Икки кун тўхтамасдан майдалаб қор ёғди. Тушга яқин қалин туман ёнбағирлар ва тепаликлар устидан енгилгина осмонга кўтарилиб, баланд қоялар этагидан ўрлаганча, пурвиқор тоғларнинг уч-учларигача қоплаб олди. Орадан бир соат ўтмасдан бепоён осмон қалин туманнинг намлигини шимиб сийраклашди. Ҳар ер-ҳар ерда туман орасидаги туйнуклардан кўм-кўк осмон кўзга ташланади.
Қария мусофирлар бемалол кириб-чиқа олиши учун чойхона саҳни ва атрофидаги қорни супурди. Сўнгра чойхона ортига ўтиб, катак эшигини ланг очди-да, “ту-ту”лади. Катакдан битта хўроз ва учта товуқ чиққач, қария товуқхона бурчагидан сопол кўзачани олиб, кафтига арпа тўкди. Товуқлар сепилган донларни бир дона ҳам қолдирмай чўқилаб-чўқилаб жиғилдонларига жойлагач, уларни яна катакка қамаб, эшикни ёпиб қўйди.
Қария уч йилдан буён икки ё учта товуққа тухум бостириб, жўжа оларди. Узундан-узоқ қишда, Наврўз етиб келгунига қадар ҳамёни бўш бўлмаган айрим мусофирлар ва шунингдек, чўнтагида бир мириси йўқ айрим йўловчилар учун иссиқ овқат пишириб берарди. Оғир уруш йиллари қаҳатчилик даврида товуқ боқиш қария учун азобу уқубат. Баъзан тунлари товуқхона атрофида тулки, чиябўрилар ўралашишар ва йўлдан ўтаётган айрим оч мусофирлар ҳам пайт пойлаганлари-пойлаган эди. Ана шунинг учун ҳам қариянинг бир кўзи ухласа, иккинчиси уйғоқ эди. Бир йил олдин ғафлат босиб қанча товуқлари йўқолди. Ўша пайтда маслаҳатчилар пайдо бўлди ва қарияга товуқхона эшигига қулф солишни айтишди. Лекин қария: “Ота-боболаримиз эшикларини қулфлашмаган”, – дея маслаҳатчиларнинг гапига қулоқ солмади.
Чойхона атрофдаги қишлоқлардан четроқда, икки катта йўл ёнида қурилганди. Икки тоғли тумандан келган икки йўл чойхона қурилган ерга келганда битта бўлиб қўшилиб кетарди. Ёзда чойхона унчалик гавжум эмас, лекин қишда одам қайнарди. Агар қиш кунларида ёғингарчилик кўпайса, адир ва тоғлар, довон ва даралардан ўтиш қийинлашар, йўловчилар сел ва кўчки келиши хавфидан чўчиб, ночор ҳафталаб чойхонада ётиб қолишарди. Баъзан йўловчилар орасидан оқшомдан эрта саҳаргача қиссахонлик қиладиган ё ашула айтадиган кишилар чиқиб қоларди. Шу тариқа йўловчилар узун қиш кунларини қисқартиришиб, гўё юрагидаги ғамни аритишарди. Ана шундай кезларда қария катта темир бочкадан ясалган, мўркони чойхона ўртасидан ўтказилиб, ташқарига чиқарилган печкага тез-тез ўтин ташлаб турар ҳамда ўт ёнишини пича кузатиб, пойгаҳдаги доимий ўтирадиган ерига қараб кетар, қайчилаб кузалган қалин соқолини қўллари билан силаганча, берилиб қисса ё ашула тингларди.
Қария ўн икки йилдан буён шу чойхонада. Олдинги йиллар туман матлубот жамияти имкон борича чойхонани чойнак-пиёла, нон, қуруқ чой, қанд-қурс билан таъминлаб турарди. Лекин уруш бошлангандан кейин бу чойхона, мамлакатдаги барча шаҳар-қишлоқларда бўлганидек, оғир кунларга қолди. Қария мана шу чойхонадан ёш йигитларни аскарликка кузатар ва айнан шу чойхонада у томонлардан майиб, ярим жон бўлиб қайтган йигитларни кутиб оларди…
Қариянинг кўнгли анчадан буён азим тоғ сайрини тусайди… Лекин қалин қору устма-уст ёғаётган ёғин унинг йўлини тўсмоқда. Чойхонада қолган ўтин уч-тўрт кунга етарди, холос. Бундан хавотирланган қария тезроқ аёз туриб, ғирчиллаган қор бирозгина музлашини, қийналмай юришга имкон туғилишини кутарди.
У ҳар қишда уч-тўрт марта овга чиқиб, тоғ эчкиси, каклик ё тулки овлаб қайтарди. Қариянинг ўн беш йилдан буён қўлида милтиқ, овга ўрганиб қолганди. Баъзан аёли аямасдан айтиб тишларди: “Сиз ўз ажалингиз билан ўлмайсиз, жонингиз биронта айиқми, йўлбарсми ё бўринингми қўлида”. Бу йил нимаданлигини билмайди – қариянинг ўнг кўзидан пича ёш оқадиган бўлиб қолди. У баъзан омборхонадан биротар милтиғини олиб, у ёқ-бу ёғини айлантириб томоша қилар, сўнгра ташқарига олиб чиқиб, ниманидир узундан-узоқ нишонга олар, шу тарзда кўзини синарди. Лекин нишонга олаётган кўз тезда ёшланиб, хиралашарди. У тез-тез киприк қоқиб, кўздаги ёшни оқизар ва яна нишонга оларди. “Ишнинг юришмаслиги”дан асабийлашиб, маъюс бўлиб қолса-да, аммо овга чиқиш орзуси юрагидаги алангани ўт олдиргани-олдирган эди.
Қария ўғлини аскарликка жўнатгач, шаҳардан милтиғига ўқ-дори топиб келди, ҳалигача тоққа чиқиш нияти унга тинчлик бермасди. Устига-устак бир ёқдан чойхонадаги ғамлаб қўйган ўтини ана-мана дегунча тугаб қолиши аниқ, бир ёқдан очлик ва йўқчилик тезроқ овга бормаса бўлмаслигини ўқтин-ўқтин эслатиб турарди. Катак ҳам тобора бўшаб борар, бор-йўғи битта хўроз ва иккита товуқ қолганди. Қанчалик мажбур бўлмасин, уларни сўйишга қариянинг кўнгли бўлмасди…
Қария бир неча кун олдин тоғ эчкиси терисидан тикилган эски ов этигини чарви билан ёғлаб, сафарга тайёргарлик кўрганди. У аввалига доимий ов қилиб юрган ери – тоғнинг кунгай томонидаги ўркачи устига чиқиб, ёввойи эчки отишни, сўнгра пастроққа тушиб, пича ўтин тўплаб, шохчанага ортиб, чойхонагача тортиб боришни ният қилганди. Шохчана қияликда қор устида осон сирғалиб тушар ва қария унчалик қийналмасди.
Ярим тунда осмон очилиб, аёз турди. Қария кеч тушаёзган кезда яримта патир нон, сариёғ, озгина олмақоқи ва ўрикқоқи, пичоқ ва теша, иккита арғамчи ва олти дона ўқ тайёрлаб қўйди. Илгарилари овга чиқадиган бўлса, тўрт донагина ўқ оларди. Ов кўрган одамларнинг айтишларича, қариянинг отган ўқи хато кетмасди. Бугун олтита ўқ тайёрлаб қўйганига эса нишонга оладиган кўзи панд бериши сабаб эди.
Тун қора чойшабини ёйганига уч соат ўтдими, тўрт соатми, қария чойхонадан ташқарига чиқди ва аёз еган қорнинг чидамини текшириб кўрди. Кун исиб кетиб, қор устидаги қават эрий бошлашигача овни тугата олишига кўзи етиб, кўнглида хотиржамлик тўлқинланди. Товуқхона атрофини айланиб чиқиб, катак томонда бирон-бир жонзотнинг изини кўрмади. У чойхонага қайтиб кирди-да, икки кун олдин чойхонага қараб туришга олиб қолган жияни Нодиршоҳни уйғотди:
– Нодиршоҳ, тур, турақол, жиян!
– Нима, бирон ерга кетяпсизми, тоға? – Нодиршоҳ уйқусираганча эснади.
– Ҳа, кетяпман. Куфр кетмайин, бугун умидли кун кўриняпти, – қария пахталик шимини кийгач, бошқа сафар анжомларини йиғиштиришга тушди.
Нодиршоҳ чойхона бурчагидаги намат устига дастурхон ёзди-да, ерга ўтириб тез-тез оёғига пайтава ўради. Этигини кийиб, дастурхон олдига келди. Ташқаридан қаттиқ шамол овози келарди.
Қария қишда қор ранги билан бир хил, ов учун жуда қулай бўлган оқ чакмонини кийди-да, ҳар икки арғамчини камарининг ёнига қаттиқ ўради. Унинг устидан ўқдонни боғлаб, теша билан пичоқ солинган ғилофни осди. Нодиршоҳ йўл озуқаси солинган юкхалтани кўтариб тоғасининг елкасига ташлади. Қария милтиғини олиб, жияни билан чойхонадан чиқди.
– Жиян, ўтинни тежаб ишлат. Пода қайтаргача қайтиб келаман, иншооллоҳ.
– Тоға, анави ётиб қолган мусофирдан хавотирдаман, – Нодиршоҳ чойхонанинг бир бурчагига ишора қилди.
– Одил тушда ўтин ва бир хумда сут олиб келади. Сен сутга ёғ қўшиб қайнатиб, бу одамга ичиргин. Тирик қолса, нур устига нур. Зора, бугунми-эрта қариндошлари қидириб келса…
Атроф ҳали қоронғи бўлса-да, тонг отишига яқин қолган. Қариянинг назарида ёруғлик жилоланиб, қор устида ҳовурдек сакраб-сакраб қоронғилик пардасини юлқилаётгандек эди. У ҳар доим юрадиган йўлидан қор босиб борарди. Унинг назарида текис, лекин баланд тоғ этагидан чойхона анча қуйида ва узоқда қолиб кетгандек.
Қария хаёллар сиртмоғида ўралиб, оғир-оғир қадам ташлаганча юқорилаб борарди. Туриб-туриб баъзан ўзини беҳуда тизгинсиз хаёллар домига ташлагани эсига келар, ўзи учун бошқа бир фойдали, муҳимроқ иш ҳақида ўйлаёлмасди. Ана шу кунларда қариянинг бошида бу каби ўйлар тез-тез айланарди. Икки ҳафта илгари кичик ўғли Мирзони урушга олиб кетишди. Катта ўғли эса икки йилдан буён ўқ ёмғирдек ёғилиб турган ерда, ўт ичида. Тўрт ойдан буён ундан на бир хат бор, на хабар. Чол обком котиби Шоҳин Низом олдига кириб, кичик ўғлини бирон йил урушга юбормай туришларини сўраши мумкин эди.
Обком котиби Шоҳин Низомни ўйлаши билан беихтиёр қарияни қаттиқ қистов сиқиб келиб, унинг номидан: “Ҳа, алалоқибат олдимга бўйин эгиб келдингми”, дея ўзини ўзи маломат қиларди. Агар бошига бундан ўн чандон қаттиқроқ кун тушганда ҳам, ҳеч қачон унинг олдига илтимос қилиб бормас, ҳатто маслаҳат ҳам сўрамасди. Ўн саккиз йил тоқат қилди. Ўн саккиз йил “унга учрамайин, юзини кўрмайин” деган ўйда ўзини четга тортди.
Энди кун ёришиб, олдидаги ҳамма нарса аниқ-таниқ кўрина бошлади. Қария унчалик баланд бўлмаган қоя устига чиқиб, атрофни диққат билан кўздан кечирди. У қайтишда шу ердан буталар, заранг ҳамда арча шохларидан ўтин йиғиб, шохчанага ортиб чойхонага тортиб кетиш қарорига келди. “Ўтин масаласи осон, гап овнинг барор келишида”, қария йўлида давом этар экан, кўнглидан ўтказди.
Қария ов қиладиган ергача яна бир соатчалик йўл қолганди. У аввалига ўша томонга узоқ-узоқ тикилгач, хаёлига нимадир келди-да, ортга юз бурди. Ер қаъридан худди азим девордек туртиб чиққан баландгина тоғ узундан-узун чўзилиб кетган тор водий ўртасини қоқ иккига бўлиб ташлаганга ўхшарди. Нуроний турган ердан кумушдек товланаётган камсув дарё кўзга ташланарди. Сув тоғ устидан буралиб-буралиб оқиб тушарди. Чол шу он дарё соҳилидан тепароқда, лангар ташлаган кемани эслатадиган тепа устида она қишлоғи Дармоннинг бир бурчаги элас-элас кўзга ташланишини эслаб қолди. Қишлоқнинг ана шу бурчагини кўрганида шусиз ҳам ғамгин кўнгли яна-да маъюслашди.
Одатда қария хаёлга берилганда, тез тутоқиб кетар, юзини чап елкаси томон буриб, устма-уст икки-уч марта тебратарди. “Ажаб дунё, ажаб бир дунё! Одамнинг кеча-кундузи хаёл мисол ўтар экан”, – пичирларди қария. Сўнг беихтиёр пастки лабини омон қолган тишлари билан тишлаб, ўша заҳотиёқ ўйлар оламига ғарқ бўларди…
…Дармон қишлоғи жонига тенг жой. Охирги йилларда қишлоғи тушига кирадиган бўлди. Ана, ҳозир шу баландликдан қишлоғининг бир бўлаги кўриниб, оҳанрабодек ўзига тортмоқда. Хотинининг аламли, маъюс қиёфаси кўз ўнгидан ўтди. Ана чойхона, аскарликка кетаётган йигитлар ва уларни кузатаётган одамларга лиқ тўла чойхона… хотини, Мирзо…ана яна… эҳ, бечора она…
…Чойхонадан одамларнинг ғўнғир-ғўнғир овозлари эшитиларди. Қария ташвишланганча осмонда қимирламай турган қат-қат булутларга узоқ боқди-да, қия очилган эшикни итариб, чойхонага кирди. Одамлар қариянинг чойхонага киришини кутишаётган эканми, бирданига ғала-ғовур тиниб, ҳамма у томонга қаради. Чойхонада илгаригига қараганда одам кўп эди. Тўрдан то пойгаҳгача катта-кичик ёнма-ён, тиқилишганча, урушнинг бошларига келтирган машаққат, ташвишлари ҳақида гапириб ўтирарди.
Қария бошқа одамлардан четроқда, устун ортида ўтирган аёл ва ўғлига кўз қири билан қараб қўйди-да, ўчоқ томон ўтди. Ҳалигина бу ерга туман марказидан аскарликка кетаётган йигитларни олиб келишган, улар орасида қариянинг ўғли ҳам бор эди.
Чойхона иссиқ бўлса-да, қария ўт ўчиб қолмасдан, милт-милт ёниб туриши учун ўчоққа қалин серпанжа ўтин ташлади ва жавондан жўмрагининг у ер-бу ери учгани учун қадоқланган олтита чойнак ва бир нечта пиёла олди. Чойхонанинг бор бойлиги асли ана шу чойнак-пиёлалар, ёғоч-товоқ ва сопол косалар, битта гилам ва иккита эскирган наматдан иборат эди. Гилам чойхона тўрига – икки устун орасига тўшалган, наматлар узунасига бир қаватдан ташланган эди. Наматдан пойгаҳгача бўйра ва похол солиб қўйилганди. Девордаги михда анчагина тутун ва чанг босган попукли дуторча кўзга ташланар, у мусофирларнинг бирдан-бир кўнгилочар воситаси, эрмаги эди.
Қария чойнакларни қаторлаштириб, печка устида биқирлаб қайнаётган қора қумғонни олиб, чой дамлади. Ўғли чойнакларни одамларнинг олдига, ҳар ер-ҳар ерга қўйиб чиқди. Охирги чойнакни ўзи олиб ҳарбий комиссар Морозовнинг олдига борди. Комиссар бир мелиса билан бирга чойхонанинг бир бурчагидаги тахта ўриндиқ – “эшак”да ўтирарди. Қария чойнакни қўйгач, кўзлари порлаб деди:
– Товариш Морозуф, иссиқ чой.
Комиссар Морозов миннатдорчилик билдиргандай қариянинг елкасига қўл қўйиб, нимадир демоқчи бўлди, лекин қария унинг сўзларини эшитмасдан, ўчоқ олдига қайтди. Комиссар қариянинг ичидан маъюслигини сезган ҳолда бир нуқтага ўйчан тикилганча жим қолди.
Бу ердаги одамларнинг ҳаммаси уни “Товарищ Мороз” ё “Комиссар Мороз” дерди. У урушдан тўрт йил олдин бу туманга ҳарбий комиссарликка тайинлангандан кейин аста-секин тожик тилини унча-мунча ўрганиб олди, энди катта-кичик билан танишиб, яқинлашган эди, уруш бошланиб қолди. Уруш бошланиб, унинг ташвиши кўпайди. Одамларнинг оҳ-ноласи, йиғи-сиғиси, юзлаб оилаларнинг бошига тушган қора кун ҳаммаси бир бўлиб вужудини оғир юк каби босар, қалбини тирнарди.
Чойхонада ўтирганларнинг ҳаммаси чанқаб қолган эканми, чойни кўришлари билан ғимирлаб қолишди. Ҳар бир киши йўлхалтага солинган сафарликдан у-буни олдига қўйиб, чой ичишга киришди.
Қария хотини ва ўғлининг ёнига келиб ўтиргач, беихтиёр устунга суянди. У одатига кўра қисқа соқолини бармоқлари орасига олиб силаб ўтирар экан, ташвишли хаёлларга берилди. Қариянинг хотини ўғлининг сафар хуржунидан битта арпа нони билан бир бурда зоғора нон, бир сиқим тутқоқи, ёнғоқ мағзи олиб, дастурхонга, ота-ўғилнинг олдига қўйди.
– Бу ерга бекорга келдинг, – деди қария фақат хотини эшитадиган қилиб пичирлаганча.
Қариянинг сўзларини эшитгач, бўғзидаги тугун – аламини зўрға тутиб ўтирган хотиннинг дарди қайта янгиланди. У ичи-ичидан отилиб келаётган йиғини ортиқ тутиб тура олмади ва тез-тез оқ рўмолининг учи билан кўз ёшларини арта кетди.
– Она, йўл бўйи йиғлаб келганингиз каммиди? – Мирзо онасини тинчлантирмоқчи бўлиб деди.
– Эшитдингми, отанг нима деди? Мен бу ерга бекорга келибман, бекорга! – она ортиқ ўзини тута олмади сўнг қарияга юз ўгириб, юрагини қийнаб ётган тугунни ечиб ташлади: – Мирзожон ҳали ёш, аскарликка олмайди, дегандингиз. Энди мени тинчлантирмоқчи бўляпсиз! Сизнинг бепарволигингиз боис, боламни аскарликка олиб кетишяпти. Туманнинг каттадан-кичигигача сизни танийди. Бир марта олдиларига кириб, тушунтирганингизда, манови чой қайнатиш вазифангиздан олиб ташлашармиди? Расулжонимни олиб кетишганига ҳали икки йил ўтган эмас. Тўрт ойдан бери ундан хат-хабар йўқ. Менга бу балолар каммиди, энди кенжатойимни ҳам ўт ичига олиб кетишяпти. Урушаётган ўша катталарнинг наҳот фарзандлари бўлмаса? Оҳ, дардимни кимга айтайин? Яна менга бекорга келдинг, дейсиз!..
Қария хотинининг одатини яхши билар, агар ҳозир унга бирон нима деса, қиёмат қойим бўлади. Бор овози билан дод солиб, соч-бетини юлишдан тоймас эди. Қария хотини юрагини бўшатиши, бироз таскин топиши учун индамай тураверди.
– Уч ҳафтадан буён бирон марта уйингизга бош суқмадингиз, борганингизда қандай яшаётганимизни кўрардингиз. Сизга чойхона, ҳа-ҳа-ҳа, кўнгил очиш бўлса бўлгани. Бошқаларнинг, етти ёт бегоналарнинг хизматини қилсангиз бас! Икки набирангиз зор-зор йиғлагани-йиғлаган, ўтган кеча ҳар иккаласини иситма олиб, улардан ажралишимга…
– Она! – Мирзо онасининг енги учидан тортиб, норози бош чайқади.
– Назокат ва Нозим?! – Қария бир учиб тушдию, лекин тезда ўзини қўлга олди.
– Ҳеч гап йўқ, озгина иссиқлари чиқди. Бугун, Худога шукур, бутунлай ўзларига келишди, – деди Мирзо отасини тинчлантирмоқчи бўлиб.
Чойхона уларнинг қишлоғидан ўн-ўн ики фарсангча нарида эди. Қария чойхоначилик қилиб юрган бу пайтлар тез-тез уйига бориб турар, йиқилган-синган жойларни тузатар, тирикчиликнинг барча оғирликларини иложи борича уддаларди. Хотинининг ҳозирги таънаси ўринсиз эди.
Бир ҳафтадан буён қариянинг таъби тирриқ, қўли ишга бормай қолди. Ҳатто уч-тўрт кун чойхонанинг бир бурчагида терга ботиб, оғриб ётди. Лекин йўловчи ҳамқишлоқларидан бу ҳақда уйидагиларга хабар бермасликларини илтижо қилди. “Озгина шамолладим, иншооллоҳ, бир-икки кунда тузалиб кетаман”, дерди у.
– Бирон бегона одам эшитса, биллоҳи азим ишонмайди. Боласини аскарликка олиб кетишади-ю, бу кишининг хабарлари йўқ, – қариянинг хотини олди-орқасига қарамай, сўзида давом этарди. – Намунча пешонам шўр бўлмаса, мени кўриб қовоғидан қор-ёмғир ёғиляпти. Бекор келибман, ёмон иш қилибман! Қани, бир атрофингга боқ, аскар болаларнинг ортидан отаси, қариндош-уруғлари келишган. Агар мен келмаганимда, сиз ҳам шу қуриб кетгур чойхонада бўлмаганингизда, ғариб боламнинг ҳоли не кечарди? Худди етимлардек аскарликка кетарди. Ўғли урушга кетяпти-ю, отаси бехабар! Во дариғ, ҳаёт деганлари шу бўлса…
– Она, пастроқ гапиринг! Ҳамма бизга қараб турибди, – Мирзо онасига юз ўгириб, ўтингандай деди.
– Бир неча кун тобим бўлмади. Ҳаво совиб, қаттиқ шамолладимми, бора олмадим! – қария шундай дея ўрнидан туриб чала ёнган лахчани ўчоқнинг ўртасига итарди.
Одамлар кечки овқатни ейишгач, ҳар ер-ҳар ерда қур олиб суҳбатлашишга тушишди. Лекин кўпчилик ғамгин, юз-кўзларидан ташвиш ёғилар, бош-кети йўқ хаёлларга асир бўлганча жимгина ўтирарди. Комиссар Морозов бир парча қоғозга тамаки ўраб, ўчоқ олдига келди ва қип-қизил лахчани оташкурак билан кўтариб қўлидагини ёндирганча ташқарига йўналди.
Қария тун узунлигини ҳисобга олиб печкага иккита чала ёнган катта ўтин ва ҳали яхши қуримаган, тарвақайлаган дарахт илдизини ташлади, у ўтнинг ўчмай ловуллаб ёниб туришини, мусофирларнинг қийналмасликларини ўйларди. Чунки йўловчиларнинг кўплари саҳаргача ўтирган жойларида кўз юмиб, тонг оттиришарди. Қария товуқхонасидан хабар олиб келди ва бир неча дона ўтинни ўчоқ олдига қўйиб, хотини ва ўғлининг ёнига ўтирди. Чойхонага ташқаридан шамолнинг ғувиллаши эшитиларди.
– Мирзо, кел, сен ҳам чўзил. Эртага олис йўлга чиқасан, – қария бу гапни айтиб, ўғлининг бошини тиззасига қўйди ва хотини иккови устунга суяниб, ташвиш тўла ўйлар оғушида пинакка кетишди…
…Ғуриллаган баланд овоз ва ўта яқин келиб қолган учоқ қарияни хотиралардан халос қилди. Қараса, икки қанотли яшил учоқ салгина тепароқда қор босган қоя ва баландликларга суркалиб ўтаётгандек қанотларини гоҳ эгиб, гоҳ тўғриланганча, туман томон учиб борарди.
Қария борган сари вужудида жонини узиб олгудайин чарчоқ кучаяётганини сезди. Энди нафас олиши оғирлашиб, оёқларидан мадор қочиб қийнаётганди. У аёз еган қаттиқ қор устида битта-битта қадам босар экан, эринибгина юқориларди. Этик пошналари уни сирғанишдан қанчалик асрамасин, қария қорга ўтириб: “Эҳтиёт – шарт”, дея қўйнидаги махсус тайёрлаб қўйган икки арғамчини олиб, этигининг тагчармига тугун қилиб боғлади ва озгина нафас ростлагач, яна йўлга тушди. У тезроқ текисроқ йўл топиб, узилган хаёл ипини қайтадан боғлашни, шу тариқа олис ва оғир йўлни қисқартириб, озгина бўлса-да, чарчоқ юкини енгиллаштиришни истади.
Ана қария юзини чап елкаси томон буриб, устма-уст икки-уч марта бошини тебратди-да, яна олдинги хаёлларга ғарқ бўлди…
…Ҳали тонг кўзлари очилмаган эди, қария тўртта товуқ сўйиб, хотини иккови аскар йигитлар учун иссиқ овқат пиширди.
Комиссар Морозов кеч кираётганда қарияга эрта тонг оқармасдан йўлга тушишларини айтганди. Ана шунинг учун ҳам қария иккита товуқни тез-тез бўлаклаб, олтита ёғоч товоққа солди ва устидан шўрва сувидан қуйиб, одамлар олдига қўйиб чиқди. Қолган шўрвани сопол косаларда Морозов билан мелисага берди. Бошқа товоқчага ўзи, хотини ва ўғли учун шўрва қуйиб, нонушта қилишди. Одамлар қотган нонни шўрвага бўктириб еб, қария ҳамда унинг ўғли ҳаққига дуо қилишди. Қария одамлар ўзининг жиндеккина илтифотини қадрлаб, ўзи ва оиласи ҳақига яхши ниятлар қилишганидан, шукр айлаб, миннатдорчилик билдиришганидан севинарди.
Морозов эшик олдига келиб жарангли овозда аскарларга ташқарига чиқиб, саф тортишни буюрди. Қария қолган битта товуқни иккита арпа нон орасига қўйиб, ўғлининг сафархалтасига солди ва Мирзога бошдан-оёқ ичи ачишиб тикилди. Мирзо отасининг нигоҳидан нима демоқчилигини сезиб, деди:
– Ота, ҳеч ташвиш тортманг, оёғим иссиқ, пайпоғим ҳам бор. Тўнимнинг пахтаси қалин.
– Хуржунни қўй. Ўзим оламан. Сен шерикларинг билан бирга ташқари чиқ! – қария хуржунни кўтариб оғирлигини чамалади, кейин хотинига кўз қирини ташлади.
Қариянинг хотини устунга манглайини босганча ҳиқиллаб йиғларди. Аскар йигитлар қаторлашиб чойхона саҳнига чиқишди, уларнинг ортидан кузатувчилар шошганларича хуржуну юкхалталарни кўтариб ташқарига йўналишди. Қария ўчоқ олдида турган новча, ориқ кишини олдига чақириб, ундан то қайтиб келгунича чойхонага қараб туришни илтимос қилди. Қариянинг эски ошнаси бўлган бу йўловчи довон йўли очилгунича бир неча кундан буён чойхонада қолганди. Ҳозир ундан бошқа бирон ишончли одам йўқ эди. Сўнгра қария хотини томон юз бурди:
– Ҳаял ўтмай Нодир келиб қолади. Бўлди, йиғининг фойдаси йўқ. Қулоқ сол, онаси! Нодир мени кўрмасдан кетмайди. Сен унга мени Мирзони Душанбега олиб кетди, дегин. (Қария одатга кўра Сталинобод демасдан, фақат шаҳарнинг олдинги номини айтарди). Кейин у билан уйга кетгин! Эшитдингми, яна бир ўзинг, ёлғиз кетмагин! – қария юмшоққина, юракдан ачинганча хотинига гапини айтдию, “ё пирим” деганча хуржунни елкасига олди.
– Йўлпули бериш эсингиздан чиқмасин! – қариянинг хотини йиғламсираганча эшик томонга қараб бақирди. – Насиҳат қилинг, ўқдан, милтиқ оғзидан узоқроқ юрсин, насиҳат қилинг. Оҳ, гўр оғзига етган бошим, қора кунларга қолган бошим!
Аскар йигитлар чойхонадан ташқарида, икки йўл туташган ерда аллақачон саф тортишган эди. Тонг отиб, атроф ёришганди. Комиссар Морозов аскар йигитларни диққат билан кўздан кечиргач, Душанбегача аскарлик интизомига риоя қилиб боришларини қаттиқ тайинлади. Шу дам катта йўлдан уч отлиқ ўтиб кетганда, қария “қандай яхши, улар йўлни очиб боришади”, дея кўнглидан ўтказди.
Ҳамма йўлга тушди. Қария хуржунни кўтариб, чап елкасига “айри” қилиб ташлади ва бошқалардан ўтиб кетиш ниятида тезлашганда, қўққисдан хотинининг даҳшатли ноласи қулоғига чалинди. У ортига ўгирилиб, хотини Мирзога осилганча йиғлаётганини, бир неча киши унинг қўлларини ўғлининг бўйнидан ажратишга зўр бериб уринаётганини кўрди. Қария бирданига қаттиқ бир нарсага тўқнашгандай жойида тўхтади. У бир неча сония хотинининг бечора ҳолига қараб туриб, унга раҳми келганидан ичида бир нима узилгандай бўлди.
Қариянинг бошида шу кун, шу соатгача “одам бу дунёга фақатгина ғам-ташвиш кўриш учун келади”, деган ўй айланарди. Ҳатто катта қўшинларнинг бошлиғи, бойлиги ошиб-тошган одамлар, шоҳу вазирнинг ҳам бирон алами, ғами бор. Ҳар бир киши ҳаётнинг энг қийин ғам-андуҳларига тайёр бўлиши зарур. Чунки худди сув ва ҳаво каби ғам, ҳаёт ташвишлари ҳам одамларга баравар тақсимлаб бериларкан. Инсон ҳар нафас олганда у билан бирга дарду ғамни ичига ютаркан, чунки азалдан инсон лойи ана шундан қорилган. Шундай экан, одамларнинг нола-фиғон чекишлари, беҳуда ғам тортишларининг маъноси не?
Лекин ҳозир хотинининг ҳолатини ҳис қилган қария ҳолда лабини қаттиқ тишлади. У аскар йигитларнинг ҳаммаси хатар пуркаб турган ўлим оғзига боришларини, улар қаторида жигари ҳам борлигини яхши биларди. Деярли ҳар ҳафта қишлоғига ёки қўшни қишлоқларга жангчилардан қорахат ё бирон нохуш хабар келарди. Миясини ғижимлаган бу ўй бирданига унинг қон босимини ошириб юборди. Ахир, унинг умр бўйи топган бойлиги икки ўғли эди-да! Ҳозир улар жангда, ўт ичида. “Худонинг ўзи асрасин”, – пичирлади қария дардли оҳ тортиб. Йўқ, ғам-андуҳ, ҳаёт ташвишлари азалдан одамлар орасида баравар тақсимланмаган. Ҳа, кимга кўпроқ, кимгадир камроқ. Ҳар ҳолда ғамнинг каттаси ҳам, кичиги ҳам ғам. Ҳар ким вақт-соати билан ўзининг толеи, амалидан кўради. Наилож, бугун ҳамманинг бошига қийинчилик тушган. Сабр қилишинг, тоқат қилишинг керак, тоқат!
Қария хаёлга берилар экан, яна олдинги фикрида содиқ қолиб, ҳатто ўзини бироз енгил ҳис қилди. У ҳали кўзини ердан узмаган эди, ортдан комиссар Морозовнинг жаранглаган овози эшитилди:
– Ризо бобо, ортда қолманг! Кеч бўлди!
Йўлда борар экан, хотинининг ноласи анчагача қулоқлари остида эшитилиб турди. У чап қўли билан хуржуннинг тагидан қаттиқ ушлаб, ўраб-чирмаб келаётган хаёллар тизгинида бир зайлда қадам босарди. Қариянинг ортидан келаётган ўрта бўйли, шопмўйлов мелиса чаққон қадам ташлаганча унга етиб олди. Қария тепалик устига чиқиб, аскар йигитлар ва кузатувчилар ортидан комиссар Морозов келаётганини кўрди. Қария ва Морозов орасидаги масофа чўзилиб кетганди, чунки қатор-қатор тизилиб келаётган одамлар қалин қор босган тор йўлдан қийналиб келишаётганди.
Тунда, соат ўнга яқин, ҳамма чарчаган, ҳолсизланганча Душанбе вокзали ҳовлисига кириб боришди. Вокзалда одам кўп, шовқин-сурон. Одамларнинг ғулғуласи орасидан гоҳ аёллар ва болаларнинг йиғи товушлари эшитиларди. Қария хуржунни елкасидан олиб, ерга ўтирди ва вокзал биносига суянганча атрофга диққат билан кўз югуртирди. Ҳар ер-ҳар ерда аскар йигитлар саф тортган, ҳарбий кийимдаги кишилар уларнинг атрофида бирин-кетин қадам ташлаб борарди. Унинг назарида ҳамманинг оромию тоқати йўқдек эди. Қария бир зум хаёлга берилди ва бирданига кўз ўнгида катта ўғли Расул пайдо бўлди. Унинг ҳам анови ҳарбийлар каби қўлида милтиқ, шошганча орқа-олдинга юрмоқда эди. Ана яна унинг қаршисида чангу тутун босган чўл кўринди. Чўл ўртасида елкасига милтиқ осган ўғли бир ўзи, ёлғиз турарди. Бирдан шамол туриб, чанг-тўзон уни кўздан йўқотди. “Ё Худои таоло, ҳар икки ўғлимни ўз паноҳингда асра. Улар бу ҳаётда нимани кўришибди,” – қария дард ва алам ичида ўзига-ўзи гапирарди. Поезднинг чўзиқ чинқириғи қарияни ўзига келтирди.
– Ризо бобо, Ризо бобо! – паст бўйли, узун соқолли киши унинг олдига чопиб келди. – Ҳозир поездга ўтиришади. Мирзо сизни излаяпти.
Қария шошганча ўрнидан туриб, хуржунини елкасига ташлади-да, соқоли узун кишининг ортидан юрди. Аскарлар аллақачон саф тортишган, уларнинг қаршисида Морозов ҳамда яна бир ҳарбий тик турганча нималардир дейишаётганди. Ниҳоят Морозов аскар йигитлар рўйхатини ҳарбийнинг қўлига тутқазди-да, ҳаммага қатъий ва хотиржам мурожаат қилди:
– Йигитлар, вақт оз қолди! Хайрлашиб тезда поездга чиқинглар! Э-ҳе, ана бошланди, сабр қилинглар! – Морозов олдинга икки-уч қадам ташлаб, овози борича бақирди. – Акалар, боболар, додлаб, бақириб-чақирманглар, шовқин солманглар! Ташқари совуқ, тезроқ хайрлашинглар, тезроқ!
Қария хуржунни тўлдиришга кечикканди. Мирзо хайрлашатуриб отасини бағрига қаттиқ босди. Атрофни бирданига ғовур-ғувур, йиғи-сиғи, дод-фиғон овози тутиб кетди. Узоқ-яқиндан “поездга чиқинглар”, “хайрлашиш тамом”, “Э, вой олиб кетишяпти” деган овозлар гоҳ пастлашиб, гоҳ баландлашарди. Қария хуржунни оёқлари орасига қўйиб, ўғлининг юз-кўзидан ўпди ва унинг ёш тўла кўзларини кўриб, юраги гурсиллабура бошлади.
– Эркак дегани кўз ёш қилмайди! Бу кўпга келган тўй, болам! Иншооллоҳ, сизлар у ерга етиб борганларингча, уруш тамом бўлади. Ўзингни тут, болам, ҳушёр бўл! Шерикларингдан узоқлашма!
Қария ўғлига яна пича насиҳат қилишни, кўнглини кўтаришни истарди, лекин бутун вужудини ниҳоятда оғир ҳамда изтиробли ҳиссиёт қамраб олган, ичи тўлиб келаётганди. Шунча ўзини тутишга уринмасин, лекин қўлидан келмади, беихтиёр кўзлари ёшга тўлди. У ўғлининг кўнгли ёмон бўлишидан қўрқиб, озғин, ғадур-будур кафти билан тезда кўз ёшини артиб олди.
– Ризо бобо, кўнглинг тўқ бўлсин, Мирзо шерикларисиз урушга бормайди! Аввал уч-тўрт ой машқ қилишади, жанг қилишни ўрганишади. Ўрганишгач, кейин урушга боришади, – ҳалиги шопмўйлов мелиса қариянинг олдига келиб кўнглини кўтара бошлади, – Ризо бобо, кел, хайр-хўш қилгин-да, йигитга жавоб бер! Тезроқ вагонга чиқиб, қулайроқ жой олсин.
Одамлар тўрт тарафдан ота-ўғилни елкалари билан уриб, суриб-итарганча вагонлар томон чопарди. Бир бурчакдан кимнингдир додлагани эшитилди: “Ҳой одамлар, халтамни ўғирлашди!” Овоз тобора баландлашарди. Қария тўнининг қўйнидан бир неча дона қоғоз пул чиқариб, ўғлининг қўлига тутқазди-да, эгилиб оёқлари тагидаги хуржунни Мирзонинг елкасига ташлади.
– Хайр, сени Худонинг паноҳига топширдим! Агар уруш… урушга олиб кетишса, иложини қилиб акангни топ. – Қария овози бурро чиқиши учун икки-уч марта томоғини қириб йўталди. – Сўраб-суриштир, нима қилсанг-да, акангни топгин! Ўғлим, ҳушёр бўл! Ўзингни йўқотма…
Поезд узоқ ҳуштак чалиб, бир силкиниб тушди-да, сўнг аста-секин ҳаракатга келиб, олға жилди. Қария одамлар тўдаси орасида аёлларнинг нола-фиғонларига чидаёлмай ўзини йўқотишига оз қолди. У не азобда одамлар орасидан чиқиб, орқама-кетин ўтиб бораётган вагонларга гарангсираган ҳолда алланечук бир бепарво қараб тураверди. Охирги вагон ўтиб кетганидан сўнг бирданига миясига бир фикр келди ва ўз-ўзини койиди: “Нега унга акасини кўргани заҳоти тезда хат ёзгин деб айтмадим-а. Йўл бўйи миямдан нари кетмаган бу гапни нега унутдим?” У паришонхотирлигича шериклари билан вокзал ҳовлисидан чиқиб кетди.
Қария Шоҳмансур бозорида тунаб, тонггача мижжа қоқмай чиқди. Минг бир қўрқинчли ўй-хаёл худди вокзал саҳнида кўрган ўша вагонлар каби устма-уст бостириб келарди. У саҳарга яқин ўзида бир оғирлик, карахтлик ҳис қилди. Туриб-туриб бу ҳолатидан асабийлашди, ахир шундай латтадай бўшашиб кетаверса, олис йўлни қандай босиб ўтади, уйига қандай қайтиб боради. Олдинда қалин қор босган, юриш мушкул бўлган узун йўл бор.
Нонушта қилиб олгач, қария эски таниши, овчининг олдига борди. Порох ва сочма ўқ топгач, шериклари билан йўлга чиқди…
…Қариянинг кўзи бирдан какликлар тўдасига тушди. Қушлар дарахт шохларидан енгилгина учиб, пастқамликка тушишди ва қор устида хиромон юрганча, қария томон кела бошлашди. Қария тезда қари арча ортига ўтди ва милтиғининг милидан биротар ўқни олиб, ўрнига сочма ўқ жойлади. Лекин у бу ерга тоғ эчкисини овлаш учун келгани, ўқ овозини эшитган ҳайвонлар узоқ-узоқларга қочиб кетишларини ўйлаб “отсамми ё отмасамми”, дея иккиланарди. “Борди-ю, кун бўйи бирон ўлжа учрамаса-чи? Эчкилар қиш келиши билан баланд-баланд қояларга чиқиб кетади, ўнгирлару ғорларда қишлайди. Ҳозир ўлжанинг ўзи оёқлари билан олдимга келиб турганда, нега энди тайёргина овдан юз ўгирай? Агар икки-учта каклик овлаб олсам, яхши эди-да. Овнинг қоидаси шундай: қаршингдан чиқиб қолган тайёр ўлжани қўлдан чиқарсанг, кейин Худо билади, овинг бароридан келадими-йўқми? Кел, таваккал қила қолай”.
Қария милтиғининг милини какликлар томон тўғрилади ва уларнинг пастқамликдан тепалик устига чиқишини, иложи борича, яқинроқ келишини кутди. У ҳар эҳтимолга қарши рўмолчаси билан нишонга олувчи ёшланган кўзини артди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан бир нечта каклик қария тахмин қилган ерга учиб чиқди. У “ё мададкор” деб пичирлаганча какликларни нишонга олиб, қушлар бир ерга тўпланиши биланоқ тепкини босди-да, тезда ўрнидан туриб тепалик томон югурди. Қария тўрт тарафга суқлик билан кўз югуртириб, қон изини излади, тепалик устини синчиклаб қараб чиқди, лекин ўқнинг нишонга текканини тасдиқловчи бирон-бир белги топа олмади. У анчагача бир жойда маъюс турганча, дилида ўзидан қаттиқ койинди. Ўзидан анчагина четда ва баландда турган азим чўққиларга кўз ташлади. Қариянинг ҳар галги ови ўша ерда бароридан келарди.
У тоғларни, овни соғинса, беихтиёр ана шу тик қоялару азим чўққилар кўз ўнгидан ўтарди. Чунки чойхонага ишга келгач, маҳаллий овчилардан бирининг йўл кўрсатиши ва маслаҳати билан ўша ерга чиқиб, қуруқ қайтмаганди. Аслида кўпни кўрган овчи ҳеч қачон “мана бугун овим бароридан келади ва уйга қуруқ қўл билан қайтмайман”, дея ишонч билан айтолмайди. Зотан овчиларнинг иши ўнгидан келган пайтлардан кўра, бунинг тескариси бўладиган дамлар кўпроқ. Лекин қария мана шу овлоққа келишини ҳар доим яхшилик аломати деб билади ва у ердан озгина ризқ, ўлжа топиб кетишига ҳам ишонарди. Ҳозир жисму жонида бироз қувват, мадори бор экан, ана шу баланд, лекин ўзи забт этган тоғлардан ризқини топишдан умид узмасди.
Қария ана шу умидда олдинги овлоққа узоқ тикилиб турди-да, беҳуда ўқ отгани, қўлидан ҳеч нарса келмаганидан алами келарди. Ўқ овози эчкиларни тоғнинг нариги томонига, янада баландроқ қояларга қочириб юборгани турган гап. Қариянинг назарида қояли камардан ўтиб, эчкилар кетган томонга бориш жуда қийин ва хатарли эди. Шу лаҳза негалигини билмайди, чойхона ва ўзининг йўлига кўзини тўрт қилиб ўтирган оч мусофирлар эсига тушди. Қария чакмони этагининг икки четини орқасига буклаб, қор устига ўтирди ва атрофга хаёлчан боқди. У овнинг барор олиши йўлини изларди.
Қуёш тарқалиб бораётган булутлар орасидан у ер-бу ерда юз кўрсатиб, кунгай қоя ва чўққиларни сариқ рангга бўяётганди. Ўша овлоқ томондан учиб келган бургут оғир-оғир қанот қоқиб, қариянинг устидан салгина четроқдан ўтиб кетди. Қария милтиққа биротар ўқ жойлаб, ўрнидан турди ва яна қорамтир, баланд чўққилар томон йўл олди. У ҳали ўн-ўн беш қадам юрмай қулоғига таниш учоқнинг овози эшитилди. Учоқ қариядан анча пастда, унча баланд бўлмаган адир устидан ўтиб, титраб-силтаниб учиб борарди. Қариянинг назарида учоқнинг учиши қалдирғочнинг парвозига ўхшаб кетди, у қаттиқ шамолга қарши қанот қоқиб учар, шамол уни гоҳ орқага суриб, гоҳ баланд кўтариб, пастга тушириб ўйнарди. Орадан бир лаҳза ўтдими-йўқми, учоқнинг овози ўзгариб, устма-уст икки-уч марта моторининг тақиллаган товуши эшитилди. Ногаҳон учоқ у томон-бу томонига қияланиб, пастга қулади ва тизма тоғлар этагига бориб тушди. Қария тепадан туриб учоқнинг учи қорга қадалганини, орқа томони кўтарилганча пастқамликка ағдарилганини, сурила-сурила пастликка сирғаниб, катта тош ортига урилганини кўрди.
Қария бу манзарага худди туш кўраётгандай, хаёл сураётгандай қараб турар ва нима қилишини билмасди. Агар шу дам учоқнинг ингичка тутуни осмонга кўтарилмаганда, қария яна қанчагача ҳайкалдай қотиб тураверарди. Ана ўша теракка ўхшаган ингичка тутун уни қаттиқ ҳаяжонга келтирди ва қария даст ўрнидан туриб пастга қараб югурди. Лекин ҳаял ўтмасдан, кимдир унинг икки оёғидан олиб ердан кўтаргандай орқаси билан қорга йиқилди. Агар қор остидан туртиб чиққан қиррали тошни кўриб абжирлик билан ўзини четга олмаганда, унга урилиб жар қаърига отилиши мумкин эди. У “ё пирим” деб эҳтиётлик билан ўрнидан турди, қўлидан учиб кетишига оз қолган милтиқни яна елкасига илди-да, йўлида давом этди. У иложи борича тезроқ фалокат юз берган ерга етиб боришни истарди. Энди тепадан туриб хавфсизроқ ва яқинроқ йўлни аниқлаб,тезда чакмонининг ҳар икки четини ортига тўрт буклаб, устига ўтирди. Чакмоннинг учини оёқлари орасидан ўтказиб, бор кучини тўплаб ушлади. Тезроқ пастга тушиш учун сирғаниб-сирғаниб қияликка яқинлашди.
Қария фалокат юз берган ерга етиб келганда, учоқнинг синган кўкиш чап қаноти ва думи пастқамликнинг ҳар томонида сочилиб ётганини кўрди. Учоқнинг олд қисмидан ҳалиги тераксимон тутун ўрнига ҳовурга ўхшаш оқиш тутун буралиб-буралиб баландга ўрлаётганди. Учоқ чўзиқ катта тош ортида ёнбошлаб ётар, унинг ҳар икки ўнг қаноти типпа-тик турарди. “Ё товба, лучук кўринмайди”, – кўнглидан ўтказди қария ва хавотирланганча учоққа яқинлашиб, унинг синган думи ортидан ўтар экан, харсангдан пастроқда қўл-оёқларини ҳар томонга ёзиб, чалқанча ётган одамни кўрди. Қария шошиб унинг олдига борди ва қўлини қорнинг тагидан ўтказиб, оҳиста ағдарди.
Қария ётган одамнинг чеҳрасини кўриши биланоқ бир учиб тушди-да, “аҳ” деганча ўзини орқага ташлади. Унинг олдида ётган одам обком котиби Шоҳин Низом эди. Унинг бетлари қон, шилинган, ҳушсиз ётарди. Қария аввалига бир титраб, сўнг милтиғини елкасидан бир четга қўйиб, чўккалади ва шошганча котибнинг оқ чармли пўстини тугмаларини ечди, кўкрагига қулоқ тутди. Унинг тирик эканлигига ишонч ҳосил қилгач, тезда ўрнидан туриб, анчагина наридан Шоҳин Низомнинг қоракўл терисидан тикилган телпагини топиб келиб, бошига кийдириб қўйди. Котиб ҳалигача кўз очмасдан ётарди. Қария унинг устига эгилиб, зўрға эшитилаётган бўғиқ овозда “Шоҳин, ҳой, Шоҳин” дея қўлларини силади.
Орадан пича вақт ўтгач, Шоҳин бироз ўзига келиб, кўзларини зўрға очди. У бошида бир киши турганини элас-элас кўриб, ҳолсизгина жилмайди, қийналганча оғиз очди:
– Петя, сен тир…
Қария унинг гапини охиргача эшитмай, қулоғига оғзини яқин олиб бориб, юмшоққина, меҳрибонлик билан деди:
– Шоҳин, ҳушингни йиғ. Мени танимадингми? Бу мен. Мен… Ризо! Танидингми? Ризо.
Шоҳин Низом қийналганча киприк қоқиб, нимадир демоқчи бўлди, лекин кучи етмади.
Ўша лаҳза қариянинг карахт, ҳеч нарсани қабул қилмаётган миясига нимадир урилгандай бўлдию, ўзига келиб, эпчиллик билан ўрнидан турди ва Шоҳин Низомнинг чеҳрасидаги маънони уққандек атрофни ҳавотир ила кўздан кечирди. “Эҳ, Петя дегани яна ўша лучук бўлмасин. О, бу жонворни ўша лучуки бу ерга ҳайдаб келгандир-да”, – қария кўнглидан ўтказди.
– Ҳозир, иним, ҳозир. Хавотир олма, лучук деганингни топаман. Иншооллоҳ, шу атрофда, бирон ерда соғ-саломат ётгандир, – Шоҳин Низом эшитсин, дея қария овозини баландлатди.
Қария учувчи не ҳолда бўлса, деган ўйда учоқ томон шошди. Пастдан, қария турган ердан харсанг устида ёнбошлаб ётган учоқнинг ҳар икки ўриндиғини кўриш мумкин эди. Аммо учоқнинг олдинги қисми харсангга тақалгудек яқин турар ва қария ана шунинг учун ҳам учувчининг пастга тушганини кўрмай қолган бўлиши мумкинлигини ўйларди. Учувчининг белидан юқориси учоқдан чиқиб тургани кўринди, у катта тош устида юзтубан ётарди. Кўзойнагининг чап томони синган, тошга ёпишган юзидан ариқчадек оққан қон пастга тушиб қотиб қолганди. Қария унинг устига эгилиб, авзоини кўргач, аллақачон ҳалок бўлганига амин бўлди. Бир зумда унинг бошидан минг бир ўй-хаёл, тахмину гумон ўтди. “Бу қандай баттол, бу қандай қаттиқ кун. Нима қилсин? Биттаси ўлган, иккинчиси тирик… Ахир ўликни тирикнинг олдига олиб бориш яхши эмас… Лекин жасадни бу ерда қолдириб кетиб ҳам бўлмайди. Тунда йиртқичлар уни тилкалаб ташлайди. Нима қилсин, нима? Бунинг чораси битта – тирик одамни иложи борича тезроқ даштга етказиш керак. Ҳа, мана шундай, иним”.
Қуёш булутлар карвони орасидан нур сочаётган бўлса-да, ёқимсиз совуқ шамол бетни чимчилаб-чимчилаб ўтарди. Булут тўдалари орасидан кўм-кўк осмон худди соф, зилол сувли ҳовузлар каби кўзга ташланарди. Қуёшнинг нур сочиб туриши, ҳавонинг юмшаши қариянинг айни кўнглидагидек эди. Чунки қорнинг устки қатлами бироз эриган ва бу ердан пастга тушиш учун қулай шароит яралган эди.
Энди қария учоқни итариб, харсангнинг ёнига тираб қўйишни, учувчи олдинги ерида осмонга қараб ётишини ўйлаб ишга киришди. У шундай қилди ҳам. Аранг ёнбош ётган учоқни озгина итарганди, унинг қорни ерга тегди ва ўнг қаноти иккинчи томонига ётиб қолишига қўймади. Қария тезгина учоқ устига чиқиб, камаридан тешасини олди-да, ўртадаги деворчани синдириб, икки ўриндиқни бирлаштирди. Жасадни авайлаб чалқанча қилиб ётқизди-да, учоқнинг синган қаноти бўлагини олиб, учувчининг устини ёпди. Эҳтиёт юзасидан харсанг ёнидаги иккита кичикроқ тошни тешаси билан кўчириб олди. Бу тошларни учувчининг устини ёпиб турган қанот синиғи устига қўйди. “Яхши бўлди, эртагача тинч ётади. Шўрлик лучук, унинг ҳам хотини, болалари, ота-онаси бордир. Бизнинг ҳаммамиз урушнинг ёқасидан оламиз. Лекин булар куппа-кундузи, тинчгина ерда, урушдан қанча узоқда жабрланишди. Лекин бу воқеа ҳам урушнинг касофати бўлса ажаб эмас. Эҳ, ҳардамхаёл, хўп сафсата сўқиш вақтини топдинг-да”, – қария ичида ўзини койиди. У Шоҳин Низомни қандай қилса озор бермасдан чойхонага етказиб боришни ўйлай бошлади.
Қария обком котибининг ҳолидан хабар олгач, икки қалин арча шохини қирқиб, одам бўйи узунлигида иккита чанасимон тортма ёғоч ясади. Заранг ва арчанинг ингичка шохларини тортма ёғоч устига қатор қилганча зичлаб териб, арғамчилардан бири билан ўртасидан қаттиқ тортиб боғлади. Учоқ қанотининг синган бўлагини чана бўйига мувофиқ қилиб устига қўйди-да, иккинчи арғамчи билан қимирламайдиган қилиб боғлади. Арғамчининг ортиқча учини қирқиб олиб, тортмоқ ясади.
Чана Шоҳин Низомнинг ёнида эгар-жабдуқланган отдек “қамчилашга” маҳталдек турарди. Қария унинг устига энгашиб, ҳушига келтирмоқчи бўлди, лекин Шоҳин Низом кўзларини катта очганча унга ҳайрат билан тикилди:
– Бу сенмисан, Ризо?
–Ҳа, менман, Шоҳин, мен. Яхшиям ўзингга келдинг, қариянинг оёқ-қўли қалтираб, титроқ қўллари билан пўстин тугмаларини ўтқазди-да, Шоҳин Низомдан кўзларини олиб қочди.
– Буни кўр-а… келиб-келиб қаерларда, яна қандай аҳволда учрашдик, – Шоҳин Низомнинг сўзлари узилиб-узилиб чиқса-да, эшитиларди.
– Тўғри айтасан, бу фалокатга қаердан йўлиқдинг, иним. Бирон еринг майиб бўлмагандир? – қария бу гал ҳам унинг юзига қарамасдан гапирди.
– Сен қаердан хабар топдинг? – Шоҳин Низом лабини тишлаб дардли, чуқур нафас олди.
– Мен ҳов анови, юқорида… бирон еринг жароҳатланган эмасми?
– Теша чопгандаги овоз мени ўзимга келтирди. Ўнг оёғимнинг тиззадан пасти ёндираётгандай, омбур билан бураб-бураб олаётганга ўхшайди, – Шоҳин Низом лабини тишлаганча қария томон мадад сўрагандай термулди.
Қария Шоҳин Низомнинг нигоҳидан маъно уқди – унинг азоби оғир, тоқат қилиб бўлмас оғриққа тишини тишига қўйиб чидаётганди. Уни иложи борича тезроқ пастликка олиб тушиши ва дардига дармон излаши зарур.
– Бу чана бўйингга мос, иним. Қани қўлингни бер, ўтира оласанми? Ё пирим! – қария обком котибининг қўлидан тутиб, авайлаганча ўрнидан қўзғатиб, чанага ўтқазди.
Шоҳин Низом жони узилгудек оҳ тортиб, оқ намат этигига қўл чўзди.
– Ризо, оёғим синганга ўхшайди. Аъзои баданим шишиб кетгандай.
– Нима деб ўйлагандинг? Осмондан учиб келиб, ерга уриласан-у бирон еринг оғримас эканми? Ҳалиям толеинг баланд экан, иним, бўлмаса… – қария учувчининг ўлганини айтиб юборишига оз қолди.
Шоҳин Низом қийналганча юзини ортга буриб, йиқилган учоққа аламли назар ташлади-да, хавотирлангача қариядан сўради:
– Петя… учувчи қани? Ризо, ундан хабар олдингми? Тезроқ баландликга чиқиб, уни топ!
Қария ҳозир учувчининг ўлими ҳақида унга айтмасликка қарор қилди.
– Лучукнинг аҳволи оғирроқ бўлгани учун бир шеригим билан олдинроқ жўнатиб юбордим. Кел, тирсагингга таяниб, чанага чиқ, мен пастдан аста оёқларингни кўтараман, – деди Қария Шоҳин Низомнинг ёнига чанани яқинлаштирар экан.
– Ризо, бундай қилолмаймиз. Қорни пича олиб ташлаб, чуқур яса, чанани ўша ерга қўясан. Мен сирпанганча осонгина чанага чиқиб оламан, – оғриқ кучайди шекилли, Шоҳин Низом яна лабини тишлади, юзини буриштирганча жимиб қолди.
Энди Шоҳин Низом чана устида узала тушганча ётар, оғриқ кучли эканлигидан тез-тез “ум-м”ларди. Қария эса, арғамчининг ортиқча учларидан кесиб олиб, ўртасидан учга бўлди-да, чанадан ўтказиб, тугун боғлади. Чана пастга тушаётганда сирпаниб кетадиган бўлса, обком котиби йиқилмаслиги учун иккинчи арғамчини унинг оёғию белидан ўтказиб боғлади.
Қария эҳтиётлик билан чанани пастга тортиб борарди. Қиялик ва пастликларга тушаётган пайтда чана ботиб қолмаслиги ё ағдарилмаслиги учун қор эриб, мулойимлашгани айни муддао бўлганди.
– Шўрлик Петянинг учишга кўнгли бўлмаётганди, – Шоҳин Низомнинг қария қулоғига етган товушини тушуниш қийин эди.
– Лаббай?
– Учувчи учишни истамаганди, норози эди, дейман. Шўрликнинг юраги сезган эканми. Мен мажбур қилдим.
– Фалокатга бир нарса деб бўлармиди.
– Мажлисга кеч қолмай, дедим. О-о, агар ҳар бир киши нима бўлишини билганда эди, – Шоҳин Низом қарияни иложи борича кўпроқ гапга солишни истарди. – Ризо, бу ерга қандай келиб қолганингни айтмадинг, ё айтган бўлсанг, мен эшитмадимми… Нима, чойхонада учоқнинг йиқилганини кўриб, ёрдамга югурдингми?
– Э, иним, чойхона қаерда ётибдию, биз қаердамиз? Мен овга чиққандим. Бирон ўлжа отиб олиш билан ўтин қилиб кетиш ниятим бор эди.
– Ризо, учувчини ким олиб кетди?
– Лучукни… менинг шеригим … бошқа бир овчи.
Қария ёлғон тўқиётгани учун ўзини айблади. “Қани энди бу ерда гапнинг тўғрисини айта олсам. Ҳали пастга тушганимиздан сўнг яна лучугини сўраб қолса, унда нима дейман? Нима ишларни қилдинг-а, иним…”
Шоҳин Низом оёғининг зирқираб оғриши пасаяётганини, энди зарб еган ва яна бир неча ери олдингидай қаттиқ эмас, балки игна санчаётгандай оғриётганини ҳис қилди. Аъзойи бадани ҳам боягидек ёндираётгандек оғримас, кўкрагини ҳаловатбахш бир ҳис қамраб олаётгандек эди. “Наҳот бунинг ҳаммаси ўлим аломати бўлса. Балки ҳаво совуқлигидан одамнинг бадани карахтлашиб, оғриқ енгиллашар?”– у алланечук бир хотиржамлик билан фикрларди. Киприк қоқиши оғирлашиб, кўзлари юмилиб борарди. Лекин ҳозир у ихтиёрини уйқу ҳукмига топшириб қўйишни истамас, кўнглининг бир четида ваҳима, чўчиш ҳисси ғимирлаётганди. Устма-уст бир неча марта йўталиб, уйқуни қочирмоқчи бўлди. У энди кўпроқ гапиришни, дилини ёришни истарди. Икковининг орасида айтиладиган гаплар бор эди. Лекин, наилож, кўп гапирай деса, олдинги мадори йўқ. Ана кўз ўнгига бир-бири билан алмашаётган паст-баландликлар, қоя ва ён бағирлар югуриб келди. Юраги шувиллаб, орқага тортгандай бўлди. Петяга нимадир демоқчи бўлар, лекин айта олмасди. Қулоқларига ҳам қулф осилгандай. Нимадир учоқни тўхтовсиз пастга тортади. Ана юраги узоқ-узоқ дукиллаб урди…
Шоҳин Низом жони узилгудай дардли оҳ тортди. Қария чананинг учини тошга тиради ва Шоҳин Низомнинг бошига келди. Унинг миннатдорона ҳамда илтижоли нигоҳидан таъсирланди. Лекин яна унинг нигоҳидан кўзларини олиб қочди.
– Тоқат қил, Шоҳин. Озгина қолди, яна бирпасдан сўнг пастга тушамиз. Нима, оёғингнинг оғриғи зўрайдими? – деди қария чананинг ўртасидан боғлаган арғамчини бироз бўшаштириб.
– Оғриқ кучайганда қани эди, кўзларимдан уйқу қочган бўларди. Ризо, ҳой, Ризо!
– Лаббай!
– Нега тилингни ичингга ютиб олдинг? Ризо, биламан, сен мендан қаттиқ хафа бўлгансан. Кел, дардимга шерик бўл… кел, юрагимизни ёрайлик, Ризо, – Шоҳин Низом қариянинг кўнглидан эски гина-кудуратларни ювиб ташлашни истади.
– Қўй, ҳозир бу гапларнинг мавриди эмас, иним. Пастликка тушиб олайлик, кейин…
– Пастликка етиб боришим даргумон, Ризо, – Шоҳин Низом тоқатсизланиб тезда қариянинг оғзидан гапини олди. – Юрагимни қоронғилик босяпти. Хў-ўш, оиланг тинчми, Ризо?
Қария чанани тошёнидан сурди ва бир оз ўйга чўмгач, бепарвогина деди:
– Уруш кетаётган бу замонда қайси бир оилада ҳаловат бор, иним. Икки йил бўлди, Расулжон…
– Кетганидан хабарим бор, – қария тезроқ мақсадга кўчиши учун Шоҳин Низом яна гап қўшди.
–Ўтган ҳафта икки қўлимни кўксимга қўйганча Мирзони Душанбега олиб бориб, поездга ўтқазиб юбордим. Шўрлик ўғлим эндигина ўн еттига тўлганди, – қариянинг овози титради ва оҳ тортиб, узоқ жим қолди.
– Буни қара-я, у хурсандчилик кечагина бўлгандай. Ўша куни мен Душанбедан келгандим, – Шоҳин Низом йўталиб олгач, гапида давом этди. – Янги меҳмон уйингни тўлдириб, тўй бераётганингни эшитдим. Сен Даврон икковимизнинг тўйингда қатнашганимизни билмайсан, Ризо.
– Нима? – қария бир учиб тушгандай бўлиб, чанани тўхтатди-да, ортига бурилди. – Шоҳин, кел, ҳазилингни қўй. Ёлғон гапирма! Тўйда Давронни кўргандим, сени кўрганим йўқ.
– Бор эдим, ишон, Ризо! – Шоҳин Низомнинг лабига кулги югурди ва бироз ўйланиб туриб, яна гапида давом этди. – Давронни бошлаб ичкари кирдим-да, кўнглим тусаб-тусаб ҳовлингни икки марта айландим. Одамларга “тўйхонадан чиқдим”, дедим. Тўйхонага киришни, қувончингга шерик бўлишни истардим. Лекин яна андиша қилдим, мени хафа қилишингни, чоқ таъбингни ҳам тирриқ қилишингни ўйладим.
Кутилмаган бу гапни эшитган қариянинг авзойи ўзгариб, ранг-қути ўчди. У беихтиёр арғамчини қаттиқ силтаб, таранг тортди. Чана қияликдан тез пастлаб кетди.
– Буни қарагин-а. орадан ўн саккиз йил ўтса-да, ҳалигача юрагингда алам бор экан…
Қариянинг қовоғи осилди. Юзини чап елкаси томон буриб, устма-уст икки-уч марта бош силкитди. “Ажаб дунё, ажаб дунё. Одамнинг кечаю кундузи тушдек, хаёлдек ўтиб кетаркан”– пичирлади қария. Энди пастки лабига устма-уст тишларини ботирди, кўз қарашини узоқ теварак-атрофдан тортиб, йўлидаги бир нуқтага тикди. У яна хаёл оламига шўнғиди…
…У агар эсидан чиқмаган бўлса… ҳов анови қўшни қишлоқдан отга миниб келарди. Камарида тўппонча ва қилич осиғлиқ. Ўша пайтлар ана шундай қуролланиб юрарди. Замон нотинч эди. Қўшни қишлоқда тунда аксилинқилобчилар муаллим билан бир шўро командирини қатл этишганди. Ваҳшийларча. У изтиробли юраги зирқираб, алами ошиб-тошиб келарди. Йўл четидаги боққа етмасдан, қаршисидан ўнг тарафдаги қўшниси Карим қувончидан қўлларини силкитиб, чопганча келди. “Ризо, суюнчи бер, суюнчи, ўғилчалик бўлдинг”, – деди у. Ризо бу хушхабарни эшитиши заҳоти уйи томон от чоптирди.
Қария ўша 1926 йилда қирқ саккиз ё қирқ тўққизга кирганди. Агар адашмаса, Шоҳин Низом ундан тахминан олти ёш кичик эди ва ўша пайтда у туман ревкоми вазифасини ўтарди. Ана ўшандан бир йил олдинроқ қария ва Шоҳин Низом ўртасида келишмовчилик келиб чиққанди. Бу низо ҳар иккови учун ҳам бир неча еридан туғилган неча йиллик бош-кети йўқ муаммодек кўринарди. Лекин нима бўлганда ҳам ушбу дилхиралик қария учун жуда оғир бўлиб, қимматга тушди. Фарзандининг тўйига ҳеч кутилмаганда Шоҳин Низомнинг келиши ҳам шу сабабдан бўлиши мумкин. Лекин ахир… уни ҳаваси келганми, оёғи тортганми-бошқами, тўйга келишга нима мажбур этган? Гапнинг тўғриси, бу бир муаммо эди. Балки янги айб ва гуноҳларни тўплаб келиб, оёқларимга ўраб кетиш учун келгандир? Агар шундай бўлмаганда, менга қанча таъна ёғдириб, дўст-душман орасида уялтирганидан кейин яна юзига қалин тери тортиб, ҳеч нарсадан тап тортмасдан ҳовлимга келиб, тўйимдаги хурсандчиликларга шерик бўлишга нима ҳожат эди?
– Ризо, сўзларим жавобсиз қолди. Ё оғзингга сув олганмисан? Сен ҳеч ўзгармадинг-да, – анчагача жимликдан сўнг Шоҳин Низом паст ва титраган овозда сўзлаб, қарияни суҳбатга тортмоқчи бўлди.
Қария узоқ-узоқдан ўзи учун аён бўлмаган ва аҳамиятсиз овозни эшитгандек: “Ҳм-м, гапир, ҳаммаси қулоғимда”, деди базўр товуш чиқариб, лекин бошқа ҳеч нарса демасдан яна ўша олдинги хаёл денгизига ботди.
…Ўтган ўн саккиз йил орасида орамизда на салом-алик, на борди-келди бор эди, у зиғирча бўлса-да, бирон марта мен ҳақимда ўйлаганмикан? Шунча йиллар давомида бизнинг келишмовчилигимиз ва орамиздаги низо сабабини ўйлаганмикан, ўз-ўзига у нимадан келиб чиққан эди, дея савол берганмикан? Икки кишининг жанжали оқибатида ўша пайтда ҳамма учун азиз бўлган бир инсон қанча азият чеккани, хўрланганини ўйлаганмикан? Ҳа, бу ғужғон ўйлар мени тинч қўймасди. Ҳар гал эслаганимда алам ва умидсизликдан ўзимга ёпишардим. Осон эмас, ука, осон эмас. Сен ўта бераҳм, тошюрак балиқчи тўрига илинган балиқ мисоли эдинг. У шафқатсиз балиқчи сени қирғоққа ирғитиб юборганди. Ирғитди-ю, ортига қарамасдан кетаверди. Сен тупроқу лойга беланиб, бир ерда типирчилардинг…
– Ризо, сен нега намунча ўз-ўзингга ғудуллаб, чакагингга зўр беряпсан? Икки-уч марта гап қотсам, қулоқларингни карликка солиб, тилингни ичингга ютяпсан. Худо инсоф берсин, Ризо! – Шоҳин Низом бу гал кучи борича овозини баландлатишга уринар, гап оҳангидан малол келгани сезиларди.
Қария ортига қайрилиб қаради-да, Шоҳин Низомнинг гина аралаш сўзларидан хулоса чиқардими, қадамини бироз секинлатди. Лекин яна оғиз очмасдан, жим кетаверди. У ҳамон бошида айланаётган ўйлар таъсирида ҳаяжонланар, мияси қизиб борар ва ҳозир ўзи учун қимматли бўлган хотиралар ипининг узилишини истамасди.
…Илгарилари Дармон қишлоғидан жуда кўп ёшлар Фарғона водийсига ва Ўрта Осиёнинг бошқа шаҳарларига пахта заводларида ишлаш учун боришарди. Ўрта Осиёнинг ўша пайтдаги йирик пахта заводларидаги энг оғир, сабру тоқат талаб қиладиган ишлари асосан тоғлик алпқомат, меҳнатдан қўрқмас тожик йигитлар зиммасида эди. Ўрта Осиёдаги ишчи синфининг бир катта қатламини ана ўша “Одина” деб аталадиганлар ташкил этарди.
Йигирма икки ёшли, қад-қомати келишган йигитлик пайтида унинг кўнглида Фарғона ё Когон тарафларга бориб, бирон-бир ишлоққа ишга кириб, пул топиш орзу-ҳаваси пайдо бўлди. Чунки у томонларда ишлаб, қишлоққа қайтиб келаётган одамлар бир дунё қисса ва кечинмаларни минг хил рангга бўяб ҳикоя қилишар, Самарқанд ва Бухородек афсонавий шаҳарлардаги кўрган-кечирганлари, сайру саёҳатларини эшитган ёш йигитчаларнинг оғзи очилиб қоларди. Албатта, буларнинг ҳаммаси қишлоқ ёшларига таъсир қилмай қолмасди. Бундан ташқари тоғликлар орасида бир одат бор эди – ҳар бир йигит ақалли икки йил ғарибликнинг оғирликларини бошидан кечириши, машаққатли меҳнат ҳисобига ҳаётнинг қадрига етиши ва шу орқали бир бурда нонини миннатсиз ея олиши зарур эди. У ёғига машаққатли ўнқир-чўнқир йўллар ва ҳаёт қийинчиликларига тўла сафарни кўнгиллари тусаб қоларди.
Қишлоқда йўқчилик, камбағаллик боис вақтида тўй-сур қилиб, уйлана олмаётган йигитлар кўп эди. Ана шу сабабли ҳам уларнинг кўпчилиги ғарибликка, сарсон-саргардонликка юз тутиб, ҳаёт, олам билан одамга нисбатан қарашлари, фикрлари ўзгариб борарди.
Қариянинг эсига ўша йиллар Дармон қишлоғидаги келбатли, ҳаммадан обрўлироқ бўлган Аловиддин саркор келди. У қишлоқдаги кўплаб одамлар, жумладан, Ризонинг ҳам тақдирини ўзгартиришга сабаб бўлган инсон эди. Унинг Фарғона водийсида, у ердаги саноат қишлоқлари бошлиқлари орасида айниқса, обрўси баланд эди. Кўпчилик мардикорларни унинг тавсияси билан ишга олишарди. Ана ўша саркор баҳор кунларининг бирида Ризони ота-онасининг истагига кўра, Фарғонага олиб борди ва пахта тозалаш заводига ишга жойлаб қўйди. Ота-онасининг режасига кўра, Ризо Фарғона томонларда бир ярим-икки йил ишлаб, тўйга ва келиннинг сепига етарли пул ишлаб, қишлоққа қайтиши керак эди. Уларнинг айтганларидай бўлди. Ризо икки йил Фарғонада ишлагач, янги кийимлар кийиб, қанча юк олиб, қишлоққа қайтди. Бир неча кунгача қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар уни кўргани келишди ва кўпни кўрган қариялар иложи борича тезроқ тўй тараддудини кўришни маслаҳат беришди. Ризонинг пешонаси шўр эканми, бир ҳафта ўтмасдан келин бўладиган қиз ўлиб қолди. Бу ҳодисадан сўнг Ризо анчагача нима қиларини билмасдан қайғуга ботиб юрди-ю, юраги қаттиқ зирқираганча яна Фарғона томон йўл олди. Ризо бу гал роса уч йил у томонларда қолиб кетди. Ўрта Осиёнинг кўпгина шаҳарларида бўлар экан, Ризо у ердаги катта-кичик ишлоқлар билан танишди, ишчилар, ишбошилар билан дўстлашиб кетди. Иккинчи бор Дармон қишлоғига қайтиб келганидан сўнг Шоҳин Низом у билан сафарга чиқиш ихтиёрини билдирди. Шу тариқа улар аввалига Қўқон ва Фарғонада, сўнгра Марв ва Тошкентда иш қандай оғир бўлмасин, бажариб юраверишди. Ризо Шоҳин Низомни кўплаб дўстлари, ўртоқлари билан таништириб, унинг кўнглида меҳнатсеварлик, ҳақиқатни ёқлашдек ҳисни уйғота олди. Улар биринчи марта ўша мусофирликда юрган йиллари Русия империясидаги фабрика ва заводларда ишчилар ғалаён қилишаётганини эшитишди ва бу ғалаёнлар тўлқини Бухоро амирлиги ҳамда Туркистонга ҳам етиб келди.
Қариянинг эсига яна турли миллатдаги ишчиларнинг бошлиқлари ва катта-кичик бойларга қарши уюшганлари, қўзғала бошлаганлари келди. Бу ғалаёнлар ва ишчиларнинг бирлашишларига ўша кезларда фаол бўлган рус ишчилари, Самарқанд, Бухоро ва Хўжанд аҳолиси қолаверса, Туркистондаги айрим туманларнинг дунёдаги қўзғолонлардан хабардор бўлган инсонлар таъсири бўлди. Мардикорлар тўхтовсиз тарғиб-ташвиқотлар таъсирида шусиз ҳам қалқиб турган амир тахтини ағдариш, ўзлари учун мувофиқ ҳаёт қуриш йўлида қайноқ қонларини тўкишга ҳам тайёр эдилар. Ана шу кезларда Шоҳин Низом ўзанини топиш учун ўзини тоғ-тошларга ураётган сув мисоли атрофда бўлаётган ҳамма воқеаларни англаб етиш ва ишчи ҳаракатлари мақсад-маромини тушуниш учун интиларди. У кўпгина яширин йиғин ҳамда мажлисларда қатнашар, давру замон воқеаларининг асосий моҳиятини тушуниб олишни истарди. Уни жону жигаридек яхши кўрадиган Ризо Шоҳин Низомнинг бундай интилиш, ҳаракатларидан баъзан чўчиб қоларди. Чунки бу орада ҳамкорларидан қанчаси таъқибга учраб, қамоқхонага ташлангандилар.
…Дарахт тўнкасига урилган чана ҳам қариянинг бирдай кечаётган ўй-хаёлларини буза олмади. Унинг бутун эс-ҳуши ўтмишдаги серташвиш, фожиага тўла воқеаларга берилган эди…
Бирдан кўз ўнгида Бухорони забт этиш учун келган рус аскарларининг тўпу милтиқлари амир ўрдаси томон йўналгани худди кечагидек намоён бўлди. “Маишатга берилиб кетган” деб айтиладиган амир жон талвасасида тахту салтанатини ташлаб, Ҳисори Шодмон томон жўнаб қолади. Бухоро ишғол этилгандан сўнг, Ризо ва Шоҳин Низомни бир гуруҳ аскарларга қўшиб амир сарбозларини ва Русия инқилобига қарши турган одамларни тугатиш учун Ҳисор водийсига жўнатишади. Аксилинқилобчилар тор-мор этилганларидан сўнг Шоҳин Низомни ревком вакили сифатида Ҳисорда олиб қолишади. Ризони эса, қизил аскарлар гуруҳига қўшиб, бошқа қуролли тўдаларни таъқиб этиш учун ўзи туғилган туманга жўнатишади. Ризо у ерда уч йилгача ревком раиси муовини бўлиб ишлайди.
1923–1924 йилларда бу водийда қайтадан ташвиш ҳамда нотинчликлар юзага келди. Эсида… эсида – Шўролар ҳокимиятига қарши бир тўдани таъқиб қилиш пайтида, уларни Хоса тизма тоғлари томон қувиб боришаркан, вакил билан гаплари қаттиқ қочиб қолди. Ўша вакил сомон ғарами ортидан салла ўраган қарияни судраб келиб, “ана босмачини қандай отиб ташлашади”, деганча чолнинг пешонасини нишонга олди. Ризо абжирлик билан қиличининг орқаси билан вакилнинг билагига урди ва тўппончадан отилган ўқ хато кетди. Ўшанда Ризо вакилга қилаётган иши хатолигини, маҳаллий одамларнинг кўпчилиги салла ўраб юришини ва салла ўраш ҳали “босмачи” дегани эмаслигини, исботламасдан туриб инсонни ўлдириш нотўғри эканлигини айтди. У қария қизил аскар кимлигини ҳам яхши билмас, қўрқувдан ҳовлисидаги сомон ғарами ортига яшириниб олганди. Айрим содда одамларнинг ана шундай ҳаракатлари таҳқир ва озор бериш, отиб ўлдириш боиси бўлармиди! Ана шунда Ризо билан вакил ўртасида бошланган совуқлик кейинги воқеа ва ҳодисаларга, қариянинг ҳаётига ҳам таъсир қилиб турди.
1924 йил охирларида Шоҳин Низомни туман ревкоми раиси қилиб тайинлашди ва ўша вакилни Ризонинг ўрнига муовин қилишди. Ризо аҳоли орасида алоҳида обрў-эътиборга сазовор бўлгани учун уни тоғнинг кунгай томонларидаги қишлоқлар жамоат кенгаши раислигига тайинлашди. Бу орада бир неча ой ўтди ва фавқулодда, ҳа, фавқулодда…
…Қария йўлида кутилмаган ажойиб-ғаройиб нарсани кўргандек шартта жойида тўхтади. Чана оҳиста сурилиб келиб, этигининг орқасига урилди. У тезда ортига қайтиб, Шоҳиннинг устида тик тураверди.
– Шоҳин, ҳо, Шоҳин, – деди қўққисдан овозини баландлатиб қария.
Шоҳин Низом ҳолсизланганча, ғамгин кўзларини очди.
– Оғриғинг пасайдими, Шоҳин? Сен ҳам жимиб қолдинг, – Шоҳин Низомнинг лабларига табассум озгина мойил бўлганини кўрган қария жиндек руҳланиб, бир четга омонатгина ўтириб, чеккага қараганча гапида давом этишни истади. – Билмадим, ҳозир мавридими ё йўқми…
– Мавриди, Ризо, айнан ҳозир мавриди, – Шоҳин Низом қариянинг мақсадини англагандай ҳолсизланганча гап бошлади. – Лекин сен ҳозир мен учун ўта азиз бўлган ширин хотираларимдан шафқатсизларча айириб ташладинг.
– Ҳа, иним, хотираларинг сен учун ширин бўлса, менга аччиқ..
– Умримизни яхшими, ёмонми бирга ўтказганлигимиз ҳақидаги хотира ҳар биримиз учун тирик бир гувоҳ, – Шоҳин Низом қуруқшаб ёрилган лабларини тили билан намлаб, оғир, ғамгин нигоҳини қария томон қадади. – Ризо, хў-ўш, эсингдами, мени не азобларда Қўқону Фарғонага олиб боргандинг?
“Мақсадимни сезиб, гапни буришини қара”, – Шоҳиннинг гаплари ёқмаган қариянинг хаёлидан шу фикр ўтди.
Шоҳин Низом пастгина, ҳазин бир товушда гапида давом этди:
– Бир кун-уззукун Самарқандни бошдан-оёқ кўрсатгандинг. Эсингдами, қайтишимизда…
– Қайтишда нима бўлганди? – қария суҳбатдошининг гапини бўлди ва сўз жиловини қўлга олишга уринди.
– Шошмагин, Ризо, сабр қил. Сен бошқа гапиришни истамаган пайтинг, афтидан, мен пинакка кетибман. Қизиқ, ўша Қўқон ва Фарғона томонларга боришда оғриб қолганим шундайгина кўз олдимдан ўтди. Туш десам, ҳеч бир тушга ўхшамайди. Хў-ўш, ўша чойхонанинг бир четида тўрт кун иситмалаб ётганим эсингдадир? Бир кеча-кундуз бутунлай ўзимдан кетиб ухлабман, кўзимни очиб, ташвишли чеҳрангни кўрдим. Кўзларинг ич-ичига ботиб кетганди. Лекин бир зумда кўзларинг порлаб кетганини, юзинг тандирдан янги узилган патирдек қизарганини кўрдим. Ризо, биласанми, ўша лаҳза сенинг чеҳрангга боқиб, ота-онамни, Дармоннинг соф осмонини кўрдим. Юрагим қинидан чиқай деди. Назаримда, қарашларинг ўта мулойим ва меҳрибон, чеҳранг ниҳоятда ёқимли эди. – Шоҳин Низом кўзларини қисиб, роҳатланганча узоқ жилмайди.
Қария унинг юзига бир кўз қири билан қаради-да, ўйга толганча соқол толаларини бармоқлари орасига олиб, ўйнай бошлади. Энди у Шоҳин Низом гапларининг давомини берилиб эшитишга тайёр эди.
– Буни қарагин-а, бошимга оғир фалокат келган куни ҳам кўзимни очиб, яна сени кўрдим, Ризо. Минг дариғ, шунча йилгача… “ум-м”… – Шоҳин Низом юрагидан оғир оҳ чиққач, лабларини тишлаб, жим қолди.
Қария у билан бирга ишлаган йилларида кейин орага тушган кўнгил қолиш, уларни ўн саккиз йилдан кўпроқ вақт айирган совуқчилик ҳақида гап очилишини маҳтал бўлиб кутаётганди. У бир зумгина олдин Шоҳин Низомни ҳаяжон ва изтиробга солган ўша бир гапни, биргина ўша нозик гапни ойдинлаштиришни истарди.
– Гапимни эшит, ука! Қисқагина гапираман. Ҳов, сен қайтиб келиб, ревком раиси бўлганинг, мен бўлсам, жамоат кенгаши раиси бўлганлигимни айтяпман. Гапимни эшитдингми?
– Гапир, Ризо! Хў-ўш… – Шоҳин чўзиб сўзлаганча юзини қария томон бироз бурди.
– Агар, эсингда бўлса, бир куни уйимга келиб, мени туман марказига олиб кетишди. Роса кўп таҳқирлаб, қийнаб ўн кун қамаб қўйишди.
– Хў-ўш!
– Майли, айтайлик, бу сенинг айбинг билан эмас. Лекин сен мени беш қўлдек билардинг-ку! Бунга қандай юзинг чидади? Қандай қилиб ўша уйинг куйгур муовиннинг гапига кириб ижозат бердинг? – деди қария ғазабини зўрға босиб.
–Ўзинг гап очдингми, энди эшит! – Шоҳин Низом безовталанганча овозини аранг баландлатиб гапга тушди. – Ўша воқеадан кейин сен бирон марта олдимга кирмадинг. Кирганингда ҳамма гапдан хабар топардинг. Сен ўзинг амакиваччангга милтиғингни берганинг ҳақида далил топиб келишди.
– Бир номарднинг туҳматини ишончли далил дея ҳисобладингми?
– Милтиғингни йўқотганингдан кейин ўша заҳоти нотинчлик бўлгани далил эмасми? Эшит, гапимни бўлма, – Шоҳин Низом чуқур нафас олиб, қуруқшаган лабларини ялаганча тўхтаб-тўхтаб гапира кетди. – Амакиваччаси Ризонинг милтиғини олгач, довон ошиб, босмачиларга қўшилиб кетди, дейишди. Биз ҳаммамиз хавотир олдик. Мен ишонмадим, лекин ўзини бу ерга олиб келиб сўранглар, мен келгунимча ҳибсга олманглар, дея буйруқ бергандим. Чунки ўша куни мен шошилинч Душанбега кетдим. Ўн кундан кейин келиб, тезда озод қилинглар, дедим. Хў-ўш, шундай бўлмаганмиди?
– Озод қилишгунча муовининг менга нисбатан нималар қилмади. Кек сақлайдиган экан у, кекчи! Сен иккимиз орамиздаги гаплардан, урушиб қолганимиздан хабардор бўла туриб, мени унинг қўлига топширдинг, – қаттиқ ҳаяжон босганидан қария тез-тез, титраганча гапирарди. – Унга Худо берганди. Қишлоқдан унинг бир қаттол душманини олиб келишди-да. Икки қўли боғлиқ, арава устига ўтқазилган. Сўроқ пайтида на гапларимга, на қасам ичишимга ишонди. Озор берди. Мен унга, эй, ука, амакиваччам отаси билан гапи қочиб, Душанбе тарафларга кетворган, дея тушунтирдим. У ерга одам юбориб, гап нимадалигини аниқла, халойиқнинг олдида мени хўрлама, дедим.
– Сен ҳозир менга ишон, Ризо, бир нарсани яхши тушунмаяпман. Ўша милтиқ қандай қилиб амакиваччангнинг қўлига тушиб қолди? Ё ўзинг ов қилиш учун берганмидинг, хў-ўш?..
–Ўшанда бор гапни оқизмай-томизмай айтгандим. Буни яна сен учун, юзимни қиблага буриб айтаман. Ўша кунлари Ҳасан мастнинг ити қутурганди. Ҳамма эшик-туйнугини беркитиб олган, кўчага чиқишга ҳеч кимнинг юраги бетламасди. Мени қидириб топа олишмабди, қўшни қишлоққа кетган эдим-да. Амакимнинг ўғли Иззат ноилож уйимдан милтиқни олиб чиқиб, қутурган итни отиб ташлабди. Ўша пайт кимдир унга “Иззат, юзинг қора бўлди, ўлдинг! Ризо ака келди”, деган экан, – қария Шоҳинга гапларимни эшитяптими-йўқми деган ўйда қаради. – У қўрққанидан ҳовли четидаги қамиш деворнинг бир новдасига милтиқни илиб, қизчамга “Онангга айт, милтиқни уйга олиб кириб қўйсин”, дебди. Бола эмасми, ақли йўқ қизим унинг гапини унутиб қўйибди. Тунда келиб, бу воқеадан хабарсиз уйқуга кетдим. Иззат эрта саҳарда, ҳали кун ёришмасдан, Душанбега қараб кетибди. Бўлган воқеанинг бори шу. Менимча, ҳаммасини биласан.
– Биламан? – Шоҳин Низом тиржайди. –Ўша пайтда мен фақат бир нарсани билардим – бир неча кун ўтиб милтиғинг топилган, лекин амакиваччангнинг дом-дараги йўқ эди. Шунга қарамасдан, Душанбедан келдиму, сени озод қилдим. Мени кўрмасдан туриб кетмасин, дея тайинладим. Эҳ, сен эса, йўл-йўлакай бўлса-да, идорамга кирмадинг. Хў-ўш?
– Менга шунча азоб беришгач, кўнглим совугандан кейин қайси юз билан сенинг олдингга борардим. Менинг қадрим, оғайнилигимиз қадри қаерда қолди, дедим ўзимга-ўзим. Наҳотки қишлоқдаги ёмон гумонларга борадиган бир одамнинг “Фалончининг милтиғини амакиваччаси олиб, босмачиларга қўшилиб кетди”, деган гапи ҳужжат бўлиб, менинг гапим инобатга олинмаса? Отаси беш кундан кейин Иззатни Душанбедан топиб келди. Бироқ ҳеч ким ўша муовинингга “туф сенга, лаънат”, демади.
– Менга ишонгин, Иззатни Душанбедан топиб келишганидан хабарим йўқ эди. Лекин ўшанда мен муовинимга қаттиқ танбеҳ бергандим. Бир неча кундан кейин Дармонга бориб, ҳовлингга кирдим. Сен эса, келганимни билиб, астагина ғойиб бўлдинг. Шундай эмасми? – Шоҳин Низом саволига жавоб кутиб, юзини секин қария томон бурди.
– Ҳа, шундай қилгандим, иним, – қария ҳалиги шаштидан тушиб жавоб берди. – Бу иш фақат сенинг буйруғинг билан бўлганига мени ишонтиришганди. Сен рози бўлмаганингда, мени қамаб қўйишмасди.
– Юрагингга шунча дарду ҳасратни сиғдириб юра олибсану, мени бир мартагина кўришга куч топа олмабсан-да. Агар билсанг, шундай қилганингда, на сенинг, на менинг юрагимда кудурат қолган бўларди. Хў-ўш, Ризо менга ишонгин, муовиним икковинг ораларингдаги муносабат, жанжалдан қилдек хабарим йўқ эди, – Шоҳин Низом устма-уст икки-уч марта чуқур нафас олди ва яна хастаҳол гап бошлади. – Қарасам, мендан ҳазар қиляпсан, юзма-юз бўлишни истамайсан, наилож, дедим. Бир кун эмас-бир кун ҳақиқат қарор топади.
– Лекин, ука, сен айтган ўша бир кун ўн саккиз йилгача ноз қилди.
– Кимнинг айби билан? Сенинг айбинг билан, Ризо. Ана энди, нима учун ўғлингнинг тўйида тўйхона атрофида айлана-айлана, ичкарига кирмаганимни тушунгандирсан? Мен сенга ишонганим учун у ерга боргандим, – Шоҳин Низомнинг овози титраб, бўғзида тиқилиб қолди.
Қария орқасида оғир юк кўтаргандай қийналиб ўрнидан турди-да, ўйланганча йўлга тушди. Энди, қор анчагина эриганди, қария чанани ён-бағирликдан авайлаб пастга туширди-да, қолган қинғир-қийшиқ йўллардан осон ўтишни ўйлай кетди.
Шоҳин Низом ҳақиқатни – аслида нима бўлганини қарияга бир илож қилиб тушунтира олгач, иккисининг суҳбати қандай тарз олганини кўриб, вужудида бир ажиб енгиллик, осойиш ҳис қилди. Гарчи бундан кўп гапиришнинг имкони йўқлиги, ўзини қийнаб қўйиши мумкинлигини билса-да, ҳозир у юрагини тўкиб солишни истарди. Чунки қариянинг кўнглида бошқа бир шубҳа, гумон кезиниб юргандек, лекин нима сабабдандир уни айтгиси келмаётганди…
…Қария қовоғини уйиб, юзини чап елкаси томон бурди-да, бошини устма-уст икки-уч марта тебратди. “Ажаб дунё, ажаб дунё. Одамнинг кечаю кундузи тушдек ўтиб кетар экан”,– пичирларди у. Энди пастки лабига тишларини устма-уст ботирди, узоқ-узоқ теваракдаги нигоҳини йиғиштириб олиб, йўлидаги бир нуқтага қадади. У яна хаёл оламига чўмди…
…У кейинги воқеаларни бутун икир-чикирлари билан эслайди. Ҳа, бутун икир-чикирлари билан. Ўша кечинма ва хотиралар кейинги ҳаётингга, тақдирингга шунчалик қаттиқ боғланиб кетган эканмиди, ҳеч бир хаёл чодирингдан ташқарига ирғита олмаяпсан? Қария гоҳида “бирон нопок руҳ ўзи учун оғир ҳамда қистовга оладиган бу ўйларини, хотираларини вақт-вақти билан қасддан эсига тушириб, унинг алами келиши, ғазабланишидан завқ оладими”, деган гумонга борарди. Ана тағин… йў-ўқ, йўқ, яхшиси у ҳақда ўйламайди, ҳа, ўйламайди. Бор эканда, йўқ экан…
Ёз, арпа пишиғи фасли етиб келди. Ризо бугун Дармондаги гапга тушунадиган уч-тўрт нафар қария-ю эркак билан маслаҳатни пишириб, ҳашар йўли билан баланддан, тоғ устидан бир тегирмон сув оқадиган катта ариқ қазиб келиш фикрида эди. Чунки бутун ёз бўйи одамлар сувга талашиб, бир-бирлари билан ёқалашишгача боришар, кимнинг кимдандир кўнгли қолар, ким арзу додини кимга айтишини билмасди. Шўрлик деҳқон эккан экин айни ёз чилласида сувсизликдан қуриб қолар, бир йиллик ризқ умидида қилган меҳнати ҳавога учарди. Ризо Акбар чолнинг эшиги олдига етганда, ортидан одам келиб қолди. Мактаб саҳнида уни Шоҳин Низом кутаётган экан… Уни қара-я, истамаса ҳам оғриган жойидан тутиб, унинг учун нохуш бўлган яна ўша воқеадан олади-да. Йўқ, у ҳозир, бу ҳақда бошқа ўйламасликка аҳд қилганди…
Қария бироз тинчлангач жамоат шўроси раиси вазифасидан бўшатишгандан кейин қаттиқ ранжигани ва Дармон қишлоғидан кўчиб кетишни ўйлаганини эслади. Қишлоқ одамлари уни аҳдидан қайтаришди. Ризо икки-уч йил истар-истамас қишлоқда қолиб, бир илож қилиб рўзғор тебратди. Орадан анча вақт ўтгач, туман вакили яна олдига келди. Уни яна шўролар ишига тортишни исташган экан. “У ерда Шоҳин Низом бор экан, қадамимни қўймайман, ука”, – Ризо тумандан келган вакилга очиғини айтди. Тағин бир неча йил қишлоқда тирикчилигини ўтказиб юрди. Аста-аста овга қизиқди ва раҳбарлик ишидан кўнгил узди. Бир куни…
Ҳар гал қариянинг эсига чойхонага ишга боргани ва чойхоначилик қилган йиллари тушса, кўзлари порлаб, лабларида ўз-ўзидан жилмайиш пайдо бўлади… Бир куни Ризога йўловчи икки йўл туташган ердаги чойхона яна эгасиз қолганини, чойхоначини қайси бир номаъқул иши учун ишдан олишганини айтиб қолди. Ана ўша лаҳзада унинг кўнглида чойхонада ишлаш орзу уйғонди. У бу чойхонани жуда яхши биларди. Дармондан чойхонагача масофа олис эди. Чойхонани обод қилиш ва қишлоқдан имкони борича тезроқ чиқиб кетиш нияти Ризога тинчлик бермай қўйди. Эртаси куни, тонг саҳарлаб матлубот жамияти идораси олдига борди. Олисдан кўзи Шоҳин Низомнинг нигоҳи билан тўқнашди. Ризо тезда идорага кириб кетди. Лекин у матлубот жамиятидан қишлоққа умидсизланиб қайтди. Айтишларича, чойхонага одам топишган экан. Лекин эртасига уни қидириб келишди. Ана шундай қилиб, у чойхоначи бўлиб қолди. Чойхоначиликка муккасидан киришиб кетди. Ёз ўртасида ҳашар қилишди. Чойхона атрофини бир газ девор билан ўраб, томини қайтадан ёпишди. Орадан бир йил ўтиб, Ризонинг обод чойхонаси довруғи водийнинг чекка-чеккасигача бориб етди…
Қариянинг эсига Шоҳин Низомни аввал Душанбега, сўнг Московга ўқишга юборишгани тушди. Агар адашмаса, уни ўттиз еттинчи йилда обком котиблигига тайинлашди. Ризо на қутлов учун, на бирон иш юзасидан унинг олдига борди. Шоҳин Низомнинг обком бўлиб келганлигидан юрагининг бир четида қувонарди, чунки унинг қобилияти, ишбилармонлигидан вилоят йилдан-йилга обод бўлар, қаддини тикларди. Минг афсус, уруш бошланиб қолди. Қақшатқич, ёндириб-куйдирадиган уруш…
Шоҳин Низомнинг устма-уст йўталиб, инграши қарияни хаёл оламидан олиб чиқди. У тўхтаб, шошганча Шоҳин Низомнинг бошига келди.
– Шоҳин, ҳолинг қалай, яхшимисан? Яна озгина қолди, ука. Ҳозир пастликка етамиз, ҳозир! – деди қария Шоҳин Низомнинг ранги ўчгандан хавотирланиб.
– Ризо, чанани бирон ялангликда тўхтат, зора нафас олишим енгиллашса, – илтимос қилди Шоҳин Низом.
– Тезроқ етиб боришимиз зарур, ахир…
– Илтимос қиламан, Ризо. Бир зум шу ерда турайлик. Қара, ҳаво қанчалик очиқ, тоза, – деди Шоҳин Низом нилий осмонда, уфқ ортига ўта олмасдан икки чўққи устида қолган иккита оппоқ булут бўлагига меҳр билан тикилганча.
Қария чанани йўл четига қимирламайдиган қилиб тўхтатди ва олдингидагидай чананинг бир четига, Шоҳин Низомнинг ёнига ўтирди. Ҳар иккови анчагача бир сўз демай ўтиришди. Тоғ ён бағридаги бу ялангликдан чойхона ва қариянинг товуқхонаси кўзга яққол ташланарди. Чойхонадан анча узоқда, кимсасиз текисликда ярим доира шаклда қор кўтарилиб, уч отлиқ ва икки пиёда пайдо бўлди, бу оппоқ юзда бир неча дона қора хол кўрингандек манзарани эслатарди.
Шоҳин Низом олис осмондан кўз узиб, фавқулодда бир қаттиқ энтикиб, тез-тез киприк қоқа бошлади, сўнг қарияга юз ўгирди.
– Ризо, ҳозир юрагимизга гапни тугун қилиб ўтириш пайти эмас. Билиб турибман, бир оғиз тўлдириб, нимадир демоқчи бўлдинг, лекин истиҳола қилдинг. Хў-ўш?!
– Нима демоқчилигим ўзингга маълум. Кейин маҳкамада қилган ўша ишингни эсласам, юрагим эриб-эриб оқади. Кел, қўй, Шоҳин!
– Йўлимни пойлаб, ўлдирмоқчи бўлганинг қулоғимга чалинганмиди? Бу гап тўғрими ё одамларнинг миш-мишми? – Шоҳин Низом қариянинг кўзларига қадалди ва жавоб кутди.
Қария бир зум сукутга кетди, кейин ҳаяжонидан бармоқларини устма-уст қарсиллатиб жавоб берди:
– Худо шоҳид, зиғирча қолганди, ука, зиғирча. Тагоба қишлоғида мажлис ўтказишингни эшитиб қолдим. Қош қораяр маҳал боққа кирдим-да, тўғри қаршингдан чиқдим. Олдингда даврачироқ милт-милт ёниб турарди. Атрофингда одам кўп, сен уларга нималарнидир айтардинг. Тош соясидаги қоронғиликда туриб одамлар ортидан милтиқни нақ юрагингга тўғриладим… Худо шоҳид, беихтиёр қўлим титради, қаттиқ титради, Шоҳин! Хаёлимда кимдир билагимдан ушлагандай бўлди. Гўё авлиёлар менга қаршилик қилишаётганди. Қўй, бу ёмонлик аломати, дедим-да, ортимга қайтдим, иним.
Ҳар икковининг орасида оғир ҳамда ваҳима солаётган жимлик ҳукм сурарди. Шу пайт қариянинг эсига… ўша куни Шоҳин Низом мактаб саҳнига унинг келишини кутиб тургани тушди. Лекин у олдига бормади. У Шоҳин Низомнинг шикоятни текшириш учун келганини биларди. Агар борганида юрагида тўпланиб ётган барча гина-адоватни битта қолмасдан тўкиб соларди. Ўшанда бирон кўнгилсиз ҳодиса юз бериши эҳтимолдан холи эмасди. “Қўлингдан бир ёмонлик қилса, юзтасини қаторлаштир!” Ризо шундай дея қишлоқдан чиқиб кетди. Шоҳин Низом ҳамда қишлоқнинг уч-тўртта гапи ўтадиган одами Ризонинг ерига қўшган боғ ва меҳмонхонасини кўриб, ҳеч нарса демасдан чиқиб кетишди. Икки ҳафтадан кейин тумандан вакиллар келиб, одамларни тўплашди. Ҳамманинг ҳузурида Ризонинг қўшниси ёзган шикоятни баланд овозда ўқиб эшиттиришди. Йўқ, аввал… агар эсидан чиқармаган бўлса, йиғилишдан олдин Ризонинг бир ўзини чақиришиб, яхшиси, ўша боғининг ярмидан воз кечишини сўрашди. Бу сизнинг шаънингизга тўғри келмайди, дейишди. Аслида ўртоқ Шоҳин Низом ҳам бу масалани хурсандчилик билан ечим топишини истаб, ўзининг вакилларига тайинлаган. Суҳбат давомида Шоҳин Низомнинг номи тилга олиниши Ризонинг юрагида ёнаётган ғазаб оловига қайтадан мой сепгандай бўлди. Вакиллар Ризога бошқа маслаҳат ва насиҳат таъсир қилмаслигини кўриб, кенгашиб олишди-да, тортиб олинган дея ҳисобланган еру боғни яна қўшнига қайтаришди. Ризо учун кутилмаган бу ҳодиса унга қаттиқ таъсир қилди. У хилватга кириб кетиб, бир неча кунгача жамоат кенгашининг раиси сифатида ҳеч кимнинг арзу шикоятини тингламади. Охири ғазабга тўлган, кўнгли синган ҳолда вазифадан қўл силтади. Неча кунгача қасос олиш ўйида Шоҳин Низомнинг ортидан пойлаб юрди. У бошига келган барча қийинчиликлар ва ишининг юришмаётганини Шоҳиндан кўрар, менга ғараз қиляпти, деб ўйларди. Бундан кейин Шоҳин Низомнинг номини эшитишга ва тилга олишга бошқа мажоли қолмади…
– Хайр, зиғирча қолганди, дединг. Хў-ўш, агар отганингда албатта, юрагингда армон қолмасди. Шундай эмасми, Ризо? – деди ҳазиллашиб Шоҳин Низом, шу билан қариянинг фикрини билиб олишни истади.
– Эски хашакни титишнинг фойдаси йўқ.
– Йўқ, агар айтганингдек, қўлинг қалтирамаганда, отардинг…
– У қўл титрашига ўхшамасди. Агар отмаганда ўша кунлари кўнглим таскин топарди. Шоҳин, ҳой Шоҳин! – деди қария ўрнидан тураркан.
– Ризо, яна озгина ўтир. Юрагимизда гап қолмасин, дейман. Ўзинг гап очасан, деб кутгандим… Эсингдами, мактаб ҳовлисида сени роса кутгандим. Ҳу-ув, жамоат кенгаши раиси бўлган даврингда, – Шоҳин Низом охирги сўзларига атайлаб урғу берди.
– Ҳа, ўша раислигимдан кўп яхшиликлар кўрдим. Айтдим-ку, кел, нуқта қўяқолайлик…
– Ҳозир шу ҳақда гаплашишимизнинг айни мавриди, Ризо. Мендан қочишга уринма. Сен ўзинг ҳам айни шу фикрда бўлганлигингга ишончим комил. Хў-ўш, гапимизнинг давоми нима эди?.. Биз мактабда келишингни бир соатдан кўп кутдик. Биламан, атайлаб келмадинг.
– Борганимдан ҳеч бир фойда йўқ эди, Шоҳин! – қария қор устига қинғир-қийшиқ чизиқлар чизганча алам билан деди.
– Фойдаси йўқ эмиш, номаъқулнинг нонини ебсан! Агар, келганингда иш шунчалик чигаллашиб кетмаган бўларди. Ишон!
– Сен ундан кейин менинг ҳаётим хору зорликда ўтади, деб ўйлагандингми? Йўқ, Шоҳин, отган ўқинг хато кетди. Мен қаттиқ аламдан, ғамдан ўлиб қолмадим, ҳа, ўлмадим! Нима бўлгандаям тирикчилик йўлини топдим. Фақат битта ўйда эдим – одамларга озми-кўпми фойдам тегсин, – қария бу гал ғазабини боса олмади. Шоҳин Низом эшитмай қолмасин, дея овозини баландлайди.
– Ана топдим, жон жойингдан ушладим, Ризо. Энди гапимни охиригача эшит… Сен биринчи марта қўлимдан тутиб, мени қишлоқдаги тор, қоронғи ҳаётдан кенг, ёруғроқ дунёга бошлаб чиққан инсон эдинг. Йўл-йўлакай, тоғ-тош ошганимизда қулоғимга ҳаёт, қишлоғимиздан узоқлардаги шаҳарлар, одамлар ҳақида сўзлаб бериб, ақлимга ақл қўшардинг. Биринчи марта менга мазлум инсонларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашлари ҳақида сен сўзлаб бергандинг. Афсонага ўхшаш ҳикояларинг қулоғимга хуш ёқарди. У ёғини айтиб ўтирмайин, ҳаммаси шундайгина кўз ўнгимда турибди. Хайр, ана, инқилоб бўлди, иккимизни янги ҳокимиятнинг вакили деб ўтга, сувга ташлашди. Нима учун? Камбағалларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишимиз учун. Одамлар тинч, осуда ҳаёт кечиришлари учун. Буларнинг ҳаммаси кундек равшан эди-ку! Сен ўзинг ҳаммасини яхши биласан, Ризо, – Шоҳин Низом қария сўзларини диққат билан эшитаётганини кўриб, ботирланди-да, мулойим оҳангда гапида давом этди. – Хў-ўш, ишчи-деҳқонлар ҳукумати мен ва сенга ўхшаганларни ана шу ният билан ўзи истаган ерларга жўнатди. Ҳукумат бизни унга таянч бўлишимизни, ўзининг мақсад ва режаларини халққа тўғри тушунтиришимизни истарди. Хў-ўш, узоққа бормайлик, Ризо, ўзингни мисол қилайлик.
– Мени?.. Хайр? – деди қария Шоҳин Низомнинг юзига айёрлик билан боқиб.
– Ана сени “янги ҳукуматнинг кўз-қулоғи” дея бир нечта катта-кичик қишлоқ жамоати кенгаши раислигига тайинлашди. Мен қилган яхши ишларингни айтмайман. У шароитда ўнта яхши ишинг бир четда қолиб, битта ёмон ишинг тезда кўзга ташланар, таъсири қоларди. Узоқдан бизнинг қилаётган яхши-ёмон ишларимизни синчиклаб кузатиб, текшириб, эҳтиёт бўла-бўла янги ҳукуматга майл қўяётган одамлар бор эди. Сен бўлсанг, Ризо, ана шундай қийин шароитда одамларни ҳашарга чақириб, ўзингга меҳмонхона қуриб олдинг.
– Мен у меҳмонхонани ҳукуматнинг меҳмонлари учун қурдим. Ўзинг биласан, ўша пайтда қишлоқда тўрт киши ўтирадиган, қўнадиган бир ер йўқ эди. Битта масжид бор эди, униям шоша-пиша бузиб ташлашга улгургандик, – қария ўзини оқлаш учун гапира бошлади. – Ўша кунлари бу гапларимни аниқ-таниқ қилиб айтгандим.
– Масжидни эслатганинг яхши бўлди. Бу “ташаббус” аввал кимдан чиқди? Масжидни бузиб, йиқитишга ким йўл қўйди?
– Бу менинг айбим эмас, замоннинг айби.
– Демак, асосий гап бошқа ерда, Ризо! Жамоат раиси бўлганингдан сўнг ярим йил ўтиб, қўшнинг боғини ҳовлингга қўшиб олдинг. Шундай эмасми? – Шоҳин Низом қариянинг безовталанаётганини кўриб, гапини бўлмаслиги учун қатъийроқ ҳужумга ўтди. – Сабр қил! Қўшнинг боғидан ярмини қўшиб олдинг-да, кейин “нега сен менинг устимдан арз қиласан”, дея уни идорангга олиб келиб қамчиладинг. Ё нотўғрими?
– Нима, сен у ер етти пуштимдан мерос қолганини билмасмидинг? Яхшиликча айтдим, йўқ, деди. Ҳақини бериб, еримни қайтариб олдим…
– У ерни вақтида бобонг сотган бўлса, қўшнининг нима гуноҳи бор? Сен мансабингдан фойдаландинг, Ризо. Одамларга ўзингни эски амалдорлар каби кўрсатдинг. Буни эшитиб, ҳайрон бўлгандим, икки марта одам юбордим, бормадинг. Нима қилишим керак эди? Ночор ўзим Дармонга бордим. Сен яна писанд қилмасдан қишлоқдан чиқиб кетдинг… Кейин, маслаҳат қилиб, сени бошқа бир ишга ўтказмоқчи бўлдик. Сен бу гапни эшитиб, биз юборган одамга ҳар хил бўлмағур гапларни айтибсан. Ризо, ишон, сен бутунлай бошқа одамга айлангандинг. Қўшнингни қамчилаганингдан сўнг ноилож чора кўриш учун вакил жўнатдик.
– Ҳа, вакилларинг ерни мендан тортиб олишди-да, халойиқ олдида обрў-иззатимни бир пул қилишди, – қария нималардир деб пичирлади-да, йўлида давом этди.
Шоҳин Низом гаплари қарияга оғир ботганини сезди. Нима бўлгандаям, юрагининг бир четида эски гина-кудуратлар сақланган экан. Гап шу ерга етдими, у томони ўзига ҳавола. Шоҳин Низом юрак уриши тез-тез ўзгариб туриши, нафас олиши оғирлашаётганига қарамай, хаёлан ҳар ким ораларидаги ўн саккиз йил олдинги гуноҳу савобни ўзича тақсимлаган бўлса-да, барибир бунга аниқлик, ойдинлик киритишни истарди. “Ким билади… тирик қолсам, яхшийди”– кўнглидан ўтказди Шоҳин.
– Қани, Ризо. Энди ўзинг айт, менинг нима гуноҳим бор эди? Нега мендан бунча хафа бўлиб юрдинг? Сенингча ўша шароитда мен нима қилишим керак эди? Одамларнинг кўзига тупроқ тортиб, сенинг тарафингни олишим керакмиди? Гапир!
– …
– Айтдим-ку, агар бу орада мени бир марта кўрганингда эди, оқибати бундай бўлмасди. Минг афсус, бунинг ҳаммаси сенинг ўжарлигинг туфайли бўлди. Ё бирон киши сени йўлдан ургандими?
– Шоҳин, сен мени яхши билардинг, бошқаларнинг гапига кириб кетадиган эмасдим.
– Агар ўрнингда бошқа одам бўлганда қаттиқ жазоланарди. Лекин мен сени аядим. Яхши одамлигингни билардим, Ризо. Сени ўйламаганман, сени деб куйиб-ёнмаганман, дея ўйламагин. Агар эсингда бўлса, бу чойхонага ишга келишинг ҳам сабабсиз эмас эди. Шунча пайтдан бери энди айтяпман.
– Қанақа сабаб экан? –қария ҳайратланиб сўради.
– Эсингдан чиқмаган бўлса, сен ўшанда матлубот жамиятига иш сўраб боргандинг, лекин иш йўқ, дейишганди. Шундай бўлгандими?
– Ҳа, мудир чойхонага бошқа одамни ишга олганмиз, деб айтди.
– Лекин эртасига ортингдан одам юборишди. Чунки мен у ерга келганингни кўриб, ниятингдан хабар топгандим, Ризо. – Шоҳин Низомнинг нафаси қисиб, устма-уст енгил-енгил йўталди. – Лекин кейин мен сендан хурсанд бўлдим. Ҳаммасидан хабарим бор, Ризо, хабарим бор. Сен чойхонани, одамларнинг айтишича, яхшиликни тарғиб-ташвиқ қиладиган маконга айлантирдинг.
– Наҳот ҳамма ишимдан хабаринг бўлса? – қария ҳайрон бўлиб сўради.
– Хабарим бор эди, Ризо, хабарим бор эди… Хў-ўш, урушнинг учинчи йили эндигина бошланди. Охири нима билан тугаши номаълум… Бу урушдан ҳаммамиз жафо кўрдик, ҳаммамиз. Шу кеча-кундузлар чойхонангга қанча-қанча одам кириб-чиқади. Бу қўлингдан келишини биламан, шунинг учун айтяпман, Ризо! Ҳозир ҳамма яхши гапга муҳтож, сен у одамларнинг кўнглини кўтар. Халқимиз ҳамма яхшиликларга муносиб Ризо! Во дариғ, оғир шароитда бу ишларнинг ҳаммасига имкон топа олмайман, вақтим йўқ. Ҳа, агар уруш бўлмаганда, қанча-қанча яхши ишларни амалга оширардик. Жони қаттиқ, тоқатли, куюнчак ва мулойим халқимизга минг офарин! Бу уруш ҳамманинг бошига битган бало бўлди, ҳамманинг бошига…
Шоҳин Низом шунчалик ичи тўлиб, куюниб сўзлаганидан қариянинг бошқа йўл босишга мадори қолмади ва унинг сўзларини яхшироқ эшитиш учун тўсатдан жойида тўхтади.
– Нима бўлди, Ризо?
– Йўқ, шунчаки… бир гапинг бор деган ўйга бордим… – қария нима дейишини билмасдан чайналиб қолди.
– Йиллар давомида юрагимда тугилиб қолган, сенга айтишни истаган гапларимнинг ҳаммасини айтдим. Юрагим анча бўшади. Энди мени текисликка етказсанг, бўлди.
Дара томондан енгил совуқ шамол ўйноқлаб келди-да, теваракдаги адир ва тепаликларнинг юзини ҳар томондан сийпалай кетди. Шоҳин Низомга бу шамол ёқдими, устма-уст оғзини очиб, бир неча марта чуқур нафас олди. У тобора нурсизланаётган кўзлари билан нилий осмонга ва катта-кичик булутларга тамшаниб боқди. Ўзини қаерга қўярини билмасдан ниманидир изларди. Бирданига уфқ шуъласида хотини ва фарзандларининг чеҳралари кўринди. Уларнинг ҳар бири ҳалинчакка ўтириб олганга ўхшар, кимдир ҳалинчакни ҳаволатиб-ҳаволатиб бирма-бир Шоҳин Низомнинг кўз ўнгидан ўтказарди. Нимагадир урушнинг биринчи ойидаёқ ҳалок бўлган катта ўғлининг қиёфаси шундайгина кўз олдига келиб турганди. У милтиғини тиззасига уриб, бир неча жойини синдириб ташлади ва ғазабланганча ўтиб кетди. Шоҳин Низом унинг ортидан чақирмоқчи бўлди, лекин овози томоғига ёпишди… Ана яна бир неча тугалланмаган иши эсига тушди ва назарида улар оғир тошга дўниб, кўкрак қафасини қаттиқ сиқишди. Бир зум ўтмасдан нигоҳи гоҳ баландлашиб, гоҳ пастлашиб бораётган бояги чўққилар ва ён бағирликларга қадалиб қолди. Юраги шувиллаб кетди. Петяга нимадир демоқчи бўларди-ю, лекин айта олмасди. Қайси бир кўринмас куч учоқни тўхтовсиз пастга тортарди. Петя тоқатсизланади, унга қўшилиб у ҳам тоқатсизланади. Ана юраги узундан-узоқ, майин, охири йўқ бир садодек урди… Нилий осмон доираси бошдан-оёқ аввалига ўпқонга ўхшаб қолди ва аста-секин бир кўм-кўк нуқтага дўнди. Майин, охири кўринмас садо ҳам нимагадир урилди-да, жимиб қолди.
Қария йўлида давом этарди-ю ҳозиргина Шоҳин айтган гапларни ўйлаб борарди.
У кеча-кундуз бошқа бирон ўй-хаёли, муҳимроқ иши йўқдай фақат шу гаплар таъсирида қолди. Қария сафарга чиқишидан олдин бўғчасини тугиб бўлиб, шошганидан “мабодо бирон нарсани унутиб қолдирмадиммикан”, деган ўйда зарур буюмларини яна бир марта кўздан кечираётган одамга ўхшаб Шоҳин Низом билан бирга кечган барча воқеаларни хаёлан бир тартибга солиб,“ким ҳақ ва ким ноҳақ” тарозисида торта бошлади. Тарозида тортган сари хулосаси қатъийлашиб борарди – ўзининг ўжарлиги, қайсарликлари боис узоқ йиллар тахмин ва гумонлар қурти ичини еб ётган экан. У йўл босиб борарди ва юз-кўзи, бутун вужудига илиқ, ёқимли нур сочаётган туш маҳалидаги офтоб каби юрак қаърини ҳам енгил ва ҳаловатга тўла нур эгаллаб олаётганини ҳис этарди. У Шоҳин Низомнинг меҳрибонлигига жавобан, ўз навбатида кўнгил ёришни истарди. Унга нисбатан юрагини эзиб ётган кудурат занги ювилиб, йўқ бўлиб кетишини ўйлаётганди. Бу истаги уни сира тинч қўймади ва Шоҳин Низомнинг бошига келди.
– Шоҳин, ҳой, Шоҳин! Бор гапни айтиб яхши қилдинг. Сенга ишонганим учун гапларингни эшитдим. Тўғри гапирдинг, биллоҳи азим, тўғри гапирдинг, иним. Агар бир мартагина олдингга борганимда бу қийинчиликларга учрамасдим. Шунга қарамасдан, Шоҳин, ўзинг айтганингдай, мен ҳам савоб ишлар қилдим. Чойхонани обод қилдим, турли феъл-атвордаги, турфа хил одамларга “хуш келибсан”, дейиш, ҳамманинг кўнглини бирдай олиш ҳам осон эмасди… Гапимни эшитяпсанми?! Шоҳин, ҳой, Шоҳин!..
Қария хавотирланиб Шоҳин Низомнинг устига эгилди, унинг табассумга мойил, лекин оқариб кетган чеҳрасига синчиклаб тикилди. Шоҳиннинг қўллари анчадан буён чана четига осилиб қолганди.
– Шоҳин… – қария юрагининг қаъридан чиққудай нола отилди, –йўқ, иним, наҳот сен менинг бу гапларимни эшитмаган бўлсанг. Во дариғ, олдинроқ айтсам бўлмасмиди, кечикиб айтдим. Шоҳин, хотиржам бўл, биллоҳ мен сендан заррача хафа эмасман. Сен яхшилик истайдиган одам эдинг, тоза одам…
Чойхонагача озгина йўл қолганди. Қария бутун куч-мадорини мана шу ергача, фақат шу ергача, шу лаҳзагача омонат асраб келгандайин ўзини бирданига жуда ожиз ва нотавондек ҳис қилди. У энди кейинги барча уриниш-суринишлари, талашиш-тортишлари “мудом кўз ўнгидан ўтиб турган гумон” дея қилинганини яхши биларди. Кўз ўнгидан кетмаётган ўша гумон қарияга кечаю кундуз ором бермас ва у ҳеч бўлмаганда бир марта, бир мартагина Шоҳин Низомнинг кўзига қараб туриб, шундайин бир яқин дўстдан ажрагани ва унинг ҳақига “ситам” раво кўрганлиги учун савол беришни, унинг қилғулигидан уялишини, ич-ичидан пушаймон бўлишини кўриши учун аламини қаттиқ меҳнатдан оларди… Ҳа, у ўн саккиз йил ана шу гумон ва қарама-қарши ўйлар исканжасида ҳаёт кечирди, ич-ичидан ёнар ва тутуни ташқарига чиқмасди, қария ўтмишнинг аёвсиз таъсирлари боис бағри кавакланган, лекин ҳалигача кўм-кўк кўкариб турган кекса азим чинордек бир тартибда тирикчилигини ўтказарди.
Гарчи чойхона яқин қолган бўлса-да, қариянинг кўзига анча олис кўринарди. Чунки у қийналганча зўрға йўл босар, ўй сурганча ҳар қадам ташлаганда, нақ тиззасигача қорга ботарди.
Шу дам қариянинг бошида бир ўй ғимирлади – у жасад ортилган чанани эмас, балки туганмас инсоф ва тозалик ортилган уловни тортиб бораётганга ўхшарди. Бундай юкни тортиб бориш осон эмас экан.
Қўққисдан қариянинг қулоғига чойхона томондан келган ажиб бир жонбахш овоз чалинди. “Ризо бобо, аскарликдан хат келди, ха-ат… Расулжондан…” Қариянинг назарида бу овоз ястаниб ётган тоғлардан ва чуқур даралар қаъридан қўзғалиб, бир зумда атроф-теваракни қамраб олганди. Қария Нодирнинг учбурчак хатни боши узра силкитганча гоҳ йиқилиб, гоҳ туриб, ўзи томон чопганча келаётганини кўрди. Унинг томирларида қайтадан иссиқ қон югураётганини ҳис қилди.
Тожик тилидан Ўринбой Усмон таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 4-сон