Нафас Шодмонов. “Илоҳийнома”да Юсуф образи

Юсуф образи генезисини қадимий диний манбаларда кўриш мумкин. Турли манбаларда турлича талқин қилинади. “Таврот”да Юсуфнинг пайғамбар экани таъкидланиб, унинг ҳаёти машаққатларга тўла кечгани, бунда унинг иродаси ва сабри оғир синовлардан ўтиб мурод гулшанига етгани батафсил ҳикоя қилинади. Ундан сўнг бу пайғамбар образи “Инжил”да ҳам зикр этилади. Бироқ унда Юсуф қисмати ва қиссаси у қадар ёрқин эмас. Лекин “Қуръони Карим”да “Юсуф” ҳақида махсус сура нозил бўлиб, унда келтириладиган воқеалар “аҳсанул-қисас” сифатида алоҳида эътиборга моликдир.

“Қуръони Карим” нозил бўлиши билан Юсуф образи мусулмон халқлари орасида, халқ оғзаки ижодида ва адабиётида бир неча талқинларда ишланиб, сайқалланиб борди. IX асрдан бошлаб Шарқда 150 дан ортиқ “Юсуф ва Зулайхо” достон ва қиссалари вужудга келгани маълум. Буларнинг энг машҳурлари қаторида Абул Муайяд Балхий, Фирдавсий, Шаҳобиддин Амъақ, Шоҳин Шерозий, Абдуллоҳ Ансорий, Хожа Масъуд Ироқий, Абдураҳмон Жомий ва бошқаларнинг қисса-достонларини кўрсатиш мумкин. Фақат туркий адабиётда “Юсуф ва Зулайхо” ҳақида 50 га яқин асар яратилган. Жумладан, Қул Али, Носириддин Рабғузий, Дурбек, Ҳайдар Хоразмий, Мулла Юсуф Ёркандий, Нозим Ҳиравий, Сайқалий, Хиромий, Салоҳий, Андалиб, Ҳозиқ каби ижодкорлар қисса ва достонлар битганлар. Шунингдек, муаллифлар томонидан ўз асарларида Юсуф образидан, аниқроғи, у ҳақдаги қиссалар эпизодларидан фойдаланиб танланган маълум ғояга мос ихчам ҳикоятлар келтириш анъанаси ҳам кенг тарқалган. Бу образ жуда кўп ишланган ва турлича талқин қилинган. Фаридиддин Атторнинг “Илоҳийнома” достони ҳам шу анъанага  мувофиқ келади.

Маълумки, Шайх Фаридиддин Аттор тасаввуф адабиётининг буюк намояндаси. Унинг “Асрорнома”, “Булбулнома”, “Тазкират ул-авлиё”, “Панднома”, “Уштурнома”, “Илоҳийнома” ва “Мантиқ ут-тайр” каби асарларида тасаввуфнинг турли масалалари, жумладан, ваҳдат ул-вужуд назариясининг талқинлари ўз ифодасини топган. Бугунги кунда бундай масала ва назариялар тарихга айланган, аҳамиятини бир қадар йўқотган бўлса-да, улар маънавиятимизнинг илдизлари бўлгани, қолаверса, бадиий адабиёт, бадиий тафаккуримиз ривожида муҳим ўрин тутгани билан бениҳоя қадрлидир. ­Шунинг учун ҳам улар асрлар давомида ўрганилмоқда, таржима қилинмоқда ва нашр этилмоқда. 1940 йилда Истанбулда Атторнинг “Илоҳийнома”си факсимилеси олмон тилидаги илмий нашри дақиқ ишлардан эди. 2007 йилда атоқли шоиримиз Жамол Камол томонидан ўзбекчага ўгирилиб қилинган нашри ўқувчилар ва илм аҳли учун катта армуғон бўлди. Унга атоқли олимимиз Иброҳим Ҳаққул томонидан ёзилган сўзбоши ғоят аҳамиятли. Гап Юсуф тимсоли ҳақида бораркан, Атторнинг бу асарини четлаб ўтиб бўлмайди. Унда Юсуф (а.с.) ҳақидаги еттита ҳикоят мавжуд. Улар икки хил услубда келтирилади: 1) ота тилидан бевосита; 2) бошқа бир авлиё тилидан билвосита ҳикоя қилинади. Шунингдек, улар турли ўринларда бўлишига қарамай, дос­тон мазмунига мос равишда ўзига хос тадрижий тизимни ташкил қилади.

Ҳикоятларнинг аввалги иккитаси халифа томонидан биринчи ўғил орзу-мақсадининг заифлигига жавобан айтилади. Биринчи ҳикоят “Ҳикояти ҳазрат Яъқуб ва Юсуф” деб номланади, мазмуни шундай: Яъқуб (а.с.) айрилиқ сўнггида Юсуф билан учрашиб унга дейди: “ Эй чашми чироғим, мени ҳижрон дарду доғи ўлдирди. Сен мени кулбайи эҳзонга солдинг, жонимга ўт ёқдинг. Шунча вақт ўтди, отангни бир эсламадинг, лоақал бир хат ёзмадинг”. Юсуф мулозим чақириб, унга хатларни келтиришни буюрди. Мулозим бир даста хат олиб келди, уларнинг ҳаммасида “Бисмилло”дан бошқа сўз йўқ эди. Юсуф бу ҳолни тушунтириб деди: “Эй шамъи биҳиштим! Мен сенга мана шунча марта хат ёзмоқчи бўлдим. Лекин Жаброил қошимга келиб, Оллоҳ буни хоҳламаётганини айтди. Мен қанча хат ёзмай, Ҳақ исмидан бошқа нарса қоғозда қолмас эди. Аҳволимни сенга баён қилмоққа иштиёқим бор эди-ю, иложим йўқ, маъзур эдим. Ҳақ хоҳламаса, иштиёқ билан иш ҳал бўлмайди…”

Юсуфнинг фикрини шоир халифа (ота) тилидан давом эттириб, уйланган киши фарзанд кўриши, агар у Юсуфдек шойиста бўлса, азобларга гирифтор бўлиб, ота­сини ҳам қийнаши, натижада, тасаввуфий нуқтаи назардан, ота Ҳақ йўлида аросатда қолишига ишора қилади.

Иккинчи ҳикоят Ҳазрат Юсуф ва Ибн Ямин (Юсуфнинг ота ва она бир укаси) ҳақида бўлиб, жумладан қуйидагилар сўзланади: Ибн Ямин саройга кириб келганида юзига парда тортиб олган Юсуф унга ёнидан жой беради. Ибн Ямин ёнида жонидек ширин, азиз акаси ўтирганини билмайди. Юсуф ёқимли сўзлар билан уларни иззат қилади ва Яъқубнинг аҳволини сўрайди. Ибн Ямин унга Яъқубнинг мактубини беради. Юсуф хатни олиб ўз уйига, болаларининг олдига киради ва боболаридан хат келганини айтиб, уни ўқиб беради. Барчалари йиғлаб тинглайдилар. Кўзларда ҳасрат ва ҳайрат ёшлари эди. Саройда аркони давлат йиғилади. Юсуф тахтга чиқиб оға-иниларининг жуфт-жуфт бўлиб ўтиришларини амр қилади. Ҳар жуфт она бир оға-инилар бўлиши керак эди, шундай жуфт бўлиб ўтирадилар, фақат Ибн Ямин ёлғиз қолади ва кўзига ёш олади. У оғаси Юсуфни йўқлаб йиғлар эди. Унинг кўз ёшларидан олдига қўйилган коса тўлади. Оға инисидан йиғиси боисини сўрайди. Иниси оғаси бўлгани ва унинг дараксиз кетганидан изтиробда эканини айтади. Юсуф иниси олдига ўтириб, “мени оғанг деб бил” деганча унга ҳамкосалик қилади. Дастурхончи коса ёш билан тўлганини, уни емаслик лозимлигини айтади. Яқуб ўғиллари Ибн Ямин ҳали ёшлигини, у сарой расм-русумларини яхши билмаслигини айтиб узр сўрайдилар. Юсуф Ибн Яминни эркалаб қўяди ва “Юзинг нега сарғайган?” деб сўрайди. “Юсуф фироқида”, деб жавоб беради у. Сочлари нега паришонлигини сўраганда онасининг вафот этгани боис “рўзгори паришон” эканини айтади. Отаси ҳақида сўралганда Яъқубнинг туну кун йиғлаб кўзлари кўр бўлиб қолгани хабарини айтади. Юсуф бу хабарлардан қаттиқ қайғуради, бошини эгиб кўз ёшларини яширади. Шунда Ҳақ хабарчиси ёнига келиб, юзидан пардани олишни буюради. Кўз ёшларидан ивиб кетган парда олинади. Ибн Ямин уни кўриб, “оҳ” тортганича ҳушдан кетади. Юсуф уни ҳушига келтириш чораларини қўллайди ва у ўзига келганда нега ҳушдан кетганини сўрайди. Ибн Ямин уни ўз оғасига ўхшатганини, фарқ тополмай ҳайратланганини, агар Юсуф бўлса, инисини нега шунча вақт қақшатганининг сабабини сўрайди.

Бунга жавобни халифа ота тилидан яна Атторнинг ўзи беради: агар буни кимки  афсона деса, у ақлу хираддан бегонадир. Дилингда ошнолик бўлмаса, ишингда рўшнолик йўқ. Ошнолик боис ишингда “қурби Ҳазратдин самар” бўлади. Ҳақ билан бўлган Ҳақни пеша қилади. Ҳақ деганга у яқин, чунки соя бор жойда нур яқиндир.

Учинчи ҳикоят билвосита ҳикоя қилинувчи бўлиб, у машҳур шайх Юсуф Ҳамадонийдан олингани эслатилади. “Шайх Юсуф Ҳамадоний ҳикояти” жоду илмини талаб қилган иккинчи ўғилга қарата айтилган. Унга кўра, Юсуф (а.с.)дан сўрайдилар: “Нега сен шўрлик аёлни хўрлаб хастаю хор қилдинг? Унинг кўнгли сенда экан, олибсан, қайтариб бер”. Юсуф унга жавобан дейди: “У кампир билан менинг не ишим бор? Унинг кўнглидан бехабарман. Йигирма йилдирки, ўз кўнглимдан ҳам жудоман. Ўз кўнгли ўзида бўлмаган одам қандай қилиб бировнинг кўнглига йўл топсин?”

Шу пайт Зулайходан ҳам сўрайдилар: “У қандай қилиб кўнглингни олди. Кўнглинг ўзингда бўлса, ноз қилиб Юсуфдан сўраганинг нимаси?” Зулайхо онт ичиб жавоб беради: “Дилимдан битта мўйимнинг ҳам хабари йўқ. Қандай ошиқ бўлганимни ҳам билмайман. Кўнглимнинг қаёққа кетганидан ҳам бехабарман. Юсуфда кўнгил бўлмаса, менда ҳам дил йўқ”.

Бу ҳикоят орқали ўзликнинг тақдир ҳукми олдидаги ўрни ҳақида гап боради.

Тўртинчи “Ҳазрати Юсуф ва Жаброил ҳикояти” Сулаймон бармоғидаги бутун ер юзидаги жамики инсу жинларга подшоҳлик нишони бўлган узукка, яъни жаҳон султонлигига даъвогар бешинчи ўғилга қарата айтилади. Бу ҳикоятда Юсуф (а.с.)нинг чоҳ (зиндон)да эканида унинг ҳузурига Жаброил (а.с.) келиб таскин ва истиқболдан башорат бергани тасвирланади. Унга яна шундай савол берилади: “Сен шоҳ бўлиб, жаҳон амрингда бўлганида ўнта оғанг ҳузурингга нон сўраб келишса, уларни ҳам банди зиндон қиласанми, дорга осасанми, ё қамчи уриб, калтак суриб буткул қонга белайсанми?” Юсуф дейди: “Улар келишса, ҳузуримга таклиф қиламан. Чоҳдан, чеккан азобимдан сўз очмайман. Юзимдан ниқобим ечиб, не қилганингизни биласиз, майли, Юсуфга қилганларингизни эслаб ғам чекманг, дейман. Шу азоб ва изтироб уларга етади. Агар диллари тош, метин бўлса ҳам, бу изтиробдан пора-пора бўлади”.

Бу ҳикоят сўнггида қалбда нур бўлгудек дард бўлмаса, унда дил ҳаёт бўлмаслиги, агар ўша нур бўлса, у билан ўз-ўзига сафар қилиш муродга етказиши, ўзлигини бирдам сезган киши бир эмас юзта кўнгилни англаши, агар ўзида зарра айбни кўрса, ғайб ул-ғайбнинг неча юз нуридан афзал экани таъкидланади.

Бешинчи ҳикоят “Юсуф ва Зулайхо ҳикояти” деб аталади. У олтинчи – кимё илмига ҳавасманд ўғилга панд сифатида келтирилади. Унда Зулайхо хаста, дунё аталмиш хокдондан кўзларини юмган ҳолда йўл четида ўтиради. Бундан ранжиган Юсуф Ҳақ таолога шикоят қилади. Шунда унинг олдига Жаброил келиб, бундан ранжимаслигини айтади, чунки у Ҳақ севган зотни севади. Бу севгиси туфайли у ҳам Ҳаққа севимли. Жаброил бу ишқ билан у муродга етишини, у ёшартирилиб Юсуфга жуфти ҳалол қилинишини айтиб, Юсуфдан унга эътиборли бўлишни сўрайди.

Олтинчи ҳикоятда Юсуф (а.с.)нинг кўзгуга қараши ва ўз ҳусни ўзига манзур бўлиши, лекин бу бир тамсил экани, Ҳақ ўз жамолига инсонни кўзгу қилгани баён қилинади.

Еттинчи ҳикоят “Аҳмад Ғаззолий ҳикояти” деб номланган билвосита ҳикоятлардан ҳисобланади ва унда бу машҳур шайхнинг жамулжам жамоага Яъқубнинг Юсуф иштиёқида Мисрга бориши, улар бир-бирларини қучиб йиғлашлари ҳамда Яъқубга ўғли қучоғида турган ҳолда нега “Ўғлим қани?” деб фарёд кўтаришини сўрашганда Юсуф Канъонда пайтида ўзининг Яъқуб бўлгани, энди эса ўзи Юсуфга айлангани ҳақидаги жавоби тўғрисида – кимёнинг энг олий даражаси инсоннинг Ҳақ билан бирлигини пайдо қилиш эканини сўзлаб бергани асосида яратилган.

Кўриниб турганидек, Юсуф образи мутасаввуф шоир томонидан тасаввуфий ғояларни талқин этишга хизмат қилдирилади. Атторнинг бу талқинлари кутилмаган ҳол эмас. Ундан олдин ҳам, унинг замондошлари орасида ҳам худди шундай ғоялар асосида бу образдан фойдаланиш ҳолати мавжуд эди. Бунга мисол сифатида Шиҳобиддин Суҳравардийнинг “Мунис ул-ушшоқ” асаридан бир эпизодни келтириш мумкин. Унга кўра, дунёда энг аввал Ақл пайдо бўлади ва у уч ўғил кўради. Уларга Ишқ, Гўзаллик ва Изтироб деб ном қўйилади. (Форс тилида улар Меҳр, Некуий ва Андуҳ деб аталади).

…Навбат Юсуф (а.с.)нинг яратилишига етганда бир неча вақт муқаддам Одам ҳузурини тарк этган Гўзалликка бу ҳақда хабар берадилар, у Юсуф томон йўл олади ва у билан бирлашади. Ишқ ва Изтироб яна Гўзаллик томон шошадилар ва уни Юсуф (а.с.) ҳузурида топадилар. Изтироб бориб эшик қоқади, Гўзаллик ким келганини сўрайди. Ишқ ўзини танитади, Гўзаллик эса киборона уни ҳайдаб солади. Ишқ ва Изтироб Ҳайрат саҳросига чиқиб кетадилар. Саҳрода Изтироб Ишққа бир-биридан ажралиб, турли томонларга кетишни, бир неча муддатдан сўнг яна биродарига ўз хизматини таклиф этишни маслаҳат солади. Шу вақтдан бошлаб уларнинг йўллари айро тушади: бири Канъонга, бири Мисрга равона бўлади.

Бунгача Суҳравардий Зулайхо ва Яъқубни саҳнага олиб чиқмайди. Яъқуб Канъонда эди, Зулайхо эса Мисрда. Изтироб ва Ишқ улар билан сафарда эканида учрашади. Шунинг учун Суҳравардий Ишқ, Гўзаллик ва Изтиробларнинг дунёи дундаги Юсуф, Зулайхо ва Яъқуб ҳузурларидаги ўзаро муносабатларини баён қилишдан аввал уларга кейинчалик фоний дунёда содир бўлиши муқаррар воқеаларнинг фаришталар оламида башорат тасвири кўрсатилиши ҳақида сўз юритади.

Изтиробнинг йўли Канъонга яқин эди. Изтироб мақсадига эришиши биланоқ, унга боғланиб қолган Яъқубга рўбарў бўлди. Ишқнинг Мисрга етказувчи йўли узоқ эди. Мисрга етиши биланоқ  Зулайхо ёнига борди.

Ишқ Зулайхони ўзининг Мисрга етиб келгунича босиб ўтган йўли ва ўзи мансуб бўлган малакут оламларига олиб чиқади… Бу илоҳий руҳий сайрдаги танишувлардан сўнг Ишқ ва Зулайхо ўртасида иккинчи суҳбат бўлиб ўтади. Унда Ишқ яна бир бор қандай қилиб бу ерга келиб қолгани, икки биродари: Гўзаллик ва Изтироб ҳақида маълумот беради. Бу ҳикояни эшитган Зулайхо Ишқни ўзига қабул қилади ва уни ўз ҳаётидан кўпроқ қадрлайди. Шу даврда Юсуф Мисрга келади ва Зулайхо унинг ташрифи ҳақида хабар топади.

“Ишқ Зулайхони дарвозадан олиб чиқади ва улар биргаликда Юсуф томонга йўл олишади. Зулайхо Юсуфни кўргач, унга томон боришни истади. Бироқ унинг юрак оёқлари ҳайрат тошига қоқилди. У сабр чегарасидан чиқиб кетади. Таъма қўлини узатади, ҳаё пардасини йиртиб, шу ондаёқ ғамга ботади…” Ҳикоя сўнгида Гўзаллик тахтга чиқади. Ишқ эса хизматкор каби унинг қаршисида тиззалаганча ўтиради. Изтироб эса шоҳ олдида мукка тушиб йиқилади.

Бу ерда биринчи диққат қаратилиши лозим муҳим жиҳат, бу Суҳравардий фикрларининг асоси ёхуд манбалари, Ишқ ва унинг Гўзаллик ҳамда Изтиробга муносабати ҳақидадир. Кўриб ўтганимиздек, Суҳравардий Ишққа психологик нуқтаи назардангина ва фақат руҳнинг ҳолати сифатида қарамайди, аксинча, уни аввало, метафизика нуқтаи назаридан ва унинг ёнида яна икки метафизик тушунча – Гўзаллик ҳамда Изтироб билан бирга Ақлнинг уч жузъи сифатида тақдим қилади. “Ақл” сўзи бу ерда унинг дастлабки оддий маъносидан фарқли равишда махсус неоплатончилик ғояларига мос мазмунида қўлланган. Форс адабиётида “ақл” сўзи одатда дедукция (хусусий хулосалар чиқариш, истидлол), инсондаги фарқлаш хоссаси маъносида қўлланади ҳамда Ақл тасаввуфий ва мистик шеъриятда Ишқдан қуйи мақом тутади. Лекин бу асарда Ақл неоплатончилик таъбирида “Биринчи Эманация” деб номланган Ҳақдан мажоз дастлабки манба, порлоқ моҳият, ёки бебаҳо пурнур дур сифатида талқин қилинади.

Бу фикрни ифодалаш учун форс мистик адабиётида кўпинча “руҳ” сўзи ёки “руҳи аъзам” бирикмаси қўлланади. Мисол учун Аҳмад Ғаззолийнинг “Савониҳ” асари биринчи бобида “Руҳ йўқликдан борлик майдонига келганида Ишқ вужуд (борлиқ) чегарасида Руҳ маркабини кутиб турди”, дейилганини айтиш мумкин. Руҳ дейиш билан Суҳравардий Ақл деб атаган ўша манбани назарда тутган эди. Аҳмад Ғаззолийдан келтирилган парчада Руҳ маркабига Ишқ минади. Бошқача изоҳга кўра, Руҳ – моҳият, Ишқ – тажаллийдир. Суҳравардий, кўриб ўтилганидек, Ишқни Ақлнинг тажаллийси деб ҳисоблайди. Лекин Ғаззолий ва Суҳравардий мулоҳазаларида фарқ бор. Суҳравардийга кўра, Ишқ Гўзаллик ва Изтироб каби Ақлнинг фарзанди. Ғаззолийга кўра эса, Ишқ Руҳдан туғилмаган, ундан мустақил. Ҳақиқатда Ишқнинг мавжудлиги Ҳаққи мутлаққа боғлиқ. Бу фикр Плотин, Форобий ва Ибн Синолар қарашларига мос келади. Бу олимларнинг фикрича, Ҳақ ўз зотида севувчи ва севилувчидир. Ҳақ зотига Ишқ ва Гўзаллик сифатлари мансубдир. Севгининг бундай талқини “ишқи зотий” номи билан форс шеъриятида ниҳоятда кўп учрайди.

Атторнинг Юсуф ҳақидаги ҳикоятлари ҳам ишқ моҳияти ҳақида. Унга кўра, ишқи ҳақиқий турли жисмоний ва нафсоний ғаразлардан холидир. Бу фикр ҳикоятдаги Юсуфнинг мактубларидаги Ҳақ исмидан бошқа ҳамма сўзлар ўчиб кетиши ва қоғознинг оппоқ тусга кириб қолиши мисолида далилланади.

Юсуфнинг Ибн Ямин билан мулоқотида қонли ёш тўла коса, ундан истеъмол қилиш, юзга тортилган парда ҳам шундай мазмунга эга. Ҳикоятда ошнолик сўзи ишқ сўзи ўрнида қўлланади, шунингдек, хотима қисмида Қуёш ва соя ҳақидаги фикрнинг келтирилиши зот ва тажаллий бирлигига ишора. Худди шу рамзлар, хусусан, соя ваҳдат ул-вужуднинг энг йирик назариётчиси Муҳйиддин Ибн Арабийнинг жуда кўп асарларида махлуқ мақомига нисбат берилиб қўлланади.

Олтинчи ҳикоятда кўзгу мисолида тажаллиёт назарияси талқин қилинади. Кўзгу детали “Таврот”да ҳам, “Қуръони Карим”нинг “Юсуф” сурасида ҳам зикр этилмайди. Бу ижодкорлар талқинлари эҳтиёжидан пайдо бўлган. Кўзгу детали Юсуф ҳақидаги бошқа асарларда Аттор асаридагидан фарқли талқинда қўлланган. Бунга туркий адабиётнинг Рабғузий ва Андалиб каби ижодкорлари асарларидан ҳам мисол келтириш мумкин. Уларга кўра, Юсуф отаси ёнида юрган даврларида “кунлардан бир кун у кўзгуга боқди ва юзини кўрди, тонглади. Кўнглида кечди, бу кўрк бирла қул бўлса эрдим, баҳомни ким бера олғай эрди? Ўз кўркинга қуванди эрса қул деб ўн саккиз пул ярмоқға сотдилар. Кўркка қуванганнинг баҳосин кўргуздилар. Сотилмоқда ҳикмат бу эрди” (“Қисаси Рабғузий”). “Илоҳийнома”да эса Юсуфнинг кўзгуга қараши даври, замони аниқланмайди, шунингдек, унда талқин мутлақо тасаввуфий маъно касб этади.

Учинчи ва еттинчи ҳикоятларнинг Юсуф Ҳамадоний ва Аҳмад Ғаззолий тилидан айтилишида ҳам рамзий маъно бор. Назаримизда, Аттор ваҳдат ул-вужудни талқин қилишда ўша олимларга таянаётгандек таассурот уйғотади. Умуман, Аттор Юсуф образидан фойдаланар экан, уни фақатгина пайғамбар ёки гўзаллик тимсоли сифатидагина зикр этмайди, балки тасаввуф назариётчилари илгари сурган ишқ ва изтиробнинг рамзи сифатида ҳам талқин қилади. Шу билан бирга, у орқали бошқа тасаввуфий назариялар, ахлоқий масалаларни ёритишга ҳам эриша олади.

Нафас Шодмонов. “Илоҳийнома”да Юсуф образи

__________________
Нафас Шодмонов – Филология фанлари доктори. 1960 йилда туғилган. Қарши давлат университетининг филология факультетини битирган. “Темурийлар даврида мусиқашунослик”,“Хожа Абдулқодир Мароғий”, “Жон жавҳари”, “Аруз вазни асослари”, “Муаммо жанри ва уни ечиш амаллари”, “Мумтоз адабиёт тарихи” каби илмий рисолалар ва ўқув қўлланмалари муаллифи.