Тошкентда Саудия Арабистони миллий байрамининг 92 йиллиги ва Ўзбекистон ва Саудия ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг 30 йиллиги муносабати билан тантанали маросим ташкил этилди. Унда хорижий дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, Ўзбекистон ҳукумати вакиллари, маданият, фан ва санъат намояндалари, уламолар иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон ҳукуматини бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев тамсил этди.
Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси Юсуф ал-Утайбий тадбирдаги нутқида подшоҳликнинг шаклланиш тарихи ва икки томонлама муносабатлар ҳолати хусусида сўзлади.
“Доимо юрагимизда ўз Ватанимизга муносиб ибораларни қидирамиз. Ватанга муҳаббат азиз туйғу бўлиб, қалбимизда шаклланади. Ватан юртга мансублик ва ихлосни англатади. Агар кишининг вафодорлиги ва ўз асрига вафосини билмоқчи бўлсанг, Ватанига муносабатига боқ, дейдилар. Ватанга мансублик элга, юртдошларга, маданиятга ва тарихга мансубликни билдиради. Ватан меҳр-муҳаббат, шон-шараф ва иззатни англатади. Албатта, Ватанга вафо қилмасдан, унинг иззати ва шон-шарафини сақламасдан туриб Ватанни севиб бўлмайди”, – деди Саудия элчиси.
Қайд этилишича, марҳум подшоҳ Абдулазиз бин Абдураҳмон Ол Сауд 30 йил ичида бепоён, тарқоқ ва бир-бирига душман бўлган ҳудудларни тавҳид калимаси остида бирлаштириб, 1932 йилда Саудия Арабистони подшоҳлигига асос солди. Шу тариқа 23 сентябрь подшоҳликнинг Миллий кунига айланди. Айни пайтда эса мамлакат Икки муқаддас масжид ходими – подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз раҳбарлигида ютуқларга эришмоқда.
Дипломат ўз нутқида Саудиянинг “Нигоҳ–2030” дастурига алоҳида тўхталди.
“Нигоҳ–2030” уч асосга суянади. Биринчиси, ҳаётий жамият бўлиб, унда Ислом қадриятлари ва миллийлик мустаҳкамланади. Иккинчиси, ривожланган иқтисод бўлиб, иқтисодни ривожлантириш ва ранг-баранглаштиришни кўзда тутади. Учинчиси, олдинга интилаётган Ватан бўлиб, ҳукумат самарадорлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий масъулиятни кучайтиришни қамраб олади. Мазкур уч асос ўз навбатида 96 стратегик мақсадга бўлинади”, – деди Юсуф ал-Утайбий.
Элчи икки мамлакат ҳамкорлиги хусусида гапирар экан, давлат раҳбарлари ўзаро муносабатларни янада кенгайтириш истагида эканини урғулади.
“Икки мамлакат ўртасидаги алоқаларда президент Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг подшоҳликка тарихий ташрифлари ва валиаҳд шаҳзода ҳазрати олийлари билан мулоқотлари муҳим воқеа бўлди. Ташрифнинг тарихийлигидан унинг натижалари ва нималарга эришилгани далолат беради. Буларнинг барчаси мозийга бориб тақаладиган, бугунги кун билан бошланган ва келажакка қаратилган алоқалар мустаҳкамлиги ва чуқурлигини акс эттиради. Ушбу ташриф ҳамкорлик кўприклари ва барча соҳаларни қамраб оладиган ришталарни мустаҳкамлаб, 14 та ҳукуматлараро битим имзоланди ва хусусий сектор вакиллари ўртасида умумий қиймати 12 млрд АҚШ долларидан ошадиган 45 млрд саудия риёли ҳажмида келишувларга эришилди”, – деди элчи.
Дипломат ўзбекистонлик ҳожилари сонининг сезиларли даражада ошиб бораётганини ҳам мамнуният билан қайд этди. У, айни чоқда, Саудия Арабистонининг “Нигоҳ–2030” стратегияси ва Ўзбекистон Республикасининг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ўртасидаги муштараклик хусусида ҳам тўхталди.
“Бугун янги Ўзбекистон ўзининг жозибадор низомлари ва қонунчилиги билан давомий тараққиётни қўллаб-қувватлаётганини кўряпмиз. Айни вақтда подшоҳлик ўзининг “Нигоҳ–2030” стратегияси асосидаги ютуқларига шоҳид бўлмоқдамиз. Мамлакатларимиз келажаги ёрқин ва ютуқларга тўла бўлишида Аллоҳнинг Ўзи қўлласин. Биродарлик ва оқибат асосида қардошларча алоқалар йўлида иккала мамлакат раҳбарлари қилаётган ишлар тарих саҳифаларига ёзилади. Бизлар ўз томонимиздан раҳбарларимиз интилишлари ва орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун барча саъй-ҳаракатларимизни ишга соламиз”, – дея ишонч билдирди элчи Юсуф ал-Утайбий.
Мавзуга доир мақола:
Саудия Арабистони ҳаж ва умра вазири Ўзбекистонга ташриф буюрди. 27.09.2022