БМТ Бош ассамблеяси Туркия томонидан таклиф этилган “Zero Waste” (Sıfır Atık) лойиҳасини қабул қилди. Чиқиндиларни экологик хавфсизлик талабларига кўра тасарруф этиш кўзда тутилган лойиҳа иқлим ўзгаришига қарши кураш ва барқарор тараққиёт мақсадида ишлаб чиқилган.
Ушбу ҳужжатда БМТ раҳбариятига дунё миқёсида “Zero Waste” ташаббуси доирасида маслаҳат кенгаши таъсис этиш таклиф этилган. Шунингдек, дунё давлатлари чиқиндисиз муҳит барпо этиш, чиқиндиларни экологик хавфсизлик талаблари асосида бошқариш борасида фаол ҳаракатга даъват этилган.
“Zero Waste” (Sıfır Atık) лойиҳаси 2017 йилда Туркия биринчи хоними Эмине Эрдўғон шафелигида таъсис этилган.
Эмине Эрдўғон жорий йил сентябрь ойида Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг 77-йиғилиши доиорасида ташкилот бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашган ва иқлим инқирози доирасида “Глобал чиқиндисиз яхши ният декларацияси”ни имзолаган.
Маълумотларга қараганда, лойиҳа доирасида чиқиндини қайта ишлашнинг кенгайтирилиши Туркия иқтисодиётига 17 миллиард лира (2,3 миллиард доллар) қўшимча даромад келтирган. Лойиҳа биргина Туркия миқёсида заҳарли газларни миллионлаб тоннага камайтириш, 209 миллион дарахтни сақлаб қолиш имконини берган.
Таҳлилларга кўра, Туркия чиқиндини қайта ишлаш эвазига 50 миллион баррель нефть ва 397 миллион тонна хомашёни тежашга муваффақ бўлган.
Чиқиндини максимал даражада қайта ишлаш орқали иқлим ўзгаришлари таъсирини камайтириш, табиий бойликларни тежаш, барқарор тараққиётга эришиш ва пировардида инсоният истиқболини таъминлаш кўзланган.