Шафтоли шохидаман,
Онамнинг ёнидаман.
Борай десам, йўл узоқ,
Отамни соғинаман…
Болалар қўшиғидан
Бу ҳикоя – одамлар, воқеалар, ҳодисалар ҳақида эмас, бу ҳикоянинг қаҳрамони – қишлоқ. Ҳа, айнан қишлоқ.
У нозланади, чаппар уради, бағрида борини муҳайё қилади, гоҳо тўрсайиб-хўмраяди, хуллас, бир тирик жонзот нимаики қила олса, барини у ҳам қилади.
Авваллари унинг ўз феъл-атвори, инжиқликлари борлигини билмас эканман, энди ўйласам, бир жон эгасидан сира кам эмас – ясланган боғу роғлари, ўйнаб оққан равон сувлари, бепоён далаларию синчли уйлари билан аллақачон тилга кириб, менга бир нималарни сўзлаб ҳам улгурибди.
* * *
Бир маҳаллар унинг бағри қайноқ, қуёши жазирама, суви кумуш, ўзи ғоят сахий эди. Ёзнинг иссиқ, дим кечаларида бедазорлар, экин ерлари, тут шохларию чанг босган узумзорлар узра енгил шом қўнганида, уйлардан чиқаётган элас-элас шовур мусиқасини хотирамга ёзиб олган эканман. Айвонимизда симга осиғлиқ эски радио бўлар эди, ота ишдан келган, сингиллар сўрига қизил йўлли дастурхонни ёзиб бўлишган, қайдандир пиёздоғ иси, болалар қий-чуви келар, эски бир оҳанг тараларди.
Барнолар ичра барно, Раъно,
Гулмисан, гулёрмисан?
Ҳамма гуллардан аъло, Раъно…
Шу шом маҳали оппоқ гуллаган ўрик оқариб кўзни қувонтирса, исини шабада атрофга ёйса, даладан қайтаётган чопиқчиларнинг қийқиришлари, сигир маърашию пақир даранги ҳам эшитилар, чунки кўпчилик кунига икки маҳал сигир соғарди. Ҳавода сут иси ҳам анқиб кетарди, сигир челакни тепиб ағдарарди чоғи.
Томга тираб қўйилган эски шоти, бир четда ётган арава гупчаги, қишлоқ четидаги анчайин ёввойидай туюлган қамишу қовғалар орасида беозор жонзотлар қувнаб ўйнаб юришгандай туюлиши, буларнинг бари ой нури эланган кечаларда хонадонларга кириб келиб мўралашса-да, зарари тегмагани қизиқ. Одамлар дарахтларга, ҳайвонларга гапиришгани ундан ҳам ажойиб. Сут тўла пақирни тепиб ағдарган сигирни худди одамдай койиган, шивалаб эзиб ёққан ёмғирларга, шамолларга, жазирамаларга сўзлаган кишилар бўлар эди. Ёмғирлари ажойиб, тўнка кўчирар шамоллари ҳам ўйнаб-қувнаб эсгандай, ҳатто қишда қалин ёққан қорлари ҳам илиқдай бир таассурот қолдирибди.
У маҳаллар кўчалар ҳозиргидай текис ва равон эмас, кузу қишда лой-ботқоқ бўлиб ётарди. Баҳор бўтаналарида дарахт гуллари оқиб келгани, даҳанага тўпланиб, гирдобларда чир-чир айланганлари – ҳаммаси ёдимга муҳрлангани ажаб.
Қишлоқнинг яна бир ажойиботи шунда эдики, қайга ўйнаб кетсак ҳам у ерда бир таниш киши чиқар эди. Далалар адоғида бепоён боғлар бўларди, у меваларнинг таъми ҳозир бениҳоя ширин туюлади. Ҳали пишиб улгурмаган хом меваларнинг сувини оқиза-оқиза ер эканмиз, боғ қоровули ё ишчиси келиб қолса, уни танирдик, ёки у бизни таниб қолиб: “Ҳой Фалончининг боласи, отангга айтаман” деб пўписа қиларди. Бир куни ёш болалар ўйнаб бошқа қишлоққа бориб қолганимизда у ердаги бегоналикларни кўриб ҳайрон бўлганимиз ҳам эсимда. Бошқа қишлоқда биронта таниш кишини учратмадик, одамлари ҳам бизни танишмади, қайтанга: “Кимнинг боласисан? Бу ерларда нима қилиб юрибсан?” дея койиб беришди, қадрдон қишлоғимизга қайтганимизда ўзимиз билган тупроғи упадай кўчалар, иссиқда ҳансираган экинзор далаларга етиб олиб суюнганларимиз ҳам эсимда. Энди билсам, ўзининг қадрини ёш онгимга ўша тарз рўпара қилган экан.
Одамлар қишлоқ билан уйғунлашиб кетганини ҳам айтайми? Кучукчасини замбилга солиб кўтариб кетаётган, қум ўйнаб ўтирган ёки дарахт шохларига чиқиб осмонга қараб қичқираётган болачалар, кенг гулдор кўйлак кийиб олган жувонлар, жамалаксоч қизчалар, мўйлови энди сабза ура бошлаган, қўлини кўксига қўйиб салом беришни ўрганиб олган, тўй-маросимларда беминнат дастёрлик қиладиган новдадай-новдадай ўсмирлар… буларнинг бари қишлоққа ярашиғли зеб бўлиб, ўша умумий манзарага ажойиб бир нақш бўлиб тушибди.
У маҳалларнинг олди кишилари-чи? Кўчаларни тўлдириб-тўлдириб, баланд овозда гаплашиб туришмасмиди?
* * *
Ўзининг қадрини менга росманасига кўрсатиб қўйганида, эндигина ақли тўлишаётган йигитча эдим.
Биласизми, кимнидир соғинсангиз, хаёлингизда у бошқача бир тарзда намоён бўла бошлайди. Қиёфаси ўзгариб қолади, кўникилган чизгилар қуюқлашиб-ёруғлашгандай туюлади, соғинган кишингизнинг кулишлари, гапиришлари шу қадар суйимли ва азиз бўлиб жонланадики, ақлингиз шошади. Дийдорлашганингизда тўйиб-тўйиб термилиб оласиз, кейин сал вақт ўтиб соғинч ташналиги босилгач, у сиймо хиралашиб, яна одатий қиёфага айланади.
У ҳам хаёлимда ана
шунақа жонлана бошлади.
Гапирадиган бўлиб
жонланганига нима дей?
Йўқ, одамга ўхшаб лисон ила гапирмас эди. Туриш-турмуши, вазияти, кўринишининг ўзи онгимга бир нималарни сўзларди.
Қалбимнинг ич-ичидан садоланарди-да.
Тушуняпсизми? Ҳар жиҳатдан тўкин, ҳеч нимадан камчилиги йўқ бир ҳаёт ичидаману лекин у йўқ эди, унинг йўқлиги мана шу тўкинлик лаззатини кеткизар, юрак ўша азиз, қадрдон маконни қўмсайверарди.
Ўша илонизи йўллар, ораларида шамол ўйнаган қамишлар, боғлар, дарахт шохларига тирмашган болакайлар…
* * *
Бу орада, еру осмон оралиғида умр йиллари ўтгани сайин, у қурғур ўзининг қадрини яна кўрсатди.
У гоҳ отам, гоҳ онам, гоҳ севгили дилдор, гоҳ дўст, гоҳ қавму қариндош қиёфаларига кира бошлади. Ана шунақа товланишлари билан йил ўтгани сайин мени ўзига чорлайверди.
Эй воҳ, отам жуда меҳнаткаш, камсуқум киши эди. Баҳорларда бизларни ёнига олиб ер чопар, меҳнат қилар, ҳосил етиштирар… баъзан узум ширасига ёпишиб олган асаларилар юз-қўлимни чақиб олганигача эсимда. Ҳатто ўша чақишлари ҳам ҳозир беозор туюлганига, завқимни келтирганига нима дейин? Отам гоҳо бизларни ёнига ўтирғизволиб, ҳаётнинг нотекисликларию мушкулотлари ҳақида насиҳатлар қилар эди, қарасам, қишлоқ ҳам ўз тилида ўшандай насиҳатлар қила бошлабди.
Меҳнатдан чарчаган ота каби бир дам ҳорғин ёнбошлаган, бўйи чўзилиб кучга тўлиб келаётган ўғилларига бир дам кўнгли кўтарилиб боққан бўлса не тонг?
Бир борсам, лабида мен ўйнаган ҳовуз ёқасидаги боғ, шохлари қуюқ толлар, зовур устига қурилган, ёғоч устига тахтаю қамиш тўшалиб, устидан тупроқ бостирилган кўприк ҳам, у ердаги ёввойи беҳилар ҳам йўқ. Ҳаммаёқ саранжом-саришта, чиройли, тартибли, аммо мен кўрган манзаралар йўқ-да!
Ахир, улар ҳам аллақанча воқеаларга гувоҳ эдилар-ку?
У кўприкнинг қачон қурилганини билмайман. Аммо нима учун онгимда бундай манзаралар ҳосил бўлмоқда? Оқ яхтак кийиб олган кишиларнинг зовур устига хода ташлаб қамиш босишларини, кетмонни гупиллатиб уриб, кўприк устига чим бостиришларини кўраётганим ажаб.
* * *
Мана, шамол ҳам эса бошлади.
Ростини айтсам, кечалари шамол эсганида ҳалиям ташқарига чиқиб кетаман. Аммо юртимнинг шамолларини тополмайман. Ёмғирлар ёққанида ҳам чиқиб оламан, юзимни тутсам – тафти бошқа. Ўзимнинг ёмғирларимни шунақанги соғинаманки! Ҳатто тупроғи ҳам бошқа туюлади, ўз тупроғим майинроқ, илиқроқ, тафтлироқдай, бунда ўсадиган ўтлар заифроқ, рангпарроқ, ўз юртимнинг тупроғи ҳаётбахшу жонлироқдай, ҳатто ҳавоси ҳам майинроқдай туюлади.
“Эй шамол, тақир кўчалардан эса-эса, хас-чўпларни тозалаб уйиб кетмасмидинг, яна бир бора эсақолсанг-чи”, дегим келади.
“Эй ёмғирлар, яна бир шаррос қўйсангиз-чи, гулларни тўкишингизнию сувларда пуфакчалар ҳосил қилишингизни шу он яна бир кўрсайдим!
Булутлар, уюр-уюр сурилиб келсангиз-чи, ўша келишларингиз ила ўзга ҳаволарни, бепоён дашту тузнинг ёввойи исларини олиб келардингиз-ку, ахир?!”
Шунда билсам, мен унинг жамолини излар, қўмсар эканман. Разм солсам, у жудаям чиройли экан!
Сўлим ва сулув водий аро бир томони тоғлар, бир томони дашту дала узра ясланган, гул-чечак таққан бир нозли сулувдай экан. Менинг умрим ўтгани сайин унинг ёшариб бораверганига нима дейин? Ҳозир ҳатто калтак олиб мевасини қоққаним дарахтларигача ачинаман, ўшанда озор берганмикинман, дейман. Тандирларигача соғинаман, ичида қип-қизил ғўзапоя чўғи ланғиллаган, учбурчак сомсалари, жизза солинган нонларию қизариб-бўрсиллаб пишган патирларигача кўргим келади. Тагига босиб қўйилган ғўзапоя уюми орасидан бўй чўзиб, бир кечада оппоқ гуллаган бодом кўз олдимда жонланади. Кечалари кўкда учган турналар ўзимни шунда қолдириб, хаёлимни ўша ёқларга олиб кетади, турналар қаторида, тепадан туриб эгилиб-буралиб оққан сувларини, тиғиз яшил боғларини, тупроқ йўлларинию шамол супуриб кетган кўчаларини кўргандай бўлавераман.
Ўша ораларда ингичка, узун бўйли бир ўсмир менга қараб турганга ўхшайверади.
Яқинлашиб таниб қоламан: у ўзим бўлиб чиқади. Менга ўйчан боқади, “Келсанг-чи ёнимга” десам, бош чайқайди. Ўзгариб ҳам туради, гоҳ болалик ўртоқларимга, гоҳ холамга, аммамга, қавму қариндошларимга, қўшниларимга, ҳамюртларимга айланади.
Мени койийди, аразлайди, кўзида ёши силқийди, хафа бўлиб “Нима қилиб қўйдинг… ўзингни?” деб сўрайди онамнинг товуши билан.
“Мана шу бодом новдасидай гул очган бир бола чоғингда бағримдан узилиб кетган эдинг, соғиндим-ку сени?” дейди холам каби.
“Йўлларимни оёқ остингга тўшай, дарахтларимни эгай, шамолиму ёмғирим соғинч қўшиқларини куйласинлар десам, бағримда йўқсан-ку?” деб чорлайди мени.
“Сени билганларнинг кўпи дунёдан ўтиб кетишди, маъракаларда кўринмадинг-ку”, деб хафа бўлади.
Бир қарасам, саҳар эшигимни қоқиб келибди: ёмғир остида дийдираб турибди. Кирмайсанми уйга десам, бош чайқайди. “Юрақол мен билан… сени олиб кетгани келдим”, дейди.
Бир қарасам, онам бўлиб тупроқ йўлдан ортимдан эргашиб келаётир, “Кетма, болам!” дея…
“Холанг қариб қолди… ўзим ҳам… кетма!..”
Бир қарасам, амакимга айланибди, қўлида ҳассаси, елкасида тўни, кафтини кўзига соябон қилиб йўлимга қараб турибди, “Болам, қариб қолдим, суякларим оғрийди, келиб бир кўриб кетсайдинг”.
“Қара, болажон, узумларнинг барглари қип-қизил тус олди, куз уни қирмизи рангга бўяб қўйди. Орасида ҳусайнилари олтиндай товланиб турибди. Иккитасини сенга илиниб қуш чўқимасин дея латта билан ўраб қўйганман, оғзинг тегиб қолсин деб…”
Ана шунда… ўша шодон қушларим гур этиб ҳавога кўтарилади, самода айланиб чарх уришади.
Қишлоқ эса йиғлайди.
“Улуғларим дунёдан ўтиб кетишди-ку, сен қайдасан?
Дўстларинг ҳам кап-катта киши бўлиб қолишди… кўчада кўрсам, чопиб бориб елкасидан олиб сўрашаман, сен йўқлигингда ўшалар ҳам кўзимга ўтдай кўринади-да.
Ҳатто осмон ҳам сени сўраётганга ўхшайди. “Бир боланг бўларди, қуёшда қорайган, қорамағиз. Шафтоли шохига чиқиб олиб роса қичқирадиганинг… ўша қани?” дейди.
Ёмғирлар изингни сўрашади, “Сувларни сочиб ўйнайдиган боланг қайда”, дея.
Дарахтлар музтар-музтар туришади, “меваларимиз пишганида шохларимизни эгиб-эгиб ейдиган боланг кўринмайди-я”, деб?
Шамоллар айтишади, “Эсганимизда бизга қўшилиб қичқириб чопадиган кичкинанг нега кўринмаяпти”, деб?
Томга тираб қўйилган эски шоти ҳам сени сўраса, мен нима қилай?
* * *
Жон олғувчи у нозанин ана ўшандай тарзда минг эврилиб, минг ўргилди, ҳар сафар ҳар хил қиёфада жонланиб, шунақа кўп нарсаларни онгимга рўпара қилдики!
Йўқса, эл қатори, оддий бир қишлоқ-да, масалан, тоғ ёнбағирларида ундан юз карра сулувроқ бошқа қишлоқлар ҳам бор, аммо ўшанинг жилвалари жонимни қийнаса нима қилай?
Кишилар ҳам аллақачон бошқа қиёфага кириб олишибди – ҳаммаси ажойиб, бениҳоя яхши одамларга айланишибди.
Модомики, яхши кунингда қувнаб, қийин кунингда юкингни кўтарган ўша кишилар қаторида эмас эканман, бир куни шамолингга айланиб устингдан елиб ўтарман, мунисим!
“Болам шамол бўлиб келди”, деб суюнарсан, ўтлоқларингга қўнган шудринг мисоли кўз ёшларинг аро.
Шамолга айланганимда, ўзимнинг уюр-уюр булутларимни ҳам суриб келарман, ҳаётбахш тупроғинг узра ҳеч бўлмаса ёмғир бўлиб ёғай деб?
Ёмғир олдидан бир нафасга ҳамма ёқ жимиб қолади. Биламан, ҳозир ҳам шундай: қақраган тандирлар, сарғая бошлаган экинлар, турли-туман мевалию мевасиз дарахтлар, ўтлар, қушлар… ҳаммаси ҳаётбахш ёмғир ёғсайди деб бир нафас жим қолишгандай.
Ана шунда мен ҳам ёға бошларман тупроқларинг узра, бағрингга тамомила сингиб кетиш учун!
Бир куни шу қадрдон тупроғинг узра бир ўт, бир майса бўлиб униб чиқиш учун… азизим менинг!
Ана ўшанда… яна бир жонбахш қўшиқ таралар, оқ гулларга бурканган новдаларни эгиб-эгиб, гулкосаларни тўкиб-тўкиб, сувлар устида кичкина пуфакчалар ҳосил қилиб-қилиб ёғувчи ёмғирнинг салқин эпкинлари, турли-туман гул-чечак ислари аро, тупроқкўчалар, баланд тераклар, пахсалию сомон сувоқли уйлар узра.
Ахир, ёқимли у ёмғир аллақачон ёға бошлади-ку, сезмаяпсизми?
Барнолар ичра барно, Раъно,
Гулмисан, гулёрмисан,
Ҳамма гуллардан аъло, Раъно…