Нурбой Жабборов. Умрнинг ҳикмат фасли

Аслида, ҳар нафасда ҳикмат яширин. Инсонга шараф бағиш­лаган ҳикматдан айро бўлмоқ одамзодни асл моҳиятдан йироқлаштиради. Ҳазрат Навоийнинг “Ҳар нафасинг ҳолидин огоҳ бўл, Балки анга ҳуш ила ҳамроҳ бўл” байти замирида ана шу мазмун мужассам. Илм ва ҳикмат ўзаро бир-бирини тақозо этадиган ҳодисалардир. Баҳс бўлмаган жойда илм ривожланмайди.

Табиийки, мунозара ҳар қандай шахсий ғаразлардан холи бўлиши, холис ният асосига қурилиши, илм­нинг ривожига хизмат қилиши керак. Қарийб ўттиз беш йилдан буён матбуотни мунтазам кузатиб келаётган бир мутахассис сифатида адабиётшунослик, матншунослик соҳасида шундай мунозарага жуда катта эҳтиёж борлигини таъкидлагим келади. Бу йўлда муайян изланишлар мавжуд экани қувонарли. Таниқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Нусратулло Жумахўжа илмий фаолиятидаги етакчи хусусият айнан баҳс-мунозарадир.

Ўтган асрнинг 80-йилларида унинг таҳлилий-танқидий руҳдаги мақолалари тилга тушди. Нусратулло ака ўша даврнинг “тренд”даги адабиётшуносларидан бирига айланди. Олимнинг матбуотдаги мақолаларида кескин танқидий фикр устунлик қиларди. Ўша кезлари биз тенги талабалар (кейинчалик тадқиқотчилар) бу мақолаларни сатрма-­сатр ўқиб, таҳлил этганмиз, ўзаро фикрлашганмиз. “Муштум”да босилган “Воситаи жоҳ”, “Ўзингдин керакдир шикоят санга”, “Ёшлик” саҳифаларида чоп этилган “Манфаат исканжасидаги илм” каби мақолалар, айниқса, эътиборимизни тортган. Эҳтимол, олимнинг ҳамма фикрларига ҳам қўшилмаган бўлишимиз мумкиндир. Лекин нафсиламрини айтганда, бу мақолалардан кўп нарса ўрганганмиз.

Янглишмасам, 1988 йили “Ўзбе­кис­тон адабиёти ва санъати” газетасида Хожа Аҳмад Яссавийнинг “Девони ҳикмат”и нашри муносабати билан матншунослик бўйича кенг кўламда мунозара бўлди. Таниқли матншунос Ваҳоб Раҳмон бошлаб берган бу мунозарада Иброҳим Ҳаққул, Нусратулло Жумахўжа ва бошқа адабиётшунослар иштирок этди. Ўзбекистон Миллий университетида дарс берган кезларим талабаларга айни шу мунозара мақолалар билан чуқурроқ танишишни тавсия этганман. Талабалар газетани топиб ўқигач, қизғин муҳокама ўтказганмиз. Ана шу мунозара иштирокчиси бўлган Нусратулло аканинг фикр­лари маълум бир хулосаларга асос бўлган.

Олимнинг илмий фаолиятида мумтоз адабиётимиз, хусусан, Алишер Навоий асарларининг нашрлари билан боғлиқ баҳсга чорловчи мақолалар ҳам етакчи ўринда туради. У мумтоз матнни нозик тушунади, табдилдаги нотўғри ўқилган сўзларни, форсий изофаларнинг берилиши, қўшма сўзлар имлоси билан боғлиқ хатоликларни зукколик билан аниқлайди. Буюк мутафаккир асарларининг ҳар қандай нуқсонлардан холи мукаммал нашрларини амалга ошириш зарурати хусусида таҳлилий мақолалар ёзишдан чарчамайди.

Нусратулло Жумахўжа рес­пуб­ли­камизнинг бош олий ўқув юрти ҳисобланган Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекис­тон Миллий университети) ўзбек фило­логияси факультетида таҳсил олди. Ўша кезлари бу даргоҳда талаба ёшларга Аюб Ғуломов, Ғулом Каримов, Субутой Долимов сингари тилшунослигимиз ва адабиётшунослигимиз дарғалари, Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Бегали Қосимов каби навқирон ёшда бўлишига қарамай, муносиб эътирофга сазовор олимлар сабоқ берар эди. Қалбида болаликдан уйғонган адабиётга муҳаб­бат ва улуғ устозлар сабоқлари унинг мутахассис сифатида шаклланишида алоҳида ўрин тутди. Университетни битиргач, Ғиждувондаги ўзи ўқиган мактабда ўқитувчи сифатида иш бош­лади. Ундаги илмга бўлган иқтидорни қадрлаган устоз Бегали Қосимов телеграмма орқали чақиртириб, сиртқи аспирантурага тавсия этгани маълум.

У илмий фаолиятини мумтоз адабиётимизнинг етук намояндаларидан бўлган Шермуҳаммад Мунис ижодини ўрганишдан – поэтика масалаларидан бошлади. Муттасил мутолаа билан шуғулланди, илмий изланиш­лар қилди. Натижада 1984 йили бу улуғ шоирнинг поэтик маҳорати бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Ушбу диссертация асосида дунё юзини кўрган “Мунис ғазалиёти” китоби шоир асарларини нашр эттирган ва таҳлил қилган мутахассислар қарашлари билан баҳсга киришилиб, кўплаб масалалар ойдинлаштирилгани жиҳатидан қимматлидир. Биринчидан, “Мунису-л-ушшоқ” девонининг бирламчи манбалари устида тадқиқот олиб борилиб, Ўзбекис­тон Фанлар академияси Шарқшунослик институти фондидаги 1330, 940 ва 63 рақамли қўлёзмалар муфассал тавсифланган ҳамда 940 рақамли қўлёзманинг ҳар жиҳатдан ишончли экани исботланган. Иккинчидан, олим аксар ҳолларда “Сайланма”да қисқартирилган ёки унга киритилмаган ғазалларни аслият матнига таяниб таҳлил этган, учинчидан, шоир ғазаллари адабий-эстетик мезонлар асосида талқин қилинган. Бу эса, китобдаги илмий-назарий хулосаларнинг наинки адабиётшунослик, балки матншунослик учун ҳам аҳамиятли бўлишини таъминлаган.

Адабиётшунос олимнинг “Мил­лий мустақиллик мафкураси ва адабий мерос (XVII-XIX асрлар ўзбек шеърияти асосида)” мавзусидаги докторлик диссертациясида адабий муҳит ва адабий мактабни белгиловчи мезонлар ва хусусиятлар аниқланган. Ферузнинг адабиёт ва санъат ҳомийси сифатидаги фаолияти кенг ўрганилган. “Шажараи хоразмшоҳий” асаридаги маълумотларга таянилиб, шоҳ шоирнинг ўз атрофига замонасининг кўплаб ижодкорларини йиққани, Хоразм адабий муҳити ва таржимонлик мактабига асос солиши билан боғлиқ ижтимоий-маданий, адабий-­эстетик омиллар чуқур тадқиқ этилган.

Олим учун илмий фаолият нечоғлиқ зарур бўлса, авлодлар таълими ва тарбиясига хизмат қиладиган фан дастурлари ва дарсликлари яратишда иштирок этиш шунчалик муҳимдир. Нусратулло Жумахўжа ўрта ва олий таълим ўқув дастурлари ва дарсликларини янгилаш борасида ҳам самарали иш олиб борган мутахассислардан. Ўтган асрнинг 90-йилларида у адабиёт чуқурлаштириб ўтиладиган мактабларнинг 5-11 синф­лари учун “Ўзбек адабиёти” фанидан янгиланган дастур тузилишида фаол иштирок этди. Мазкур дастурнинг такомиллаштирилган иккинчи нашрини тайёрлашда қатнашди. Ўрта умумтаълим мактабларининг 10-синфлари учун “Ўзбек адабиёти” дарслиги ва маж­муаси муаллифларидан бири бўлди. Мазкур дарслик тўлдирилган ва такомиллаштирилган ҳолда тўрт марта чоп этилиб, бир неча авлод битирувчиларда бадиий дид ва адабий идрокни тарбиялашга хизмат қилди.

Нусратулло ака қўлёзмалар чангини ютиб, катта заҳмат эвазига қадимий тарихимиз ва муаззам адабиётимизга доир нодир манбалардан саналган Шермуҳаммад Мунис ва Муҳаммад Ризо Огаҳий қаламига мансуб “Фирдавс ул-иқбол” асарини сўнгсўз ва изоҳлар билан чоп эттирди. Ўттиз босма табоқдан иборат ушбу асарни қўл­ёзма манба асосида нашрга тайёрлаш нечоғлик катта машаққат талаб этишини ҳазрат Огаҳий асарларини нашрга тайёрлаган бир мутахассис сифатида чуқур ҳис этаман. Нусратулло ака ана шундай заҳматни зиммасига ола билгани эътироф­га лойиқдир.

Олим ҳазрат Алишер Навоий ғазалларини шарҳлаш билан ҳам кўпдан шуғулланиб келади. “Сатр­лар силсиласидаги сеҳр” ҳамда бош­дан-оёқ бир ғазал шарҳига бағиш­ланган “Қаро кўзум” китоб­лари ушбу фикрни тасдиқлайди.

Мен Нусратулло акани кўпдан биламан: илм заҳматидан лаззат ола билиш салоҳияти, балки шунинг билан боғлиқдир – инжиқ табиати, ҳамма билан ҳам улфат бўлиб кета олмаслиги, ўзи ҳақиқат деб билган масалаларда ҳеч ким билан, ҳатто устозлари билан ҳам муроса қила олмаслиги бор гап.

Кўпчилик ҳавас қилса арзигулик бир ҳолат: Нусратулло ака, қарийб ярим асрдирки, умр йўлдоши Иқболой Адизова билан илмда ҳам, ҳаётда ҳам қўшқанот бўлиб, адабиётшунослигимиз равнақи йўлида меҳнат қилиб келяпти. Илмли, маърифатли фарзандларни тарбиялаш борасида ҳам кўпчиликка ўрнак бўлаётир.

Шу кунларда профессор Нусратулло Жумахўжа олим учун айни камолот палласи бўлган етмиш баҳорни қарши оляпти. Бу ёш – умрнинг ҳикмат фасли. Илмий-­ижодий фаолиятда, жамиятдаги ўзаро муносабатларда ана шу ҳикматнинг намоён бўлиши – чинакам бахтдир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2023 йил 16-сон