Яшин ва момақалдироқ ибтидоий одамларни қўрқитган ва сеҳрлаган илк табиат ҳодисаларидан бири бўлган бўлса ажаб эмас. Улар илон изи яшинни, момақалдироқ гумбурлашини худонинг ўзларига сочаётган ғазаби, қаҳри, деб ўйлашган.
Яшин ва момақалдироқ аслида нима эканини англаб етиш учун электрни эсга олиш керак бўлади. Баъзи нарсалар мусбат ёки манфий зарядланишини яхши биламиз. Мусбат ва манфий зарядлар ўзаро тортишади.
Заряднинг катталиги ошиб боргани сайин тортиш кучи ҳам ортади.
Уларни айри ҳолда тутиб турган куч жуда катталашиб кетадиган лаҳза келади. Бу куч икки зарядни тутиб турган ҳаво, ойна ёки бошқа бир изоляцион қаршиликни енгиб ёки ёриб ўтади ва разряд содир бўлади. Бу вақтда икки жисмнинг электр зарядлари ўзаро тенглашади.
Яшин ҳам худди шу тарзда содир бўлади. Беҳисоб сув томчиларидан иборат булут бошқа бир булут ёки Ерникига қарама-қарши зарядга эга бўлиши мумкин. Улар ўртасидаги электр кучланиши ҳаво изоляциясини енгиб ўтиши билан электр разряди юз беради. Электр разряди энг кам қаршилик йўли бўйлаб ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳам у илон изи, эгри-бугри кўринишда бўлади.
Ҳавонинг электрни ўтказувчанлиги температура, зичлик ва намлик сингари омилларга боғлиқ. Қуруқ ҳаво электрни, умуман, ўтказмайди, нам ҳаво эса, аксинча, яхши ўтказади. Шу сабабдан ҳам аксарият ҳолларда ёмғир бошланиши билан яшин тўхтайди. Нам ҳаво электрни яхши ўтказгани учун ҳам у бўйлаб электр зарядлари бешовқин ва сезиларсиз ҳаракат қила бошлайди.
Энди момақалдироқ нима, деган саволга жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрайлик. Электр разряди чоғида ҳаво зудлик билан кенгаяди, сўнгра тораяди. Кенгайиш ва торайиш натижасида ҳаво оқимининг ҳаракати тезлашади. Бундай оқимларнинг шиддат билан тўқнашуви қулоғимизга гумбурлаб эшитилади. Момақалдироқнинг такрор-такрор гумбурлаши товуш тўлқинларининг булутларга урилиб акс-садо бериши билан боғлиқ.
Эътибор берган бўлсангиз, биз олдин чақмоқ чаққанини кўрамиз, бир оз ўтиб эса момақалдироқ гумбурлаганини эшитамиз. Негаки, ёруғлик тезлиги секундига 299 795 км.ни, товушнинг ҳаво бўйлаб тарқалиш тезлиги эса секундига 335 метрни ташкил этади.