Баттол Кумс учрашув учун шундай қўрқинчли кечани беҳуда танламаган. Чейт Брандер шарфини бўйнига маҳкамроқ ўраб, қўлларини чўнтагига суқди. Бу уринишлари совуқдан сақланишга ёрдам беролмади. Бир кўнгли, уйига қайтишни ҳам ўйлади. Аммо ҳозир моддий аҳволи яхши эмас. Ундан қарз олган Франк Кумс ниҳоят пулни қайтаришга ваъда берган.
Брандер бу учрашувдан воз кечиб, қўл силтаб кетмоқчи бўлиб турганда унга омад кулиб боқди. Нарироқда такси тўхтади ва ундан қизил юзлари товоқдай бир аёл тушди. Чейт орқа ўриндиққа чиқишга шошилиб, аёлни туртиб юбораёзди. Ҳайдовчига манзилни айтди, ўн дақиқада айтган жойига ҳам етди. Ҳаво баттар айниди, дарё томондан муздек, аччиқ шамол эсарди.
Фрэнк Кумс яшаган янги кўп қаватли уйнинг киравериш саҳнига тўшалган овозютар гиламлар боис бу ерда жимжитлик ҳукмрон. Бунинг устига, улкан бу бинонинг ярми бўш, чунки квартира баҳоси ва ижара ҳақи бу ерда жуда юқори. Аммо бу ҳолат Кумсни биринчи ижарачилардан бўлишга ва бутун пентхаусни эгаллашга халақит бермади.
Чейт Брандер лифтга чиқиб, энг юқори қаватга кўтарилди. Сўнгги саккиз қаватда ҳали ҳеч ким яшамайди. Ҳашаматли бу квартирани Кумс қарзга олган пул ҳисобига сотиб олганини эслаган Чейтнинг қовоқлари уюлди ва нафрат билан тўнғиллади:
– Бунақа бойваччадан ўргилдим!
Фрэнк Кумс эшикни очганда совуқдан қалтираётган меҳмонга иссиқ ҳаво урилди.
– Честер! – Кумс худди ўн йилдан буён кўришмаган акаси келгандай қувониб қичқирди. – Баракалла, совуқдан қўрқмай келганингга қойилман. Қани, кир, оғайни.
Брандер сертакаллуф мезбон ортидан кенг меҳмонхонага кирар экан, атрофга аланглаб назар ташлади. Тўшалган қалин гиламларнинг юмшоқлигидан оёқлари тўпиғигача ботиб кетай дейди. Пишиқ ёғочдан нафис қоплама билан тайёрланган мебеллар, эман дарахтидан қилинган дераза панели, деразаларда жипс ёпиладиган ипак дарпардалар… Барчаси ярқираб кўзни қамаштиради.
Мезбоннинг ҳам кўриниши аъло, сочлари силлиқ таралган, юзлари нақш олмадай қип-қизил, энгида кулранг бахмал камзул ва оғзида қимматбаҳо трубка. У оғзидан булутсимон тутун чиқариб, трубкани олди-да, такаббурона кулимсиради:
– Қани, нима дейсан, Чейт? Бу уй эски бошпанамдан яхшими? Мақталган бу уй ҳақида эшитган заҳотим шу ёққа учиб келдим…
– Негадир эшик олдида бу ердан квартира олишни истаганларни кўрмадим, – минғирлади Брандер.
– Аммо юқори қаватларда одамлар яшамайди, – деб Кумс меҳмоннинг пальтоси, шляпа ва шарфини олди. – Костюмни ечишни хоҳлайсанми? Уйим иссиқ.
– Йўқ, яхшиси мен пиджакда қола қолай. Шоҳларникидай ҳашаматли, Фрэнк. Шундай уйни ўзингга ишонч билан эп кўряпсанми?
– Кекса Фрэнк ҳақида кўп қайғурма, – хоҳолаб кулди Кумс. – Сенга айтмовмидим, акция ва қимматбаҳо қоғозларга дидим чакки эмас. Менга пул берганингга асло афсусланмайсан.
– Демак, пулингга куйдинг демоқчимисан?
– Кел, оғайни, аввал ичайлик, – деди кутилмаганда йўтали тутган Кумс.
– Йўқ, Фрэнк, ишни битказиб кейин ичамиз. Мен пулимга келдим ва бўш қўлларим билан қайтмоқчи эмасман.
Кумс виски қуйди ва уч бора ғилтиллатиб ютиб, стаканни бўшатди.
– Мен сўзимда тураман, Чейт. Бугун пулингни сўнгги тийинигача фоизи билан оласан.
– Қанақа фоизлар ҳақида гапиряпсан?
Мезбон яна кулди ва енгил силкиниб олдинга босди.
– Кўрасан, яқинда кўрасан… Менга қара, пулни шунчалик яхши кўришингни билмабман. Ўша жирканч металл пуллар ҳақида гапингни тўхтат. Ахир сен билан қачонлардир қадрдон дўст бўлганлигимизни унутиб қўйдингми? Сенга бежирим ва шинам уйимни кўз-кўз қилишни хоҳлайман…
– Кўриб бўлдим.
– Сен энг асосийларини кўрганинг йўқ, – Кумс сирли табассум билан дарпардага ишора қилди, – у томонда ҳайҳотдай балкон бор, сўнгги қаричигача менга тегишли. У ердан шаҳар томонга қарасанг, ажойиб манзара кўзга ташланади. – У айвонга чиқиладиган икки қанотли эшикни ланг очиб юборди. Меҳмонхонага совуқ ҳаво урилди.
– Ҳей!… – ҳали дурустроқ исиб улгурмаган Брандер аччиқланди.
– Қўрқма, совқотиб қолмайсан. Сен фақат бир томоша қилгин. Қара, қандай манзара! Сен билан гаров ўйнайман, бунақасини асло кўрмагансан…
Брандер истар-истамас қўзғалди. Очиқ эшикдан Манхэттеннинг чироқлари порлаб турибди. Манзара чиндан ҳам ҳайратланарли эди.
– Қалай? Бутун вужудинг роҳатланади, тўғрими?
– Панжарага не ҳожат? – деб сўради меҳмон.
– Панжарами? – деб қиқирлаб кулди мезбон, – Чейт, сен мени биласан. Мен ҳеч қачон, ҳеч кимга ишонмайман. Кўп қаватли уйлар ўғриларни ўзига оҳанрабодек тортади. Шунинг учун дераза ва эшикка пўлат панжара қўйдирдим. Бехавотир яшаганга нима етсин… Қани, оғайни, буёққа кел-чи!
Брандер совуқни ва изғирин шамолни унутиб, оёқлари остида порлаган чироқлар денгизига мафтункор боққан ҳолда балконга чиқди. Манзара чиндан ҳам гўзал эди, боқиб руҳинг енгил тортади.
– Хўш, энди нима дейсан? Ҳақиқий ҳаёт шундай бўлиши керак, деб ўйлайман!
– Эҳтимол, сен ҳақдирсан. – хўрсинди Брандер.
– Манзарадан завқ олиб тур, йигит, мен эса коктейлни аралаштириб келай, – дея Кумс меҳмонхона томон йўл олди.
Брандер чамаси бир дақиқача, қаттиқ совқотгунга қадар катта шаҳарнинг чироқларини завқланиб томоша қилди. Етти йилдан буён бундай қаттиқ совуқ Нью-Йоркда бўлмаган. Бурилиб сездики, мезбон шошилмайгина эшикни ёпиб, лўкидонини солиб қўймоқда.
– Ҳой оч, Фрэнк! – илтимос қилди Брандер, – ҳазилингни қўй.
Қалин ойна ортидан у Кумснинг илжайганини кўрди. Кумс стаканни кўрсатиб, унинг соғлиги учун ичаётганига ишора қилди ва даст кўтариб ичиб юборди. Кейин шошилмасдан бурилиб, меҳмонхона ичкарисига кириб кетди.
– Хой… – бор овози билан ташвишланиб чақирди Брандер ва бутун кучини жамлаб, эшик тутқичини силтаб тортди. – Мени қўйвор, Фрэнк! Бу ер жудаям совуқ экан. – У Кумсни кўрмасди, аммо сезиб турибдики, меҳмонхонанинг қаеридадир ярамас ҳазилидан ҳузурланмоқда. Мушти билан кичикроқ ойнани тарақлатиб урган Чейт пишиқ-пухта бўлиши учун ойна тўр билан қопланганини сезиб қолди. Оёқлари билан икки бор эшикни тепгач, у пўлат экани эсига тушиб қўл силтади. – Фрэнк, худо хайрингни берсин, аҳмоқлик қилма! Ҳазиллашдингми, бўлди-да, мени ичкарига кирит!
Пентхаусдаги чироқлар ўчгач, Честер Брандер англадики, бу ҳазил эмас. Кумс эшикни бир дақиқадан кейин ҳам, бир соатдан кейин ҳам очишини ҳаёлига келтиргани йўқ.
– Фрэнк! – жон-жаҳди билан қичқирди Брандер. Аммо шамол сўзларини учириб кетди. Ҳаммаси беҳуда. Ўз овозини ҳам аранг эшитарди у.
Даҳшатли ҳолатда қолганини англаб етгунча Чейт эшик олдида қанча вақт турганини айтиш қийин. Пайпаслаб ойнани ушламоқчи бўлди, аммо қўлини темир панжарага уриб олди. Энди у иссиқ, қуруқ ва шинам хонага ҳеч қачон кира олмайди, шекилли.
Дастлабки дақиқаларда Чейт жон-жаҳди билан эшикни тақиллатиб, совуқни ҳис этмади. Энди эса совуқ ва изғирин шамол ўлимни ўйлашга мажбур қилди. Бу ҳазил бўлса керак деган сўнгги гумонлар ҳам пучга чиқди. Учрашув учун бу кечани Кумс беҳуда танлаган эмас. Қарзини тўламоқчи бўлгани ва қанақа фоизлар ҳақида гапириб ўтганини қаранг!
Лекин Фрэнк унинг ўлимини қандай изоҳлар экан? Полиция шаҳарнинг қоқ марказида Честер Брандернинг музлаб қолган танасини топиб олганда нима деркин? Ҳайрон ҳолатда елкаларини қисган Брандер айвон деворига яқинлашди ва уни ердан ажратиб турган зулмат қаърига назар ташлади.
– Ёрдам беринглар! – бақирди у. – Ёрдам беринглар!
Чейт барча ҳаракатлари беҳудалигини тушунди. Пентхаус билан одамлар яшаётган квартиралар оралиғида кимсасиз саккиз қават бор.
– Овозимни ҳеч ким эшитмайди, – деди у қалтирай-қалтирай ҳиқиллаб. – Бу ерда музлаб қолганимни ҳам ҳеч ким билмайди…
Чейт Брандер бу ердан чиқиш иложини топиш илинжида пентхаусни бир неча бор айланиб чиқди, аммо квартирага кирадиган биронта туйнук топа олмади. Оёқ ва қўллари совуқдан қота бошлади. Исинмоқ учун у ёқдан буёққа югуришга тушди. Аммо бир неча дақиқа ўтгач, оғир нафас олиб муздек тош пол устига қулаб тушди. Қандай бўлмасин, ёрдам топиш зарур. Акс ҳолда, тамом!
Брандер саросимага тушган ҳолда чўнтакларини кавлай бошлади. Аввал қўлига картмон урилди. Кичикроқ хат ёзиб ташламоқчи бўлди, аммо шу заҳоти бундан ҳеч нарса чиқмаслигига кўзи етди. Кераги йўқ ёзишнинг. Ғамгин ҳолатда бошини сарак-сарак қилиб, бирон йўловчи топиб олар деган умидда картмонини пастга ирғитди. Аммо кучли шамол уни шу заҳоти дарё томон учириб кетди. Яна костюмини кавлаб, ўнг чўнтагидан калит топиб олди ва бир неча сония унга ҳайрон бўлиб тикилди. Йўқ, бу унинг калити эмас, бунга ишончи комил. Брандер уни ташлаб юбормоқчи бўлди-ю, бироздан сўнг фаҳми етиб фикридан қайтди. Кумс квартирасининг калити. Фрэнк уни Чейтнинг чўнтагига сездирмай солиб қўйган бўлса керак. Аммо нега шундай қилди экан? Честер Брандернинг сирли ўлимини изоҳлаш ниятида шундай қилган. Агар полициячилар унинг чўнтагидан калитни топиб олишса, чекиш учун айвонга чиққан ва ўзининг бефаросатлиги сабабли қулфланиб қолган деган хулосага келишади. Оқибат – бахтсиз ҳодиса …
Зўр ўйланган, нима ҳам дейсан! Брандер ярамасни осон қутулишдан маҳрум қилиш ниятида яна калитни ташлаб юбормоқчи бўлди, аммо кутилмаганда фикридан қайтди. Калитни сақлашдан ҳеч қандай наф бўлмаса-да, у иссиқ уй билан боғловчи ягона умид эди.
Чейт калитни чўнтагига солиб, эшик ёнига келди. Қўллари шилиниб қонаб кетгунча жон-жаҳди билан эшикни уриб тақиллатди. Эшик очилмай, умидлари пучга чиққан ҳолда гурсиллаб йиқилди ва ҳиқ-ҳиқ йиғлаб юборди.
Брандер муздек полда қанча вақт ётганини билмайди. Ўрнидан турганда кўз олдида ҳамма нарса сузаётгандек кўринарди. Бир неча лаҳза шамол тўхтагандек, ҳаво илиқланиб қолгандек туюлса-да, аслида ундай эмасди. Шамолнинг навбатдаги кучайиши уни ҳушига келтирди ва кураш истагини пайдо қилди. Брандер бел бўйи ғиштин девордан эгилиб қичқирди:
– Мен бу ердаман! Ҳой, наҳот менинг бу ердалигимни билмасанглар?
Ҳаммаси беҳуда. Шу лаҳза хаёлига уйнинг тепаси – томи келди. Пентхауснинг том бўлади, устига чиқадиган эшик бўлиши керак.
Қонаб кетган қўлларини рўмолча билан боғлаган Брандер девор ёқалаб юра бошлади ва бир неча қадам босгач, бир симга дуч келди. Совуқдан қотган қўллари билан симни маҳкам ушлаб, бор кучи билан ўзига тортди. Маҳкам. У билан том устига чиқиш мумкин.
Чейт бор кучини жамлаган ҳолатда симни ушлаб сакради ва оёқларини деворга тиради. Кулгили ҳолатда бир неча сония туриб қолди. Аъзойи бадани зўриқиб оғриганидан ҳаммасига тупуриб, жудаям ўлгиси келди. Аммо шу заҳоти ярамас Кумснинг менсимай илжайиши кўз олдида пайдо бўлди. Унга нисбатан нафрат Брандерга куч ато этди. Деворга оёқларини тираб, базўр юқорига кўтарила бошлади. Сим кафтларини кесса ҳам Чейт бардош берди.
Бир қарич кўтарилгач, жаҳаннамни эслатувчи шаҳар чироқларига ўгирилиб қаради. Яна бир қарич. Яна битта. Мадори қолмаса-да, Чейт тиришқоқлик билан юқорига ўрмалаб чиқа бошлади. Ниҳоят, икки дақиқадан сўнг том чеккасига етди. Оёқларининг териси шилинса ҳам сўнгги куч-қувватини йиғиб, юқорига тортилди ва тўнғиб қолган гавдасини чеккадаги тўсиқдан том устига ташлади. Омон қолди.
Балкон-айвон билан том оралиғидаги фарқ қандайдир ўн фут бўлишига қарамай, том усти анча совуқ эди. Чейт ўрнидан туриб, атрофга назар ташлади. Теваракда соқчилардай телевизор антенналари чўққайиб турарди.
Брандер эшикни узоқ қидирди. Пайпасланиб қопқоқни топди ва хурсандчиликдан қичқириб юборди. Афсус… эшик маҳкам беркитилганини кўриб қувонч ўрнини умидсизлик эгаллади.
Брандер аччиғи ва аламидан анча вақт ҳўнграб йиғлади. Қўлини чўнтакка солган эди, Кумс квартирасининг калити уринди. “Сен ғолибсан, Фрэнк!” – деди унсиз.
У сўнгги умиддан маҳрум бўлгач, нигоҳи антеннага тушди. Сим! Икки симли усти ялтироқ ўтказгич. Шу онда у бунинг қандай сим эканини ва нега кераклигини эслади.
Чейт симни силтаб кўрди. Кейин қаттиқроқ тортди. Бунга ҳам қаноатланмай барча симни жамлаб жон-жаҳди билан торта берди. Анча тортгач, тўхтаб кута бошлади.
Қанчадир вақт ўтиб, ногаҳон томга чиқадиган эшик очилди. Кимнингдир овози эшитилди:
– Ҳой қаранглар, бу қандай нарса?
– Бу қандайдир тентак-ку…
– Телевизоримга бир бало бўлди, мен шамолданми деб ўйлабман…
– Энг қизиқ жойида тасвир йўқолиб қолди…
Чейт иссиқ қўллар тафтини ҳис этди.
– Ҳа, бечора бўлганича бўлибди… – ачинди кимдир.
– Бир соатдан кейин у катта муз парчасига айланар эди…
– Уйга олиб кирайлик…
Чейт Брандер “раҳмат” демоқчи эди-ю, аммо лаблари унга бўйсунмади. Иссиқ жойга олиб киришгач, бўшашиб ҳушидан кетди…
Брандер диванда ётарди. Оғзи тахир, ошқозони эса оловдек ёнарди. Аранг қимирлаб кўзини очди ва тепасида ташвишли қиёфани кўрди.
– Қалайсан, ўғлим? Шундай кечада том устида нима қилаётган эдинг?
– Бу гапга жавобан Чейт Брандер лабларини унсиз қимирлатди. – Тўғри қиласан, ҳозирча чурқ этма. Мен мистер Коллерман, 12-хонадонда яшайман. Сени томдан мен топиб, бу ерга олиб тушдим.
Брандер атрофга аланглаб, базўр ўтириб олди. Оғзидаги аччиқ таъм нимаданлигини энди ҳис этди.
– Яна озроқ бренди ичиб олсанг яхши бўлармиди? – деди қария Брандернинг юзлари буришганини сезиб. – Эҳтимол, сен тасодифан том устида қулфланиб қолгандирсан… Сен шу ерда яшайсанми?
– Йўқ, – хириллади Брандер ва ўз овозини танимади. – Мен юқори қаватдаги квартираларни кўриб юргандим. Квартира олмоқчи… Кейин кимдандир томда қуёш ваннаси ҳам бор, деб эшитгандим. Ўшани кўрай деб…
– Экскурсияга шундай кечани танлаганингни қара! – бошини сарак-сарак қилди Колльер.
– Мен бир дақиқага чиққан эдим, холос, кўраману ортимга қайтаман, деб ўйловдим. Энди том устига чиққанимда, қаранг, эшик қаттиқ ёпилиб қолса бўладими.
– Ҳа, том устида даҳшатли шамол эсмоқда. Дастлаб ҳаммамиз шамол антенналарни ағдариб юборди, деб ўйлабмиз. Кейин юқорига чиқиб, сени топиб олдик, – кулди қария. – Биласанми, кўпчилик сендан хафа ҳам бўлди. Ҳамма уйдагилар эрталабгача телевизор кўриша олмайди энди.
– Кечирасиз…
– Ҳечқиси йўқ… Баракалла, йўлини топдинг… Ҳой, қаёққа кетяпсан? – Брандер галстугининг учини тортиб, бесўнақай ҳолатда эшик томон йўналди. – Шундай аҳволда қаёққа кетяпсан? Ҳали исиниб олишинг керак.
– Исиндим, ташвишланманг, – қўл силтади Брандер, – такси тўсаман.
– Сен албатта докторга кўринишинг керак…
– Албатта учрайман, – деб ваъда берди Чейт ва коридорга чиқди.
Брандер чўнтагидаги Фрэнк Кумс квартираси калитини ушлаб кўрди ва лифт тугмачасини босди. Кабинага кириб, “П” тамғасини босди.
Кумс квартирасига кирган Брандер чироқни ёқмади. У шкафдан пальто, шарф ва шляпасини олиб, айвонга чиқадиган икки қанотли эшик ёнига бориб уни қия очиб қўйди. Қайтиб диванга ўтирди ва кута бошлади.
Тун ярмида очилаётган эшик овозини эшитган Брандер ўрнидан туриб, шошилмайгина ётоқхона томон ўтди. Сархуш Фрэнк Кумс кириб келиб қоронғида нимагадир қоқилиб, пальтосини полга ташлади. Чироқни ёқиб айвонга қаради ва ҳоҳолаб кулди. Айвон эшиги қия очиқ турганини сезиб, хириллаб минғирлади.
– Қайси иблис…
У эшик олдига бориб уни ланг очди ва айвонга чиқди.
– Брандер, қаердасан?
Шу пайт Брандер ётоқхонадан чиқиб, эшикни ёпиб қўйди.
– Брандер! – саросимада қичқирди Кумс. – Эй худо, Брандер, оч!
Чейт кулди:
– Антенналарга осилишни ўйлама. Бу бефойда. Бу кеча ҳеч ким телевизор кўрмайди.
– Чейт! Чейт! Эй худо! Қўйвор мени ичкарига!
…Биринчи қаватга тушган Чейт осмонга хўмрайиб қараётган дарбонга бош ирғади ва авзойини кўриб:
– Тун чатоқ келди, – деди.
– Борган сайин ҳаво айнияпти, – деб минғирлади дарбон осмонни кўрсатиб. – Кўрдингизми, бу ниманинг дараги?
– Ниманинг? – деб сўради Чейт ўзи ҳам осмонга қараб.
– Қор, – деб тушунтирди дарбон.
– Ёмғир аралаш қор, – деб унинг сўзини тўғрилади Чейт Брандер ва эшикни ёпиб чиқиб кетди.
Рус тилидан Мўйдинжон Абдумажидов
(Қирғизистон, Жалолобод) таржимаси.