Абрахам Вальделомор. Кабальеро Кармело (ҳикоя)

I

Кунлардан бир кун нонуштадан сўнг, қуёш нурлари аллақачон қиздира бошлаган маҳал чоғроққина майдон бўйлаб, уйимиз томонга зулукдек отини ниқтаганча бир суворий елиб келаётганига кўзимиз тушди: унинг бўйнидаги рўмолча шамолда ҳилпирар, қора ипак ёпинчиқнинг попилтириғи пирпирар, лиқ тўла, вазмин хуржуни чайқаларди.
Биз уни дарҳол танидик. Узоқ айрилиқдан сўнг уйга қайтиб келаётган қадрдон акамиз эди. Биз қувончдан ақлу ҳушимиздан айрилгандек қийқирганча унга пешвоз чиққани югурдик:
– Роберто! Роберто!
Отлиқ тош тўшалган, гир айлана деворлари устунларига чирмовуқгул ва гулбеорлар чирмашиб кетган ҳовлига кириб келди-да, отдан тўғри бизнинг бағримизга отилди.
Онамнинг қанчалар суюнганини кўрсангиз эди! У ўғлини тинмай бағрига босар, офтобда қорайган қўлларини силаб-сийпалар, акам унинг назарида озган, ҳорғин ва қийналгандек эди. Роберто чанг-чунг кийимини алмаштирмай ҳаммамизни – укалари ва сингилларини лол қолдириб уйи­мизни кўздан кечириб чиқди: ўзининг хонасига, емакхонага бош суқди, ўзи йўқлигида пайдо бўлган буюмларга назар солди ва охири боққа оралади.
– Мен эккан анжир дарахти қани?
У аччиқланиб ўзи уруғини қадаб кетган кўчатни излай бошлади. Биз ҳаммамиз кулиб юбордик.
– Ўша қидираётган дарахтинг тагида турибсан-ку!..
Дарахт баланд бўлиб ўсган, денгиздан эсаётган шамолда шохлари оҳиста чайқаларди. Акам унинг танасига бир-икки қоқди, ғубор қоплаган япроқларини сийпалаб артган бўлди; кейин ҳаммамиз биргаликда ошхонага қайтиб кирдик.
Столда акамнинг лиқ тўла хуржуни ётарди; у хуржундан битта-битталаб ҳар хил совға-саломлар олиб ҳар биримизга улаша бошлади. Бу совғалар орасида шунақа нарсалар бор эдики, асти қўяверасиз! Қаерларга бормаган, нималар келтирмаган дейсиз! Кебрада-де Умайнинг донғи кетган узундан-узун пишлоқ қаламчаларидан тортиб кокос, ёнғоқ ва мағиздан пиширилган ширинликлар дейсизми, қайнатилган ловиядан тайёрланган обакидандону, қовоқчалар ичига ранг-баранг попуклар, қанд-қурс мева-чевалардан солиб, рангли қопқоқларига “Чинчо-Бахо”да тайёрланган номи ёзиб қўйилган ширинликлар; қоғоз қутиларда картошка уни билан тухум сариғини аралаштириб қовурилган сарғиш, латиф, енгилгина, асалдек ширин бисквитлар; Сьерра вилоятида “Гуаманг тошларидан” тарошлаб ясалган азиз-авлиёларнинг ҳайкалчалари; коробка-коробка манхар бланко. Баъзан гўшт, мағиз билан қиймаланган грейфрут соққалари ҳамда жангари хўрозларнинг оёғини боғлаш учун махсус, оқ-қизил чилвир. Акам совғаларни улаша туриб кимгалигини номма ном эълон қилар эди.
– Бу ойимга… Бу Росага.. Мана бу сингилгинам Хесусга… Бу эса Эктарга…
– Дадамизга-чи?.. – деб сўрадик ҳаммамиз бараварига, у совғаларни улашиб бўлгач.
– Ҳеч нарса…
– Вой?! Дадамларга ҳеч нарса келтирмадингми?
Оиламизда ҳамманинг жони-дили бўлган Роберто ўттиз иккита тишини кўрсатиб илжайди ва хизматкорни чақирди.
– Кармелони келтир! – деди у.
Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас хизматкор қафас кўтариб келди ва ичидаги хўрозни чиқариб юборди; озодликка чиққанини сезган хўроз қотиб қолган оёқларини букиб очди, қанотларини патирлатиб қўйди-да, янгроқ овозда қичқирди:
– Қо-қо-қо-қоо!
– Бу эcа дадамизга совға! – деди акам.
Ўша олис болалигимизда ҳаммамизнинг юрагимиздан ўрин олган хўроз шу тариқа уйиимзга келиб қолган эди; бу қадрдон жониворнинг ҳаёти ҳикоя қилиб беришга арзигулик эди; у ҳақидаги мунис хотиралар ҳали-ҳануз хонадонимиз қалбидан ўчмайди. Кабальеро Кармело ҳақидаги хотиралар…

II

Писко узра сутдек тонг нури ёйила бошлади. Биз дадамизга қаҳва тайёрлаш учун ошхонада ғимирлаб юрган онамдан кўз узмай бўзариб келаётган субҳидам ҳарорати оғушида яйраб ётардик. Дадам ишга ошиқмоқда эди. Онам бориб оқсочни уйғотди; кўча эшикнинг ғирчиллаб очилгани эшитилди; хўроз қичқирди, бунга жавобан қўни-қўшниларнинг даканг хўрозлари жўр бўлишди; денгиз гувиллаши эшитилди; биз ётган хонага салқин, ҳузурбахш шабада ёпирилди. Отамни ишга кузатгач, онам тепамизга келиб, тунги кўйлакларимизни ечмай, каравотнинг ўзида тиззалаб ибодат қилишга ундади. Кейин биз кийиниб, ювиниб-тарангач, узоқдан новвойнинг элас-элас овози эшитилди. Уйимиз ёнига келгач, у ҳовлида юрган онам билан ҳол-аҳвол сўрашди. Бу хушнуд, беозор мўйсафид эди, у онамнинг айтишига қараганда, анчадан буён ҳар куни бир хил пайтда эшакка икки сават қайноқ, мағзи ширин нон ортиб уйимиз ёнидан ўтар эди. Ҳар хил нонлар бўларди саватда: жайдари ундан ёпилган гижда, патир, французча булочкалар, майизли кулчалар, ширмойнонлар.
Онам нон танлар, синглим Хесус саватга тахлар эди. Новвой кетгач, бизлар нонларни ошхонадаги клеёнка билан қопланган столда қолдириб, парранда-ю, қўй-қўзиларимизга овқат бергани борардик. Биз нонларни ажратиб, тўрваларга солар ва ўша ёқимтой жониворлар қишлайдиган қўрага борардик, бизни кўрган заҳоти улар олдимизга ошиқишарди. Каптарлар учиб тушган, товуқлар дон талашиб уришган, қуёнлар эса оёқ остида уймалашган. Қоринлари тўйгач ҳам нари кетмасди. Эчки тумшуғи билан тиззамизга суқилар, жўжалар чий-чийлаб, хит қилиб юборар, узунқулоқ, аразлаган боланикига ўхшаш тугмадек кўзлари жавдираган қуёнлар хавотир ичида яқинлашар, куни кеча тухумдан чиққан, тухум сариғидек тилларанг ўрдак полапонлар ёғоч тоғорада ғимирлашар эди. Оёқларидан чилвир билан боғлаб қўйилган Кармело ўзи эгаллаган кунжакдан туриб қичқирарди; ўзининг нафратини намойиш этгандек ҳурпайиб олган бир ёқимсиз курка қўра ичида у ёқдан-бу ёққа гердайиб юрар, биққа семиз хотинлар каби алпанг-талпанг қилиб юрган ўрдаклар эса ғўдайган бу олифтани ғийбат қилаётгандек бир-бирларига суйкалишиб ғағалашарди. Шундай кунларнинг бири эди, биз бу итоатгўй, беозор жониворлар билан андармон бўлаётган маҳал “Тақирбош” дея ном қўйганимиз патлари юлинган, ёшгина хўрозча отилиб чиқди; у ўн беш ёшлардаги ўспиринни эслатарди. Қолаверса, Тақирбош ўта уришқоқ ва жангари хўроз эди; ўша куни корралда осойишталик ҳукм сураётган ва ҳали бошқа паррандалар бамайлихотир донлаб юришганида у оғзига ёқадиган хушхўрроқ егулик ахтариб бизлар овқатланадиган столга чиққан-да, бир нечта чинни тақсимчаларни тушириб синдирган – ўзи шундоғам уйда идиш-товоқдан сиқилиб юрардик.
Нонушта пайтида зараркунанда Тақирбошнинг бу қилмиши учун патини битталаб юлиш, дея кулиб ўтиргандик, гапларимизни жимгина тинглаётган отам дона-дона қилиб:
– Якшанба куни сўйиб қовурамиз… – деди.
Укаларимдан бири Анфилокио йиғламсираб, ўзи яхши кўрган хўрозининг бир қошиқ қонидан кечинг деб, ялиниб-ёлворди. Бу хўрознинг насли тоза, ундан зўр жўжалар оламан, деб ишонтирди.
Уйимизда Кармело пайдо бўлгандан бери ҳамма Тақирбошга ола қарайдиган бўлди, ваҳоланки, у корралнинг фахри ҳамда насли-насаби энг тозаси эди, дея дийдиё қилди.
– Нега ўрдакларни сўймайсиз, – дерди у хўрозининг ёни бўлиб, – ахир улар сув ҳавзасидаги ичадиган сувимизни ифлос қилса ёки улоқчани, кеча жўжани босиб ўлдирди-ю, ёки чўчқани ахлат ташийдиган ва хўр-хўр қилишдан бошқасини билмайдиган … нуқул бахтсизлик келтиришади…
Унга улоқчанинг жунлари майин, дўмбоққина, ширин, мугузлари эндигина бўртиб қолган, шаталоқ отишни яхши кўради, қолаверса, жўжани босиб олганини ким кўрибди, дея тушунтирмоқчи бўлишди. Чўчқа эса шу ерда, туғилганидан бери ҳовлимизда яшаётган бўлса, қанотлари елпиғичга ўхшаб ёйиладиган каптарлар ҳавода бирам чиройли чарх уришадики, худди оқ байроқлар ҳилпираяптими дейсан; уйимизнинг бўғотига жойлашиб, ўша ерда ғуб-ғуб деганларида ҳамма хурсанд бўлади, уя қуришди, бўқоқларидаги жўхори дони билан полапонларини қанақа боқишларини кўргансан-ку, деб тилга олган жонивору паррандаларнинг таърифини келтиришди.
Бечора Тақирбошнинг куни битганди. Ака-укаларимнинг ҳаммаси уни сақлаб қолишни ёлвориб сўрашарди, бироқ биринчидан, унинг зараркунандалиги бизга қимматга тушган бўлса, иккинчидан, бечоранинг бор-йўғи битта ҳимоячиси, уям бўлса, гапи инобатга олиниши эҳтимолдан йироқ менинг укам эди, унинг хўжайини ҳам ана шу укам эди. У гапларининг инобатга олинмаслигини фаҳмлагач, бошини қуйи солди, кўзларидан йирик-йирик икки томчи ёш Тақирбошга томди-ю, ўкраб юборишдан ўзини аранг тийди. Биз лом-мим демадик. Шунда онам ўтирган ўрнидан туриб, укамнинг тепасига борди ва оҳиста манглайидан ўпиб қўйди-да:
– Йиғлама, уни сўймаймиз… – деди.

III

Агар Пискодан темир йўл станцияси биқинидаги Кастильо кўчасига бориш мумкин бўлса, мўъжазгина, денгизнинг оппоқ тузи қопланган номсиз майдонча орқали унинг адоғига бориб, бошқа майдондан чиқасан; бу яккам-дуккам мальвина ўсган майдонга тақаларди.
Ғарб томондан майдон очиқ денгизга туташиб кетган, унинг бу қисмини тураржой бинолари эгаллаган, уйлар ўрнига гулхайри, майсалар ям-яшил чойшабдек тўшалган эди; беозоргина шарақлаб қирғоқдан тошиб чиққан тўлқинлар узра у мавж уриб чимзорда оппоқ жимжимадор ва нафис кўпиклар қолдириб ортига қайтарди.
Порт шаҳар шу ерда тугаб, у ёғига жанубга қараб ўнг тарафи денгиз, чап тарафи эса баъзи ерлари ҳосилдор, баъзи ерларида экин битмаган энсиз, эгри-бугри қумлоқ йўл чўзилиб кетганди; шарқ тарафида кета-кетганча кимсасиз дашт ястаниб ётар, у даштнинг адоғида дам у ер, дам бу ерида сўлиёзган пальмалар, пастаккина, сертомир анжирлар ҳамда нимжон, лекин майин дарахтлар посбонлар каби қад ростлаб турарди. Баъзи-баъзида тўлқинлар шамол измида, дастлаб яшил ва серсув, гуллаётганида тубдан ўзгарувчан, кузда эса қирмизи тусда товланадиган “чаёнўт чакалакзорлари” устига бостириб келарди. Мана шу дашту биёбоннинг бепоён миёналарида бамисли бу ернинг сокинлиги ва унумсизлигидан ўтакаси ёрилган пальмалар тўп-тўп бўлиб ўсарди.
Яна озгинадан кейин соҳилда, денгизнинг кулранг қуюқ тумани аро Сант-Андрес-де-лос-Пескадорес қишлоғига дуч келасиз; унда оддий балиқчилар яшайдиган, кулбалари сершовқин, қирғоқ билан қизарган адир орасида жойлашган эди. Гир айлана зич экилган пальмалар билан ўраб олган одамларнинг уйларини анжир дарахтлари бегона кўзлардан яшириб, шундай беозор ва салқин қад ростлаган эди, гўё улар дуоибад қилинган ёки бу қарғишлар аллақачон ўзининг кучини йўқотган, шохларида ҳосилни кўтариб турган дарахтлар етарли даражада жазосини олган ва шу боис энди унинг гуллари туккан мевалар пишар-пишмас тарсиллаб ёриларди.
Бу хушманзара қишлоқда кулбалар нозик қамишдан тўқилар, устини эса енгилгина бордон билан ёпишар, эшиклар олдида эса бамисли посбонлар каби пальмалар бўй чўзиб туришарди; кулбалардан бирининг ёнида белига қадар юмшоқ қумга ботганча балиқчиларнинг кичкина қайиғи турарди; унинг узун борти ёқалаб, думалоқлаб ўраб қўйилган елканлари, ерда эшкаклар ётар, уларнинг ўртасида енгилгина руль чамбараги, сувни чўмичлаб олиш ва денгизга сепиб юбориш учун ишлатиладиган қовоқдан ўйиб ишланган идиш ҳамда бамисли ухлаётган илондек билтанглаб арқон ётарди. Оғирлиги чакса келмайдиган тиқинлар ва оқ мантилья боғланган балиқчиларнинг тўрлари унчалик катта бўлмаган кема устига ёпиб қўйилган эди.
Дарахт соясида майин, ҳузурбахш шабада эсаётган туш пайтида ўша қайиқ ёнида тўр тўқиётган мўйсафид балиқчини кўриш мумкин бўларди; у ҳуркак балиқлар ўралашиб қолишига мослаб каноп тизимчага дағал бармоқлари билан тугун солар, унинг кампири бўлса, ҳозиргина қария тутган кумуш балиқчани тозалар ва балиқнинг тилла тангалари қуёш нурларида тилларанг учқунлар каби жилва қилиб ҳар томонга отиларди; кампирнинг оёқлари остида ётган балиқнинг ичак-чавоғини юмшоқ феълли ит ҳидлаб-ҳидлаб қўярди. Шу яқин ўртада, баҳайбат наҳанг суяклари билан тўсилган корралда, яланғоч болалар ердан бошини кўтармаётган ҳангига миниб олишга тиришар, бошқалари – қирғоқда тобланиб ётар, соябон остидаги ёши каттароқ бола эшкак четларини йўнар, қўл-оёғи чаққонгина, миқтидан келган қиз қудуқдан сув олар, шодиёна чағиллаётган балиқчи қушлар фақирона кулбалар узра қанот қоқишарди.
Қайиқ ёнида денгизнинг чинакам ўғлони, қайноқ шабада ва қумдан уфураётган намхуш, илиқ ҳаво элтган калта иштонли, хушқомат йигит донг қотиб ухларди. У тангачалар каби тирноқлари пишиқ, гўштдор бармоқлари учида кўринмай қолган бақувват пайдор оёқларини чалиштирганча ерда чўзилиб ётарди. Йигитнинг юз-бети шамолда ва офтобда қорайган, ҳиёл очиқ лаблари орасидан сокин нафас олар, худо тортиқ қилган бойликлар ичида энг уйғун ва мукаммал бўлган буюк Ҳаётга монанд тарзда қудратли, яланғоч кўкси бир маромда кўтарилиб тушарди. Тушга яқин Сан-Андрес кўчалари ҳувиллаб қолар ва куннинг бундан бу ёғига бирорта нарса, шу ерда ўсган йигирматача пальмаларнинг ҳосилидан кўп бўлмаган аҳоли яшайдиган қишлоқнинг оромини бузмас эди. Мен тилга олаётган замонларда бу ерларда на черков, на руҳоний бўларди. Якшанба кунлари тонг отиши ҳамоно, янги тутилган балиқлар ортилган эшакларини эргаштириб шаҳарга йўл олишар, кейин эса бутхоналарда худонинг фарзини адо этишарди. Булар зоҳиран ювош ва кўзлари сокин боқувчи, камсуқум ва соддадил одамлар, ҳинду ирқининг насли айнимаган вакиллари, тўғрисўз, ҳаттоки Қуёш фарзандларининг узоқ авлоди бўлсалар-да, Инклар салтанатининг бахтиёр ҳукмронлиги даврида барча йўлларни қадам-бақадам босиб ўтгандилар; улар тўда-тўда бўлиб дарё ёқалаб меҳрибон коҳин Пачакамакни сўроқлаб ибодатхона сари йўл олардилар; улар хуржунларида совға-саломлар, хотираларида саволлар, алдашни билмайдиган содда кўнгилларида имон-эътиқодни асраб боришарди.
Биронта жанжал-тўполон уларнинг ҳаётларини заррача бўлсин бузолмас, эркаклар ўзларининг бир ёстиққа бош қўйган рафиқаларидан бошқа хотинларни ўпмасдилар; бу софкўнгил ва иродали одамлар учун нафрат ва ғийбатнинг битмас-туганмас манбаи бўлган севгини мусаффо, кўз қорачиғидай асраб-авайлашарди.
Забардаст, тўрт мучаси соғлом оталардан доя нималигини билмаган хотинлар дўмбоқ, оёқ-қўллари бўғим-бўғим, ширин-шакар болалар туғиб беришарди; улар денгиз ҳавосидан яйраб-яйраб ўсардилар; шу маконда улкан балиқлардек сузишга, денгизнинг қудратли ва асов ғалаёнларини енгишга ўрганишар, илма-тешик қайиқларда ҳайбатли тўлқинлар бағрига ёриб киришдан ҳайиқишмасди.
Навқирон, бақувват, ҳали ҳаётнинг пасту баландидан бехабар ва ювошгина йигитчалар Писколик руҳоний уларнинг бошини иккита қилиб қўймагунча ёшликлари нашъу навосидан масрур яшашар, кейин эса ўзлари учун янги бошпана тиклашар ва ўша ерда мурод-мақсадларига етишар, ота-оналар, хонадонлар посбони асрий тошбақалар даврларнинг ўтишини вазмингина кузатиб туришарди; бу ҳаётни кўравериб пишиб кетган, ҳорғин, эртанги кундан бошқа ҳеч нарса кутмасликка ризо бу жониворлар ёшланиб турадиган кўзлари билан энди қайтиб бориш насиб этмаслиги муқаррар денгизга умидвор боқишарди ва ҳар куни кун ботарда қуёш денгизга ғарқ бўлмагунча узоқ кўз ёшлари тўкишар, шундан сўнггина бошларини кўпқиррали зирҳлари ичига яширишарди – ҳаёт давом этаверсин, сусткаш, ялқов, бепушт ва ёлғиз, доно тошбақалар ҳеч нарсага ишонмаслик билан бирга оламнинг азал-азалидан зулм манбаи бўлиб келганлигига зорланиб қўядилар.

IV

У хушқад, абжир, жангари ва бадқовоқ эди; қиррадор, қип-қизил тож безаган боши мардонавор, адолатпеша ва олийжаноб идольгога ўхшаб мағрур кўтарилганди. Ёй шаклида қайрилган думи камалакдай товланар, лоларанг бақбақаси, оловранг нафис тожи ва темирдан ўткир тумшуғи унинг насл-насабидан дарак берарди, думалоқ, ёнар кўзлари, таҳдидли ва менсимаган қарашлари ҳар битта гапи учун жавоб берадиган марду майдонни эслатарди. У оч жигарранг пат қоплаган бақувват кўксини бамисли қалқон сингари олдинга чиқариб юрарди. Тангачалар билан қопланган ва ярим ой шаклидаги ўткир пихи қайрилган, кучли оёқлари ўрта асрдаги жангчининг совут кийган оёғини ёдга соларди.
Кунлардан бир кун отам бизга янги бир хушхабар айтди. У Кармелони Сан-де-Андресда 28 июлда бўладиган хўроз жангида қўйишга рози бўпти. Йўқ, дейишнинг иложини тополмаганмиш. Ҳамма бало шундаки, кимдир гўё Кармелони насл-насаби йўқ хўроз, деганмиш, ҳолбуки у бизда нақ алькальдан кўра машҳурроқ эди. Мана шу отамга тегиб, жанжал бўлишига оз қолибди. Гапдан гап чиқиб, гаров ўйнашибди. Бир ойдан сўнг Кармелони ўзига ўхшаган машҳур, нимжон, ҳали бир марта ҳам енгилиш нималигини билмаган Ахисеко билан яккама-якка қўйишадиган бўлишибди, унинг хўжайини учига чиққан хўрозбозлардан эди. Бу янгиликни эшитиб дилимиз сиёҳ бўлди. Бу Кармело ўзидан кучли ва ёш рақиби билан ҳаёт-мамот жангига киради, дегани эди. Бизнинг хўроз ана-мана уч йилдан буён бизникида яшар, биз улғайгунимизча у анча қариб қолганди. Нима кераги бор эди бунақа қаҳри қаттиқликни! Нима кераги бор уни урушишга мажбур қилишнинг – шунчалик ҳам ноинсофлик бўладими!
Мана, ниҳоят ўша даҳшатли кун етиб келди. Уйда ҳамма сувга тушган бўлка нондек бўшашиб юрарди. Бизнинг Кармело билан аллақандай одам машқ қилар – ҳафта давомида ҳар куни келарди. Бизга ҳатто хўрозни кўришга рухсат беришмасди. Йигирма саккизинчи июль куни тушдан кейин тренер яна келди ва қутичадан пахтага ўралган икки ёни тасмачали ярим ой шаклидаги темир олди: бу жанговар ханжар, ҳарбийларнинг пичоғи эди. Тренер уни чархлай бошлади. Тиғини тирноғига уриб синаб кўрди ва отамга кўрсатди. Сўнг лом-лим демай қандайдир вазминлик билан хўрозни олишди ва тренер уни чақалоқдек қўлида кўтариб кетди. Ортларидан пичоқни кўтарганча хизматкор йўлга тушди. Уларга иккита акам ҳам эргашди.
– Ваҳшийлик ҳам шунчалик бўладими, – деди онам.
Опаларим ҳиқ-ҳиқ йиғлашар, кичкина синглим Хесус эса уларнинг ортидан эшик ёпилгач паст овозда шивирлади:
– Менга қара, сенам борақолмайсанми… Лоақал бечорага мадад бўларсан!..
У шундай деди-да, ҳўнграб юборди. Мен кўчага отилдим ва уларнинг ортидан югурдим, иккита кўчадан ўтиб уларга етиб олдим.
Биз Сан-Андресга келдик. Қишлоқда байрам кайфияти ҳукм сурарди. Ватан шарафига ўтказилаётгани учун уйларнинг пештоқига илинган миллий байроқлар ҳилпирарди. Бу байрам куни Сан-Андресда хўрозлар жанги уюштирилар, ўша куни одатда бутун водийнинг манаман деган бойваччалари йиғилишарди. Олдида мажнунтол новдалари пояндоз бўлиб ерга тўшалган арзон-гаров овқатхонадан идиш-товоқнинг кўнгилга урмайдиган тарақлаши эшитиларди; кўмирда қовуриб пиширилган янги балиқ ва сиркада ўлдирилган пиёз сепилган янги балиқни шовқин-сурон билан сотишарди. Карвонсаройлар башанг кийинган шанғи одамлар билан тўла эди. Яп-янги оқ-қизил йўл-йўл кўйлак, похол шляпа, альпаргат кийиб бўйинларига рўмолча боғлаб олган балиқчилар турланишарди.
Биз хўроз уриштириладиган майдонга йўл олдик. Анжирнинг эгилган, қуюқ шохлари гўё аренага кириш йўлини ташкил этганди. Отам билан бир қанча ошна-оғайнилари жойларини топиб ўтиришди. Улардан олдинроқда судья, ўнг тарафни эса донғи кетган жангари Ахисеконинг хўжайини эгаллади. Қўнғироқчалар чалинди, томошабинлар жойлашиб ўтиришди ва байрам бошланди. Турли томондан майдончага хўрозларини кўтариб икки нафар одам тушди. Улар ўзига хос бир ҳаракат билан хўрозларини улоқтиришди. Ўткир тиғлар ярақлаб кетди, икки нафар нимжон парранда – иккита рақиб бир-бирларига қадалиб қолишди. Уларнинг биттаси қичқириб юборди, иккинчиси асабий равишда унга жавоб қилди ва давра ўртасига отилди; рақиблар яна бир-бирларнинг кўзларига тикилишди-да, патларини хурпайтириб, шиддат билан жангга отилишди. Тарс-тарс бир-бирига урилди, ҳавода патлар тўзиди, оломон жунбушга келди. Омонсиз олишув бир неча сония давом этди ва хўрозлардан бири йиқилди. Унинг қирмизи калласи шилқ этиб ерга тушди.
– Унинг тумшуғи ерга тегди, жаноблар! – судьянинг овози янгради.
Ғолиб хўроз патларини қоқди. Қони қайнаган томошабинлар чапак чалиб юборди, қонига беланган иккала хўрозни майдончадан олиб кетишди. Биринчи олишув тугади. Энди бизнинг Кабальеро Кармелонинг навбати эди. Одамлар қатор оралаб шовқин таралди.
–Ахисеко билан Кармело.
– Дов – юз соль!
Яна судьянинг қўнғироқчаси янгради-ю, мени қалтироқ босди.
Ҳамма бесабрлик билан кута бошлади; майдончага яна бояги иккита киши хўрозларини кўтариб чиқди. Сукунат чўкди, рақибларни ўртага қўйиб юборишди. Нариги хўрозга нисбатан бизнинг Кармело қари ва заиф кўринарди, шу боис гўё Кармелога муқаррар ўлим башорат қилаётгандек, довни унинг рақибига тикишди. Тўғри, унинг ғалаба қозонишига ишонган ишқибозлари ҳам бор эди, бироқ кўпчилик Ахисекони афзал деб билишарди. Кармело рақибига рўпара бўлиши биланоқ ирғишлаб ўзини унга отиб, қанотлари билан уриб, шиддат билан қичқирди. Очиғини айтганда, зоти ва насабининг тоза эмаслиги сезилиб қолган нариги хўроз ўзини виқорли тутгани билан эҳтиёткорликни унутмасди, у бизнинг Кармелони назар-писанд қилмаган каби худди майдончанинг танҳо эгасидек айланиб юрарди. Ниҳоят ғайрати жўш урган хўрозлар сапчиб давра ўртасига чиқишди ва патлари ҳурпайган бўйинларини чўзиб, тумшуқларини бир-бирига уриштиришди, лекин иккови ҳам чекинмади. Рақибига биринчи бўлиб Ахисеко ҳужум қилди, шу тариқа жанг бошланиб кетди. Нафасларини ичларига ютган томошабинлар бу ҳайрон қоларли олишувни кузатишар, мен бўлсам худодан бизнинг қари хўрозимизга бугунги омонсиз жангдан шараф билан чиқишини сўрардим.
Кармело ҳалокатли уруш санъатини пухта эгаллаган чинакам жангчилардек олишарди. У рақибини ўткир тиғлар боғланган пихлари билан тепмоқчи бўларди: аммо бир марта бўлсин, уддалай олмади – бу қўрқоқлик ва муғомбирлик ҳисобланади – шу орада мақтанчоқ ва тўрс Ахисеко жангни ҳамла ва қанотларнинг зарбаси билан ҳал қилиш мумкин деб ўйларди шекилли, нафаси тиқилиб бир нафас тўхтаб қолишди. Кармелонинг оёғидан қон оқа бошлади. У яраланган эди, лекин оғриқни ҳис қилмаётганга ўхшарди. Ахисекога тикилган дов тобора кўтарилар, ишқибозлар аллақачон бу телба-тескари парранданинг эгасини табриклашмоқда эди. Рақиблар яна жангга киришди, Кармело бирдан қийқириб, ўтган даврларни эслагандек рақибига шунчалар шиддат ва ғазаб билан отилдики, азбаройи, битта зарб билан қулатди. Ахисеко турганда, тасира-тусур, бетартиб ҳамда шафқатсиз олишув бошланди. Охири оғир яраланган ва ҳолдан тойган Кармело йиқилди.
– Офарин! Қойил, Ахисеко! – деб бақиришарди олишув тугаганига кўзи етган ишқибозлар.
Бироқ жангни зийраклик билан ва ўйин қоидасига риоя қилинаётганини кузатаётган судья эълон қилди:
– Йўқ жаноблар, у ҳали тумшуғини ерга ишқамади!
Чинданам Кармело ўрнидан турди, рақиби гўё ерга урмоқчидек унга яқин келди, лекин Кармелога тегмади. Ана шунда мағлубият алами ҳамда оғриқ зўридан ҳамма хўрозларнинг жасорати унда мужассамлангандек бўлди-да, у рақибига залворли ва сўнгги ҳал қилувчи зарбани берди, буни кутмаган Ахисеко беҳуш бўлиб ерга йиқилди. У тумшуғини ерга тираганча жон бергандан кейингина Кармело ҳам қулади. У ғалаба қозонганди, майдончада тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада шовқин кўтарилди, ҳамма отамни зафар билан қутлади, бу ҳаддан ташқари мароқли ва эсдан чиқмайдиган олишув бўлгани учун томошабинлар тарқай бошлаганда ҳам ҳавода:
– Яшасин Кармело! Яшасин Кармело! – деган таҳсинлар янграрди.
Хўрозни мен билан акамга топширишди ва юрагимизда бир дунё ўкинч билан уни денгиз ёқалаб уйга олиб кетдик; дақиқа сайин мажолсиз бўлиб бораётган музаффар хўрозимизнинг қанотлари остига агуардьенте – узум виноси пуркаб ўтирар эканмиз, кўнглимиз ҳеч нарса сезмасди.

V

Биз Кармелони икки кун давомида парвариш қилдик. Хесус билан қўлимиздан келганини қилдик, ҳатто донни тўғридан тўғри тумшуғига жойлаб қўйдик ҳам, бироқ шўрлик уни на юта олар, на оёғида тура оларди. Уйда ҳамманинг ичига чироқ ёқса ёришмасди. Эртасига дарслардан кейин синглим билан ундан хабар олгани кирганимизда аҳволи шу қадар ёмон эдики, биз беихтиёр йиғлаб юбордик. Кармелога ҳовучимизда сув ичиришга уриниб кўрдик, уни силаб-сийпадик, тумшуғига анор доналарини солиб қўйдик. Дафъатан хўроз ўрнидан турди. Қош қорайиб қолган, дераза орқали Кармело ётган хонага заволга юз тутган қондек қизғиш қуёшнинг нурлари ёпирилиб кирарди. Хўроз дераза ёнига борди ва шу нурга талпингандек қанотларини оҳистагина қоқиб, осмонга қадалиб қолди. Сўнгра яна титраб-қақшаб олтин тусли қанотларини керди ва бамисли ҳали бу қанотларда куч-қувват етарли эканини ҳис қилгандек кўксини баланд кўтариб қичқирди. Сўнг озгина ортига тисарилди, тилла рангда товланаётган бўйни кўксига тушиб қалтираб кетди ва полга гурсиллаб қулади; танасидаги тангача қоплаган дармонсиз оёқларини узатиб юборди; кейин бизга бир илҳақлик, меҳр тўла кўзлари билан қараб турди-да, жимгина жон берди.
Биз ўкраб юбордик. Югурганча онамизни чақириб келгани кетдик. Ўша куни оқшом дастурхон атрофида ҳамма ичига чироқ ёқса ёришмайдиган аҳволда ўтирди. Онамиз лом-мим демас, мойчироқнинг сарғиш нурида биз ҳам сукут сақлаб ўтирардик. Эртасига эрталаб тун зулмати заволга юз тутаётган маҳал бундан буён Кармелонинг қувноқ қўшиғини эшитишдан маҳрум бўлганимизни ўкинч билан ҳис қилдик.
Болалигимиздаги севимли дўстимиз Кабальеро Кармело деган олийжаноб рицарларнинг мумтоз вакили таратган довруғи билан гуллаб-яшнаётган серҳосил Каукато водийсида яшаётган одамларнинг бари фахрланадиган насли тоза жангари хўрозлар тоифасидан чиққан номаълум қаҳрамон тақдири ана шундан иборат.

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 11-сон