Хотиним Ширли иккимиз жума кунлари кечки овқатни доим онамникида, Броиксда еймиз. Жума мен учун ҳар томонлама қулай, чунки шанба дам олиш куним. (Мен полицияда, қотилликларни тергов қилиш бўлимида ишлайман). Лекин ўн саккизинчи декабрь жумага тўғри келмаса ҳам биз онамникига борамиз, негаки ўн сакизинчи декабрь – онамнинг туғилган куни. Бу куни яна битта анъана бузилади: онам қозон-товоққа қўл урмайди. Ширли кечки овқатни пиширади, мен идиш-товоқларни юваман, онам эса севимли юмшоқ курсисида ўтириб дам олади. Охирги марта инспектор Милнерни бошлаб келганимни кўриб онам одатдагидан ҳам кўпроқ хурсанд бўлди. Бошлиғим бўлса ҳам, бўлимимиздаги бўйдоқлар орасида туғилган кунга бошлаб бориш учун Милнердан яхшиси йўқ. Бўйи ўртачадан пастроқ, жуссаси қорувли, сочига оқ оралаган, иякдор бу одам маъюс кўзларининг жавдираши билан ёши ўтган аёлларни бир зумда ўзига ром қилади. Милнерни кўриб онамнинг боши осмонга етди. У бошлиғимнинг елкасига қоқиб қўйди-да, полициячилар ҳақидаги энг беозор латифаларини бирин-кетин айтиб берди. Кечки овқат пайтида эса унга айёрона нигоҳ ташлаб:
– Нега жўжа оёғини охиригача емаяпсиз? Бирор нимадан ташвишланаяпсизми, инспектор? – деб сўради.
Инспектор Милнер жилмайган бўлди.
– Ҳар доимгидек ичимдагини топдингиз, – деди у.
– Ҳозир янги, бемаза бир иш билан шуғулланаяпмиз, она, – дедим мен.
– Фош қилинмаган жиноятми? – онамга жон кирди. У менинг ишларимга роса қизиқади, кўпинча жиноятни мендан анча илгари фош қилади.
– Э, фош қиладиган жойи йўқ бу ишнинг, – дедим мен. – Қотиллик содир этилди, қотилнинг кимлигини биламиз, яқин орада ҳибсга олсак ҳам керак.
Инспектор Милнер чуқур уф тортди.
– Бўлақол энди, – деди онам, – бор гапни менга айтиб кўнглингни бўшат.
Мен хўрсиндим-да, курсига жойлашиброқ ўтириб гап бошладим:
– Хўш, аввал сизга профессор, аниқроғи собиқ профессор ҳақида гапириб бериш керак. Унинг фамилияси Патнэм. Ёши элликларда, у Жоан исмли қизи билан Вашингтон-сквер яқинидаги лифтсиз уйда, уч хонали каталакдай квартирада яшайди. Ўн йил бурун Патнэм энг машҳур коллежлардан бирида инглиз адабиётидан маъруза ўқиган. Айтишларича, зўр олим бўлган экан. Лекин хотини ўлгач, тушкунликка тушиб қолган. Соатлаб хонасидан чиқмай шифтга термилиб ўтираверган. Маърузаларга кечикиб, айримларига кирмай қўйган. Декан Патнэмни уч-тўрт марта огоҳлантирган, лекин эришган ютуқлари-ю, оиласидаги жудоликни инобатга олиб кўп ҳам тергамаган. Аммо орадан икки йил ўтгач, коллеждагилар бу ҳолатга чек қўйиш керак деб ҳисоблашгач, декан уни ишдан бўшатган.
– Қизи-чи, – деди онам, – ўшанда қизи неча ёшда бўлган?
– Ўн еттида, – дедим мен. – Коллежга эндигина кирган пайти бўлган. Отаси ишдан бўшатилгач, қиз ҳам ўқишни ташлаган ва профессорнинг қўл қовуштириб ўтирганини кўриб, ишлаши кераклигини тушунган. Ҳарф териш ва стенографияни ўрганиб, адвокатлик идорасига котибаликка ёлланган ва пул топа бошлаган. Тўғри, ҳозир улар одмигина яшашади-ю, лекин тирикчиликлари ўтиб турибди.
– Қария бўлиб ўтган воқеалардан сўнг ўзини ўнглаб ололмадими? – деб сўради онам.
Инспектор Милнер яна чуқур хўрсинди-да, ҳикоямни давом эттирди.
– Аксинча, борган сари ўзидан кета бошлади. Ишдан бўшатилгач, ичкиликка ружу қўйди. Ҳафтасига икки марта – душанба ва пайшанба кунлари кечки овқатдан кейин кўчага чиқиб кетиб, уйига ярим тунда ғирт маст бўлиб қайтадиган одат чиқарди.
– Бу ҳам майли, – дедим мен. – Профессор Патнэмни ишдан ҳайдашганда, у ҳамма айбни деканга тўнкаган. Декан Дакуорт – унинг тенгдоши, улар ёшлик даврларида коллежда бирга иш бошлаб, кўп йиллар қалин дўст бўлишган. Дакуорт Патнэмга ишдан ҳайдалганини айтгач, профессор роса жанжал кўтарган, факультетда бу воқеани ҳалигача эслаб юришади. Патнэм декан унга ҳасад қилгани учун ҳам ишдан ҳайдаётганини, обрўйини бир пул қилганини, хотинининг ўлимига ҳам Дакуорт сабабчи эканини айтиб тинмай ўшқирган. Ўч оламан, деб таҳдид қилган. Орадан ўн йил ўтган бўлса-да, профессор Патнэм декан Дакуортдан нафратланишини ҳалигача ҳеч кимдан яширмайди. Лекин яқинда бу машмаша мутлақо бошқача тус олди…
– Нима рўй берганини сезиб турибман, – деди онам. – Деканнинг ҳали уйланмаган ёшгина ўғли бор, шундайми?
– Ё, тавба, – деб юборди инспектор Милнер. – Бунақа мия билан бизнинг бўлимимизга кўп фойдангиз теккан бўларди.
– Шундоқ ҳам анчадан бери фойдам тегаяпти, – деди онам.
– Давомини эшитинг, – дедим мен, аслида энг чигал жиноятларни фош қилишда онам менга қанчалик ёрдам беришини инспектор ҳатто тасаввур ҳам қилолмасди. – Ҳа, гапингиз тўғри, она. Дакуортнинг ўғли Тед ҳам ўша коллежда дарс беради. Ёши ўттизга бориб қолган бўлса-да, у ҳали бўйдоқ. Бир неча ой бурун у Жоан Патнэм билан никоҳдан ўтган. Декан Дакуорт бундан жуда мамнун бўлган, лекин Патнэм яна жанжал кўтариб, қизига: “Ҳаётимни барбод қилган одамнинг ўғлига эрга тегишингга йўл қўймайман”, деб айтган. Деканнинг ўғлини эса уйининг остонасига ҳам яқин йўлатмаган. Ўтган ҳафта эса кечқурун Дакуортнинг уйига бостириб бориб, меҳмонларининг олдида жанжал кўтарган. “Ишимдан, хотинимдан, обрўйимдан жудо қилганинг етмагандек, энди ёлғиз қизимни ҳам тортиб олмоқчимисан?” деб роса ўшқирган. Кейин Дакуортни ўлдиришга қасам ичиб, “бу қотиллик эмас, қатл бўлади,” деб айтган. Шундан сўнг Жоан Тед Дакуортни отаси ҳовуридан тушгунча тўйни бошламай туришга кўндирган.
– Кейин нима воқеа рўй берганини тасаввур қилиш қийин эмас, – гапда давом этдим мен. – Душанба куни кечки овқатдан сўнг профессор Патнэм одатдагидек ичгани кетган. Жоан уни кутган. Патнэм ароқдан бўкиб, гандираклаганча уйга тунги соат икки яримда қайтган. Тахминан шу вақтда полициячи Вашингтон-скверда Дакуортнинг мурдасини топган. Декан тилка-пора қилиб ташланибди, ёнида эса қотиллик қуроли – ароқ шишасининг қолдиғи ётарди. Биз тонгда тиним билмадик. Деканнинг ўғли ва хотини Дакуорт бир яримда тунги газетанинг охирги сонини харид қилиш учун метрога йўл олганини айтишди. Лекин мурданинг ёнида газета йўқ эди, матбуот шохобчасидаги савдогар ҳам уни кўрмаган – демак, декан қотилга ўша ёққа бораётиб рўбарў келган. Айтмоқчи, миссис Дакуорт ва Тед деканнинг қайтишини бирга кутишган, шундай экан, жиноят содир бўлган вақтда иккаласи ҳам уйда бўлган. Тонгги соат олтида биз Патнэмнинг олдига бориб, ундан тунни қаерда ўтказганини сўрадик.
– Боёқиш, – деди инспектор Милнер бош чайқаб. – Ҳеч нимага фаҳми етмай, бизга бақрайиб тураверди. Қизи уни бир амаллаб уйғотди. Декан Дакуортнинг ўлдирилганини айтувдик, у гапимизни тушунмаётгандек, кўзларини пирпиратди. Кейин йиғлаб юборди.
– Унга раҳмим келиб кетди, она, – дедим мен ва Патнэмнинг аҳволи кўз олдимга келиб, этим жунжикди. – Ниҳоят уни овутиб тунда нима иш қилганини сўрадик. Патнэм жавоб беришдан бош тортди.
– Бош тортдими ёки маст бўлгани учун эслолмадими?
– “Эсимда йўқ”, демади, “айтмайман”, деди. Хўш, биз нима қилишимиз керак эди? Ҳали уни қотилликда расман айбламадик, сўроқ қилгани полиция бош бошқармасига олиб бордик, холос. Ҳеч ким унга тегинмади. Аммо ўн икки соат роса сўроқ қилдик. Патнэм айбига иқрор бўлмади.
– Қотил Патнэм эканига ишончимиз комил эди, – дедим мен. – Шунинг учун уни ўша куни ярим тунда кўрган гувоҳларни қидира бошладик. Патнэмнинг суратини олиб, яқин атрофдаги ҳамма барларни айланиб чиқдик. Ниҳоят Дакуортнинг уйидан уч кўча наридаги барнинг эгаси Гарри Слоун Патнэмни таниди. Охирги уч-тўрт йилда Патнэм унинг доимий мижози бўлган экан. Қотиллик рўй берган куни ҳам Гарри уни кўрибди. Ярим тунда, тахминан бирдан ўн бешталар ўтганда Патнэм барнинг эшигини тақиллатиб шовқин сола бошлабди. Бар ёпиқ, дейишса ҳам ичкилик беришни талаб қилиб пулини кўрсатибди. Гарри ароқ бериб тезроқ қутулганимиз яхши деб, уни ичкарига киритибди. Барменнинг айтишича, Патнэм ярим шиша ароқни сипқоргандан кейингина уларни тинч қўйибди. Бу пайтда соат иккидан ўн бештача ўтган экан. Бардагиларнинг айтишича, Патнэм фақат маст бўлиш учун ичмабди, у нимадандир безовта экан. Миссис Слоун унинг афт-ангорида қўрқув аломатини кўрибди.
– Лекин бу Патнэмнинг қотил эканини исботламайди-ку?
– Тўғрику-я, лекин бошқа тафсилотларни ҳам ҳисобга олсак, бу анча ишонарли далил. Биринчидан, Патнэмнинг қотиллик қилишга сабаби бор эди. Иккинчидан, имконияти ҳам бор эди. Вақти ҳам тўғри келаяпти. Ўн икки яримда Дакуорт газета олгани кўчага чиққан ва йўлда тасодифанми, йўқми, ҳар қалай Патнэмга рўбарў келган. Тахминан ўн бешта кам бирларда Патнэм қўлидаги шиша билан Дакуортнинг бошига туширган. Шундан сўнг нима иш қилиб қўйганини кўриб, қўрқиб қолган. Патнэм бўкиб ичиш учун яқинроқдаги барга югурган ва у ердан икки-ю, ўн бешларда чиқиб, уйига йўл олган. Қизи унинг икки яримда уйга кириб келганини айтди. Патнэмнинг ўзини тутиши ҳам тахминларимизга мос келади – у Слоуннинг барида ароқ сўраб туриб олган, бунинг устига тунда нима қилганини айтишдан бош тортди. Бу ишни ёпилди деса ҳам бўлади, она.
– Ҳа, иш деярли ёпилди, – деди инспектор Милнер хўрсиниб. – Бу далилларни бошқача изоҳлашнинг иложи ҳам йўқ.
Орага сукунат чўкди. Кейин онам пўнғиллади.
– Иложи бор, – деди у. – Ҳаққоний изоҳлаш керак!
– Йўқ, йўқ, – деди инспектор Милнер бош чайқаб. – Бошқача изоҳни топмоқчи бўлдим… боёқиш қария… лекин бунинг имкони йўқ.
– Ҳозир топамиз-да, – деди онам. – Лекин аввал сизларга учта оддийгина савол бермоқчиман.
Мен дарров ҳушёр тортдим. Онамнинг “оддийгина саволлари” одатда одамни гангитиб қўяр, ўзи уларга жавоб бергунча каловланиб тураверардингиз.
– Бера қолинг.
– Биринчи савол: декан Дакуорт ҳақида яна озгина маълумот берсанглар. У профессор Патнэмнинг пиёнисталигига қандай қарарди? Пиёнисталикни оқлармиди, йўқми?
Саволни беъмани деб ҳисобласам ҳам индамай жавоб бердим.
– Ҳеч ҳам оқламасди. Ўзи бир қултум ҳам ичмасди, бунинг устига талабаларни ароққа ружу қўймасликка ундар, ичкиликни тақиқлашга уринарди.
– Яхши жавоб бўлди, – деди онам мамнун жилмайиб. – Иккинчи савол: полиция бош бошқармасидаги сўроқни тугатиб, Патнэмни уйига, қизининг ёнига олиб борганинглардан кейин у нима қилди?
Бу савол ҳам беъманидай туюлди, лекин барибир жавоб бердим:
– Билсангиз, бу ҳам бизга маълум, онажон. Патнэм қочиб қолмасин деб, квартирага соқчи қўювдик. Профессор қизи ва соқчимизнинг кўз олдида, диванда ухлабди. Тонгда уйғониб, нонушта қилган. Пишириқ еб, апельсин шарбати ва кофе ичган. Икки дона қанд солган. Бу маълумотлар жиноятни фош қилишга ёрдам беради деб ўйлайсизми?
Онам киноямга эътибор ҳам бермай, жилмайиб жавоб қайтарди:
– Миянгни ишлатсанг, албатта ёрдам беради. Охирги савол: қотиллик содир бўлган ўша тунда яқин атрофда “Шамол олиб кетганлар” фильмини кўрсатишмаётганмиди?
Буниси энди ортиқча.
– Шу ҳам ҳазил бўпти-ю, она! Биз ҳар қалай қотилни қидираяпмиз.
– Ким ҳазиллашаяпти? – деди онам. – Саволимга жавоб берасизларми, йўқми?
Инспектор Милнер одоб билан жавоб берди:
– Бунинг қотилликка нима алоқаси борлигини билмадиму, лекин айнан ўша пайтда Лоу кинотеатрида “Шамол олиб кетганлар”ни кўрсатишаётганди. Профессор Патнэмни сўроқ қилишга кетаётганимда кўзим тушувди.
– Мана, далил ҳам топилди, – деди онам хурсанд бўлиб. – Иш битди. Профессор Патнэм ҳеч кимни ўлдирмаган.
Ҳайратдан инспектор Милнернинг кўзлари пирпираб кетди.
– Ростдан ҳам далилингиз борми?
– Ҳаммаси кундай равшан-ку, ахир, – деди онам қўлларини ёйиб. – Иш яна шўринг қурғур жияним Миллига бориб тақалаяпти.
– Жиянингиз Миллига?.. – деди инспектор ҳангу манг бўлиб.
Онам бош сермади.
– Ҳа, боёқиш Миллига. Бу аёл доим соғлиғидан нолирди. Юраги чатоқ эди, боши, оёғи, бели оғрирди, ошқозони безовта қиларди. Хуллас, оғримаган жойи йўқ эди, лекин дарди ҳар йили ўзгарарди. У эрга тегмагани учун бечора укаси Моррис Миллини боқишга мажбур эди. Ўзи ҳам уйланмасди. Қизларга қараши биланоқ жияним Миллининг бирор касали қўзиб қоларди. Бир куни Милли қазо қилди. Ошхонадаги жавондан сузмали пишириқни оламан деб курсидан қулади-ю, бошига зарб еди. Жасадни кўздан кечирган дўхтир Моррисга бошидаги ғуррани ҳисобга олмаса, бу у кўрган ўликларнинг ичида энг соғломи эканини айтди. Лекин бу пайтга келиб бечора Моррис эллик етти ёшга кирган, сочлари тўкилиб, қорин қўйиб олувди, аёллар унга қайрилиб ҳам қарамасди.
Онам жимиб қолди ва унинг гапни қаёққа бураётганини тушунмай бошимиз қотди.
Ниҳоят Ширлининг тоқати-тоқ бўлди.
– Бунинг қотилликка нима алоқаси бор, ойи?
– Бу саволнинг жавоби шундоққина бурунларингнинг тагида турибди, – деди онам. – Ҳамма гап кун тартибида.
– Қанақа кун тартиби?
– Профессор Патнэмнинг кун тартиби. Ароқхўр профессор доим душанба ва пайшанба куни, кечки овқатдан кейин уйидан чиқиб, нуқул бир хил вақтда, ярим тунга яқин ғирт маст бўлиб қайтиб келади, дединглар. Менимча, бу жуда ғалати ҳолат. Чунки ароққа пул топиш учун бўйинбоғини ҳам гаровга қўйишга тайёр турган одам ҳар дақиқада қўлидаги соатига қарайвермайди. Қараганда ҳам кўзига ҳеч нарса кўринмайди. Бунинг устига унинг айнан душанба ва пайшанба кунлари кечки овқатдан кейин то ярим тунгача йўқолиб кетиши менга бир нарсани эслатаяпти. Кинотеатрнинг кун тартибини эслатаяпти. Душанба ва пайшанба кунлари янги фильмлар қўйилади, катта кинодастур эса айнан кечки овқатдан ярим тунгача давом этади.
– Нима демоқчилигингизни энди тушундим, она…
– Жим бўл, – жеркиб берди онам. – Бошидаёқ шунга ақлинг етмадими, энди гапимни бўлма. Профессорнинг кун тартиби ғалати туюлгани учун ҳам полициядаги ўн икки соатлик сўроқдан кейин Патнэм нима қилди, деб сўрадим. У ухлабди, уйғонгач, нонушта қилибди. Ароқ ҳақида ўйламабди ҳам! Ичкилик ҳам сўрамаган! Агар Патнэм ғирт пиёниста бўлса, ўн икки соатлик сўроқдан кейин бир стакан ҳам ароқ ичгиси келмайдими? Кечирасизлару, уни ароқхўр деганинглар ғирт сафсата. Шундай қилиб илк шубҳам тўғри чиқди…
– Патнэм пиёниста эмас экан-да? – деди инспектор Милнер ҳангу манг бўлиб.
– Бу кундек равшан-ку, – деди онам. – Аслида, у ичкиликни жинидан баттар ёмон кўрса керак. Ўзини пиёниста қилиб кўрсатади, холос. Патнэм ўн йил давомида ҳар душанба ва пайшанба куни кинотеатрга бориб янги дастурни бошидан охиригача кўрган. Кейин бир шиша ароқ сотиб олиб қўли ва ёқасига қуйган-да, қизи кўриши учун уйга гандираклаб кирган.
– Нега ахир? – дедим мен. – Нега у шунча йил қизини аҳмоқ қилган?
– Жияним Миллидан саломлар, – деди онам жилмайиб. – Профессор ишини, ўзига ишончни, ҳаётга қизиқишни йўқотган одам. Унга қизининг ғамхўрлигидан бўлак ҳеч нарса керак эмас. Шунинг учун қизининг эрга тегиб ўзини ташлаб кетишидан доим қўрқади. Жоанни ёнида олиб қолиш учун эса ночорликдан таъсирлироқ бирор баҳона керак. Мана шунинг учун ҳам Патнэм ароқхўрга “айланган”. Оқила, меҳрибон қиз пиёниста отасини ёлғиз ташлаб кета олармиди? Профессорнинг бу ҳийласи иш берди. Жоан ҳам Морриснинг аҳволига тушиб қолди. Лекин, балки бу сафар ҳали вазиятни ўнглаш мумкиндир.
– Шошманг-шошманг, – деди Ширли ҳовлиқиб. – Сиз профессор ҳар душанба кинога бориб, дастур тугагандан сўнг, ярим тунда қайтиб келган, деяпсиз. Лекин қотиллик содир этилган куни у икки яримда уйига қайтибди. Бу қотил Патнэм эканидан далолат бермайдими?
Онам кулиб юборди.
– Сен охирги саволимни унутибсан. Бу менинг тахминим тўғри чиққанини исботлайди, холос. Яқин атрофдаги кинотеатрлардан бирида “Шамол олиб кетганлар”ни кўрсатишган. Бу кино эса одатдаги фильмлардан бир соат узоқ давом этади.
Ширли ҳайратдан сапчиб тушди.
– Мана, бу ишни ҳам бир ёқлик қилдик, – деди онам. – Ширинликни ким олиб келади? Ҳаммасига ўзим югуришим керак…
– Мен олиб келаман, – деб ошхонага қараб кетаётувдим, Ширлининг гапини эшитиб тўхтадим.
– Шошманг-шошманг, – деди у онамга ғолибона нигоҳ ташлаб. – Сиз, ахир, қотилнинг кимлигини айтмадингиз-ку. Профессор Патнэм пиёниста бўлмаса, унда декан Дакуортни ким ўлдирган?
– Ким ўлдирганини ҳалиям фаҳмламадингларми? – деди онам айёрона жилмайиб. – Профессорнинг пиёниста эмаслигини исботладик. Ароқхўр бўлмаса, у нима учун Гарри Слоуннинг барига тунда бостириб кириб, ярим шиша ароқни бир кўтаришда сипқоради? Нега Гарри Слоун ва хотини Патнэм баримизга тўхтовсиз келувчи доимий мижозимиз деб айтишди?
Инспектор икковимиз сергак тортдик. Милнернинг пешонаси тиришди.
– Слоун билан хотини бизни алдашибди-да? – деди у. – Бу аниқ. Деканни Слоун ўлдирган. Декан ичкиликбозликка қарши эди, талабаларга ароқ ичишни тақиқламоқчи бўлиб юрувди. Агар ниятига етганда, талабалар Дакуорт кўриб қолмасин, деб ичгани коллеждан узоқроққа кетишга мажбур бўлишарди. Слоуннинг асосий мижозлари талабалар деб эшитувдим. Декан уни касод қилиши мумкин эди – ҳозирги замонда бунинг учун ўлдиришлари ҳеч гап эмас. Менимча, Слоун аслида Дакуортни ўлдирмоқчи бўлмаган. Душанба куни кечқурун қиттак отиб олган Слоун газета харид қилишга кетаётган деканни учратиб қолгану, уни ичкиликбозликка ҳадеб қарши чиқавермасликка ундаган, декан унамагач, қўлидаги шиша билан уни уриб ўлдириб қўйган. Кейин уйига қайтиб, бўлган воқеани хотинига айтган…
– Эртаси куни кечқурун Слоуннинг сувдан қуруқ чиқишига ўзимиз кўмаклашибмиз-да, – дедим хўрсиниб. – Унга Патнэмнинг суратини кўрсатиб, қотиллик рўй берган вақтда профессорнинг қаерда бўлгани номаълумлигини айтганимиздан кейин Слоун билан хотини Патнэмга қарши гувоҳлик бериб қўя қолишган.
– Улар ҳозир ҳеч кимнинг эсига келмасди, агар… – қойил қолган Милнернинг тили калимага келмай қолди.
Ширли менга маъноли қараб қўйди. Инспектор полиция бош бошқармасига қўнғироқ қилиб, эру хотин Слоунларни ҳибсга олишни буюрди. Мен эса ошхонага бориб, Ширли пиширган пирогдаги шамчаларни ёқдим. Пирогга учта шам тиқилганди: биринчиси онамнинг ҳақиқий ёши учун, иккинчиси онам тан олган ёш учун, учинчиси бахт учун. Пирогни дастурхонга олиб чиққанимдан сўнг биз “Туғилган кунинг билан!” қўшиғини куйладик ва онам ёш қизлардек қизариб кетди. Пишириқни ёнига қўйдик-да, Ширли иккимиз тилак тилаб шамларни пуфлашини сўраб туриб олдик. Лекин онам индамай, инспектор Милнерга қаради.
– Сиз ҳалиям нимадандир безовтасиз, – деди у.
– Мени кечиринг, – деди инспектор жилмайиб. – Боёқиш қария ҳеч кўз олдимдан кетмаяпти. Қизи бор гапдан хабар топгач, эрга тегиб қарияни ташлаб кетади. Бечора бир ўзи қандай яшайди?
Инспекторнинг овози қайғули чиқди. Онамнинг жавоби эса ғалати бўлди.
– Қария? Қайси қария? – деди у саволга савол билан жавоб бериб. Кейин кўп гап айтиб юборгандек дарров пирогга урнади. – Демак, аввал тилагимни айтиб, кейин шамларни пуфлайман.
Онам кўзларини юмиб, бир нималар деб пичирлади. Сўнг кўзини очиб пирогга энгашди-да, пуфлади. Нима тилак тилаганини ўша оқшом ҳеч кимга қайтмади.
Рус тилидан Алишер Отабоев таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 8-сон