Қадим замонларда қаҳрабо сеҳрли кучга эга, деб ҳисобланган. Қадимги юнонлар ва римликлар қаҳрабони одамни жоду ва касалликлардан муҳофаза қилади, деб ишонганлар ва шу сабабдан тақиб юрганлар.
Қаҳрабога бундай сирли куч нисбат берилишининг сабаблари бор, у электр заряди ҳосил қилади. Агар қаҳрабо бўлаги изчил ишқаланса, электр заряди ҳосил бўлади ва бу қаҳрабонинг енгил нарсалар, масалан, қоғоз парчасини тортиб олишига имкон беради.
Юнонлар қаҳрабони «электрон» деб аташган ва «электр» сўзи ҳам шундан келиб чиққан.
Қаҳрабо сариқ рангли, мўрт, ялтироқ моддадир. Мармар ёки ойнадай қаттиқ бўлмаса-да, ундан мунчоқ ёки майда зеб-зийнат ясаш хийла қийин.
Олис ўтган замонларда қарағайлардан аллақандай елимшак модда ажралиб чиққан. Аста-секин ер юзида у жуда кўп йиғилган, ер юзи ўзгариши билан бу модда ер ёки сув тагида қолиб кетган. Миллионлаб йил ўтиши билан у қотиб қолган ёхуд қаттиқлашган ва ҳозир биз учратадиган қаҳрабога айланган.
Қаҳрабо дастлаб юмшоқ, елимшак модда бўлганидан унга ҳашаротлар ёпишиб ва ичига кириб қолган. Миллионлаб йил ўтиши билан қаҳрабо қаттиқлашган, ҳашаротлар эса ичида қолиб кетган. Биз бугун ҳам қаҳрабо парчасини қидириб топсак, унинг ичида худди кеча кириб қолгандек чумоли ёки чивин турганига гувоҳ бўламиз.
Қаҳрабо ажратиб чиқарадиган қарағайлар кўпроқ Болтиқ ва Шимол денгизларида ўсган. Ҳозир денгизлар эгаллаган ер қатлами аста-секин чўккан. Ўтган замонларда қаҳрабони кучли пўртаналар туфайли сув кўтарилган соҳиллардан топишган. Ҳозирги пайтда қаҳрабо қазиб олинади.
Гарчи оғирлиги саккиз килограмм келадиган бўлаклари топилган бўлса-да, қаҳрабони одатда кичик парча тарзида қазиб олишади. Қаҳрабо, асосан муштук, мунчоқ ва мўъжаз зебигардонлар тайёрлашда ишлатилади.