Қодир бахши уч-тўрт терма билан тингловчиларни ром қилиб, даврани қизитиб олгач, удум бўйича “Нима айтай?” термаси билан кўпнинг кўнглига қўл солади. “Келиной” бўлсин. Шу пайтгача қариялар ҳурматига одоб сақлаб турган ёш-яланг гал келганда хоҳишини айтди. Буни эшитган қариялар ҳам жонланиб қолишди. Ёнбошлаб турган уч-тўрт отахон қаддини тиклади, ўзини ўнглади. Гўё ёшлиги ёдга тушди. “Ҳа, бахши, ўзимизнинг “Келиной”дан бўла қолсин, ёшларнинг сазаси ўлмасин”, деди бири. Шуни кутиб турган бахши кексаларни ўтмиш хаёлга толдириб, ёшларни лол қолдириб, дўмбирасини елдириб, тингловчини гоҳ ўйлатиб-кулдириб, достон сеҳрини билдириб “Келиной”га ўтди.
“…Норгулой ўн еттидан ошган, ўн саккизга етишган, икки муҳаббат гиёси янги кўкракдан ўсган, бошига зардўзи қалпоқ кийган. Қалпоқнинг айланасига тилладан қўнғироқ таққан, юзига одам қараб туролмас, қараганда ҳам қуёшми, Норгулми билиб бўлмас, Норгулой эшикка чиқса сўфитўрғай, ғазалайлар олдидан кетолмас, каклик сайраб бўлар эди маст. Бошида ҳарир рўмоли, ўнг бетида доно холи, ўзи кўкракдор, химча эди бели, оёқда зарланган, ичи майин кўк ковуши, ҳар қадам босганда ковушдан чиқар эди чанқовузнинг товуши. Норгулой соз чалишга уста эди. Чанқовуз чалганда булбуллар сайраб, туялар юрмай қотиб, куйлар маърашиб, чўпонлар ингиллашиб, кичкина болалар бирдан қолар эди ухлашиб”.
“Ийнилари қирдай, билаклари нордай, юраклари шердай” қиз ҳақидаги қўшиқлар Қашқадарё-Сурхондарёда шу қадар кенг тарқалганки, ундан ақлли икки-уч банд билмаган етти яшардан етмиш яшаргача бирор ўзбек топилмайди. “Келиной” номи гоҳ терма, гоҳ тарихий қўшиқ тарзида, гоҳ достон шаклида ҳар хонадонга, ҳар бир кекса-ю ёш, эркагу аёл қалбига кириб борган. Фольклоршунос Абдумўмин Қаҳҳоров юздан ошиқ кишидан ҳар хил ҳажмдаги – эпик воқеалар ва лирик қўшиқлар ҳамда достон шаклидаги вариантларни ёзиб олиб, илмий таҳлил қилди ва 1972 йили “Келиной” туркум достонларининг ўзига хос хусусиятлари ва ғоявий асослари” мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлади. Умир шоир Сафаровдан “Келиной”, “Ташгул”, Ражаб Нормурод ўғлидан “Иззатой”, Қайим Пиримқул ўғлидан “Улуғой”, “Иқболой”, “Жумагул”, Ҳазратқул шоирдан “Пардахол” Мамарайим шоирдан “Ойтошгул”, Эшқобил бахшидан “Хонсулув”, “Ойсиҳат” каби достонларни ёзиб олиб, ягона “Келиной” туркуми доирасида атрофлича ўрганган ҳолда, йигирмадан ортиқ вариант орасида Қодир бахши куйлаган “Норгулой” достони қизиқарли сюжети, яхлит композицияси, юксак бадиияти билан ажралиб туришини эътироф этади.
Нега Қодир бахши варианти устоз бахшилар талқинидан ҳам устун келаверди? Бизнингча, бунинг сабаблари қуйидагилар билан изоҳланади. Биринчидан, ҳали ҳеч ким Қодир бахшидек Самарқанд-у Қашқадарё-Сурхондарё ҳамда бошқа бахшичилик мактаблари вакилларидан эшитиб, нашр этилган достонларни ўқиб маҳоратини оширмаган. Иккинчидан, у барча деҳқонободлик, сурхондарёлик қўнғиротлар, элда достон-терма куйлаб юрган оқинлар каби “Келиной” ҳақидаги қўшиқларни кўп билган. Қолаверса, Қодир бахши Норгулой холасининг тақдиридан ҳам илҳомланган. Ёшликдан: “Хола, мен сизни достон қиламан”, деб айтар экан. Халқ оғзаки ижодидан яхши хабардор Норгулой опа ҳам бошидан ўтган воқеаларга бадиий тўн кийдириб, жиянига такрор-такрор сўзлаб бераркан. Шу омилларнинг барчаси “Келиной” достонининг Қодир бахшидан биз ёзиб олган ва нашр эттирган варианти юзага келишини таъминлаган.
1975-йили Қодир бахши мактабдаги ўқувчим Холтўра Раҳматов билан келиб: “Юринг, сизни қўй-қатиқлатиб, ўтлатиб (кийик ўт, жупор, олқор каби шифобахш гиёҳлар едириб), асли “Келиной”, яъни Норгулой холамни ҳам кўрсатиб келаман. Бугун Холтўрабой ўтган йили ўқишга киритганимиз учун ҳақ беради”, деб меҳмонга таклиф қилди. Қишлоқда бизни қади-қомати, ҳусн-у жамоли келишган ўрта ёшар эр-хотин кутиб олди. Гурунг-гурунг билан бўлиб Қодир ака: “Почча, создан бошланг-чи”, деб дўмбирасини узатди. Раҳмат ака бир неча куйни маромида чертди-да, чолғуни эгасига қайтарди. Бахши турли достонлардан анча куйлади. Эртасига Раҳмат поччаси, яъни Сўлтоқнинг зор қақшаган жойларини кўрсатишни ваъда қилиб бизни олиб қолди. Қишлоқ билан туташиб кетган Оқбош тоғининг Сарғай ота қисмига чиқдик. Баҳорда табиат ниҳоятда гўзал. Қодир ака жой номлари, хилма-хил гуллар, қушлар, гиёҳлар билан таништириб, Эрмат чол (бу ҳам Келинойга, яъни Норгулойга ошиқ) жўнатган ўн йигит Раҳматни қўлга туширган дарага етказиб келди.
“Думи қайрилган чаёндай”, “қутурган итдай”, “ошиққа озорлар”, “Худоям безорлар”, “раҳми йўқ тошлар”, “ўйловсиз бошлар” калтаклаб бораётганда Сўлтоқ (Раҳмат): “Айтиб кетсам, изсиз йўқолмасман”, деб нола қилмоқда.
Эй кўринган, қорли тоғлар,
Бундан Сўлтоқ ўтди денглар.
Кўкда учган сатта зоғлар,
Қонлар ютиб кетди денглар,
Тандан жонни сотди денглар,
Кўкда ойи ботди денглар.
…Бошин чўзиб тиклаб турган,
Гўшт қарашиб ғажир қушлар,
Бундан Сўлтоқ ўтди денглар,
Қонлар ютиб кетди денглар…
Қодир бахши достонни бошқа бахшиларда учрамайдиган мисралар билан якунлайди:
Оқ ўтовнинг устида,
Ўн олтита ойқучоқ.
Қариса ҳам Норгулой,
Эл оғзида келинчак.
Достон ёзиб олинганда Норгулой, яъни “Келиной” ва унинг суюклиси Раҳмат, яъни Сўлтоқ ёши ўтиб қолган эди. Бошқа персонажларга ҳам шу ён-атрофдаги реал кишилардан қиёс олинган, тоғлар, қушлар, гуллар, паррандалар, ҳайвонлар, гиёҳлар ҳам куйчининг кўз ўнгида гавдаланиб турарди. Қодир бахши кундалик турмуш тарзини эпик макон, эпик замонга кўчириб, ён-веримиздаги шахсларни эса эпик қаҳрамон даражасига кўтарди.
Қодир бахши “Келиной” достонини дастлаб “Машарой”, иккинчи ва учинчи марта “Норгулой” деб ёздирган бўлиб, ҳар учала вариант бир-биридан мазмунан чуқур ва бадиий етук. Биз қоғозга туширган тўртинчи талқинда ўтов тикиш, ёрамазон айтиш, келинсалом каби анъанавий тасвирларни киритадики, халқимиз урф-одатларининг муайян қирралари авлодларга етказилишида муҳим бадиий ва этнографик аҳамиятга эга.
Қодир бахши куйлаган “Келиной” достони Норгулойнинг мақоламиз аввалида келтирилган тасвиридан бошланиб, “Шукуралибойнинг чўпонлари бойдан энчи улоқ қилмас, Норгулни бир кўрсак бўлгани деб, тўбадан келиб писиб қарар, қорасини кўрса, бугун энчига олти қўй олдик деб юрар, бир хиллари Норгулнинг отини қўрқиб айтолмай, “Келиной” деб қўшиққа қўшар эди” тарзида давом этади. Бош қаҳрамоннинг бетакрор портрети билан даврани оғзига қаратиб олган бахши энди тингловчиларни воқеалар оқимига олиб киради.
Норгулой чалган чанқовузнинг товушини шу ўрамнинг катта ўғриси Сўлтоқ бехосдан эшитиб, сеҳрига лол қолиши асар воқеаларига туртки беради. Сўлтоқнинг куй эгасини сўраши чўпонга ёқмайди. Чунки ўзи ҳам Норгулойнинг кўйида куйганлардан эди.
Ёзувчи Самар Нур ёзганидек, қариялар кўзларини юмиб куй-қўшиқ оҳангига енгил бош тебратар, йигитларнинг юрагига тушган чўғдан кўзлари яшнаб кетган. Қиз-у жувонларнинг яноғи лоларанг, енг учи билан лабларини бекитиб, гўшангага кирган келиндай ҳаё билан ёрига термулишган. Болакайлар эса ҳали бу қўшиқнинг маъносини тушунмайди. Бахши хиёл кўзларини юмган ҳолда куйиб-ёниб “Норгулой”нинг ҳадсиз ҳуснини, ақл-идрокини, хилма-хил ҳунарини, унга ошиқ қирқ чўпон ва Сўлтоқнинг орзу-умидларини, севганига етишиш йўлидаги уринишларини куйлайверади. Норгулой мадҳи давом этаверади. У ўзбек қизларининг ёрқин юлдузи. Уни кўрган ҳар нарсадан кечади.
Қизлар қўтондан қий олар,
Қий бориб томдан жой олар.
Ой Норгул чиқса эшикка,
Кун туролмайди – уялар.
Тикка тушган Ҳасан-Ҳусан,
Кийиниб келди бўп посон.
Норгулойни кўрган сўнг
Уялди, кетди оп-осон.
Муқоясани қарангки, Норгулойни кўргани Ҳасан-Ҳусан (камалак) етти рангда товланиб ерга тушди. Бироқ бу ҳусни малоҳат қаршисида лол бўлиб, изига қайтиб кетди.
Бахши Норгулой таърифида қўллаган ҳазил-мутойиба ёшларнинг кулгисига, кексалардаги жонланишга сабаб бўлади. Достонда чўпонларнинг ҳар бири уни ўзича мадҳ этади. Назар чўпон Норгулойнинг сигир соғишини, моҳир тикувчилигини, Ражаб чўпон ўтов тикишини, Холиёр чўпон хулқи, феъл-атвори, ҳусни жамолини, Ғулом чўпон ҳайитлаб юришини куйласа, Эргаш чўпон ўз туйғуларини дўмбира оҳанглари билан сўзсиз баён этади. Айтишувда Сўлтоқ ғолиб топилади.
Бахшининг ёқимли, гоҳ майин, гоҳ шиддаткор овозидан таралиб, тингловчи қалбига сингаёттан мисралар фақат Келиной мадҳи, шўх-шодон кайфиятидан иборат эмас, инсоннинг азалий қисмати, муҳаббатга эришиш йўлидаги курашлар, висол умидлари-ю ҳижрон азоблари, ишқ ҳомийлари ва кушандалари баёни… Севгиси сабаб ўғриликни ташлаб, Шукуралибойга чўпон бўлган Сўлтоқ изтироблари тингловчини ўйлатади ҳам. Ҳижронга чидай олмаган йигит охири минг андиша, ҳадик билан Норгулойга кўнглини очади. Қиз анъанавий эпос мотивларига хос равишда ўзи билан кураш тушиш шартини қўяди. Туш пайти ўтовда ҳеч ким йўқ, Сўлтоқнинг беписандлик билан “Энди астароқ йиқитсак, ер қаттиқ-да”, дейиши Норгулойнинг ориятини қўзғайди.
Норгул энди ўз кўнглини хушлади,
енгни қўйиб, ёқасидан ушлади.
Бирор пасил ўтган эди орадан,
Сўлтоқни дустаман қилиб ташлади…
Мағлуб йигит бўйнини хам қилиб:
Душман бўлса якка майдон кўрардим,
Силташганда шерни ерга урардим,
Мен юрмайман, келиб сўйгин, Норгулжон,
Қизда ноз бор, кучи йўқ, деб юрардим… –
дея қизга тан беради. Норгул ҳам Сўлтоқни зимдан кузатиб севиб қолгани боис унга далда бериб, курашни сир тутишини айтиб жўнатади. Удумга кўра қалин беришга йигитда ҳеч вақо йўқ эди. Бой эса чўпонига, қанчалик мард, садоқатли, фидойи бўлмасин, якка-ю ягона қизини бермоқчи эмас.
Ярим тун. Ёз оқшоми бўлишига қарамай, баданлар жунжикади. Болалар катталарнинг пинжига тиқилишади. Аммо кўзга уйқу келмайди. Бахши куйлаяпти… Чўпонлар ва уларнинг яқин маслаҳатчиси Доно безовта. Ниҳоят чора топилди. Сўлтоқ Норгулни узоқ-узоқларга олиб қочди. Аммо бойнинг қўли узун, уларни Гиламбопдан тутиб келтирди. Қизнинг қатъияти, Халил мергандек фидойи инсоннинг сўзлари, чўпонларнинг Сўлтоқни ҳимоя қилиши Шукуралибойнинг кўнглини ийитди. Бироқ воқеалар давоми бахши қўлида. Дўмбира уни қаёнга бошлайди. Саҳар бўлди. Бирдан тўй бошланиб, яна Келиной таснифига ўтилса, кайфият кўтариларди. Йўқ, соз мунгли янграйди, соз йиғлайди. Чунки Эрмат чол Сўлтоқни ўлдиргани ўн тўрт йигитни қуроллантириб йўлга солади.
Қабоғи қирдай уюлиб,
Пул учун мушти туйилиб,
Юзида қилча меҳр йўқ,
Кўзига қонлар қуйилиб.
Булбулга ҳакка жўнади,
Қарғадай тикка жўнади.
Сўлтоқни ҳийла билан ушладилар, қўлин маҳкам бойладилар, чор тарафдан аччиқ қамчи тайладилар. Тингловчилар хомушланди, йигитнинг ноласига чидай олмай, кўзларда ёш милтирай бошлади. Асаблар таранг. Энди мақсадга етдим деган, барча азоб-уқубат ўтди деган Сўлтоқнинг ёруғ оламдан умиди узилди.
Ошиқ йигит “йиғлаб турган сатта гуллар”, “ошиққа вафодор тоғлар”, “сайраб йиғлаган булбуллар”, “хўрсиниб турган заранглар”, “урманглар деб шохин чўзган арчалар”, “тиконларин олиб қочган қизамизлар”, “фарёд уриб шовуллаб оққан сувлар”, “бошда парвона бўлган муллатўрғай”, “баланд-паст қиялар”, “чопишган қулун-биялар”, “ўйнашиб юрган туялар”, “тоғда сайраган какликлар”, “изғишган қўзи-улоқлар”, “ғанғиллаб учган сўналар”дан нажот тилаб, уларга дардини айтиб кетаверди. Сўлтоқнинг ноласига чидай олмай, тун чекина бошлади, ой ботди, қариялар бомдод намозини ҳам унутиб бахши ёнида қотди. Қодир бахшининг ўқраниши тоғ чўққиларига ҳам етди…
Халил мерган, Доно чўпон ва бошқа қўйчивонлар Шукуралибой билан келишиб, ялоқ қизартар, фотиҳа, никоҳ тўйини бир қилиб, барча расм-русумлар, анъаналар бўйича маросимларни бошлаб юборишди. Қуёш уфқдан бош кўтарганда бахши Сўлтоқ ва Норгулойнинг тўйи таърифини тугатди.
Бахши кексалардан дуо олиб қўзғалганда кампирлар келинни саломга олиб чиқаётган эди. Бу кеча юзлаб тингловчилар қалбида мангу муҳрланиб қолди. Достон бўй қизлар-у бўз йигитлар қалбида орзу-умид, кексалар дилида эса ёшлик армон бўлиб балқиди. Биз яна кўп марта “Келиной”ни гоҳ тўлиқ, гоҳ қисқарган ҳолда тингладик. Ҳар даврада, ҳар ўтиришда Норгулой ўзбекона зеболиги, ғайрат-шижоати, гўзал ахлоқи, ноз-карашмаси, меҳр-муҳаббати билан ўзига ром этаверди.
Қодир бахши куйлаган “Келиной” (“Норгулой”) ёшлар севгисини ўзига хос руҳий ҳолатларда бера олгани, ўзбек қизларигагина хос фазилатлар, ибо-ҳаё ва курашчанликни ифодалагани билангина эмас, миллий урф-одатлар, расм-русумларни ипидан-игнасигача мужассамлаштиргани билан ҳам беқиёс аҳамиятга эга. Биргина ўтов тикишни олсак, керага, боғиш, чанғароқ, тизма, қур, ғилдировуқ, ўн олти отма бов, икки оқ бедов, тупак, ийнов, туйнук, тўрт томонга боғланувчи бов, каштали чий сингари жиҳозларни қандай жойлаштириш жуда чиройли тарзда назмий баён қилинади. “Тўртта керагасини “Биздай қариб юрсин” деб тўрт кампир уюрди. Бўсағасини: “Меҳмон кўп бўлсин”, деб меҳмон хотинларга қурдирди… “Бола-чақаси кўп бўлсин”, деб боласи кўп аёлга чақалоқни кўтартирди… Ўн олти отма бовни “бир-биридан совимасин”, деб қизлар ойқучоқ қилиб ташлади. Кигизни ушлаб туриш учун икки оқ бедовни ўтовнинг ийновидан тутиб бўсағага маҳкамлади. Чанғароқнинг устидан тўртта оқ ола ип билан боғланган туйнукни ташлаб, учта учини боғлади, биттасини Норгулой боғлайди, деб бўсағага қўйди. Ундан кейин оппоқ чийни уюриб, ўтовини тайёр қилиб қўйди. “Бўсағаси мойли бўлсин”, деб бўсағага семиз қўйдан бирини осиб сийирди…”. Бундан ташқари, ялоқ қизартирар, дастурхон жўнатар, дастурхон қайтар, қалин, қиз ота, вакил ота, ит ириллар, кампир ўлди, оёқ босар, соч сийпатар, ойна кўрсатар, қўйнига тухум солар, тонгни кутар, олов айлантирар, ота дуоси, кўган ташлар, бахмал тўшар, тери ёпар, белга қўлдов боғлар, бўсағага бутун нон қўяр, чўнтакка ойна солар, ун элатар, қўлни мойга ботирар, юз кўрсатар сингари ўттиздан ошиқ урф-одат, ирим-сиримлар тасвирланади.
Қодир бахшининг ютуғи шундаки, ўзи яшаётган элнинг ҳар бир одатини яхши билади, унинг қатидаги эзгу мақсадни англаб етади ва асар воқеалари матнига заргарона сингдиради. У куйлаган “Келиной” (“Норгулой”) достони бетакпоп бадиияти билан ўзбек халқ оғзаки ижодида муносиб ўрин тутади.
«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 7-8-сон