Жон Голсуорси. Адабиётда характер яратиш

Характер яратиш — сирли жараён, ҳатто айтиш мумкинки, эҳтимол, бу жараён характер яратилаётган муте ёки ўжар объектлардан кўра характер яратаётган одамнинг ўзи учун сирлироқдир. Бу жараёнга иш очилмаган, у ҳужжатлар билан тасдиқланмаган ва унга аниқ бир таъриф бериши амримаҳол. Ҳар қандай ижод — у адабиёт бўладими ёки ҳаётдаги ижод бўладими, барибир, бирдай сирли ва билиб бўлмайдиган ҳодиса ва у тўғрида кўнгилга келган нарсани гапираверишга бирдай рағбатлантиради.
Аммо менинг диққатимни бу мавзуга жалб қилган сабаб шуки, мен эски мактабга мансуб кўпчилик одамлар қатори характерларнинг ҳаётийлигини ҳар қандай биография, пьеса ёки романнинг умрбоқийлигини таъминловчи асосий омил деб ҳисоблайман.
Лекин бевосита ижод жараёнининг ўзи тўғрисида гап бошлашдан аввал, ижодий индивидуаллик нима деган масалага тўхтаб ўтмоқ лозим. Мен философ эмасман, мен юнон илдизларига хайрхоҳлиги билан машҳур бўлган Оксфорд таълимини олиб, доноликка муҳаббатимни1 ҳаммага кўз-кўз қилиб юрадиган одам эмасман. Аммо мен шунақа одамманки, ҳаёт бизни ҳеч қандай умумлашмалар бўлиши мумкин бўлмаган жойда интеллектуал гимнастика ишқибозини умумлашмалар устасини кўришга мажбур қилсам. Фалсафий тизимлар — агар нигоҳингиз билан етарли даражада узоқ замонлар мобайнида мавжуд бўлган тизимларни қамраб ололсангиз — ёшларнинг модасини эслатади — парижлик бирон ақл-заковат эгаси уларнинг нисбийлигини аён қилмагунча мутлақо тўғри бўлиб кўринаверади.
Шундай қилиб, мен файласуф бўлмаганим важидан сизларга умумлашмалар эмас, ўз гумонларимни таклиф этмоқчиман. Менинг дастлабки гумоним шундайки, инсон деб аталмиш мавжудотнинг моҳиятини энергия ташкил қилади (эҳтимол, сўнгги модаларга мувофиқ, ҳозир у бошқача аталиши ҳам мумкин). Бу айнан шундай энергияки, жамики тирик нарса шу энергиядан яратилгандир, шундоқ экан инсон ўз моҳиятига кўра жамики яшаётган нарсаларга дахлдордир, улар билан алоқага киришади ва ўзида уларнинг таъсирини сезади. Ана шу таъсирларнинг жамулжамидан унинг тажрибаси шаклланади ва бу тажриба инсон онгининг остки қисмини ташкил қилади. Бу таъсирлар беҳисоб даражада кўп, улар шунчалик кўпки, ҳар бир одам бизнинг назаримизда лиммо-лим тўла хумга ўхшайди — бу хумда онг ости тажрибаси бор, уни таъсирларнинг махфий омбори дейиш ҳам мумкин, бу омборда бевосита шу одамнинг ўзи томонидан йиғилган ёхуд бошқаларнинг тажрибасидан тўпланган кўз билан кўрилган, қулоқ билан эшитилган, таъми татиб кўрилган, ҳиди ҳидлаб кўрилган таассуротлар шу махфий омборда жамулжам. Рим катакомбаларини ёки Адельфи ертўлаларини2 бир тасаввур қилинг — улар бошдан-оёқ фотография пленкаларига тўлиб кетган. Шуни кўз олдингизга келтирсангиз, миямизнинг ост қисми (подсознание) нима экани тўғрисида маълум даражада тасаввурга эга бўласиз. Ҳар дақиқа сайин, йўқ, ҳар дақиқа эмас, ҳар сония сайин омборда ётган ва истеъмол қилишга тайёр турган тажрибамизга қандайдир янги нарсалар қўшилиб боради.
Бундан кейинги гумоним қуйидагича: бизнинг йўналтирувчи деб аталмиш онгимиз одатда миямиз ертўлаларида ётган хазинадан жуда чекланган тарзда ва қатъий танлов асосида фойдаланади, биз адабиётга нисбатан, шунингдек, бошқа ҳар қандай санъатга нисбатан ижодий иқтидор ёхуд истеъдод деб аталувчи нарса эса айрим одамларнинг омборга кира олиш бобидаги одатдан ташқари қобилиятидир. Улар омборда ётган тажрибамизнинг тарқоқ парчаларини ташқарига олиб чиқадилар, уларни алоҳида қобилият билан гуруҳлаштира оладилар, шунингдек, бу парчалар омбордан олиб чиқилгандан сўнг, уларни бир бутун қилиб яхлит нарсага айлантирадилар.
Агар борди-ю суюқроқ нарса билан таққослайдиган бўлсак, онгимиз остини тажриба оқими сифатида тасаввур қилиш мумкин. Онг эса унинг устида ҳосил бўлган қобиққа ўхшайди: бу қобиқ озми-кўпми юпқа, озми-кўпми тешикчаларга эга, тажриба оқими шу тешикчалар орқали сирқиб ташқарига чиқади. Ижодий истеъдод деб аталадиган нарсани эса қобиқдаги тешикчалар сонининг нормадан ошиб кетгани деб тушуниш мумкин, шунингдек, шу тешиклар орқали чиқиб келаётган оқимга адабий персонажлар, манзаралар ёки музика асарлари шаклини бериш қобилияти ҳамдир. Ижодий индивидуаллик ҳақида ғоятда туманли ва сийқа сўзларда айтадиганимиз шулардан иборат.
Характерлар яратиш жараёнининг ўзига эса унинг ўта даражада сирли бўлган томонидан ёндашиш мақсадга мувофиқроқдир, яъни қайта яратиш томонидан, биография томонидан ёндашган маъқул. Кунлардан бирида Оксфорд клубида — биласизлар, бу клуб ғоятда нуфузли ва ҳамиша ёшларнинг ғовур-ғувурига тўла, унда бир зумда ҳар қандай одамни ўрнига ўтказиб қўйишни уддалашади, — хуллас, шу клубда биографиялар ёзишга жуда моҳир бир одам “Лузумсиз биографиялар оқими” деган мавзуда мунозара очипти. Ҳар қалай бир нарсага қатъий амин бўлиш мумкин — бу мунозарада унинг ўзи томонидан ёзилган биографиялар ҳақида гап бормаган. Шундоқ экан, тахмин қилиш мумкинки, у шундай биографияларни назарда тутганки, уларда майитлар гўрларидан туриб чиқиб келмайдилар. Эҳтимол, у аудиторияни ишонтира олгандир ва ўша пайтдан бошлаб биографлар учун туғиш-туғилиш борасида чеклашлар жорий қилингандир, эҳтимол, қилинмагандир, чунки бу адабиётчи биродарлар икки дунёда тузаладиган одамлардан эмас. Лекин улар билан бирга тахмин қилайликки, биография фақат муайян ҳоллардагина қимматга эга бўлади. Бунинг учун биография характер яратиши, ёки янада тўғрироқ айтганда, қайта яратмоғи керак. Бир нарсани эслайлик — биографнинг вазифаси аллақачон мавжуд бўлган скелетга жисм ва қон ато қилишдир, бинобарин, модомики, аллақачон скелет мавжуд экан, демак, ижод нуқтаи назаридан қаралса, ишнинг ярми битган. Мўртроқ ва омонатроқ суяклар масаласида ғоят эҳтиёт бўлиб муносабатда бўлмоқ керак, акс ҳолда қаттиқ жазога мустаҳиқ бўлиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Биограф ўз қаҳрамонининг оёғини маймоқроқ қўйиши, уни уч-тўртта тишидан маҳрум қилиши, умуртқасини сал-пал эгикроқ қилиб қўйиши мумкин, лекин шундай қилса ҳам бирон қаттиқроқ жазога тортилмай қолавериши мумкин, бироқ у қаҳрамонининг асосий шакл-шамойилини сақлаб қолмоққа мажбур, акс ҳолда, у ажалидан беш кун бурун оламдан кўз юмиши ҳеч гап эмас. Ўзининг ишида у фактлардан ташкил топган алланечук устунга таянади ва унинг бу иши бадиий адабиётда характер яратишдан кўра тасвирий санъатдаги портрет яратишга яқинроқ туради. Шундай қилиб, биограф скелетни ёруғ дунёга олиб чиқади, уни артиб чанглардан тозалайди, деразаси шимолга қараган устахонасига қўяди, шундан кейин уни мускул, гўшт, пай ва тери билан қоплашга киришади, бу иш битгандан кейин эса ўзининг эстетик туйғусига ёки одоб туйғусига таяниб уни кийинтиради. Табиийки, эстетик туйғу билан одоб туйғуси ҳаммавақт ҳам айнан бир нарса бўлавермайди. Тикувчи сифатидаги ўз хулосаларини у сон-саноқсиз ҳужжатлардан ёхуд бунақа ҳужжатларнинг йўқлигидан келтириб чиқаради ва англаши қийин эмаски, унинг ишида онгостига қараганда онг беқиёс даражада катта роль ўйнайди. Биограф билан романнавис ўртасидаги иккинчи муҳим тафовут айни ана шу ҳолда кўринади. Биограф бошидан охиригача қилаётган ишини онги билан назорат қилиб боради, романнавис эса онгли равишда ўзини остки онгининг чақинлари ихтиёрига топширади. Бизнинг давримизда — тажрибалар даврида баъзи бир уддабурон ёзувчиларнинг миясига биография билан беллетристикани битта қилиб қўшиб юбориш ғояси келиб қолди ва улар шундай асарлар ярата бошладиларки, бу асарларни биографик пьесалар ва биографик романлар деб аташ мумкин. Бунинг учун улар ўтмишда анча-мунча шов-шувлар яратган бирон шахсни олишади, муайян фактлардан эҳтиёткорлик билан кўз юмадилар-да, унинг устига маскарад кийимини кийгазиб қўйишади. Натижа кўпинча китобхон учун ёқимли бўлиб чиқади. Бу ишдан ёзувчининг ғурури ҳам қаноат ҳосил қилади. Аммо бунда биз омонат турган заминга қадам қўйган бўламиз. Негаки, баъзи бир одамлар айтганидек, агар тарих бирон-бир қимматга эга бўлса, майитни бу тарзда ясатиш ва хаёлот сурнайига рақс тушишга мажбур қилиш анча қалтис ишдир. Тарихий роман ҳам етарли даражада хатарли иш, буни, айниқса, Дюма романларини мириқиб ўқиган китобхонлар яхши билишади — улар ўша даврдаги Франция тарихининг чучмалроқ вариантларини ортиқ қабул қилмай қўйишади. Аммо биографик роман янада хавфлироқ. Тарихий роман дунёга келган пайтиданоқ қувноқ бир саргашта сифатида қабул қилинган, биографик роман ёки пьеса эса ҳамма нарсани режа билан қиладиган, таркидунёчилик либосидаги маккор бир кимсадир. Модомики, масалан, мен ҳамиша ўз сели билан дастурхонга тортилган паррандани ҳар хил зираворлар-у қайлалардан ортиқ кўрар эканман, йўл-йўлакай характер яратишнинг бундай усули бағоят ишончсиз эканини айтиб қўймоғим керак.
Биографда бизни ҳаммадан ортиқ қойил қолдирадиган нарса — унинг ғайратидир — у зўр ғайрат билан тарих қўрғонларидан жуда катта қимматга эга бўлган майда-чуйдаларни кавлаб олади. Биз шунингдек, унинг ўткир ва соғлом кўзига ҳам қойил қоламиз. Бу нигоҳ унга майда-чуйдаларнинг энг зарурини танлаб олишга имкон беради, бу майда-чуйдалар эса скелетга ёпиштирилганда образ яратади, у эса бизни биограф бақадри имкон оригиналга содиқ қолишга ҳаракат қилганига ишонтиради. Қаҳрамоннинг қайта яратилган образи ҳамиша у ёки бу даражада биограф шахсиятининг рангларига бўялган бўлади. Аммо биограф шахсиятининг ранглари қаҳрамоннинг табиий рангларини қанча кам ўзгартирса, эришилган натижа шунча юксак бўлади. Маълум маънода танқидчилик нечоғлик санъат бўлса, биограф санъати ҳам шунчалик ижоддир. Ҳақиқий танқидчилик эса алланечук илоҳий бир хислатга эга — у танқидчининг кўнглини олишдан кўра танқидчи шахсиятига қарши борган ҳолда ҳақиқатга содиқ қолади. Шу сабабдан яхши мунаққид ҳам, яхши биограф ҳам худди каркидон каби жуда ноёбдир. Яхши биограф ҳам худди яхши портретчига ўхшаб, ҳам юмшоқ, ҳам пўлатдай мустаҳкам бўлмоғи керак. У ҳамма нарсани шимириб, ўзига сингдириб олмоғи, кейин эса фаол ҳамдардликни намоён қилмоғи, унинг орқасидан эса тобланган бардошини ва қаршилик қилиш қобилиятини кўрсатмоғи лозим. У ўзига-ўзи қаршилик кўрсатмоғи, ўзидаги кулги туйғусини ҳам, эмоционал иштиёқларни ҳам боса олмоғи лозим, аммо айни чоқда жўшқин ва ранг-баранг бўлиб қолмоғи зарур. У ўтмиш одамларига ҳам, ўзига замондош одамларга ҳам — уларнинг хурофий қарашларига ва ғаразли интилишларига қарши тура олмоғи лозим. Одатда, у ҳатто ўзининг ноширига ва ўз ҳамёнининг талабларига ҳам қаршилик кўрсатмоғи талаб қилинади. Тўғри, портретчидан фарқ қилароқ, биографга тирик оригиналдан чиқиб турадиган ўзига тортувчи қувватга қаршилик кўрсатишга тўғри келмайди (тирик оригинал ўзининг сувратини қинғир-қийшиқ қилиб ёки, айтайлик, ҳаққоний тарзда тасвирлашларини истамайди), аммо ҳар бир қадамида унга аждодлар культи билан кураш олиб боришга тўғри келади. Дарҳақиқат, биограф ўз йўлида пусиб, биқиниб тарган қанчадан-қанча арслонларга рўпара келиши мумкинлигини ўйласанг, баъзан унинг йиртқич ҳайвонга ем бўлиши ҳам мумкинлигига ортиқ ажабланмай қўясан. Биограф мабодо ем бўлмаса, қоронғи чангалзорда адашиб қолиши ҳеч гап эмас. Қадимги усталар ишлаган портретларга — масалан, Гольбейн чизган сэр Томас Мор, Рафаэль чизган Ингарама портретларига қарасанг, уларда ҳеч нарса кўздан қочирилмаганини, ҳатто кўзнинг ғилайлиги ҳам тасвирланганини кўрасан. Уларда томошабинни бирон-бир ғайриоддий нарса билан лол қолдириши истагига заррача ҳам ўрин берилмаган. Буни кўриб, амин бўласанки, рассом ҳақиқатга бўлган эҳтиросли туғма садоқатидан илҳомланган. Оригинални узоқ вақт мобайнида ютоқиб кузатиш натижасида у барпо этган характер бизни қойил қолдиради ва биз ларзага тушамиз. Биз кўпинча бир фикрни эшитамиз, қолаверса, мен ўзим ҳам уни тез-тез айтиб юраман, негаки, бизнинг дунёмизда изчиллик деган нарса худди Экстердан ғарб томондаги боғлардаги булбуллар каби кам учрайди. Бу фикрга кўра бировдан нусха кўчириб чизилган портрет эгасига ўхшайдими-йўқми — бунинг бутунлай аҳамияти йўқ, чунки портретнинг эгаси эртами-кечми ўтиб кетади, портрет эса қолади, кейин эса портрет эгаси билан суврат ўртасидаги ўхшашлик мукаммалми-йўқми — буни ҳеч ким билмайди, одамлар фақат суврат яхшими-ёмонми деган масала устида мулоҳаза юритишади. Буларнинг бари мутлақо тўғри. Аммо бошқа томондан қараганда агар портрет суврати ишланаётган одамнинг ўзига ўхшамаса, портрет билан оригинал ўртасида ўхшашлик бўлмаса, уни портрет деб аташнинг нима ҳожати бору, муайян бир ном беришнинг нима зарурати бор? Албатта, портрет ишлайдиган рассом ҳам энг яхши биографлар амал қиладиган қоидалар асосида иш юритади — у оригинал сиймосини яратар экан, ҳақиқатга яқин туришга ҳаракат қилади ва уни бу борада йўлдан чалғитадиган нарсалар кўп бўлади. Ван-Дейк граф Нортумберленднинг Петвортдаги портретида эришгани каби қандайдир мўъжиза билан характернинг ич-ичидан жуда теран чизганини, унинг кайфиятини ифодалаб берганини кўрсак, унга қойил қоламиз. Ҳолбуки, Ван-Дейк ишлаган кўпгина портретларда индивидуаллик етишмайди, бунинг ўрнига уларда алланечук хотиржамлик, босиқлик бор. Аммо биз айтаётган портрет ундай эмас — биз унга қараб портретчи ва биографнинг қалбини муттасил тирнаётган курашни, Худо билан Маммона ўртасидаги олишувни кўрамиз. Ван-Дейк бу сувратни Нортумберленд Тосуэр зиндонида ўтирганида ишлаган эди. Унинг серсоқол юзи ёнбошдан ишланган, у иягини қўлига қўйиб олган, рассом унинг чеҳрасида индивидуаллик белгилари билан бирга ҳар қандай маҳбуснинг чеҳрасида муҳрланиб қоладиган изтиробни ҳам ифодалаган. Аммо рассом гўё англаганки, агар донгдор зодагонни бундай тасвирласа, бу томошабинларга унчалик хушёқмаслиги мумкин. Шунинг учун рассом унинг букик қадди-қоматининг орқасига қип-қизил духоба пардани қўйиб, томошабинларни хотиржам қилади. Ҳолбуки, Ван-Дейкнинг бу портрети анча ҳаққонийлиги билан ажралиб туради, духоба парда эса зиндондаги буюмлар ичида учраб турадиганлари қаторига кирмайди. Ўзинг яқиндан билган одамларнинг яхши ишланган портретларини кўрар экансан, ҳис қилишни, кўришни ва ўз таассуротларини тўғри ифодалаб бераоладиган ҳақиқатпараст рассом биз учун инсоннинг ташқи қиёфасини ҳам, ички моҳиятини ҳам жуда ёрқин гавдалантириб берганини кўриб, ҳайратланишдан ўзингни тиёлмайсан. Худди ана шундай ҳаққоний акс эттириш Эдмунд Госснинг “Ота ва ўғил” деган биографик асарида, Жорж Тревельяннинг Гарибалди ҳақидаги китобида, О’Брайеннинг “Парнеллнинг ҳаёти” деган китобида ҳам мавжуд. Энг яхши биографияларнинг ҳам, энг яхши портретларнинг ҳам сири — тасвирда ҳамдардлик билан танқидий ёндашувнинг алланечук сеҳрли бир тарзда чатишиб кетувидадир. Гейнсборо асрлар мобайнида яшаб келишсин деб ўзининг жажжи қизалоқларининг сувратини ишлаган. Сувратда икки қизалоқнинг ёзнинг илиқ кунида бир-бирларининг қўлларидан ушлаб олишиб, капалаклар кетидан қувиб юрганлари тасвирланган. Бу суврат ҳозирга қадар нафосатнинг беқиёс тимсоли бўлиб келмоқда — унда санъат нақадар таъсирчан гўзаллик билан нафас олиши яққол кўриниб турипти. Босуэлл ўзининг “Жонсоннинг ҳаёти”ни ёзганида, унинг санъати кишини лол қолдирадиган даражада ички дардларга тўла бўлиши мумкинлигини бизга инкишоф қилиб берганди.
Аммо характер яратишнинг бу соҳаси ҳақида гапиришни бас қилақолайлик, чунки бу соҳа менинг шахсий тажрибам ҳудудларидан ташқарида ётади. Бошқа мавзуга ўтақолайлик — бу мавзу менга шахсан таниш — бу романлар ва пьесаларда характер яратиш мавзусидир.
Бир неча йил муқаддам статистика соҳасининг бир заҳматкаш ходими бир қатор таниқли драматургларга саволлар билан мурожаат қилган эди. Бу масалада у ҳеч қанақа ноаниқликка йўл қўйишни истамай, драматурглар ўз асарларини қандай ёзишларини аниқ билиб олмоқни муддао қилган эди. Афтидан, унинг саволларига жавоб берганлар характерларни сюжетга мослаб яратадиган драматурглар бўлишган бўлса керак. Агар характер яратиш тўғрисида гапирадиган бўлсак, айни ана шу нуқтада драматургни асосий хавф кутиб туради. Пьеса персонажлари аввалдан белгилаб қўйилган сюжет бурилишларига мослаштириладиган бўлса, улар қандай қилиб жонли чиқиши мумкин? Албатта, драматург пьеса ёзишга ўтиришдан олдин, унинг умумий йўналиши ва ниҳояси қандай бўлишини билмоғи керак, лекин шу ҳудуд орасида пьесанинг қандай бўлишини персонажларнинг ўзлари белгилашига имкон бермоғи керак. Ҳатто шундай бўлган тақдирда ҳам у насрнависчалик эркинликка эга бўлмайди — агар шу пайтгача яратилган ҳамма романлар ва пьесаларни қамраб оладиган бир сўроқлар ўтказилса, маълум бўлардики, романларда эсда қоладиган характерлар пьесалардагига қараганда кўпроқ яратилган. Ҳатто айтиш мумкинки, пьесалар шундоқ пьеса сифатида эсда қолади, романлар эса уларда яратилган характерлар туфайли эсда қолади. Албатта, бу қоидадан истисно бўладиган фавқулодда асарлар ҳам бор, лекин улар айни шундай пьесалардирки, даставвал ўзларида яратилган характерлари билан шуҳрат топган пьесалардир. Ўз-ўзидан Шекспирни мисол тариқасида келтиришга эҳтиёж сезилади. Лекин Шекспир замонида ҳали роман туғилмаган эди, шундай бўлса-да, Шекспирда моҳир бир романнавис ёзувчининг нишоналари бор эди. Малори билан баъзи бир илк шеърий романларнинг муаллифларини кўпроқ масалнавис ёзувчилар қаторига қўйиш мумкин. Тўғри, Сервантес Шекспирга замондош бўлган, бироқ у замонда Англияда адабий ифодачи сифатида, асосан, шеърият билан пьесалар амал қилар эди. Шундоқ экан, Шекспирнинг рангини ўзгартириб, товланиб турадиган калтакесакники сингари терисига “романнавис” деган муҳрни ҳам ёпиштириб, ортиқ безовта қилмай қўяқолайлик: тағин худо кўрсатмасин, бирон-бир уддабуронроқ адабиётчи Шекспир драмаларини Сервантес ёзган деб даъво қилиб юрмасин; Бекор вақтларида инглиз тилини ўрганаётиб, шунақа гапларни айтиб юбориши ҳам ҳеч гап эмас. Шекспирга хос фазилатлар орасида энг улуғи, шак-шубҳасиз, унинг беқиёс даражадаги тилни билиш маҳоратидир. У ҳаммадан аввал шоирдир, характерларни ярата бошлаганидан аввал эса у анча-мунча мураккаб ва машаққатли йўлни босиб ўтди. Бунда у муттасил равишда онг остидан чиқариб олган нарсаларига таянадики, бу драматургдан кўра насрнависга кўпроқ хосдир. Шекспир драмаларининг бағоят эркин композицияга эгалиги ҳам шу фикримизни тасдиқлайди. Бошқача аҳвол рўй бериши мумкин эди: агар Шекспир актёр бўлмаганида ёки лоақал театр билан бу қадар яқин алоқада бўлмаганида, эҳтимол, Англияда характерлар романини жорий қилган бўлар эди ва Сервантес эгаллаган жаҳонда биринчи маиший роман — муаллифи деган номни эгаллаган бўларди. Шекспир — саҳнани амалий жиҳатдан чуқур билмай туриб, чинакамига пьеса ёзиб бўлмайди, дейдиган қараш тарафдорлари қўлида энг ишончли далил сифатида хизмат қилади. Бу — ярми ёлғон, ярми чин бир гап, лекин одамлар унинг ҳаммаси бошдан-оёқ чин бўлишини исташади. Бундан бошқа фикр ҳам бор — унга кўра драматургияда нимаики қимматли нарса бўлса, унинг ҳаммаси театрга ташқаридан олиб келинади. Бу қоидаларнинг икковини ҳам лозим истисноларни таъкидлаган ҳолда қониқарли тарзда исбот қилиб бериш мумкин. Бизнинг мафкурамиз учун бу масаланинг унча муҳим аҳамияти йўқ, аммо бу масаладан драмада характер яратиш бобида учрайдиган иккинчи тўсиқ масаласига — саҳна драматургнинг ижодий эркинлигини қандай қилиб чегаралаб қўйиши масаласига ўтиш осонгина мумкин. Албатта, драматург бутун диққатини характерлар масаласида жамлаши, қолган масалаларни эса бўлганича бўлар деб ўз ҳолига ташлаб қўйиши мумкин; сирасини айтганда, “ташқаридан олиб келиш” назарияси айни ана шу ҳолатга асосланади. Бироқ саҳна талабларига бунақа беписандлик билан қараш ҳаётий персонажлар яратишга ёрдам берса-да, режиссёрнинг фиғонини кўкларга чиқаради. Шунинг учун драматург бундай чеклаш билан ҳисоблашишга мажбур бўлади. Бу “жанр қонунларига риоя қилиш” деб ҳисобланади ва саҳнани чуқур билмасдан туриб, ҳақиқий пьеса ёзиш мумкин эмас, деган назария шу қарашга асосланади. Шубҳа йўқки, Шекспир ўз жанрининг қонунларини жуда яхши билган ва айни чоқда яна шуниси ҳам шубҳасизки, истаган даврдаги бошқа ҳар қандай драматургга қараганда бу қонунларга беписандроқ қараган. Шекспир мисолида ҳеч нарсани исбот қилиб бериб бўлмайди. Аммо ўзимизнинг драматург ўрнига қўйиб кўрайлик: драматург ўз хаёлотида янги бир махлуқ яратишга интилади, бу махлуқ ҳар жиҳатдан тўлақонли жонли одам сифатларига эга бўлмоғи керак. Шунда кўрамизки, саҳна қонунларига риоя қилиш зарурияти драматургнинг имкониятларини анча чеклаб қўяди ва унинг ғашига тегади: у ҳамиша шуни эсда тутмоғи жоизки, унинг қаҳрамонлари хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, фақат муайян макон ва муайян вақт доирасидагина ҳаракат қилишга мажбур, улар бу макон ва вақт чегараларини кенгайтиришга ожиздирлар. Кези келганда айтиш керакки, кинематографнинг театр олдидаги устунликларидан бири ҳам айнан ана шунда, аммо бу устунлик томошабин жонли актерларни эмас, уларнинг сояларинигина кўрганлари важидан йўқотган нарсаларини ўрнини қоплаёлмайди. Шу ўринда драматургияда характер яратиш масаласидаги учинчи жиддий тўсиқ масаласига тўхтаб ўтиш жоиздир. Драматург ўз қаҳрамонларини ижрочиларнинг мурувватига топшириб қўяётганини англаб етмаслиги мумкин. Эҳтимол, унинг биринчи пьесасида бундай бўлмагандир, лекин бошқа пьесаларида драматург хаёлини ҳар қанча мажбурлашмасин ўзи яратган характерлар саҳнада бутунлай ўзгариб кетиши, у ўйлаганчалик бўлмаслиги мумкинлиги ҳақидаги фикрдан юраги така-пука бўлади. У ёки бу ролни ижро этишга мувофиқ келадиган идеал актер бўлмайди, фақат ролнинг озми-кўпми тўғри талқини ҳақида гап бўлиши мумкин. Буни билган драматург — персонажнинг либоси кўпроқ ижрочиларга лойиқ келсин учун бадиий ниятида ва уни амалга оширишда жиндай ноаниқликка йўл қўйишдан ҳам тоймайди. Баъзи бир драматурглар бундай чекланишдан шу қадар озурда бўладиларки, тўғридан-тўғри муайян актерларга мўлжаллаб асарлар ярата бошлайдилар. Бироқ бу энди жанр қонунларига риоя қилишнинг ҳаддан ортиқ даражада ошиб кетгани бўлади ва биз бу жараённи характер яратиш деб атасак, ножоиз бир муболағага йўл қўйган бўлур эдик.
Саҳна ёзувчиларни индивидуал шахслардан кўра кўпроқ типлар яратишга даъват қилади. Эҳтимолки, бу қоидадан энг фавқулодда истисно — Фальстафдир. Бу ажойиб қария — осий банда биз учун алоҳида олинган бир инсон холос, биз уни инсон табиатининг ҳеч қайси қирраси билан боғламаймиз, ҳолбуки, Лирни ўта жазавадорлик билан, Отеллони — рашк билан, леди Макбетни кучли ирода ва воситаларнинг фарқига бормаслик билан, Ҳамлетни эса хаёлпарастлик ва дудмаллик билан боғлаймиз. Кези келганда айтмоқ керакки, Фальстаф образи кўп жиҳатдан романга тортадиган образ, Шекспир уни яратар экан, ўз эркини роса қўйиб берган ва чин юракдан лаззатланган, унинг лаззати эса анча-мунча ўзгарган ҳолда бизга ҳам ўтган. Бу ўринда у деярлик тўла равишда онг ости (подсознание)га бўйсунган: йўналтирувчи фикр йўқ, янада аниқроқ айтганда, бизнинг кўзимиздан яширин. Тўғри, Фальстафга “уччига чиққан бузуқи” деган ёрлиқни ёпиштирса ҳам бўларди, лекин энди бу post factum типидаги адабий мулоҳаза бўларди. Аввалига бу луқма ҳар қанча катта бўлмасин, Фальстафнинг ўзини ютиб юборайлик, ахир, ҳаётнинг ўзини ҳам ҳар қанча шаклсиз ва ширадор бўлса-да, ютиб юборамиз-да, кейин ундан бизга яна қўшимча беришларини илтимос қиламиз.
Ҳамлетнинг типиклиги шубҳалар туғдиради; Адабий анъана учун Дон Кихотнинг задди деб ҳисоблайди; бири хаёлпараст, иккинчиси саргашта рицар, бири — фикр одами, иккинчиси — ҳаракат кишиси. Аммо бундай қулай қарама-қарши қўйишни драманинг матни тасдиқлармикин? Гамлет шундай бир образдирки, унда драматург худди романнависга ўхшаб ўзини девонаваш бир тарзда интроспектив метод қучоғига ташлайди, у салкам буткул равишда онг остига тобе бўлади, у эса муаллифни шу дақиқаларда чулғаб турган кайфият йўлларида хизмат қилади. Ҳамлет образи шу қадар нозик, шу қадар кўпқиррали, шу қадар жилоларга бойки, ҳали биронта ҳам актер бу ролни ижро этиб муваффақиятсизликка учраган эмас, шекилли. Тўғри, улуғ Ҳамлет — анча-мунча ноёб ҳодиса, лекин яхши Ҳамлет — тез-тез учраб турадиган воқеадир.
Келинг, Ҳамлет мавзуимизнинг энг муҳим ва энг кенг қиррасига ўтишимизда бир кўприк бўлиб хизмат қилақолсин. Бу қирра — романда характерлар яратиш масаласидир.
Шубҳа йўқки, характерлар яратиш жараёни бошқа соҳалардан кўра камроқ даражада чекланган ва бошқа ҳамма соҳалардан кўра ортиқроқ даражада онг ости билан боғланган соҳадир. Ўз-ўзидан маълумки, бир мавсум мобайнида яшай оладиган, лекин қўйиб берса асрлар бўйи ҳам ҳаёт кечира оладиган образлар яратмоқ учун сокин бир гўша, сиёҳ, қоғоз ва муаллифнинг ўз-ўзига теранроқ шўнғиши, диққат-эътиборини бир жойга жамлаши талаб қилинади, холос. Бу қадар тўла-тўкис мустақиллик унинг асарини энг жозибадор қилибгина қолмайди, балки айни чоқда энг қийин ва сирли асарга ҳам айлантиради. Унга ташқаридан ҳеч нарса — на муте скелет, на ўжар табиат ёрдам беради. Унинг хаёлотига на аввалдан белгилаб қўйилган авансценалар, на маҳоратли эканликларига ҳеч кимнинг ишончи комил бўлмаган ижрочилар таъсир қилади. Прозанавис амал қиладиган методни кўриб чиқар экансан, қаршимда “у нимадан бошлайди?” деган бир савол кўндаланг бўлади.
У ҳаётдан оладиган нарсаларини онгли равишда оладими ёки онг ости майли билан оладими? Ҳар бир романнавис бу саволга ўзича жавоб беради ва бу жавобларнинг биронтаси ҳам ҳеч кимни қаноатлантирмайди. Мен ўзим ҳам, гарчи ўттиз йилдан ортиқроқ вақтдан бери характерлар романи ёзишга уриниб ётган бўлсам-да, бу саволга узил-кесил аниқлик кирита оламан деб даъво қила олмайман. Шу бугунга қадар мен асарни қандай бошлашимни ва қандай давом эттиришимни аниқ қилиб айтиб беролмайман. Менинг фақат бир нарсага ишончим комил: ҳамма учун мажбурий бўлган битта ягона қонун йўқ, характерлар яратиш жараёни нафақат ҳамма ёзувчиларда ҳар хил бўлади, балки менинг ўзимда ҳам ҳар хил вақтда турлича бўлиши мумкин. Агар ҳаммасини тахминан бир нуқтага жойлаб, умумий қоида чиқараман десангиз, уни шундай ифода қилиш мумкин бўлар: Қандайдир дақиқаларда ёзувчи ҳаётда содир бўлаётган бирор реал воқеани жуда ҳаяжонланиб қабул қилади ёки бирор одам уни кучли жунбушга келтиради, ўша ҳодиса ёки инсонни қабул қилиш билан кузатувчи одамга хос кайфият бамисоли иккита ҳужайрадек бир-бири билан бирикади-да. Бирлашишгандан кейин ижоднинг ҳомила нуқтаси пайдо бўлади. Ана шу ҳомила нуқтасига мос келадиган таассуротлар ёхуд онг остида сақланадиган таъсирлар ёндашиб кела бошлайди, ҳомила ўсиб, муайян катталикка эришмагунча бу аҳвол давом этади, ҳомила ўша даражага етгандан кейин эса ўзининг ифодаланишларини жуда қаттиқ талаб қила бошлайди, ана шундагина ёзувчи қоғозга туширилган сўзлар ёрдамида ўзини юкдан халос этишга киришади. Қаҳрамонни тавсифловчи биринчи иборалар одатда воқеий ҳаёт томонидан олиб борилган кузатишлар томонидан айтиб берилган бўлади. Агар кузатишлар онгли равишда олиб борилган бўлса, бу тасвир тез орада ўзгаришга учраши эҳтимолдан холи эмас. Бироқ бусиз ҳам персонаж жуда тез фурсатда дастлабки белгиланган табиатдан чекина бошлайди, оқибатда муаллиф ўзининг дастлабки белгилаб олган прототипига содиқ қолишни истаса, унда у ҳамиша “инбридинг”га мурожаат қилиб туриши, бот-бот қайтиб, унга қаҳрамоннинг илк белгиларини яна ва яна олиб кириб турмоғи лозим бўлади. Ҳар бир инглизнинг кўксида асл зотли соф тулпорларни бунёд этиш иштиёқи жўш уради. Шу иштиёқ бизга романнависнинг характерларни яратар экан, қандай қилиб у ёки бу ёрқин хислатларни танлашини ва уларни толмасдан мустаҳкамлаб боришини ҳамда бу ишида у ёки бу зотдаги отларни танлаб, олинадиган зотлар ҳаддан зиёд яқин қариндошларга ўхшаб қолиш хавфи пайдо бўлгунга қадар толмасдан чатиштиришда давом этадиган от заводининг хўжайинига ўхшаб кетишини англашимизга ёрдам беради. Аммо муаллиф ҳар қанча ҳаракат қилмасин, модомики, қаҳрамон ўз ҳаёти билан яшай бошладими, бирибир унинг ҳар бир хатти-ҳаракати, ҳар бир сўз ёки фикри уни дастлабки табиатдан нари олиб кетаверади. Моҳиятан романнависга айнан шунинг ўзи керак, чунки ҳаётдан ҳафсала билан кўчириб олиб чизилган персонажларнинг мутлақо тушунарли сабабларга кўра сира кераги йўқ. Энг онгли ва айни чоқда энг нозиктаъб носирлардан бири бўлмиш Тургенев Базаров образини қандай яратганини бизга ҳикоя қилиб берган эди. Кунлардан бирида у поездда бир ёш врач билан суҳбатлашиб қолипти. Бу йигит ёзувчини мутлақо янги бир тип сифатида лол қолдирипти. Кейин Тургенев поезддан тушиб қолипти ва бу йигитни иккинчи марта учратмапти. Бироқ у ёзувчида шу қадар катта таассурот қолдирган эдики, адиб унинг ҳаёт йўлини ва фикрларини кундаликлар шаклида ўз хаёлотида гавдалантирмоққа аҳд қилади. У бир неча ой мобайнида кундаликни қўймай ёзиб борипти, унинг назарида ёш врач ҳам ўз кундалигини айнан ана шундай олиб бормоғи керак эди. Ниҳоят, адиб худди ўша йигитдай яшай бошлаганини ҳис қилипти, унинг назарида адиб содир бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай шароитда бу йигит ўзини қандай тутишини, қандай ҳис қилишини жуда яхши биладигандек бўлиб кўринибди. Шундан кейингина, у “Оталар ва болалар” романини ёза бошлади ва ўша ёш йигитни Базаров номи остида бош қаҳрамон қилиб олди. Базаров ўзини “нигилист” деган сўз билан атайди ва бу сўз бир зумда ўша кезларда бутун Россия бўйлаб туғилиб келаётган янги типдаги одамларнинг лақаби сифатида қабул қилинди. Бу образни соф онгли тарзда яратишнинг, соф ўйланилган мунтазамлик, изчилликнинг мисолидир, бироқ чинакамига улуғ, изланувчан ва талабчан маҳорат эгасигина бу қадар қатъий методга амал қилиб, муваффақият қозонмоғи мумкин эди. Одатда, эркинлик билан образнинг ҳаётийлигини таъминловчи омил онгости (подсознание)дир, у ғайришуурий тарзда онгни керакли материал билан таъминлаб туради. Агар бу қоидани ўз тажрибамга таяниб туриб изоҳлаб беришга ҳаракат қилсам, мени маъзур тутгайсизлар. Тонг. Мен ўриндиққа ўтираман, тиззамда қалин дафтар, кўз ўнгимда персонажимнинг ёзиб олинган сўзлари ёки хатти-ҳаракатлари, қўлимда қалам, оғзимда трубкам, калламда эса ҳеч вақо йўқ — бўм-бўш. Мен ўтирибман, мен режа тузаётганим йўқ, ҳеч нарсани кутмаяпман, ҳатто ҳеч нарсадан умидим ҳам йўқ. Мен сўнгги саҳифаларни қайтадан ўқиб чиқмоқдаман. Аста-секин гўё мен ўриндиқни тарк этаман-у, менинг қаҳрамоним ҳаракат қилаётган ёки гапираётган жойга ўтиб қоламан — мана у қадам қўймоқчи бўлиб оёғини кўтарди, ҳозир яқинроқ келади, мана, у лабларини ҳам жуфтлади — бир нарса демоқчи, шекилли. Қўққисдан қаламим қимирлаб қолади — қаҳрамонимнинг қандайдир қилиғи ёхуд оғзидан чиққан гапи қоғозга тушади, кейин яна ва яна шу аҳвол танаффуслар билан бир соат-икки соат давом этади. Ёзганларингни қайта ўқиб чиқиб, таажжуб билан амин бўласанки, гўё уларнинг ҳаммаси аввалги ёзганларингдан келиб чиқади ва уларнинг бўлиши мумкин бўлган давомини тайёрлайди. Образга жиндай қўшимча ҳаётийлик бахш этган бу саҳифалар онгнинг ёки йўналтирувчи фикрнинг даъватига жавобан онгости (подсознание) омборларидан пайдо бўлишган ва охир-пировардида агар биз “мавзу” сўзини унинг кенг маъносида қўлласак, бизнинг мавзуимизга хизмат қилмоғи мумкин. Шундай қилиб, характер яратиш гарчи онгсиз ва ҳеч нарса билан чекланмаган жараён бўлса-да, у ҳамиша битта мақсадга мувофиқ иштиёққа бўйсундирилган бўлади. Бу иштиёқни эса “почта каптари” инстинкти деб атасак тузукроқ бўлса керак.
Китоблар ҳақида гапиришганда кўпинча фалончининг образи муаллифга итоат қилмай қўйипти, у асарда “мустақил ҳаёт кечира бошлапти” деган гапни айтишади. Бу гап гарчи ҳаммаси бошдан-оёқ ҳақиқат бўлмаса ҳамки, умуман олганда, тўғри гап. Негаки, биронта ҳам образ ўзининг “яратган” одамининг табиати ҳудудларини тарк этолмайди ёки унинг махфий шакл туйғуси доирасидан ташқарига чиқиб кетолмайди. Ҳатто бу “шакл туйғуси” бор-йўғи шаклсизликни олқишлашдан иборат бўлганда ҳам образ унинг ҳудудларидан четга чиқиб кетаолмайди.
Юқорида келтирганимиз Базаров ҳақидаги мисол кўрсатадики, характер билан сюжет ўртасида ҳам мустақил алоқа бор. Айтайлик, виждон амри билан ёзилган романда бу ҳар хил нуқталардан ёрқин ёритилган характер бўлмоғи мумкин. “Оталар ва болалар”да Тургеневнинг мавзуи катта авлод билан ёш авлодни таққослаш, тўғрироғи, қарама-қарши қўйишдир. Поездда рўпара келиб қолгани, ёш йигитда янги типни кўра олгани Тургеневда нафақат Базаров образини яратиш иштиёқини уйғотди, балки унга мавзу ҳам берди, яъни қаҳрамонларини жойлаштириш учун қулай бўлган бир муҳитни ҳам кўрсатди.
Дон-Кихот билан Санчо-Пансо ўртасидаги зидлик Сервантесга унинг дурдона асари учун мавзу берган эди. Тургеневнинг “Тутун”идаги мавзу жозибадор Ирина образида тажассум топгандир. Бу Бальзак романларидаги энг яхши мавзудир — чала тентак Горио ота образидир. Агар асардаги марказий фигура — ҳамиша саргузаштталаб д’Артаньян бўлмаса, биз “Уч мушкетер” романининг мураккаб можаролари ва уларнинг давомини тасаввуримизга сиғдиролмаймиз. Худди шунингдек, дилкаш мистер Пикквиксиз “Пикквик клубининг мактублари”ни ёки Давид Бальфур ҳамда Алеи Брек образларида тажассум этган. Тоғлик Шотландия билан водийлик Шотландияни қарама-қарши қўйишлари бўлмаса, Стивенсоннинг “Ўғирланган” ёхуд “Катриона”сини сира тасаввуримизга ҳам сиғдира олмаймиз. Аммо бошқача ҳолат ҳам бўлиши мумкин — бунинг ёрқин мисоли бўлиб Толстойнинг улуғ романи “Уруш ва тинчлик” хизмат қилиши мумкин. Унда ҳаётнинг шунақа кенг манзараси кўрсатилганки, ҳатто асосий қаҳрамонлар ҳам алланечук тобе ўрин эгаллайдигандай кўринади. Толстойнинг яна бир дурдонасини — “Анна Каренина” романини ўқир экансан, унда асар мавзуи Аннадан кўра Левинда кўпроқ мужассам топганини ҳис қиласан.
Бу маърузанинг бошланишида мен йўл-йўлакай бир фикрни айтиб ўтгандим — унга кўра романнинг, пьесанинг, биографиянинг умрбоқийлиги уларда тасвирланган характерларнинг ҳаётийлигига боғлиқ. Энди масалани торайтириб, фақат роман билангина чеклаб олайлик. Камдан-кам романларнинг умри ўзига тенгдош авлод умридан узоқроқ бўлади. Агар асар бундан узоқроқ яшаса. Демак, бу ўз вақтида кўпинча муносиб баҳоланган ва шуҳрати анча кенг бўлган асар бўлиб чиқади. Бироқ бугун уларнинг муқовасидаги номларнигина эслайдилар ва уларни фақат Олим ёки Талаба, ёки авлоқ бир меҳмонхонада судралиб қолиб кетган одамгина қўлга олади. Аввалги замонлардаги китобларнинг камдан-камини биз ҳозиргача қайта-қайта ўқиб турамиз. Ўқийдиганларимиз эса шундай асарлардирки, уларда лоақал битта ўз даврини ортда қолдириб яшаб келаётган характер мавжуд бўлади. Агар Бекки Шарп, майон Ленденнис, полковник Ньюком, Гарри Фокер, Эсмонд Беатриса ва Барри Линдонлар бўлмаса, бугун Теккерейни кўп одам билар эди дейсизми? Агар миссис Прауди бўлмаса, Троллопни қанча одам билар эди. Ҳозирги пайтда моҳият эътибори билан қарасак Чарльз Диккенс билан бизни бир гуруҳ ҳайрон қолар даражада яшовчан одамлар образларидан бошқа яна нима боғлаб туради? Жорж Элиот ҳозирча бўш келаётгани йўқ. Тўғри, лекин унинг туриши унча мустаҳкам эмас, шунда ҳам у кўпроқ Сайлес Мариер, Адам Бид ва Хэттиларнинг саъй-ҳаракатлари билан турипти, шекилли. Жейн Остиннинг яратган дунёси ҳаддан ташқари маҳдуд, аммо шунга қарамай, унинг яратган характерлари бу адибни унутиб юборишимизга йўл қўймайди. Услуб масалалари билан махсус шуғулланмайдиган китобхон Флобердан фақат Бовари хонимни ва яна бир ҳикоясидаги оқсоч аёлни эслайди, холос. Агар Том Жонс Жозеф Андрус ва София бўлмаса, Генри Фильдинг ҳам унутилиб кетарди. Тўғри, “Сентиментал сайҳат”, “Крэнфорд”, “Алиса мўъжизалар мамлакатида”, “Хазиналар ороли” ёхуд “Гекльберри Финн” каби асарлар “уларда яратилган характерлар сабабли яшаб келяпти” деб айта олмаймиз. Уларнинг яшаб келаётгани ва бундан кейин ҳам яшажагининг асосий сабаби шундаки, бу асарлар оламни, ҳаётни айрича қабул қилиш билан суғорилган. Аммо бундай истиснолар келажак учун муҳим бўлган қоидани тасдиқлайди, холос. Гап шундаки, сўнгги йилларда романда ўзига хос коллективизм фойдасига индивидуаллаштиришдан воз кечиш тамойили сезилмоқда; драмада индивидуал характерлар ҳар қанча ёрқин ва юқори босим остида тасвирланган бўлмасин, драмадан юз ўгириб, бунинг ўрнига инсонни умуман салкам илмий тарзда намойиш қилиш йўлини танлашмоқда. Шу мақсадда муаллифлар жамики маҳоратлари ва ҳафсалаларини сафарбар қилиб, бу озми-кўпми homo sapiens бўлган махлуқнинг фикрлари, туйғулари, иштиёқлари, ожизликлари ва фазилатларини бизнинг кўз ўнгимизда намойиш қилмоқ учун ичак-човоқларигача ағдар-тўнтар қилиб кўрсатадилар, лекин уларга лоақал жиндай индивидуал ҳаёт бахш этишни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Адибнинг муҳаббати ёхуд нафратини қўзғатувчи омил борган сари турнинг айрим вакиллари эмас, умуман, ҳаммаси бўлиб бормоқда. Бу жуда қизиқарли тажриба, айниқса, шу тажрибани ўтказаётганларнинг ўзи учун қизиқарли. У муайян даражада муваффақиятга эришган. Аммо услубни қизиқарли қилиш устидаги ташвишлар, турли-туман сўз ўйинлари, “ҳаётнинг титроқ нафасини” ва ҳатто инсон қалбини нафис қилиб, умумлаштириб тасвирлаб бериш ҳам ҳеч қачон индивидуал характерлар яратишнинг ўрнини боса олмайди. Буни исбот қиладиган анча-мунча асосли далиллар бор. Индивидуал характерлар ҳамиша романнависнинг асосий вазифаси ва асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида қолаверади. Бунинг сабабларидан бири шундаки, бизнинг кўпчилигимиз ўзимизга бўлган қизиқишимизни ўқтин-ўқтин бошқаларга кўчириб туришга эҳтиёж сезамиз. Ва бу эҳтиёжларимизни кўпроқ ва яхшироқ даражада қариндошимиз бўладими ёхуд энг яқин дўстимиз бўладими — уларга ўхшаган одамлар эмас, балки китобларнинг қаҳрамонлари қаноатлантиради. Яна давом этайлик. Бизнинг кўпчилигимиз ана шу адабий қаҳрамонларда ўз-ўзимизни кўришни ва шу қаҳрамонларга қараб, ўзимиз тўғримизда муҳокама юритишни истаймиз. Умумлашган одамнинг таҳлили ғоятда ибратли бўлиши мумкин, лекин бу таҳлил бизга ўзимиз билан қиёслашга етарли даражадаги ёрқин образни бермайди. Одатда биз адабий персонажлар узлуксиз давом этадиган ахлоқий баҳолаш жараёнини (бу жараённи инсоннинг бутун умридан ажратиб олиб бўлмайди) нечоғлик кучайтириши ва бойитишини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Албатта, ёзувчи одам бундай мулоҳазага амал қилмаслиги керак, агар шундай қилса, бу унинг яратган характерларига қирон келтирар эди. Аммо ишини тугатгандан кейин, у ёки бу характерни яратиб, мен маънавий меъёрларнинг табиий ривожига ўз ҳиссамни қўшдим деб ўйлаш унга мамнуният келтирса керак. Дарҳақиқат, бу дунёда одамларга кўнгилхушлик бахш этишдан бошқа ҳам ёзувчининг зиммасида бирон вазифаси бўлса, бу вазифа шундан иборатки, у характер яратиб, одамларни ўйлашга ва ҳис қилишга мажбур қилишдир.
Мен бу мақоланинг интиҳосига кўкрагим билан тасмани узиб ўтишдан заррача умид қилмаган ҳолда келяпман, негаки тушунтирилмаган нарса шундоқлигича тушунтирилмаган кўйи қолаверди. Нима учун адабий персонаж яшайди? Ёки, айтайлик, аксинча: нима учун уларнинг кўпчилиги оламдан кўз юмади? Ҳар қайси нашриёт мавсумининг охирига келганда бундай чалажон қаҳрамонлар кузги дарахт пашшаларидай анча тўпланиб қолади. Орадан кўп ўтмай, қўлида супурги тутган Вақтнинг оқсочи пайдо бўлади-да, деворларга ёпишиб ётган пашшаларни супуриб олиб, бир чеккада ётган қор уюми устига ташлайди. Уларнинг кўпчилиги “қизиқарли” бўлганлари ёхуд “ғаройиб тарзда кишини тўлқинлантирувчи” бўлганлари важидан ўлиб кетади! Бошқа баъзи бирлари эса димоғлари шишиб, бурунлари кўтарилиб кетганидан, совун пуфагидек ёрилиб кетади. Баъзилар ҳозир бизнинг давримизда бунақалар кам — чучмалликдан, қанднинг ҳаддан зиёд кўплигидан нобуд бўлишади. Яна бир хиллар ўзларининг яратганларини шу қадар ёмон кўриб қолишади-да, бутун гуноҳни уларнинг зиммасига юклаб, жонларига қасд қиладилар. Қолганлар эса бирон-бир тарзда умргузаронлик қилишга ҳаракат қилишади-да, бунақа уринишлардан буткул воз кечадилар. Вақт таъсирига бериладиган кам қонли адабий қаҳрамонларда битта жуда оддий, лекин ғоятда муҳим хусусият бор: улар шунинг учун яшайдиларки, ҳаммавақт узлуксиз равишда кам-камдан бўлса ҳамки ўзларини намоён қилиб турадилар. Агар характер яратишда бирон-бир омилга биринчи ўринни бериш керак бўлса, мен ўткир юморни танлаган бўлардим. Дон-Кихот ва Санчони, Фальстафни, Никоберни, Бетси Трайвездни, Степан Аркадьевични ва миссис Праудини барпо этган юморни айтяпман-да! Аммо бу узоқ умр кўрадиган характерлар яратишда ҳаракатлантирувчи пружина эмас, балки бир ускуна, холос. Пружинанинг ўзи эса сирлигича қолаверади. Агар истасангиз уни ҳаётбахш учқун, “ҳаёт нафаси” деб атанг. Бир нарса шак-шубҳасиз: адабиётда узоқ умр кўрадиган характерларнинг ҳаммаси аллақачон йўргакдан чиққан ва ўз яратувчиларидан ҳам халос бўлиб улгуришган. Уларнинг ўзларини барпо этганларга заррача ишлари йўқ. Улар ўсиб-улғаядилар, уйдан чиқиб кетадилар ва сизни ҳам ўзлари билан бирга кетишга даъват этадилар. Сиз улар билан бирга уларнинг мустақил дарбадарликларининг кўчалари ва саҳроларига, далалари ва дарёларига чиқишга даъват этиласиз. Агар чиқсангиз, уларнинг юлдузларини кўрасиз, уларнинг ташвишларига шерик бўласиз, улар билан бирга кулишасиз, улар билан бирга севишасиз, улар билан бирга довон ошасиз, улар билан елкама-елка туриб курашасиз, ниҳоят, улар учун тун бошланганда сиз ҳам улар билан бирга тун қўйнига ва йўқлик маконига сингиб кетасиз…

1931

Озод Шарафиддинов таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 9-сон