Шарқ мамлакатлари бўйлаб қилган саёҳатларим асносида бир гал Бирмада ҳам бўлгандим. Ўшанда мен Мандалай томонга сузиб кетаётган улкан кемага чиқиб, кема кечқурун қайсидир бир мўъжазгина қишлоқ яқинида тунни ўтказиш учун лангар ташлаганида, беихтиёр, ана шу қишлоқчада бирор фурсат қолишни истаб қолдим. Капитан мен кузатиб қоларкан, мазкур қишлоқчада яхшигина клуб борлиги, мен у ерда ўзимни худди уйимдагидек ҳис қилишим мумкинлиги, бу ердагилар мен каби кармони қаппайган, ва истаган пайтда, исталган жойда кемани тарк этиш имкониятига эга саёҳатчиларга илтифот кўрсатиб, меҳмоннавозлик билан кутишга ўрганиб кетганлигини таъкидлади. Қолаверса, мазкур клубнинг раҳбари ёш, хушфеъл, самимийгина йигит бўлиб, у билан бир-икки қўл қартада биридж ўйнашим мумкинлигини ҳам алоҳида қистириб ўтди.
Мен бу дунёнинг жамики ташвишларини унутиб, соҳил бўйида йўловчиларни кутиб турган буқалар қўшилган аравага ўтириб олдим, аравакаш мени тезда ўша капитан айтган клуб ёнига келтириб қўйди. Клубнинг айвончасида бир эркак ўтирарди. Мен унга яқинлашишим билан у мендан сув қўшилган виски ичасизми, ёки тоникли джинми? – дея сўради. Менинг шу топда, балки, ҳеч нарса ичишни хоҳламаслигим мумкинлиги унинг хаёлига ҳам келмас, эҳтимол, бу ҳақда у ўйлаб ҳам ўтирмаётганди. Унга жавобан, мен ҳам, одатда бундай ҳолатларда энг кўп қўлланаладиган усулдан фойдаланиб, ўзимга бўлган қизиқиш онларини янада чўзиш учун, индамайгина бориб курсига ўтирдим. Мен ёнига бориб ўтирган одам дароз бўйли, озғин, юзлари қуёшда роса тобланганидан алланечук кумушранг касб этган, бароқ мўйловли киши эди; Унинг калта шими ва кўйлаги ҳарбийларники каби мошранг тусда эди. У менга исми-шарифини айтмади, аммо бирор муддат у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашиб ўтиргач, ёнимизга яна бир эркак, яъни мазкур клуб раҳбари келиб қўшилди, шунда икки қадрдоннинг суҳбатидан мен ёнимдаги шеригимнинг исми Жорж эканини билиб олдим.
– Хўш, шундай қилиб, нима бўлди, хотинингдан хат-хабар борми? – қизиқсиниб сўради клуб раҳбари.
Жоржнинг бу саволдан кўзлари чақнаб кетди.
Ҳа, сўнгги почта орқали хати етиб келди. У вақтини жуда чоғ ўтказаётганини ёзибди.
Хатида “Мендан бекорга хавотир олманг” – дебдими?
Жорж пастроқ овозда “ҳа, ҳа” дегандек бўлди, аммо унинг бу товуши худди ҳиқичоқ тутаётгандек эшитилди.
– Умуман олганда, шундай десам ҳам бўлади. Хавотир олманг, эмиш… бу айтишга осон… аммо аслида эса…Мен албатта, биламан, ҳаммасини тушунаман: у ҳам дам олиши, ўйнаб-кулиши керак, ва бу ишлар унинг қўлидан келаётганига ҳам хурсандман. Аммо мен учун буларнинг ҳаммасини англаш, буларга кўникиш ёки барини ҳазм қилиш осон бўлмаётир… – У мен томонга ўгирилди-да: – Биласизми, – деди ўта ҳаяжон билан, – мен умримда биринчи бор турмуш ўртоғим билан ажралишим, лекин ҳеч қанча вақт ўтмасдан, унингсиз ўзимни худди кўчада адашиб қолган нотавон кучукчадек ҳис қилаяпман.
– Кечирасиз, никоҳларингизга анча бўлганми?
– Беш дақиқа.
Клуб раҳбари кулиб юборди ва :
Қўйсангчи, Жорж бунақа гапларни – деди, – ахир сенинг уйланганингга нақ саккиз йил бўляпти-ку?!
Биз учовлон яна бирор фурсат валақлашиб турдик, кейин Жорж соатига бир қараб олди-ю, овқат олдидан кийим алмаштириши лозимлигини айтиб, хонасига чиқиб кетди. Клуб раҳбари Жоржнинг тобора тун бағрига сингиб бораётган қоматига истеҳзоли жилмайганча, тикилиб қолаверди.
– Биз энди, Жорж ёлғиз қолгандан буён, доим уни ўзимизнинг ёнимизга чақирамиз, қўлимиздан келганча далда берамиз, – деди клуб раҳбари. – Бечора, хотини Англияга кетган кундан бери жуда сиқилиб, ўзини анча олдириб қўйди!
– Ҳойнаҳой, ўша хонимга ҳам эрининг бу қадар садоқатли экани алоҳида ғурур бағишласа керак.
– О! Мэйбл хонимни айтасизми, у – жудаям аломат аёл.
Клуб раҳбари официант йигитга яна ичимлик келтиришни буюрди. Бу меҳмондўст юртларда сиздан бирор нарсани хоҳлайсизми, йўқми – дея сўраш таомил эмас; бу ердагилар сиз ҳамма нарсани хоҳлайсиз, деб ҳисоблашади, тамом-вассалом. Клуб раҳбари суянчиғи баланд қилиб ишланган оромкурсига ястаниб ўтириб олди-да, Маниладан келтирилган сигарасини тутатди. Шундан сўнг у менга Жорж ва Мэйбл хонимнинг муҳаббат қиссасини ҳикоя қилишга тушди.
Улар бир гал Жорж таътилга чиқиб, Англияга борганида унаштирилишган экан. Жорж Бирмага қайтадиган вақт келганида, Мэйблнинг у ерга бир йилдан сўнг бориши хусусида келишиб олишибди. Шундан сўнг, уларнинг ҳаётида ҳар хил нохуш воқелар содир бўлиб, икки қалб ўртасидаги муқаддас аҳди паймоннинг бажарилиши учун тўсиқ бўлаверибди: аввалига Мэйблнинг отаси қазо қилибди, ундан кейин эса уруш бошланиб, Жоржни оқ танли аёллар умуман бориши мумкин бўлмаган ҳудудга урушга жўнатишибди. Хуллас, Мэйбл ўз қаллиғининг олдига бориш учун имкон топгунига қадар, орадан етти йил ўтиб кетибди. Жорж келин етиб келган куниёқ ўтказилиши режалаштирилган тўй учун зарур барча нарсаларни тайёрлаб, Рангунга уни кутиб олишга отланибди. Кема бандаргоҳга келадиган куннинг тонг саҳаридан Жорж бир моторли қайиқни ижарага олибди-да, соҳилга бориб, қайлиғини интизорлик билан кута бошлабди.
Ана шунда, негадир, унинг бирданига руҳи тушиб кетибди. Илло, у Мэйблни кўрмаганига ҳам етти йил бўлган, ҳатто унинг ташқи қиёфаси қандай эканлигини ҳам эслай олмас экан-да. Шу боис энди Мэйбл унинг учун қаллиқ эмас, гўё нотаниш, сирли хонимдек туюла бошлабди. Шуларни ўйлаб унинг тиззалари қалтираб, юраги нақ ёрилаёзибди.”Йўқ, – дея ўйлабди бечора, Жорж, – мен бу азобни кўтара олмайман! Фурсат борида Мэйблни огоҳлантиришим керак. Начора, мен бундан жуда афсусдаман, бироқ сенга уйлана олмайман, уйланиш тугул бу ҳақда ўйлашга ҳам қодир эмасман” – демоқчи бўлибди, у. Аммо қайси эркак,унинг муҳаббатини қалбида етти йил сақлаб, ўз садоқатини намоён қилган, ва унга турмушга чиқиш умидида олти юз мил йўлни босиб келган қизга бу сўзларни айта оларди, дейсиз? Жоржнинг ҳам бу гапларни айтишга журъати етмабди. Натижада, бояқиш чексиз алам ва изтироб исканжасига тушиб қолибди. Иттифоқо, ўша пайтда бандаргоҳда бир улкан кема Сингапурга сузиб кетишга шай бўлиб турган экан. Жорж, қаллиғи Мэйблга шоша-пиша бир нома ёзибди-да, ўзи ҳеч бир юкларсиз, қуп-қуруқ қўл билан мазкур кема бортига чиқибди. Мэйблга аталган мактубнинг мазмуни эса тахминан қуйидагича экан:
“Азизам Мэйбл!
Ўта зарур бир иш билан бир жойга кетишимга тўғри келиб қолди. Қачон бўшашим ўзимга ҳам маълум эмас. Менимча, сенинг Англияга қайтиб кетганинг мақасадга мувофиқдир.Бундан кейинги режаларим ўта мавҳум ва улар ҳақда ўзим ҳам аниқ тасаввурга эга эмасман.
Камоли эҳтиром ила
Сени жонидан ҳам ортиқ севгувчи Жорж”.
Бироқ, Жорж Сингапурга етиб келганида, уни бандаргоҳда ушбу мазмундаги телеграмма кутиб турарди:
“Ҳаммасини тушунаман. Хавотир олма. Сени севаман.
Мэйбл”.
Қўрқув ҳисси бечора Жоржни аввалгидан ўн чандон ақллироқ қилиб қўйибди.
– Жин урсин, худо ҳаққи, у менинг ортимдан қувишга тушган кўринади! – дея ўйлабди,у.
Шунда Жорж Рангундаги кемачилик идорасидагилар билан телеграф орқали боғланиб, қаллиғининг исми шарифи Сингапур томонга сузиб келаётган кема йўловчилари рўйхатида қайд этилганлигига ишонч ҳосил қилибди. Жоржнинг измидаги вақт жуда қисқа экан. Шунинг учун у таваккал қилиб, ўзини Бангкокка йўл олаётган поездга урибди. Бироқ, шунда ҳам кўнглини хавотир тарк этмабди, илло унинг қайси шаҳарга кетганини аниқлаш қайлиғи учун у қадар қийинчилик туғдирмас ва Мэйбл бемалол кейинги поездга ўтириб, Жоржни таъқиб қилишни давом эттириши мумкин экан-да. Унинг бахтига эртаси куни французларнинг бир юк кемаси Бангкокдан Сайгонга қараб сузиши керак экан. Жорж жонини ҳовучлаб ўша кема бортига чиқибди. “Ҳа, – дея ўйлабди у ўзича. – Сайгонда, шубҳасиз, хавфу хатардан батамом холи бўламан, менинг у ерда эканим, Мэйблнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаслиги аниқ;
Агар у қаердалигимни билган тақдирда ҳам, ниҳоят гап нимада эканлигини, мен нима сабабдан ундан қочиб юрганимни ўзи фаҳмлаб олади”.
Бангкокдан Сайгонга қараб сузиш нақд беш кун давом этибди. Жорж чиққан кема жуда кичик, бунинг устига ниҳоятда ифлос бўлиб, мутлақо йўловчиларни ташиш учун мўлжалланмаган экан. Жорж шу сабабли соҳилга етиб келганларида ниҳоятда хурсанд бўлибди. Рикшага ўтириб, меҳмонхонага келиб тушибди. Эндигина меҳмонлар рўйхатига ўз имзосини қўйган ҳам эканки, унинг қўлига бир телеграмма тутқазишибди. Мазкур телеграммада атиги иккитагина сўз бор экан:
“Севаман.
Мейбл. “
Бироқ, Жоржнинг пешонасини совуқ тер босиши учун ана шу икки калима сўзнинг ўзи етарли бўлибди.
– Гонконгга кема қачон жўнайди? – дея сўрабди у.
Энди унинг қочқинлиги янада жадал тус олибди. Жорж кемадан Гонконгда тушиб, у ерда қолишга ҳам журъати етмасдан, Манила томон йўл олибди. Аммо, Манила ҳам унинг наздида ишончсиз бўлиб туюлибди, натижада у энди Шанхайга қараб равона бўлибди.
Бу шаҳарда ҳам у беҳаловат бўлиб, ўзини қўярга жой тополмабди; ҳар гал у меҳмонхона остонасидан чиқар экан, гўё тўппа-тўғри Мэйблнинг қучоғига бориб тушадигандек ҳадиксирайверибди. “Йўқ, дебди у, Шанхай ҳам бекиниб юришим учун ярамайди.Фақат Иокагамага жўнаш орқалигина барча машмашалардан қутулишим мумкун”. Ва у шундай қилибди ҳам. Аммо, не тонгки, Иокагамадаги “Гранд” меҳмонхонасида уни қуйидаги мазмундаги яна бир телеграмма кутиб турган эмиш:
“Сени Манилада учрата олмаганимдан ғоятда афсусдаман.Севаман.
Мэйбл”.
Жорж, қошларини чимириб, кемаларнинг қатнов жадвалини ўргана бошлабди. Хўш, ҳозир Мэйбл қаерда бўлиши мумкин? Жорж яна Шанхайга қайтибди. Аммо бу гал у тўппа-тўғри ўзи илгари яшаб турган клубга бориб, ўзига хат-хабар бор-йўқлигини суриштирибди. Унга шу лаҳзадаёқ, бир телеграммани тутақазишибди.Хабар матни одатдагидек, қисқагина бўлиб унда:
“Тез орада етиб бораман.Севаман.
Мэйбл” – деган сўзлар битилганди.
Йўқ, кечириб қўясиз, Мэйбл хоним, биз зинҳор, осонгина бориб қўлингизга тушадиган анойилардан эмасмиз! Жорж шу ўй билан бир қарорга келибди. Янцзи – жуда улкан ва узун дарё бўлиб, унда жуда кўп кемаларнинг қатнаш имконияти мавжуд. Ҳали ҳам Чунцин томонга кетаётган охирги кемалардан бирига илиниб олиш мумкин. Ундан уёғига эса фақат, хитойликларнинг жонкалари, яъни елканли кемачалари орқали бориш лозим бўлади. Албатта, ҳеч қандай ҳамроҳи бўлмаган аёл кишининг бундай кемаларга ёлғиз чиқиши эҳтимолдан узоқ. Шундай қилиб, Жорж аввал Хонькоуга, у ердан эса Ичанга ; кейин Ичанни ҳам тарк этиб, турли кичик бандаргоҳларни четлаб сузадиган бошқа кемага ўтиб, Чунцинга етиб олибди. Бироқ, энди у шу қадар тушкунликка тушиб қолибдики, оқибатда бундан кейин зинҳор таваккал қилмасликка қарор қилибди. Чунциндан тўрт юз милча узоқликда Чен-ту деган мўъжазгина шаҳарча бўлиб, у Чехуань музофотининг пойтахти экан. Ушбу шаҳарга эса фақат катта тош йўл орқали борилар, катта йўлда эса ҳар хил қароқчи ва ўғрилар ўрнашиб олиб, ўтган-кетганларни талашни одат қилган экан. “Ҳа, ана шу шаҳарчага етиб олсам бас, ниҳоят ўз хавфсизлигимни таъминлайман,” – деб ўйлабди у.
Жорж у ердан ҳаммол ёллаб, унга юкларини ортмоқлатибди-да, йўлга тушибди. Бир неча кун ўтиб, у ўша овлоқ Хитой шаҳарчасининг тишсимон ажабтовур қуббачали деворларини кўриб: “Хайрият-ей, барча азоблардан қутулдим”, – дегандек енгил нафас олибди. Ҳа, айтганча, ўша аломат деворларга чиқиб олиб, кун ботиш чоғида бемалол улуғвор Тибет тоғининг қорли чўққиларини томоша қилиш мумкин экан. Ниҳоят, Жорж бечорага ҳам дам олиши учун имконият топилибди: илло,бу хилватгоҳларга Мэйблнинг келиб қолиши ақлга сиғмайдиган ҳолат эди-да.
Омадини қарангки, ўша шаҳардаги Англия консули Жоржнинг эски қадрдони бўлиб чиқибди. Табиийки, Жорж ўша дўстиникига жойлашибди. Шундай қилиб у ҳашаматли уйда, эмин-эркин яшаб, энг муҳими, бутун Осиё бўйлаб чўзилиб кетган қочқинлик изтиробидан қутулиб, жони ҳаловат топибди. Ҳаммасидан ҳам уни барча уқубатларининг бирваракай, худди мўъжизавий эртаклардаги каби ечим топгани хурсанд қилибди.
Кун кетидан-кунлар, ҳафта кетидан ҳафталар бирин-кетин, сокин маромда алмашаверибди.
Бир куни эрталаб Жорж консул дўсти билан бирга уй ҳовлисида, хитой савдогарлари олиб келган турли-туман ғаройиботларни томоша қилиб турган эди. Кутилмаганда консуллик биносининг асосий дарвозалари қаттиқ тақиллагани эшитилди. Эшикбон югириб бориб, дарвоза тавақаларини ланг очиб юборди. Шунда тўртта ҳаммол – кулилар, ҳовлига чиройли қилиб безатилган тахтиравонни кўтариб киришиб, уни оҳистагина ерга қўйишди. Тахтиравондан эса Мэйбл тушиб келди. У ниҳоятда башанг кийинган, ўта хотиржам, боз устига жудаям, кўзни қамаштирадиган даражада чиройли эди. Унинг юзига қараб, бу соҳибжамолнинг ҳозиргина икки ҳафталик йўл босиб, келганлигини айтиш мушкул эди.
Жорж тошдек қотиб қолди. Унинг ранги қув ўчиб, худди ўликникидек оқариб кетганди. Мэйбл унга томон қадам ташлади:
– Салом, Жорж. Мен тағин Сени бу ердан ҳам тополмайманми, дея роса қўрққандим!
– Салом, Мэйбл, – дея олди зўрға, Жорж.
У шу топда нима дейишини билмаганидан, атрофга аланг-жаланг жовдирарди. Мэйбл эса эшик ёнида турволиб обдон унга разм соларди. Кутилмаганда, унинг мовий кўзларида ажиб истеҳзо зоҳир бўлди.
– Сен умуман ўзгармабсан, – деди Мэйбл, кулимсираб. – Ахир, эркак киши етти йил ичида мутлақо ўзгариб, ўзини қўйиб юбориши, айтайлик, жуда хунук семириб кетиши, ё бўлмасам тепакал бўлиб қолиши ҳам мумкин эди-да. Мен ана шулар ҳақида ўйлаб, роса чўчигандим. Эҳ, билсайдинг, беҳудага қанчалар асабийлашибман-а? Қолаверса, шунча йиллик сарсон-саргардонликдан кейин сенга турмушга чиқа олмасам, жудаям алам қиларди-да, ўзиям.
Мэйбл уй эгасига томон юзланди.
– Сиз консул жанобларимисиз?-сўради у.
– Ҳа.
– Унда ҳаммаси жойида. Эътиборингиз учун шуни маълум қиламанки, мен мана шу рўпарангизда турган кишига турмушга чиқишга розиман. Фақат, бундан аввал, ижозатингиз билан, бир душ қабул қилсам, дегандим…
Ҳа, чиндан ҳам бу аломат хоним ўз ваъдасининг устидан чиқиб, Жорж билан турмуш қурди.
Рус тилидан Муҳиддин Омон таржимаси.
«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 3-сон