Сотим Аваз. Бешим Эшим (ҳажвия)

Телевизорда қўғирчоқдай қиз кўзини ўйнатиб, гоҳо қошларини чимириб, юзларини читиб, кўрсатув олиб боряпти. Унинг суҳбатдоши – “Зағчалар” қўшиғини айтиб, икки-уч ҳафтада танилган Бешим Эшим. Бу қўшиқ телевизорда намойиш этилган куннинг эртасигаёқ “хит” бўлиб кетди. Бир ҳафта ўтар-ўтмас энг яхши қўшиқлар танловида биринчи ўринга чиқди.

Ёш санъаткор ҳозирча ягона бўлиб турган қўшиғини янгича услубда куйлади. Авж олган жойлари худди безовта бўлган зағчанинг сайрашига ўхшайди. Сўзлари ҳам антиқа. Зағча гўё қуш эмас, судралувчи бирор жонзот, борингки, буқаламунми, деб ўйлаб қоласиз. Беихтиёр унга раҳмингиз келади.

Бешимбойнинг ўзини тутишига гап йўқ. Шундай табассум қиладики, жигаринггача етади. Қўшиқни тингламасликнинг иложи йўқ. Унинг соқол-мурти бошқаларникига ўхшамайди. Бир қарасанг ёпиштириб қўйилгандай, яна бир боқсанг мойбўёқда ясалгандай.

Айбга буюрмайсиз, ойда ҳам доғ бўлганидек, Бешим Эшимда ҳам камчилик бор. У тепакал. Нима учун сочлари эрта тўкилиб кетган, ҳеч ким билмайди. Ўзининг айтишига қараганда, кўп дори ичган экан. У камтарлик қилиб, қанақа дори эканлигини айтиб ўтирмайди. Оқ дорими, қора дорими, деб сўраш эса ноқулай.

– Бешим ака, катта санъатга қандай кириб келгансиз?

– Ў, қандай гўзал савол. Санъатдан чиқиш осон, лекин кириш қийин. Чиқариб ташлашса ундан ҳам қийин. Хуллас, амаллаб юрибмиз, катта саҳнада. Яна айтаман, кириш қийин, бу институтга киришмас.

Бошловчи қиз меҳмонига қараб табассум қилди ва қўшимча савол берди.

– Сирни очгингиз келмаяптими?

– Йўқ, менинг севимли мухлисларимдан яширадиган сирим йўқ. Лекин андиша, деган гап бор. Аммо андишанинг отини қўрқоқ қўювчилар ҳам топилади. Шу сабабли айтаман.

Саккизми-тўққизми ёшимда эдим. Отам дарсингни тайёрла, болалар билан ўйнама, деб қаттиқ тайинлаб залга қамаб қўйди. Телевизор кўришга ҳам рухсат бермади. Бўш вақтинг бўлса, китоб ўқи деди. Менга буйруқ берилса, энсам қотади. Отамга яхши, дедиму ўз билганимни қилдим. Дераза ёнида ўтириб, шипшийдам ўрисоғочга тикилдим. Унга зағча ин қурган экан. Зағчаларнинг у шохдан-бу шохга учиб-қўниб туриши жуда қизиқарли туюлди. Мана эрк, дедим. Зағчалар сайрай бошлашди. Шанғиллашлари менга жуда ёқди. Катта бўлсам, албатта, қўшиқчи бўламан, зағчалардек табиий ва самимий хониш қиламан, деб ўзимга ўзим сўз бердим. Отам келиб ишни бузди. Деразани очиб, зағчаларни қувиб юборди. Юрак-бағрим эзилди. Ота, бу ишингиз бефойда, дедим ичимдан. Бир куни мен куйлай бошласам, тўхтата олмайсиз. Чиндан ҳам у мени тўхтата олмади. Болам, овозинг қарғаникигами, зағчаникигами ўхшайди. Қўшиқ айтишни қўй, сендан хонанда чиқмайди, деди. Айнан шу гапга қасдма-қасд, мухлислар кўмагида, қолаверса, телевидениенинг яқин ёрдами туфайли, хонанда сифатида ўзимни топдим.

Сизга яна бир сирни очаман. Зағчалар тушимга ҳам кирган. Нега отанг бизни қувади, деб савол ҳам беришган. Ахир, сен ҳам бир куни биздек санъаткор бўласан, дейишган. Шундан кейин ҳам санъаткор бўлмайинми?

– Тўғри айтасиз, ўзингизни топдингиз. Лекин сизни топиш қийин бўляпти. Кўрсатувга чақирамиз, деб изламаган жойимиз қолмади.

– Ахир, эл хизматидамиз. У ер-бу ерга чақиришади.

– Энди бўлса янги қўшиқдан, бўлмаса, “Зағчалар”дан бир шингил эшитайлик.

– Албатта, эшитасиз. Лекин сизда ҳали савол кўп бўлса керак.

– Албатта, томошабинлардан бизга кўплаб мактублар келган. Бешим аканинг исмлари “шим” сўзидан олинганми, дея сўровчилар айниқса кўп.

Бешим Эшим хандон отиб кулди.

–Туғилган пайтимда, иложини топсам, отам, менга бундай исм қўйманг, деган бўлар эдим. Ахир, шинавандалар саволида жон бор. Уларга беш кетдим. Демак, шинавандаларимиз исмим “шим” сўзи билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигини билишга қизиқишади. Бу кимнинг ҳаёлига келган бўлса ҳам, дунёқараши кенг экан. Аммо узил-кесил айтаман, исмимни “шим” сўзига мутлақо алоқаси йўқ. У “беш” сўзи билан боғлиқ. Отам: мактабда доим икки баҳо олар эдим, ўғлим менинг ҳаётдаги бешим бўлсин, деб исмимни Бешим қўйган.

Бешим Эшим акса урди. Қиз, соғ бўлинг, деб қўйди.

– Агар рухсат берсангиз, сизни нафақат Бешим, балки “Бешим плюс” десак ҳам бўлади.

Бешим Эшим қарсак чалиб юборди.

Бошловчи қиз телетомошабинларга қўшиқ эшитишларини ваъда қилган эди. Аммо Бешим Эшим қўшиқ айтишга шошилмади. У бошловчига, тўхтаб туринг, сиз режаларим ҳақида сўрамадингиз-ку, дея гапни бошқа ёққа бурди.

– Ҳозир дуэт мода бўлган. Ўзимга ярашиқли бир жувон бўлса, бирга қўшиқ айтардик. У айтиб турса, мен жим турардим. У жим турганда мен авжини олардим.

Бошловчи қиз вақт жуда оз қолаётгани учун сўнгги саволни берди.

– Шинавандаларга ниятларингиз…

– Илоҳим, омон бўлишсин. Яхши қўшиқлар ҳамроҳ бўлаверсин.

–Тўғри айтасиз, ўзингиз уларни яхши қўшиққа ҳали кўп ҳамроҳ қиласиз, деган умиддаман.

Кўрсатув тугади. Бешим Эшим шинавандаларини дарё бўйига сувсиз олиб бориб, сувсиз қайтара олади. Аммо бошловчи қиз астойдил ҳаракат қилгани учун, маъмурият томонидан мукофотланди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2023 йил 16-сон