Тасаввур қилинг, ўрмонда кетяпсиз ва ногаҳон мусиқа қулоғингизга чалинади, гуё қандайдир мусиқачи дарахт устида ўтириб, най чалмоқда. Мусиқачи шу қадар кичкинаки, барглар орасидан кўзингизга дарров ташланмайди.
Яқин атрофда туриб, сеҳрли қўшиқни тингланг, аммо унинг ортидан, айни шу дарахтдан қулоғингизни батанг қиладиган, худди мушукнинг думини босиб олганда, у дарғазаб бўлиб, қаттиқ миёвлагандай овоз келса қўрқманг ва ҳайрон қолиб ўтирманг.
Мушук ҳозир бу афсунгар қўшиқчини еб қўяди, деб ҳам чўчиманг, нега десангиз най чалаётган ҳам, мушукдек миёвлаётган овозни ҳам чиройли ва жуда фойдали бўлган ўрмон қушчаси — зарғалдоқ деган битта жонивор таратмоқда. Шу боис айрим одамлар зарғалдоқни «ўрмон найи», бошқалари эса «ўрмон мушуги» деб аташади. Нима бўлганда ҳам ҳар икки лаҳаб унинг ўзига муносибдир.