Амаким – донғи чиққан табиб. Синди-чиқди, кўз-назар – барига даво топади. Уни Сурхон элида, азбаройи ҳурмат юзасидан мулла Тошбой, деб аташади.
Бирида уйимизга бойсунлик чол дараклаб келди. Кампири эшакдан йиқилиб, оёғи синибди. Тўпиғи борган сари кадидай шишаётган экан. “Бир қадамам босолмаяпти, би-ир бориб кўриб беринг”, деб туриб олди. Амаким ўтган куни Боботоққа чиқиб-тушганди. Ҳориганиданми, “ўзини об келақолинг”, деди. Чол оёқ тираб туриб олди, дуолар қилди. Aмаким йўл юришга ишқибозмасми, сал юмшади. Манзил-маконини суриштирди, маъқул келди, шекилли, бугун бизнинг мусофирхонада тунанг, олисдан келганлар бор, сўнг эрта саҳарлаб йўлга тушамиз, деди.
Тонгда жўнадик. Амаким касби тақозоси билан бутун Сурхонни айланиб юради. Буёғи Регардан тортиб Мозори шарифгача қадами етган. Кураш, кўпкари борми, қолдирмайди. Шу боис одамлар орқаваротдан “юрткезар” деб аташарди.
Мана, кўриб турганингиздек яна юрт кезишга тушдик. Амаким билан мен қирчанғида, чол эса орқада, эшакда. Далалар ошиб бораяпмиз. Кун кўтарилган сайин оловдай қиздиради. Кўм-кўк йўнғичқазор бижирлайди, бош тортган гуллари уммон каби солланади. Хушбўйи димоғни қитиқлайди, кайфиятни кўтаради. Оқ, сариқ тусдаги капалаклар шодланиб ўйнайди. Беданалар бири қўйиб, бири сайрайди. Гоҳи-гоҳида оловдай пориллаб тустовуқ кўтарилади, бўйнини чўзганча учади ва яна йўнғичқазор бағрига ғарқ бўлади. Бир хиллари ҳавони зириллатиб осмонга сапчийди-да, аллатовур қилиб қичқиради. Айни шундайлари бошқаларига нисбатан каттароқ, семизроқ ва яна олисроққа учади. Шунда амаким, буниси хўрози экан, деб ғудранади.
Бундай далалардан ошаётганингизда, айниқса, агар у чўл ва адирликлар бағрида ё унга ёндош кенгликларда бўлса, албатта, сизга муллатўрғай ҳамроҳ бўлади. Улар сизни кун чўккунча кузатиб боради. Муллатўрғайнинг қизиқ одати бор: йўлингиздан бехосдан чиқади-да, ҳавога кўтарилади, муаллақ турганча чулдирайди, сўнг тезлик билан яна ерга шўнғийди. Амаким уни жуда шум қуш, деб айтади. Чунки у шарпа сезиши билан инидан ҳалисроққа учиб, гўё полапонларига қайғургандай сайрайди. Табиийки, шу йўл билан хавфни аритади, болаларини омон сақлайди. Халқ орасида олашақшақ, деган оти бўлишига қарамай, ҳаккани хўп мақтайди. Алқаши баробарида кўп йиллар бурунги ғаройиб воқеани гапириб беради. Яъники, саратонда Оқтумшуқдан арпа ўриб қайтаётганида Қорасув дарёси бўйидаги харсанг супага чиқади. Иссиқдан лоҳас бўлиб, мулгиб қолади. Бир пайт денг, тушидами, ўнгидами, қулоғига ҳакканинг шақиллагани чалинади ва сакраб ўрнидан туради. Қарасаки, бирор терак бўйи нарида йилтиллаб семирган, сап-сариқ мор судралиб келаверади. Ҳаккаю майналар теварагида чағиллаб, олдинга юришга қўймайди. Ўтакаси ёрилаёзган амаким қишлоққа қараб чопади. Шу-шу, ётаридаям, тураридаям ҳаловат йўқолади. Озиб-тўзийди. Ахийри қишлоқнинг мулласи – Менгбой халфага ёрилади. “Халфа – қизиқ одам эди-да, – дея эслайди у. – Ҳеч нарса қилмайди, исириқ тутатиб юбор, ҳаммаси яхши бўп кетади”. Мени ёш бола кўрди, деб ёмон очуви чиқади, шунда. Сендай халпани, деб сўкади. Сўнг қўшни қишлоқдаги Мўмин халфага боради. У дарров китоб варақлай кетади. Амакимнинг ранги-рўйига қараб, юрагингиз тушибди, ҳозир жойига соламиз, деб кўкрагига тепиб қўяди ва яна тайинлайдики, албатта, ўзингизни халосланг, бутунлай кушойиш топасиз, дейди.
Эртасигаёқ қишлоқ аҳлини айтиб, жонлиқ сўяди. Кўпнинг дуоси кўл, деганидай, дард секин-аста арийди. Бироқ у анча босиқ, камгап бўлиб қолади. Шундан буён ёлғиз юрмайди, қаватига акамни ё мени эргаштириб олади.
Дарвоқе, чол ҳам камгап. Йўлга тушгандан бери миқ этмайди. Дала-туз тугаб, паст-баланд адирликлар қўйнига кирдик. Бирон зоғ йўқ. Қуёш забтига олиб, одамни элитмоқда. Амаким мункиб кетмай, деб чолни гапга тута бошлади.
– Бова, бу, Бойсуннинг учи-қуйруғи йўқ-да,
ҳе-еч адоғига етиб бўлмайди, – деди.
Чол дуруст эшитмади, нима деяпсиз, дегандай бошини сараклади.
– Бойсуннинг кети кенг, дейман.
– Ҳа-а, Худо Бойсунга келганда сахийлик қилган. Тоғиданам, чўлиданам аямаган.
Унинг гапи амакимга ёқиб тушди. Муштдайгина, паҳмоққина бўлгани билан гаплари тўқмоқдай.
– Тоғларингиз зўр…
– Бундайини бошқа жойдан тополмайсиз. Швецария тоғларига ўхшайди, дейди. Бекор гап. Бу – улардан аъло. Илк инсоният қадам излари айни шу ерда қолган. Ишонмасангиз тарихни варақлаб кўринг. Ҳаммасига гувоҳ бўласиз. Бойлигини айтмайсизми, минг хил ва битмас-туганмас. Олимлар унинг жисмларини ўрганолмай, ном тополмай сарсон. Ана, Қизилқояни олинг. Ахир бу – соф, ер юзидаги энг қимматбаҳо гранит. Унга ишлов бериш, фойдаланиш керак. Сизга айтсам, Бойсун – очилмаган қўриқ.
Чоли тушмагур тарихчи ё геолог бўлган, деб ўйлади амаким. Ўзидан сўрашга ботинолмади. Кечадан буён дуруст иззат-икром кўрсатмаганидан хижолат чекди.
Олис йўлга тушсак, албатта, ўрик қоқ олволамиз. Одамга анча қувват. Чол рўзадор. Ҳозир қайсидир ҳижрий-қамарий ойнинг бошланиши.
Осмондаги тақир булутлар қизғиш тусга кира бошлади. Кун ботмоқда эди. Биз қўнғир тоғ бағрига кириб борардик. Ҳаво салқинламоқда. Юпунман. Амакимнинг белбоғидан маҳкам ушлаб, энгашиб олдим. Бироз иссиқ тутди.
Бирпасда қош қорайди. Қоронғуда қушларнинг сайрашини биринчи марта эшитдим. Ажойиб бўлар экан. Бироз юриб, йўл бўйидаги тўмпайган кулбага дуч келдик. Тўхтадик. Уловларни тош девор биқинидан чиқиб турган қозиққа қантардик. Чол зим-зиё кулбага кириб кетди. Шитир-шитир овоз келди, гугурт чақилди ва тошдан терилган бошпана ёриди, деворда чолнинг улкан гавдаси аксланди. Келаверинглар, деди. Узун-калта бўлиб кирдик. Хона тор, деворлари тутундан қорайган ва аллақандай ёқимсиз ҳид ўтириб қолган. Ерда кигиз, устида гирбишин кўрпача. Ўтиринглар, деган амрона хитоб бўлди. Ўтирдик. У белбоғини ечиб, ўртага ёзди. Қўйнидан бир неча бўлак қотган нон ва қурт чиқарди. Амаким ирғиб туриб, хуржундан ўрик қоқ билан сув ола келди. Қани олинглар, деди. Олдик. Қотган нон бирам ширин экан.
Кейин билсак, бу йўловчиларнинг қўноғи экан. Бунга қўнган одам дам олади, ўзидан нима ортса – гугурт, шох-шабба, қоқ нон ва бошқа нарсаларни кейинги йўловчилар учун ташлаб кетаркан.
Чол амакимга зимдан қаради, узр оҳангида, энди, мулла ака, тўғри тушунасиз, бизнинг Мачай қишлоғимиз шундай олисда, деди.
– Мен Бўрижардан ўтгандаги Мачаймикан, деб ўйлаб эдим.
– У – оддий Мачай. Бизники тоғнинг тепасидаги. Катта Мачай, деб айтилади. Оз қолди. Бу ёқларниям кўрган яхши-да. Табиати бутунлай ўзгача.
– Зўр экан. Рости, Катта Мачайга қадамим етмаган. Бир пайтлар Чак-чак томондан баланд довондаги овулга олиб боришган. Менимча, у сизларданам нарида бўлса керак. Қандайдир амалдорнинг қизи бетоб экан. Ярим тунда беморни кириб кўрдим. У қоқсуяк бўлиб ётарди. Вақти-соати яқинлашган, рамақижон бўлиб ётарди, ёрдам бериб бўлмасди. Бечора онаси ҳоли-жонимга қўймади. Унга ҳақиқатни айтмадим. Уй соҳиби сафарда экан. Ётиғи билан тушунтирмоқчи эдим.
Чол қилт этмасдан, совуққон боққанча эшитиб ўтирди.
– … боумид турли муолажани бажардим, қизнинг кўнглини кўтаришга, ҳаётга бўлган муҳаббатини уйғотишга ҳаракат қилдим. Иккимиз ёлғиз қолганимизда у қўлимни маҳкам сиқиб, доктор, бари бефойда, ўзингизни қийнаманг, деди. Ҳафсалам янада пир бўлди. Бояқиш онага сабр тилаб, тонг бўзармасдан қайтдим.
Олов сўниб, лағча чўққа айланди. Атроф қизғиш рангга кирди.
– Неччига чиқдингиз, бова, – сўради амаким. – Боллардан нечов?
– Саксонни ўриб қўйдик, мулла ака. Бундай қарасак, жарнинг ёқасига кеп қобмиз. Баҳоли қудрат ғимирлаб юрибмиз. Лекин сизники маза. Йўл юрган, эл кўрган қаримайди.
– Сизни ҳеч ким саксонга кирган, демайди. Кўз тегмасин ҳали даёвсиз.
– Сизга ўхшаб йўловчимиз-да. Янаям, ҳаммаси одамнинг ўзига боғлиқ. Ҳар ким ўзини яхши кўриши керак.
Гурунг қизиди. Чол отга ишқибоз экан. Тарлон, жийрон, бўз от, чавкар отлар ҳақида гапирилди. Бизнинг отни мақтамади. Аксинча, рўзғорбоп, деди. Қизиқ, тоғ кечаси ваҳимали, жимжит бўлса керак, деб ўйлардим. Ундай эмас, минг хил овозга, сайроққа тўлиб кетаркан. Теваракда шоқоллар улиди. Тулкилар чўзиб-чўзиб акиллади. Овози ғалати ва қўрқинчли. Чол тоғлик-да, қуш, ҳайвон, ҳашарот, гарандаю гуранда овозини ажрата билади. Бир маҳал узик-узик чириллаган товуш келди. Бу – ерилон. Одамга зиёни йўқ. Қайнатиб ичса, юз хил дардга даво… Ухлаб қолибман.
Азонда уйғонсам, улар от болдирини қаричлаб ўлчаётибди. Қанча узун бўлса, шунча яхши бўларкан. Бу – говлак от, деди чол. Бўрини кўрса, ўзи ерга йиқилади. Зотдор ва яна шум, абжирлари эса бўрини ўйнатади. Барибир, бўри уларниям галлайди. Қурғур, думига осилади-да. От олдинга чиранганда, қўйворади. Қарабсизки, жонивор ўмганлайди. Жондор келасолиб, қорнини ёради. Яна денг, отнинг тумшуғидан тишлаб тортган бўрини кўрганман. Эски усул – маҳкам тортиб қўйворади ва ўтириб қолган отнинг бўғзидан олади. Жондор дегани жуда ақлли ҳайвон. Фақат забон йўқ.
Ерга шудринг инган. Отнинг абзали ҳам олачалпоқ нам. Бобо уфққа қараганча, ҳозир мўъжиза кўрасизлар, деди. Қонталаш уфқ аста-секин кенгаяётир. Қуёш олтиндай ярақлаб, бош кўтармоқда. Аввал гардиши, сўнг бўй-басти кўрина бошлади. У секин, лекин бир зайлда кўтарилмоқда. Шу пайт ҳаракатдан тўхтагандай, осилиб қолгандай туюлди. Чиндан ҳам у қотиб қолди. Сал чекинди ва яна юксакка талпинди. Замин уни қўйвормаяпти. Одамни ваҳм босди. Энди нима бўлади? Қуёш силкина-силкина охири ер қобиғидан чиқиб кетди. Сўнг, бутун олам нурга тўлди.
– Қуёш ҳар тонгда шундай азобланади, – деди чол. – Бу ҳолни бошқа жойда кузатолмайсиз.
Яна йўлга тушдик. Арча, гужум ва яна бир қанча дарахтлар билан қопланган қўнғир тоғ оралаб кетаяпмиз. Осудалик. Тунги қайноқ ҳаётдан нишон ҳам йўқ. Биргина қушлар сайрайди. Осмонда тасқаралар қанотларини кенг ёзиб, ўлжа пойлайди. Лекин улар ҳеч сайрамайди.
Амаким чолнинг тилини анча тушуниб қолди. Галма-гал қишлоқларни, полвон ва отларни мақтайди.
– Полвонларнинг зўри Тоштемир, – деди амаким.
– Бе, унинг даври ўтди. Ҳозир Қайтмас қишлоғидан Лочин лақабли полвон чиққан. Қурмағур, ўйноқлаб олишади. Кучи кўп. Келбатиям Тоштемирлардан кам эмас.
– Биздаги Эралини ололадими?
– Эралингиз муғомбир. Агар у ҳалол олишса, бемалол олади.
Гурунг билан бўлиб чўққиларини оппоқ қор қоплаган қоя пойига бориб қолибмиз.
– Бу – бизнинг қишлоқ, – деди чол.
– Жаннатдай ерда яшаркансизлар.
Лекин бунда на Олтинсойни, на Шерободни кўриб бўларди. Тўрт томон ҳам чўққилар эди.
Тошдан терилган, биқиниб, мингашиб кетган уйларнинг бирига кирдик. Тим қора, кўзи сарғиш, бўйдор, бақувват ит қаршимизга югуриб чиқди. Лақаби Мухтор экан. Эгаси танбеҳ бергач, бизга иззат-икром кўрсатиб, қирқилган думини ликиллатди. Ҳовли кенг, қайроқ тошни тарашлаб, ётқизган. Мезбон кунчиқарга қараган бўлмага бошлади. Кенг ва ёруғ хонанинг тўрида, қават-қават кўрпача устида муштдеккина кампир чўзилиб ётибди. У ўрин ичига чўкиб кетган, дабдурустдан кирган киши, табиийки, кўрмасди. Салом бердик. Нимжонгина овоз алик олди. Амаким тўрвасидан дори-дармон, таёқча, аллақандай ёғларни олди. Чол кампирнинг қалин пайпоғини ечди. Тўпиқнинг усти кўм-кўк, атрофи оқариб шишган.
Амаким шишни аввал суғур, кейин, от, ёввойи чўчқа, кўлвор илон ёғи билан обдон ивитиб, ишқади. Тана ёғни бирпасда шимиб олди. Кампирнинг инқиллашига қарамай, бир-икки бураб ҳам кўрди. Кейин пайпоқни кийдириб, яна кўрпага ўради. У ухлаб қолди.
Бемор шомга яқин уйғонди. Оёқдаги шиш қайтиб, кампирнинг юзига қон югурган. Лекин тўпиқ ҳалиям қизиб, қотиб турибди. Амаким суяк инидан кўчиб, пай чўзилибди, деди. Кампирнинг оҳ-воҳигаям қарамай, оёқни яна бир-икки қирсиллатиб буради, тортди, пахта ўради ва бинтли таёқчаларни маҳкамлаб боғлади.
Шу кеча чолникида тунадик. Эрталаб қарасак, бемор ҳовлида ҳассада юрибди.
– Борингизга шукр, умрингиздан барака топинг, – деди у амакимга. – Одам оёқдан қолмасин экан. Ҳафта тугал ётдим. Жоним ҳалқумга келди.
У қишлоқ кампирига ўхшамайди. Туриш-турмуши, гапи зиёлинамо. Ё шаҳардан кўчиб келган, ё Катта мачайликларнинг бари адабийча гаплашади, ўзича тусмоллади амаким.
Уйда иккисидан бошқани учратмадик. Чол қўй сўйди. Қўшнилар чиқди. Зиёфат тугагач, қайтдик. Улар бизни пул-чақа, яна турли газмол билан сийлади. Кампир бўсағагача кузатиб қўйди. Чол эса бизга ҳамроҳ бўлди.
Пастга эниш осон. Ҳадемай, Бойсундан чиқиб, Ҳандалга етдик. Чол кампирини геолог олима Марям Алиева, деди. “Асли Кавказдан. Бир угина аждодлари удумини бузиб, ўзга элга келди. Аммо ҳалигача, ўлсам, юртимга, отамнинг пойига элтиб кўмасиз, деб қўймайди. Хўп, дейман”.
Улар Москвада ўқишган. Марямга кўнгил қўйиб, етти йил чечен юртига қатнаган. У оилада ўн қизнинг бири. Отаси чапдаст одам. Удумга кўра, эшикдан келган меҳмонга ҳурмат кўрсатади. Яхши гап ва совға-салом билан ошиқ йигитни қайтариб юбораверади. Охири, йигит тоғдан бир чўпонни топиб, ўғил тутинади. Сўнг чўпон Марямни ўғлига сўрайди. Ота рози бўлади. Шундай қилиб, Марям Бойсунга келин бўлиб тушади. У бу ерга тез кўниккан. Унинг Кавказга ўхшаш жиҳати кўп. Қарийб қирқ йил институтда ишлади, Бойсунда тадқиқот олиб борди.
– Сиз касалига даво тополмаган ўша қиз – менинг ягона қизим эди, – деди чол оғир хўрсиниб. – Тошкентда ўқиди. Асли чечен бўлган самарқандлик курсдошидан кўп совчи келди, қайтардим. Ўзимнинг Бойсунимга бераман, дедим. Иккисигаям буюрмади. Ўлдию кетди. Қайнотам айтгич эди, қиз болани биринчи ва қўймай сўраганга бер, шуниси чинбахт, қолгани бадбахт.
Амаким бир муддат чолга қараб қолди. Искандар кўпригининг устида эдик, хўшлашдик. У кетди…
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 3-сон