Стеван Раичкович (Стеван Раичковић) – шоир, эссенавис, носир ва болаларга мўлжалланган китоблар муаллифи. Серб фан ва санъат академияси ҳақиқий аъзоси. Йигирмадан ортиқ шеърий китоблари, жумладан, “Харсанглар бешиги” (1963), “Дарёга бораётган кема” (1967), “Тасодифий мемуарлар” (1978), “Теграмдаги олам” (1988) ва “Кундаликдан шеърлар” кабилари машҳур. Қатор эсселар тўпламлари ҳам бор. У Шекспир, Петрарка ижодидан таржималар қилган. “Етти рус шоири” (А.Ахматова, М.Цветаева, Б.Пастернак, И.Бродский ва бошқалар) шеъриятидан қилган таржималар тўплами ҳам севиб ўқилади.
БАЛКОН
Қош қорайиб борар.
Балконда бир кимса
кўкимтир тутунлар орасидан боқади.
Паришонхотир фарқлашга уринар
нигоҳ майдонига тушган хасларни,
ана шулар дафъатан қоқиб келишар
мудроқ босаёзган шуур эшигин,
ичкарига киролмай.
Ва ногоҳ идрокидан айрилиб
молхона томларининг қора доғларида
тўртбурчак нур элас балқийди,
лимонранг ҳаёт антиқа томганча
ойналарнинг сўл-ўнгларида.
У ўзининг мия қутисига жойлаганича
пакана дарахтнинг кесилган шарпасин,
мўрилардан ўрлаган тутунда, ҳув, ўша,
ситоралар милт-милт қилган жуда ҳам баландда,
ҳаволарда эриб кетади.
Балконда ул кимса ҳисларга чулғанар,
ҳатто ёмби мисол аниқ-тиниқ кўради,
қандайдир шитирлашин
мўнди, қора девор
ҳужраларининг, тунлар қулфлоқ бўлар ҳамиша.
У Нигоҳи-ла кузатади уфқда
кечаларни кесиб учар қушларни
мўлдан-мўл ҳисобсиз ва ҳисобдан нари
тутиб бўлмас, кўнглида кечирганлари
мавжланиб тошиб чиқади
унинг хотираси ўнгирларидан –
боши
ҳаммасини саранжомлаб ололмас,
ёлғизлик,
шунақа даҳшатли ва кўлвор,
чидамоқ душвор.
Термуларкан балкондан хумор,
унутилган туйғулар занжирма-занжир
кўкимтир тутунлар остида бир дунё таважжуҳ этади.
Буларнинг бари бир замон шаффоф бир саройга сиғмасдай эди,
энди – яхлит, бир бутун
гўёки кўринмас кўприклар солиниб
пайдар-пай от қўйган туғёнлар –
ва яна исмсиз нелардир жамулжам, биродар.
Муҳими кўтарилган қўллар –
жипсдир, бошқача бўлмаган, бўлмас ҳам –
ул киши бу жумбоқни ечмоқчи бўлиб жавобда
бўлинар минг битта бўлакка, ҳолбуки, вақт тилсим шаҳрини
тикламаган кеча ё бугун.
У бирдан хотирлар
қарорлар ва ижролар оралиғидаги жимитдай
масофаларни,
ва яна ундан-да азалий нималарнидир,
фавқулодда ва ноқулай Икар ҳақида,
фитратнинг басират кўзида намоён,
сувдаги харсангдан айланиб кўз очган гирдобдай,
суянч кесакисига тирмашиб ёпишар,
металнинг совуғи жонидан ўтаркан,
беихтиёр ўзини орқага олади,
деворга суяниб, қароқларин юмганча,
нимадир демоқни истайди, нимадир –
шу чоққача туғма шоирларнинг биронтаси айтмаган.
ОЛИС МОЗИЙДАГИ НОТАНИШОЙИМ
Энди боқарканман бу жойга: ҳовли шуълаларга чулғанган,
баланд қилиб урилган девор, фақат ошиб ўтар эртачи қушлар
эрку осмонларга чорлаган мудом. Ҳовлида ёшлигимни ўртаган
сен сари орзулар қадрдон… Менга ёд ҳамиша ўнг келар тушлар.
Ўйлардим берилиб: сўлим ёз, юз берса қанийди мўъжиза.
Сен билан бўлсаму бу ерни кўрмаса бирорта мижғов зот,
босган ул алафлар ичида яшриниб йўлингни пойлардим, бўш кўза
менгинани, нураган деворлар ғиштидай эларди ўр ҳаёт.
Эркалар шамс сени, уч одим нарида кетганмиз айрилиб,
ҳис қилиб, телбавор қонгинам қайнайди, жонгинам.
томчилаб-томчилаб, сингидим заминга, боқдингми қайрилиб,
гуркиради теграмда жимжитлик, нур қўрғон десам ҳам бўлар кам.
Мен эса ҳадикда, қулардай жаннатий ул маъво –
етилган мевалар нест-нобуд, чилпарчин ромлари…
Худойим!
Қолсайди ҳаммаси аслидай, қалбга мос тинч садо,
Шеърларим чулғаса кўнглингиз, хафия бегойим.
АЛЛАҚАНДАЙ КЎЧАДА
Кимса билмас кўчанинг бир кимсаси –
Худо берган субҳи содиқ ҳамиша
ҳовлиққанча тортиб туриб ўзига,
эшик очар, тўкилади сувоғи,
чекинаркан ортга олиб келбатин,
ногоҳ қалқар манглайида ёзиғи,
аслида ҳам булар бари бегона, шу эшик ҳам тасодиф,
шу боисми кунлар ўтиб бир куни,
тополмасдан кулбасин, тун остида қолиб кетар ғарибон.
Рус тилидан Вафо Файзуллоҳ таржимаси