Ишхонадан аҳмоқона топшириқ олдим. Бугуноқ кечки поездда пойтахтдан Бухорога йўл олиб, уч кунлик ишни бир суткада битириб қайтишим керак эмиш.
Купега чиққанимда икки иши – чўзинчоқ юзли, қорачадан келган, соч-соқоли ўсган, сертук бир одам, унинг ёнида, қаҳратон бўлишига қарамай, юпунгина кийинган, мушаклари буртиб чиққан, қорамағиз йигит бор эди. Саломимга ҳафсаласизлик билан алик олишди.
Мен ҳам ортиқча эътибор бермай, сумкамнинг занжирқулфини маҳкамлаб, устидан боғичини ҳам икки-уч қайта танғидим-да, ўриндиқ тагига тиқдим. Пальтомни ечиб, пул, ҳужжат ва бошқа лаш-лушларимни ён чўнтакларимга солдим-да, сумкамнинг устидан ташлаб қўйдим. Саранжомлагач, жойимга ўрнашиб олдим. Мундоқ қарасам, иккиси ҳам тек қотганча, менга таажжубланиб турибди. Ҳайрон бўлдим.
– Ҳа, ака, тинчликми? – дедим ноқулай вазиятга ойдинлик киритиш учун.
Соқолли одам йигитга маъноли тикилди-да:
– Ука, биринчи марта узоқроқ жойга йўлга чиқяпсизми дейман? – деди дўриллаган овозда.
– Йўқ, – дедим. – Нега сўраяпсиз?
– Ё биз ўғрига ўхшаймизми? – деди у тагдор қилиб. – Айтинг, киссавурга ўхшаймизми?
Рости, мен унинг муддаосига унча тушунмадим. Ҳали салом йўқ, алик йўқ – бу таъналар нечун ахир? Дангал сўрадим:
– Ака, тушунмадим сизни, бирор гапингиз бўлса, очиқ айтаверинг, нима гап ўзи?
– Ҳай, аввал ўтиринг-чи, мундоқ. Танишиб олайлик-чи?
Соқолли киши шоир экан. Бир-икки шеър ўқиди, хийла мазмундор, дардли, ўтли-шудли шеърлар. Фақат шоир номи Минораи Калондан нарига ўтмаган, амалу шон-шуҳратга талпинмаган ижодкор экан.
– Зўр шоир экансиз-ку! – дедим мақтаб.
– Ҳай, қўяверинг, ука. Лекин боя одамни ёмон хафа қилдингиз, – деди у.
– Ие, ака! – дедим. – Айтганча, шундан гапиринг сиз, нима бўлди ўзи боя?
Шоир вагон ойнасидан ташқарига қараб, эснади. Сўнг бамайлихотир гап бошлади:
– Қарасам, худди ичи тиллага тўладай, сумкангизни роса ўраб-чирмадингиз. Худди биз ўғри-ю, кўзингизни шамғалат қилиб, ёмбиларингизни ўмариб кетадигандай. Товба, шунчаям эҳтиёткор бўладими одам? Мана, бизнинг бор лаш-лушимиз ўртада, ҳеч кимдан қўрқмай, қўйиб қўйибмиз-ку. Умр бўйи йўлда юрибмиз, поездда бормаган жойимиз қолмади, шукр, шу пайтгача ҳеч ким ўғирламаган.
“Ия, ҳа!… Гап бу ёқда экан-да? Менинг эҳтиёткорлигим буларга оғир ботибди-да? Демак, кўнгли тоза одамлар экан”, деб ўйладим.
Дарҳол “айб”имни ювиш учун гапни ҳазилга бурдим:
– Шоир ака, ўзингни эҳтиёт қил – қўшнингни ўғри тутма, деган экан Амир Олимхон деган бир бобокалонингиз. Минг бор узр, тўғри тушунинг, сизларни ўғри тутиб, аҳмоқ бўлибманми? Ҳарбийлик касали бу, ака, саранжомликни яхши кўрамиз.
– Эҳ-ҳе, ука, – деди шоир шогирдига қош учириб. – Буни қаранг-а. Ўғри бўлганимда ҳозиргидан тузукроқ яшардим… Кўриб турибсиз, топган бойлигим бир капа-ю, уч бола. Қолгани мана, шу бўлди, – у қалинлиги пиёзнинг пўстидай келадиган китобчани кўрсатди. – Тошкентга нашриётга келгандим. Янги, кеча чиқди!
У китобчани менга узатди.
Вагон кузатувчиси чой олиб киргунча танишиб ҳам олдик. Анави йигит шоирнинг шогирди, асли жануб вилоятларидан биридан бўлиб, устозиникига – Бухорога меҳмонга кетаётган экан.
Гурунгимиз бир қизиб, бир узилиб қолаверди. Қовун тушириб, шағал тўкиб ўтирдик. Мен эса аҳён-аҳёнда ойнадан ташқарига қараб қўяман. Поезд бир зайлда борар, қоронғида яқин-олисдаги уйларнинг милтиллаган чироқлари шуъласини бир-бир кесиб ўтар, бундай пайтда одам ёлғиз қолиб, ойнадан ён-атрофга сочилган чироқлар ёғдусини томоша қилиб, завқ олгиси келади. Лекин ёнингда шерикларинг бўлса, боз устига, улар шоир бўлса, гурунг завқи бўлакча экан-да.
Купеда тўрт кишилик жой бўлиб, негадир тўртинчи ўриндиқ бўш эди. Шоир бўш турган ана шу ўриндиқни ҳам ўзгинаси “ишғол” қилган, оёғини узатиб, ёнбошлаб, чўзилиб кетяпти. Анча вақтдан кейин суҳбат мавзуси яна менга келиб тақалди.
– Ўғирлик нималигини билмайсизлар-да сизлар, – деди у. Афтидан, кўпроқ гапиргиси келар, вақтни хуш ўтказиб, олис йўл азобини енгишни истарди.
– Ўн йилча аввал шаҳарга бозорга тушгандим, – дея бир воқеани гапира бошлади шоир сўлиш олар экан. – Биласиз, бозор – ўғри ҳам, тўғри ҳам борадиган жой. Тиқилинчда ерга қараб кетаётгандим. Шу пайт денг, олдимда кетаётган бир хотиннинг чўнтагидан икки даста пул тушиб қолди. Шундоққина кўрди-а. Бошқалар оёқ ости қилиб, босиб ўтмасин, дея эгасини тўхтатишга ҳам улгурмаёқ, дарҳол пулни олмоқчи бўлиб энгашгандим, бир нима бошимга қарсиллаб тегди. Кўзимдан ўт чақнаб кетди. Пул тўрт даста бўлиб кўринди. Гандираклаб қаддимни зўрға тикладим. Қаршимда бояги хотин турар, қўлида ёмғирпўш. У шартта қўлимга ёпишди-ю, “Пулимни ўғирлади”, дея дод сола кетди.
Ҳамма қаради. Оломон аёлнинг додидан таҳликага тушиб, ўраб олди, уч-тўртови қўлимга чанг солди. Тўс-тўполон бўлиб кетди.
Мен: “Пулингиз тушиб қолди, олиб, сизга бермоқчи эдим”, деб қайта-қайта бақираман, қани биров эшитса… Алам қилар экан, ука. Айбсиз айбдор бўлдим-қолдим. Гапимга ҳеч ким ишонмади. Бундай адолатсизликка чидаб бўлмайди.
Бирпасда қаердандир мелиса пайдо бўлиб, бозор яқинидаги идорасига олиб кетди. Иккимиздан ҳам ёзма тушунтириш олди. Пулни хотинга бериб, унга алланималар деди-да, чиқариб юборди. Хотин шаллақилик қилиб-қилиб кетди.
Уни кузатиб қайтган мелиса:
– Омадингиз бор экан, худо бир сақлабди сизни, ака! – деди.
– Нега? – дедим.
– У жуда ёмон хотин. Номи чиққан. Шантаж қилиб одамларнинг шўрини қуритмоқчи бўлади. Сизни ҳам судга бераман, деб пўписа қилиб, анча-мунчага тушириши мумкин эди. Яхшиям, шу бозорда одамларни шантаж қилаётган маҳал биз бориб қолганмиз.
Ўшанда, ишонасизми, куппа-кундуз куни ўғрига чиқдим-қолдим. Одамлар менга еб қўйгудай қаради. Ич-ичимдан ўзимни оқласам ҳам, ҳамма сени ўғри деб тургандан кейин, қўлингдан ҳеч нима келмас экан. Ёмон алам қилган, ука. Мен ўзи бировнинг ҳақидан ҳазар қиладиган одамман. Капанг куйгур ўша хотиннинг ғамини емасдан, пули лой-шилта бўлса-да, менга нима деб ўтиб кетсам, биров бир нима демас эди. Лекин соддамиз, бировга яхшилик қилай деб панд ҳам еймиз-да…
Шоир жим бўлди. Ўйчан ўтирди.
Шогирд йигит унга ҳозиргина дамланган чойнакдан бир пиёла иссиқ чой узатди. Сўнг йигит, эсласам, ҳозир ҳам юрагимни жиз эттирадиган ҳикояни – ўз бошидан ўтказган воқеани айта бошлади.
– Ўшанда тўққиз ё ўн ёшда эдим, – дея хотирлади йигит. – Эслайсизми, устоз, илгари сизгаям айтиб бергандим буни, йил қурғоқчил келиб, бутун қишлоғимиз силласи қуриган эди. Одамлар ўрим маҳали ангарга тушиб қолган бошоқларни териб, савалаб эзиб, шамолга совуриб, буғдой олар, ўнгани наф деб, бир тоғорами, ярим қопми – йиғилганича тегирмонга оборар, шу зайлда нонни ширин қилиб еб, қозонни сувга ташлаб қўйган эди. Ўша йили негадир бошқа экин-тикин ҳам яхши унмади.
Отам иккимиз не-не умидлар билан эккан лалми тарвуз-қовуннинг жазирамада палаги сўлиб, аҳволимизни тағин ҳам танг қилди. Томорқамизга эккан картошка-пиёз ҳам сув тақчиллиги, вақтида суғорилмагани учун яхши бўлмади.
Дард устига чипқон дегандай, отам укаси Маъруф амаким билан “сен-мен”га бориб, аразлашиб қолган эди. Оқибатда ҳовлимиз ўртасидан девор кўтарилиб, бир-биримизникига қадамимиз қирқилган эди.
Амаким қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлар, даромади тузуккина, унча-мунча нарса оғзининг ели эди.
Кунларнинг бирида у ҳовлисига бир трактор пиёз тўкди. Трактор овозини эшитиб, онам девор оша қаради. Кейин уйга кириб, отамга:
– Укангиз бир трактор пиёз опкелди. Уришмаганингизда, бизгаям бир қоп – ярим қоп берарди, – деди.
Отам индамади. Бир хўрсиниб қўйди. Мен жим туриб эшитдим. Билардимки, бугун ҳам онам кечга тузукроқ овқат қилолмаган. Чунки уйимизда на картошка, на пиёз бор эди. Оғзимиз тўлиб гўшт чайнамаганимизга ҳам анча замон бўлган. Ҳали куз келмасдан, томорқамиз шип-шийдам бўлиб ётар, бозордан олишга ҳам отамнинг пули йўқ, ўзи ишлари юришмай, қўли калталикдан кўкрагини захга бериб ётган пайти эди. Рўзғорда ун қопимиз ҳам, картошка-пиёз тўрваларимиз ҳам бўшаб қолганди.
– Нега индамайсиз? – деди онам куюниб. Онамнинг овозида аламзадалик бор эди.
Отам яна ўйчан хўрсинди. Сўнг бир оғиз:
– Нима қилай? – деди. – Туширган экан, ҳалоли бўлсин. Сенга нима?
Онам жим бўлди. Бошқа гапирмади. Фақат бир фурсатдан сўнг изидан ошхонага кирганимда, кўзи жиққа ёш, қўллари титраб, асабийлашиб, чўмични тақ-тўқ қилиб, қозонга уннаб ётган экан. Раҳмим келиб кетди.
– Она, нега йиғлаяпсиз? Йиғламанг, – дедим. Онам кўз ёшини артди.
– Йиғламаяпман, болам, – деди. – Пиёз аччиқ экан…
Сезиб турардим, онам ёлғон гапиряпти. Ахир тухум қовуряпти-ку. Қолаверса, уйда пиёз йўқ эди…
Мен ҳам сир бой бермадим, индамай қўя қолдим. Уйга кирсам, отам молларга сомон соламан деб чиқиб кетди. Ўзи боягина молларга емиш бериб, оғилхонага қамаб келган эди…
Мен отамнинг ҳам, онамнинг ҳам ичини емираётган туйғуни яхши ҳис қилиб турардим… У маҳаллар қийналаётган фақат биз эмас эдик. Амакимга ўхшаган бир ҳовуч ўзига тўқлар ҳисобмас, албатта. Ана шулар бошқача яшарди, холос.
Амакимнинг мен тенгги ўғиллари билан ҳар куни бирга ўйнардик. Ҳовлимиз ўртасига девор тушгандан сўнг тез-тез девор бўйлаб, бир-биримизга қараймиз-у, бирга ўйнай олмаймиз. Катталар кўрса, уришарди. Ахир оталаримиз – жон жигарлар гинадор, манави девор бекор кўтарилмаган-да… Шу боис ўйинга маҳтал бўлиб кетган маҳаллар фақат девордан ҳовлимизга мўралаймиз.
Кўрдим, уч-тўрт кун мобайнида амакимнинг пиёзи ташқарида ётди. Янгам ҳар замон – ҳар замонда саралаб, қопга жойлаб, омборхонасига киритиб қўярди.
Бир неча кундан сўнг девордан бир қараганимда, пиёз уюми худди ёмғирга чўккан гўрдай пасайиб, ерга сингиб, бир қисмигина қолган, пиёзпўсти ҳамма ёққа қўқиб ётар, янгам товуқ, куркаларини катакдан бўшатиб юборар, улар эса югура солиб уюм атрофини титар эди.
Ўша оқшом кун жуда совуқ бўлди. Қоронғи тушган, онам яна тухум қовураётган эди.
– Отанг одам бўлмади, – деди онам хуноби ошиб. – Амакинг ҳам чориғини унутди. Акам, жигарим-да шуям, деб бир қопгина бўлсаям бермади-я. Девордан ошириб ташласаям бўларди. Бир трактор пиёзли бойвучча ярмини товуғига едириб ўтирибди, устимиздан кулгандай. Отангнинг ҳам ҳақи бор эди-ку унда…
Чидам туролмадим. Ўпкам тўлиб кетди…
…Кекса тутимиз шохига чиқиб, совуқда қалт-қатл этганча, қоронғи тушишини кутдим. Шартта челакни кўтариб, девор ёнига боришга бордим-у, ошиб ўтишга иккиланиб қолдим. Ахир ҳеч қачон бировдан сўрамай, нарса олмаганман.
Лекин онамнинг ўша кунги ҳолати, мунғайиб ўтириши кўз олдимга келди, боя айтган гапи қулоғимдан кетмаяпти.
Номард амаким… Отам авваллари уйимизга бирор нимани дўржироқ олиб келса, албатта, амакимга ҳам мендан бериб юборар, болаларининг ҳам оғзи тегсин, дерди. Амаким эса мана шу девор тиклангандан бери роса бемеҳр бўлди. Ичимда уни роса сўкдим.
Сўнг кўзимни чирт юмдим-у, дадилландим. Алам билан бир сакраб, деворга чиқдим. Амакимнинг деразасига мўраласам, ҳаммаси телевизор кўриб ўтирабди. Девордан ошиб тушишим билан кучуги думини ликиллатиб келди. Нон-пон беришимни кутди. “Бобик, тур, йўқол!” дегандим, индамай кетди.
Бу кучукни амакимнинг ўғлига мен ўзим олиб келиб берганман, уни яхши кўрардим, доим нон берганим учун менга ўрганиб қолганди. Ҳовлимизга девор тушгандан бери у ҳам мени соғинган, шекилли, эркалангиси келди, “йўқол”, деганимга хафа бўлиб кетди.
Амакимнинг уйидан ҳеч ким чиқиб қолмаслигига ишонч ҳосил қилгач, пиёз уюми томон оёғимнинг учида юриб бордим. Сўнг уюм орасидан апил-тапил қўлга илашган пиёзни челакка сола бошладим. Қоронғида ҳеч нима кўринмасди. Фақат пайпаслаб, пўстлоқлар орасини ғижимлаб кўриб, иримаган, бўшаб қолмаганларини солавердим.
Идиш ярим бўлмасидан, нимадир шақирлаб кетди. Дарҳол пиёз уюми устига пусиб ётиб олдим. Уй эшиги очилиб, кимдир чиқди. Қарасам, амаким. Устида чопон, қулоқчинли телпак кийган, қўлида фонари бор. Бу манзара деразадан тушиб турган ёруғда жуда ваҳимали кўринди.
Биласизми, ўша дамда кўнглимдан нима ўтди? Амаким ҳозир келади-ю, ўғирлик устида ушлаб олади. Ўз жигарим бўла туриб, ўғирлик қилдингми, дея ўласи қилиб калтаклайди, кейин судраб, отамнинг оёғи остига отиб юборади, деб ўйладим. Урса, чидарман, лекин бу гап ҳамма ёққа тарқалса, эртага ким деган одам бўламан? Мен ўғри бўламанми? Мен-а? Мактабда доим “беш” олаётган одам-а?
Тақдирга тан бериб, сасимни чиқармай, кўзимни чирт юмиб олдим. Қадам товуши тобора яқинлашиб келар, юрагим така-пука бўла бошлади. Жуда қаттиқ қўрқдим. Лекин, хайрият, оёқ товуши узоқлашиб, эшитилмай қолди. Қулоқ солиб турдим, амаким молхонасининг тунука эшигини тарақлатиб очди. Фонарини ёқиб, мол-ҳолини кўздан кечирди. Сўнг ортга қайтди. Мен яна бояги алфозда, бу сафар фонарнинг ёруғи шундоқ ёнгинамни ёритиб ўтганини сезиб, баттар ваҳимага тушдим.
Бироқ амаким яна мени кўрмади. Ана, ҳуштак чалиб, паст овозда қўшиқ хиргойи қилганча уйига киряпти. У эшигини ичкаридан қулфлагани эшитилгунча адойи тамом бўлдим.
Кейин янаям тезроқ ҳаракат қилиб, пиёзни танламасдан челакка солавердим. Ҳарна, тезроқ бу ердан кетай.
Челак тўлгач, жиддат билан девордан ошиб ўтдим-у, елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Пиёзни шу туришда ошхонамизга киритиб қўйдим-у, қўлимни ювиб, уйга кирдим. Онам чой ичиб ўтирган экан. Отам ҳалиям ошнасиникидан уйга келмаган, укам ва сингилларим ухлаб қолган.
– Қаерда юрибсан? – деди онам.
– Ҳеч қаерда… – дедим мен. Бутун вужудим титроқда, қўлим қалт-қалт этарди.
Онам менга емак сузиб бергани ошхонага кетди. Зум ўтмай, қайтиб келди. Кўзи тўла ёш эди.
– Қаердан олдинг? – деди овози титраб.
Мен ер чизиб туравердим. Бир маҳал қулоқ-чаккам чарсиллаб кетди. Кейин юзим ловуллаб ёна бошлади.
– Ҳа, ўғирлаган қўлгинанг синсин сенинг! Тез кўзимдан йўқот уни! – дея бақирди онам.
Тик турганча унсиз йиғлаб юбордим. Онам қарғади.
Алам билан пиёзни девордан қайтариб отмоқчи бўлиб ўрнимдан туриб кетаётгандим, йўлимни тўсди. Мени бағрига босиб йиғлади. Онамнинг халатидан ўтин иси келарди, бошимга кўз ёши томиб, юрагимни баттар эзди.
– Илойим, бу кунларни кўрмагандай бўлиб кетайлик, болам, – деди. Кейин сал юмшади: – Қилғилиқни қилиб бўлибсан, энди эртага чуқурга тўкиб юборасан!
Мен анча вақтгача карахт ҳолда, ўзимни кечиролмай юрдим. Амаким тарафга қарашга юрагим бетламади. Деворга яқин йўлай олмадим.
Орадан йиллар ўтди. Бир куни амакимнинг бошига кулфат тушиб, ўзи келди. Отам унинг ҳолини кўриб, араз-гинани унутди. Ярашди. Ўртамиздаги девор ҳам дарров бузилди. Ҳовлимиз яна кенг бўлди.
Ана шундай кунларнинг бирида, кенжа амакимнинг уйланиш тўйида Маъруф амаким маст бўлиб қолди. Ташқарига тоза ҳаво олгани чиққанида мени ёнига чақирди.
– Муроджон, айланай сендан, ўқишларинг яхшими? – деб сўради тили зўрға айланиб.
Амакимнинг меҳри товланиб турганди. “Ҳа”, дедим.
– Сен яхши ўқишинг керак, – деди у яна. – Одам бўлишинг керак. Бизнинг уруғдан ҳам яхши одам чиқсин-да.
Мен уялиб:
– Хўп, амаки, ўқийман, – дедим.
– Йўқ, биламан, сен яхши ўқийсан, лекин… – деди амаким чайналиб. – Ҳаётда яхши одам бўлиш учун… ҳалол яшаш керак. Ўғирлик қилмаслик керак-да…
Уҳ! Мен шунча вақт ҳадиксираб юрганим… Онамдан ўзга ҳеч ким билмади, деган сирим. Кўрган экан-да… Умримда бир марта қилган ўғирлигим ҳам ошкор бўлди. Шунча чеккан виждон азобим бир тараф, амакимнинг оғзидан эшитган бу гапим бир тараф бўлди.
Мана, йигирма бешга киряпман. Шу пайтгача амаким бу ҳақда бошқа гапирмади. Лекин ўша воқеани эсласам, этим жимирлайди. Ҳар гал амакимнинг кўзига кўзим тушса, уялиб кетаман. У худди “Сен ўғрисан! Пиёз ўғирлагансан”, дегандай туюлаверади. Виждон азоби деб мана буни айтса бўлади, акалар…
Биз шогирд йигитнинг ҳикоясини мутаассир бўлиб тингладик. Бу орада менинг хижолатдан бетим қизаргани қолди. Мен шундай покдомон, яхши одамлардан хавфсираб ўтирганимга пушаймон бўлдим. Лекин сир бой бермадим. Аксига олиб, буларга мен ҳам нимадир гапириб берай десам, ҳаётимда тайинарли воқеа бўлмаган экан. Бироқ…
…Хунук воқеа тонг отиб, Бухоро остонасига яқинлашганимизда содир бўлди. Мен туни билан мижжа қоқмай, поезднинг тақа-туқ тебранишига монанд хаёл суриб борардим. Шерикларим ширин уйқуда.
Зерикканимдан чекким келди. Купедан чиқаётганимда, шоир йигит у ёғидан бу ёғига ағдарилиб, бошини чойшабга ўраганча, хуррак отиб ётарди. Қараб, мириқиб ором олаётган бу йигитга ҳавасим келди. Йўлда ухлай олмай, бедор кетадиган мендай одамга қийин, деб ўйладим.
Тамбурдан қайтиб келдим-у, жойимга чўзилдим. Шу ётишда бир қуш уйқусини олибман. Бир маҳал кимдир туртди. Кўзимни очсам, шоир тепамда турибди.
– Ука, сумкамни ким ковлаганини кўрмадингизми? – деди.
Ўрнимдан сапчиб турдим. Қарасам, унинг сумкаси ерда ётар, занжирқулфи очиқ, ичидан кийим-кечак, нон, ўроғлиқ қоғозлар кўриниб турибди.
– Йўқ, нима бўлди? – дедим довдираб.
– Пулимни ўғирлабди, – деди у.
Бошимга болға билан ургандай бўлди.
– Ким ўғирлабди? – дедим саросимага тушиб.
– Шуни сиздан сўраяпман-да, – деди шоир. – Эшикни сиз очиқ қолдирганмидингиз?
Уҳ! Ўлай агар, шамаси қаттиқ тегиб кетди. Боя чеккани чиқиб келганимда, эшик очиқ қолган экан-да, деб ўйладим…
– Билмайман, ака, чин сўзим, – дедим. – Рости, ҳеч кимни кўрмадим бу ерда…
Устоз-шогирд гапимга ишонқирамади. Вагон кузатувчисини чақириб, тўполон қилди. У ҳам хом сут эмган банда бўлса, қўлидан нима келарди.
– Эҳтиёт бўлмайсизми, ака? – деди, холос.
Мен эса унга қанча таскин бермай, Бари бир ўзимни гуноҳкордай сезавердим. Тўғри, тамбурга чиқдим, эҳтимол, эшикни очиқ қолдиргандирман, лекин… Мен эмас-ку… Бироқ исбот-далилим ҳам йўқ эди. Нима қилай, уларга мен ўғри эмаслигимни қандай тушунтираман?
Поезд вокзалга келиб тўхтади. Ҳамма тушишга тараддудланди. Мен ҳам ўраб-чирмаган сумкамни олиб, вагондан тушаётиб, соқолли шоирнинг:
– Ўзи писмиққа ўхшаб, жим келаётганидан билувдим… Эҳтиёткорлигидан сезгандай бўлувдим-а… – дея минғирлаганини эшитдим.
Эшитдим-у, тишимни тишимга босдим. Ёмон алам қилди. Ичимда: “Пиёзни охиригача еган экансан-да”, дедим-у, перрон бўйлаб шарт-шурт юриб кетдим. Мени бундан ҳам нохуш воқеа – аҳмоқона топшириқ кутиб турган эди…
2016 йил
“Ижод олами” журнали, 2017 йил, 3-сон