Айни пайтда АҚШда истиқомат қилаётган арман ҳайкалтароши Оник Кардаш Қорабоғда рўй берган фожиали ҳодисалар ҳақида сўзлаб берди. TRT Haber’га интервью берган ҳайкалтарошга кўра, биринчи Қорабоғ уруши даврида ишғол этилган Шушада ноинсоний хатти-ҳаракатлар содир этилган.
“Менинг ҳайдовчим Шуша шаҳридан эди. У бир гал менга 80 нафар озарбайжонликни бошини тошга уриб ўлдиргани ҳақида сўзлаб берган эди. Мен қандай қилиб бунга қўл ура олдинг деб сўрадим. Ҳайдовчи биринчи гал қийин бўлади, ахир, одам осонликча жон таслим қилмайди, деб жавоб берди. Айтишича, малака ҳосил бўлгач, бир зарбдаёқ ўлдиришни ўрганади”, – дея оғриқли ҳодисаларни эслаган Оник Кардаш.
Ҳайкалтарош, шунингдек, машъум уруш даврида вафот этган озарбайжонликларнинг жасадига ноинсоний муносабатда бўлингани, қабрлар таҳқирлангани ҳақида сўзлаган.
“Шушада зина ва пиллапоялар бор. Агар озарбайжонликлар уларни очиб кўрса, қариндошларининг қабртоши эканига амин бўлади. Мен ўшанда барчасини ўз кўзим билан кўрганман”, – деб ҳикоя қилади О.Кардаш.
Ҳайкалтарош О.Кардаш Қорабоғ уруши даврида Россия ўзаро келишувга кўра Ереванга қурол-аслаҳа ва самолётлар билан кўмак берганини ҳам қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон салкам 30 йил давомида ишғол остида бўлган ҳудудлари, жумладан, Шуша шаҳрини 2020 йили 44 кунлик урушда озод қилди. Айни пайтда вайрон бўлган тарихий обидаларни тиклаш, инфратузилмани қайта барпо этиш ишлари кетмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Озарбайжонда 2022 йил “Шуша шаҳри йили” деб эълон қилинган.