Бу воқеани менга сиҳатгоҳда дам олиш чоғида намозхон дўстим Нуриддин ҳожи айтиб берганди.
…Ҳамроқул билан институтда бирга таҳсил олганмиз. Гапимиз бир-биримизга мос тушгани учун тўрт йил ижарада ҳам бирга турдик. Жуда маданиятли ва интизомли йигит. Ўқиш давомида бирор соат ҳам дарс қолдирганини эслай олмайман. Унинг имтиҳонларга бутун вужуди билан тайёргарлик кўриши, ҳатто эрталаб уйғонганда тўшакда туриб, бирор мавзуни пичирлаб такрорлашига ҳам кулардик, ҳам ҳавас қилардик.
Аммо унинг одамовилиги ҳаммага ҳам ёқавермасди. Дарсда, имтиҳонда бурро-бурро жавоб берадиган одамнинг давралардаги камгаплигига ҳайрон қолардик. Мабодо даврада қизлар ҳақида гап очилиб қолса, муносабат билдириш, қўшилиш у ёқда турсин, китобини қўлтиқлаб, индамай чиқиб кетарди.
Бир куни кечаси китобининг ичига гуруҳдаги қизларнинг чиройли суратларини солиб қўйдим. Гўзалликдан баҳра олсин, дедим-да. Нима бўлди денг, у эрталаб суратларни қайтариб бериб, “Дўстим, мен билан бундай ҳазиллашманг” деди совуққина. Тўғриси, унинг бу одатига кўникиб қолгандим. “Ота-онанг уйлантириб қўйишса, ўша қизни севиб ҳам улгурасан”, дердим киноя билан.
Ана шу мен билган Ҳамроқул учинчи курсда муҳаббат деган дардга йўлиқди. Аввалига дарслик ўрнига шеърий китоблар ўқиганига унча эътибор бермагандим. Лекин оқшомлари шеър ёки мактублар ёза бошлагач, қизиқсиниб кузатдим. Ҳатто ўзига билдирмай ёзган машқини ўқидим:
Эсингдами, бир синфда
Ўқир эдик икковлон.
Китобларни қўйиб четга
Бошлар эдик тўполон.
Сочларингни билдирмайин
Боғлар эдим партага.
Зўрға ечиб олиб, кейин
Йиғлар эдинг жўрттага.
Мана энди йигит бўлдим,
Сен ҳам энди гўзал қиз.
Ишқинг билан шавққа тўлдим,
О, қийин менга сенсиз.
Сочинг билан банд айладинг
Бу кўнглимни, начора.
Тугунларин ечолмасдан
Мен бечора овора…
Ўҳ-ҳу, кесакдан ҳам олов чиқади, деганлари рост¬га ўхшайди. Соддароқ ёзгани билан маънони ўхшатибди. Кечки суҳбатларда секин кўнглига қўл солдим.
— Робия билан бир синфда ўқиганмиз. У техникумни битириб, қишлоғимиздаги алоқа бўлимида ишлаяпти. Ўтган ойда уйга борганимда кўриб қолдим, анча суҳбатлашдик. Бирам ўзгариб, очилиб кетибди. Ўшандан буён ҳар куни кўргим келаверади.
— Буни муҳаббат дейишади, жўра. Дарди бедавога йўлиқибсан.
— Билмасам… Ҳар ҳафта борай десам, ота-онамдан уяламан, бир ой хаёлимда бир йилдек туюлади.
Улар бир йилча ишқий мактуб ёзиб туришди. Ҳамроқул ҳам одамовилигини ташлаб, даврага қўшиладиган бўлди. Бирга дўстимникига борганда Робияни кўрдим, чиройли, шаддод қиз экан. Айнан Ҳамроқулбоп.
Аммо битириш имтиҳонлари арафасида дўстим негадир беҳаловат бўлиб қолди. Сал вақт топса, квартирага бориб ётиб олади. Шеърий китоблар ҳам ўқимай қўйди. Нуқул “уф” тортади. Бир-икки марта сўраганимда “Иссиқ ҳаво юрагимга таъсир қилди, шекилли” деди ва яна қанақадир баҳоналар айтди. Ниҳоят, бир куни кечқурун қистовга олганимдан сўнг ўзи ёрилди.
— Ота-онам билан гаплашдим, рози бўлишди. Сўнг Робияга турмуш қурайлик, одам юборай, дедим.
— У-чи, у нима деди?
— Бир аниқ гап айтмайди, уни тушунолмаяпман. Биламан, мендан бошқа йигити йўқ, лекин ҳар гал турли баҳоналар тўқийди, ҳали вақт бор, дейди. Бу ёқдан онам қисталанг қиляпти. Бошим қотиб қолди.
Эҳ, муҳаббат, муҳаббат! Одамни не кўйга солади-я. Кечагина бедард, дарсдан бошқа нарсани ўйламаган йигит бугун бир гўзал ишқида девонавор бўлиб тургани мўъжиза эмасми? Унга ачиндим, чунки бундай ҳолат ўзимда ҳам кечган. Дардли ошиқ инсонга гап ортиқча, далда бериб бўлмайди, чунки қалбида, вужудида кечаётгани ёлғиз ўзига аён. Лекин дўстимни хурсанд этиш учун нимадир қилишим керак…
Туни билан ўйлаб, вазиятни баҳолаб, бир ечим ўйлаб топдим. Аниқроғи, шумлик, ҳазил. Аввалига Ҳамроқул кўнмади, бунақа қалтис ҳазил ишимизни чаппа қилиб юбормасин, деди. Бир амаллаб тушунтирдим, бирор кор-ҳол бўлса ўзим кафил бўламан, дедим. Кўнди. Кейин бир қиз номидан Ҳамроқулга мактуб ёздим.
“Ассалому алайкум, Ҳамроқул ака! Соғлиқлар яхшими, имтиҳонлар тугай деб қолдими? Насиб бўлса, ишни қаерда бошлайсиз?
Мен, Худога шукр, ёнимиздаги мактабда бошланғич синфларда дарс бераяпман. Техникумда ўқиганимда сиз билан ўтган онларим энг бахтли лаҳзалар эканини энди сезаяпман, жуда сезаяпман. Сиздек оқил инсондан кўп яхшиликларни ўргандим, сиз туфайли яхши ўқидим. Олдингизда қарздорман. Бу ҳақда ота-онамга ҳам айтдим, улар Сизни дуо қилишди.
Ҳамроқул ака, уйимизга сов¬чилар келаяпти, аммо мен ҳаммасини қайтараяпман. Албатта, бу гапни айтиш менга жуда оғир ва уятли, аммо бошқа йўл топа олмадим. Мабодо ҳалиям бировни танламаган бўлсангиз, очиғини айтай, сизга кўнгил қўйганман… Бахтимга омон бўлинг.
Ҳурмат билан Нуринисо”.
Эртасига хатни почтадан жўнатдик. Ҳар эҳтимолга қарши, конверт тепасига “шахсан ўзига тегсин” деб ёздим.
Айтгандай, Ҳамроқул Робияга бўлган ишқини ҳам онасига ёзган хати орқали изҳор қилган. Ўша хатида у “Онажон, ўзимизнинг почтада Робия исмли қиз ишлайди, эсингиздами, мендан кичик бўлса-да, бир синфда ўқиганмиз. Чиройли ва ақлли, менга ёқади” деб ёзган. Чунки Ҳамроқул бу қизнинг шу хатни очиб ўқиб кўришини сезган. Шундай бўлган ҳам. Кейин билса, Робия бу хатни ўзига олиб қўйган экан.
Эҳ, муҳаббат, муҳаббат, бунчалар сирли ва сеҳр¬ли туйғу у! Кўнгил дегани шундай бир мубҳам, лекин шундай шижоатли хилқатки, у кўп нарсани сезади ва айтганини қилади ҳам. Мактуб услуби иккинчи бор ҳам иш берди. Уч кун ўтгач, Робиядан дўстимга илиқ сўзлар ёзилган хат келди. Унинг айтишича, қиз квартирамизга телефон қилиб, уй эгасига Ҳамроқулга салом айтишини тайинлаган.
…Уларнинг тўйи диплом олиш қувончига уланиб кетди. Курсдошлар билан бориб, тўйни роса қиздирдик.
Бир йилдан сал кўпроқ ўтгач, дўстим телефон қилиб қолди. Келмасанг, бўлмайди, деди. Вақт топиб кечқурун бордим, бирга нонушта қилдик. Мен эр-хотин ўртасида совуқлик борлигини сездим. Робия ниманидир баҳона қилиб чиқиб кетди, унинг ҳомиласи билиниб қолганди. Ҳамроқул ўша Ҳамроқул-да, бир амаллаб ичидаги гапни олдим.
— Бир куни сандиғини очганда, ичидан менга ёзилган хат чиққан, асраб қўйган экан-да. Нуринисо ким, ҳалиям у билан учрашиб турасизми, техникумда ўқиганида нима яхшилик қилгансиз, деб қистовга олди. Айтинг-чи, дўстим, мен унга нима дейман, нима деб ишонтираман? Ўшандан бери менга Нуринисони топиб берасиз, деб гаплашмайди, буёқда ҳомиладорликнинг инжиқлиги. Яна бошим қотиб қолди.
Мен Робияни ёнимизга таклиф этдим. Оғриниб келиб, стулга омонат ўтирди. Кейин мактуб ҳақидаги воқеани айтиб бердим. Барибир, ҳадиги тар¬қамади, кўз ёш қилиб олди. Охири, қоғоз олиб ўша хатни қайтадан ёза бошладим, чунки ўзим тўқиганим учун сўзма-сўз ёдимда қолган эди.
У хатни кўтариб ошхонага чиқди, эски мактуб билан солиштириб кўрди, шекилли, чеҳраси очилиб қайтиб кирди.
— Кечиринг, Ҳамроқул ака, шуни ўзингиз тушунтирсангиз бўлмасмиди. Мен ҳар хил хаёлга бориб юрибман. Ахир, Сизни рашк қиламан-да…
Эрталабки нонуштадан сўнг дўстим мени автобусгача кузатиб қўйди.