Жорий йил 3, 5 ва 7 апрель кунлари Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида Team Europe (Европа жамоаси) ташаббуси остида Европа Иттифоқи таълим кўргазмаси бўлиб ўтади. Кўргазма 2023 йил Ўзбекистонда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, Европа Иттифоқи мамлакатларида эса “Европа кўникмалар йили” деб эълон қилингани муносабати билан ЕИ делегацияси томонидан ЕИга аъзо давлатлар элчихоналари ва Erasmus+ дастури миллий офиси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Кўргазма ЕИнинг таълим муассасалари ва ташкилотлари вакилларини бирлаштиради ҳамда ташриф буюрувчилар – талабалар, абитуриентлар, уларнинг ота-оналари ва ўқитувчилар учун академик таълим бўйича турли таклифлар билан танишишга имконият яратади, деб хабар беради ЕИ делегацияси матбуот хизмати.
Тадбирни ўтказишда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, шунингдек, мамлакатимиз олий ўқув юртлари ҳамкорлик қилади ва ташкилий кўмак беради.
ЕИ таълим кўргазмаси ташриф буюрувчиларга энг машҳур университет ва таълим муассасалари вакиллари билан учрашиш ва мулоқот қилиш учун ноёб платформани таклиф этади. Меҳмонлар ушбу муассасалар томонидан таклиф этилаётган турли курслар, ўқув дастурлари ва стипендиялар ҳақида маълумот олиб, виза, қабул тартиби ва ўқишнинг бошқа муҳим жиҳатлари ҳақида хабардорлигини оширади. Шунингдек, таълим соҳасидаги сўнгги тенденциялар ва ишланмалар ҳақида фойдали маълумотларга эга бўлиш учун етакчи академик экспертларнинг ахборот сессиялари ва тақдимотларида иштирок этиш мумкин.
Кўргазма ёшларнинг чет элда ўқишга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш ва уларга келажакдаги муваффақиятли карьера гарови бўлган тўғри таълимни топишга ёрдам беришга қаратилган.
Тадбирда қатнашиш учун 23 март кунигача рўйхатдан ўтиш лозим.
Мавзуга доир мақолалар:
Ўзбекистон–Франция қўшма университети ташкил этилади. 18.02.2023
Ўзбекистонда Erasmus+ дастури доирасида 4,5 миллион евролик янги лойиҳалар танланди. 15.12.2022
Тошкентда Европа Иттифоқи вакиллари иштирокида таълим сифати масалалари муҳокама этилди. 27.09.2017