Бир дарахтдан бошқа бир дарахтнинг мевасини олиш мумкинми? Албатта. Бунинг учун пайвандлаш лозим бўлади. Агар нок дарахтининг шохидан бир қаламча олиниб, беҳи дарахтининг пўстлоғидаги чуқурчага жойлаштирилса, ундан нок шохчаси ўсиб чиқади. Беҳи дарахтида бир вақтнинг ўзида ҳам беҳи, ҳам нок пишиб етила бошлайди.
Худди шу йўл билан бодом дарахтидан шафтоли ва бодом олиш мумкин. Ёки ёввойи олма дарахтида хонаки олмалар етиштирса ҳам бўлади. Баъзида пайвандлашдан манзарали дарахт ёки буталар яратишда фойдаланилади, аммо у қишлоқ хўжалиги учун асосий аҳамиятга эга.
Пайвандланган ниҳол ёки бута ўзи кесиб олинган дарахт меваларидан кам ва сифатсиз бўлмаган ҳосил бериши билан ҳам боғбонни суюнтиради. Бирор дарахтдан кесиб олинган шох бошқа бир дарахтга пайвандланган тақдирда илгаригидай ҳосил бераверади.
Куртак ёки қаламчаларни бошқа ўсимликларга пайвандлаш усуллари кўп, аммо пайвандлаш ишида иккита қоидага амал қилиш керак бўлади: биринчидан, ўзаро қариндош дарахтлар ёки буталарни бир-бирига пайвандлаш мумкин, яъни олма нок ёки беҳига, шафтоли эса ўрик, бодом, олхўри ва бошқа данакли дарахтларга пайвандланади. Аммо олма дарахти қаламчасини шафтоли дарахтига пайванд қилиб бўлмайди.
Иккинчи қоида шуки, қаламчанинг ҳаёт шарбати оқадиган камбий қатлами у пайвандланаётган ниҳолнинг камбийига тегиб туриши керак. Йўқса, пайвандланган шохча тутмайди.
Пайвандлашнинг бошқа усуллари ҳам кўп. Куртак алоҳида ҳолда пўстлоқ остига киритилиши, узун шохлар пўстлоқдаги шикастланган жойни даволаш мақсадида дарахтларнинг ёриғига суқилиши ҳам мумкин.
Қизиғи шундаки, пайвандлашни жониворларда ҳам қўллаш мумкин. Масалан, қурбақа, чўл бақаси, каламуш ва қуёнларнинг кўзини кўчириб ўтказиш мумкин. Жарроҳлар бундай тажрибалар орқали ярадор ёки мажруҳ кишиларга қандай ёрдам беришни ўрганишади. Қобирғадан олинган суяк янги бурун ясаш учун бурун суягига пайвандланади, тери эса чандиқларни кетказиш учун куйиб қолган тўқималарга кўчириб ўтказилади.