Карл жуда истеъдодли ижодкор эди. У моҳир ҳайкалтарош бўлиб, асосан, аёл табиати, руҳияти ва унинг нозик вужудида қўним топган бетакрор жозибани тасвирлашга бутун умрини сарфлаган, десак муболаға бўлмасди. Карл ўрта бўйли, оқ юзли, қора қош-кўзли, хуллас, атрофидаги гирдикапалак аёллар таъбири билан айтганда, келишган ва ёқимтой бир йигит эди. Кимдир уни 25-30 ёш оралиғида, ҳали бўйдоқлигини айтса, бошқаси аллақачон 40-45 ни уриб қўйган, сўққабош деб ҳисобларди. Чунки, ҳайкалтарош дилкаш, очиқюзли инсон бўлишига қарамасдан, одамови ва камгап бўлиб, одатда, мурожаат қилишмаса кўча-куйда ёки тез-тез ташкил этиладиган кўргазмаларида биров билан суҳбатлашиб ўтирганини ҳеч ким кўрмаганди ва мудом ёлғизликда яшар эди. Унинг кўзлари мулойим боқар, нигоҳининг туб-тубида ғам-ғусса, қайғу ин қуриб олгандек кўринарди. Яна бир қарасангиз, аллақандай қувлик ҳам кўрингандек бўлар, аммо аёлларни унга талпиниб, маҳлиё этадиган яна бир жиҳати тим қора кўзларидаги маъюслик эди. Маъюс нигоҳлар беғубор ва самимий боқиб турар, истеъдод эса ушбу кўринишга қўшимча балл қўшарди. Карлнинг мухлислари, асосан, аёллар бўлиб, Венерадан тортиб, то Афродитагача чўзилган аёл қиёфаси бор жозибасини ифода этадиган, моҳирлик билан бунёд бўлган санъат асарларида ҳар бир аёл ўзининг қай бир жиҳатини кўргандек бўлар, бу ҳолат уларнинг ҳайкалтарошга бўлган меҳр-муҳаббатини янада жўшқинлантирар эди…
Бугун Карл ҳар доимгидан ҳам барвақт кўриниш берди. Бу вақтда, яъни саҳармардонлаб энди тонг ёришиб келаётган бир пайтда Парижнинг кенг ва файзли кўчаларида бир зоғни учратиш амри маҳол бўлиб, доимо боғчасидаги тебратма стулида хаёл суриб ўтирадиган кекса, ёлғиз кампирдан бошқаси кўринмасди. Ёзнинг сўнгги, куз томон оғишаётган илиқ, намхуш тонги Карлнинг кайфиятини янада очиб юборган, у минғирлаб хиргойи қилганича, ён-атрофга завқ билан боқиб, хотиржам одимларди. Ўтиб кета туриб кампирга меҳр билан жилмайиб, бош ирғаб қўйди. Кампир эса қоқсуяк елкасига ташлаб олган шол рўмолининг шокиладор бурчагини силкитиб қўйди. Ғира-шира бўлса-да кўриниб турган кемшик тишлари ва чаққон ҳаракатларидан кампирнинг кўтаринки кайфиятини илғаш қийин эмасди. Шу тарзда Карл қўлидаги бир ёки икки ҳафта оралиғида уйидан судраб чиқиб, яна қайтиб олиб келадиган тутқичли тилларанг металл жомадонининг қўшғилдиракларини ғилдиратганича, Сена дарёси қирғоғида ёйилиб кетган тонгги қуюқ туман ичида кўринмай кетарди.
Чошгоҳ маҳалида Карл Сена дарёси бўйида жойлашган гольф клубда пайдо бўлар, хуморидан чиққунча ўйнарди. Ўйиндан кейин унинг кўриниши ниҳоятда кўтаринки тус оларди. Кўзларидаги маъюслик қувноқ, жилвакор нигоҳ остида қолиб кўринмай кетгандек туюларди. Тушлик маҳалида унинг жомадони Сена бўйидаги “Il Vaporetto” итальян ошхонаси махсус бўлмасидан жой олар, Карл мароқ билан, мамнун қиёфада тушлик қилиб оларди. Деярли ҳар ҳафта ташриф буюрадиган, сўнгги манзили эса шу атрофдаги тор кўчалардан бирида жойлашган “Speed dating” қаҳвахонаси бўларди.
Карл бугун жуда кўп аёллар билан юз кўришди. У алвонранг овалсимон столга тирсакларини тираганича хотиржам боқар, кўзларига яна сўник маъюслик қайта ташриф буюргандек эди. У шошилмасдан каттагина, қизғиш ялтироқ муқовали ён дафтарини очди. Бирин-кетин варақлай бошлади. Юзида аллақандай ғашлик пайдо бўлди, қуюқ қошлари чимирилди. Чуқур уҳ тортди. Бу орада қаршисига озғиндан келган, малла сочли аёл келиб ўтирди. Карл унга синчков тикилди. Норозилик аломати пайдо бўлиб, буришиб кетган юзини аёлга сездирмаслик учун бошини эгиб, ёндафтарини варақлаган бўлди. Маҳорат билан қора қаламда чизилган аёл қоматини кўздан кечира бошлади. Сўнгра худдики, анчадан буён ниманидир – жуда керакли нарсани – минг марта тиришиб эслай олмаган-у, ҳозир айни пайтда ёдига тушиб қолгандек, юзи бирдан ёришиб кетди. Кўзларини катта-катта очиб яна аёлга тикилди. Аёлнинг нозик, узун-узун бармоқлари, гарчи бўёқ сурилмаган бўлса-да, гапираётиб ҳаракатга келтирилаётган маҳалда табиий тусда жилоланиб турган шаффоф тирноқлари Карлнинг кўзларидаги сўнаётган умидга жон ато этгандек кўринди. У мамнунлик билан ёндафтаридаги аёл сиймосининг бармоқларини қизил доирага олиб қўйди. Кайфияти сўнгги нуқталаргача кўтарилганлигини унинг оловланиб, учқун порлаб турган кўзларидан англаш қийин эмас эди. Улар суҳбатни қисқа қилишди. Шундоғам қисқа бўлган ўн-ўн беш дақиқалик чегараланган вақт ҳам худдики уларни мажбурий ҳолатда тутиб қоладигандек, шошилишганича қаҳвахонани тарк этишди. Токи қуёш Эйфел минораси оёқлари остига йиқилиб, тўқ пуштиранг шарпасини уфққа ёйгунга қадар табиат қўйнида айланишди. Карлнинг кайфияти чоғ бўладиган бундай пайтларида, жуда ҳазилкаш бўлиб кетар, худди шундай бахтли дамларида фавқулодда хохолаб кулишини эшитиш мумкин эди. Карл малласоч аёл билан қўлтиқлашиб, қадрдон уйи йўлагида пайдо бўлишганларида қош қорайиб, кулранг осмонда Венера ва Катта айиқ юлдузлари хиралашибгина юз очиб қолган эди…
Карл бир ҳафтага яқин эшик очиб, остона ҳатламади. Шу билан қорасини кўрсатмас, ижодга шўнғиб кетарди. Бирор қўшниси – ҳаттоки субҳидамдан кун ботгунга қадар боғида мудраб ўтирадиган кампиршо ҳам – Карлнинг илҳом парилари бўлмиш, ҳар ҳафтада бир янгиланадиган аёлларнинг қачон келиб, қачон кетишларини билолмай қолишарди. Кампиршо ухламай тонг оттирган дамларида ҳам бирор марта Карлнинг эшиги очилиб, бирор аёлнинг чиқиб кетганига гувоҳ бўлмаган. Ваниҳоят, бир ҳафта бўлар-бўлмас Карлнинг зил-замбил эшиги чўзиқ нола тортиб очилар, остонадан бироз тушкун, одамови ва камгап ҳайкалтарош бўй кўрсатар, тилларанг жомадонини ғилдиратганича ғира-шира тонг бағрига сингиб кетарди.
Бугун Карл ўзгача кайфиятда уйғонди. Кенг хонасида қаторлашиб жой эгаллаган оппоқ мармар ҳайкалларни силаб-сийпалаб кўздан кечириб чиқди. Ётоғи ёнидаги стол устида турган суратни олиб, узоқ тикилди. Маъюс тортиб, бироз ўйга толиб қолди. Аёл бор бўй-басти билан суратга олинган, қадди-қомати, юз-кўзлари, қўнғироқ сочлари ақлни шоширадиган даражада мафтункор ва жозибали. Карл ёш ҳалқаланган кўзларини шоша-пиша артди. Суратни оҳиста ўпиб, нимадир деб ғудраниб қўйди. Ён дафтарчасини олиб, барча тана аъзолари белгиланиб бўлинган, аммо ёлғиз бош қисми қизил доирасиз қолган аёл сиймосига тикилди. Кўзларида меҳру муҳаббат, кайфият учқунлари йилт этди-ю, кеча тайёрлаб қўйилган тилларанг жомадонини пастда, подвалда жойлашган устахонасидан зўрға судраб чиқди. Ташқи эшикни қулфлаб, доимги йўли томон равона бўлди.
Карл “speed dating”да еттинчи ё саккизинчи аёл билан юзма-юз ўтирар экан, жуда безовта ва бесаранжом кўринарди. У аёлларнинг юз-кўзларига синчиклаб қарар, стол устида қовушиб турган бармоқлари асабий титрарди. Кўз гавҳари ниҳоятда кенгайиб кетган, оқ ўрнини фақат қорачиқ эгаллаб олгандек кўринарди. У сонияларга қолмай аёллардан юз бурарди ва навбатдаги аёл юзига тикиларди. Карлнинг тоқати тоқ бўлди. Ҳафсаласи пир бўлиб, энди ўрнидан туриб, жомадонига қўл юбораётган маҳалида стулга бир аёл келиб ўтирди. Карл “Мен турдим!” ёки “Кетяпман!” маъносидаги қандайдир, кўнгилга ботмайдиган силлиқроқ сўз айтмоқ учун оғиз жуфтлаш баробарида аёлнинг юзига нари-бери қаради. Шу заҳоти юзи ёришиб, ёноқлари қизарди. Кўзларида муҳаббат порлади.
Аёл майин жилмайиб, қимтинибгина ўтирар, кўриниши, ўзини тутишидан жудаям уятчан ва соддадиллиги билинарди. Карл эса кўзларини ундан узолмас, тинмасдан саволга тутарди. Аёл ўзини Меркел деб таништирди.
– Сен ҳам ижодкормисан? – деди Карл қувноқ овозда, аёл тиззасида турган каттагина ёндафтар ва қаламга ишора қилар экан.
– Шундай деса ҳам бўлади. – деди аёл қизариниб, – Сураткашман! Инсон ва ҳиссиётлар мавзусига жуда қизиқишим катта. Келгуси режаларимда ҳам худди шу мавзуга мурожаат этмоқчиман.
– Ажойиб! Биласанми, иккимиз жуда ҳам ўхшаш эканмиз! – деди Карл ҳаяжон билан, – Иккимиз ҳам ижодкор, иккимизнинг ҳам кўнгилларимиз синиқ…
– Мен ҳали кўнглим ҳақида сенга гапирмадим-ку, – деди Меркел ҳайрат ва соддалик билан.
– Нега энди, келганингдан буён сўйлаб ўтирибсан-ку, – деди Карл унинг тиниқ мовий кўзларига боқиб, – Кўзларинг… денгиз каби шовуллаяпди улар… Дардлар бисёр, аламлар бисёр. Сен унинг ўзгинасисан… Оҳҳ… – Карл бошини чангаллади. Меркел унинг қўлларидан оҳиста силади.
– Ҳаммаси яхши, ўзингни қийнама, азизим Карл!
Карлнинг уйига етиб келишганида кун алламаҳал бўлган, кечки сайрга чиққан жуфтликларнинг шўх-шодон чеҳралари йўлкаларни ёритиб турган тунги чироқлар ёруғида яққол кўриниб турарди. Ҳамма хурсанд, барча бахтлидек эди…
Меркел ийманибгина ёндафтарини қучиб, кафеда стол четига олиб қўйган ғилофли, каттагина фотоаппаратини бўйни аралаш елкасига осиб олган, эшикни очиш учун Карл бир четга қўйган жомадонни ҳам тутқичидан маҳкам тутиб турарди. Унинг юзидан ҳеч нарсани англаб бўлмасди шу тобда. Фақат соддагина самимий аёл, бошқа ҳеч нарса кўринмас эди. Карл ташқи эшикдан кирасолиб, чироқни ёқди. Чароғон хона кўзларни қамаштирди. Кираверишданоқ қатор, савлат тўкиб турган мармар ҳайкаллар кўзга ташланарди. Меркел ҳайрат билан, кўзлари ёниб уларни томоша қилиб чиқди. Ушбу аёл сиймоларининг ҳар бири бир олам эди. Такрорланмас ва беқиёс хилқатлар эди барчаси.
Карл жомадонни ижодхонасига ташлаб чиқар экан, самимий жилмайиб, одоб билан Меркелга шампан виноси таклиф этди. Антиквар патефон қулоғи буралгач, анча вақт вишиллаган ва ғижир-ғижир товуш чиқариб турди, сўнгра “Танго” куйи янграй бошлади. Карл ва Меркел шампан виносидан оз-оздан ҳўплар экан, кўзлари тўқнашар, гўёки қора тун ҳамда мовий денгиз жангга киришган-у, юлдузлар ва тўлқинлар сафарбар этилиб, нигоҳларидан совуқ эпкин, оловли учқун сачрарди. Карл аёлга қўлини тутди. Аёл ҳам қўлларини унга тутар экан, нозик оёқларини узун пошнали алвон туфлисидан озод этиб, вужудини Карл ихтиёрига топширди. Улар куй оҳангларида сармаст бўлишиб, маҳорат билан “Танго” рақсига шўнғиб кетишди…
Карл Меркелнинг қўлидан тутиб, зиналар оша пастга, муздек ҳаво ҳамда ғалати ҳид анқиб турган ертўла – ижодхонаси томон йўл бошлади. У энди бутунлай тинчиб қолган, ҳаяжони босилган, осойишта ва хотиржам эди. Кўзлари мулойим боқар, қорачиқларидаги маъюслик қаёққадир йўқолиб, ўрнига битмас-туганмас ишқ жойлашиб олгандек эди. Устахонада тартибсизлик кўзга ташланмас, бошқа ижодкорлардан фарқли ўлароқ, Карлнинг ниҳоятда тартибли, таъбир жоиз бўлса, қонун-қоида билан ишлаши яққол сезилиб турарди. Ҳали якунига етмаган мармар ҳайкаллар устига мато ташлаб қўйилган, асбоб-ускуналар махсус қутиларда алоҳида-алоҳида жойланган, устахонанинг оппоқ мармар поли, мебель ҳамда деразалар топ-тоза қилиб артилган, ярақлаб турарди. Хона тўрида шкафсимон, муздек ҳаво пуркаб турган жиҳоз рўпарасида устига оқ қалин мато ташланган ҳайкал турарди. Кўринишидан, гарчи мато остида турган бўлса-да, Карлнинг иши ҳали охирига етмагани, ҳайкал бошсиз экани сезиларди. Карлнинг авзойи ўзгарди. Титраб-қақшаб, шаҳд билан матони тортди. Қизғиш доғлар қоплаб олган оппоқ мато Меркелнинг оёқлари остига келиб тушди. Шаҳд билан учиб келган матонинг буринни ёрар даражадаги қўланса ҳиди хона бўйлаб ёйилди. Карл чап қўли билан ёнидаги стол устини пайпаслар экан, қассобларникидек каттагина пичоқни кафтлари орасига олди ва Меркелга совуқ тиржайди.
Меркелнинг юзида озгина ҳайрат сезилгандек бўлар, на бир қўрқув, на ҳиссиётни англаб бўлмас, аёлларнинг ҳар хил аъзолари бирлаштирилиб, маҳорат билан чокланган, мукаммал, аммо бошсиз аёл гавдасидан кўзларини узолмасди. Карл пичоқни боши узра кўтарди, Меркел соддагина жилмайиб, қўлида пайдо бўлиб қолган ингичка ва нозик, узунгина пичоқчасини худдики, Карлга совға қилиш учун тутқазаётгандек йўналтирди…
Фотоапарат чиққиллади. Ҳар хил эркакларнинг ишонч ва муҳаббат йўғрилган нигоҳлари бақрайиб қотиб қолган, оппоқ юзли бошларнинг суратлари ёпиштириб чиқилган ёндафтар шошилмасдан навбати билан варақланди. Охирги саҳифасидан эса мукаммал, қуроқли танага ўрнатилган Карлнинг боши жой олди. Унинг юзида ҳиссизлик, кўзларида эса даҳшат қотиб қолган эди…
Меркел қандайдир қўшиқни хиргойи қилганча, устахонани бошдан оёқ ярақлатиб артиб-тозалаб чиқди. Чиқиб кета туриб, ўзи бунёд этган мукаммал танада бўйнидан чокланиб, бақрайиб қолган Карлни меҳр билан ўпиб қўйди. Ташқи эшикни қулфлар экан, тонг ҳавосидан энтикиб нафас олди. Йўлакка чиққанидан кейин доимгидек боғида мудраб ўтирган кампирга қўл силкитиб қўйди. Кампир ҳам ҳар сафаргидек рўмолини силкитиш билан жавоб йўллади. Меркел мамнун жилмайиб, хотиржам, битта-битта қадам ташлаганича, йўлида давом этди. У атрофга соддаларча боқар экан, тилларанг жомадоннинг қўшғилдиракларини ғилдиратиб, Сена дарёсининг туманли қирғоқлари томон сингиб кетди…