Аввал хабар берганимиздек, V Ислом бирдамлик ўйинлари Туркиянинг Коня шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Бешинчи бор ўтказилаётган мусобақаларда дунёнинг 56 давлатидан 6000 га яқин спортчи иштирок этмоқда. Туркия ёшлар ва спорт вазири Меҳмет Муҳаррем Касапоғлу ушбу нуфузли мусобақа ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди.
“Глобал бирлашувни таъминлаш мақсадида бугунга қадар бир қатор ишлар амалга оширилди ва кўп меҳнат сарфланди. Энг сўнгги ҳисса сифатида Туркия дунё тинчлиги йўлида илк қадамни ташлаб V Ислом бирдамлик ўйинларига мезбонлик қилади. 56 хил ислом давлатидан олти мингга яқин спортчи бир жойга тўпланиб, келишмовчиликларга қарамай, бирдамлик мумкинлигини кўрсатиш учун уйғун позицияни эгаллайди. Иштирокчилар кўпчилик мусулмон давлатлардан бўлса-да, иштирокчи давлатларнинг мусулмон бўлмаган фуқаролари ҳам қўшилишлари мумкин, чунки Ислом бирдамлиги ўзининг умуминсоний ахлоқи ва менталитети билан мусулмон бўлмаганларни ҳам қамраб олади. Демак, Туркия ҳар қандай шароитда, исталган вақтда тинчлик учун ҳаракат қилиш мумкинлигини, бу сафар эса эзгу ҳаракат, спорт орқали эканлигини яна бир бор намоён этади”, – дейди Туркия ёшлар ва спорт вазири.
Қайд этилишича, Саудия Арабистони, Озарбайжон ва Индонезиядаги олдинги ўйинлар ваъда қилинган натижага эришди. Энг муҳими, ўйинлар техник тажриба алмашиш ва ташкилий ёрдам орқали мамлакатларга янги спортчиларни тайёрлаш ва такомиллаштириш, шунингдек, спорт инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашди. Шунингдек, улар халқлар ўртасида исломий бирдамликни мустаҳкамлашга, ислом арконлари билан уйғунликда дин, миллат ва ирқлар ўртасидаги тенглик тамойилларини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
“Табиатан тинчликсевар бўлган спорт дипломатияси Ислом дини учун ажойиб заминдир. Спорт ва Ислом ҳимоя қиладиган қадриятлар ҳам бир-бирига мос келади. Исломда, спортда бўлгани каби, ирқи, дини ва келиб чиқишидан қатъи назар, “ўзга”ни ҳурмат қилиш, ҳар қандай шароитда ҳам адолат ва тенгликни биринчи ўринга қўйиш энг муҳим ҳисобланади. Бағрикенглик ва мулойимлик ислом руҳининг асосий қадриятлари бўлиб, уларни спорт орқали тарқатиш нафақат иштирокчи мусулмон давлатлари, балки бутун дунё мамлакатлари учун фойдалидир”, – дейди Меҳмет Муҳаррем Касапоғлу.
Туркия вазири Ислом бирдамлик ўйинларига мезбонликдан кўзланган мақсадга ҳам ойдинлик киритган.
“Туркия мезбон давлат сифатида ўйинларни кейинги босқичга олиб чиқишга ва кучайтиришга тайёр. Меҳмондўст турк маданиятимиздан ҳам қувват олиб, биз ёш спортчиларни ватанимизда кутиб олиш, энг ёқимли фурсатда улар билан танишиш, илҳомлантириб, жўшқин энергиялари билан бўлишишини интиқлик билан кутамиз”, – дейди у.
Эслатиб ўтамиз, илк Ислом бирдамлик ўйинлари 2005 йил 8-20 апрель кунлари Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида ташкил этилган бўлиб, унда 55 давлатдан 6000 га яқин спортчи иштирок этган. 2010 йилда Эронда ўтказилиши режалаштирилган иккинчи ўйинлар келишмовчиликлар туфайли бекор қилинди. Учинчи Ислом бирдамлик ўйинлари 2013 йил Индонезияда, тўртинчи ўйинлар эса 2017 йил Бокуда ўтказилди.