Ахийри, бир кун елкаларда сўнгги йўлдан ўтмоқ муқаррар. Ўша чўбин от ортида ҳамма бўзлаб қолди, фарзандлар, боғлар, эзгу ишлар, яхши номлар қолди, армон ва абадий соғинч қолди. Ёшини яшаган, ошини ошаган мўйсафид бободан, сочлари оппоқ момодан қоладигани ана шулар эди. Аммо ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган ёшгина онаизор, эндигина ўғил-қизи атак-чечак бўлган ёшгина ота қазо қилса-чи? Тоғлар кўтаролмаган азалий мотам қаватида тоғлардай улкан муаммолар қоларкан… Водариғ!..
Ўттиз яшар қизини тупроққа қўйган Рисолат кампир етти букилиб қолди. Бандайи мўмин эканки, кўнди, кўнмай ҳам иложи қанча!? Ой ўтди, йил ўтди, куёви бош-учини йўқотган, иккала етимнинг кир-чири, ош-нони бор. Кампиршода буларнинг уддасидан чиқадиган куч-мадор қани?
Рисолат хола ўзи ҳаракатга тушди, кўрпа-тўшак қавиди, йиғлаб-сиқтаб юриб, куёвини ўзи уйлантирди. Раҳматли қизидан қолган рўзғорни, қулф-калитни кундош-келиннинг қўлига берди.
– Етимларимни – сизга, сизни – Худога топширдим, – деб дуо қилди, хайрлашди.
Бир ҳафта ўтиб-ўтгани йўқ, кампир энди намозини ўқиб бўлувди, каллайи саҳарда эшик тақиллайверди. Чиқиб қараса, тўққиз яшар Тошпўлат, кўзлари жиққа ёш, ранг-рўйи, уст-боши бир аҳволда.
– Эна, жон эна, шу ерда сиз билан юраверай.
– Ие, отанг нима дейди? Энди онанг ҳам бор-ку, болам.
– Жон эна…
Рисолат хола бошига докасини ташлаб, набирасининг қўлидан етаклади ва изига қайтарди. Кароматнинг кундоши тил учида салом бериб, дурустроқ пеш келгани йўқ.
– Бола экан-да, қизим, бу ҳали новда, эгиб олса бўлади, аммо секин-аста, тез киришсангиз синиб қолади. Иннайкейин, сал эркароқ, раҳматли онаси… – кампирнинг оғзидаги-оғзида, бўғзидаги-бўғзида қолаверди.
– Қизингизни мен ўлдирибманми, а?
– Йўқ, унақамас, Худонинг буйруғи-да, жон болам, – мотамзада она қаҳрини ҳам, кўз ёшларини ҳам сиртига чиқаргани йўқ. – Етим боққанга жаннатнинг етти эшиги очиқ дейишади, шунинг учун…
Кампир кўп гапларни ўртага солди, ётиғи билан тушунтирди. Натижа шу бўлдики, бириси куни тонг чоғи қўйларга ҳашак солгани борса, Тошпўлат сомонхонада қунишиб ётибди, ўрнидан тура солиб, бувисининг этагига ёпишди:
– Жон эна, мени қувламанг…
Сал кунда етти яшар Лобарой ҳам йиғлаб кириб келди. Нима қилсин, ҳайдаб солсинми? Боз устига ҳафта ўтди, ойлар ўтдики, икки норасиданинг ортидан биров истаб келгани йўқ. Рисолат хола ҳам, унинг икки қиздан кейинги ёлғиз ўғли Жамолхон домла ҳам икковини қанотлари остига олишди.
Рост гап: етим юмалаб кунини кўраркан, бироқ кетганнинг келиши, кетмонланганнинг келмаслиги ҳам аниқ. Алқисса, тенгини топиб, аввалига Лобаройни узатдилар. Сўнгроқ Жамолхон домла яна жиян тўй қилди, Рисолат момо невара келин туширди, йил ўтгач, эвараси Элёрни бешикка белади. Бир оқшом ўғлига мунғайиб қаради:
– Тошнинг уйи йўқ-да, болам, битта ўғли ҳадемай иккита, кейин учта бўлади. Мендан сўнг…
– Манави ҳайҳотдай ҳовли-чи, ойи?
– Ахир, бу сеники-да, дадангдан қолган…
– Ие, – кулимсиради муаллим, – отамдан қолган бўлса, мендан қолмайдими? Уни мен қаёққаям кўтариб кетардим? Гап мундоқ, ойижон, менга ука туғиб бермовдингиз, шу Тошпўлат сизнинг ўғлингиз, менинг қиёматли укам-да.
Серфарзанд тоға отамерос ҳовлисини шартта иккига бўлди-да, тенг ярмини жиянига хатлаб берди. Бугинамас, ўзи қозиқ қоқиб, ўзи режа тортди, ўғиллари лой қорди, Тошпўлат ёғоч-тош келтирди, сал кунда ғоз тўшидай оппоқ уй-даҳлиз битди, гўё қуёшга қараб кулиб турарди. Етимдан кўнгли тинган момо йиғлаб дуо қилди:
– Тупроқ олсангиз – олтин бўлсин, болаларим!
Дунё деганлари кўҳна чархпалак. Тошпўлатнинг қўли пул кўрди, машинали бўлди, сиртдан ўқиб, олий маълумот олди, тўйлар қилди. Жамолхон домла эса қартайди, уч ўғилдан лоақал бирортасига ҳарчанд уй-жой қилай дейдики, қурби етмайди. Бир куни жиян унинг эшигини тақиллатди.
– Юринг, тоға.
– Қаёққа?
– Ҳовли кўргани борамиз.
– Ие, уйинг бор-ку, ука…
Гапнинг пўсткалласи шуки, жиян данғиллама коттеж сотиб олганди, бобомерос ҳовлисининг калитини эса мўйсафид муаллимга топшираркан, унинг қўлларини ўпди:
– Бир вақтлар мана шу қўллар мендай бир етимнинг манглайини силаганди, энди навбат меники, йўқ деманг, тоғажон…
Баҳор келди. Тошпўлат тўй қилди. Янги келин аввал бувига, сўнг қайнота-қайнонасига таъзим бажо этди.
– Кўп яшанг, болам, – алқади Рисолат момо ва қирқ йил бурун оламдан ўтган жувонмарг қизини эслаб, кўзлари намланди. – Бу кунларни онанг раҳматли кўрмай кетди-да, ўғлим.
Бошлар эгилди. Эзгин сукунат пардасини Маҳмудахоннинг яхши луқмаси орадан кўтарди:
– Ўғлингиз бувимни ҳажга обораман деяптилар.
– Кошкийди-я! – бошини сарак-сарак қилди буви. – Замона обод бўлиб, ҳожилар зувва бориб, зувва келишаркан. Оёқ у ёққа тортса, бел зорманда бу ёққа тортади, менда куч қани, мадор қани, болаларим? қанийди, боролсам, қанийди-я!
Сўнг бир нарсани эслагандай тек қотди-да, қўлларини жуфтлади:
– Омин, – ҳаммалари кафтларини очишди, – илоҳо, ниятинг йўлдошинг бўлсин, ой боргин, болам, жумланинг қаторида ҳожиакбар бўлиб, омон-эсон қайтгин.
Фотиҳа ўқилгач, Маҳмудахон илжайди:
– Тўйдан сўнг етти қоққан кундучдай бўлиб ўтирибдилар-ку. Пул қаёқда?
– Унақа деманг, қизим, Худо етказади.
– Пул нақд! – деди Тошпўлат мутлақо жиддий қиёфада.
– Ҳа-а, буғдойингизми? – яна кулди қайнона.
– Ўша-да. Ўзингиз кўрган уч туп буғдой-чи, буви, беш йилда юз баробар бўлди, яна беш йилда тағин юз карра кўпайса, икки юз тўрва бўлади. Ана иннайкейин, аризамизнинг галиям келиб қолади, сизни бошлаб…
– Худо хоҳласа дегин, болам.
– Худо хоҳласа, албатта…
Рисолат момо эслади. Чиндан ҳам бу беш йил бурунги гап эди. Элёр бодрингга жой ҳозирлаётган экан, марзадаги уч туп буғдойни чопмоқчи бўлди.
– Қўй, болам, – деди чорпояда уни кузатиб ўтирган момо, йигитнинг кетмони ҳавода муаллақ қолди. – Умид билан қаро ердан бош кўтарибди, шуниям яшагиси келади-да, ноумид қилмагин. Бунда бир хислат бор, агар хислати бўлмаса, сен экмасанг ҳам униб чиқмасди. Чойлаганини қара. Уруш маҳали бир кафт буғдой одамзотнинг хунига айланиб…
Бувисининг гапини Тошпўлат кейин эшитди ва ниҳоллар атрофини иҳоталаб парваришлади, бир шокоса дон олди. Ўзининг ҳам ақли бовар қилмайди, хаёлига қаёқдан (балки ғойибдан) келди – билмайди: буғдойни Маҳмудахон берган халтага соларкан, оғзидан чиқиб кетди:
– Шунинг пулига бувимларни ҳажга обораман.
Маҳмудахон ўшанда кулганича ҳозир ҳам кулади, лекин илгаригидай эмас, аввал эрининг гапига ишонмаган бўлса, энди эса ўзининг ҳақлигига ишонмай қолганди…
Олтинчи йили Кунгай адирдаги лалмикор сиртга ўша уч туп буғдойдан яралган икки тўрва уруғ сочилди. Кейин еттинчи баҳор… Хуллас, ўн иккинчи йили капсандан, эҳсондан ташқари 276 қопда буғдой тикланди. Тошпўлат «Форд»нинг юкхонасига икки қоп ташлаб жўнамоқчи эди.
– Тоғамларнинг, бувимларнинг тенги шугинами? Уят бўлади-я! қўшнига айтиб, «грузовой»га 20-30 қоп юкламайсизми? – деди ақли бажо ва солиҳа Маҳмудахон.
Жамолхон домланинг, янганинг боши кўкларга етди.
– Хирмонга барака! – деди момо дуо қилиб.
– Умрингизга барака!
– Умрим? Умр деганларининг баракаси бундан зиёдаям бўлсинми? – кампир синиқ жилмайди ва таҳдид қилган бўлди: – Бувим гўрида тинч ётсин десанг, манави қизимни хафа қилмагин, ўғлим. Бўптими?
– Хўп, буви.
Рисолат момо набирасига синовчан тикилиб турди-да, кулимсираб савол берди:
– Аризанг ўринлай деб қолгандир?
– Бир йил бор, навбатимиз яқин, сизга айтувдим-ку, буви.
– Оз қопти-да, – Рисолат момо аччиқ армон билан бош чайқади. – қанийди-я! Отамга, онамга насиб этмаганди, мана энди сизларга буюрган экан, болаларим, шунисигаям минг шукур. Маҳмудахонни ёнингга олиб, ой бориб, омон келгин, Тошпўлатхон.
– Сиз-чи, буви?
– Менми? Мени Худо билади, болам…
* * *
Ана, аэропорт йўлида машиналар саф-саф. Ҳожилар она-Ватан тупроғига қўниб, оила деган буюк остонага ошиқмоқдалар. Чорраҳага яқинлашганда, Тошпўлат ҳожи рулдаги ўғлининг елкасига қўлини қўйди:
– Михчаликка ҳайда, аввал бувимларни зиёрат қилайлик.
– Ахир, уйда сизларни тумонат кутиб турибди-ю.
Маҳмудахон кенжатойини салгина туртиб қўйди:
– Қулоғинг борми, ўғлим? Даданг сенга нима дедилар?..
Ана, ёнма-ён бир жуфт қора мармар: «Рисолатхон Муҳаммадали қизи, 1922–2013», «Кароматхон Раҳим новвой қизи, 1942–1972».
Оятлар эзгин оҳангда Михчаликда маъюс дўппайган тупроқ уюмлари узра таралди, юраклар мумдай эриб, кўзлар селоби юзларни юваверди, елкалар силкинаверди. Ҳиқиллаётган Маҳмудахон муздай тошни қайта-қайта сийпалаб, қизарган кўзларига сураркан, дафъатан ҳайронликда қотиб қолди:
– Ҳожидадаси, анавини қаранг! – у Рисолат момонинг қабрига имо қилди.
Тошпўлат ҳожи ўша томонга боқиб, ёқасини ушлади:
– Ё қудратингдан!
Қабр устида қаричга етаёзган уч туп буғдой қир шамолида селкиллаб турарди…