Бирор марта саламандрларни кўрганмисиз? Бу махлуқ кўринишдан ўта хунук. Уларнинг иссиққа чидамли териси, узун думи ва қулай жойлашган панжалари калтакесакни эслатади. Силлиқ ялтироқ териси доимо намчил кўринганидан улар оловга тушганда ҳам ҳеч қандай шикаст топмайди деган афсона туғилган бўлса керак.
Афсуски, бу ҳақиқатдан йироқ. Саламандрнинг табиий яшаш жойи сув ёки совуқ нам жойдир. Бордию у шундай муҳитдан ажратилса, нобуд бўлади. Саламандрлар ҳам ерда, ҳам сувда яшовчиларга мансуб.
Очиғини айтганда, ҳақиқий саламандрлар Европада яшайди. Аммо дунёнинг бошқа бурчакларида учрайдиган талай ҳайвонлар саламандрларга ўхшаб кетади. Улар тухумини сувга қўяди. Наслларининг бошқа сув ҳайвонлариники каби ойқулоғи бўлади. Саламандрлар етилган пайти ўпкаси шаклланади ва уларнинг ойқулоғи битиб кетади, пировардида у қуруқликда яшай бошлайди.
Узунлиги 1,5 метрга етадиган, ойқулоғи ҳам, ўпкаси ҳам бўлган улкан япон саламандри бор. Қора тритон балиқ овловчиларни боплаб хафа қилади, нега десангиз, у қармоқларга ўрнатилган емишни еб қўяди.
Саламандрга ўхшаш бошқа ҳайвонларнинг ўпкаси умуман бўлмайди, натижада улар бутун умрини сув ҳайвонлари тарзида утказади. Бунга Мексика аксолотли мисол бўла олади.
Европа ва Америка тритонлари қуруқликда тахминан икки ярим йил яшаб, яна сувда ҳаёт кечиришга қайтиб келади ва яна сув ҳайвонига айланиши билан бошқа саламандрлардан фарқ қилади. Европа саламандрларидан энг машҳури олов саламандридир. Унинг узунлиги тахминан 23 сантиметр келади, бордию уни чўчитмоқчи бўлсангиз, заҳарли суюқлик сочади.