Бугун тушимда уни яна кўрдим. Соғиндимми, ё соғиндими? Бунисини аниқ билмайман, рости. Биз бирга яшаган пайтларимизда ҳам уйда кўпроқ ўтириб қолсак, арзимаган нарсага аразлашиб ё уришиб, мабодо озроқ айрилсак (дейлик мен ишдан кеч келиб, ё у онасиникида сал ушланиб қолса) хавотирланиб, бир-биримизни излаб қолардик. Кўп уришардик. Нега уришаверардик билмайман. Лекин кўп кулишардик ҳам. Шуни аниқ биламанки, уни кулдирган пайтларим жуда гўзал бўлиб кетарди. Йўқ, у бошқа қизларга ўхшаб нозланиб, қимтиниб “хи-хи”лаб кулиб қўймасди, бор овозда “вуа-ҳа-ҳа”лаб куларди. Шу кулгисини яхши кўрардим.
Кўп китоб ўқирди, бир нималар қоралаб юрарди. Мен дам олдим дегунча диванга ёнбошлаб, телевизор кўрардим.
– Дадаси, сизга қайси қуш ёқади? – нуқул шундай қизиқ саволлар беради. Унга “тентакмисан” дегандай энсамни қотириброқ қарасам, кўзлари қизиқишдан чақнаб, жиддий сўраяпти.
– Бургут.
– Нимага?
– Э, бошимни қотирмасангчи?
– Ҳа, айтинг энди.
Унга қарадим, миямга дабдурустдан келган фикрни айтдим-қўйдим.
– Чунки у кучли, баланд учади.
– Ҳм… – бир лаҳза “Сенгачи?” дейишимни кутди. Мендан садо чиқмаслигини билиб, ўзи айтиб қўяқолди. – Менга эса ҳудҳуд ёқади.
– Ҳудҳуд? – кулдим.
– Ҳа, – деди у бунга эътибор бермай. – Биласизми нимага?
– Хўш?
– Қуръонда ёзилган қуш. Сулаймон пайғамбарга бир салтанат маликаси ва халқининг Аллоҳга ширк келтираётганини хабар қилган ва ўша халқни мусулмонлар сафига қўшишга ёрдам берган экан. Яна биласизми, у азон айтилаётганда, намоз ўқилаётганда ва Қуръон тиловат қилинаётганда жим тураркан.
– Э қойил, зўр экан. – У гапини давом эттирмаслиги учун телевизорга қараб олдим.
– Яначи, у жуфтига жуда вафодор бўларкан. Ўзи ин қуриб бериб, нима топса баҳам кўриб, полапонларини навбатма-навбат овқатлантираркан.
– Ҳм, ростданми? – Худди ҳудҳуд боқадигандай гапиради-я, деб унга бетимни бурмадим.
– Кейин, жуфтини йўқотса, уни топмагунча тинчимас, ундан айрилиб қолса, бошқасини изламас экан, у билан бирга парвоз қилган жойларига бориб сайрар экан.
– Шунча нарсани қаердан биласан, а? Ҳудҳудшуносмасмисан мабодо?
У кулди:
– Йўғ-э, интернетда ўқидим. Сайраши жуда қизиқ. Эшитасизми?
“Қаердан топасан ҳудҳудни?” дегандай анграйиб турганимни кўриб яна жилмайди. Ноутбукининг экранини мен томонга буриб, тугмасини босди.
Ҳар хил қушларнинг чуғур-чуғур товушларидан кейин бирдан “Уфуфук, уфуфук, уфук, уфуфук” деган бир ғалати лекин майин, ёқимли товуш эшитилди.
– Ие бунинг товушини қара? – қизиқиб қолдим ва қизиқишимга унинг завқи келиб кетганини сездим.
– Зўр, а?
– Уфуфук, деяптими?
У бор овози билан кулиб юборди:
– Ҳа, худди шунақа қилиб жуфтини излайди. Ажойибсиз-эй!
Тушимда ҳам ўша бирга яшаётган пайтимиз экан. Мен, у яна аллакимлар бор – дўстларимизми, курсдошларми? Қаердадир юрибмиз пойтахтдами, бошқа шаҳардами – бунинг аҳамияти йўқ. Кўчани тўлдириб гаплашиб, кулишиб кетяпмиз. Шоирлар шеър ўқияпти, унга шоиралар байт бойлаяпти, жуда Анвар билан Раъночалик бўлмаса ҳам гўзал баҳр-у байт… кейин ҳазил-ҳузул, латифа авжида.
Мен билан у ҳаммадан кўп ва баланд овозда куляпмиз, бир-биримизга қараб жилмайяпмиз. Гўё мен унга “бахтлимисан?”, у эса “ҳа!” деётгандекмиз. Кейин ҳаммамиз бир емакхонага кирдик. Жуда ажойиб безатилган катта стол: минг хил таом – гўшт-у пишириқлар дейсизми, мевай-у ширинликлар дейсизми, сархил ичимликлар дейсизми – тагидаги дастурхон кўринмайди. Ҳар галгидек эркаклар бир тараф, аёллар бир тараф ўтирдик. У рўпарамга чўкди. Одатдагидек, гапни “бисмилло”дан бошлаб, улгуриб-улгурмай, бир-икки жўралар бир-биримизга кўз уриштириб, томоқ қириб олдик:
– Очмайсизми?
– Қайсинисидан? Оқиданми, қизилиданми?
– Оқидан очинг!
Шунда унинг менга маҳзун қараб турганига кўзим тушиб қолди:
– Шу сафар ичманг, илтимос!
Унинг нигоҳига чидай олмай, кўзимни олиб қочдим. Бу қарашида ҳам умид, ҳам дард бор эди. Ҳар гал ичиб борсам, унга бақирсам, унга қўл кўтарсам шу нигоҳга дуч келардим. У жуда кўп гап қайтармас, фақат лабини қаттиқ тишлаганча шундай қараб турарди.
Мен барибир ичдим. Унинг кўзидаги бояги бахтга дарз кетди, ўрнини чексиз ғам-изтироб синиқлари қоплади:
– Эҳ, бир мартаям “хўп” демайсиз, а?
Ичимга шайтонсув кириб, унинг кўзларига бемалол қарай бошладим:
– Э, нуқул норози бўлаверар экансан-да! Нима, мен билан бахтлимасмисан?!
У тескари қаради:
– Шунақа дедимми?
Мен янаям тешиб юборгудай тикилиб қарадим.
– Мен ҳар қадаҳ кўтарганда, маликамизни қовоғи тушаяпти, бу кетишда ярим соатларда бу қовоқлар юзини ёпиб қўяди-ёв!
Ҳамма кулди, ажаб у ҳам кулди. Шундай кулди-ки, “кулгу”дан кўзидан ёш чиқиб кетди.
…Бир пайт меҳмонхонада эканмиз. Уйқудан тураётганмишман. Тушингда ухлаб турсанг жуда ғалати бўларкан. Тепамда жилмайиб турибди. Ҳалиям ўша синиқ, лекин бу сафар меҳрли жилмайиш. Мен эса ҳали мастман, кайфим тарқамаганми ё тушим шунақами билмайман. Лекин бошим айланаяпти.
– Туринг, ўртоқларингиз келишди. Кечки овқатга тушарканмиз.
Мен гандираклаб, кўйлагимнининг тугмаларини иламан дегунча бориб эшикни очди. Эшикда бояги дўст-ёронлар – ҳаммаси бостириб киришди.
– Э ҳалиям ётибсизларми? Бўлинглар-эй, кеч қоламиз.
– Ҳозир! – мен кўйлагимни шимимга солаётганимда, у дарров келиб, эгилиб пайпоғимни кийдира бошлади.
Дераза очиқ эди. Бирдан ҳудҳуднинг сайраганини эшитиб қолиб, тилла топган тентакдай унга:
– Эшитяпсанми? “Уфуфук”, “Уфуфук”! дедим.
Шу жойида тушим йўқолиб қолди. Йўқ ҳали уйқудаман. Уйғониб кетганим йўқ, лекин қанчалик қидирмай айнан ўша тушни тополмай қолдим. У мен яхши кўрадиган кулгуси билан ё маъюс кулдими, меҳр билан ё синиқ жилмайдими, билолмай қолдим.
«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 9-10-сон