2023 йилнинг 1 май куни Ўзбекистон Республикаси Ëшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил қилинаётган, хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришга қаратилган навбатдаги “IBRAT Camp” старт олди. “IBRAT Camp”нинг ушбу янги мавсуми жаҳоннинг топ университетларига кириш учун керакли маслаҳат, билим ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилади.
6-20 апрель кунлари давомида оромгоҳ ташкилий жамоаси 7000 га яқин талабгорлардан аризаларни қабул қилиб олди. Иккинчи босқичга сараланган 600 нафар номзод суҳбатдан ўтказилиб, 400 нафар иштирокчи танлаб олинди.
Оромгоҳ икки қисмдан иборат бўлиб, бир ҳафталик дастур давомида бакалаврият босқичига ўқишга кирмоқчи бўлган абитуриентларга мўлжалланган бўлади. Яна бир ҳафталик машғулотлар магистратура босқичига кириш учун зарур билим ва маълумотлар улашади.
Бу сафарги “IBRAT Camp” тренерлари жамоаси Freshman Academy мутахассислари, Европа ва АҚШда таҳсил олиб қайтган ўзбекистонлик ёшлардан таркиб топган.
Семинар ва амалий машғулотлардан ташқари таниқли экспертлар билан мастер класслар, жамоани жипслаштирувчи ўйинлар, бахс-мунозара ва нотиқлик бўйича кўрик-танловлар ўтказилиши режалаштирилган.
Маълумки, ўзбекистонлик ёшлар орасида ривожланган мамлакатлардаги университетлар, хусусан, жаҳоннинг QS ва Times Higher Education (THE) каби рейтинглари бўйича кучли юзталикка кирувчи билим юртларига ҳужжат топшириш ва кириш ҳозирча оммалашмаган. Биргина Оксфорд университети мисолида, аксарият аҳолиси ёшлардан ташкил топган 36 миллионлик Ўзбекистондан бор-йўғи 5 нафар талаба ўқийди. Бу кўрсаткич бўйича мамлакатимиз Бангладеш (52), Покистон (71), Руминия (132), Нигерия (102) ва Миср (26) каби мамлакатлардан ортда турибди. Лойиҳа мақсади шундай университетларга кириш орзусини тарғиб қилиш орқали ривожланган мамлакатларга бориб, билим ва тажриба тўплаб келиш маданиятини оммалаштиришдан иборат.
Араб, форс, ҳинд, урду ва инглиз тилларини билган, илк ўзбек матбаачи маърифатпарварларидан бири Исҳоқхон Ибрат ҳаёт йўлидан илҳомланиб, 2021 йилнинг июнь ойидан бошлаб ўтказилаётган мазкур лойиҳа давомида 2650 нафар йигит-қизлар қатнашди. Оромгоҳ давомида пайдо бўлган ғоя асосида 2022 йилда “Ibrat Farzandlari” лойиҳаси йўлга қўйилган эди. Бугун “Ibrat Farzandlari” YouTube каналини 250 мингта обуначи кузатмоқда, 14 та хорижий тил бўйича тайёрланган видеодарслар 8 миллион мартадан кўп маротаба кўрилди.