Йўл аслида уники эди, бинобарин, у айбдор эмас. Монпелье яқинида чап томондан тиркамали юк мошинаси чиқиб қолди. Туш маҳали эди, қуёш чарақлаб турарди, йўлда мошина сийрак…
Марлис – сочи калта қирқилган оққува жувон, қаншарида пўрим бинафшаранг кўзойнак, шимидаги сербар камар жез тўғали. Ўттиз беш ёшларда, ўзи Базелдан, ўта зукко, ҳозиржавоб. Танишганларига бир йил бўлай деб қолган.
“Мен ҳайдасам-чи?” деган гап ҳалокат содир бўлишидан олдин аёлнинг оғзидан чиққан сўнгги илтижо эмас эди (аммо нимагадир кейин унга доим шундай туюлаверади); мошинада юрган кезларида шўрлик нуқул “мен ҳайдай, мен ҳайдай” деб Викторни ҳол-жонига қўймасди.
Авиньонда, Марлис ҳали уйқудалик чоғида, Виктор ваннага қамалиб олиб, бош қотира-қотира узил-кесил қарорга келган: бас, етар! Нонушта пайти (ади-бади айтишиб ўтирмай), “Бўлди, шу ердан орқага қайтамиз, вассалом”, дейди. Шундай бўлгани маъқул чамаси.
Улар Виктор ишлайдиган касалхонада танишган. У – врач, омон қолгани учун аёл ундан бир умр миннатдор; шу халоскорини деб эри билан ҳам ажрашган.
Бемор бошида ўтказилган беҳаловат тунлар, меъморлик обидаларининг қайси услубга дахлдор экани борасидаги баҳслар (готиками ёки роман); ўтган ҳар кун бамисоли бир имтиҳон: модомики Авиньонда экансан, папалар тарихини билмоғинг шартдек. Билган-билмаган нарсаларини аёл шу қадар ўжарлик билан сўраб-суриштирардики, нодонлигини ўйлаб Викторнинг ҳатто ўзидан кўнгли қолиб кетарди. Ахир, бу аёлни ростдан ҳам XIV асрда Рим папаси Авиньонга нега ҳижрат қилгани қизиқтирса, буни ҳар қандай маълумотномадан билиб олса бўлади-ку. Лекин гап папалар тарихида эмас экан. Кейинчалик ҳамтўшак бўлганларида аёл унга ўшанда бой берган ишончини қайтаргандек бўлди.
У бўйдоқ, уйланмаган.
Бу галги саёҳатдан аёл беҳад мамнун. Муттасил ёмғир ёғиб турган Генуя¬дан бу ёғига нуқул шу гапни такрорлайди. Бора-бора кун очилиб кетди. “Йўлга андармон бўлиб теварак-атрофдаги ажойиботлардан бебаҳра кетяпсан-а”, деб қўяди аёл гоҳида. Айниқса, у Прованс деган манзилга мафтун бўлди; мошинада кетатуриб баъзан хиргойи ҳам қилиб қўяди.
У– тепакал, буни ўзи билади.
Унинг назарида ҳам Экс-ан-Прованс хийла кўркам жой, ҳатто жуда хушманзара дейиш мумкин. Аммо бу гапга аёлнинг энсаси қотади, чунки икки кўзи йўлда бўлиб у ҳеч қаёққа қарамаётган, ҳеч нарсани кўрмаётган эмиш.
Шаҳарчанинг номи Кавийон эмас, Кавайон экан, у сарсабил экиладиган катта-катта майдонлари билан донг таратган. Дарвоқе, кеча аёл унга шу ҳақда гапирган. Гапи рост чиқади: сал ўтмай йўл четида “Кавайон” деган лавҳа кўзга ташланади. У чурқ этмайди ва қизил чироқни “босиб” ўтади.
Меҳмонхонадаги ётоқ тўшаги кенг-мўлгина экан. Аёл дарҳол шунга чўзилиб олиб “Фигаро литерер” газетасини ўқимоққа тутинади, унинг эса бунақа нарсаларга “тиши ўтмайди”. Аёл – роман филологияси бўйича мутахассис, фан доктори.
Кечки таомни улар Ниццада дўстлари даврасида қилишади, зиёфат кўнгилли ўтади (bouillabaise1 ), аммо аёл кейин унга ўтириш чоғи нуқул овқат ҳақида гапирдинг, дея дашном беради. Яқин одамингизга шундай танбеҳ беришингиз мумкин, албатта. Виктор бўлса шундан сўнг овқат тўғрисида оғиз очмасликка қарор қилади ва ҳатто тушлик маҳали Марлис таомдан сўз бошлаганида (бу ҳол айниқса, Францияда таомилга айланган) у атай гапга қўшилмай миқ этмасдан ўтираверади.
Бу уларнинг илк саёҳати эмас. Аёл соғайиб кетганидан кейин улар дастлаб Эльзасга боришган. Илгарилари у анча хушчақчақ эди, врачлигимга учиб мен билан юрибсан, дея ҳазиллашиб Марлиснинг жиғига тегиб ҳам қўярди.
У ҳали бирор марта ўсалроқ йўл ҳалокатига учрамаган, шунга қарамай, агар Марлис эҳтиёт камарини тақиб олса, айни кўнглидаги иш бўларди. Аксига олиб у ҳеч қачон камарни тақмайди – Виктор баттар тез ҳайдайди деб қўрқади. У эса энди секинроқ юраман, мана кўрасан, дея ишонтирмоқчи бўлади. Секин юради ҳам. Канндан бу ёғига. Аммо Марлис индамай кетаётган бўлса-да, спидометрга кўз ташлаб-ташлаб қўяётганини сезадию унга гап қўшгиси ҳам келмай қолади. Виктор ўзининг диққинафас одам эканини ўйлаб “уф” тортади.
Авиньонда ваннадан чиқибоқ, у аёлга “Пастда кутаман” дедию жадал эшик томон йўналди. Нима бўлди экан? Марлис ҳайрон. Толиқиб қолдимикан ё?
Марлис ақлли одамларга, айниқса, эркакларга тан беради, негаки уларни аёллардан кўра заковатлироқ деб билади. Биров ҳақида гапирганда ҳам “Ҳа-а, у каллали одам” ёки “Уни ақлли деб бўлмайди” деб қўяди кўпинча. Аммо бирор кимсага уни нодон санашини асло сездирмайди. Баъзи давраларда у Викторга нисбатан теранроқ мулоҳаза юритиб қолса, ўзи хижолат чекади ва буни ҳам муҳаббатдан деб билади.
Виктор уйланишдан гап очай демайди ҳеч.
“Мана, энди тезликни бир юз қирққа чиқариб юбординг!” Марлис гўё шу гапни айтиши тайин эди. “Илтимос, менга бақирма!”дейди-я у яна. Аввало, Виктор бақиргани йўқ, ундан айнан шундай гапни кутганини айтди, холос. Ахир, Марлис йўл бўйи спидометрдан кўз узмай ўтирибди-ку? Ана кўриниб турибди – роппа-роса 140 тезликда кетяпти. Марлис ҳам шуни айтяпти-да. Кеча у 160га қўйиб ҳам ҳайдаган (Канн ва Сен-Рафаэл оралиғидаги йўлда), ҳатто бир гал спидометр 180ни ҳам кўрсатган ва ўшанда Марлиснинг бошидан дуррачаси учиб кетган. Шундан кейин улар келишиб олган: энг катта тезлик – 140, ундан оширмаймиз. Энди бўлса, Марлис “Тез ҳайдаяпсан”, деб яна тихирлик қиляпти. Ҳолбуки, хашаки бир “фольксваген” ҳам уларни чангида қолдириб кетди. “Тўғрисини айтсам, нимагадир мени қўрқув босяпти”, дейди Марлис. Виктор гапни ҳазилга бурмоқчи бўлади: “Кеча 140да юрган эдик, бугун – 120, шу тарзда кетаверсак, Бильбаога боргунча тезликни 30га туширамиз. Ке, қўй шу машмашани!” Шундай дейди-ю, ҳазили ўзига аҳмоқона туюлиб кетади, лекин Марлис буни сезмасин-да, деган ўй ўтади хаёлидан. Аёл энди хиргойи қилмай қўяди, Виктор ҳам қува-қувни бас қилади, иккаласи-да мум тишлагандек кетаверади.
Аёлнинг эри (олдингиси) – химик.
Марселда кутавериб Викторнинг тоқати тоқ бўлганидан аёл оёқ кийим сотиб ололмади; лекин жаҳл ҳам қилмади, туфлиси оёғини сиқаётганини айтди, холос. Арлда эса, Виктор ҳар қанча кутганига қарамай, Марлиснинг оёғига лойиқ пойабзал топилмади.
Тўғриси, у жон-жон деб ёлғиз нонушта қилган бўларди. Сабаби бўлса ўзига ҳам қоронғи. Ваҳоланки, Марлисдан бошқа бирор аёл билан нонушта қилишга хуши йўқ. Буни Марлис ҳам яхши билади.
Марлис шу қадар зийракки!
Ҳамма гап Марлисда, ҳа, Виктор адашаётгани йўқ.
Эрталаб уйғонганидаёқ бугун бир фалокат рўй беришини кўнгли сезгандек эди-я; Авиньонда чинор тагида ўтирганларида ҳам шундай бир хавотир безовта қилиб турган…
Аёл бирор нарса харид қилганда худди ёш боладек қувончи ичига сиғмай кетади; оладиган нарсаси бўлмаса-да, гапдан тўхтаб, дўконларнинг ойнаванд пештахталари олдида туриб қолиш одати бор. Албатта, унинг ўрнида бошқа аёл бўлганда ҳам шундай қиларди.
Виктор – темирйўл хизматчисининг ўғли, Кур деган шаҳарчада туғилган, институтни аъло баҳолар билан тамомлаган, тез орада бош врач лавозимига тайинланса ажаб эмас.
Лўлилар тўдалашиб юрадиган машҳур жой Saintees Maries sur Mer эмас, Saintees Maries de la Mer деб аталади. Марлис Викторга бу ҳақда лом-мим демайди. Яна унинг хатосини тўғрилаш бўлмасин деб, ҳатто жой номини тилга олмайди. Викторнинг ўзи буни фаҳмлаб олар, деб ўйлайди.
Аёл уни Вик деб атайди.
У Виктордан бирор жиҳати билан устун кўринишни истамайди – эркакларга ёқмайди бу, айниқса, Виктор бунга тоқат қилолмаслиги аниқ; жарроҳ-да, одамлар унга ҳаётини ишонишига кўникиб қолган, бир вақтлар Марлиснинг ўзи ҳам ишонмаганмиди?
“Шунга ишончинг комилми?” деб сўраш Марлисга одат бўлиб қолган. Бирор масалада фикрингни айтгудек бўлсанг, дарров “Ишончинг комилми?” деб қолади.
Авиньонда чинор тагида ўтириб Марлисни кутар экан, Виктор ўзини ҳув авваллари – ҳазил-мутойибага мойил чоғларидагидек хушвақт ҳис этади. Қуёш чарақлаб турибди, шамол эсаётир, тўзонга айланиши ҳам мумкин. Балки бугун ҳаво анча яхши бўлар. Марлисга уйга қайтиш тўғрисида сўз очмайди. Рости, бу энди ақлга сиғадиган иш эмас. У чинор остидаги тўгарак стол ёнида ўтириб Guide Michelin2 ни варақлайди, Монпельега қайси йўлдан борган маъқул – шуни билмоқчи.
У 42 ёшда.
Бир вақтлар, талабалик даврида Виктор Провансда бўлган, бир ҳафта чамаси. Арлга яқинлашиб қолганларида Марлис Guide Michelinдан у ердаги машҳур аренанинг диаметри, ўриндиқлари сони, иншоотнинг баландлиги, қурилган вақти ва шунга ўхшаш маълумотларни овоз чиқариб ўқий бошлаганида у, мен ўша аренангни кўрганман, дейди. Марлиснинг қўлидаги китобча (йўл маълумотномаси) француз тилида, Виктор французчага тушунса-да, бу тилда гапирилса ўзини доим имтиҳондан ўтаётгандек ҳис қилади, аммо бунга Марлис айбдор эмас, албатта. Китобча билан бўлиб аёл спидометрга деярли қарамайди. Талабалигида Виктор бу ерга гамбург¬лик бир қиз билан келган; ўша саёҳатдан ҳозир девор бошига чиқиб ўтирганларию арена манзарасигина ёдида қолган. У ўзича аренани тасвирлай кетади… Арлда фараҳбахш оқшом, Виктор ҳар доимгидан кўра жўшиб-тўлқинланиб гапиради. Бу ҳол Марлисга хуш келади. Улар шароб ҳўплаб ўтиришади (Виктор ишдалик вақтида ичкиликни оғзига ҳам олмайди). Эртаси куни улар тонгдан Арл аренасини томоша қилишади – кеча Виктор Ним аренасини гапирган экан, Марлис фарқига бормади-ю, аммо унинг ўзи сезди.
Марлис қадди-қомати расо аёл. Тишлари йирик, дўрдоқ лаблари доим ним очиқ бўлганидан, кулмаса-да тишлари кўриниб туради. Латофатини эътироф этиб, парвона бўладиганларга у чандон парво қилмайди; аммо уни фаросатли аёл деб билган эркакларга ёқмоқ учун бор жозибасини ишга солади.
Шаҳарни тарк этганларидан бир соатлар ўтгач, Виктор Арл аренасини Ним аренаси билан чалкаштирганини очиқ тан олади.
Виктор уни кутяпти, буни Марлис билади. Аммо ҳали вақт бемалол деб ҳисоблайди. Нега у доим учрашувга барвақт келиб оларкан-а? Мана, энди кутиб ўтиради. Марлис тез кийиниб, тез пардоз қилишга ўрганмаган. Ҳамиша аҳвол шу. Чинор остидаги тўгарак столга жойлашаркан, Виктор ҳам нега бундай югуриб келиб оламан, айб ўзимда, деб ўйлайди. Марлис айтмоқчи, Авиньонни томоша қилиб, ҳузурланиб ўтирса бўлади-ку, ахир. У теварак-атрофни кузата бошлайди. Чинор барглари орасидан қуёш нурлари ёғилмоқда. Марлис, Виктор кутаётганини билатуриб, яна дўконнинг ойнаванд пештахталари ёнидан жилолмай қолади. Виктор ҳам ҳечқиси йўқ, озроқ чидарман, деб қўяди. Марлис келасолиб Авиньондан ҳам ўзимга лойиқ пойабзал тополмайман шекилли, боз устига, эгним ҳам юпунроқ, дейди норози оҳангда. Испания иссиқроқмикан-а? Виктор ўзича шундай бўлса кераг-ов дея тусмоллайди-ю, лекин индамай қўя қолади – янглишиши ҳам мумкин-да, балки ростдан ҳам ҳали Испанияга боришга тўғри келар. У дабдурустдан “Бриошь ейсанми?” деб сўрайди-да, негадир бошқа таом буюради. Буни ўзи ҳам сезади, аммо хатосини тўғрилаб ўтирмайди, чунки Марлиснинг хаёли бошқа ёқда, унинг гапини эшитгани ҳам йўқ. Виктор энди ҳар қандай икир-чикирга эътибор берадиган бўлган. Ўзига шундай туюлади. Шунга қарамай, дейлик, Марлис чекмоқчи бўлгани ва унинг олов тутишини кутаётганини барибир пайқамай қолади. Кейин “Кечирасан!” дея дарров олов тутади. “Кечирасан”. Такрорлаш энди ортиқча.
Базелда Марлис эрининг уйида яшамайди, Викникида ҳам турмайди, негаки бу қўйди-чиқди асносида можарога сабаб бўлиши турган гап.
Чақмоқтошни чиқиллатиб ёқаркан, у Марлисга норозилик билан эмас, бефарқ, худди бир буюмга қарагандек тикилади. “Бўйнимдаги занжирчам ёқмадими сенга?” деб сўрайди аёл ундан. У гўё эшитмагандек “Гарсон!” деб чақиради. Кейин Марлиснинг яноғини силаб қўяди, аммо бундан муддаоси нима – англаш қийин. Беш қадамгина наридаги столни артаётган хизматкор бола негадир уларнинг ёнига келмайди. Вик юзини силаб қўйгани аёлни таажжубга қўяди. Виктор тетик, бамайлихотир кўринишга ҳаракат қилаётгани аниқ. “Ҳаво қандай ажойиб-а!” дейди у. Марлис эса “Ҳали ҳисоб-китоб қилмадингми?” деб сўрайди. Унинг гапида таъна оҳанги сезилмайди. Вик қўлидаги танга билан столни черта бошлаганида, Марлис “Гарсон!..” дея чақиради. Хизматкор югуриб келади. Виктор ҳисоб-китоб қилаётганида, Марлис ундан Монпельега бориш йўлини ижикилаб суриштиради. Нега унинг бу иши Викнинг ғашини келтириши керак? Ҳеч-да… У йўл харитасини қунт билан ўрганиб чиққанини Марлис қаёқдан билсин! Ниҳоят, гарсон нари кетгач, “Тушундингми?” дейди Марлис унга қараб.
У нимадан хавотирда ўзи?
Бир куни (бу саёҳатда эмас, олдингисида) Марлис ярим ҳазил оҳангида “Сен энди менга дўхтир эмассан, Вик, билиб қўй шуни” деган эди.
Гаражда мошина ювувчига у “мой” демоқ ўрнига “бензин” дейди; нима фарқи бор, ҳар гапига луқма солиб турадиган Марлис бу ерда бўлмагандан кейин. Мойми, бензинми, ишқилиб, ўзига керак нарсани олди – бўлди-да.
Базелдаликларида ҳаммаси бошқача эди.
Сафар чоғи бир мартагина, Каннда Марлис уни “овсар” деган эди, чунки жаврашларига қарамай Вик бир ёқлама қатновли йўлга чиқиб кетди-да. Нима, бу Викка оғир ботдими? Ана шундан кейин у доим Марлиснинг галдаги “таъриф”ини кутадиган бўлди.
Испанияга борамиз деб Марлис ўзида йўқ хурсанд эди.
Ахир, Марлис роман тиллари бўйича… филолог бўлганидан кейин баъзан Викторнинг французча талаффузини силлиқлаб қўйса, бунинг нимаси ёмон, аксинча, раҳмат айтмайдими унга?!
Авиньонда Марлис ул-бул харид қилиб юрганида Виктор мошинанинг тепасини очиб қўйиб, тамаки тутатганча уни кутиб ўтиради. Вақт бемалол. Таътилда юришибди. Чекатуриб у Марлисга меҳрибонроқ бўлишга қарор қилади. Жувон қайтиб келганида ўзини худди чинакам хуштордек тутади: мошинадан тушиб унга эшик очаркан, “Кўзойнагингни топдим. Ўриндиқ тагига тушиб қолган экан”, дейди. Марлис эса “Ана, кўрдингми!” дейди ўша кўзойнакни (шу саёҳатдаги иккинчиси) гўё Виктор йўқотгандек таънавор оҳангда. Марлис бошқа тирноқэговлагич сотиб олмоқчи эди, топилмади, лекин олган оёқ кийими Викторга маъқул бўлди. Унда нега Марлиснинг кайфияти чатоқ? Ҳозир, мана ҳозир Викторнинг сабри тугайдигандек туюлади унга доим. Худди ҳув Марселдагидек. Жомадонининг ярми пойабзал бўлатуриб, нима учун Марлис нуқул (Марселдан бошланган бу савдо) оёғини сиқадиганини кийиб юрибди экан? Яна Марсель орқали кетайлик, деганида Викторнинг гапида ҳеч бир киноя йўқ эди, аммо Марлис шунга ҳам оғринди. Хуллас, икковининг ҳам таъби тирриқ.
Ҳайҳот, касалхонадаги оқшомлар энди ортда қолган!
Манча деганлари, Марлис таъкидлаганидек, Мадриднинг шимолий қисмида жойлашмагани барчага маълум; шундай бўлса-да у нонуштага чиққунича Виктор харитани қайта кўздан кечирди. Унга айтиш учунгина эмас, шунчаки, ўзи яна бир бор ишонч ҳосил қилмоғи учун.
Виктор мошинани елдек учирмасликка қатъий сўз бергач, тепа қопқасини очиб кетишди. Ахир, рўлдаги одам билан унинг ёнида ўтирганнинг фарқи бор-да. Аслини олиб қараганда, ҳеч ким билан қувлашмай (Канн ва Сен-Рафаэл оралиғидаги каби), ҳатто шалоқ юк машинаси ортидан ҳам судралиб юриш кулгили-ку; кейинчалик ўшанда роса худбинлик қилганман, деб ўйлайди Виктор.
Виктор оти унинг ўзига ёқмайди, Марлиснинг Вик деб аташини, айниқса, қўшни столда ўтирганлар буни эшитиб қолишини эса асти хоҳламайди.
У Европа ягона пул бирлигига ўтиши керак ва ўтиб тўғри қилади деб ҳисоблайди; Марлис бунга шубҳа билан қараса-да, эътироз билдирмайди. Нега унинг бирдан жаҳли қўзиди? Марлисни гапига ишонтиролмагани учунгинами?
Марлис бутунлай соғайиб кетган.
Аёл индамай қолса, Виктор яна ўзини маломат қила бошлайди. Шу тобда Эльзасдаги сарсабилдан гап очишнинг нима кераги бор эди (яна овқат!), бундан кўра Монпельега бориш йўлини тузукроқ билиб олса бўлмасмиди? Аёл кўзойнагини тақади-да, “Лионга борадиган йўл-ку бу!” деб қўяди. Виктор миқ этмагач, “Мен сени Монпелье тараф юрмоқчисан деб ўйлабман”, дейди яна. Виктор ўзини хотиржам кўрсатмоқ учун чап қўлини мошина ойнасидан чиқариб олади. Рўпарада – “Toutesles directions”3 деган ёзув кўринади. Энди-энди бир-бирига кўнгил қўйган чоғлари илк бор Эльзасга саёҳат қилишганида Марлис унинг гапирган гапига ишонар эди-я. Йўлдан “Toutesles directions” деган яна бир лавҳа чиқади. Бироқ Виктор барибир хатосини тан олгиси келмайди.
У ҳазилни бопладим деб ўйлаганида Марлис кўпинча тишининг оқини кўрсатмайди, лекин баъзан у ҳечам кулгили деб билмайдиган гапларга қаққос уриб кулиб юборади.
Марлис тирноқэговлагич ўрнига сотиб олган дуррачасини бошига ўраб олади, “Хўш, ёқдими?” деганидагина Виктор буни пайқайди. У дабдурустдан “Сен ҳақсан!” деб қолади. Худдики “Бир вақтлар чўлу биёбон бўйлаб Бағдоддан Дамашққа қараб сенсиз мошинада йўлга чиққанман ва етиб ҳам олганман” деган гапига Марлис нимадир дея минғирлаб қўйгандек. Яна, томдан тараша тушган каби, “Қаердамиз эмиш! Катта холангникидамиз, билдинг!” дейди у. Марлис анграйиб қолади – бунақа муомала унинг табиатига зид-ку. Виктор хо-холаб юборади – бамисоли Авиньонинг қоқ ўртасидан иккига ажраладиган антиқа кўприги устида тургандек; ҳолбуки, ҳозир улар бир корхона ҳовлисида “Passage interdit”4 деган ёзув қаршисида эдилар. У мошинанинг орқага қайтиш чироғини ёқади, аёл “Асабийлашма”, деб қўяди шошиб. Шунга ўхшаш “хато”лардан кейин Виктор мошиналар шовқин-суронида ҳар қандай овсар ҳам адашмай топиши мумкин бўлган йўлга тушиб олади. Аммо Виктор ҳануз Марлиснинг янги дуррачаси ёққан-ёқмаганидан сўз очмайди.
Марлис оқила аёл, ҳеч бир далил-исботсиз ҳам аён бу.
Агар ҳозир Виктор оқ халат кийиб олганида борми, ҳаммаси бирдан бошқача бўлиб кетарди; фараз қилинг-а, у оқ халатда Провансдан ўтиб Испанияга йўл олмоқда…
Нега у оғзига сув солиб олгандек чурқ этмай кетяпти?
Нима, у автоҳалокат нималигини билмас эканми? Марлис бундан бехабар, албатта – анча эски гап-да бу. Охири бахайр бўлган. Ўзи ҳатто унутиб юбораёзган. Шуларни хаёлидан ўтказаркан, у Марлисга кўз қирини ташлайди – ҳозиргина “трейлер”ни қувиб ўтди, Марлис эса миқ этмади ва гўё шу билан ўша ҳалокатни ёдига солгандек бўлди.
Plexus нима дегани – бир-бирига улашми? У – жарроҳ-ку, шуни ҳам билмаса, уят бўлар. Бу ҳам камдек, ҳозир Марлис “Ишончинг комилми?” деб сўрайди. Лекин негадир у сукутда. Виктор энг яқин йўл Эгю-Морт орқали ўтишини айтгандагина, у “Ишончинг комилми?” деб қўяди одатдагидек.
Марлис оёқяланг ўтирибди, туфлиси оёғини сиқяпти, аммо буни сездирмайди. Викторнинг унга раҳми келади, бирор нарса гапириб берсамикан?
Қизиқ, нега қўлини аёлнинг тиззасига қўйди?
Антибда нега Марлисга бақириб берди, сабабини ўзи ҳам эслолмайди. Кейин эса, ноҳақ бўлса-да, жаҳлдан кўкариб-бўзариб кечирим сўрагандек бўлди: “Бўпти, бўпти, узр энди!”
Марлисни мафтун этган бу текислик Прованс дейиладими ёки Камаргми, очиғи, нима фарқи бор? Нега Виктор Камарг деб туриб олди? Балки ҳақ бўлиб чиқар…
Эгю-Мортга етгунча чурқ этмай кетишди.
Марлис огоҳлантирганига қарамай, Виктор (у ўзини эшитмаганга солган эди) тўппа-тўғри чоғроқ бир тўхташ майдончасига чиқиб кетади. Мошина бешикаст ва ҳатто уларни одатдаги текис йўлдан кетяпти дейиш ҳам мумкин. Бемалол. Юз қадамлар бўм-бўш майдон бўйлаб, яна салқингина денг. Аммо Марлис бундай бўлишини туш кўрибдими? Шунинг учунми, у яна индамай қўя қолади.
Аёл шаҳарчани томоша қилиб юрганида, Виктор чинор остида ёл¬ғиз ўзи яхна шарбат ичиб ўтиради. Бирдан у ўзининг таътилда юрганини эслаб қолади. Чинор барглари орасидан таралаётган ёғду ва яна алламбалолар…
Виктор ҳеч қачон омон қолгани учун Марлис мендан қарздор деб ҳисоблаган эмас. Бу ҳам силлиққина ўтиши тайин бўлган одатдаги операциялардан эди. Ҳойнаҳой, Марлис ҳам шундай деб ўйлар…
Шу ерда қолсалар ҳам бўларди. Соат энди ўн бир бўпти, тушликка ҳали эрта. Ҳа, бу ерда қолса бўлади. Қадим қалъа деворлари – шамолпана. Ҳали Марлис қайтсин, у ўзини бошқача тутади: қувноқ, хотиржам; ахир, ҳамма гап ўзида қолган-ку.
Баъзан у Марлисдан фарзандли бўлишни хоҳлайди.
Виктор нега ҳадеб Антибдаги каби жанжал қўзғайверишига Марлис ҳайрон. Аввалига бақириб бериб, кейин уч юлдузли “Bonne auberge”5 ресторанига борайлик, дея қистаб қолгани-чи! Марлис шу юлдуз-пулдуз деганларига унча ишонмайди. Виктор эса ўжарлик қилиб гапида туриб олади. Бу таклифи билан маъшуқасининг кўнглини тополмаганидан аччиқланиб, бўлмаса, Антибингда тентираб юравер дегандек бир соатлар чамаси уни ёлғиз ташлаб кетади. Энди бир ўзи нима қилсин? Бирга бўлишса, қаерда тушлик қилиш масаласида яна келишишолмайди, яна ҳар доимги баҳслар… Дарҳақиқат, шу яқин атрофда бундайроқ ресторанлар ҳам бўлатуриб, нега энди “уч юлдуз”лигига боришимиз керак, дея эътироз билдиради Марлис. Улар йўл олган томонда ресторан борлиги ҳам даргумон; ниҳоят, тоқати тоқ бўлган Марлис “Ишончинг комилми ўзи?” дейди, у бўлса яна индамай кетаверади, кейин бир муюлиш чиқади, кейин эса “Bonne auberge” деган лавҳа кўзга ташланади. Бош официант уларни “жанобларининг ўзи бир соатлар олдин танлаб кетган” баҳаво айвондаги стол томон бошлайди. Шинамгина бу жой айни чоқда хийла салқин, ичкарида хилватроқ бўлмалар, миллий либос кийган официантлар; таомлари анча қиммат бўлса-да, ўртамиёна, лекин буларнинг нима аҳамияти бор? Бир соатча олдин Виктор унга бақириб берганига қарамай Марлис ўзини вақтичоғдек кўрсатяпти; уни аягани учундир.
Мистраль деган шоир ўтганини Виктор билади. Мистраль деб аталадиган шамол эса, Марлис ўйлаганидек, денгиздан эсмайди. Бу анчайин бир шамол. Тўғри, Марлис айтганидек, “Тегирмондан чиққан мактублар”ни Мистраль эмас, шубҳасиз, Альфонс Доде ёзган, Викторга бу мактаб давридан маълум. Хуллас, баҳслашиб ўтирадиган гап эмас. Аслини олганда, Марлис ҳам “Мистраль – шоир-ку, ўзинг биласан” деган эди, холос.
Улар Викторнинг “Порше” мошинасида саёҳатга чиққан.
Эгю-Мортда чинор остида ўтираркан, у паспорти бор-йўқлигини билмоқ бўлиб камзулининг чўнтагига қўл тиқади. Виктор шу чоққача бирон марта ҳам паспортини йўқотмаган. Юраги шув этиб кетади: паспорт йўқ; кейин бирдан эслайди – ахир, мошинада қолган эди-ку. Ҳа, эсида, аниқ: уни қўлқоп ғилофига ўзи солиб қўйган, шундай бўлса-да, текшириб кўрган маъқул. Ҳарқалай, кўнгли хотиржам бўлади.
Авиньонда ваннада ўтириб келган қарорига кўра ўша куниёқ уйга қайтишганидами, ҳозир Леонда бўлишарди, кечқурун Базелга етиб боришарди, лекин бу ерлар шу қадар мафтункорки: чинор барглари орасидан ёғилаётган қуёш нури, чор-атроф… Ҳали Марлис келсин, денгиз бўйига сайрга таклиф қилади.
Марлис оёғига лойиқ пойабзал топса эди…
Ҳалокатдан бир соатлар олдин Эгю-Мортда чинор остида ўтираркан, унинг аччиққина қаҳва ичгиси келиб қолади. Қаттиқ толиққан, мошина ҳайдай олармикан? Чинор барглари орасидан ёғилаётган нур уни буткул мафтун этади… Сен-Лиу ҳайкали атрофида каптарлар кукулайди. Марлис йўлга тушайлик энди, дейди, унинг қорни очмабди, чанқамабди ҳам. Аммо, Викторнинг назарида, вақтлари бемалол, шошилмаса бўлади. Уларнинг олдидан қўлтиғига уч дона узунчоқ батон нон қистириб олган бир чол ўтади.
Испанияга бориш фикри Марлисдан чиққан эди.
Виктор ўзини худбин ҳисобламайди. Бирор кимсани бахтли қила олишига кўзи етса, ўзи ҳам бахтиёр бўлиб кетади. Агар бу иш қўлидан келмаса, умидсизликка тушади, ўзини ўзи янимоққа бошлайди.
Уларни четдан кузатган одам Марлиснинг “Ле провансаль” газетасини ўқиётганини, Викторнинг эса узун оёқларини йўлаккача чўзиб олиб қаҳва ичаётгани ва мўъжиза кутаётганини (гўё буни мана шу кукулашаётган каптарлар содир этадигандек) одатдаги манзара деб ҳисоблайди. Шу тобда Виктор уйланмоққа ҳам рози. Ҳазилни тушуниш ҳам бир фазилат. “Нима, қоққан қозиқдек шу ерда ўтиравермоқчимисан?” дейди Марлис бетоқатланиб. “Кечирасан-у, мен эмас, сен бемалол газета ўқиб ўтирибсан,” дея жавоб қилади Виктор. Аммо гапирган гапи кўнглидагидек чиқмайди; кейин эса у, гўё ҳеч нарса бўлмагандек, чинакам ошиқ йигит қиёфасига кириб унинг сумкасини кўтариб олишини Марлис билади. Шундай экан, мўъжиза кутишга ҳожат йўқ.
Ибодатхона яқинидаги галереяни томоша қилайлик, деб Виктор қўймади. Роман услубида қурилган. Марлиснинг эса томошага тоби йўқ.
Улар қўл ушлашиб кетади.
Биринчи марта Викторнинг ўзи ҳар қадамда тўхташни, ҳаммаёқни астойдил томоша қилишни хоҳлаб қолади. Мева-сабзавот бозорига киришади. Қизиқ, Марлиснинг нима қидираётганини билмай туриб, Виктор “Сен ахтариб юрган пойабзал шу ерда!” дейди.
Испанияга боришлари шарт эканми?
У муюлишда қараб туради – Марлиснинг дурраси эсидан чиқибди; Виктор аслида уни кутаётгани ҳам йўқ. Ўзи ёлғиз бўлса нима қиларди? Марлиснинг бу томон келаётганини, яна дўкон пештахтаси қошида туриб қолганини кўриб, Виктор “Геральд трибюн” газетасини сотиб олади – қани, оламда нима гаплар экан? Бир вақт газетадан бош кўтариб қараса, Марлис ғойиб бўлибди…
Сайёҳлар тушлик қилмоқда.
Салдан кейин келиб Марлис ундан узр сўрайди. У антиқа бир кепка харид қилибди. “Сенга олдим”, дейди кулиб. Кайфияти зўр. Виктор мошина эшигини очаётганида у яна “Мен ҳайдасам-чи”, дейди. Виктор кўнмайди. Нега мошинани доим у ҳайдаши керак? Виктор қарорида қаттиқ туриб олади. Энди бу гаплар кимга керак? “Нима, ёқмадими?” Олиб келган ола-чипор кепкасини айтяпти. Йўлга тушиш олдидан Викторни илк бор ваҳм босади.
Марлис худди ёш боланинг ўзи.
Паспорти чиндан ҳам қўлқопнинг ғилофида экан.
“Ке, ҳадеб тумшаяверма”, дея Марлис унинг бошига ола-чипор кепкани қўндириб қўяди: “Мана, ярашди-қўйди!” Марлис эҳтиёт камарини боғлаб олади. Қизиқ, айтмасдан турибоқ. Виктор, бошида ҳалиги кепка, моторни ўт олдиради, бирор нимага тегиб кетмайин деган хаёлда орқага қараб олади. Ишқилиб, энди хато қилиб қўймасин-да…
Эгю-Морт деганлари мана шу экан-да.
Марлиснинг ўғли бор, мактабда ўқийди; унинг ўзи Парижда ўқиган, боши очиқ, у энди ёш бола эмас, кап-катта аёл.
Камаргда от минишлари мумкин… Гаплари унча қовушавермайди. Яхшиямки, шосседа мошина онда-сонда учрайди. “Одам қачон мурда ҳисобланади?” дея жарроҳ сифатида фикр юрита бошлайди у. Юрак кўчириб ўтказиш қийин иш. Кейин бирдан “Эртага мошинанинг мойини алмаштириш керак!” дейди кўнглидан кечаётган ўйлар тилига чиқмаслиги учун шоша-пиша. Масалани чигаллаштиришга унинг тоқати йўқ.
Бир вақтлар болалигида Марлис от минган экан.
У бир бельгияликнинг баҳайбат фургони изидан шошилмай кетаверади; ниҳоят, уни қувиб ўтаётганида урилиб кетишига бир баҳя қолади. Марлис чурқ этмайди.
Қўлидаги беморлар уни бамисоли бир авлиё деб билади: оғир-вазмину хотиржамлиги, ўзига ишончи, некбинлиги ва шунга ўхшаш хислатлари учун.
Ола кепкани энди Марлиснинг ўзи кийиб олади. “Сенга ҳамма нарса ярашади!” дейди Виктор йўлдан кўз узмай. Марлис йўл маълумотномасини овоз чиқариб ўқиб боряпти: ҳали Альтамир ғорларидаги ғаройиб манзараларни кўриб кўнгли кўтарилсин, мой алмаштириш ҳақида ўйлайвермасин, бежиз айнан Альтамирга қараб йўл тортмаганларини билсин деган ниятда. Аммо Виктор қулоқ солаётганмикан? Марлис ярашмоқчи, яна аввалгидек апоқ-чапоқ бўлмоқчи…
Бошқалар билан қиёслаганда Викторнинг доим омади чопган – ишда ҳам, соғлиқ бобида ҳам, Буин чўққисини забт этган альпинист сифатидагина эмас, йўқ, ҳар жиҳатдан…
“Сен яна овқат ҳақида ўйлаётган бўлсанг кераг-а?” дейди Марлис. У эса ҳеч нарсани ўйлаётгани йўқ, йўлга тикилиб кетяпти, холос; “Монпелье, 12 км.” деган ёзувни кўриб шу тўғрида нимадир демоқчи бўлиб турган эди, вассалом. Энди гапирмагани маъқул.
…Виктор енгилгина жароҳатланади – чаккаси ёрилибди, ул-бул ери тирналган, аммо у тиркамали юк мошинасини ҳеч эслай олмайди. Монпельедаги касалхонага етай деб қолганда Марлиснинг жони узилади. Ҳатто бу фалокат қаерда рўй бергани, ағдарилган ўша лаънати тиркама ҳозир чинорзорнинг қай гўрида ётгани ҳам Викторнинг хотирасида қолмаган; ҳалокат рўй берган жойни текшириш чоғида у ўзини бу чорраҳани энди кўриб тургандек ҳис этади; кейин уни шу ернинг ўзида сўроқ қилишади (француз тилида) ва йўл аслида уники бўлгани, бинобарин, унинг айби йўқлигини айтишади.
Кейинчалик у бош врач этиб тайинланади.
Монпелье йўлидаги ўша автоҳалокат тўғрисида ўн йиллар бадалида у ҳеч кимга оғиз очмайди; бу фожиа қандай содир бўлганига ҳануз ақли бовар қилмайди.
Баъзи танишлари ўзларича бир нималарни тусмоллаб юради, холос.
У эндиликда клиника бошлиғи, икки фарзанднинг отаси, саёҳатга кўп чиқади, аммо Испанияга ҳеч кўнгли чопмайди.
Жарроҳнинг операция арафасида ўзидан гап очиши нораво, албатта – буни у яхши билади; лекин шу тобда у негадир Францияда, Монпелье яқинида содир бўлган ўша фалокатни ёдга олади: “Ҳаммаси айтди, йўл сеники эди деб, демакки, айбсизман…” “Биз нега бу ҳақда гаплашяпмиз ўзи?” дейди у бир оздан кейин. Бемор ҳам ҳайрон. Нега дўхтир йўлига хайрли тун тилаб, одатдагидек, “Ухлашга ҳаракат қилинг, ҳеч ухлолмасангиз, навбатчи ҳамширани чақирарсиз” деб қўя қолмади. Дарвоқе, бу гапни у олдинроқ айтган эди. У тумбочка устида ётган китоблардан бирини олиб муқовасига кўз солади-да, қайтиб жойига қўяди. Аслида, у беморга хавотирга ўрин йўқлигини, эртага операцияни ўзи қилмаса-да, унда албатта иштирок этишини, хуллас, хотиржам бўлиш лозимлигини айтмоқчи эди, холос.
У ўшандан кейин ҳеч қачон йўл ҳалокатига дуч келмаган.
Умидсизликка тушган бемор бўлса нима сабабдан уни бош врачнинг ўзи операция қилмаслигини сўрашга ботинолмайди.
“Ишончинг комилми?” деб сўрарди Марлис ҳар доим…
Бу фалокат тўғрисида у қайтиб ҳеч кимга оғиз очмади.
Ўшанда яқинлашиб келаётган беўхшов юк мошинасини биринчи бўлиб Марлис кўрган, эҳтиёт бўл деган, Виктор эса кўратуриб тўхтамаган – йўл уники эди-да, ахир! Эҳтимол, у янаям тезроқ ҳайдагандир, ўзига ишончини намойиш этмоқ учун. Марлис бирдан қаттиқ чинқириб юборган. Монпелье жандармаси Викторни айбсиз деб топган. Вассалом.
Шоҳсанам таржимаси
ТАРЖИМОНДАН
“Эзгулик матлабида дарду ҳасрат чека билиш ҳам инсондаги ноёб фазилатдир” деб ёзган эди швейцариялик машҳур адиб Макс Фриш. “Ҳасрат” иборасини Фриш ва унинг издошлари яратган деярли барча асарларга нисбатан қўллаш мумкин. Зеро, ўтган асрнинг етмишинчи-саксонинчи йилларида Швейцария адабиётида шу ижодкорлар бошлаб берган янгича йўналиш айнан инсон қалбини тафтиш этиши, унинг тафаккурида содир бўлаётган ўзгаришлар, психологик кечинмалар – ички туғёнлар, “айбсиз айбдорлик” ҳисси, мухтасар айтганда – инсоний ҳасратни ифодалаши билан эътибор қозонган эди.
Инсон ҳеч кимни ўзини билганчалик билолмайди, тушунолмайди, бу – имконсиз. Шунданми, Макс Фриш ижодида ўзини ўзи “фош этиш” – автобиографик тамойил устунлик қилади. Сўзга ғоят тежамкор адиб ҳикоялари илк қарашда анчайин бир тасвир, этюд, йўл-йўлакай қораланган қайдларга ўхшайди; аксарияти ёзувчининг кундалигида дунёга келганининг боиси ҳам шунда. Кўпинча жанр талабларидан йироқ, тайин ечимга ҳам эга эмасдек кўринган бу асарлар, аслида мазмун-моҳиятнинг салмоғи, психологик ёндашувнинг теранлиги билан китобхонни ўзига жалб этади.
Кўплаб қисса ва романлар муаллифи Макс Фришнинг ана шундай ўзгача бир услубда битилган ушбу ҳикояси журналхонларимизни ҳам бефарқ қолдирмас деган умиддамиз.
_________
Изоҳлар
1 Саримсоқпиёз ва зиравор қўшиб тайёрланган балиқшўрва, Франциянинг жанубида кенг тарқалган таом (франц.).
2 Йўл маълумотномаси.
3 Барча йўналишлар бўйича ҳаракатланиш мумкин (франц.).
4 Ҳаракат тақиқланади (франц.).
5 Машҳур қовоқхона (франц.).
“Тафаккур” журналидан олинди