Бу воқеа 1979 йилнинг май ойида рўй берганди. Ўша кунлари мен сайёҳлар гуруҳи таркибида Барселонада эдим. Бир-икки йил аввал Франко вафот этиб, Испания унинг 23 йиллик истибдодидан қутулиб, озодликка чиққанди. Сайёҳлар гуруҳимизнинг ташрифи Франко ҳукмронлиги даврида мамлакатлар ўртасида узилиб қолган алоқаларни тиклаш йўлидаги илк қадамларидан бири эди. Барселона — сафаримизнинг охирги нуқтаси эди. Биз ўн беш кун мобайнида Мадрид, Валенсия, Тиоледо, Трагона каби шаҳарларни томоша қилиб, уларнинг тарихий ва маданий обидалари билан танишиб, куни кеча Барселонага етиб келган эдик. Бугун эса Испаниянинг шимоли-шарқида Франция чегараларидан унча олис бўлмаган маконда жойлашган бу қадимий шаҳар билан танишиб, кечаси юртимизга учиб кетмоғимиз керак эди.
Сафар дастурига кўра, эрталаб Барселонадаги Италия-СССР жамиятининг вакиллари билан учрашиб, бирга нонушта қилмоғимиз, кейин шаҳар айлангани жўнамоғимиз лозим эди.
Мен нимадир бўлиб, хонамда бир оз ушланиб қолдим. Дарҳол бошлиғимиз етиб келди.
— Жамоат жам, ҳамма сизни кутиб ўтирмайди-ку! Тезроқ қимирланг!
Мен апил-тапил кийиндим-да, чемоданимдан иккита патирни олиб, пастга — нонушта бўладиган жойга югурдим. Ҳа, шунақа. Ҳар қанча ғалати туюлмасин, чет элга сафарга борадиган бўлсам, уйда беш-ўнта патир ёптириб олиб кетаман. Негаки, хорижликлар, умуман, нонни кам истеъмол қилишар экан ва бизни ҳам ўзларига ўхшаган деб гумон қилиб, ҳар гал овқат вақтида бир тишламгина нон беришар экан. Шунинг учун бутун умрлари давомида бошқа нарсалардан кўра нонга кўпроқ ружу қўйиб ўрганган шўро одамлари сафар давомида бу жиҳатдан ўзларини анча ношойиста ҳис этишарди. Сафар олдидан чемоданга солиб олинган беш-ўнта патир бу муаммони тўла ҳал қилишга ёрдам берарди. Хуллас, қўлимда иккита патир билан нонушта хонасига кириб бориб, сафардош ўртоқларим билан саломлашдим. Бошлиғимиз мени жамият вакили билан таништирди:
— Хосе Гомес — жамият раиси, бу киши — Мануэла, раиснинг рафиқаси.
Мен уларга алоҳида тавозе билан салом бердим, аммо Хосенинг алик оладиган сиёқи йўқ эди. У негадир менга эмас, қўлимдаги патирларга қараб турар, худди сеҳрлангандек, улардан нигоҳини узолмай қолганди. Орадан бир неча фурсат вақт ўтди. Сўнг у киши патирдан кўзини олиб менга қаради, сўнг яна нонга тикилди. Ниҳоят, орадаги сукунат чўзилиброқ кетганини ҳис қилди, шекилли, саломимга жавобан менга қўл узатиб, сўз қотди. Бу сўзларни эшитиб, ҳанг-манг бўлиб қолдим. Ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз? Айниқса, хорижга сафар қилганингизда бошингиздан ҳар хил ғаройиб воқеалар ўтиши, кўникилмаган вазиятларга тушиб қолишингиз ҳеч гап эмас — ҳар нима бўлганда ҳам бегона юрт, сиз эса мусофир, холос. Лекин бу галгиси ҳаммасидан ҳам ғаройиб бўлиб чиқди — Оврупанинг нариги чеккасида жойлашган кўҳна шаҳарда, муаззам меҳмонхонанинг шинам залида, май ойининг гўзал субҳидамларидан бирида бирорта испаннинг менга ўзбек тилида мурожаат қилишини кутмаган эдим.
— Сиз Самарқандданми? Бу патир Самарқандникими? — деб сўради Хосе. Ҳаяжондан унинг овози титрамоқда эди.
— Ҳа, мен ўзбекман. Лекин Самарқанддан эмас, Тошкентданман. Патир ҳам Тошкентники.
— Тошкентники бўлса ҳам, патирингизнинг биттасини менга беролмайсизми?
— Албатта! Албатта! — дедим мен ва патирнинг икковини ҳам қўшқўллаб унга узатдим. — Битта эмас, иккови ҳам сиздан айлансин.
Хосе билан хотини «дик» этиб ўринларидан туришди, бир қўлларини кўксиларига қўйиб таъзим қилгандек, енгилгина бош эгишди. Сўнг Хосе бўш қўли билан патирларни олиб, бирини хотинига узатди. Кейин икковлари ҳам аллақандай илоҳий эҳтиром билан патирларни кўзларига суришди, кейин унинг ёғи ялтираб турган чеккаларига лаб босишди. Сайёҳлар сўз қотмай, бу манзарани томоша қилиб туришарди. Шундан кейин Хосе хотинининг қўлидаги патирни олиб, ўзиникига қўшди-да, худди чатнаб кетадиган чинни буюмдай уларни эҳтиёт билан сочиққа ўраб, елим халтасига солиб қўйди. Хосенинг ўзбек тилини билганига ва ўзбек номига бу қадар эҳтиром кўрсатганига лол қолиб, ҳамон анграйиб турардим. Ниҳоят, тилим калимага келиб, ундан сўрадим:
— Ўзбекчани қаёқдан биласиз? Ўзбекистонда бўлганмисиз?
— Бунинг тарихи узоқ, кейинроқ бафуржа гапириб бераман, — деди Хосе.
Нонуштани апил-тапил қилдик-да, шаҳар томошасига отландик. Хосе билан Мануэла бизга раҳнамо бўлишди.
Барселона — Оврупанинг энг йирик шаҳарларидан бири. Унинг ҳудуди ҳам катта, тарихий ва маданий обидалари ҳам беҳисоб. Ҳаммасини айтмай қўяқола-ю, фақат бир нарсани — Христофор Колумб Американи кашф қилганидан кейин, учта кемаси билан шу шаҳарга қайтиб келганини ва бу кемалар шаҳар портларидан бирида ҳозирга қадар буюк бир ёдгорлик сифатида авайлаб сақланиб келинаётганини айтсам, шунинг ўзи шаҳар тарихи нақадар бой бўлганини тасаввур қилишга ёрдам берар деб ўйлайман. Шаҳар ХХ асрда жаҳон меъморчилигида мутлақо янги йўналишни бошлаб берган Гуччонинг номи билан ҳам боғлиқ. Унда бир неча жойда Гуччо лойиҳаси билан қурилган жуда ҳам ўзига хос жомелар ва бошқа бинолар мавжуд. Рассомлик санъатида янги саҳифа очган Пикассонинг ҳам уй-музейи шу ерда. Бундай эътиборга лойиқ ёдгорликлар ва обидаларнинг кўплиги жаҳондаги барча сайёҳларнинг диққатини тортади, Барселонани сайёҳларнинг ардоқли зиёратгоҳига айлантиради. Хосе ва Мануэла ҳар қандай қилиб бўлса-да, бизнинг кўнглимизни олиш пайида эдилар. Билмадим, саёҳат дастурида бормиди ёки бу мезбонларимизнинг шахсий ташаббуси бўлдими, ҳар қалай, тушликдан олдин Барселонанинг яна бир ажойиб ва ғаройиб маскани билан танишиш имконига эга бўлдик. Бу — дунёда узунлиги билан донг чиқарган — бутун бошли ўн икки чақирим масофага чўзилиб кетган хиёбон эди. Хиёбонда турфа анвойи гуллар барқ уриб очилиб турибди. Дунёнинг турли минтақаларида ўсадиган дарахтлар уни қуёш нурларидан тўсиб, соя-салқин гўшага айлантирган. Оёқ остидаги майда қизил қум худди юмшоқ гиламга ўхшайди. Аммо бу фазилатларидан ташқари мазкур хиёбон яна бир сифатга эга экан. У — бутун дунё хиппиларининг халқаро маркази экан. Хиппилар — 60-йилларда ёшлар ўртасида пайдо бўлган бир тоифа — улар ўз дунёларидан норози бўлиб, уни тарк этган, бу норозиликларини кийим-кечакка, ҳашаматга, маиший қулайликларга нафрат билан ифодалашга уринган, усти-боши кир-чир, ойлаб соч-соқоли устара кўрмаган, дайдиликни асосий касб қилиб олган одамлар эди. Кўп мамлакатлардан қувилган, ўз маконларига сиғмаган хиппилар Барселонада экан. Улар узун хиёбоннинг бир томонига қатор қилиб, жой қилиб олишибди. «Жой» деганимиз ерга солинган қанорми, шолчами, клеёнками — шунга ўхшаш бир нарса, унинг бир бурчагида ўраб қўйилган одеял ёки рўмол, яна бир-иккита икир-чикир буюмлар. Хиппилар бу «жойлари»да ҳатто оила бўлиб ҳам яшашар эканлар.
Уларнинг олдиларида майда болалар ҳам ўрмалашиб юришипти. Бу исқирт одамларнинг ҳеч ким билан иши йўқ, ўзгалар билан мулоқотга киришмайди. Ўзларича «табиий» ҳаёт кечириш билан овора — шунинг учун еб-ичишлари ҳам, ётиб-туришлари ҳам ошкора, ҳамманинг кўз ўнгида. Яна бир қизиқ жиҳати: Барселонада дайдилик тақиқланган экан. Жамоат жойларда ҳам бекорчи¬хўжаларнинг текинхўрлик билан кун кечиришларига йўл қўйилмас экан. Лекин хиппилар бунинг чорасини топишипти. Улар ўз жойларининг бир чеккасига ёймачининг дўконидек ҳар хил нарсаларни ёйиб қўйишипти. Булар михми, қаламми, эски газетами, денгиз чиғаноғими — хуллас, ҳеч кимга кераги йўқ буюмлар. Уларни сотиш учун ёйиб қўйишипти, лекин буларни харид қилаётган биронта одамни кўрмадик. Шундоқ бўлса-да, шу буюмлар ёнига қўйилган катта-кичик тарелкалар танга пулларга-песетларга тўлиб кетган. Улар «савдогарлик» билан шуғулланаётгани учун, бир нарса дейишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмас экан. Ўшанда испан маъмурларига ҳайрон қолган эдим — улар бозорларига сифатсиз моллар кириб келишига қарши курашмас эканлар-да?
Бу хиёбонда фоҳишалар бозори ҳам бор экан. Бозорда ҳатто эркак фоҳишалар ҳам бисёр экан. Улар аёлларга ўхшаб кийиниб олган, бошларида париклари аёлларникига ўхшатиб турмакланган, қош-кўз бўялган, лаблар пишган помидордек қип-қизил. Ноз-карашмалар, қош қоқишлар, кўз сузишлар, нозли фироқлар ҳеч бир аёлникидан қолишмайди.
Биз ҳар хил ёшдаги, ҳар хил мақомдаги фоҳишалар сафини беписанд ёриб ўтдик-да, хиёбоннинг охирига етдик. Хиёбон — денгизга чиқар экан. Қаршимизда ястаниб ётган нурга тўла бепоён денгизни кўриб дилимиз ёришди, унинг ажойиб ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олдик.
Тушлик вақти ҳам бўлган эди. Сайёҳларни автобусга таклиф қилишди. Аммо Хосе менга қолишни таклиф қилди: «Тушликни бирон кафеда пивохўрлик қилиб, бирга ўтказамиз», — деди. Ҳатто: «Менинг ҳисобимдан», — деб қўшиб ҳам қўйди. Мен бошлиғимиздан рухсат олиб қолдим.
Шу яқин ўртада чоғроқ истироҳат боғи бўлиб, унинг ичида тепаликда жойлашган шинамгина кафе бор экан. Хосе билан рафиқаси мени шу кафега бошлашди. Тепаликда ғир-ғир шабада эсиб турипти. Теварак-атрофда жуда чиройли манзара. Хосе хотини билан мени стол ёнига ўтқазиб қўйиб, бир зумда бир оз егулик билан кружкаларда пиво олиб келди. Барселонанинг пивоси жуда тиниқ ва хуштаъм экан — таъми оғизда қолди.
Пиводан ҳўплаб ўтириб, Хосе ҳикоясини бошлади. Унинг тарихи чиндан ҳам узоқ экан. Хосе тузуккина зиёли оилада туғилиб-ўсган. Унинг отаси ўқимишли, тараққийпарвар инсон бўлиб, демократик Испания учун курашчиларнинг олдинги сафларида бўлган. 30-йилларнинг бошида республикачилар деб аталган бу тараққийпарвар кучлар ҳокимият тепасига келади. Аммо уларни кўролмайдиган ёвуз кучлар бор эди. Улар Франко бошчилигида исён кўтаришади. 1936 йилда Испанияда фашистлар билан республикачилар ўртасида фуқаролар уруши бошланади. Республикачиларга дунёдаги кўпгина кўнгиллилар ёрдам беради. Шу жумладан, Шўролар Иттифоқидан ҳам анча-мунча забардаст йигитлар бевосита ҳарбу зарбда иштирок этади. Бироқ урушда франкочилар ғалаба қозонади. Омон қолган республикачилар қамоқларга ташланади, қийноқларга дучор қилинади. Шунда Собиқ иттифоқдаги баъзи ташкилотлар республикачиларнинг ўғил-қизларини фашистлар асоратидан халос этиш учун уларга биродарлик қўлларини чўзишади — юзлаб испан болаларини жанг бўлаётган жойлардан олиб келишади ва у ердан бошқа шаҳарлардаги болалар уйларига тарқатиб юборишади.
Хосе ҳам шу болалар ичида эди. У ҳам ота-онасининг иссиқ бағридан айрилган етимча гўдак эди. Лекин шундоқ бўлса-да, тез орада у янги шароитларга кўникиб кетди ва бошқа муҳожир испан болалари каби байналминал руҳда тарбия топа бошлади.
Хосе Санкт-Петербургдаги болалар уйларидан бирига жойлаштирилган эди. Орадан кўп ўтмай, у ҳам бошқа испан болалари каби тарихи бой бу гўзал шаҳарни, унинг равон ва кенг кўчаларини, муаззам майдонларини, ҳамиша кумуш белбоғдек товланиб турадиган дарёсини жонажон шаҳридек яхши кўриб қолди. Аммо бахтли болалик дамлари узоқ чўзилмади. 1941 йилда фашист босқинчилари уруш бошлашди. Урушнинг биринчи кунларидаёқ шаҳар осмонида фашист қузғунлари пайдо бўлди. Кўп ўтмай, шаҳарнинг аҳволи танглаша бошлади, у қамалда қолди. Шаҳарда қурол ушлашга яроқли ҳар бир одам уни ҳимоя қилишга отланди. Шу шаҳарнинг тузини тотган, ундан бошпана топган, ундан меҳр кўрган испан болалари ҳам балоғатга етмаган, кўпчилиги эндигина 15-16 ёшга кираётган бўлишига қарамай, бундай оғир кезларда томошабин бўлиб қараб туролмас эдилар. Улар якдиллик билан кўнгилли равишда шаҳар ҳимоячилари сафига қўшилдилар ва фронтга жўнадилар. Шароит жуда оғир эди, ҳар куни неча марталаб ўлим билан юзлашишга тўғри келарди. Бунинг устига қурол-аслаҳа ҳам етишмайди, озиқ-овқат танқис. Лекин испан болаларининг биронтаси нолимади, тишларини тишларига қўйиб, ўз бурчларини адо этишда давом этдилар. Аҳвол эса танглашгандан танглаша борди.
Бир куни олдинги марраларга фронт қўмондони — маршал Ворошилов келди. У жангчиларнинг аҳволини, мудофаа қувватини текшириб юрган экан. Унинг кайфияти йўқ, аҳволдан норози, лекин уни тубдан ўзгартиришга ожиз эди. У қисм командирларини сўкиб, уришиб, ҳарбий трибунал билан қўрқитиб, турли фармойишлар ва топшириқлар берди. Шу пайт унинг қулоғига кимларнингдир хорижий тилда чуғур-чуғур гаплашгани чалинди.
— Бу нима бўлди? Кимлар улар чулчутча гаплашаётганлар? — деб сўради маршал.
— Булар кўнгилли равишда сафимизга қўшилган испан болалари!
— Нима-а-а? Испан болалари? Бу қанақаси бўлди? Ким рухсат берди уларни фронтга олиб келишга? Каллаларинг борми? Бир камимиз «испан болаларини жангга солишипти» деган маломатни эшитишмиди? Икки соат мухлат — уларнинг биронтаси ҳам бу ерда қолмасин! Йўқот ҳаммасини!
Испанларни бир зумда шаҳарга қайтардилар. Кейин жуда катта қийинчиликлар билан эшелонларга ўтқазиб, мамлакат ичкарисига жўнатишди.
Хосе Ўзбекистонга борадиган эшелонга тушган эди. Поезд одатдаги уч кунлик йўлни бу гал камида бир ойда босиб ўтди.
— Ниҳоят, йўл азобларини чека-чека, белгиланган манзилимизга етиб бордик. Бу Самарқанд деган шаҳар экан. Мен илгари бу шаҳарнинг номини ҳам эшитмаган эдим.
— Поездимиздан тушгандан кейин уни биринчи бор кўрдим, — деб ҳикоясини давом эттирди Хосе. — Лекин нима деб ўйлайсиз — мен бу заминга қадам қўяр эканман, биринчи бор нимага рўпара келдим? Унинг афсонавий минораларигами? Кўзни қамаштирадиган ложувард осмонигами? Ям-яшил боғларигами? Тош ётқизилган қинғир-қийшиқ кўчаларигами? Йўқ, буларнинг ҳаммасини кейин кўрдим, кейин севиб қолдим. Ўша куни поезддан тушиб, биринчи кўрган нарсам — нон бўлди. Самарқанд нони! Уруш туфайли ҳамма жойда танқислик бошланган, нонлар карточка билан ўлчаб бериладиган бўлиб қолган эди. Урушнинг совуқ нафаси Самарқандда ҳам яққол сезилиб турарди. Лекин шунга қарамай, унинг мўъжазгина бозорчасида бир-иккита аёл нон сотаётган экан. Ўзимизни нонга урдик. Ё, парвардигор — ишонасизми — мен умрим бино бўлиб, бунақа ширин нон еган эмасдим. Кўринишидан офтобга ўхшаб кетадиган Самарқанд нонида алланечук қаймоқларнинг таъми, хушбўй дала ўтларининг иси келиб турарди. Бу таъм ҳозиргача оғзимда қолган. Шундай қилиб, биз тинч ва осуда, меҳрибон ва ғамхўр Самарқанд бағрида ҳаёт кечира бошладик. Ҳамма вақт ҳам еганимиз олдимизда, емаганимиз ортимизда бўлди деб айта олмайман. Кўпчиликка келган тўй бизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Лекин меҳр-шафқат бобида сира танқислик кўрганимиз йўқ. Самарқанд шаҳрида биз бир лаҳза ҳам мусофирлигимизни, етимлигимизни ҳис қилганимиз йўқ. Бу шаҳарнинг одамлари — эркакдир, аёлдир, ёшдир, кексадир — бениҳоя хушфеъл, меҳрибон, мушфиқ одамлар бўлар экан. Бирор жойни сўрасангиз, иложи бўлса, ўзи бирга олиб бориб қўяй, дейди. Қўлидаги нарсасини боласига бермаса бермайдики, сизга беради. Илтимосингизни бажо келтиролмаса, хижолатга тушиб, ўзидан-ўзи хафа бўлиб кетади. Кейинчалик мен бу шаҳарнинг тарихий ёдгорликларини ҳам кўрдим. Уларнинг кўпчилиги хароб, гумбазлари қулаган, миноралари қийшайиб қолган, лекин шундоқ бўлса-да, улуғворлигини, салобатини йўқотмаган эди. Самарқанднинг катта бозорини айтмайсизми! Ҳатто уруш йилларида ҳам бу бозор ўзининг сероб ва арзонлиги билан кишини ҳайрон қолдирарди. Хуллас, аввал ўйлаганимдек, Самарқанд осиёлик ярим ёввойи одамлар яшайдиган маскан эмас, баайни «Минг бир кеча» эртакларидаги мангу яшнаган улуғ шаҳри азим экан. Унинг шаклу шамо¬йили, унинг нони, унинг патири бир умр¬га юрагимга муҳрланиб қолган.
Хосе олис йиллар хотиротига айланиб қолган биринчи муҳаббатини қўмсаган одамдек оғир сўлиш олиб, гапдан тўхтади. Унинг кўзларида сўз билан ифодалаш қийин бўлган бир мунг сезилиб турарди. У теварак-атрофга аланглади, узоқларда атласдек жилоланиб ётган денгизга бир зум нигоҳ ташлади, кейин хотинига тикилиб қолди. Унинг чеҳрасидаги ҳазинлик тарқаб, ним табассум пайдо бўлди.
— Сирасини айтганда, Самарқанд мен учун яна бир жиҳатдан ардоқли, — деб гапида давом этди у. — Мен бу шаҳарда бахтимни топганман — умримдаги биринчи ва ягона муҳаббатим билан шу ерда — нон бозорида учрашганман. — Мануэланинг чеҳраси ҳам табассумдан нурланиб кетди. Мен ҳикоянинг давомини кутдим.
— Мен бозорга суйган патиримдан олишга борган эдим. Қарасам, новвой аёлнинг олдида парилар султонига ўхшаган бир қиз турипти. У ҳам патир харид қилаётган экан. Унинг қош-кўзи, яноқлари, қора мағизлиги, қадди-басти менга жуда таниш кўринди. Унда испан қизларига хос бўлган шаддодлик, оловдай жозиба сезилиб турарди. Бунақа қиз билан танишмаслик гуноҳи азим эди. Танишдик. У чиндан ҳам испан қизи экан. Унинг ҳам тақдири меникига ўхшаган экан. Хуллас, учрашиб турадиган бўлиб қолдик. Бу орада қарасак, бўйимиз ўсиб, болалар уйининг мезонларига тўғри келмайдиган бўлиб қолибмиз. Бизни учирма қила бошлашди. Аммо биз учирма бўлишдан аввал тақдирларимизни қўшишга аҳд қилган эдик. Мана, ўшандан бери 30 йилдан ортиқ вақт ўтди. Бу йилларда бошимизга не савдолар тушмади, қанақа қийинчиликларни кўрмадик. Лекин нима бўлганда ҳам, бир-биримизга ҳамдам, мададкор бўлдик. Энг оғир дамларда Самарқандни эслаймиз. Бу қутлуғ шаҳарнинг руҳи бизга ёрдамга келади.
Хосе ҳикояни тугатди. Мен унинг гапларидан ларзага тушиб, ҳаяжонимни босолмай ўтирар эдим. Биринчидан, Оврупанинг нариги бурчагида, мутлақо бегона бир юртда, менга мутлақо нотаниш бир инсоннинг оғзидан юртим, ватандошларим ҳақида бундай илиқ гапларни эшитиш ғоятда мароқли эди. Иккинчидан, ўзбекнинг қуёши, ўзбекнинг меҳри, ўзбекнинг пахтаси, ўзбекнинг патири дунёнинг ҳамма бурчакларига етиб борганидан, қанча-қанча одамлар қалбига нур тўлдирганидан ғурурланмаслик мумкин эмас эди. Қарангки, ўзбекнинг нони нафақат одамларнинг қорнини тўйдирар экан, уларни бир-бирига яқинлаштирар ҳам экан, аҳил ва иноқ ҳам қилар экан. Бу ноннинг буюклигини исбот қилмайдими?
Ҳозирга қадар ўзбек патирининг Барселонадаги қисматини ўйласам, ўзимдан-ўзим яйраб кетаман.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 4-5-сонидан олинган.