Зуҳра Мамадалиева. Қўшиқчи ва шоир (ҳажвия)

Илҳомий ёш, умидли шоирлардан. Уч-тўрт китоби чиққан. Ўзига яраша мухлислари бор.
Бир куни шу шоирнинг уйига қўнғироқ қилишди.
– Исмим Наргиска, – деди қиз бола овози. – Қўшув этаман. Машҳур бўлишши истийман. Манга битта чўткий шеер керэ. Уни Сиздан қачон осам бўлади?
Илҳомий каловланиб қолди. Тўғриси унинг ўзи ҳам шеърлари қўшиқ бўлишини хоҳларди. Бу машҳурлик сари дадил қадам эканлигиниям биларди. Яна Наргиска деганлариниям эшитгани бор эди. У қизнинг бир-икки клипини телевизорда кўрганди.
– Яхши,– деди Илҳомий. – Шеър қайси мавзуда бўлсин?
– О, албатта мухабат! – дея Наргиска “муҳаббат” сўзини русча талаффуз қилди.
– Яхши, – ширин энтикди шоир. – Эртага соат ўнда келинг. Шеър тайёр бўлади.
Кечаси Илҳомий яхши ухлай олмади. Қизнинг эҳтиросли сўзлари, “муҳаббат” дегани қулоғи остида жаранг­лайверди. Наргисканинг қанақа эканлигини эслашга ҳаракат қилди. Эслолмади. Уни хаёлида қайта яратди. Атлас кўйлакли, сочи тақимини ўпган, чамандагул дўпписи ярашган қиз деб тасаввур қилди. У билан гулзор айланди. Боғларга кириб-чиқди. Мева-чева терди. Хуллас, тонгда севги ҳақида ажойиб шеър яралди.
Соат ўн бўлди. Эшик жиринглади. Илҳомий яна бир бор ойнага қараб, галстугини тўғрилади. Гелланган сочини силади. Бешинчи марта атир сепиб, эшикка қариб юрди. Шоирнинг юраги “гурс-гурс” урарди. У эшикни очди ва…
Наргиска деганлари белигача тушадиган сочини ёйиб, уч хил рангга бўябди. Бетига упа-эликни чунонам чаплабдики, юзининг асл терисини кўриш учун ярим соат совунлаб ювиш керак. Қош-кўзлар малла рангга, лаб нимагадир ҳаво рангга бўялган. Қулоғининг биттасида бешта исирға, иккинчисида биттаям йўқ. “Яримта” кофтаси билан калта шими шу даражада торки, кийилаётганида йиртилиб кетмаганига ҳайрон қоласан, киши.
– Са-лом, – Наргиска шоирга ола қараш қилди. Қотиб қолган Илҳомий алик олиб, йўл бўшатди.
Наргиска ичкари кира солиб, мақсадга ўтди.
– Ну, қани шеър?
Илҳомий шеърни кўрсатди. Ўқиб берди. Наргисканинг афти бужмайди. Бурни жийрилди.
– Ну, қайси тилда ёзгансиз буни? – Наргиска тирноғи ярим мертлик бармоғи билан қоғознинг бир учидан ушлади.
– Ну-ка, “фиғон”, какайта “фарёд”, “ашк”, “ҳажр”, “висол” это что?! Ман бу сўзларни этомийман. Молодёжлар ҳам бу қўшувни қабул қиломийди. Тушунишмийди!
Илҳомий сўзларини тушунтирмоқчи бўлиб, эндигина оғиз жуфтлаган эдики, Наргиска ўзини сарак-сарак қилди.
– Бўлди. Бошқа… шеър ёзасиз! Келишдик? Мана, қиз қўлтиғи остидаги эни узун сумкачасини очди:
– Ваш гонарар!
Юз долларликни кўрган Илҳомийнинг оғзи очилиб қолди. Тўғрида ахир, ҳозирги замонда пул бериб, шеърини қўшиқ қилдирадиган, пул бериб айтдирадиганлар камми?!
У гонорар олишни хаёлига ҳам келтирмаганди. Айниқса биринчи шеърига, ҳали қўшиқчига фойда келтирмай туриб.
– Хўп, синглим, Сиз айтгандай бўлади.
– Шеър ёзасиз – гонарар оласиз! – шундай деб Наргиска қўлтиғидаги пулни сумкачасига солиб қўйди.
– Ўзига пишиққина экан, – деб ўйлади Илҳомий қиз кетганидан сўнг. – Ҳа, майли насия бўлса ҳам ваъда қилди-ку.
Илҳомий яна шеър ёзди. Бу сафар унинг кўзининг олдида хаёлий Наргиска эмас, унинг сўзлари ва юз долларлик турди. Ўртачароқ шеър пайдо бўлди.
Кетар чоғида қиз “энди мен кемэйман, энди Сиз борасиз” дегани учун Илҳомий эртаси куни шеърни олиб келишилган жойга йўл олди. Энду у аввалгидай ҳаяжонланмас, ўзини ҳамкорини кутаётган ишбилармондай ҳис этарди.
Наргиска келди. У кечагидай, фақат бошқача фасонли яримта кофта билан этаги қийшиқ юбка кийганди. Кўзида юзининг яримини эгаллаган жигарранг кўзойнак.
– Салом! Ну-ка. – Қиз кўзойнагини ҳам ечмай, шеърни олди. Уни ўқий бошлади.
– Ҳмм, хорош… бу нимаси? Яна тушунарсиз сўзлар. Какойта “армон”, “жонон”… гўзал денг, гўзал. “Чунон?!” Что это “чунон?”
– И… и…
– Бўмийди!
Илҳомийнинг оғзидагиси оғзида қолди. Яна бошқа “шеър” ёзиш учун нася юз долларни ўйлаганча уйига қайтди.
Илҳомийнинг фиғони фалакка чиқди. У уйини кулдонга айлантирганча, икки қути сигарет чекиб, навбатдаги “шеър”ни ёзди. Бўшроққина бир нарса чиқди.
Шеърни ўқиган Наргиска аввал жилмайди. Кейин бирдан жиддий тортди.
– “Пояндоз?!” Что это “пояндоз?!” Хокандоз что ли? Йўў, бунақаси кетмийди.
– Шу битта сўзми? Ҳозир алмаштириб бераман.
– Йўў, йўў. Нима шеър сизга ўйинчоғми, бир минутда алмаштирасиз. Буни уйингизга олиб кетинг. – Қиз шеър­ни йигитга қайпариб берди. – Эртага бошқа шеър ёзиб, ўзингиз уйимга обориб берасиз! – Қиз шундай деди-да, ташриф қоғози узатди.
“Хўп” дейишдан бошқа иложи қолмаганди бечора Илҳомийнинг.
Илҳомий ҳаяжонланмади, илҳомланмади, ҳеч нимани ўйламади. Уйиниям кулдонга айлантирмади. Фақат ёзди. Дабдала бир нарса чиқди.
У “шеър”ни кўтариб, ташриф қоғозида ёзилган манзилга борди. Эшикни ўрта ёшлардаги берилиб пардоз қилган аёл очди.
– Ким керак?
– Мен шоирман. Наргиска билан…
– Яхши. Наргиска санга келишибди.
– Ким? А-ха, – шоирни кўрган Наргиска шундай ҳолатда эдики, унинг ҳурсанд бўлганиниям, энсаси қотганиниям билиб бўлмасди. У салом-аликсиз шоирнинг қўлидан “шеър”ни юлиб олди. Илҳомий ташқарида, у ичкарида турган ҳолда, йигитни уйга таклиф қилишни хаёлигаям келтирмаганча, шеърни ўқишга тушди.
Шоир зимдан қизга назар солди. Унинг эгнида қора майка билан оқ шорти бор эди. Сумбул сочлари одатдагидек паришон. Қиз бир қўли билан сочини тўғрилаганча “шеър”ни бу сафар овоз чиқариб ўқиди.

Кеча-кундуз мен сени
Ўйлаганим-ўйлаган.
Сен ҳақда қўшиқ айтиб,
Куйлаганим – куйлаган.
Юрагимни тиламан,
Севишимни биламан.
Лекин сенга севгимни 
Қандай изҳор қиламан?!
Сени бир кун кўрмасам,
Соғинаман, азизам.
Кўзим ёшлаб сен учун.
Оғринаман, азизам.
Сени севаман, жоним,
Фақат сенда хаёлим.
Ёлғиз ўзинг гўзалим,
Севгилимсан, асалим!

– О, браво! Яхши! – Қиз севиниб кетди. Кейин шоирга бармоқчасини сарак-сарак қилиб, дакки берган бўлди.
– Бўларкан-ў!
– Ҳа, – деди Илҳомий ҳам тақдирга тан бериб бўшашган кўйи.
– Бўлар экан.
– Ҳо-зир, – қиз уйига кириб, юз долларликни олиб чиқди.
– Мана Сизга гонарар! Айтгандай шеърга фамилиянгизни, тойис, тахаллусингизни ёзмабсиз.
– Қўяверинг, – Илҳомий қизнинг қўлини қайтарди. – Фақат илтимос, бу шеър меники эканлигини ҳеч ким билмасин!

«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 3-сон