Тош асри деб тарихгача бўлган даврга оид узоқ давом этган даврга айтилади. Тарихгача бўлган давр эса инсоният ёзувни кашф этгунга қадар давом этган. Одамлар ер юзида камида 500 000 йил яшаганлар, бироқ илк ёзув 5 000 йилча илгари пайдо бўлган. Бошқача айтганда, тарихгача бўлган давр анча вақт давом этган.
Инсон айни ўша пайтларда ҳар хил меҳнат қуролларини ясашни ўрганганлиги учун ҳам бу давр тош даври деган номни олди. Тош даври қадимги тош даври (палеолит), ўрта тош даври (мезолит), янги тош даврига (неолит) бўлинади.
Балки ўша даврда инсон қўли билан яратилган биринчи меҳнат қуроли гир атрофи тарошланган тош бўлгандир. Олимлар унга «қўлчопқи» деб ном беришган. Тошдан тарошлаб олинган кескир парчалар ҳам асбоб сифатида ишлатилган. Кўп минг йиллар давомида шулар инсонлар учун биргина меҳнат қуроли бўлиб келган.
Кейинчалик, Муз даврида Европада неандерталлар — ўтмишдошларига нисбатан анча такомиллашган меҳнат қуролларига эга бўлган одамлар пайдо бўлди. Улар ҳам овчилик билан кун кечиришар, аммо якка-якка бўлиб, эмас, балки гуруҳ-гуруҳ бўлиб ов қилишарди.
Неандерталлар ўрнини кроманьонлар эгаллашди. Улар тараққиётда анча илгарилаб кетгандилар. Кроманьонлар янги меҳнат ва ов қуроллари — гарпунлар, тош пичоқлар, найза учун поянаклар, қирғичлар ясашни ўрганиб олгандилар.
Тахминан 6000 йил илгари одамлар ҳаётида кескин бурилиш рўй бериб, уларнинг бутун турмушини ўзгартириб юборди. Улар дон етиштиришни ўрганиб олдилар. Шу тариқа неолит даври — янги тош асри бошланди.
Инсон чорвачилик билан шуғулланиб, уй ҳайвонлари терисидан кийим сифатида фойдалана бошлади. Уй қуришни ўрганди. Тез орада у табиатда бўлмаган нарса ва буюмларни ярата бошлади.
Одам лойдан идиш ясаб, жун ва зиғирпоя толасини йигира бошлади. Одамлар биргалашиб ишлай бошладилар ва аста-секин илк манзилгоҳлар пайдо бўла бошлади. Улар қишлоқ ва шаҳарлар учун асос бўлиб қолди. Ҳозир биз цивилизация деб атайдиган нарса шу тарзда вужудга келди.