Романда акс эттирилган тарихий воқеалар бундан қарийб икки минг йил аввал – милоддан аввалги II асрда рўй берган. Ўша даврда шакллана бошлаган Буюк ипак йўлини тўлиқ ўз назорати остига олишни мақсад қилган Хан императори У-ди милоддан аввалги 138 йили ўз элчиси Чжан Цзянни узоқ Ғарбда жойлашган Довон (ҳозирги Фарғона водийсидаги қадимги давлат) ҳақида маълумот тўплаш учун юборади.
У-ди милоддан аввалги 104 ва 102 йилларда Довонга катта қўшин юборади. Аждодларимизнинг юрт озодлиги учун фидокорона кураши натижасида Хан аскарлари иккала сафар ҳам мағлубиятга учрайди. Ўша воқеаларни ҳикоя қилар экан, ёзувчи Манноп Эгамберди зукко ўқувчиларни мозий сари қизиқарли ва ғаройиб саёҳатга бошлайди.
Роман илк бор 1984 йили Москвадаги «Воениздат» нашриётида рус тилида, 1988 ва 2013 йилларда эса ўзбек тилида Тошкентда чоп этилган. Эндиликда адиб таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан романнинг учинчи, тўлдирилган нашри китобхонлар эътиборига ҳавола этилмоқда.