ўриндиқда соҳибжамол маликам тажрибали сайёҳларга хос хотиржамлик билан ўтирарди. «Шундай деб ёзсам, инсон зоти ишонмайди», деб ўйладим. Тортиниброқ салом берган эдим,  маликаи ёндошим илтифотимни пайқамади. Гўё, шу ўриндиқда узоқ йиллар яшашни ният қилган: буюмларини шундай тартиб билан жойлаштирардики, бамисоли самолётда эмас, уйида ўтирибди –  жамики нарса-қораси қўли остида бўлиши шарт. Сулувларнинг сулуви айни юмуш билан банд эканида, парвозбеги йўловчиларга илтифот кўрсатиб, ҳаммани шампань деб аталмиш майи ноб билан сийлади. Ёндошимга меҳрибонлик қилмоқ ниятида яна бир қадаҳни олдим-у, ўйланиб қолдим. Аён бўлдики, ҳамроҳим бор-йўғи бир пиёла сув ичмоқчи.  Парвозбегидан эса аввалига ўзи билмайдиган француз, кейин тиши яхши ўтмайдиган инглиз тилида – парвоз якунигача уни асло безовта қилмасликни сўраган. Гўзалнинг сипо ва майин овозида шарқона маъюслик сезиларди.

Сув келтиришганида у пардоз қутичасини ва бувиларнинг бўғчасини эслатувчи мис гўнияли бежиримгина сандиқчасини очиб, турфа рангдаги дорилар орасидан иккита зарҳал садафдори олди. Буни гўё дунёга келганидан бери фақат шундай юмушлар билан шуғулланиб келаётгандай тартибу таомилини жойига қўйиб бажарди. Сўнг, иллюминатор пардасини тушириб, ўриндиғининг суянчиғини охиригача ётқизди, туфлисини ечмай, адёлни белигача ёпди ва кўзниқобни қовоғигача бостирди-да, менга орқа ўгириб,   ўша  заҳоти уйқуга кетди. Нью-Йоркка етгунимизча ўтган саккиз соату ўн икки дақиқа давомида бирор марта бўлсин на уйғонди, на хўрсинди, на ён-верига ағдарилди.

Парвоз қийин кечди. Бу оламда аёл кишидан гўзалроқ хилқат йўқлигига аллақачон амин бўлганим учун ёнимда ором олаётган афсонавий паризоднинг жозибаси мени бир лаҳза бўлсин тарк этай демасди. Ердан кўтарилишимиз билан қораси кўринмай қолган парвозбегининг  ўрнига пайдо бўлган парвозбекаси пардоз анжомлари ва мусиқа қулоқчинлари жойланган халтачани бериш учун ёндошимни уйғотишга уринди. Ҳамроҳим парвозбегига тайинлаган  илтимосини такрорладим. Бироқ парвозбекаси нима дарди бўлса, ҳатто кечки тановулни рад этишини ҳам, ҳамроҳимнинг шахсан ўзидан эшитишни истарди. Етиб келган парвозбеги ҳамроҳимнинг ўкинчини такрорлар экан, уйқудаги маликамизнинг бўйнига “Безовта қилманг!” деган лавҳачани осиб қўймаганим учун мендан ўпкалади.

Мабодо ухламаганида унга айтишим мумкин бўлган гапларимни ичимга ютиб, ёлғиз ўзим овқатландим. Париваш шу қадар қотиб ухлардики, ўлиб-нетиб қолмадимикин, деган хавотирга ҳам бордим. Ҳар қултум майи ноб олдидан қадаҳни кўтариб, тилак тиладим:

–  Саломат бўлгайсан, эй соҳибжамол!

Кечки овқатдан кейин чироқлар хира тортиб, фильмнинг овози ўчирилгач, тайёрамизда қош қорайди. Юз йилликнинг энг  даҳшатли бўрони ортда қолиб, Атлантика уммонини бепоён  ва мусаффо тун оғушига олди. Учоғимизнинг эса юлдузлар чаманини тарк этгиси йўқдай. Анча маҳалгача ҳамроҳимга бошидан-оёқ,  ҳар бир суямигача маҳлиё тикилиб тўймадим: тирикликнинг бирор аломатини пайқаган бўлсам, қиз кўраётган тушларининг пешонасидаги сезимли-сезимсиз жилвасини айтишим мумкин. Жилваки булутларнинг сувдаги элас-элас сояси янглиғ.

Бўйнидаги нозиккина занжирчасини олтинсимон терисидан фарқлаш қийин. Ўзига ярашган қулоқларида зирак изи йўқ. Пуштиранг тирноқлари эсонлигидан далолат бериб турган бўлса, чап қўлида – силлиқ узукча. Унга йигирма ёшдан кўп беролмайсиз. Шундай экан,  бармоғидаги  никоҳ узуги эмас, нари борса, унаштириш аломати бўлса керак, деган ўй билан ўзимга таскин бергим келарди. Шампандан ҳўплар эканман: «Нетайки, қўлларим етмайди сенга, ёнимда паришон чўзилган жонон, фақт эркалайман нигоҳим билан», деб Херардо Диегонинг сонетидан сатрларни хаёлан такрорладим. Кейин ўриндиғимнинг суянчиғини унинг ёнига текис туширдим. Қарасам, биз бир тўшакда ётган жуфти ҳалоллардан ҳам яқинроқ бўлиб қолибмиз. Унинг илиқ нафаси овозига монанд, вужудидан таралмиш тафт  табиий гўзалликнинг эрка ифори эди. Ўтган баҳорда мен япон адиби Ясунари Кавабатанинг мол-дунё қутуртирган киотолик икки буржуй чол ҳақидаги ажабтовур қиссасини ўқиган эдим. Қариялар кўкнорига тўйиб, ширяланғоч оромга кетган навниҳол гўзалларга тунда маҳлиё термулиб чиқиш учун катта пул тўлайди.  Бир тўшакда гўзалларнинг ёнида ётган кексалар эҳтирос алангасида адои тамом бўлади, лекин оромдагиларни уйғотиш нарида турсин, уларга қўлини ҳам теккиза олмайди. Зеро, айшнинг шарти-моҳияти уйқудаги гўзалларни фақат томоша қилишдан иборат эди. Тайёрадаги ҳаловатсиз тунда ёнимда ухлаб ётган гўзалга термулар эканман,  нозиктаъб қарияларнинг ҳолини-аҳволини англаш баробарида, ўзим ҳам уларнинг кўйига паққос тушганим рост.

“Нима бўпти,  – деб шивирларди мусаллас қизитган иззат-нафсим. – Кўнглингнинг кўчасига бир қарасанг-қарабсан-да!»

Афтидан, майи нобу лип-лип ўтаётган овозсиз кинокадрлардан кайфим ошиб, ухлаб қолган бўлсам керак, неча соат ўтган, билолмадим, уйғониб кетсам, бош чаноғим ичида сандон гурсилларди. Қўл чайиш учун бадрафхона томон юрдим. Орқада, мендан икки қатор наридаги ўриндиқда, ўн бир жомадоннинг бекаси бўлмиш кампиршо жанг майдонига ташлаб кетилган мурдадек қотиб ётарди. Йўлакнинг ўртасида, оёқ остида ялтир-юлтир занжирли кўзойнаги. Аламимни олиш фурсати келганидан мамнун  – киприк қоқмай ўтиб кетдим.

Майи нобнинг ортиқчасидан халос бўлганимдан кейин кўзгуга қараб, ўзимдан жирканганимни ҳам айтай. Ошуфталик азоби  бандасини ана шундай ажива-жиннининг кўйига солиб қўяр экан. Банагоҳ тайёрамиз пастга қараб шиддат билан шўнғидию, дарҳол қаддини ростлади-да, чайқала-чайқала парвозида давом этди. Чироқ ёниб, йўловчилардан ўз жойини эгаллаши сўралди. Яратганнинг инояти билан ҳаво гирдобидаги силкиниш уйқудаги гўзалимни уйғотиб  юборишидан ва қўрққанидан ўзини қучоғимга отишидан  боумид, жойимга қараб ошиқдим. Шошганимдан қоқбош кампирнинг полда ётган кўзойнагини босиб олишимга сал қолди. Босиб олсам, эҳтимол, аламимдан чиқардим. Бироқ инжиқ кўнглимга эрк бермай, кўзойнакни олдим ва  мени доғда қолдириб тўртинчи жойни танламагани учун миннатдор бўлиб, уни момомизнинг тиззасига қўйдим.

Соҳибжамолнинг уйғониши қайда. Тайёраи тахтимиз  яна текис-майин учишга ўтганида, уни бирор баҳона билан уйғотиб олиш васвасасидан ўзимни зўрға тийиб турардим. Негаки, парвозимизнинг сўнгги соатида мени ягона истак ўз ҳукмига олди – гўзални, майли асабий ҳолда бўлса-да, уйғоқ кўриш. Англаб турардим: фақат шундагина мен яна ўз эркимга, эҳтимолки, ҳатто ёшлигимга қайтган бўлардим. Кошки журъатим етса. «Бундан кўра қуриб кетганинг яхши! – деб ўйладим ўзимдан нафратланиб. – Сигир буржида туғилсанг ўлармадинг сен, бола?» Ҳурилиқо қўниш ҳақидаги огоҳ чироғи ёнганида ўзи уйғонди. Худди фирдавс боғида, атиргуллар орасида ором олиб тургандек, шу қадар бокира ва шу қадар гўзал эди. Шу чоғ сафарда ёнма-ён уйғонган қўшнилар, кўпдан бери бирга яшаб келаётган эр-хотиндек, бир-бирларига хайрли тонг тиламаслигини надомат билан англадим. У ҳам шундай қилди. Кўзниқобини ечиб, мафтункор қароқларини очди. Ўриндиғининг суянчиғини кўтариб, адёлини четга суриб қўйди. Қалин сочларини силкитган кўйи тараган бўлди. Яна пардоз қутисини тиззасига олиб, то учоғимизнинг эшиги очилгунича шоша-пиша ўзига оро берган бўлди.  Мендан эса назарини дариғ тутди. Силовсин нимчасини кийди ва испанчанинг Лотин Америкасига хос лаҳжасида узр сўраб, тепамдан ўтди-кетди. Хайр-маъзур, фараҳбаҳш тунимиз мобайнида чеккан заҳматларим учун айтилиши кутилган миннатдорлик – бари савил қолди. Нью-Йоркнинг Амазонка чангалзорларида шу-шу бадар кетди.

Русчадан Қулман Очил таржимаси

“Ёшлик” журнали, 2025 йил, 1-сон.