Абдулҳамид Чўлпон. Нонушта (ҳикоя)

(«Пилта сават ҳикояси»дан)

– Потишхон, қумғонингиз қайнадими?
– Салайбуш, яқинлашиб қолди.
– Ҳали энди ёқалашиб келаётибдир денг.
– Эндиёқ мушлашиб кетадир шу деганингизга!
Эгачиси Фотима ўчоқ бошида қумғон қайнатиб, синглиси Солиҳа сўрида ўрунларни йиғиб туриб бир-бирларига пичинг отишиб ҳазил қилишар эдилар.
Эгачиси Фотима ўтдан йироғроқ туруб қолған қумғонни ўтнинг ўртасиға жилдириб қўйди-да, Солиҳага қараб:
– Ҳуй Салайхон! Мен чой дамлаб, дастархон солиб, бувимларни14 ўтқузғунча ғизиллаб ҳавлига ўтиб қатиқнинг бетини олиб чиқмайсизми? – деди.
Солиҳа ҳавлига ўткани эринди ва шу эринганини билдирмаслик учун:
– Билмасдан гапирманг, кеча сут қайнатиб қатиқ уйутканимиз йўқ! – деди. Фотима хохолаб бир кулгандан кейин:
– Вой, ўла қолай, кеча бувим қатиқ уйутамиз деганда Турғунбушларникидан оқлиқ тилаб чиққан ўзингиз эмасмидингиз? – деди.
Солиҳа шошди, юзлари қип-қизил анор бўлди. Бирпас нима дейишини билмасдан тутулуб турғандан кейин суст овоз билан айт­ди:
– Турғунбушларникидан оқлиқ тилаб чиққаним эсимда борув, илгари куниги иш деб ўйлабман.
– Йўқ, кеча намозгарга яқин эмасмиди?
– Майли, ундай бўлса, чиқай.
– Ундақа баҳона қилмай чиқиб кела қолинг айланай, келин…
– Ўла қолинг, ўзингиз келин! Мен ҳали ёшман. Эрта-индин «ёр-ёр» қилиб сизни узатамиз, тўйингизда бир ўюнға тушай, бир тушай… Ҳамма ҳайрон қолсун!
– Мендан кейин сизга ҳам навбат келиб турубдир-да, отинбу.
– Менга навбат келмайди, мен бувимнинг бошини боқиб қоламан.
– Ҳа, бувингизнинг бошини боқарсиз, а?! Қайнанангизнинг бошини боқарсиз…
– Ўзингиз боқарсиз, ўзингиз боқарсиз, ўзингиз боқарсиз, ўзингиз боқарсиз…
– Ҳа, алам қилдими? Чидамай кетдингизми, ойим? Чидаганга чиқарған муни… Ҳай, боринг, тезроқ қатиқнинг бетини олиб чиқинг, қумғон қайнаб қолди!
Солиҳа чинакам хафа бўлуб қолған эди: хўрлиғи келиб, йиғлағундай бўлуб туруб, бурни билан гапириб сўради:
– Қатиғингиз қаерда?
– Қаерда бўлар эди, ҳавлида.
– Биламан ҳавлидалигини, ҳавлида қаерда дейман?
– Ҳавлида қаерда бўлар эди, ўша ҳовузнинг бўйидағи сепояда*.
Солиҳа бошиға тўнини ташлаб судрала-судрала чиқиб кетди. Фотима варақлаб қайнаб, тошиб турған қумғонни ўчоқнинг бир чеккасига олиб қўюб чойнакларга чой сола бошлади.
Фотима уч чойнакка чой дамлаб ўчоқнинг олдиға қатор чизди-да, ўзи нонуштага жой тайёрламоқ учун сўрини супурушга киришди. Узулуб бир тутамғина қолған эски, калта, яланиб кетган ойим супурги ҳар бир ишқанишда яна бўлак-бўлак новда ташлар эди… Фотима ҳар ишқанишда бир қарғаб, ҳар тўкулганда бир сўкуб юруб охирда катта, олти-етти киши қатор ётатурған сўрини супуриб бўлди. Супургини жаҳл билан сўрининг тагига ирғитқандан кейин юқориға, ўнг-сўлга биттадан учта тўшак солди. Ўртага малла дастархонни ёйиб қўйғандан кейин эрина-эрина босиб нон-чой ташимоққа бошлади.
Нон севатдан қотқан-қутқан, бурда-бурда ушатилған нонларни олиб туруб ўз-ўзига сўзланди:
– Нон ҳам узулубдир. Ҳали хамир қилиб, нон ёпиш керак экан. Вой, ўлсун, бу кун кундузи анави Зийнатнисаларникига чиқиб шаҳардан келган эшоннинг қизларини кўруб чиқайин деб эдим. Эшоннинг ўртанчи қизи шунақа дутор чалиб ашулла қилар эмишки, анави Ўамза сатанг мақтай бериб ўлди. Эсизгина, эртага… кетишиб қолармикин?
– Ҳали уч-тўрт кун шу ерда турушар эмиш, шошилмасак ҳам бўладир, – деб йўтала-йўтала узумхонанинг ёнидағи уйдан қизларнинг оналари Саодатбу чиқиб келди.
Қиз ҳалиги гапирган гапларини онаси эшитиб қолғани учун хийли уялиб олди. «Бувим гапни яна ўша тўғрида бошламасун», – деган хаёл билан шошилиб апил-тапил гап бошлади:
– Буви, мунча кеч чиқдингиз? Мен нонуштани қачонлари тайёрлаб қўюб эдим. Уч чойнак чой аллақачондан бери ўчоқда дам еб турубдир.
Кампир, қизнинг бахтидан бўлуб, ҳалиги тўғрида гап қўзғатмасдан, нонушта тўғрисида суруштуруб кетди:
– Уч чайнак чойнинг нима кераги бор эди?
– Ҳай, нонушта қилиб ўлтуруб ичмаймизми?
– Нонуштада уч чойнак чойни ким ичади? Бекор исроф бўлуб қолиб кетадир.
– Бирор чойнак ортиб қолса, совутуб қўярмиз. Акам баъзи вақт­да яхна чой деб нах оламни бузуб юборади.
– Нонуштани қаерға тайёрладинг?
– Сўрига.
– Айвонға тайёрласанг бўлмасмиди? Сўрига эндиёқ офтоб тушуб қолади.
– Ҳаҳ, ҳали офтоб тушишига… 20 соҳат бор*. Чиқиб ўлтурунг, мен ҳозир чойни олиб бораман.
Саодатбу индамасдан сўрига чиқиб ўлтурди. Дастархонға аллақанча бурда, ушоқ нонлар билан иккита пиёла қўюлған эди. Фотима бир чойнак чойни олиб келиб онасининг олдиға қўйғач деди:
– Қумғонни яна қайтиб ўтга қўюб келай, ҳали акам келиб қолса, нонуштасига чой керак бўладир. Чойни сиз ўзингиз қуюб ичаберинг.
Югуриб ўчоқнинг олдиға борди. Катта, эски, қорайиб кеткан мис кўзадан қумғонға сув тўлдирғач лабини тишлаб туруб катта қумғонни ўчоқнинг ўртасиға қўйди. Ўчоққа катта бир тут томирини тиқиштирғандан кейин алангаси тугаган ўтни пувдаб ёндирди-да, секингина сўрига келиб ўлтурди.
Чойи бор пиёлани айлантириб совутиб турған Саодатбу чойнакни чойи билан қизиға узатди-да:
– Салайинг қани? – деб сўради.
Кампирнинг бу сўроғи Фотимага жуда бўлуб берди: шу сўроққа жавоб бериш баҳонаси билан кўнглидаги аччиғ-чучугини бир йўли бўшатиб олмоқчи эди. Шу учун бирга ўн қўшуб гапира бошлади:
– Салайингиз тўғрисида, буви, нима дейишимни билмайман. Ётишда ҳаммамиздан бурун ётадир, турушда яна ҳаммамиздан кеч турадир. Тунов кун, анави отинбуларимиз келишганда, савачўб билан саваб ҳам уйғота олмадим. Бу қандай гап ахир? Мундай бўлатурған бўлса, бу қиз ҳаммамизни шарманда қиладир! Ахир бировға – бир Худо бандасига берасиз-да шуни! Узиқарароқ қайнананинг қўлиға тушуб қолса нима бўладир бу? Анави Азиз шаллақиға ўхшаған бир қайнаға йўлуқса борми. Нах қадримизни бир чақа қиладир бу қизингиз!..
Саодат кампир мунга жуда ҳам яхши жавоб берди:
– Қандай қилайин, қизим, ҳамманг бир қаро гўрсан! У ёмон бўлған билан, сен яхшимидинг? Сени уйғотмоқ учун ўзим ҳам кўб савачўпларни синдирғанман… У ҳали ёш, сендай бўлғунча ўзини тузатиб олар. Сен бўлсанг эрта-индин кетасан. Ҳали сенинг аҳволингга қараб туруб она сутим оғзимға келадир!..
Фотима ўйламасдан калтак кўтариб қўюб ўша калтакнинг тагида ўзи қолса ҳам, яна бор кучини ишлатиб ўзини оққа чиқармоқчи бўлди. Шу учун онаси гапдан тўқтар-тўқтамас гап бошлади:
– Ўша қизингиздан ёмон бўлсам бўлган эканман, буви. Менинг қилғанларим сизга кўрунмас экан-да. У кенжа қизингиз бўлғани учун сизга яхши кўрунуб кетар экан-да… Бўлмасам, рўзгорнинг ишини ким қилиб ётадир? Салайингиз нима иш қилди? Чой дамладими? Нонуштани тайёрладими? Қатиқнинг бетини олиб чиққани кетганига аллақанча бўлди, ҳали ҳам дараги йўқ. Ўйнаб қўшнидан-қўшниға чопиб юргандир…
Саодатбу индамади, қиз ҳам жим бўлди. Жимгина чой ичишга киришдилар.
Ичкари уй тарафдан тақур-туқур товуш келди, иккаласи ҳам қарадилар. Чиқиб келаётқан келинлари Паризод эди.
Саодатбу дарров оғиз очди:
– Вой, келин, сизни нонуштага чақириш ҳам эсимиздан чиқибдир. Манави Потиш ўлгур ҳам чақирмаған экан-да. Буларнинг эслари қурсун, буларнинг!
Фотима онасининг гапини оғзидан узуб олиб ўзини оқлаш учун яна бир важ айтди:
– Бир қарасам, жойини йиғиб турған экан, у вақтда қумғонни эндигина қўюб эдим, шунинг учун чақирмадим. Анави Салайингиз чиқса, нонуштани тайёр қилиб қўюб, инайкин чақирмоқчи эдим.
Оқ кўнгиллик, эслик Паризодхон бу керак эмас жанжалларга калтагина жавоб берди:
– Нонуштага ҳам чақиртириб ўлтуруб, нима, мен меҳмонмидим? Нонуштани ўзим чиқиб тайёрламағанимға хижолат бўлуб ўлуб кетаётибман-у…
Шу гапни айткандан кейин бетларини ярим ёпиб турған иккита кокилчасини секингина ён сочлари орасиға қистириб туруб «Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит!» деган мақолни ўйлади. Сўнгра кўксини жуда кенгайтириб ҳаво тўлдириб оғир-оғир бир дам олди-да, Саодат кампирнинг сўлған ва бурушқан юзларига тикилди. Кампирнинг бетига бир кичкина чўп ёпишиб турған экан, қўл узатуб олиб ташлади.
– Вой, нима бало экан? – деди Саодатбу.
– Бир хашак, ёпишиб турған экан, – деди келин.
Фотима келинга чой узатди. Келин унинг хийлийдан бери таралмаған сочлариға қараб туруб чойни олди-да, астойдил ва чинакам кулуб туруб:
– Патмахон, бугун сочингизни ювинг, чиройлиқ қилиб ўруб қўяман! – деди.
Фотима ҳам кулди. Яна жим бўлуб чой ичишга киришдилар.
Минғиллаған товуш келди. Қарадилар: бир косада қатиқ бети кўтарган Солиҳа эди. Онаси дарров ғадаблашга оғиз очди:
– Жувон ўлгур қизим, илоҳи, яшшамағур қизим! Битта қатиқнинг бетини олиб чиқиш учун шунча ҳаялми? Сени ҳеч одам қилолмадим-да!
Солиҳа қатиқни секингина онасининг олдиға қўйди, ўзи сўрига ўлтурмай туруб узр айтишга бошлади:
– Анови… буғдой экилган ернинг бериги чекасидаги бир туп қора гилос пишиб тугаёзибдир, шу чоққача битта ҳам еганим йўқ эди. Сизлар ҳам еганингиз йўқ, ўзимизнинг оғзимиз тегмасдан туриб тугашга яқинлашибдир. Ҳаммасини бировлар еб кетишибдир. Қатиқнинг бетига деб чиқсам, бир-иккита бола деворға чиқиб олиб ҳадеб мўтаб ётқан экан, бориб урушдим. Менга қараб кесак отиб-отиб ўзлари қочишиб кетди… Инайкин қарасам, гилос оз қолибдир, оғзим тегиб қолсун деб жиндак териб эдим…
Солиҳанинг бу «баҳона»сига келинбуси билан опаси кулдилар. Онаси қовоғини солиб туруб:
– Фолбин лўлига ўхшаб жаврамай ўла қол, илоҳим, қилган гуноҳингдан ҳам мана бу баҳоналаринг ёмон… Ҳавлида бошқа мева қуруб кеткан эканми? Кундузи бекорчиликда чиқсанг нима бўлар эди? Видирамай ўл… Ўтур, нонуштангни қил! – деди.
Солиҳа чиқиб ўлтурди. Яна индамасдан чой ича бошлаған эдилар. Шу чоқда келинчак ҳиққиллаб кулуб юборди. Унинг кулушига қараб бошқалар ҳам кула бошладилар. Сабаби билинмаса ҳам, шундай қилиб ҳаммалари бир қур кулишиб олдилар. Бурушқан юзларини яна кўпрак буруштуруб кулган кампир ўзини тўқтатқандан кейин сўради:
– Келин, айналай, нимага кулдингиз?
– Ҳеч… шундай… ўзимча кулдим…
– Вой, киши бекордан-бекорга ҳам кулаберар эмишми?
Сўзга қақажон Солиҳа аралашди:
– Келинбум менинг гапларимга кулаётқандир…
Келинчак яна кулди. Бу Солиҳага тоза бўлуб берди.
– Ана, рост, рост, менинг гапларимга кулаётқан экан! – деди Солиҳа.
Шундан кейин келинчак кулишини бир оз пасайтирди-да, яна очиқ юз ва кулган кўзлари билан Солиҳага қараб туруб:
– Йўқ, Солиҳахон, мен сизнинг гапингизга кулганим йўқ. Бояғи опа-сингил иковларинг гапирган гапларга кулдим, – деди.
Шундан кейин кампир сўради:
– Булар нималарни гапиришти, келин?
– Қизларингиз икаласи ҳам эрга тегиш тўғрисида гапиришиб тўйнинг режасини чизишдилар. Йўқ, унга ҳам кулмайман, ҳалиги – қумғонни ёқалаштириб, мушлаштириб ўйнағонла­ри­ға куламан.
Келинчак бу сўзларни зўрға-зўрға айтиб яна кулишга бош­лади. Уни кўруб қолғанлар ҳам кула бошладилар: яна кулиш, қизариш бошланди.
Пастки кирпикларига ёпишқан уч-тўрт томчи кулги ёшларини локисининг учи билан артиб туриб кампир сўради:
– Қумғонни ёқалаштирғани нимаси? Қани, айтиб бер-чи, Потиш!
Потиш онасининг бу таклифидан уялиб:
– Йўқ… Салайингиз айтиб берсун! – деди.
Салай ҳам ўз қаторида:
– Йўқ… Потишингиз айтиб берсун! – деди.
Бирмунча қийин-қистовдан кейин икаласи ҳам ҳали-боя қилған қилиқларини яна қилиб бермакчи бўлдилар. Фотима кула-кула ўчоқнинг олдиға келди, Солиҳа сўрида қолиб бояғидай сўз бошладилар:
– Потишхон, қумғонингиз қайнадими?
– Салайбуш, яқинлашиб қолди.
– Ҳали энди ёқалашиб келаётибдир денг.
– Эндиёқ мушлашиб кетадир шу деганингизга!
Яна кулиш бошланди…

1924