Жорий йил 17 сентябрь куни Тошкентда TALENT for BİZ анжумани бўлиб ўтади. Ўзбекистонда учинчи марта ташкил этилаётган тадбирда ёшлар Туркиянинг илғор фирмалари билан танишиш имконига эга бўлади. Тадбир давомида ёш иқтидор соҳиблари пешқадам турк фирмалари масъуллари билан юзма-юз мулоқот қилиб, ишлаш имкониятини ҳам қўлга киритиши мумкин.
TALENT for BİZ анжумани доирасида Chalik Enerji, Ziraat Bank, Türk Hava Yolları, TIKA каби Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган турк идора ва ташкилотлари иш/стаж интервьюларини ҳам ўз ичига олган ўнлаб мулоқотларни амалга оширади. TUSASH ва ASELSAN эса Тошкентда ташкил этилган Олмазор инкубация маркази офисларида ишлайдиган ёш ўзбек муҳандислари билан интервью ташкил қилади. Тадбир давомида маълумот стендлари, амалий тақдимотлар, инсон ресурслари бўйича интервьюлар уюштирилади.
Қайд этилишича, бу каби тадбирлар икки қардош давлат ўртасида карьера соҳасида ҳамкорликни ҳам ривожлантиришга хизмат қилади.
Тадбирга оид батафсил маълумотларни TALENT for BİZ сайти орқали топиш мумкин.
TALENT for BİZ тадбири илк бор “Kickstart Your Career in Turkish Global Companies” шиори остида 2019 йили 69 идора ва ташкилот иштирокида 4 мамлакатда (Ўзбекистон, Англия, Жанубий Африка Республикаси, Германия) ўтказилган. 2020 йилда ковид пандемияси туфайли тадбир 3 мамлакатда (Ўзбекистон, Покистон ва Қозоғистон) уюштирилган. 2021 йилда эса кучайган пандемия сабабли ўтказилмаган. Жорий йил давомида эса TALENT for BİZ тадбирлари Роттердам, Лондон ва Кёльн шаҳарларида ташкил қилинди.