Қўчқор Норқобил. Атиргул табассуми (ҳикоя)

Эру хотин ижодкор бўлса…

Яхши жиҳати – бир-бирини тушунишади.

Ёмони ҳам шу – бир-бирини тушунадилар.

Албатта, улар битта уйда яшашади.

Бироқ, ҳар қайсининг хаёлида ўз адабий қўрғони бўлади; бир-бирини кирит­маслик­лари ҳам мумкин.

Кейинги пайтлар адибнинг омади чопди. Рус ва инглиз тилига ўгирилган асарларини аёлининг маслаҳати билан ҳорижий давлатлар нашриётларига жўнатиб кўрди; биратўла учта китобига харидор бўлишди.

Адиб хурсанд. Адиба шод. Иккита драмаси қардош ўлкалар театри саҳнасига чиқди.

Адиб шод. Адиба хурсанд.

Кейин… Кейин аллақаердан Қудрат Имкон деган муҳибу мухлис пайдо бўлди-да, адиб ижодининг ашаддий тарғиботчисига айланди.

Адиб ҳайрон. Адиба жилмаяди:

– У сизни мендан тортиб олди. Тинимсиз бонг уряпти, сизни мақтаяпти.

Чиндан шундай; интернетда ҳам адиб ижоди ҳақида кетма-кет мақолалар эълон қилди;

Қудрат Имкон… Қудрат Имкон… Ким у?

Ихчам, аниқ-тиниқ бу чиқишларнинг изи узилмади. Ҳатто чет эллар адабий сайтларида ҳам Қудрат Имкон имзоси қанот қоқди – адиб китобларидан келтирилган иқтибослар парвоз қила бошлади. Русиянинг яна бир машҳур нашри Қудрат Имкон сўзбошиси билан адиб ҳикояларини чоп этди.

Адиб хонасида эди. Қўлтелефони жиринглади.

– Табриклайман. Ижодинг ҳақида таҳририятга зўр мақола келиб тушди, навбатдаги сонимизга жойладик. Яхши таҳлил. Темирни жизғанак этар даражада ёзибди.

Халқаро бадиий журналда ишлайдиган шоир дўстининг “суюнчи”сидан кўнгли чароғон тортди.

Ёзув столида жимирлаб турган компьютер қошига келиб ўтирди. Чала қолган ҳикояси давомини ёзишга киришди. Жумлалар шамолдай шиддатли тус олиб, сўзлар ёмғирдай тўкилиб турган авжи-зарб пайти уриб қолиш керак. Шунда ўқувчи ҳам бир нафасда ўқийди.

У ҳикоя қаърига сингиб кетди. Асар ўзи ҳам кутмаган, хаёлига келмаган ечим билан якун топди. У баъзида ҳикоянинг ҳам ўз руҳи бўлиши, ёзувчини шу руҳ гоҳида эргаштириб кетишини ич-ичидан ҳис қилган. Бу гал ҳам шундай бўлди – ҳикоя “бошқа йўлдан юрди”. Ниҳояси эса гўзал!

Кайфияти ёруғ ҳолда дераза рахига суянди.

Осмон тунд. Кўз ёрай деб турибди. Қилт этган япроқ сукунати титратиб, булутларни тўзғитадигандай… Кеч кузак ҳавосидан ёмғир ҳиди келади. Туйқус шамол турди. Қунишган кузги боғ ёмғир ҳамласи ичра қолди. Хазонлар ер сўққандай бўлди. Бу манзарани кузатган адиб: “Табиатнинг ўзи буюк ижодкор, улуғ мусаввир… Бизлар ундан кўчирамиз…”, деган хаёлга борди.

Кечқурун хотини ишдан келди.

– Таътил пайти жуда яхши ижод қилаяпсиз, – деди у жилмайиб. – Ҳавасим келаяпти. Айтмоқчи, сизнинг асарингиз ҳақида яна ўша Қудрат Имкон деганлари зўр мақола эълон қилаяптийкин. Газетада ишлайдиган дугонам қўнғироқ қилди.

– Ҳа-я. Чиқса ўқиймиз-да… – негадир хижолат тортди.

– Электрон почтамга Лондондан хат келди, – давом этди аёли. – Адабий танловда иштирок этиш учун бошқа ёзувчини танлашибди. Ҳар бир мамлакатдан бир нафар шоир ё ёзувчи қатнашиши лозим экан. Танлов ҳайъати унинг асарларига тўхталди, дейишибди. Мен қолдим. Умид қилиб турувдим-а…

– Ким экан у ёзувчи?

– Билмадим…

Эртасига адиб Лондондан хат олди. Халқаро адабий танловда иштирок этадиган бўлибди. У довдираб қолди; ахир, ҳеч қанақа Лондон ё ундан нарисига асарларини юбормаган эди.

– Яхши бўпти, табриклайман, – деди хотини яна жилмайиб.

Адиб хотини қаршисида мулзам тортди. Хижолат чекди. Худди уни алдагандай, топтагандай ҳис қилди ўзини.

– Ахир, мен ҳеч қандай танлов-панловга асар юбормаганман. Сенинг ҳам ўша танловда қатнашганингдан бехабар эдим. Кеча ўзинг айтдинг, билдим.

– Э-э-эй, қўяверинг. Қайтамга яхши-ку. Сизнинг ютуғингиздан хурсанд бўламан. Худо хоҳласа, ғолиб бўласиз. Мен суриштирдим. Асарингизни ўша Қудрат Имкон деган шахсий мунаққиду мирзонгиз жўнатган экан.

Адибга хотинининг кейинги гапи оғир ботди. У энди Қудрат Имконни ёмон кўриб қолди. Унинг “изидан” тушди; кошки тополса. Астойдил қидирди. Ижтимоий тармоқлардаги бошқа электрон чиқишларида ҳам ўзи ҳақда бирор маълумот қолдирмаган.

Фейсбук тармоғида бор экан, бироқ ҳеч қандай билдирги йўқ. Расми ўрнида бир қучоқ оқ атиргул турибди. Ҳа, бир қучоқ оқ атиргул! На кимлиги, на туғилган йили-ю шаҳри, на манзил-макони-ю ёши, на касби-кори ҳақида ёзилмаган. Фақат ўша: бир қучоқ оқ атиргул суврати ўрнида порлаб турибди. Телеграм каналида ҳам шу. Расми жойида ўша бир қучоқ оқ атиргул! На телефон рақами бор…

Қўлтелефонининг телеграм канали орқали Қудрат Имконга охири хат ёзди. Ўз ижодига нисбатан эътибор ва эътироф учун ташаккур билдириб, танишмоқчи эканлиги, кимлигини билишга жудаям қизиқаётганини, ундан миннатдорлигини изҳор этди. Қаёқда, жавоб йўқ. Қудрат Имкон жим. Кунлар ўтаверди, интернет тармоқларида адиб улуғланган қисқа таҳлиллар, унинг ютуқлари ҳақидаги хабарлар Қудрат Имкон томонидан мунтазам эълон қилинаверади. Бу дўсту дастёрларнинг беминнат хизматлари адибга эриш туюлар, айниқса, фейсбук тармоғининг, “Бир қучоқ оқ атиргул” акс этган майдон – Қудрат Имконга тегишли профилда кўзи тушиши ҳамоно қалбини негадир хижолат ҳисси эгалларди.

Бир куни сербиялик таниш ноширдан хат олди. Адибнинг Россияда чоп этилган яна бир китобини русчадан серб тилига таржима қилаяптийкан. “Мен интернет тармоқларини кузатиб бораяпман. Сизнинг ижодингизни кенг миқёсда тарғиб қилишмоқда. Яқинда “Рус қўнғироғи” нашрида ижодингиз ҳақида яхши мақола эълон қилинибди. Китобга шуни сўзбоши қилсак, нима дейсиз? Муаллифдан розилик олиб беринг. Асарингизни чиндан ҳам Қудрат Имкон мукаммал ўрганган. Яхши ҳис қилади. Унга менинг номимдан салом айтинг. Сиз бахтли адибсиз, шундай тарғибчиларингиз бор.

Хайр, омон бўлинг. Ҳурмат билан, Л.И…”

Адиб “Рус қўнғироғи” газетасида чоп этилган мақоладан бехабар эди. Қудрат Имконнинг бу галги марҳаматидан дилида ёқимли бир хижиллик туйди.

Йил барибир омад ва зафарлар оғушида ўтаётганди. Қудрат Имконнинг беминнат адабий хизматлари бесамар кетмаганди. Халқаро адабий майдонда бўй кўрсатиш учун асар яхши бўлиши билан бирга, унинг тарғиботи ҳам жуда юксак даражага етиши шарт, деган тамойил замирида айни ҳақиқат мавжудлигини адиб ҳис қилди.

Сурункали ижодий иш, ёзиб чизиш барибир инсонни толиқтириб қўяди. Кузнинг сўнгги кунларида тоби қочди. Адиб бироз даволаниш ва куч тўплаш учун шифохонага ётди.

Тушлик маҳалидан сўнг хотини яна кўргани келди.

– Эрталаб ҳам келиб кетгандинг-ку. Сени ҳам роса ташвишга қўйдим, – деди меҳри товланиб. – Болаларга ҳам айт, овора бўлманглар. Ҳамма нарса етарли. Мен фақат дам олаяпман.

– Биз сизни соғиниб қолаяпмиз, – жилмайди хотини. – Кечқурун неварангиз ҳам келмоқчи.

Адиб каравоти ёнидаги курсига келиб чўккан кўйи қўлидаги елим халтадаги мева-чеваларни тумба устига тахлаётган меҳрибон ва мунис аёлга завқ билан термилди. Жонтомирлари шу хилқат қалбига боғлангани, ёзиғига шундай муштипар жуфти ҳалол битилганидан Яратганга шукрона айтди. Айни дам қаршисидаги оила чироғи, суянган тоғи, оқила ва ожиза зот, улкан адиблик рутбалари уйғунлашган гўзал аёл қошида туйқус хижолат торта бошлади ва негадир ўз елкасида қайтариб бўлмас қарз юкини ҳис қилди. Хаёлига келган гапни тилга кўчирди:

– Насибам, ўзимнинг адибам! Сен жуда ҳам кучлисан, мен шундай ўйлайман…

Аёл жилмайди. Ўрнидан туриб хайр-хўшлашди. Хона эшигига еткач, нимадир ёдига тушди чоғи, тўхтаб эрига юзланди:

– Адабиёт институтидан қўнғироқ қилишди. Телефонингиз ўчиқ экан. Мен шифохонадалар дедим. Ҳалиги, ижодингиз ҳақида илмий иш қилаётган тадқиқотчи қиз Қудрат Имконнинг мақолаларидан ҳам фойдаланмоқчи экан. Уни тополмабди. Энди сиз билан учрашмоқчи… Мен телефон рақамингизни бердим.

Адиб кўзларини юмиб бош ирғади. Анчагача хаёл оғушида ётди. У Қудрат Имкон билан кўришиш истаги анчадан бери ўзининг ҳам қалбида аланга олаётганини, бу хоҳиш тобора оғриққа айланаётганини хотини ҳам ҳис қилишини биларди. Шунинг учун Қудрат Имкон ҳақида гап кетса аёли олдида кўнгли хижил бўлар, ўзини қўярга жой тополмасди.

Хотини чиқиб кетгач, қўлтелефонини ёқди-да, Қудрат Имконнинг телеграмдаги манзилига кирди ва унга ёза бошлади.

“Мен шифохонадаман. Сиз билан кўришишим шарт”.

Ё қудратингдан! Жавоб келди. Ҳа, ундан жавоб келди.

“Хабарим бор”, деб ёзди у.

Адиб шошиб қолди. Ўрнидан шаҳд билан туриб кетди. Ҳаяжон ва энтикиш зўридан вужудга титроқ кирди.

“Менга қилган барча яхшиликларингиз учун ташаккур”, дея шошиб ёзди у.

“Ҳечқиси йўқ!”

Энди адибнинг ғазаби тоша бошлади.

“Бироқ кўп ҳолларда эркакнинг ишини қилмадингиз”, деб ёзди.

“Ўзим билмаган ҳолда хотинимнинг йўлига тўғаноқ бўлиб қолдим. Бу сиз туфайли… Ҳа, сиз туфайли. Унинг кўнгли чўкди, лекин менга сездирмади…”

“Тушунарли. Майли, эртага сизнинг ёнингизга, шифохонага ўтаман. Гаплашиб оламиз…”

Тунда ухлай олмади.

…Эртасига нонуштадан сўнг кўзи илинди. Ҳушими, тушими, англай олмайди; улкан дарё бўйида турибди. Дарё сатҳи оппоқ атиргулга лиқ тўла. Сув ўрнида оппоқ атиргуллар оқаяпти. Бирпасдан сўнг осмондан ҳам оппоқ атиргуллар ёға бошлади. Нариги қирғоқда нимадир тарақлаган овоз берди, аёли Насибанинг жилмайиб туришини кўрди. Яна нимадир тарақлади. Уйғониб кетди.

Фаррош хонани йиғиштираётган экан. Ҳозиргина кўрган ғаройиб туш таъсирида деразага юзланди, осмонга тикилди. Бир уюм оппоқ булут сузиб юрибди, худди бир қучоқ оппоқ атиргулга ҳам ўхшаб кетади. Шу маҳал адибнинг қўлтелефони чингиллаб овоз берди – хабар келди. У телефон экранига қаради. Кўзи тиниб кетди, ҳаяжонланди. Қудрат Имкон хабар юборди:

“Мен келдим. Эшигингиз олдида турибман…”

Адиб ўрнидан шаҳд билан туриб, хона эшигига ўгирилди. Остонада… Остонада эса эшикка суянган кўйи бир қучоқ оппоқ атиргул кўтарган аёли жилмайиб турарди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 15-сон