Жорий йил 19 май куни Тошкентдаги 60-сонли ўрта мактабда Германия маданият ва таълим вазирлари доимий конференциясининг олмон тили бўйича дипломини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси ўринбосари Алис Волкен хоним иштирок этди.
Элчихона матбуот хизмати хабарига кўра, Тошкентдаги 60-сонли мактаб, Самарқанддаги 51-сонли мактаб ҳамда Фарғона давлат университети қошидаги академик лицей битирувчиларига 43 та диплом топширилди. Тошкентлик ва самарқандлик уч талаба эса тайёрлов курсларида қатнашган ҳолда бакалавриатда ўқиш учун тўлиқ молиялаштириш дастури ғолиби бўлди.
Хориждаги мактаблар бўйича марказий идора (ZfA) томонидан назорат қилинадиган ушбу мактаб ва лицейларда ўқувчилар “Олмон тили II” дипломини олиш учун жаҳонда тан олинган усулда имтиҳон топширадилар. Бу умумевропа тил компетенциясининг C1 даражасига тўғри келади. Ушбу диплом Германия олий ўқув муассасаларида ўқиш учун зарур бўлган олмон тили даражасининг тасдиғи ҳисобланади.
Хориждаги мактаблар марказий идораси 1994 йилдан буён Ўзбекистондаги мактаб ва лицейларга олмон тилини чуқур ўрганишда кўмак бериб келмоқда. “Мактаблар: келажак ҳамкори” ташаббуси доирасида Ўзбекистонда чет тилларини ўқитиш методикасини такомиллаштиришда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Маълумотларга қараганда, ҳозирда Ўзбекистондаги 1600 мактабнинг 300 мингдан зиёд ўқувчиси олмон тилини ўрганмоқда. 10 та мактабда мазкур тил чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. 6 та ўрта таълим мактаби эса олмон тили бўйича диплом (DSD) бериш ҳуқуқига эга.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 4 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган анъанавий олмон тили ўқитувчиларининг 14-анжуманида Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, ҳуқуқшунослик фанлари доктори Тило Клиннер Ўзбекистон олмон тилини ўрганувчилар сони бўйича Осиёда 1-ўринда эканини мамнуният билан қайд этган эди.
Мавзуга доир мақолалар:
Олмон тили бўйича миллий олимпиада ғолиблари Ҳамбургга боради. 13.04.2022
Тошкентда олмон тилининг ёш билимдонлари беллашди. 16.11.2021