Антон Чехов. Лайча эргаштирган хоним (ҳикоя)

I

Соҳилда лайча эргаштирган бир хоним пайдо бўлибди, дейишарди. Ялтага келганига икки ҳафта бўлган ва бу ерга одатланиб қолган Дмитрий Дмитрич Гуров ҳам келган кишиларга қизиқа бошлади. У Верна павильонида ўтирганида соҳилдан ўрта бўй, сарғиш соч, бошига берет кийган ёшгина хоним ўтганини; унинг кетидан оқ бароқ лайча югуриб кетаётганини кўриб қолди.
Бундан кейин Гуров бу хонимни шаҳар боғида ва скверда кунига бир неча марта кўрди. Унинг бир ўзи берет кийиб, оқ бароқ лайчасини эргаштириб юрар эди; уни ҳеч ким танимас, лайча эргаштирган хоним деб аташар эди.
«Агар бу ерда унинг эри ва танишлари бўлмаса, — танишиб қўйиш зарар қилмас эди!» деб ўйлади Гуров.
Гуров ҳали қирққа кирмаган бўлса ҳам, ўн икки яшар қизи ва гимназияда ўқийдиган икки ўғли бор эди. Уни студентлик чоғида, иккинчи курсда ўқиётгандаёқ уйлантириб қўйишган эди, энди хотини ўзидан бир ярим баравар каттага ўхшарди. Хотини новча, қора қош, тўғри, сипо, серсавлат ва ўзининг таъбири билан айтганда, ақлли аёл эди. У кўп ўқир, хатида ъ ни ёзмас, эрини Дмитрий эмас, Димитрий дерди. Гуров эса, уни дилида калтафаҳм, фаросатсиз, хунук деб ўйлар, ундан ҳайиқар ва уйида тургиси келмас, хотинига аллақачонлар хиёнат қилган, тез-тез бошқа аёллар билан юрар, эҳтимол, шу сабабдан, хотинларга ёмон назар билан қарар ва унинг олдида хотинлар тўғрисида гаплашганларида у хотинларни:
— Зоти пастлар, — деб атар эди.
У, мен кўп аччиқ тажрибаларни бошдан кечирганимдан, хотинларни қандай атасам ҳам бўлаверади деб ўйлар, аммо ўзи шу «зоти пастлар» бўлмаса, икки кун ҳам туролмас эди. Эркакларнинг орасида у қовушолмас, зерикар, муносабати совуб, индамас бўлиб қоларди, аёллар орасида эса, ўзини эркин ҳис этар, нималар ҳақида гаплашиш, ўзини қандай тутуш кераклигини билар ва улар билан ҳатто индашмай ўтириш унга осон эди. Унда аёлларни ўзига тортадиган қандайдир меҳригиё бор эди, буни у билар ва ўзини ҳам қандайдир куч улар томон тортар эди.
Бошқа хотинлар билан бўладиган ҳар қандай яқин муносабат дастлаб кишининг ҳаётида ширин бир янгилик, кишига ёқимли ва енгил ҳодисадай туюлса ҳам, ўзини билган кишилар учун, айниқса оғир табиат, журъатсиз москваликлар учун ғоятда мушкул бир муоммодек кўринса ҳам, бу пиравордига бориб, кишига ортиқча юк бўлиб қолишини Гуров ўзининг турмушида кўп марта бошдан кечирган тажрибаларидан, ҳақиқатан аччиқ тажрибаларидан аллақачонлар билар эди. Аммо қулинг ўргилсин хонимларни кўрганда бу тажрибалар негадир унутилар, айш-ишратни истаб қолар, ҳамма нарса қулай ва завқли туюларди.
Бир кун кечқурун у боғда овқатланиб ўтирганида ўша берет кийган хоним унинг ёнидаги столга ўтириш учун секин-аста келаверди. Унинг қиёфаси, юриши, кийими, причёскаси тузук одамлардан эканини, эри борлигини, Ялтага биринчи марта, ёлғиз ўзи келгани ва зерикиб юрганини кўрсатар эди… Бу ердагиларнинг ахлоқи бузуқлиги ҳақида тўқилган ҳикояларнинг кўп жойи нотўғри эди. Гуров эса улардан ҳазар қилади, аммо бу ҳикояларни қўлларидан келса ўзлари гуноҳ қилишдан қайтмайдиган кишилар томонидан тўқилганини ҳам билар эди. Бироқ ҳалиги хоним ундан уч қадам наридаги столга келиб ўтиргач, ғалабани осонгина қўлга киритиш, тоғ томонларга сайр қилиш, ўша тез ва бирпаслик муносабатлар ҳақидаги, оти ва фамилиясини билмаса ҳам осонгина қўлга кирадиган номаълум хотинлар билан ошиқ-маъшуқ бўлиш ҳақидаги иштиёқни қўзғовчи бу ҳикоялар унинг хаёлидан ўтаверди.
У лайчани алдаб чақирди. Лайча олдига келиши билан бармоғини ўқталиб уни қўрқитди. Лайча ириллади. Гуров уни яна қўрқитди.
Хоним унга назар ташлади ва дарров ерга қаради. Хоним унга:
— У қопмайди, — деди-да, қизариб кетди.
— Унга суяк берсам майлими? — деб сўради Гуров ва хоним ижозат ишораси билан бошини қимирлатгач, Гуров мулойимлик билан сўради: — Ялтага қадам ранжийда қилганларига кўп бўлдими?
— Беш кунча.
— Менинг келганимга икки ҳафтача бўляпти.
Улар бир оз жим қолишди.
— Вақт тез ўтяпти, лекин бу ер зерикадиган жой экан! — деди хоним, унга қарамасдан.
— Бу ер зерикадиган жой экан дейиш, шунчаки, одат бўлиб қолган гаплар. Белевдами ёки Жиздрадами яшайдиган кимса, ўз юртида зерикмайди-ю, бу ерга келгандан кейин эса: «Оҳ, зерикяпман! Оҳ, чанг экан!» дейди. Унақалар Гренададан келгандай калондимоғ бўлади.
Хоним кулиб юборди. Сўнгра, улар нотаниш кишилардек, индамасдан овқатларини едилар; овқатдан кейин эса, ёнма-ён боришди, улар ўртасида енгил-елпи ҳазил гаплар бошланди, бу эркин ва мамнун кишилар қаерга борсалар ҳам, нималар тўғрисида гаплашсалар ҳам, улар учун барибир эди. Улар бирга сайр қилишди ва денгизнинг туси ғалатилиги ҳақида гаплашди; денгиз суви оч бинафша тусда, майин, ёқимли бўлиб, ой нури унинг юзида жилваланиб турар эди. Булар кундузи иссиқ бўлганидан кечқурун дим бўлади дейишди. Гуров ўзининг москвалик эканини, филолог бўлса ҳам, банкда хизмат қилишини; бир вақтлар хусусий операда ашула айтишга ҳозирланиб юриб, кейин бу ишни ташлаб юборганини, Москвада иккита ҳовлиси борлигини айтди… У хонимнинг Петербургда ўсганлигини, аммо С. деган жойга эрга текканини, ўша ерда икки йилдан бери туришини, Ялтада яна бир ой туражагини, унинг кетидан балки эри ҳам келишини, у ҳам дам олмоқчи эканини хонимдан эшитди. У эрининг қаерда — губерна идорасида ишлайдими, ёки губерна земство идорасида ишлайдими, буни аниқ айтолмайди, бунинг учун ўзи ҳам кулди. Гуров яна, унинг Анна Сергеевна деб аталишини ҳам билиб олди.
Шундан кейин Гуров ўз номерига борганда шу хоним ҳақида у билан эртага учрашсам керак деб ўйлади. Шундай бўлиши керак. У ўринга ётар экан, ўз қизи сингари, бу хонимнинг ҳам яқиндагина институтда ўқиб юрганини эслади. Унинг кулишларида, нотаниш кишилар билан гаплашишида ҳали анча хомлигини хаёлидан кечирди. Одамлар унинг кетидан эргашади, унга қарашади, у билан
фақат биргина яширин мақсадни кўзлаб гаплашади, буни унинг ўзи сезмаслиги мумкин эмас, унинг мана шундай шароитда якка ўзи юриши, балки унинг ҳаётида биринчи марта бўлган ҳодисадир. Гуров унинг ингичка нозик бўйнини, чиройли кўкиш кўзларини эслади.
«Унинг аҳволи паришонроқ кўринади» деб ўйлади-да, кўзи уйқуга кетди.

II

Танишувдан кейин икки ҳафта ўтди. Байрам куни эди. Уйнинг ичи дим, ташқарида эса, шамолдан тупроқ буралиб-буралиб учар, шляпаларни учириб кетар эди. Киши кун бўйи сув ичкиси келади. Гуров ҳам тез-тез павильонга кирар ва Анна Сергеевнани гоҳ сиропли сув ичишга, гоҳ морожний ейишга таклиф этар эди. Ором оладиган жой йўқ эди.
Кечқурун, ҳаво сал тинчигач, улар пароходнинг келишини кўриш учун пристанга боришди. Пристанда сайр қилиб юрганлар кўп эди, улар гулдасталар кўтариб, кимнидир кутиб олиш учун тўпланишган эди. Бу ерда Ялта одамларининг кийинишидаги икки хусусият равшан кўриниб турар эди: кекса хотинлар ёшлар сингари кийинган эдилар, генераллар ҳам анчагина бор эди.
Денгиз тўлқинлангани учун пароход кеч, қуёш ботгандан кейин келди ва қирғоққа келиб тўхташдан олдин узоқ вақт бурилди. Анна Сергеевна, худди танишларини ахтараётган кишидай, дастали кўзойнак билан пароходга ва пассажирларга қарарди, Гуровга қараб гапирганда эса, унинг кўзлари ярқираб кетар эди. Анна Сергеевна кўп гапирар, унинг берган саволлари узуқ-узуқ ва нима тўғрида сўраганини ўша заҳотиёқ унутар эди; сўнгра у дастали кўзойнагини оломон орасига тушириб, йўқотиб қўйди.
Ясанган-тусанган оломон тарқалиб, пристанда ҳеч ким қолмади. Шамол бутунлай тинди. Гуров билан Анна Сергеевна эса, пароходдан яна бирор киши чиқиб қолмасмикин, дегандай кутиб турардилар. Анна Сергеевна индамас, Гуровга қарамай, гул ҳидлаб турарди.
— Кечқурун ҳаво яхши бўлиб қолди, — деди Гуров. — Энди қаерга борамиз? Бирор жойга бормаймизми?
Анна Сергеевна жавоб бермади.
Шунда Гуров унга тикилиб боқди-да, бирдан уни қучоқлаб олди ва лабларидан ўпди. Унинг димоғига гулнинг ёқимли ҳиди урди ва биров кўриб қолмадими? — деб қўрқиб, у ёқ бу ёққа аланглади.
— Юринг, сизникига борамиз, — деди секин Гуров.
Улар иккиси тез-тез юриб кетишди.
Анна Сергеевнанинг номери дим, номерни япон магазинидан сотиб олинган атирнинг ўткир ҳиди тутиб кетган эди. Гуров шу пайтда уни кўздан кечирар экан: «Киши ўз ҳаётида кимлар билан учрашмайди?» деб ўйлади. Ўтмишдан унинг хотирасида беғам, очиқ кўнгилли, ишқ-муҳаббатдан шод бўлган хотинлар тўғрисидаги, гарчи қисқа вақт бўлса-да, ўзидан миннатдор бўлган хотинлар тўғрисидаги эсдаликлар сақланиб қолган эди. Яна унинг хотирида ортиқча гаплар айтиб, ноз-фироқ, асабийлик билан юзаки севувчи, гўё севги ҳам, эҳтирос ҳам эмас, булардан ҳам юқорироқ бир нарсани ифодаловчи, ўзининг хотини каби туйғу билан севувчи хотинлар тўғрисидаги хотиралар, ҳамда ўзлари жуда гўзал бўлсалар-да, истаралари совуқ, афтлари бирдан йиртқичларникига ўхшаб кетадиган, турмушдан ортиқ нарсалар талаб қилувчи, ёшлари ҳам бир жойга бориб қолган, инжиқ, тўпос, ҳукмронликни яхши кўрадиган икки-учта хотинлар тўғрисидаги хотиралар, Гуровнинг улардан кўнгли совуганда, уларнинг гўзаллиги ўзида нафрат қўзғовчи, уларнинг кийимидаги уқалар унинг кўзига тукка ўхшаб кўринувчи хотиралар эсида қолган эди.
Аммо бу жойда ҳам ўша жасоратсизлигини, ёшликда тажрибасизлик орқасида қиладиган хомлигини кўрсатиб, ноқулай ҳолатда қолди; гўё биров келиб эшикни қоққандагидек саросималик юз берди. «Лайча эргаштирган хоним» деб аталган Анна Сергеевна бўлиб ўтган ишларга ўзгача, жуда ҳам жиддий қаради, ўзи учун тубанлик деб ҳисоблагандай бўлди, бу ишни ғалати ва ўринсиз дегандай эди. Анна Сергеевнанинг ранги ўчган, чеҳраси ўзгарган, узун сочлари юзида паришонҳол осилиб, худди қадимги суратлардаги гуноҳкор аёлдек маъюслик билан ўйланиб турарди.
— Яхши эмас! — деди у. — Аввало сиз энди мени ҳурмат қилмайсиз.
Номерда стол устида тарвуз турган эди. Гуров ундан бир тилим кесиб олиб, оҳиста еди. Ярим соатча индашмай ўтиришди.
Анна Сергеевна жозибадор, унинг соддалиги, кўпни кўрмаган пок хотин эканлиги билиниб турар эди; столнинг устида ёниб турган биттагина шам нури унинг юзини аранг ёритар, аммо унинг юраги безовталиги сезилиб турар эди.
— Нимага сени ҳурмат қилмай қўяр эканман? — деб сўради Гуров. — Сен нима деяётганингни ўзинг билмайсан.
— Мени худо кечирсин! — деди у ва унинг кўзлари ёшга жиқ тўлди. — Бу даҳшатли.
— Сен ўзингни оқлаётганга ўхшайсан.
— Мен нима билан ўзимни оқлай? Мен ёмон, ярамас хотинман, мен ўзимдан нафратланаман, ўзимни оқлашни ўйламайман ҳам. Мен эримни алдамадим, ўзимни алдадим. Мен уни ҳозиргина эмас, кўп вақтдан бери алдаяпман. Эрим балки виждонли, яхши кишидир, лекин у малайда! Мен унинг у ерда нима қилишини, қандай ишлашини билмайман, ёлғиз унинг малайлигини биламан, холос. Унга текканимда йигирма ёшда эдим, турмушнинг қандайлигига жуда қизиқар эдим, яхшироқ нарсага эришувни истар эдим; мен ўзим-ўзимга, бундан бошқача турмуш ҳам бор-ку, дер эдим. Турмуш кўришни истар эдим. Турмуш кўришни… Ҳавас мени азоблар эди…. сиз буни тушунмайсиз, аммо, худо ҳақи, ортиқ ўзимни тутолмадим. Менга бир нарса бўлаётгандай туюлди, эримга касалман дедим-да, бу ёққа қараб жўнадим… Бу ерда доим гангиб, жиннилардай юрган эдим… Мана энди мен разил, ярамас хотин бўлиб қолдим, мендан ҳар ким жирханиши мумкин.
Бу хил гаплар Гуровга ёқмас, бундай соддадиллик, кутилмаган ва ўринсиз афсусланиш унинг ғашига тегар эди; агар Анна Сергеевна кўзига ёш олмаганда, ҳазил ёки устомонлик қиляпти, деб ўйлаш мумкин эди.
— Мен тушунмаяпман, — деди у, секингина. — Нима демоқчисан? У юзини Гуровнинг кўкрагига қўйиб яширди ва унга ёпишди.
— Гапларимга ишонинг, ёлбориб сўрайман сиздан… — деди у. — Мен ҳалол, пок ҳаётни севаман, гуноҳ иш менинг учун разолат, нима қилаётганимни ўзим билмайман. Буни оддий халқ: шайтон йўлдан оздирди, деб айтади. Шу тобда мен ҳам, ўзимни шайтон йўлдан оздирди десам бўлади.
— Бас, бўлди энди… — деб ғўлдиради Гуров.
Гуров унинг қўрқиб бақрайиб қолган кўзларига қаради, уни ўпди, секин ва эркалатиб гапирди. Анна Сергеевна секин-аста тинчланди, чеҳраси очилди, иккилари ҳам кулишди.
Улар ташқарига чиққанларида соҳилда ҳеч ким кўринмас эди, сарв дарахтларига чулғанган шаҳар бутунлай жимжит, аммо денгиз ҳамон шовуллар ва қирғоққа келиб урилар, битта баркас (катта қайиқ) тўлқиндан лапанглар ва унинг устидаги чироқча липиллаб турар эди.
Бир извошчини топиб, Ореандага жўнашди.
— Мен ҳозир пастдаги йўлакда фамилиянгни билиб олдим: доскага фон Дидериц деб ёзиб қўйибди, — деди Гуров. — Эринг немисми?
— Йўқ, унинг бобоси немис бўлса керак, ўзи православ мазҳабида.
Улар Ореандада, черковнинг олдидаги бир скамейкада пастга, денгизга қараб, жим ўтиришди. Ялта тонг пайтидаги туман орасида аранг кўринар, тоғ чўққиларида оппоқ булутлар жим турар эди. Дарахтларнинг барглари қимирламас, саратонлар чириллар, денгизнинг пастдан эшитилаётган бир хилдаги бўғиқ овози бизни кутаётган ўлимдан, абадий уйқудан хабар берар эди. Бу жойда Ялта ҳам, Ореанда ҳам бўлмаган замонларда пастда денгиз ана шундай шувуллаб турган; у ҳозир шувуллаяпти ва биздан кейин ҳам ўшандай бепарво ва бўғиқ овоз билан шувуллай беради. Ҳар биримизнинг абадий барҳаёт бўлишимиз, ер юзида ҳаётнинг тинмай ҳаракатда бўлуви, тўхтовсиз вояга етиб туруви балки мана шу мангуликда ва ҳаётга, ўлимга бепарво қарашда бўлса керак. Тонг пайтида жуда гўзал кўринган, эртаклардагина эшитиладиган ана шундай ажойиб денгиз, тоғ, булутлар, кенг осмон манзараларига маҳлиё бўлган, ёш хотиннинг ёнида ўтирган Гуров, агар яхшилаб ўйлаб кўрилса, бу дунёдаги ҳамма нарса ҳақиқатан гўзал деб ўйлар эди, унинг назарида биз турмушнинг олий мақсадларини, ўзимизнинг инсонлик қадри қимматимизни унутган вақтимизда ўзимиз ўйлаган ва қилган нарсаларгина ёмон эди.
Биров яқин келиб, уларга бир қаради-ю, яна қайтиб кетди; у қоровул бўлса керак. Бу ҳолат ҳам унга сирли ва гаштли бўлиб туюлди. Феодосиядан жўнаб, тонг ёруғида чироғсиз етиб келган пароход кўринди.
Жим ўтирган Анна Сергеевна:
— Кўкатларга шудринг тушибди, — деди.
— Ҳа, энди кетсак ҳам бўлади.
Улар шаҳарга қайтишди.
Шундан кейин улар ҳар куни туш пайтида соҳилда учрашиб турдилар, нонуштани, тушликни бирга қилар, биргаликда сайр этар, денгиздан завқ, баҳра олардилар. Анна Сергеевна уйқум бузуляпти, юрагим ҳовлиқяпти деб зорланар, гоҳ рашк билан, гоҳ Гуров мени унчалик ҳурмат қилмасмикан деб хавотирланиб бир хил савол бераверар эди. Кўпинча скверда, ёки боғда хилват жойларда ўтирганларида, Гуров бирдан уни қучоқлаб эҳтирос билан ўпар эди. Ҳузур-ҳаловат, куппа кундуз куни, биров кўриб қолмасин деб аланглаб, хавотир олиб ўпишар, куннинг исиқлиги, денгиз ҳавоси ҳамда шод, ясанган, тўқ кишиларнинг доимо кўз олдидан ўтиб туриши Гуровга ниҳоятда қаттиқ таъсир этди; у Анна Сергеевнага сиз жудаям гўзалсиз, дилдорсиз дер, эҳтиросдан ўзини тутиб туролмас, ундан бир қадам ҳам ажралмас эди; Анна Сергеевна эса, кўпинча ўйланиб қолар ва Гуровга сиз мени ҳурмат қилмассиз, севмассиз, бир ярамас хотин деб қарарсиз, шуни очиқ айтинг деб, ўтинаверар эди. Улар ҳар куни кечқурун шаҳардан ташқарига бирор жойга, Ореандага ёки шаршарага кетишар ва беармон сайр этишар, ҳар сафарги таассуротлари ажойиб ва ғаройиб бўларди.
Анна Сергеевнанинг эрини келади деб кутишарди, Аммо ундан хат келиб қолди, хатда кўзим оғриб қолди, ўзинг тезроқ етиб кел, деб ёзган. Шунинг учун Анна Сергеевна кетишга шошилди.
— Яхши бўлди, мен кетаман, — деди у Гуровга, — Тақдир шу.
Анна Сергеевна аравада жўнади, уни Гуров кузатиб борди. Улар кун бўйи йўл юришди. Анна Сергеевна курьер поездининг вагонига кириб ўтирди; мана, иккинчи занг ҳам урилди. Шунда Анна Сергеевна айтди:
— Менга қаранг, сизни яна бир кўриб қолай… Келинг, тағин бир қараб, дийдорингизга тўйиб олай. Мана шундай.
У йиғламас, аммо ғамгин, худди касалдай эди. Юзлари учиб-учиб турар эди.
— Сизни сира эсдан чиқармайман, — деди Анна Сергеевна. — Сизни худога топширдим, яхши қолинг. Мени яхши ном билан эсланг. Биз умрбод хайрлашяпмиз, шундай бўлиши керак, чунки аслида бизнинг учрашмаслигимиз лозим эди. Яхши қолинг, худога топширдим.
Поезд тез юриб кетди, кўп ўтмай угинг чироғлари ҳам кўринмай қолди, бирпасдан кейин шов-шув ҳам эшитилмай қолди, бу Гуровни ҳушига келтириш, унинг ширин хаёлларини қочириш учун атайлаб қилингандек эди. Гуров платформада бир ўзи қолди ва у узоқ қоронғиликка кўз тикар экан, чигирткаларнинг чириллашини ва телефон симларининг ғўнғиллашини худди уйқудан энди турган кишидай эшитди. У ўз ҳаётимда яна бир саргузашт ёки можаро бўлиб ўтди, у ҳам тамом бўлиб фақат хотира қолди, деб ўйлар эди… Унинг дили ғаш, ҳомуш ва бир оз афсусланар эди; энди сира ҳам кўришмас бўлиб кетган бу ёш хотиннинг ундан кўнгли тўлмаган эди. Гуров эса у билан хушмуомала, самимий муносабатда бўлса ҳам, ёши ундан қарийб икки баравар катта бўлган бу бахтиёр эркакнинг унга қилган муомалалари, гап-сўз ва эркалатишларида, салгина истеҳзо, андак такаббурлик сезилиб турар эди. Анна Сергеевна ҳар вақт уни яхши, тенгги йўқ олижаноб инсон деб атар эди; афтидан, Гуров, унга бошқача бўлиб кўринган, демак, Гуров уни беихтиёр алдаб юрган эди…
Станцияда кузнинг ҳиди келиб қолган, кечқурун салқин бўлди.
«Менинг ҳам шимолга жўнайдиган вақтим келди, — деб ўйлади Гуров, платформадан кетаётиб. — Вақт келди!»

III

Москвада, унинг уйида, ҳамма нарса қишдагидек эди; печлар ёқилар, болалар гимназияга жўнашга тайёрланар ва чой ичган вақтларда ҳали қоронғи бўлар, шунинг учун энага бир оз вақт чироқни ёқиб қўяр эди. Қаттиқ совуқлар ҳам бошланган эди. Янги қор ёққан чоғда биринчи марта чанага тушиб юрганда оппоқ ерни, оппоқ томларни томоша қилиш жуда завқли бўлади, киши енгил ва яхши нафас олади, ана шу вақтда кишининг ёшлик чоғлари эсига тушади. Қиров тушиб оқарган қари арғувон ва қайин дарахтлари кишининг кўзига ёқимли кўринади, улар сарв ва хурмо дарахтларидан кўра кўнгилга яқинроқ бўлиб, буларнинг олдида киши денгиз ва тоғларни ўйлагиси ҳам келмайди.
Гуров москвалик эди. У Моеквага яхши вақтда, совуқ кунларда етиб келди. У иссиқ пўстинини ва қўлқопини кийиб, Петровкани бир айланиб келгандан кейин ва шанба куни кечқурун қўнғироқларнинг товушини эшитгандан сўнг, яқинда қилиб келган саёҳатининг ва бориб кўриб келган жойларнинг завқларини дилидан чиқариб юборди. У секин-аста Москва ҳаётига кўникиб кетди. Ҳар куни учтадан газета ўқиб ташласа ҳам, принцип учун Москва газеталарини ўқимайман дерди. Энди у ресторанлар, клублар, меҳмондорчиликлар, юбилейларга боргиси келиб турар, ўз уйига машҳур адвокатлар ва артистларнинг келиб туришларини, докторлар клубида профессор билан карта ўйнашни ёқтирар эди. Энди у бир сковородка селянкани бемалол еб қўяверадигам бўлган эди…
У, бирор ой ўггач, Анна Сергеевна ҳам эсимдан чиқиб кетар, бошқа хотинлардек, гоҳ-гоҳ ёқимли табассум билан тушимдагина кўриниб қолар деб ўйларди. Бир ойдан кўпроқ вақт ўтди, қаҳратон қиш кирди, аммо Анна Сергеевна у билан кечагина ажралишгандай хотирида турар эди. У тобора кўпроқ эслайдиган бўлиб қолди. Кечқурунги жимжитлик пайтида унинг кабинетига дарс тайёрлаётган болаларнинг овози кирса ҳам, ресторанда ўтирганда романс ёки орган товушини эшитса ҳам, ёки печь ўчоғидан бўроннинг гувуллаган товуши келса ҳам пристанда юз бергаи аломатлар, эрта биланги туманлар, Феодосиядан келган пароход, ўпишишлар унинг хотирида жонланар эди. У анча вақт хона ичида у ёқдан бу ёққа юрди-да, кўрганларини эслади, жилмайди, кейин эслаган нарсалари орзуга айланди, ва бошдан кечирганлари, хаёлида, бундан кейин кўрадиганлари билан қоришиб кетди. Анна Сергеевна унинг тушига кирмас, у қаерда юрса соя каби эргашиб юрарди. У кўзини юмиши билан кўз олдига Анна Сергеевна келар, гўзаллашиб, ёшариб, нозиклашиб кетгандай эди. Гуровнинг ўзи ҳам, ўзига Ялтадагидан кўра яхшироқдек туюлар эди. Кечқурунлари Анна Сергеевна китоб жовонидан, печкадан, бурчакдан унга қараб тургандек, унинг нафаси ва кийимининг майин шилдираши эшитилгандек бўлар эди. Кўчада юрганда эса, хотинларни кўздан кечирар ва унга ўхшайдигани йўқми экан, деб ахтарар эди…
Ўз хотираларини бирор кишига айтиб, юрагини бўшатгиси келар эди. Уйдагиларга ўзининг ишқ-муҳаббатини гапириб бўлмас, кўчада эса, кимга айтишни билмас эди. Қўшниларига ҳам, банкдагиларга ҳам айтиб бўлмас эди. Нима тўғрида ҳам гапирсин! У вақтда севиб қолганмиди? Анна Сергеевна билан бўлган муносабатида, бирор гўзал, ёқимли ёки ибратли ва ёки бирор ажойиб нарса бўлганмиди? Ниҳоят, у қандайдир муҳаббат тўғрисида, хотинлар тўғрисида гапириб кетди ва ҳеч ким бунинг фаҳмига етмади, унинг хотинигина ўзининг қора қошларини чимириб:
— Димитрий, олифтачилик сенга сира ҳам ярашмас экан, — деди.
У бир куни кечаси ўз шериги билан докторлар клубидан чиқиб келаётганида, ўзини боса олмай:
— Менга қаранг, Ялтада мен қандай нозанин билан танишганимни билсангиз эди! — деди.
Амалдор чанага ўтириб жўнади ва бирдан қайрилиб қараб:
— Дмитрий Дмитрич! — деб қичқирди.
— Нима дейсиз?
— Ҳали сиз тўғри айтган экансиз. Осетрина ҳидланиб қолган экан.
Бу беозор сўзлар, негадир бирданига Гуровнинг жаҳлини чиқариб юборди, уни таҳқирлагандай бўлиб туюлди. Қандай ёввойи феъл-муомала, қандай одамлар! Қандай бемаза тунлар, қандай маза-матрасиз кунлар! Берилиб ўтириб карта ўйнашлар, мечкайлик, ичкиликхўрлик, доимо бир хил гаплар. Беҳуда ишлар ва ҳамон бир турли гап-сўзлар вақтнинг, куч-қувватнинг яхшироқ қисмини олиб қўяди-да, ниҳоят озгина, арзимас, самарасиз вақт қолади, бирор жойга кетиб ҳам, қочиб ҳам бўлмайди, киши баайни жиннихонада ўтиргандай, ёки маҳбуслар ротасига тушиб қолгандай!
Гуров тун бўйи ухламади, ғазабланди ва куни билан боши оғриб юрди, бундан кейинги кечаларда ҳам уйқуси беҳузур бўлди, ўрнида ўйга ботиб ўтирар, ёки уйнинг у бурчидан бу бурчига юриб чиқар эди. Болалар унинг кўнглига тегди, банкдан ҳам зерикди, ҳеч қаерга боришни ва бирор тўғрида гапиришни хоҳламас эди.
У декабрда байрам кунлари сафарга отланди ва хотинига мен бир йигитнинг иши тўғрисида ҳаракат қилиш учун Петербургга кетяпман деди-да, С. га жўнади. Нечун? Буни унинг ўзи ҳам яхши билмас эди. У Анна Сергеевна билан кўришиш ва мумкин бўлса, бундан кейин у билан учрашиб туриш ҳақида сўзлашмоқчи эди.
У эрта билан С. га етиб борди ва меҳмонхонага кириб яхши бир номерга жойлашди. Номернинг бутун полига кул ранг саллоти адовут тўшалган эди. Столнинг устида эса, чангга ботган кул ранг сиёҳдон турар эди. Сиёҳдонга, шляпали қўлини кўтарган, аммо калласи узилиб тушган отли чавандоз ўрнатилган эди. Меҳмонхона швейцари унга керакли маълумотни берди: фон Дидериц меҳмонхонага яқин жойда, Старо-Гончарная кўчада, ўзининг хусусий уйида туради, турмуши яхши, бадавлат, отлари бор, у бутун шаҳарга таниқли. Швейцар ўзини Дрьдьриц деб талаффуз этар эди.
Гуров аста юриб, Старо-Гончарная кўчасига борди ва унинг уйини қидириб топди. Уйнинг рўпарасида кул ранг, тепасига найза қадалган узун девор бор эди.
— Тозаям расво девор эканми? — деди Гуров ўзича гоҳ деразага, гоҳ деворга қараб.
У бугун ишга борилмайдиган кун, балки эри ҳам уйдадир, деб ўйлади. Бундай бўлмаганда ҳам бирдан уйга кириш ножўя иш бўлади, у хижолатда қолади. Агар унга хат жўнатилса, балки эрининг қўлига тушиб қолар, унда ишнинг пачаваси чиқади. Яхшиси ўзининг чиқишини кутиш керак. Шундай деб, у кўчада, деворнинг ёнида юрар ва унинг чиқиб қолишини кутар эди. У, дарвозадан ичкарига бир гадой кирганини ва унга итлар тармашганини кўрди, орадан бирор соат ўтгандан кейин роял товуши келди, роялнинг овози паст эди. Анна Сергеевна чалаётган бўлса керак. Бирдан уйнинг кўча эшиги очилди-да, ундан қандайдир бир кампир чиқди, унинг кетидан ўша оқ лайча ҳам югуриб чиқди. Гуров лайчани чақиргиси келди-ю, аммо бирдан юраги ўйнаб кетди, ва ҳаяжонланганидан, лайчанинг номи эсига келмади.
У ҳамон юрар ва кул ранг девор унинг кўзига тобора ёмон кўринар эди. Анна Сергеевна мени эсдан чиқаргандир, балки бошқалар билан вақтчоғлиқ қилаётгандир, эртадан кечгача шу лаънати деворни кўра бериб тўйган бу ёш хотин шундай қилишга ҳам мажбур бўлгандир деб ўйланиб, кўнгли ғаш бўлди. У номерга қайтиб келди-да, нима қилишини билмай диванда ўтириб қолди, кейин обед қилди, ундан кейин ётиб узоқ ухлади.
«Бу ишларнинг ҳаммаси бемаънигарчилик, ортиқча ташвиш экан, — деб ўйлади у, уйғониб ва қоп-қора деразага қараб; кеч кириб қолган эди. — Уйқуга тўйиб олибман. Энди қандай қилиб тонг оттираман?»
У, худди касалхонанинг арзон баҳо одеялига ўхшаган одеялга ўралиб, ўтирди ва аламидан:
«Лайча эргаштирган хоним қайда-ю, сен қайда… саргузашт деб овора бўлма… ана энди ўтиравер бу ерда» деб ўзини-ўзи калака қилди.
Эрталаб у вокзалга тушганида, катта ҳарфлар билан: биринчи марта «Гейша» қўйилади, деб ёзилган афишани кўрган эди. Ўша эсига келди-да, театрга борди.
«Биринчи куни қўйиладиган томошадан у қолмаса керак» деб ўйлади у.
Театр одам билан тўла эди. Ҳамма губерна театрларидагидек, бунда ҳам, қандил чироғнинг юқори томони туман билан қопланган, галёркада ўтирганлар ғавур-ғувур қилар эди; ўйин бошланиш олдида, биринчи қаторда, қўлларини орқаларига қўйиб, бу ернинг олифталари турар эди; ўша ердаги губернатор ложасида, биринчи ўринда, бўйнига мўйна дум солиб олган губернатор қизи ўтирар эди, губернаторнинг ўзи камтарлик қилиб, портьеранинг орқасида кўринмай ўтирар, унинг фақат қўлларигина кўринар эди; парда чайқалиб турар эди, оркестр созини узоқ созлади. Одамлар кириб, то жой-жойини топгунича, Гуров олазарак бўлиб турди.
Анна Сергеевна ҳам кирди. У учинчи қаторга бориб ўтирди. Гуров уни кўраркан юраги эзилиб кетди. У, дунёда ўзига Анна Сергеевнадан кўра яқин, қимматли ва азиз киши йўқ эканини шу пайт равшан тушунди; провинция одамларининг орасида кўринмай кетган, қўлига хунуккина дастали кўзойнак ушлаган бу кичкинагина аёл энди бутун ҳаётининг маъноси бўлиб қолди, унинг қайғуси, шодлиги, истаган бирдан-бир қувончи шу аёл эди; ёмон оркестрнинг эски-туски скрипкаларининг садолари остида у, Анна Сергеевнанинг фазилатларини кўнглидан ўтказди, ўйлади ва хаёл сурди.
Анна Сергеевна билан бирга чаккасига кичкина бакен қўйган, жуда новча, энгашиброқ юрадиган бир ёш йигит ҳам кириб келди ва у билан ёнма-ён ўтирди; у ҳар қадамда калласини қимирлатар ва тинмай таъзим қилаётганга ўхшар эди. Анна Сергеевна Ялтада, изтироб ичида малай деб атаган эри эҳтимол шу киши бўлса. Ҳақиқатан ҳам, унинг новча қоматида, бакенларида, бошининг озгина жойи ялтирашида, қандайдир малайларга хос камтарлик аломатлари сезилар, башараси кулиб турар, кўкрагидаги маълумот белгиси малайнинг номерига ўхшаб турарди.
Биринчи антрактда эри папирос чеккани чиқиб кетиб, креслода ёлғиз ўзи қолди. Партерда ўтирган Гуров унинг ёнига борди ва қалтироқ овоз билан зўрға илжайиб:
— Салом! — деди.
Анна Сергеевна унга қаради-ю, ранглари оқариб кетди, сўнгра, кўзларига ишонмасдан қўрқинч билан яна бир қаради-да, ҳушдан кетиб йиқилиб тушмаслик учун бўлса керак, ўзини тутиш учун, қўлидаги елпуғичини дастали кўзойнагига қўшиб туриб қаттиқ қисди. Иккилари ҳам жим қолишди. Анна Сергеевна ўтирар, унинг ҳаяжонга келганидан қўрқиб, ёнига ўтиришга ботинмасдан, Гуров тикка турар эди. Созланаётган скрипка ва найнинг овози эшитиларди, ҳамма ложаларда ўтирганлар қараётгандек туюлиб, бирдан қўрқинч пайдо бўлди. Анна Сергеевна ўрнидан турди-да, ташқарига қараб тез-тез юриб кетди, унинг кетидан Гуров ҳам эргашди; иккалалари ҳам коридорларда гоҳ юқорига чиқиб, гоҳ пастга тушиб, зинапояларда кезардилар; судья, муаллим, удил мундирларини кийган, ҳаммалари значок таққан аллақандай кишилар уларнинг кўз олдиларидан лип-лип ўтиб турар эди; хонимлар, вешелкалардаги пўстинлар ҳам лип-лип ўтиб турарди, папирос қолдиқларининг ҳидини буруқсатиб, шамол ўтиб турар эди. Юраги така-пука бўлиб турган Гуров эса:
«Эй худо! Бу одамларнинг ва бу оркестрнинг нима кераги бор эди» деб ўйлар эди.
Шу дақиқада, кечқурун станцияда Анна Сергеевнани кузатиб қолгани, энди иш тамом, у билан ҳеч қачон кўришмаймиз, деб ўйлагани бирдан эсига келди. Аммо ишнинг охири ҳали узоқ эди.
«Амфитеатрга кириш йўли» деб ёзиб қўйилган, тор ва қоронғи зинапояда Анна Сергеевна тўхтади.
— Мени жудаям қўрқитиб юбордингиз! — деди у, оғир нафас олиб, ҳамон ранги ўчган, эсанкираган ҳолда. — Оҳ, мени жуда ҳам қўрқитиб юбордингиз-а! Жон-поним чиқиб кетди. Сиз нимага келдингиз? Нимага? Нимага келдингиз ахир?
— Анна, ўзингиз биласиз, ўзингиз биласиз-ку… — деди у паст овоз билан, шошилиб. — Мени кечиринг, ўзингизга маълум…
Анна Сергеевна ваҳима ичида, унга муҳаббат билан қарар ва унинг дийдорини хотирасида сақлаб қолиш учун қаттиқ тикилиб қарар эди.
— Мен шундаям қийналаётган эдим! — деб гапини давом эттирди у, Гуровга қулоқ солмай. Мен ҳамиша сизнинг тўғрингиздагина ўйлар эдим, фикри-ёдим сизда бўлди. Мен сизни эсдан чиқариб юборсам дер эдим, нимага келдингиз ахир, нимага?
Юқоридаги равонда иккита гимназист папирос чекиб, пастга қараб турар эди, аммо Гуров уларга эътибор бермасдан Анна Сергеевнани ўзига тортиб, унинг юзларидан, қўлларидан ўпарди.
— Нима қилганингиз бу, нима қилганингиз! — дерди у қўрқиб ва уни ўзидан итариб. — Икковимиз ҳам эсимизни еб қўйдик. Бугуноқ жўнаб кетинг, ҳозироқ жўнанг… Худо ҳақи, Сиздан ўтинаман… Ана, одамлар келяпти!
Зинапоядан кимдир чиқиб келаётган эди.
— Сиз жўнаб кетишингиз керак… — дерди ҳамон пичирлаб Анна Сергеевна. — Эшитяпсизми, Дмитрий Дмитрич! Москвага олдингизга ўзим бораман. Мен ҳеч қачон бахтли бўлган эмасман. Ҳозир ҳам бахтли эмасман ва ҳеч қачон бахтли бўла олмайман, ҳеч қачон! Энди сиз ҳам мени ортиқча қийнаманг! Қасамёд қилиб айтаманки, Москвага ўзим бораман. Энди ажрашайлик! Азизим, меҳрибоним, қадрдоним, ажрашайлик энди!
Анна Сергеевна унинг қўлини сиқди ва унга қараб-қараб, тез пастга тушиб кетди, унинг кўзларидан, чиндан ҳам бахтсиз эканлиги билиниб турар эди. Гуров бир оз вақт диққат билан қулоқ солиб турди-да, ҳамма тинчигандан кейин, вешелкадан кийимияи олди-ю, театрдан чиқиб кетди.

IV

Анна Сергеевна ҳам Москвага унинг олдига келиб турадиган бўлди. У ҳар ойда икки-уч марта С. дан жўнар ва эрига, мен ўзимнинг хотинлар касали ҳақида профессор билан маслаҳатлашиш учун кетяпман дер, — эри гоҳ ишонар, гоҳ ишонмас эди. У Москвага келганда «Славянский базар»га қўнар ва ўша соатда Гуровга бир қизил шапкали одамни юборар эди. Гуров унинг олдига келар ва бу воқеани Москвада ҳеч ким билмас эди.
Қиш кунларининг бирида, эрталаб Гуров яна унинг олдига жўнади (хабар берувчи киши кечқурун унинг уйига бориб, тополмаган эди). У билан қизи ҳам борар, уни шу йўлдаги гимназияга кузатиб қўймоқчи эди. Лайлак қор ёғмоқда.
— Ҳозир уч градус иссиқ, шундай бўлса ҳам қор тушяпти, — деди қизига Гуров — аммо бу иссиқ ернинг устида, холос, атмосферанинг юқориги қатламида температура бутунлай бошқача.
— Дада, нимага қишда момақалдироқ бўлмайди, а?
Гуров қизига бунинг сабабини ҳам тушунтирди. У гапиришиб борар эди-ю, лекин, Анна Сергеевнанинг олдига кетаётганини, бу сирдан ҳеч бир кимса хабари йўқ, балки бундан кейин ҳам бутунлай хабари бўлмайди, деб ўйлаб борар эди. У икки хил ҳаёт кечирар эди: бириси ошкора ҳаёт бўлиб, буни керак одамлар ҳаммаси кўрган ва билар эди, бу бутунлай сунъийликдан ва кўзбўямачиликдан иборат бўлиб, танишлари ва дўстларининг ҳаётига батамом ўхшар, иккинчи ҳаёт эса — хуфя ўтар эди. Унинг ҳаётининг мағзини ташкил этган, ўзи самимият билан қараган ва ўзини алдамаган, ўзи учун муҳим, қизиқ ҳамда зарур бўлган нарсалар, қандайдир ажиб бир ҳолатга кўра, балки тасодифан бўлса керак, бошқалардан хуфя ўтар эди; лекин унинг қалбакилиги, ҳақиқатни яшириш учун ўранган ниқоби, чунончи унинг банкда хизмат қилиб туриши, клубдаги мубоҳасалари, хотинларни «зоти пастлар» деб аташи, ўз хотини билан бирга юбилейларга бориши, — буларнинг ҳаммаси ошкора эди. У бошқаларни ҳам ўзидай деб ўйлар, кўрганларига ишонмас, доимо, ҳар бир кимсанинг ҳақиқий, энг қизиқ ҳаёти тун пардасига ўхшаган парда орқасида яширин ўтиб турса керак, деб фараз этар эди. Кишининг ҳар қандай шахсий ҳаёти сир тутилади. Эҳтимол, маданий кишиларнинг ҳам, хуфя шахсий маишатни ҳурматлаш кераклигини асабийланиб талаб қилишларининг сабаби, қисман, шу бўлса.
Қизини гимназияга кузатгач, Гуров ўзи «Славянский базар»га қараб йўл олди. У пастки қаватда пўстинини ечиб, юқорига кўтарилди ва эшикни секингина тиқиллатди. Анна Сергеевна Гуров яхши кўрган кулранг кўйлагини кийган эди. Уни йўл ҳам, бундаги кутиш ҳам толиқтирган ва кеча кечқурундан бери кутавериб ранги сарғайиб кетган эди. Гуров кириши биланоқ, уни кўрди-ю, кулмай-нетмай, бирдан унинг қучоғига ўзини ташлади. Булар худди икки йил кўришмаган кишилардай, лаблари лабларига ёпишиб, узоқ ўпишиб қолдилар.
— Қани, айт-чи, аҳволинг қандай? — деб сўради Гуров. — Қандай янгиликлар бор?
— Тура тур, ҳозир айтаман… Гапира олмайман.
У йиғидан гапира олмас эди. Гуровдан юзини ўгириб, рўмолчасини кўзларига қаттиқ босиб олди. Гуров эса:
— Йиғласа йиғлаб олсин, мен ўтириб турай, — деб ўйлади-да, креслога ўтирди.
Кейин қўнғироқни чалди ва чой келтиришни буюрди. У чойни ичаётганида, Анна Сергеевна деразага бурилиб олиб, ҳамон йиғлар эди… У ўзларининг шундай ғамгин ҳаёт кечиришларидан, худди ўғрилардек биров билиб қолмасин деб хуфя иш тутишларидан ҳаяжонланиб, қайғуриб йиғлар эди. Дарҳақиқат, уларнинг ҳаётида ҳузур-ҳаловат бормиди?
— Қани, бўлар энди! — деди, Гуров.
Гуров бу ишқ-муҳаббат ҳали узоқ давом этишини аниқ билар ва қачон тугашини билмас эди. Анна Сергеевна унга тобора қаттиқ кўнгил қўяр, уни сидқидил билан севар эди. Шунинг учун унга бу ишлар бир кун бориб тўхташи лозим, деб айтиш ножўя бўлар эди. Бунга Анна Сергеевна ишонмас эди.
Гуров яқин борди ва уни эркалатиш, унга тегишиш учун унинг елкасидан қучар экан, шу онда ойнада ўз аксини кўрди.
Унинг сочлари оқара бошлаган эди. Кейинги йилларда шунчалик қариб, шунчалик хунуклашиб кетгани ўзига қизиқ туюлди. Унинг қўли турган елка иссиқ ва титрар эди. Гуров бунинг шундай иссиқ ва гўзал ҳаётига, ўз ҳаёти каби, бунинг ҳаёти ҳам сўла бошлаши яқин қолганига ачинди. Хоним унинг нимасини бунчалик яхши кўради? У, хотинларнинг кўзига бўлакча кўринар эди. Улар уни ўз кўзларига умр бўйи орзу этиб юрган чин инсон бўлиб кўрингани учун севардилар; янглишганларини кейин билсалар-да, ҳамон севардилар. Уларнинг бирортаси ҳам бундан бахтиёр бўлган эмас эди. Вақт ўта берар, у хотинлар билан танишар, топишар, ажралишар, аммо бирортасини ҳам севмаган эди, ҳар нарса бўлган эди-ю, севги рўй бермаган эди.
Мана энди, Гуров сочлари оқарган чоқдагина, ўз умрида биринчи марта чинакам, юраадан севмоқда.
Анна Сергеевна билан Гуров иккалалари бир-бирларини жуда яқин, жонажон кишилардай, эр-хотинлардай, қалин дўстлардай севардилар; буларнинг шундай мағиз-пўст бўлиб кетишлари, тақдири азалда пешоналарига ёзиб қўйилгандек эди ва Гуров ўзининг нега хотин олганидан ҳайрон, у эса, нега эрга текканидан ҳайрон эди; булар худди учиб юрган нари ва мода қушлар бўлиб, иккалаларини ҳам тутиб олиб, икки қафасга солиб қўйгандек эди. Улар ўтмишда бир-бирларига бўлган муносабатларидаи уялдилар, ҳозирги нуқсонларини кечирдилар ва уларни ўзгартиб юборган ишқ-муҳаббат эканини сездилар.
Илгари Гуров қайғули дамларда ҳар хил фикрлар билан ўзини юпатар, энди эса, бундай кезларда фикр юрита олмас, қаттиқ раҳми келар, самимий ва меҳрибон бўлишни истар эди…
— Йиғини қўй, жонгинам, — деди у. — Шунча йиғладинг — етар энди… Гаплашайлик, бирор нарса ўйлайлик.
Сўнгра улар узоқ маслаҳатлашди, яшириниш, алдаш, турли шаҳарда яшаш, узоқ кўришмай кетиш заруратидан қандай қутулиш тўғрисида гаплашди. Бу оғир кишандан қандай қутулиб бўлади?
— Қандай қилиб? Қандай қилиб? — деди Гуров, ўз бошини ушлаб. — Қандай қилиб?
Сал вақт ўтгач масала ҳал бўладигандай ва янги, гўзал ҳаёт бошланадигандай туюлади; бироқ ишнинг охири ҳали жуда узоқ экани, энг мураккаб ва қийин ишлар эндигина бошланаётгани иккиларига ҳам аён бўлди.

С. Иброҳимов таржимаси