XVIII аср ўртасида дунёга келиб, XIX аср биринчи ярмида оламдан ўтган Умархўжа Хивақий ҳаёти ва ижоди ҳали тадқиқ этилмаган классик шоирларимиздан биридар. Ўзбек ва форс тилларида ижод этган бу шоирнинг икки девони бизгача етиб келган. Девонлар ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида сақланади.
Шоир ҳақида Мунис ва Огаҳийнинг “Фирдавс ул-иқбол” тарихий асарида ҳам хабар берилган. Маълумотимизнинг биринчисини эса Умархўжа Хивақийнинг Паҳлавон Ниёз Муҳаммад Комил Хоразмий (1825 – 1899) қўлида сақланган девонидаги Комил Хоразмий қайди билан бошласак: “Бу девон Умархўжа Хивақийникидир. Яширин қолмасинким, Умархўжа илгари нақиб эди. Ўзига “Нақиб” тахаллус қўйган эди. Шу сабабли ғазалларида “Нақиб” келган эди. Нақиблик мансабидан тушгач, ўзига “Узлат” лақаб қўйиб, шу сабабли баъзи ғазалларида “Узлат” тахаллусини ишлатган. Каъбага бориб, ҳаж зиёратига мушарраф бўлгач, шу сабабли тахаллусини “Тавфиқ” деб ўзгартирди. Кўпчилик ғазалларида “Тавфиқ” келган.” (Нақиб – қўшиндаги ҳарбий лавозим, бу мансабга фақат саййидлар авлоди тайинланган. – И.Б.)
Шундан кейин Комил Хоразмий ҳазрат Навоийнинг “бўлдими” радифли ғазалига Умархўжа Хивақий боғлаган мухаммасни келтиради.
“Фирдавс ул-иқбол” асарининг 1792 йил май ойи воқеаларига бағишланган қисмидан қуйидагиларни келтирамиз: “Вазир, яъни Абдураҳмонбой меҳтар қатл этилгач, унинг ўғиллари Абдулраҳимбой, Паҳловонқулибой ва Абдулжабборбойни(нг мол-мулкини) мусодара қилиб, бир ҳафтадан сўнг отасининг кетидан юбордилар. Умархожа нақиб ул воқеада икки таърих топибдур… Таърих:
Соҳибаъзму дарёдилу зул-лмажду карам,
Ҳаст номаш банигин “меҳтар Абдураҳмон”.
Дар даҳаи дуййўм моҳи рамазон гашта қатл,
Рафт аз ин ғамкада бо се валади олийшон.
Зи-он жиҳати пири хирад воқеаи қатлашро
Гуфт таърих: “даҳаи дуййўми моҳи рамазон”:
(ҳижрий 1206 йил 12 рамазон – мелодий 1792 йил 2 май). Таржимаси:
Аъзамат эгасию саховатли ва карамли зот,
Узугида номидир “меҳтар Абдураҳмон”.
Рамазон ойининг иккинчи
ўнлигида қатл қилинди,
Бу ғам уйидан уч нафар
олий зотли ўғли билан кетди.
Шу жиҳатдан ақл пири
қатли воқеасида таърихин
Деди: “рамазон ойининг
иккинчи ўн кунлиги”.
Шу асардаги иккинчи маълумот Умархўжа нақибнинг ўғли Хўжажонхўжа ҳақидадир. У ҳам отаси каби ҳарбий лавозимда бўлган. Хўжажонхўжанинг номи 1810 йил воқеалари орасида учрайди.
Тавфиқ тахаллуси билан ёзган ғазалларидан шоир биографиясини ҳам билиб олиш мумкин. Тавфиқ Хива шаҳрида Фозилбек ва унинг ўғли Абдуллоҳбек қурилишини 1790 йили бошлаб, 1794 йили тамомлаган “Оқ масжид”га атаб таърих ёзган; Умархўжа ҳаж сафарига чиқиб, Маккага борган ва қайтишда Туркия султони Абдулҳамид билан учрашган. Абдулҳамиднинг султонлик даври эса 1774 – 1789 йиллар. Девонда шу султонга бағишлаб ёзилган қасида ва муаммо бор.
ўазаллардан бирида Умархўжанинг Бухоро шаҳрига боргани ҳам айтилади.
Девон муаммо, қасида, таърих, рубоий, маснавий, мухаммас жанрига оид асарларни ўз ичига олган. Мухаммас, қасидалари ўзбек ва форс тилларида ёзилган.
Умархўжа нақиб Муҳаммад Амин иноқ (вафоти 1791), Авазбий иноқ (1792 – 1804), Элтузархон (1804 – 1806) ва Муҳаммад Раҳимхон Биринчи (вафоти 1812) даврларида яшаган. Шунга кўра, бу шоирнинг 1740 йили туғилиб, 1810 йиллари вафот этганини тахмин қилиш мумкин.
Юқорида қайд этганимиздек, Умархўжа Хивақий ижоди ўрганилмаган, мерос қолдирган ғазаллари фақат каталогларда қайд этилган. Ишонамизки, ёш олимларимиз Умархўжа Хивақий девони билан танишиб, жиллақурса, мақола ёки кичик тадқиқот яратади ва шу тариқа классик адабиёт ихлосмандларини унинг шеърияти билан ошно этади.
Исмоил Бекжон, филология фанлари номзоди
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2018 йил, 44-сон