Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказида 31 декабрь – Дунё озарбайжонлари бирдамлиги куни муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Унда Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ўзбекистон–Озарбайжон дўстлик жамияти, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раҳбарияти, фан, маданият, санъат ва таълим намояндалари, журналистлар иштирок этди.
Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов кириш сўзида Дунё озарбайжонлари бирдамлиги куни муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Қайд этилишича, ҳамжиҳатлик куни дунёнинг 70 дан ортиқ давлатида истиқомат қилаётган 50 миллиондан ортиқ озарбайжонликларнинг муштарак байрами саналади.
Дипломат ўз чиқишида 2022 йил Озарбайжон–Ўзбекистон муносабатлари учун омадли йил бўлгани, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев бир йилда уч марта Ўзбекистонга ташриф буюргани, ўзаро ҳамкорлик стратегик иттифоқ даражасига кўтарилгани, Тошкент шаҳрида Ҳайдар Алиев хиёбони очилганини мамнуният билан эътироф этди.
Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил Озарбайжонда “Шуша шаҳри йили” деб эълон қилинган. Йил давомида мазкур тарихий шаҳарнинг 270 йиллиги ҳам нишонланди.
С.Аббосов Озарбайжоннинг 2022 йилда эришган ютуқлари ҳақида гапириб, Шуша йили муносабати билан амалга оширилган лойиҳаларга алоҳида тўхталди. У, шунингдек, ишғолдан озод қилинган ҳудудларда амалга оширилган қурилиш ва таъмирлаш ишлари ҳақида гапирди.
31 декабрь жаҳоннинг турли нуқталарида яшаётган озарбайжон миллатига мансуб аҳоли томонидан байрам қилинади. Мазкур сана 1991 йил 16 декабрда ўша даврда Нахичевон Автоном Республикаси парламенти раиси сифатида фаолият юритган, миллат етакчиси Ҳайдар Алиев томонидан Дунё озарбайжонлари бирдамлиги куни дея эълон қилинган.
Гап шундаки, 1989 йил 31 декабрь куни Нахичевон Автоном Республикаси ҳудудида яшовчи озарбайжон миллатига мансуб минглаб кишилар Совет-Эрон чегарасини бузиб, Аракс дарёсидан қўшни давлатга ўтган. Шу тариқа улар узоқ йиллик айрилиқдан кейин Эронда яшаётган миллатдошлари билан учрашган. Айни шу куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида илк бор Дунё озарбайжонлари конгресси ташкил этилган. Мазкур икки тарихий воқеа 31 декабрь санасини бирдамлик куни сифатида эълон қилишга туртки бўлган.