Асрор Мўмин. Битта-битта сўздан яралар достон

Жаҳон адабиёти дурдона асарларини ўқиб ҳайратга тушганимда, уларни юртдошларим ҳам ўқишини ва ҳайратланишини жуда-жуда истайман. Дунё китобхонлари севиб ўқиётган шундай асарлар таржимасига киришганда, аввало, она тилимизда уларнинг аслиятдай бўлиши кераклиги ҳақида ўйлайман. Таржима қилмоқчи бўлганим асарни қайта-қайта ўқир эканман, уни ўгириш ҳаётий эҳтиёжимга айланади, асар она тилимизда оддий ва самимий бўлиши учун ҳаракат қиламан.

Доғистон халқ шоири Расул Ҳамзатовнинг “Оналарни асранг” достонини 1979-йилда илк бор ўқиган кезларим асарнинг теран мазмуни ва бадиийлиги мени ҳайратга солганди. Шу достонни, албатта, таржима қилишим керак деган эзгу ниятни дилимга тугдим. Лекин ўша вақтда бундай улуғвор ишни амалга ошириш учун менда на билим, на малака бор эди. Муҳими, Доғистон ҳақида ҳали тўла тасаввурга эга эмасдим. Бу бўшлиқни тўлдириш учун Доғистон, авар оналари, яна-да аниқроқ айтсам, шоирнинг онаси Хандулай момо ҳаёти ҳақидаги маълумотларни ўргана бошладим. Табиийки, бу борадаги билимимни оширишга шоирнинг машҳур “Менинг Доғистоним” асари энг яқин кўмакдош бўлди.

“Менинг Доғистоним” асарини қайта-қайта ўқир эканман, Хандулай момога, умуман, оналарга бағишланган лавҳаларга алоҳида эътибор қаратдим ва шоирнинг достонни ёзишдан мақсади тобора аёнлаша бошлади: “Мен ўз онам ҳақида эмас, жаҳондаги меҳрибонлик тимсоли бўлган барча оналар ҳақида фикр юритмоқчиман, ҳар бири ва ҳаммаси тўғрисида, токи ҳеч ким онаси тириклигида бефарқ ёки эътиборсиз бўлиб, кейин виждон азобида қийналиб, онасининг қабрига мунғайиб боқмасин”. Дарҳақиқат, кўз олдимда Хандулай момо қиёфасида эртадан-кечгача тиним билмайдиган ўзбек оналари ҳам гавдаланди. Демак, достон таржимаси оналаримизга, китобхонларимизга манзур бўлиши учун аллаларимиздай содда ва равон бўлиши керак.

Ўқигандан кўра ёзганда кўпроқ ёдда қолади. Шунинг учун “Менинг Доғистоним” таржимасини бошлаб юбордим. Билдимки, Доғистоннинг машҳур шоири Ҳамзат Садасага умр йўлдош бўлган, ўзидай меҳнаткаш қизни ва тўртта забардаст ўғилни вояга етказган Хандулай момо шоирнинг қуйидаги тавсифига мос она экан: “Онам оддий аёл эди, ўша ғалати замонда ва инсонлар тақдири ғалати ҳал қилинган тузумда тоғликларга хос феъл-атворини, аёллик шаънини сақлаб қолди ва оналар зиммасига тушган вазифани садоқат билан бажарди”. Лекин унутмаслигимиз керак, ҳар қандай она бизни дунёга келтиргани, оёққа турғизгани ва эл қаторига қўшгани учун ҳурмат-иззатга сазовор.

Кейинроқ Расул оғанинг достони ҳақидаги “Буюк туйғу” мақоласини ўқидим. Унда достонини ўзининг таржимонлари эмас, қалмоқ шоири Давид Қуғултинов асарлари таржимони сифатида танилган Юлия Нейман рус тилига ўгиргани тўғрисида ҳам ёзилганди. Бу мени Нейман таржималарини ўқиб чиқишга ундади ва 70 ёшлар атрофидаги моҳир таржимон ўзининг бой тажрибасига оналик меҳрини қўшиб достонни рус тилига ўгирганига амин бўлдим. Оламга машҳур достонни она тилимизга шундай юксак савияда таржима қилиш нақадар масъулиятли ижод эканини янада теранроқ тушундим. Ахир, достон 1600 мисрадан ортиқ бўлиб, муқаддима, ҳар бири беш бўлимдан бўлган учта қисм ва оналар ҳақидаги 13 та қўшиқдан иборат эди.

Дейдилар ки, таржимага қанча яхши тайёргарлик кўрилса, шунча осон бўлади. Мана, “Менинг Доғистоним” таржимаси ҳам тугади, тажрибам ҳам ошди, гўё достон таржимасига тайёрман. “Оналарни асранг” достонини такрор-такрор ўқияпман, қани таржимани бошлай олсам. Балки, бу табиий ҳолдир. Расул оғанинг ўзи ҳам достонни узоқ ва қийинчилик билан ёзган: “Достон олам юзини кўриш учун осон йўлни босиб ўтмади. Ўзим ҳам достонни осонгина ёзган эмасман”. Чунки шоир таъкидлагандай, ўзингни дунёга келтирган онангни мавзу деб аташ яхши эмас. Она – меҳр-муҳаббат кўрсатиш керак бўлган улуғ зот!

Достон 1951-йилда шоирнинг отаси вафот этган оғир лаҳзаларни тасвирлашдан бошланади. Онаси вафот этган 1965-йил тафсилотларини қаламга олганда дод-фарёд чекади. Агар достоннинг авар тилидаги қўлёзмасига 1976-йилда нуқта қўйилганини инобатга олсак, Расул Ҳамзатовдай беқиёс истеъдод соҳиби достонни чорак асрдан кўпроқ вақтда ёзган. Шундай экан, мендай оддий қаламкаш “Оналарни асранг” достонини кўк чой ичиб, шариллатиб таржима қилиб ташлай олмасди. Умуман олганда, таржима қилиш роҳатланадиган жараён эмас. Таржима ҳам бошқа ижод турлари каби машаққат чекишни талаб қилади. Роҳатланиш эса таржима кўнгилдагидай чиққандан кейин бўлади.

Шеър-достонларни биринчи йил таржима қилаётганим йўқ, Расул Ҳамзатовнинг “Битта-битта ипдан тўқилар гилам, битта-битта сўздан яралар достон”, деган ҳикмати тўғрилигини ижодий тажрибамдан жуда яхши биламан. Гилам аниқ кетма-кетликда тўқилади, шеърда, айниқса, достон таржимасида кетма-кетликка риоя қилиб бўлмайди. Шуурингизга қуйилиб келган таржима мисраларни улар достоннинг қайси қисмида бўлишидан қатъи назар ёзиб қўйган маъқул. Чунки дарёдан бир марта оқиб ўтган сув қайта оқиб ўтмагандай ўша мисралар хаёлингизга қайта келмаслиги мумкин.

Таржимани бошлай олмай қийналиб юрган кезларимда, ҳамкасб рус аёлининг ўттиз йиллар илгари айтган ҳикояси эсимга тушди. Уни туғуруқхонага олиб боришади. Туғруқ қийин кечаётгани учун доя унга уқтиради: “Дод-вой сол, бақир, осон бўлади”. У уялганиданми, бардошли бўлгани учунми миқ этмай фарзандини дунёга келтиради. “Табриклайман, қиз кўрдингиз”, – дейди доя. Бу хабарни эшитгач, у туғуруқхонани бошига кўтариб дод-вой солади. “Туғмасдан олдин шундай бақиришинг керак эди, энди нега йиғлаяпсан?” – деб сўрайди доя. “Қачондир қизим ҳам шу жойга келади, шуни ўйлаб азоб чекаяпман”, – деган экан у. Қаранг, ёш она эндигина дунёга келган қизининг келажагини ўйлаб қандай азоб чекяпти?! Дарҳол, достон охиридаги оналар ҳақида қўшиқлар қисмини очиб, биринчи қўшиқнинг тўртинчи тўртлигини ўқидим ва таржима қилдим.

Қизим туғилган кун ёдимда ҳамон,
Қанчалар қувонган эдингиз, она.
Бугун қизим қизли бўлди, онажон,
Набирангиз кўрмай кетдингиз, она.

Гапни бошладингми, охиригача айт! Энди таржима қандай давом этгани тўғрисида ёзай. Муқаддиманинг биринчи тўртлигини таржима қилдим, икки кундан кейин бешинчи тўртлигини, сўнг еттинчи тўртликни. Беш кун деганда ўттиз олти мисрадан иборат муқаддима таржимасини тугатдим. Бу менга ижодий қувват бағишлади. Достон охиридаги оналар ҳақида қўшиқларга ўтдим. Бунда ҳам қўшиқлар тартиб рақамига қарамадим. Олдин бешинчи, кейин ўн иккинчи, сўнг охирги – ўн учинчи қўшиқни таржима қилдим. Ва биринчи қўшиқ таржимасини ниҳоясига етказдим. Қолган қўшиқларнинг таржималари ҳам бирин-кетин қоғозга тушди.

Биринчи қисмни ўқиб, охирроғидан битта тўртликни таржима қилдим.

Акам олган куни биринчи маош
Совға қилган эди онамга рўмол.
Онам кўзларида кўрдим севинч ёш,
Ахир, битта ўғли топганди камол.

Бу қисмдан бир неча тўртликни таржима қилгач, учинчи қисм таржимасига киришдим. Барибир тартибга риоя қила олмадим. Таржимани иккинчи бўлимидан бошладим. Тўртинчи, учинчи ва бешинчи бўлимлар таржимасини тугатгандан кейингина биринчи бўлимга қайтдим.

Биринчи қисм таржимасини биринчи бўлим еттинчи тўртлигини таржима қилишдан бошладим. Кейин ўнинчи ва ўн биринчи тўртликларни. Сўнгра кетма-кетликка қарамасдан бошқаларини. Охирида бешинчи тўртликни. Муҳими, бу бўлимни бир кунда таржима қилдим. Бошқача айтганда, бугунги ишни эртага қолдириб бўлмасди. Қуйидаги тўртликларни ўқиб, бунга ўзингиз ҳам амин бўлишингиз мумкин.

– Сенми, ўғлим? – унинг кўзларида нур,
Ялт этиб чақнади ва яна сўлди.
Бу тун хотирамдан ўчмас бир умр.
– Мана, видолашув вақти ҳам келди.
Ўлим соати ҳам келди бирпасда,
Менинг паймонам ҳам тўлди бирпасда.
Ўғлим, уйнинг файзи – онангни асра…
Ўғлим, уйнинг файзи – онангни асра.
Жимлик чўкди. Наҳот кўз юмди отам…
Наҳотки васият эди бу мисра?!
Шу пайт бирданига чор атроф, олам
Шу сўзни такрорлар:
– Онангни асра!

Мен билан қўшилиб йиғлади осмон,
Ёмғирдан намиқди тоғ, дарахт, майса…
Томдан оқаётган томчилар нолон,
Шу сўзни такрорлар:
– Онангни асра!

Эртаси куни ижодий кайфиятда биринчи қисмнинг бешинчи – “Мен онамни асрай олмадим” бўлимининг таржимасини бошладим. Аввалроқ бу бўлимнинг битта тўртлигини таржима қилганим учун руҳига киришим осон бўлди ва ўн икки соат ичида ўн саккизта тўртликни таржима қилдим. Аслида, бу бўлимни шиддат билан таржима қилмасликнинг ўзи мумкин эмасди.

Она кетса, қалбда битмас жароҳат,
Она кетса, қалбни эзади кадар.
Оналарни асранг – бу мангу даъват!
Онангни асрагин фарзандсан магар!..

Одамлар! Қалбингиз қопламасин занг,
Қадрланг ғанимат ҳар бир паллани.
Мунис оналарни асранг-авайланг,
Эслаб туринг, улар айтган аллани.

Иккинчи бўлим таржимаси нисбатан осон кечди. Учинчи бўлим қирқ саккизта тўртликдан иборат бўлгани учун бироз қийнаб қўйганлиги rost.Toъртинчи бўлим таржимаси чинакамига қийнади. Қанча уринмайин биринчи тўртлигини охирида таржима қилдим. Унда уруш тугагани тўғрисидаги хушхабар ажойиб мисраларга кўчганди.

Ёқимли хабардан уйғонди дунё,
Одамлар кўз очди мисоли оҳу.
Яна Қуёш тоғлар, чўққилар аро,
Камалак рангларда таратди ёғду.

Ҳар бир асарнинг қалби бўлади. “Оналарни асранг” достонининг иккинчи қисми – “Онажонлар айтган аллалар” унинг қалби, уриб турган юрагидир. Расул Ҳамзатов таъбири билан айтганда: “Оналар алласи – инсоният яратган қўшиқларнинг ибтидоси”. Шоир алланинг ҳаётимиздаги, ўз ҳаётидаги ўрни ҳақида шундай ёзганди: “Онам бешигимни тебратиб айтган алла қулоғим тагида жарангламаган бирор кун, бирор дақиқа бўлмаган, десам муболаға эмас. Бу алла менинг барча қўшиқларимни аллалаб улғайтирди”.

Иккинчи қисмнинг биринчи бўлимини кетма-кетлик бўйича таржима қилдим ва бундан ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Иккинчи бўлимга ўтишим билан қийинчиликка дуч келдим. Бош қисмини таржима қилиб бўлдим, аммо ҳарчанд уринмайин “Онам гилам тўқиётганда шундай қўшиқ айтарди” шеърига тишим ўтмади. Худди шундай учинчи бўлимнинг бош қисмларини ташлаб ўтдим ва охирги шеърини таржима қилдим. Бу таржимага яна-да жиддийроқ ёндошишимни талаб этарди. Тўртинчи ва бешинчи бўлимлар таржимасини аниқ кетма-кетликда якунладим. Катта қийинчилик билан иккинчи бўлимда ташлаб кетган шеър таржимасини ниҳоясига етказдим.

Нафас ростлаш учун иккинчи қисмда таржима қилган шеърларимни оққа кўчирдим. Дам олдим, тонгда туриб учинчи бўлим ўртасидаги “Онам мунчоқ тошлар терганда шундай қўшиқ айтганди” шеъри таржимасига киришдим. Аниқ кетма-кетликда таржима қилишга муваффақ бўлдим. Айниқса, охирги иккита тўртликни таржима қилганда яйраб кетдим.

Онам кўкка қараб қилди илтижо:
Баланд бўлсин бургут ўғлим парвози.
Ҳамиша таратсин ажойиб наво,
Азиз Ватанининг куйлаган сози.

Ёлвориб сўрайман бошимни эгиб:
Худойим, ўғлимга бўлгин меҳрибон.
Ўғлим шеърларини ўқисин севиб,
Бутун Доғистон ва кенг олам-жаҳон.

Шу ўринда Расул Ҳамзатовнинг қуйидаги ҳикматли сўзлари эсга тушади: “Она – биз учун Ер юзидаги Худонинг ваколатли инсони. Диндор кишилар бежиз таъкидламайди: фақат оналарнинг илтижоси Яратганга тўла-тўкис етиб боради”. Биз бу нақлнинг айни ҳақиқат эканлигини кўриб-билиб турибмиз. Хандулай момонинг илтижоси Яратганга тўла-тўкис етиб борди, ўғли Расул Ҳамзатов буюк шоирлар қаторидан ўрин олди. Эндиликда унинг асарларини Доғистонгина эмас, бутун жаҳон севиб ўқимоқда ва бундан кейин ҳам севиб ўқийверади.

Достон таржимасига қайтсам, ҳали қувонишимга эрта эди. Чунки учинчи бўлимнинг бошидаги шеър таржима қилишимни кутиб турарди. Мана энди чинакамига ғайрат кўрсатадиган пайт келганди. Шеърни аниқ кетма-кетликда таржима қила бошладим. Охирги мисрасининг кўнгилдай чиқиши қийин кечди. У достондаги 1600 дан ортиқ мисранинг охиргиси бўлгани учун, албатта, яхши чиқиши керак эди. Хандулай момонинг онаси қизига тилаклари ниҳоясида нима дейиши мумкин, умуман, она-бувиларимиз фарзанд-невараларига нима дейишади? Бу саволга жавобим аниқ бўлди: “Улар узундан-узоқ дуо қилишади”. Ҳа, оналар фарзандларига тилакларини узундан-узоқ дуо билан ниҳоясига етказишади. Буни ҳассос шоир Расул Ҳамзатов ҳам, таржимони Юлия Нейман ҳам мендан яхшироқ билишарди. Лекин ўша замонда дуо қилади, деб ёзиб бўлмасди. Мен таржимани ниҳоясига етказдим.

Тошлардан сўрайман бахтингни, болам,
Юрар йўлинг бўлсин равон ва порлоқ.
Шундай дер эдилар менга ҳам онам
Ва дуо қиларди узундан-узоқ.

Таржима тугаган бўлса ҳам бу ҳали хомаки қўлёзма эди. Энди оққа кўчириш, компьютерда ёздиришлар, нашрга тайёрлашлар бошланди. Бу жараёнларнинг ҳар бирида тўлдиришлар бўлди, айрим мисраларни қайтадан ёздим. Қўлёзмани китоб ҳолига келтириш учун яна ишлашимга тўғри келди. Ниҳоят, 2012-йил 10-май куни “Янги нашр” нашриётидан “Оналарни асранг” китобининг нишона нусхаларини олдим. Бу ўттиз уч йиллик ижодий изланишларим самараси эди. Албатта, қувондим. Расул оға таъкидлагандай: “Ҳар қандай китоб аввало китобхон учун ёзилади”. Мен ҳам бу достонни аввало ўзбек оналари, ўзбек китобхонлари учун таржима қилдим. Мени таржима жараёнида Расул Ҳамзатовнинг қуйидаги қанотли сўзлари илҳомлантириб турди: “Таржимон дўстим, қўлингни ташла, яхшисига ҳам, ёмонига ҳам бирга жавоб берамиз”. Ўзингиз айтинг, устознинг шундай ишончи ва руҳий қўллаб-қувватлашларидан кейин мен достонни таржима қилмаслигим мумкинмиди?!

«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 1-сон